язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.08.2017 й. ПҚ-3220-сон "Ўзсаноатэкспорт" АЖ фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

16.08.2017 й.

N ПҚ-3220



"ЎЗСАНОАТЭКСПОРТ" АЖ ФАОЛИЯТИ

САМАРАДОРЛИГИНИ ЯНАДА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Иқтисодиёт тармоқларининг экспорт салоҳиятини кенгайтириш, тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда, рақобатбардош маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқаришда уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича "Ўзсаноатэкспорт" АЖ фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида:


1. Қуйидагилар "Ўзсаноатэкспорт" АЖ фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:

биринчидан, чуқур маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, мамлакат иқтисодиёт тармоқларининг маҳсулотларига бўлган жаҳон конъюнктураси тенденцияларини ўрганиш ва бунинг асосида маҳаллий маҳсулотларни сотишнинг истиқболли хорижий бозорларини аниқлаш ва экспортга маҳсулот етказиб бериш географиясини кенгайтириш;

иккинчидан, ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларига ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотнинг чет эллардаги потенциал харидорларини излаб топишда кўмаклашиш, шунингдек, мамлакатимиз корхоналарида экспортга йўналтирилган рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга хорижий шерикларнинг буюртмаларини жойлаштириш;

учинчидан, маҳаллий маҳсулот етиштирувчиларни кенг намойиш этишни таъминлаш ҳамда ана шу маҳсулотни сотишни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ўтказиладиган тендер (танлов) савдоларида, халқаро савдо-саноат кўргазмалари, ярмаркалар ва бошқа шунга ўхшаш тадбирларда қатнашиш, ихтисослаштирилган интернет-нашрларда Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳияти тўғрисидаги, ташкилотларнинг илмий ва ишлаб чиқариш имкониятлари ҳақидаги ахборотни тарқатиш;

тўртинчидан, машинасозлик, фармацевтика, нефт-газ, металлургия, тўқимачилик, ғаллачилик, кимё ва нефт-кимё саноати, қурилиш материаллари саноати ҳамда бошқа саноат корхоналарига уларнинг маҳсулотлари экспортга чиқарилишида кўмаклашиш, шу жумладан корхоналарни экспорт олдидан молиялаштириш шаклида кредитлаш;

бешинчидан, чет элларда ташкилотлар (савдо уйлари, ваколатхона ва корхоналар) барпо этиш ҳамда консигнация шартномалари (контрактлари) ва бошқа шаклдаги шартномалар асосида уларнинг манзилига товарлар юклаб жўнатилишини таъминлаш;

олтинчидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида республика саноат корхоналарининг бўш ётган ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш мақсадида қайта ишлаш (толлинг) бўйича операцияларни амалга ошириш учун хорижий компанияларни жалб этиш;

еттинчидан, чет эллардан товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилишда давлат органлари ва ташкилотларга, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига белгиланган тартибда ёрдам кўрсатиш.

Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири (Э.М. Ғаниев), "Ўзсаноатэкспорт" АЖ бошқаруви раиси (Э.Я. Юнусов) ҳамда унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг раҳбарлари зиммасига акциядорлик жамиятига юкланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш юзасидан шахсий масъулият юклансин.


2. "Ўзсаноатэкспорт" АЖнинг бошқарув ходимлари чекланган сони 40 нафардан иборат бўлган ижро аппарати тузилмаси иловага* мувофиқ маъқуллансин.


3. "Ўзсаноатэкспорт" АЖга:

"Ўзсаноатэкспорт" АЖнинг чет эллардаги савдо уйлари манзилига озуқабоп буғдойдан фойдаланишнинг тасдиқланган баланси ҳажмлари доирасида консигнация шартларига мувофиқ озиқ-овқат уни ва буғдойни юклаб жўнатиш;

"Ўзсаноатэкспорт" АЖ томонидан олиб келинган ва "божхона ҳудудида қайта ишлаш" божхона режимига жойлаштирилган хом ашё ва материалларни қайта ишлаш натижаларига кўра олинган маҳсулотларни жаҳон бозорларида сотиш учун кейинчалик олиб чиқиб кетиш ҳуқуқи берилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги (Э.М. Ғаниев) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - "Ўзавтосаноат" АЖ бошқаруви раиси У.У. Розукулов ва Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Э.М. Ғаниев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                      Ш. Мирзиёев



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 28 август, 34-сон, 877-модда