ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Пулли ва бепул тиббий ёрдам /

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.09.2017 й. 696-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 5 сентябрдаги

696-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларида

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети

маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам

кўрсатиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларида (кейинги ўринларда тиббиёт ташкилотлари деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш учун мижозларни йўллаш ва тиббиёт ташкилотларида тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига сақланадиган ёки имтиёзли шахслар тоифаси учун кўрсатилган тиббий ёрдам учун тўловлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган туман, вилоят ва республика миқёсидаги тиббиёт ташкилотларига татбиқ этилади.

Ушбу Низомнинг амал қилиши шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш тартибига татбиқ этилмайди.


3. Тиббий ёрдам турлари, ҳажми ва тиббий ёрдамнинг сифати стандартлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.


4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


мижоз - касаллиги бор ёки йўқлигидан ва соғлиғининг ҳолатидан қатъи назар, унга ёрдам кўрсатилаётган ёки тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган жисмоний шахс;


мижозларнинг имтиёзли тоифаси - ижтимоий мақоми ва/ёки айрим касалликларнинг мавжудлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қарорлари билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланадиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиладиган мижозлар тоифаси;


амбулаторида тиббий ёрдам кўрсатиш - туну кун кузатишга муҳтож бўлмаган мижозларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам;


стационарда тиббий ёрдам кўрсатиш - туну кун кузатиш, парвариш қилиш ва даволашга муҳтож бўлган мижозларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам;


шифохонага ётқизиш - стационарда тиббий ёрдам кўрсатиш учун мижозни тиббиёт ташкилотига жойлаштириш;


тиббий-танлов комиссияси - мижозни шифохонага ётқизиш белгилари мавжудлигини аниқлаш учун туман (шаҳар), вилоят (Тошкент шаҳри) ва республика миқёсидаги тиббиёт ташкилотларида ташкил этиладиган комиссия.



2-БОБ. МИЖОЗЛАРНИ ТИББИЁТ ТАШКИЛОТЛАРИГА

ЙЎНАЛТИРИШ ТАРТИБИ


5. Тиббий ёрдам кўрсатилиши учун йўлланма олиш учун мижоз яшаш жойи бўйича қишлоқ врачлик пунктларига, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаларига мурожаат қилади.


6. Мижозларни тиббий ёрдам олишнинг даражасига мувофиқ тиббий ёрдам олиш учун йўналтириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникалари томонидан - тиббиёт бирлашмаларининг тегишли марказий кўп тармоқли поликлиникаларига йўлланма берилади. Бунда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар бўйича диспансер рўйхатида турган мижозларга йўлланмалар тўғридан-тўғри касаллик ихтисослиги бўйича тегишли вилоят тиббиёт ташкилотларига берилиши мумкин;

тиббиёт бирлашмаларининг тегишли марказий кўп тармоқли поликлиникалари томонидан - тиббиёт бирлашмаларининг тегишли стационар бўлинмаларига ёки вилоят даражасидаги тиббиёт ташкилотларига;

вилоят даражасидаги тиббиёт ташкилотлари томонидан - республика даражасидаги тегишли тиббиёт ташкилотларига йўлланма берилади.


7. Тошкент шаҳрида мижозларни тиббий ёрдам олиш учун йўллаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

шаҳар оилавий поликлиникалари томонидан - тегишли марказий кўп тармоқли поликлиникаларга йўлланма берилади. Бунда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар бўйича диспансер рўйхатида турган мижозларга йўлланмалар касаллик ихтисослиги бўйича тўғридан-тўғри тегишли шаҳар (республика) тиббиёт ташкилотларига берилиши мумкин;

марказий кўп тармоқли поликлиникалар томонидан - шаҳар (республика) даражасидаги тегишли тиббиёт ташкилотларига йўлланма берилади.


8. Имтиёзли тоифага кирадиган йўлланма берилган мижозларга бепул тиббий ёрдам кўрсатиш учун тиббий-танлов комиссиясининг хулосаси асосида бериладиган ордер расмийлаштирилади.

Зарурат бўлганда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқарув органлари мижозларнинг имтиёзли тоифасини бепул тиббий ёрдам олиш учун ўзининг идоравий мансуб тиббиёт муассасаларига йўналтириши мумкин. Имтиёзли тоифага кирадиган мижозларни шифохонага ётқизиш мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги қарор тиббиёт ташкилотининг тиббий-танлов комиссияси томонидан аниқланади.

Республика даражасидаги психиатрия муассасаларида тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган руҳий ҳолати бузилган шахсларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати туғилганда, улар психиатрия муассасалари томонидан йўлланма асосида тўғридан-тўғри тегишли республика даражасидаги тиббиёт ташкилотларига йўналтирилади.


3-БОБ. ТИББИЁТ ТАШКИЛОТЛАРИДА

ТИББИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ


9. Тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам:

туман (шаҳар) даражасида (пуллик ташкилотлар, бўлим ва палаталар бундан мустасно) - аҳолининг (мижозларнинг) барча тоифаларига;

вилоят (Тошкент шаҳри) ва республика даражаларида (пуллик ташкилотлар, бўлим ва палаталар бундан мустасно) - мижозларнинг имтиёзли тоифаларига кўрсатилади.

Давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмидан ташқари тиббий ва бошқа ёрдамлар қўшимча ҳисобланади ва мижоз томонидан белгиланган тартибда уларнинг ҳақи тўланади.


10. Кўрсатилган тиббий ёрдам натижасида ёки нотўғри қўйилган ташхис ёки тиббиёт ташкилотининг тиббиёт ходимлари ҳаракатлари туфайли юзага келган асоратлар билан боғлиқ қўшимча харажатлар тегишли тиббиёт ташкилотининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига қопланади.


11. Умумий амалиёт врачининг йўлланмаси бўйича тиббиёт бирлашмаларининг марказий кўп тармоқли поликлиникалари тиббиёт ходимлари мижозга тегишли тиббий ёрдам кўрсатади ва кейинги даволаниш тартибини қуйидагича белгилайди:

мижозга стационар шароитида тегишли тиббий ёрдам кўрсатилишига эҳтиёж бўлмаган ҳолларда - мижоз яшаш жойи бўйича кейинчалик амбулатория шароитида даволаниши учун тегишли тавсиялар билан умумий амалиёт врачига қайта йўналтирилади;

мижозга стационар шароитида тегишли тиббий ёрдам кўрсатилишига эҳтиёж бўлган ҳолларда - мижознинг тиббий ҳужжатлари кўриб чиқиш ва хулоса бериш учун тиббиёт бирлашмасининг марказий кўп тармоқли поликлиникаси қошидаги тиббий-танлов комиссиясига топширилади.

Мижозга кейинчалик шифохона шароитларида тиббий ёрдам кўрсатилиши зарурлиги тасдиқланган ҳолда - тиббий танлов комиссияси хулосаси асосида мижозга туман (шаҳар) ёки вилоят (Тошкент шаҳри) даражасидаги тегишли тиббиёт ташкилотига йўлланма берилади.


12. Тиббий-танлов комиссияси таркиби ва тиббий ёрдам кўрсатиш даражасига боғлиқ равишда шифохонага ётқизишга кўрсатмаларни аниқлаш тартиби ҳамда мижозларни республика даражасидаги тегишли тиббиёт ташкилотларига йўналтирувчи тиббиёт ташкилотлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.


13. Агар мижоз тиббий ёрдам олиш учун тегишли йўлланмасиз (ордерсиз) тиббиёт ташкилотига бевосита мурожаат этса, тиббий ёрдам белгиланган тартибда пуллик асосда кўрсатилади, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш талаб этиладиган ҳоллар бундан мустасно.


14. Тиббий ёрдам олиш учун туман (шаҳар), вилоят ва республика даражасидаги тиббиёт ташкилотига берилган йўлланма қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжат ҳисобланади, унинг шакли ва сақлаш муддати белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.


15. Мижозлар тиббиёт ташкилотларига қабул бўлими (регистратура) томонидан қабул қилинади, улар мижозларни иш тартиби, тиббий ёрдамлар рўйхати, ушбу ёрдамни кўрсатиш ва олиш шарт-шароитлари, врач-мутахассислар малакаси тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи бепул, тушунарли ва ишончли ахборот билан таъминлашлари шарт.


16. Тиббиёт ходимлари мижозларга уларнинг соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни, шу жумладан, текшириш натижалари, қандай касали борлиги, қандай ташхис қўйилганлиги, касалликнинг бундан буён қандай кечишига оид тахминлар, даволаш усуллари ва бу усуллар билан боғлиқ хавф-хатар, тиббий аралашувнинг эҳтимол тутилган турлари ва уларнинг оқибатлари, амалга оширилган даволашнинг натижалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишлари шарт.

Мижозларнинг талаби бўйича уларга тиббий ҳужжатлардан уларнинг саломатлиги ҳолатини акс эттирувчи кўчирма тақдим этилади. Мижозларга тиббий ҳужжатларнинг асл нусхаларини бериш тақиқланади.

Тиббий ҳужжатларнинг шакли, уларни тўлдириш тартиби ва сақлаш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.


17. Мижозларнинг тиббий ҳужжатларидаги мавжуд маълумотлар врач сири бўлиб, у фақат қонун ҳужжатларида назарда тутилган асосларда мижознинг розилигисиз тақдим этилиши мумкин.


18. Мижознинг ўз касалига доир маълумотларни билган ҳолда ўз ихтиёри билан розилик бериши тиббий аралашувнинг дастлабки зарур шартидир.

Мижознинг аҳволи ўз хоҳиш-иродасини изҳор этишга имкон бермайдиган, тиббий аралашувни эса кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда мижознинг манфаатини кўзлаб тиббий аралашувни амалга ошириш масаласини консилиум ҳал қилади, башарти консилиумга йиғилишнинг имкони бўлмаган тақдирда эса, кейинчалик даволаш-профилактика муассасасининг мансабдор шахсларини хабардор қилиш шарти билан бевосита даволовчи (навбатчи) шифокор ҳал этади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


19. Тиббиёт ташкилотларининг раҳбарлари йўлланмаларнинг тўғри берилиши ҳамда тасдиқланган тиббий ёрдам сифати стандартларига ҳамда ушбу Низом талабларига мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатилиши учун жавоб беради.


20. Қуйидагилар:

ушбу Низомга мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатилишига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига ажратилаётган маблағлар мақсадли ишлатилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан;

йўлланмалар тўғри берилишини ва тасдиқланган тиббий ёрдам сифати стандартларига мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Назорат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.


21. Ушбу Низомнинг қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 11 сентябрь, 36-сон, 960-модда












































Время: 0.1946
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск