ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Жамоат тартибини муҳофаза қилиш, ҳуқуқбузарликлар проилактикаси /

Ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг ҳисоботини фуқаролар йиғинларида эшитиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 13.09.2017 й. 2930-сон билан рўйхатга олинган ички ишлар вазирининг 06.09.2017 й. 193-сонли буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2017 йил 13 сентябрда 2930-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

ички ишлар вазирининг

2017 йил 6 сентябрдаги

193-сонли буйруғига

ИЛОВА



Ички ишлар органлари таянч пунктлари

профилактика инспекторларининг ҳисоботини

фуқаролар йиғинларида эшитиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом ички ишлар органларининг таянч пунктлари профилактика инспекторларининг (бундан буён матнда профилактика инспекторлари деб юритилади) ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳолати тўғрисидаги ҳисоботини фуқаролар йиғинларида эшитиш тартибини белгилайди.


2. Профилактика инспекторлари ўзларига бириктирилган маъмурий ҳудуд бўйича тегишли фуқаролар йиғинларида ҳар ой якуни бўйича ҳисобот беради.


3. Профилактика инспекторининг ҳисоботини эшитиш фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг маслаҳатчилари, таълим муассасалари, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари вакиллари, фуқаролар йиғинидаги хонадонларда, кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли, ички ишлар органининг ушбу ҳудудга масъул этиб бириктирилган раҳбари иштирокида амалга оширилади.


4. Профилактика инспекторининг ҳисоботини эшитиш куни фуқаролар йиғини кенгаши томонидан ички ишлар органининг ушбу ҳудудга масъул этиб бириктирилган раҳбари билан келишилган ҳолда белгиланади. Йиғин ўтказилишидан уч кун олдин бу ҳақда фуқаролар йиғинида кўринарли жойга эълон осиб қўйилади ҳамда аҳолига етказиш чоралари кўрилади.


5. Профилактика инспекторининг ҳисоботини эшитиш бўйича ўтказиладиган йиғин фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) томонидан олиб борилади. Йиғин баённомаси фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), фуқаролар йиғини масъул котиби, ички ишлар органининг ушбу ҳудудга масъул этиб бириктирилган раҳбари томонидан имзоланади.


6. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи орган ва муассасалар вакиллари профилактика инспекторларининг ҳисоботини эшитиш бўйича ўтказиладиган йиғинга фуқаролар йиғини томонидан таклиф этилади.



2-БОБ. ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРЛАРИНИНГ ФУҚАРОЛАР

ЙИҒИНЛАРИДА ҲИСОБОТИНИ ЭШИТИШ


7. Профилактика инспекторлари қуйидаги асосий йўналишлар бўйича ҳисобот беради:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ташкил этиш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини, уларга имкон берувчи шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш ва бартараф этиш;

вояга етмаганлар ва ёшлар билан уларни Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга, ёш авлодни терроризм, диний экстремизм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоялашга йўналтирилган ишларни бевосита амалга ошириш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш масалалари бўйича ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари, давлат органлари, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш;

ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича махсус профилактик чора-тадбирларни, шунингдек, ҳуқуқбузарликларни содир этишга мойил шахслар билан профилактика ишларини амалга ошириш;

ўқувчиларининг таълим муассасаларидаги давоматини назорат қилиш, ижтимоий хавфли ҳолатда бўлган ва таълим муассасаларига қатнамайдиган вояга етмаганлар ва ёшлар, шунингдек, ушбу тоифадаги шахсларнинг ота-оналари билан профилактика ишларини олиб бориш.


8. Профилактика инспекторлари ҳисобот бериш жараёнида қонун ҳужжатларига мувофиқ қўриқланадиган давлат ва хизмат сирларини ҳимоя қилиши ҳамда инсонларнинг шахсий ва оилавий сирларининг дахлсизлигини таъминлаши лозим.


9. Профилактика инспекторларининг фуқаролар йиғинларида ҳисобот бериши муайян сабабларга кўра мумкин бўлмай қолган ҳолларда (профилактика инспектори вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлганда, бошқа лавозимга ўтганда, нафақага чиққанда) ушбу ҳудудга масъул этиб бириктирилган ички ишлар органи раҳбари фуқаролар йиғини раиси билан келишилган ҳолда ҳисобот бериш учун бошқа кунни белгилайди.


10. Ҳудудга хизмат кўрсатувчи профилактика инспектори лавозимига янги ходим тайинланса, ушбу ҳудудга масъул этиб бириктирилган ички ишлар органи раҳбари фуқаролар йиғини раиси (оқсоқол) иштирокида аҳолига профилактика инспектори лавозимига янги тайинланган ходимни таништиради.


11. Профилактика инспектори лавозимга тайинланган кундан бошлаб амалга оширган ишлари юзасидан фуқаролар йиғинида ҳисобот беради.


12. Профилактика инспекторлари фаолиятига аҳоли томонидан ҳаққоний баҳо берилишини таъминлаш мақсадида фуқаролар йиғини раиси ҳудуддаги ҳовлилар, уйлар, кўчалар ва маҳаллалардаги аҳоли (уларнинг вакиллари) қатнашишини таъминлайди. Ўтказиладиган йиғинга фуқароларни турли сабаблар билан қатнашишини тақиқлашга йўл қўйилмайди.


13. Профилактика инспекторларининг ҳисоботларини эшитиш якунларига кўра улар зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан кўрилаётган чоралар ва иш натижалари танқидий муҳокама қилинади, улар фаолиятининг самарадорлигига алоҳида баҳо берилади ҳамда эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги ҳақида тавсиялар қабул қилинади ҳамда ички ишлар органи бошлиғига тақдим этилади.


14. Профилактика инспекторининг фаолиятига баҳо бериш йиғин қарори билан белгиланади. Фуқаролар йиғини унда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган барча аҳолининг ярмидан кўпроғи ҳозир бўлган тақдирда ваколатли.


15. Фуқаролар йиғинини чақиришнинг имкони бўлмаганда фуқаролар вакилларининг йиғилиши ўтказилади. Фуқаролар вакилларининг йиғилиши унда фуқароларнинг ҳовлилар, уйлар, кўчалар ва маҳаллалардаги вакилларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатли.


16. Фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) қарор унда қатнашганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда йиғинни олиб борувчи масъулларнинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.



3-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


17. Профилактика инспекторлари ҳисобот беришга тайёргарлик кўриш жараёнида ўзларига бириктирилган маъмурий ҳудуддаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи орган ва муассасалардан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотларни олади.


18. Мазкур Низом талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.


19. Мазкур Низом Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 18 сентябрь, 37-сон, 1021-модда

















































Время: 0.1981
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск