Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Фан /

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Устави (ЎзР ВМ 09.06.2000 й. 223-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 9 июндаги

223-сон қарорига

ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси

Фанлар академиясининг

УСТАВИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фан, техника, маданият ва маърифат соҳасида фундаментал, амалий ва инновация илмий тадқиқотларни (кейинги ўринларда илмий тадқиқотлар деб юритилади) амалга оширувчи, илмий ишланмаларни мувофиқлаштирувчи ва уларга самарали раҳбарликни таъминловчи, давлатнинг интеллектуал, иқтисодий ва маънавий салоҳиятини юксалишига қаратилган фан ва кенг қамровли илмий технология ютуқларини ўз вақтида ишлаб чиқаришга жорий этувчи мамлакатнинг олий илмий ташкилоти ҳисобланади.

Фанлар академияси академиклар ва унинг хорижий аъзоларини ҳамда ўз тасарруфидаги илмий муассасалари илмий ходимлари ва мутахассисларини бирлаштиради.

Фанлар академиясининг фаолияти давлат бюджети ва белгиланган тартибда жалб қилинган бюджетдан ташқари маблағлар асосида юритилади.


2. Фанлар академияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конститутциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Уставга амал қилади.


3. Фанлар академияси Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий ривожланишини таъминлаш талабларидан келиб чиққан ҳолда устувор, истиқболли ва илғор илмий йўналишларни белгилайди, истиқболли илмий тадқиқотлар дастурларини ишлаб чиқади ва уларни амалга оширади, ўз тасарруфидаги муассасаларнинг шу мақсадга қаратилган ташкилий ва таркибий масалаларини ҳал этади.

4. Фанлар академиясининг асосий вазифалари:

фан ва техника соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди;

давлат ва жамият тараққиётини таъминловчи истиқболли илмий йўналишлар бўйича илмий тадқиқотлар ва илғор технологияларни ривожлантириш стратегиясини белгилайди;

табиий, техникавий, тиббий, ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасида жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий-техникавий ва маънавий-маърифий ривожига кўмаклашувчи илмий тадқиқотлар олиб боради;

табиат, жамият ва инсоният тараққиёти, миллатлар, миллий маданиятлар, давлат ва миллий муносабатларнинг ривожланиши муаммоларини, таълим ва маърифат масалаларини ўрганади, таҳлил қилади ва илмий натижалар асосида ушбу йўналишларга оид масалаларнинг ечими ҳақида таклифлар ишлаб чиқади;

Фанлар академияси ўз фаолиятида яратилган ва яратилаётган “ноу-хау” ва интеллектуал мулкни амалдаги қонунчилик асосида расмийлаштиради, ҳимоя қилади ва улардан фойдаланади;

янги техника, замонавий технологияларни ва улардан амалиётда фойдаланиш тамойилларини ишлаб чиқади;

илмий ишланмаларнинг натижалари ва интеллектуал мулк объектларидан самарали фойдаланишнинг замонавий механизмлари амалиётга жорий қилинишини таъминлайди;

илм-фанни кўп талаб қилувчи халқ хўжалиги тармоқларининг ривожланишига, жаҳон фани ва техниаси ютуқларини умумлаштириш ва улардан фойдаланишга, ташқи ва ички инвестицияларни илмий муассасаларга жалб этиш ва улардан оқилона фойдаланишга кўмаклашади;

Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларига мувофиқ таълим тизимини замонавий дарсликлар, ўқув қўлланмалари, ўқитишнинг техник воситалари ва педагогик технологиялар билан таъминлаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб боради;

таълим муассасалари билан ҳамкорликда Кадрлар таёрлаш миллий дастурининг талабларига жавоб берувчи юқори малакали мутахассислар тайёрлашни таъминлаш бўйича фаолиятни амалга оширади;

олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорликни амалга оширади, уларда тегишли илмий тадқиқотларнинг ривожланишини, Академиянинг илғор илмий ва технологик базасидан фойдаланган ҳолда фан йўналишлар бўйича юқори малакали магистрлар тайёрлашни таъминлайди;

юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ишларини олиб боради ва олимларнинг самарали ижодий фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратади;

тараққий топган мамлакатларнинг академиялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот марказлари ва муассасалари билан халқаро илмий ва технологик ҳамкорликни ташкил этиш ва ривожлантиришни таъминлайди;

олимлар ва илмий тадқиқот олиб бораётган жамоаларнинг илмий асарларини эълон қилиш бўйича матбаачилик фаолиятини амалга оширади, ўзининг даврий нашрлари ишларини таъминлайди;

Фанлар академиясининг атоқли олимлар номидаги медаль ва мукофотларини таъсис этади ҳамда юксак илмий ва илмий-техникавий ютуқлари учун олимлар ва ижодий жамоаларни ушбу медаль ва мукофотлар билан мукофотлайди;

илмий билимларни оммалаштиради, фан ва таълимнинг жамият ҳаётидаги нуфузи ва аҳамиятини ошириш, илмий ходимларнинг ижтимоий ҳимоя қилиниши ва ҳуқуқлари тўғрисида ғамхўрлик қилади.


5. Фанлар академияси ўзининг асосий вазифаларини бажариш учун:

ўз тасарруфидаги илмий-тадқиқот муассасаларини, уларнинг филиалларини ва бошқа ёрдамчи ташкилотларни ?елгиланган oартибда ташкил қилади, қайта ташкил этади ва тугатади;

тармоқ илмий-тадқиқот муассасалари, академик лицейлар, олий таълим муассасалари (авваламбор, магистратура бўлимлари), вазирликлар, давлат кўмиталари, идоралар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар, илмий ҳамда илмий-техника жамиятлари, ижодий уюшмалар, фирмалар, бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотлар билан ўзаро манфаатли илмий ҳамкорликни ривожлантиради;

илмий тадқиқотларнинг энг муҳим йўналишлари бўйича илмий кенгашлар, жамиятлар ва бошқа бирлашмалар ташкил этади ҳамда фанни ривожлантиришда ушбу жамоа ташкилотлари имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланади;

энг муҳим илмий ва илмий-техникавий муаммоларнинг ечими бўйича танловлар ташкил этади, кўрикдан ўтган илғор лойиҳаларни илмий жиҳатдан мукаммаллаштириш ва амалиётга жорий этиш бўйича ташкилий ишларни амалга оширади;

олиб борилаётган илмий тадқиқотларни ўз вақтида зарур ахборотлар билан тaъминлaйди ва бунинг учун барча шарт-шароитларни яратади;

республика тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган илмий муаммолар бўйича илмий, илмий-техникавий конференциялар, симпозиумлар, семинарлар ташкил қилади, буюк алломалар, таниқли фан ва маданият арбоблари шарафига илмий-оммабоп тадбирлар ўтказади.


6. Фанлар академияси ҳар йили ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот тақдим этади.



II. ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИНИНГ ТАРКИБИ


7. Фанлар академияси илмий-тармоқ ва ҳудудий тамойиллар бўйича тузилади.


8. Фанлар академияси таркибига бошқарув аппарат, минтақавий бўлимлар, илмий-тадқиқот муассасалари (илмий-ишлаб чиқариш бирлашмалари, илмий-тадқиқот институтлари, илмий-ўқув маркази, музейлар, ботаника боғлари, конструкторлик бюролари, тажриба-синов заводлари ва бошқа илмий ташкилотлар) "Фан" нaшриёти ва босмахона, фундаментал кутубхона, меҳмонхона, архивлар, журналлар таҳририятлари, маданий-маърифий ва даволаш-соғломлаштириш ҳамда хўжалик бўлинмалари киради.


9. Фанлар академияси президенти ҳузурида жамоатчилик асосида ишлайдиган илмий-тадқиқот муассасалари директорларининг Кенгаши тузилади.

Ушбу Кенгаш илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига энг мақбул тарзда мувофиқлаштириб борадиган маслаҳат органи ҳисобланади.

Кенгашнинг фаолияти ушбу Устав ва Фанлар академияси Умумий мажлиси тасдиқлаган Низом асосида олиб борилади.


10. Фанлар йўналишлари бўйича вице-президентлар ҳузурида жамоатчилик асосида ишловчи Илмий кенгашлар тузилади.

Илмий кенгашлар мамлакатимизда олиб борилиши лозим бўлган ва жамиятимизнинг тараққиётига қаратилган илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларини аниқлашга, ушбу йўналишлар бўйича бажарилаётган илмий ишларнинг мавқеи ва самарадорлигини жаҳон фанининг юксак талаблари даражасида баҳолашга ҳамда етакчи консультатив-эксперт илмий жамоа сифатида фаолият кўрсатиб, мамлакатимиз илм-фанининг нуфузини жаҳон миқёсида оширишга бевосита хизмат қиладиган маслаҳат органи ҳисобланади.

Илмий Кенгашлар таркибига Фанлар академиясининг академиклари, илмий-тадқиқот муассасалари (жумладан, тармоқ илмий-тадқиқот муассасалари) ва олий таълим муассасалари вакиллари ҳамда юқори малака ва тажрибага эга бўлган (илмий даражаси бор ёки йўқлигидан қатъи назар) амалиётчи-мутахассислар киради.

Вице-президентлар ҳузуридаги Илмий кенгашлар ушбу Устав ва Фанлар академияси Ҳайъати тасдиқлаган Низом асосида иш олиб боради.


11. Фанлар академияси бошқарув аппаратида ҳалқаро алоқалар бўйича вице-президент лавозими киритилади.

Халқаро алоқалар бўйича вице-президент ўз фаолиятида ҳалқаро илмий ва технологик ҳамкорликни ривожлантиради, фанга ташқи инвестициялар кенг жалб қилинишини таъминлайди.


12. Бош илмий котиб ва вице-президентлар тасарруфида юқори малакали мутахассислар ва экспертлардан иборат маъмурий хизматлар ташкил этилади.


13. Фанлар академияси бошқарув аппаратининг хўжалик ишларини таъминлаш ҳамда академикларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ бўлган масалалар Фанлар академияси ишлар бошқарувчиси томонидан амалга оширилади.

Ишлар бошқарувчиси ва унга қарашли тузилмалар фаолияти ушбу Устав ҳамда Фанлар академияси Ҳайъати тасдиқлаган Низом билан белгиланади.


14. Фанлар академияси ва унинг муассасалари ҳузурида белгиланган тартибда фирмалар, кичик ва қўшма корхоналар, хўжалик жамиятлари, ширкатлар ҳамда мулкчиликнинг турли шаклларига асосланган ташкилотлар ва корхоналар уюшмалари, шунингдек, нодавлат ва нотижорат ташкилотлар илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватловчи жамғармалар ташкил этилиши мумкин.

15. Фанлар академияси, унинг минтақавий бўлимлари, мустақил илмий-ишлаб чиқариш бирлашмалари, илмий-тадқиқот институтлари ва уларга тенглаштирилган илмий ташкилотлар юридик шахс мақомига эга бўлади.

Фанлар академияси ва унинг муассасалари амалдаги конунчилик доирасида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширади, шунингдек, миллий ва чет эл валютасида банк ҳисоб рақамларини очишга ҳақлидир.

Фанлар академиясининг манзили: 700047, Тошкент ш., Яҳё Fуломов кўчаси, 70-уй.



III. ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИНИНГ

УМУМИЙ МАЖЛИСИ


16. Фанлар академияси академиклари ва илмий-тадқиқот муассасалари директорларидан ташкил топган Умумий мажлис Фанлар академиясининг юқори органи ҳисобланади.


17. Фанлар академияси Умумий мажлиси аъзолари Умумий мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалаларни ҳал этишда тенг ҳуқуқга эгадирлар.


18. Фанлар академияси Умумий мажлиси илм-фанни ривожлантириш ва Академия фаолиятининг энг муҳим масалаларини кўриб чиқиш учун унинг Ҳайъати томонидан ҳар йили камида бир марта чақирилади.


19. Умумий мажлиснинг асосий вазифалари:

илм-фанни ривожлантиришнинг устувор, истиқболли ва илғор йўналишларини ва уларга тааллуқли илмий дастурлар лойиҳаларини муҳокама қилади ҳамда улар бўйича зарур қарорлар қабул қилади;

Фанлар академиясининг академиклари ва хорижий аъзоларини сайлайди;

Фанлар академияси президентини, вице-президентларини ва бош илмий котибни сайлайди ва уларни эгаллаб турган лавозимидан озод қилади;

Фанлар академияси Устави ва тузилмасини қабул қилади, унга ўзгартиришлар киритади ҳамда тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;

илмий-тадқиқот муассасаларининг Намунавий низомини тасдиқлайди;

Фанлар академияси Ҳайъатининг маърузалари ва ҳисоботларини муҳокама қилади ва тасдиқлайди;

Фанлар академиясининг атоқли олимлари номидаги медаллари ва мукофотларини таъсис этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади ҳамда белгиланган тартибда етакчи олимлар ва илмий жамоаларни мукофотлайди;

белгиланган тартибда илмий-тадқиқот муассасаларини ташкил қилиш, қайта ташкил қилиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади;

Фанлар академияси ўз вазифаларини амалга ошириш жараёнида долзарб ва устувор муаммоларни ҳал қилиш мақсадида қонунчилик фаолияти соҳасида ташаббус кўрсатиш ҳуқуқига эга;

зарурат бўлганда Фанлар академияси фаолиятига тааллуқли бошқа масалаларни ҳал этиш ҳуқуқига эгадир.


20. Навбатдан ташқари Умумий мажлис Фанлар академияси академиклари ёки унинг тасарруфидаги илмий-тадқиқот муассасалари директорларининг камида учдан бир қисмининг таклифига кўра, шунингдек минтақавий бўлимларнинг улар томонидан таклиф этилган кун тартибини муҳокама қилиш учун чақирилиши мумкин.


21. Умумий мажлисда Фанлар академияси Ҳайъати таклиф этган шахслар қатнашишлари ва кун тартиби бўйича сўзга чиқишлари мумкии.


22. Умумий мажлис аъзолари рўйхатидаги таркибнинг камида учдан икки қисми мажлисда қатнашганда ва қарор қабул қилиш учун қатнашчиларнинг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирда Умумий мажлис тўла ҳуқуқли бўлади ва унинг қарорлари қабул қилинган ҳисобланади.


23. Фанлар академиясининг Ҳайъати махсус қарор билан чет элда хизмат сафарида бўлган ёки саломатлиги туфайли мажлисда қатнаша олмайдиган Умумий мажлис аъзоларини овоз бераётганда ҳисобдан чиқариш ҳуқуқига эгадир.


24. Умумий мажлис қарорларини бажариш Фанлар академиясининг барча ташкилотлари, аъзолари ва ходимлари учун мажбурий ҳисобланади.



IV. ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИНИНГ АКАДЕМИКЛАРИ

ВА ХОРИЖИЙ АЪЗОЛАРИ


25. Фанлар академиясннииг аъзолари таркибига академиклар ва унинг хорижий аъзолари киради.


26. фанлар академиясининг академиклари ва хорижий аъзолари бир умрга сайланадилар.


27. Фанлар академиясининг академиклари илм-фанни жаҳон андозалари талаблари даражасида юксак илмий аҳамиятга эга бўлган илмий ишлар билан бойитган, илмий жамотчилик томонидан тан олинган илмий мактаб яратган, илмий ютуқлари мамлакатнинг интеллектуал ва иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш ва кучайтиришга жавоб берадиган, ёши 65 дан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган фан докторларидан сайланади.

28. Фанлар академиясининг хорижий аъзолари илмий ютуқлари жаҳон ва мамлакат илм-фани, Ўзбекистон Республикаси халқ хўжалиги ва маданияти ривожига ижобий таъсир кўрсатган, халқаро ҳамкорликка, тинчлик, барқарорлик ишига ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётга салмоқли ҳисса қўшган хорижий фуқаролардан сайланади.


29. Фанлар академияси аъзолигига сайловлар ушбу Устав ҳамда Фанлар академияси Ҳайъати томонидан тасдиқланган сайловлар тўғрисидаги Низом асосида ўтказилади.



V. ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ АКАДЕМИКЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


30. Фанлар академияси академигининг мажбуриятлари:

илмий тадқиқотларда фаол иштирок этади, уларнинг истиқболли ва илғор йўналишларини шакллантиради ва фаннинг ўзи сайланган соҳасининг юксак илмий даражаси учун масъулдир;

юқори малакали илмий кадрлар ва мутахассислар тайёрлаш ишларида, илғор илмий мактабларни шакллантириш ва ривожлантиришда бевосита иштирок этади;

илмий тадқиқотларни амалга оширишда, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлашда шахсан эришган ютуқлари, илмий асарларини ўз ичига олган илмий ва илмий-ташкилотчилик фаолияти ҳақидаги йиллик ҳисоботни ҳамда ўзи сайланган фан соҳасини ривожлантиришга оид таклиф ва тавсияларни ҳар йилда Фанлар академиясига тақдим этади;

Фанлар академияси Ҳайъати, Фанлар академияси президенти, вице-президентлари ва бош илмий котибнинг топшириқларини бажаради, Фанлар академиясининг Умумий мажлиси ишида фаол қатнашади.


31. Фанлар академияси академигининг ҳуқуқлари:

Фанлар академияси илмий муассасаларида илмий-тадқиқот ишларини бажариш;

Фанлар академияси илмий муассасаларида танловдан ўтмасдан илмий лавозимларни эгаллаш;

ўзининг илмий асарларини нашр этиш;

Фанлар академияси Умумий мажлиси ва Ҳайъатида кўриб чиқиш учун илмий ва илмий-ташкилий масалаларни киритиш ва уларнинг муҳокамасида иштирок этиш;

белгиланган тартибда академикликка номзодлар кўрсатиш;

вице-президентлар ҳузуридаги Илмий кенгашлар фаолиятида, улар фаннинг қайси йўналишига тааллуқли эканлигидан қатъи назар, иштирок этиш;

вице-президентлар ҳузурида илм-фаннинг долзарб йўналишлари бўйича муайян Илмий кенгашлар тузиш ҳақида таклифлар киритиш;

Фанлар академиясининг академиклари академиклик унвони учун ҳар ойда белгиланган гонорар оладилар ва белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланадилар.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари Ўзбекистон фуқаролигини бошқа мамлакат фуқаролигига белгиланган тартибда алмаштирган тақдирда Академиянинг хорижий аъзолари таркибига ўтади.

Фанлар академиясининг хорижий аъзолари академикларга тегишли барча ҳуқуқлардан фойдаланадилар. Академиянинг раҳбариятига сайланиш, академикларни сайлашда овоз бериш, академиклик унвони учун гонорар олиш бундан мустасно.



VI. ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИНИНГ АКАДЕМИКЛАРИ

ВА ХОРИЖИЙ АЪЗОЛАРИНИ САЙЛАШ ТАРТИБИ


32. Фанлар академияси аъзолигига вакант ва янги очиладиган ўринларни ҳамда сайловлар ўтказиш муддатларини Академия Ҳайъати тавсиясига биноан, илм-фан соҳаларининг турли йўналишларида мавжуд эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.

Фанлар академияси Ҳайъатининг академиклар сафига сайловлар ўтказилиши ҳақидаги хабари сайловлар ўтказилишидан камида икки ой олдин республика матбуотида эълон қилинади.


33. Фанлар академиясининг хорижий аъзолари Ҳайъатнинг тақдимномасига биноан Фанлар академиясининг Умумий мажлисида очиқ овоз бериш йўли билан сайланади.


34. Эълонда кўрсатилган ихтисосликлар бўйича академикликка номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи академиклар, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари илмий кенгашларига берилади.


35. Илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан номзодлар кўрсатиш илмий (илмий-техника) кенгашлар мажлисларида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Овоз беришда қатнашган кишиларнинг камида 50 фоиз овозини олганлар номзодликка кўрсатилган ҳисобланади. Овоз беришда Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашиши шарт.

Академикликка номзодлар кўрсатган муассасалар номзодларнинг илмий ва илмий-ташкилотчилик фаолиятини тавсифловчи хужжатларни ўрнатилган тартибда Фанлар академиясининг кадрлар бўлимига рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этади.


36. Фанлар академияси Ҳайъати номзодларнинг ҳужжатларини экспертизадан ўтказади, уларнинг илмий фаолияти йўналишлари эълон қилинган ихтисосликларга мос ёки мос эмаслигини аниқлайди ва сайловда иштирок этишга рухсат берилган номзодларнинг рўйхатини республика матбуотида сайловдан камида 20 кун олдин эълон қилади.

Матбуотда эълон қилинган номзодларнинг илмий ва илмий-ташкилотчилик фаолияти ҳақидаги материаллар Фанлар академияси Ҳайъати томонидан Умумий мажлиснинг барча аъзоларига таништирилади.


37. Академикликка сайловлар Фанлар академиясининг Умумий мажлиси қарорига мувофиқ очиқ ёки яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

Академикларни сайлашда Умумий мажлиснинг барча аъзолари ҳал қилувчи овоз бериш ҳуқуқига эгадирлар. Фанлар академияси Умумий мажлиси рўйхатидаги аъзоларнинг камида учдан икки қисми овоз беришда қатнашишлари шарт.


38. Овоз беришда қатнашган Умумий мажлис аъзоларининг камида учдан икки қисми овозини олган номзодлар сайланган ҳисобланадилар.


39. Агар дастлабки сайловда номзодлардан бирортаси ҳам сайланиш учун етарли миқдорда овоз ололмаса, Умумий мажлис уч марта қайта сайлов ўтказиш ҳуқуқига эгадир. Овоз беришда қатнашганларнинг камида учдан бир ёки ундан кўп қисми қўллаб-қувватлаган номзодлар кейинги сайловларга қўйилади.

Овоз беришнинг учинчи мартасига иккинчи мартасида энг кўп овоз олган номзод қўйилади.


40. Сайловларни ўтказиш учун Фанлар академияси Умумий мажлиси томонидан ҳисоб комиссияси сайланади. Ҳисоб комиссияси сайлов якунлари бўйича баённома тайёрлайди. Ҳисоб комиссиясининг баённомаси Умумий мажлис томонидан тасдиқланади.


41. Фанлар академияси таркибига сайланган янги аъзолар рўйхати республика матбуотида эълон қилинади.



VII. ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ ҲАЙЪАТИ ВА

УНИНГ АЪЗОЛАРИНИ САЙЛАШ ТАРТИБИ


42. Фанлар академияси Ҳайъати Академия зиммасига юклатилган барча вазифаларни амалга оширувчи ташкилий-бошқарув органи ҳисобланади ва ўз тасарруфидаги илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолиятига бевосита илмий-услубий раҳбарлик қилади.

Фанлар академияси Ҳайъати таркибига президент, 4та вице-президент (шу жумладан 3та фанлар йўналишлари ва 1та халқаро алоқалар бўйича), бош илмий котиб, минтақавий бўлимлар раислари киради.


43. Фанлар академияси президенти лавозимига номзодлар муқобиллик асосида академиклар қаторидан илмий-тадқиқот муассасалари директорларининг Кенгашида муҳокама этилади ва маъқул деб ҳисобланган номзод Фанлар академиясининг Умумий мажлисига сайлаш учун тавсия этилади. Умумий мажлис очиқ овоз бериш йўли билан Фанлар академияси президентини сайлайди. Агарда тавсия этилган номзод сайлов натижаларига кўра Умумий мажлис қатнашчиларининг кўпчилик овозига эга бўла олмаса, унда илмий-тадқиқот муассасалари директорлари Кенгашининг раиси иккинчи (охирги) тур сайловларини ташкил этади. Бу ҳолда, у дастлаб Умумий мажлис аъзолари ва тасдиқловчи орган билан тегишли консультациялар ўтказади ҳамда шу асосда энг мақбул номзодни сайлаш учун Умумий мажлисга тавсия этади. Фанлар академияси Умумий мажлиси Академия президентлигига сайланган номзодни лавозимга тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилади.


44. Фанлар академиясининг вице-президентлари ва бош илмий котиби фан ва техниканинг ривожига улкан ҳисса қўшган, илмий-техник ишланмаларни яратиш ва амалиётга жорий этиш, илмий кадрлар ва юқори малакали мутахассисларни тайёрлашда катта хизмат қилган олимлар қаторидан илмий-тадқиқот муассасалари директорларининг Кенгаши билан келишилган ҳолда Фанлар академияси президентининг тавсиясига биноан Умумий мажлисда очиқ овоз бериш йўли билан сайланадилар.

45. Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими ва бошқа минтақавий бўлимлар раислари лавозим талабларига тўлиқ жавоб берадиган олимлар қаторидан Фанлар академияси президенти томонидан тайинланади.

46. Фанлар академиясининг президенти, вице-президентлари ва бош илмий котиби беш йил муддатга ва кетма-кет кўпи билан икки муддатга сайланишлари мумкин.


47. Фанлар академиясининг Ҳайъати ўз фаолияти ҳақида Умумий мажлисга ҳисобот беради.


48. Фанлар академияси президентининг асосий вазифалари:

Фанлар академиясига умумий раҳбарликни ва Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий, интеллектуал ва маънавий юксалишини таъминлашга доир илмий стратегиясини амалга оширади, кундалик масалаларни оператив тарзда ҳал этади;

Академиядаги ишларнинг аҳволи учун Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва Фанлар академиясининг Умумий мажлиси олдида шахсан жавоб беради;

давлат юқори органлари олдида ва ҳалқаро майдонда Фанлар академияси номидан иш юритади ва унинг манфаатларини ҳимоя қилади;

Академиянинг бошқарув аппарати лавозим вазифаларини тасдиқлайди ва ушбу вазифаларнинг раҳбар ходимлар томонидан бажарилишини назорат қилади;

ўз ҳузуридаги илмий-тадқиқот муассасалари директорлари Кенгаши фаолияти учун зарур шарт-шароитларни яратади ҳамда унинг тавсиялари ва таклифларини кўриб чиқади;

илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва замонавий технологияларни ишлаб чиқишга, Фанлар академияси фаолиятининг самарадорлиги ва ривожланишига тўсиқ бўлиб турган камчиликларнинг бартараф этилишини таъминлайди;

режалаштирилган илмий тадқиқотларнинг бажарилишини назорат қилади ҳамда фан ютуқлари ва янги технологиялар амалиётга ўз вақтида тадбиқ этилишини таъминлайди;

илмий-тадқиқот муассасаларнинг олий таълим муассасалари ва академик лицейлар билан самарали ҳамкорлигини таминлайди;

Фанлар академиясининг нашр ишларини ва “Фан” нашриёти фаолиятини назорат қилади;

илмий кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишига раҳбарлик қилади;

Фанлар академияси минтақавий бўлимлари раислари, илмий-тадқиқот муассасалари директорларини амалдаги қонунчилик ва белгиланган тартиб бўйича лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади, шунингдек, илмий-ёрдамчи ва хўжалик бўлимлари раҳбарларини шартнома асосида лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

илмий-тадқиқот муассасаларида илмий ишлар билан банд бўлган ходимлар фаолиятини эркинлаштиришга, уларнинг илмий тадқиқотлари самарали бўлишига ёрдам берувчи шароитлар яратилиши, илмий жамоаларда ижодий иқлим ташкил этилишини таъминлайди;

Фанлар академияси кредитларининг асосий бошқарувчиси ҳисобланади ва уларнинг тўғри сарфланишини назорат қилади.

Фанлар академияси президентининг топшириқлари ва кўрсатмалари юзасидан буйруқлар ва йўриқ хатлар чиқарилади, расмийлаштирилади ва тегишли манзилга етказилади.



VIII. ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИНИНГ

МИНТАҚАВИЙ БЎЛИМЛАРИ


49. Фанлар академиясининг минтақавий бўлимлари Ўзбекистон Республикасининг муайян худудларида илмий ва илмий-техникавий салоҳиятни ривожлантириш учун ташкил этилади. Минтақавий бўлимларни ташкил қилиш, қайта ташкил қилиш ва тугатиш Фанлар академияси Ҳайъатининг тавсияси билан умумий мажлис томонидан амалга оширилади.


50. Фанлар академиясининг минтақавий бўлимлари ўз фаолиятида бевосита Фанлар академияси президентига бўйсунади.

Минтақавий бўлим тасарруфидаги муассасаларга раҳбарликни бўлим раиси, унинг ўринбосари ва бош илмий котиби амалга оширади.


51. Минтақавий бўлим раиси ўринбосари ва бош илмий котиби бўлим раисининг тавсиясига биноан Фанлар академияси президенти томонидан тасдиқланади.

Минтақавий бўлимлар раислари Фанлар академияси Умумий мажлиси ва Ҳайъати қарорлари ҳамда Фанлар академияси президенти буйруқларининг бажарилишини таъминлайдилар.


52. Минтақавий бўлимлар ўз фаолиятларини ушбу Устав ва Фанлар академияси Ҳайъати томонидан тасдиқланган минтақавий бўлимлар Низоми асосида олиб боради.



IX. ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИНИНГ

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН БЎЛИМИ


53. Қорақалпоғистон бўлими ўз фаолиятини ушбу Устав ва Қорақалпоғистон бўлими Низомига мувофиқ амалга оширади ва бевосита Фанлар академияси президентига бўйсунади.

Бўлим муассасаларига илмий-услубий раҳбарликни унинг Ҳайъати амалга оширади. Унинг таркибига бўлим раиси, раиснинг ўринбосари ва бош илмий котиб киради.


54. Қорақалпоғистон бўлими раисининг ўринбосари ва бош илмий котиби Фанлар академияси президенти томонидан Қорақалпоғистон бўлими раисининг тавсиясига биноан 5 йил муддатга тайинланади.

Қорақалпоғистон бўлими ўз бўлимига ажратилган академикларнинг вакант ўринларига номзодларни муҳокама қилади ва соҳалар бўйича сайлаш учун ўз тавсиясини Фанлар академиясининг президентига беради.

Қорақалпоғистон бўлимининг Ҳайъати Фанлар академиясининг Умумий мажлиси ва Ҳайъати, бўлим умумий мажлиси қарорларининг ҳамда Фанлар академияси президенти буйруқларининг бажарилишини таъминлайди.

Қорақалпоғистон бўлимининг Ҳайъати ўз фаолиятида Фанлар академияси Ҳайъатига бўйсунади.


55. Қорақалпоғистон бўлимининг Низоми Фанлар академияси Ҳайъати томонидан тасдиқланади.



X. ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИНИНГ ИЛМИЙ-

ТАДҚИҚОТ МУАССАСАЛАРИ


56. Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот ва илмий-ишлаб чиқариш фаолияти унинг илмий-тадқиқот муассасаларида амалга оширилади.


57. Илмий-тадқиқот муассасаси ўзининг илмий-ташкилий фаолиятини тегишли фанлар йўналишлари бўйича вице-президентнинг хизмати билан биргаликда олиб боради. Бунда вице-президентнинг асосий вазифаси илмий-тадқиқот муассасаси фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ва унга самарали кўмак беришдан иборат бўлади.


58. Илмий-тадқиқот муассасаси раҳбари мутасадди вице-президент тавсияси билан Фанлар академияси президенти томонидан йирик олимлар - фан докторлари орасидан амалдаги қонунчилик ва белгиланган тартиб бўйича шартнома асосида 5 йилгача муддатга тайинланади. Илмий-тадқиқот муассасаси директори ўзи раҳбарлик қилаётган илмий муассасанинг фаолияти учун шахсан жавобгардир.


59. Илмий-тадқиқот муассасаси директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари (фан доктори ёки номзоди), илмий котиби (фан доктори ёки номзоди) мутасадди вице-президент билан келишилган ҳолда илмий-тадқиқот муассасаси директори томонидан тайинланади. Директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда илмий котибнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари директор томонидан илмий-тадқиқот муассасаси Низомига мувофиқ белгиланади.

Илмий-тадқиқот бўлинмаси (илмий-тадқиқот муассасаси бўлими, лабораторияси) мудири, одатда, илмий-тадқиқот муассасаси илмий кенгаши танловидан ўтган фан докторлари қаторидан директор томонидан тайинланади.


60. Илмий-тадқиқот муассасаси директори ҳузурида лаборатория (бўлим) мудирларининг Кенгаши тузилади. Кенгаш маслаҳат органи сифатида ушбу Устав ва илмий-тадқиқот муассасаси директори томонидан тасдиқланган Низом асосида иш юритади.


61. Илмий-тадқиқот муассасалари ушбу Устав ва Фанлар академияси Ҳайъати томонидан тасдиқланган низомларга мувофиқ иш юритадилар.



XI. ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ ФАОЛИЯТИНИНГ

ИҚТИСОДИЙ АСОСЛАРИ


62. Фанлар академияси фаолиятининг иқтисодий асосини унинг таркибидаги барча муассасаларга давлат томонидан чекланмаган муддатга фойдаланиш ва тасарруф қилиш учун берилган асосий фондлар, Академиянинг ўзи яратган мол-мулк ва интеллектал мулк маҳсулотлари ҳамда бошқа мол-мулклар ташкил этади. Фанлар академиясининг асосий фондлари ва бошқа мол-мулкларини унинг розилигисиз ёки амалдаги қонунчиликка зид равишда бегоналаштириш ёки қайта тузиш мумкин эмас.


63. Фанлар академиясининг фаолияти давлат бюджети ва белгиланган тартибда жалб қилинган бюджетдан ташқари маблағлар (ташқи ва ички инвестициялар, ишлаб чиқариш ва интеллектуал мулк маҳсулотларини сотишдан олинадиган даромадлар, ҳомийларнинг беғараз бадаллари ва бошқалар) асосида юритилади. Давлат бюджетидан илмий тадқиқотларни олиб боришга ажратилган маблағлар Фанлар академияси орқали бевосита унинг муассасаларига етказилади.

64. Илмий-тадқиқот муассасалари уларга ажратилган маблағларнинг сарф-харажатини амалдаги қонунчилик ва белгиланган тартибда тасдиқланган ҳаражатлар сметаси асосида мустақил равишда амалга оширадилар.


65. Фанлар академияси таркибидаги хўжалик юритувчи муассасалар, бирлашмалар, илмий-тадқиқот ташкилотлари ўз хўжалик фаолиятларини амалдаги қонунчилик ва ушбу Устав асосида амалга оширадилар.


66. Фанлар академияси, унинг тасарруфидаги ташкилотлар ва муассасалар амалдаги қонунчилик асосида акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик жамиятлари ва ширкатларнинг муассислари бўлиш ҳуқуқига эгадирлар. Улар ушбу фаолиятларида илмий ишланмалар махсулотларини, илмий-техника ва реклама-тижорат хизматларини ички ва ташқи бозорда сотишдан олинадиган фойдага эгалик қилиш ва тасарруф этиш бўйича ҳуқуқ субъектлари ҳисобланадилар. Фанлар академияси ташкилотлари ва муассасалари бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалдаги қонунчиликка зид бўлмаган турли соҳалар бўйича ўзининг Низомларига биноан фаолият юритиш ҳуқуқига эга.


67. Давлат бюджетидан маблағ билан таъминланадиган илмий тадқиқотлар натижалари бўйича ҳисоботлар, Фанлар академияси олимлари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш нормаларига риоя этиш асосида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасига топширилади.

68. Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ходимлари ва мутахассислари шу муассасаларда яратилган интеллектуал мулк натижаларига нисбатан, амалдаги қонунчилик ва белгиланган тартибга биноан, муаллифлик ҳуқуқига эга бўлган субъектлар ҳисобланадилар. Фанлар академиясининг муассасалари, ташкилотлари ва бошқа бўлинмалари, амалдаги қонунчилик ва белгиланган тартиб асосида, шу муассасаларда яратилган интеллектуал мулкка ва унинг объектларига (илмий тадқиқотлар натижалари, "ноу-хау", тажриба-конструкторлик ишланмалари, кашфиётлар, саноат намуналари, селекция-уруғчилик ютуқлари ва бошқаларга) нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф қилиш ҳуқуқига эга.


69. Фанлар академияси ўз маблағлари ва ўз тасарруфидги муассасаларининг хўжалик ҳамда тадбиркорлик фаолиятларидан олинадиган даромаднинг бир қисми, шунингдек, жалб қилинган бошқа маблағлар ҳисобига махсус молия ва инновация фондларини (илмий-техника ва ижтимоий ривожлантириш, олимларни ижтимоий ҳимоялаш ва бошқа фондларни) ташкил этиш ҳуқуқига эга. Бундай фондларни ташкил этиш ва уларнинг маблағларини сарфлаш тартиби Фанлар академияси томонидан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган махсус Низомга мувофиқ амалга оширилади.



XII. ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИНИНГ

АЛОҲИДА ҲУҚУҚЛАРИ


70. Фанлар академияси олимларнинг, адабиёт, маданият ва санъат арбобларининг қўлёзмалари ва архивларини, шунингдек, ўз муассасаларининг фан тарихи учун аҳамиятли бўлган архив ва бошқа материалларини сақлаш ҳуқуқига эга.


71. Фанлар академияси бошқа мамлакатларнинг илмий муассасалари, олий таълим муассасалари, кутубхоналари, музейлари, нашриётлари билан матбаа нашрларини айирбошлаш ҳуқуқига эга.



XIII. ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ УСТАВИНИНГ

АМАЛДА БЎЛИШИ ВА УНИ ЎЗГАРТИРИШ

ТАРТИБИ


72. Фанлар академиясининг Устави Умумий мажлис томонидан қабул қилинади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланади. Фанлар академиясининг Устави тасдиқланган кундан бошлаб кучга киради.


73. Фанлар академияси Уставига ўзгартириш киритиш Умумий мажлиснинг қарорига мувофиқ амалга оширилади. Бу ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланади.









































































Время: 0.1509
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск