Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Тадбиркорлик бирлашмалари, ривожланиш ва кўмак жамғармалари /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 08.09.2017 й. 704-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 8 сентябрдаги

704-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни

қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 17 августдаги ПҚ-3225-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) вазифалари ва фаолият йўналишларини, уни бошқариш тартибини, шунингдек Жамғарма маблағларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


3. Жамғарма давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида ғазначилик ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга.


4. Жамғарманинг жойлашган жойи (почта манзили): Тошкент шаҳри, Қоратош кўчаси, 1-уй.

5. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


лойиҳалар - иқтисодий, ижтимоий ва бошқа фойда олиш мақсадида қуйидаги соҳаларда олдиндан белгиланган вақт давомида амалга ошириладиган ўзаро боғлиқ комплекс тадбирлар ва ишлар;

қишлоқ хўжалигида, биринчи навбатда, энергия самарадорлиги юқори бўлган замонавий иссиқхоналар қуриш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик, узумчилик ва боғдорчиликни, шу жумладан, интенсив боғларни ривожлантиришга доир лойиҳалар;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш бўйича инфратузилмани ва ушбу маҳсулотларни транспортировка қилиш билан боғлиқ логистика марказларини ташкил этиш бўйича лойиҳалар;

кўп квартирали уйлардаги умумий фойдаланиладиган жойларни хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва бошқарув компаниялари томонидан ободонлаштириш ва таъмирлаш лойиҳалари;

тадбиркорлик фаолиятининг Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини бошқариш кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) белгилайдиган ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташаббус билан чиққан бошқа йўналишларидаги лойиҳалар;

кредит - кредит, шу жумладан тижорат банкининг кичик тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш учун фойдаланиладиган имтиёзли кредити ва микрокредити;


компенсация - тижорат банклари кредитлари бўйича фоизли харажатларнинг бир қисмини қоплаш;


кафиллик - Жамғармага кичик тадбиркорлик субъектлари (қарздор)нинг кредит бўйича ўз мажбуриятларини бажариши учун тижорат банки (кредит берувчи) олдида жавоб бериш масъулиятини юклайдиган кафиллик шартномаси.



2-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФАОЛИЯТ ЙЎНАЛИШЛАРИ


6. Кичик тадбиркорлик субъектларига қуйидаги шаклда молиявий ёрдам кўрсатиш Жамғарманинг асосий вазифаси ҳисобланади:

б) кичик тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари кредит миқдорининг 50 фоизигача, лекин 2 млрд сўм ҳажмдаги кредитлари бўйича кафил бўлиш;

б-1) кичик тадбиркорлик субъектларига интенсив боғлар ва иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш учун тижорат банклари кредит миқдорининг 50 фоизигача, лекин 5 млрд сўмдан кўп бўлмаган ҳажмдаги кредитлари бўйича кафил бўлиш;

в) тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун қуйидаги эквивалентда компенсация бериш:

миллий валютада, қиймати 8 млрд сўмдан ошмайдиган миқдордаги қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган фоиз ставкасида  5 фоиз пункти миқдорида;

миллий валютада, қиймати 8 млрд сўмдан ошмайдиган миқдордаги, қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган фоиз ставкасида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 17 мартдаги ПҚ-2844-сон қарорида ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Обод қишлоқ" дастури тўғрисида" 2018 йил 29 мартдаги ПФ-5386-сон Фармонида кўрсатилган лойиҳалар учун - 8 фоизли пункт миқдорида;

миллий валютада - қиймати 8 млрд сўмдан ошмайдиган миқдордаги жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағлари ҳисобига ажратиладиган имтиёзли кредитлар бўйича, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг тавсиялари асосида ёш тадбиркорлар ташаббус билан чиққан лойиҳаларни амалга оширишга  банкларнинг харажатларини қоплаш учун 3 фоизли ставка миқдорида;

хорижий валютада - қиймати эквивалентда 8 млрд сўмдан ошмайдиган миқдордаги тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 40 фоизи, аммо 3 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда;

хорижий валютада, 2017 йил 5 сентябргача иссиқхоналар қуриш, интенсив боғлар яратиш ва совутгичлар қуриш учун халқаро молия институтлари кредит линиялари ҳисобига ажратилган валюта кредитлари бўйича - белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида.

7. Жамғармага мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича молиявий ёрдам кўрсатилади.


8. Жамғарма ўз фаолиятини қуйидаги асосий йўналишлар бўйича амалга оширади:

кичик тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат сиёсатини юритиш, молиявий хизматлардан фойдаланишни кенгайтириш ва кредит ажратиш, шу жумладан ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар ва йўналишларга кредит ажратиш шартларини енгиллаштиришга кўмаклашиш;

кичик тадбиркорликни ривожлантириш орқали иш ўринлари ташкил этиш имконини берадиган давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурлар, лойиҳалар ҳамда тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;

кичик тадбиркорлик субъектларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги турдаги маҳсулотлар яратиш ва ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, шунингдек ишлаб чиқариш фаолиятига самарали янги технологияларни жорий этишга кўмаклашиш;

илмий-тадқиқот муассасалари билан биргаликда республикада кичик тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш муаммоларини ўрганишга доир комплекс илмий ва амалий тадқиқотлар амалга оширилишини ташкил этиш.



3-БОБ. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


9. Жамғармани бошқариш кенгаши Жамғармани бошқаришнинг юқори органи ҳисобланади ва унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланади.

10. Жамғармани бошқариш кенгаши:

Жамғарма молиявий ёрдам кўрсатиши учун ишлаб чиқаришнинг устувор соҳалари ва кичик тадбиркорлик йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади;

Жамғарманинг даромад ва харажатлари бўйича ҳар йилги прогнозларни тасдиқлайди;

Жамғарма бўш маблағларини тижорат банкларининг депозитларига ва бошқа молиявий активларида жойлаштириш бўйича чекланган параметрларни белгилайди;

Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси фаолияти, шу жумладан маблағларнинг мақсадли йўналтирилиши, кичик тадбиркорлик субъектларига молиявий ёрдам кўрсатишга доир қарорларнинг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан назоратни амалга оширади;

Жамғарма раҳбарининг Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисида, шунингдек манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар вакилларининг амалга оширилаётган операциялар самарадорлиги ва тақдим этилган ресурслар, Жамғарма ва бошқа соҳалар кафиллиги ҳамда компенсациялари натижалари ҳақида ҳисоботларини мунтазам эшитади;

Жамғармани йиллик аудитдан ўтказиш учун, жумладан, унинг маблағларидан мақсадли фойдаланиш бўйича аудиторлик ташкилотини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Жамғарманинг устав капиталини кўпайтириш тўғрисида таклифлар киритади.


11. Ижро этувчи дирекция Жамғарманинг ижро этувчи органи ҳисобланади ва унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланади.


12. Жамғарма ижро этувчи дирекцияси:

Жамғарма жорий фаолиятини расман бошқаради;

тижорат банкларидан келган ҳужжатларни кўриб чиқади ва ўз ваколатлари доирасида Жамғарма, кафиллиги ва компенсацияларини тақдим этиш ҳақида қарорлар қабул қилади;

Ўзбекистон Республикасининг навбатдаги йил учун Давлат бюджети асосий параметрлари билан боғлиқ ҳолда Жамғарма даромад ва харажатларининг ҳар йилги прогнозларини шакллантиради ҳамда Кенгашга тасдиқлаш учун белгиланган тартибда киритади;

Жамғарма маблағларини шакллантириш манбаларини кенгайтиришга доир таклифларни ишлаб чиқади ва кўриб чиқиш учун Кенгашга киритади;

Жамғарма олдига қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши учун зарур қўшимча маблағларни жалб этиш бўйича амалий чоралар кўради;

Жамғарма даромад ва харажатларини ҳисобга олиш ҳамда уларнинг ижроси тўғрисида ҳисоботдорликни таъминлайди ва тасдиқлаш учун Кенгашга тақдим этади;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни тизимли асосда мониторинг қилиб боради;

кичик тадбиркорлик субъектларини белгиланган тартибда молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди;

Жамғарманинг бўш турган маблағларини Кенгаш томонидан белгиланган тартибда параметрлар доирасида тижорат банкларининг депозитларига ҳамда бошқа молиявий активларга жойлаштиради.

13. Ижрочи директор Жамғарма ижро этувчи дирекциясининг раҳбари ҳисобланади ва у мақомига кўра меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт хизматлари кўрсатиш бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

Жамғарма ижрочи директори:

Жамғармага юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ Жамғарма ижро этувчи дирекцияси фаолиятини ташкил этади ва унинг учун шахсан жавоб беради;

Жамғарма Ижро этувчи дирекциясини ходимларнинг белгиланган сони доирасида активларни бошқариш, бизнесни, шу жумладан тадбиркорликнинг турли йўналишларига оид лойиҳаларни таҳлил қилиш, экспертизадан ўтказиш ва молиялаштириш соҳасида юқори малакали мутахассислар билан тўлдиришни ташкил этади;

халқаро ва хорижий ташкилотларда Жамғарма манфаатларини ифодалайди;

Жамғарма номидан меҳнат, хўжалик, кредит ва бошқа шартномалар, шу жумладан кафиллик ва компенсациялар тақдим этиш ҳамда депозитларни тижорат банкларида жойлаштириш тўғрисидаги шартномаларни имзолайди.

14. Ижро этувчи дирекция Жамғарма маблағлари ҳисобидан Кенгаш томонидан тасдиқланадиган харажатлар сметаси асосида таъминланади.

15. Жамғарма ходимларни рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида бюджетдан ташқари Ривожланиш ва моддий рағбатлантириш жамғармасини ташкил этади ҳамда Кенгаш билан келишган ҳолда унинг Низомини тасдиқлайди.

16. Жамғарма Ижро этувчи дирекциясининг ходимларига давлат бошқаруви органлари ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш шартлари жорий этилади.


17. Жамғарма ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ва устамалар, рағбатлантирувчи тўловлар, шунингдек, қонун ҳужжатлари ҳамда бюджетдан ташқари Ривожланиш ва моддий рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомда назарда тутилган қўшимча моддий рағбатлантириш маблағларидан ташкил топади.


18. Жамғармага юкланган вазифаларни амалга ошириши учун тўртта, шу жумладан иккита хизмат ва иккита махсус енгил автотранспорт воситаларини сақлаш учун лимит ажратилади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


19. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

Тошкент шаҳридаги Кичик саноат зоналари кафолат жамғармасини ва Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармасини кейинчалик тугатиш ва уларнинг 50 миллион АҚШ доллари ҳамда 100 миллиард сўм миқдоридаги тегишли пул маблағлари шаклида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 17 августдаги ПҚ-3225-сон қарорига 1-иловада кўрсатилган ташкилотлар бадаллари ҳисобидан шакллантириладиган Жамғарманинг бошланғич бадали;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ушбу мақсадлар учун ҳар йилги тасдиқланадиган ажратмалар доирасидаги маблағлари, 2017 йилда эса Жамғарма ресурс базасини шакллантириш учун - 100 миллиард сўм;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳар йилги соф фойдасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтириладиган қисми;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг Жамғарма зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган кредитлари (қарзлари) ва грантлари;

Жамғарманинг, жумладан, депозитларни жойлаштириш, кафолатлар беришдан тушадиган даромадлари, шунингдек, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар.


20. Жамғарма маблағлари "Микрокредитбанк" акциядорлик тижорат банкида очиладиган махсус ҳисоб рақамида (кейинги ўринларда махсус ҳисоб рақами деб аталади) тўпланади.

Хорижий валютадаги маблағлар Жамғарманинг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида белгиланган тартибда очиладиган махсус валюта ҳисоб рақамларига ўтказилади.


21. Жамғарма маблағларидан:

тижорат банкларига қарз олувчиларнинг кредитлари бўйича тақдим этилган кафолатлар билан боғлиқ тўловларни тўлаш;

тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоизли харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун фойдаланилади;

Жамғарма фаолиятини моддий-техник таъминлаш, асосий воситалар ва номоддий активлар харид қилиш, Кенгаш томонидан белгиланадиган тартибда операция харажатларини, шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнатга ҳақ тўлашга тенглаштирилган тўловларни ҳамда рағбатлантирувчи тусдаги тўловларни тўлаш харажатларини амалга ошириш.

22. Мазкур Низомнинг 21-бандида қайд этилган мақсадларни молиялаштириш учун ажратилган Жамғарма маблағларидан қатъий белгиланган йўналишларда фойдаланилади.


6-БОБ. КОМПЕНСАЦИЯНИ ТАҚДИМ ЭТИШ, ТЎХТАТИШ,

БЕКОР ҚИЛИШ ВА ҚАЙТА ТИКЛАШ ТАРТИБИ


35. Тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун Жамғарма компенсациялари:

миллий валютада ажратиладиган, қиймати 8 млрд сўмдан ошмайдиган миқдордаги, қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган фоиз ставкасида - 5 фоиз пункти миқдорида;

миллий валютада ажратиладиган, қиймати 8 миллиард сўмдан ошмайдиган миқдордаги, қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган фоиз ставкасида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 17 мартдаги ПҚ-2844-сон қарорига 2-иловада кўрсатилган туманларда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги ПФ-5386-сон Фармони билан тасдиқланган "Обод қишлоқ" дастури доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар учун - 8 фоизли пункт миқдорида;

миллий валютада, қиймати 8 млрд сўмдан ошмайдиган миқдордаги, жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағлари ҳисобига ажратиладиган имтиёзли кредитлар бўйича, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг тавсиялари асосида ёш тадбиркорлар ташаббус билан чиққан лойиҳаларни амалга оширишга - банкнинг харажатларини қоплаш учун 3 фоизли ставка миқдорида;

хорижий валютада ажратиладиган, қиймати эквивалентда 8 млрд сўмдан ошмайдиган миқдордаги, тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 40 фоизи, бироқ 3 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда;

хорижий валютада - 2017 йил 5 сентябргача иссиқхоналар қуриш, интенсив боғлар яратиш ва совутгичлар қуриш учун халқаро молия институтлари кредит линиялари ҳисобига ажратилган валюта кредитлари бўйича - белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида берилади.

36. Миллий валютада қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган фоиз ставкасида кредитлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хорижий валютада кредитлар ажратадиган тижорат банклари Жамғарманинг компенсацияларини олувчилар ҳисобланади.

37. Қайта молиялаштириш ставкаси ўзгарган тақдирда ажратиладиган компенсация миқдори кредит расмийлаштирилган кунда қайд этилган даражада ўзгармасдан қолади.


38. Жамғарма компенсацияси қуйидагилар назарда тутилган кредитлар бўйича тақдим этилмайди:

аввал олинган кредитларни ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтариш;

спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;

савдо-воситачи ташкилотлар ва умумий овқатланиш корхоналарининг айланма маблағларини шакллантириш;

савдо объектлари ва умумий овқатланиш объектлари қуришни молиялаштириш;

таваккалчиликка асосланган қимор ва бошқа ўйинларни ташкил этиш, шунингдек бошқа мақсадлар учун ускуналар харид қилиш.

Шунингдек, Жамғарма компенсацияси:

кредит тарихи ёмон бўлган, хусусан, тижорат банклари кредитлари бўйича муддати ўтказиб юборилган қарзлари бор жисмоний ва юридик шахсларга;

бюджетга тўловлар бўйича муддати ўтказиб юборилган қарзлари бўлган жисмоний ва юридик шахсларга;

ушбу банднинг тўртинчи ва бешинчи хатбошиларда кўрсатилган чекловлар, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташаббус кўрсатган лойиҳаларга татбиқ этилмайди.

39. Кредит олиш учун ҳужжатларни қабул қилиш ва аризаларни кўриб чиқиш, шунингдек кичик тадбиркорлик субъектларига мазкур Низом талабларига мувофиқ кредит бериш қонунчиликда белгиланган тартиб-таомиллар ҳамда тижорат банкларининг ички кредит сиёсатига мувофиқ амалга оширилади.


40. Тижорат банкининг филиали кредит ажратиш масаласи ижобий ҳал этилган тақдирда ўз хулосасини бош банкка юборади. Агар банк кредит ажратиш тўғрисида салбий қарор қабул қилганда кичик тадбиркорлик субъектига рад этишнинг асосли сабаблари кўрсатилган ёзма жавоб юборилади.


40-1. Хўжалик юритувчи субъектларнинг халқаро молия институтлари кредит линиялари ҳисобига иссиқхоналар қуриш, интенсив боғлар яратиш ва совутгичлар қуриш учун 2017 йил 5 сентябргача ажратилган валюта кредитлари бўйича компенсация бериш юзасидан мурожаатлари тижорат банкининг филиали томонидан қабул қилинади ва бир кун муддатда кейинчалик Жамғармага юбориш учун бош тижорат банкига берилади.

41. Бош тижорат банки филиалдан ҳужжатларни олгач, 2 (икки) иш кунида уларни кўриб чиқади ва зарур компенсация суммаси тўғрисида умумлаштирилган ахборотни тайёрлаб, Жамғармага кўриб чиқиш ва ажратиладиган кредитларни компенсация қилинадиган кредитлар тоифасига киритиш учун юборади.

41-1. Тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги, уларни кўриб чиқишнинг тўғрилиги ва имтиёзли кредитлар ажратилиши, шунингдек имтиёзли кредитлар ажратиш ва улар бўйича компенсация олишнинг барча жараёни ушбу Низом талабларига мувофиқлиги юзасидан масъулият тижорат банкларининг раҳбарларига юкланади.

42. Жамғарма 3 (уч) иш куни мобайнида бош тижорат банкларидан кредитлар бўйича компенсация олиш учун келган ҳужжатларни, хусусан, уларнинг мазкур Низомда қайд этилган лойиҳаларга мувофиқлигини ўрганиб чиқади.

43. Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси келган ҳужжатларни ўрганиш натижалари асосида банк кредитлари бўйича фоизли харажатларни қоплаш учун компенсация бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Банк кредитлари бўйича фоизли харажатларни қоплаш учун компенсация Кенгаш томонидан тасдиқланадиган тадбиркорлик фаолиятининг устувор йўналишларига ва ставкаларга мувофиқ берилади.

44. Жамғарма 1 (бир) иш куни мобайнида бош тижорат банкини компенсация бериш тўғрисида (рад этилганда тақдирда - асосли сабаблар кўрсатилган ҳолда) қарор қабул қилингани ҳақида хабардор қилади ва кейинчалик банк филиали ва ариза берувчи - кичик тадбиркорлик субъектига ҳам ҳужжатлар рўйхатини илова қилган ҳолда маълум қилади.

45. Бош тижорат банки ижобий қарорни олгандан сўнг бу ҳақда дарҳол банк филиалига хабар беради. Шу билан бирга, бош банкдаги ваколатли шахс банк, Жамғарма ва кредит олувчи ўртасида компенсация тақдим этиш тўғрисида уч томонлама шартномани имзолайди ҳамда уни 1 (бир) иш куни мобайнида кичик тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакили имзолаши учун банк филиалига юборади.

46. Тижорат банки филиали бош банкдан хабарномани олгандан сўнг бир иш куни давомида банк ва кичик тадбиркорлик субъекти ўртасида кредит шартномасини тузади. Ваколатли вакил ушбу кредит шартномаси асосида компенсация тақдим этиш тўғрисида банк, Жамғарма ва кичик тадбиркорлик субъекти ўртасида тузилган шартномани банк филиалида кичик тадбиркорлик субъектига имзолаш учун беради.

Уч томонлама шартномада банк кредитлари бўйича фоизли харажатлар учун Жамғарманинг имтиёзли фоиз ставкаси ва компенсациянинг миқдори кўрсатилади.

Банк филиалида кичик тадбиркорлик субъектига банк кредит сиёсатига мувофиқ кредит ажратилади.

Банк ва кичик тадбиркорлик субъекти ўртасида тузилган кредит шартномасининг нусхаси, шунингдек кредитни қайтариш жадвали Жамғармага юборилади.


47. Жамғарма компенсация тақдим этишни рад этган тақдирда бош тижорат банки банк филиалини дарҳол бундан хабардор қилади. Банк филиали кредитлар бўйича компенсация бериш рад этилгани ҳақида хабарномани олганидан сўнг кичик тадбиркорлик субъектига кредит ажратиш рад этилгани хусусида маълум қилади.

Бунда банк филиали кичик тадбиркорлик субъектига умумий равишда белгиланган тартибда бозор шартларида кредит шартномаси тузишни таклиф этади.

48. Тижорат банклари тузилган кредит шартномаларига биноан кредит ажратгач ҳар ойда, ҳар ойнинг 15-санасидан кечикмасдан Жамғармани шартномада қайд этилган компенсация суммасини ўтказиш зарурлиги ҳақида хабардор қилади.


49. Тижорат банклари белгиланган тартибда:

ушбу Низомга мувофиқ "Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кўмагида берилган қисқа муддатли кредитлар" 12800 ҳамда "Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кўмагида берилган узоқ муддатли кредитлар" 14400 алоҳида баланс ҳисоб рақамларида муддатлар ва қарз олувчиларнинг турлари бўйича ажратилган кредитларнинг ҳисобини юритади;

Компенсациялар тақдим этиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ "Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси субсидиялари ҳисобига қопланадиган ҳисобланган фоизларни олиш" 16325 алоҳида баланс ҳисоб рақамларида Жамғарма томонидан компенсация қилинадиган фоизлар ҳисобини юритади.

50. Тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоизли харажатларнинг бир қисми ҳар ойда, банк хабарномаси асосида ойнинг 20-санасидан кечикмасдан Жамғарма томонидан қопланади.

Бунда Жамғарма хабарномани олганидан сўнг 3 (уч) иш кунида харажатларни белгиланган тартибда расмийлаштирилган тўлов топшириқномасига биноан шахсий ҳисоб рақамидан амалга оширади.

51. Жамғарма компенсацияси компенсация бериш тўғрисидаги шартномага мувофиқ бир пайтнинг ўзида банк реестри асосида бир қанча кредит шартномалари бўйича банкнинг "Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" 29801 транзит ҳисоб рақамига ўтказилади.

Бунда "Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" 29801 транзит ҳисоб рақамига тушган маблағлар банкнинг Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси субсидиялари ҳисобига қопланадиган, ҳисобланган фоизларни олиш" 16300 ҳисоб рақамига автоматик равишда ўтказилади.

52. Қарз олувчилар кредитни муддати ўтганидан сўнг қайтарган ҳолатларда ажратиладиган компенсация суммаси тасдиқланган қайтариш жадвалида қайд этилган суммадан ошмаслиги лозим.


53. Жамғарма тижорат банкларининг кредитлари бўйича компенсация беришни қуйидаги ҳолатларда тўхтатади:

фоизли харажатлари қопланадиган кредитдан мақсадсиз фойдаланилганда;

қарз олувчи тўловлар жадвалига мувофиқ банкка тўловларни тўлаш бўйича мажбуриятларини 3 (уч) ой давомида кетма-кет бажармаганда;

қарз олувчининг банк ҳисоб рақамидаги маблағлари хатловга олинганда;

кичик тадбиркорлик субъектларининг ва/ёки тижорат банкининг тақдим этган ҳужжатларида ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилганлиги аниқланганда.

54. Тижорат банки мазкур Низомнинг 53-бандида назарда тутилган ҳолатларни аниқлаш мақсадида қарз олувчининг фаолияти юзасидан, шу жумладан жойига чиқиб мониторинг олиб боради.

55. Мазкур Низомнинг 53-бандида назарда тутилган ҳолатлар аниқланган тақдирда тижорат банки Жамғармани компенсация беришни тўхтатиш учун 3 (уч) иш куни мобайнида хабардор қилади.

56. Жамғарма тижорат банкидан хабарномани олгандан сўнг 3 (уч) иш кунида компенсация беришни тўхтатиши тўғрисида қарор қабул қилади ва тўхтатиш сабаблари кўрсатилган ёзма хабарномани банкка юборади.

57. Мазкур Низомнинг 53-бандида назарда тутилган ҳолатларга кўра тўхтатиш сабаблари бартараф этилгач, қарз олувчининг кредити бўйича компенсация беришни қайта тиклашга рухсат этилади.

58. Қарз олувчининг фоизли харажатларининг бир қисмини компенсация қилишни тўлиқ тўхтатиш ҳақидаги қарор Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси томонидан қабул қилинади. Ижро этувчи дирекция компенсация қилишни тўлиқ тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилса, Жамғарма амалдаги қонунчиликка ва шартнома шартларига мувофиқ компенсация бериш тўғрисидаги шартномани бир томонлама тартибда бекор қилади ва бу ҳақда банкни хабардор қилади.


59. Қуйидагилар компенсацияни тўхтатиш учун асос ҳисобланади:

қарз олувчи банк кредити шартномаси бўйича кредитни тўлиқ қайтарса;

Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси компенсацияни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилса;

қарз олувчининг ташаббуси билан компенсация бериш тўғрисидаги шартнома бекор қилинса.


60. Кредитлар бўйича компенсация бериш Жамғарма Ижро этувчи дирекциясининг қарорларига мувофиқ тўхтатилган ва муддатидан олдин бекор қилинган ҳолатларда тижорат банклари фоизли харажатларнинг бир қисми бўйича компенсация миқдорини қарз олувчидан ундиради ва бу шартлар кредит шартномасида келишилган бўлиши керак.


7-БОБ. КИЧИК ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИГА

ЖАМҒАРМАНИНГ ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ КРЕДИТЛАРИ

БЎЙИЧА КАФИЛЛИК БЕРИЛИШИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ

ШАРТЛАРИ ВА ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ


61. Жамғарма кафиллиги кичик тадбиркорлик субъектларига тижорат банкларининг кредитлари бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизгача миқдорда, аммо 2 миллиард сўмдан ошмайдиган миқдорда берилади.

61-1. Жамғарма кафиллиги кичик тадбиркорлик субъектларига интенсив боғлар ва иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш учун тижорат банклари кредит миқдорининг 50 фоизигача, лекин 5 млрд сўмдан ошмайдиган миқдорда берилади.

62. Кафиллик бериш бўйича Жамғарма хизматлари пулли ҳисобланади. Жамғарманинг кафиллиги берилганлиги учун кичик тадбиркорлик субъектларидан миллий валютада кафолат суммасининг 1 (бир) фоизи миқдорида бир мартталик воситачилик ҳақи ундирилади.

63. Мазкур Низомга мувофиқ фақат қуйидаги кичик тадбиркорлик субъектлари Жамғарма кафиллигини олиши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган;

тугатилиш босқичида бўлмаган;

банкрот деб эълон қилинмаган;

аввал олинган кредитлар ва солиқ тўловлари бўйича муддати ўтказиб юборилган қарзи бўлмаган;

мазкур Низомнинг 66-бандига мувофиқ зарур ҳужжатларни тақдим этган;

мазкур Низомда белгиланган бошқа талабларга риоя этадиган.


64. Жамғарма кафиллиги кичик тадбиркорлик субъектларига улар қуйидаги шартларга мос келганда берилади:

кичик тадбиркорлик субъектлари лойиҳада ўзининг 25 фоиздан (оилавий тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларидан ташқари) кам бўлмаган улуши билан иштирок этса;

Жамғарма таъминоти остида бериладиган кредитлар мақсадли йўналтирилса;

кредит шартномаси шартларига мувофиқ аввал берилган кредитни ўз вақтида қайтармаслик, шунингдек банк кафиллигини бериш бўйича шартнома шартларини бузиш ҳолатларига йўл қўйилмаган бўлса.


65. Жамғарма кафиллиги қуйидагиларни назарда тутадиган лойиҳалар бўйича берилмайди:

аввал олинган кредитлар ёки бошқа ҳар қандай қарзларни қайтариш;

спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;

савдо-воситачи ташкилотлар ва умумий овқатланиш корхоналарининг айланма маблағларини шакллантириш;

савдо объектлари ва умумий овқатланиш объектларини қуришни молиялаштириш;

таваккалчиликка асосланган қимор ва бошқа ўйинларни ташкил этиш, шунингдек бошқа мақсадлар учун ускуналар харид қилиш.

Шунингдек, Жамғарма кафиллиги:

кредит тарихи ёмон бўлган, хусусан, тижорат банклари кредитлари бўйича муддати ўтказиб юборилган қарзлари бор жисмоний ва юридик шахсларга;

бюджетга, шунингдек электр энергияси, газ таъминоти бўйича мажбурий тўловлар ва бошқа коммунал тўловлар бўйича муддати ўтказиб юборилган қарзлари бўлган жисмоний ва юридик шахсларга;

муддати ўтказиб юборилган кредиторлик ва дебиторлик қарзлари бўлган юридик шахсларга берилмайди.


66. Кичик тадбиркорлик субъекти тижорат банки филиалига лойиҳани молиялаштириш бўйича кредит олиш учун Жамғарма кафиллигини олиш мақсади кўрсатилган ариза билан мурожаат қилади.

Кичик тадбиркорлик субъекти аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

қарз олувчининг амалга ошириладиган лойиҳа бўйича банк ҳисоб рақамига маблағ тушиш прогнози (пул оқими) кўрсатилган бизнес-режа (техник-иқтисодий асос);

кредит олувчининг охирги ҳисобот давридаги тегишли давлат солиқ инспекциясига тақдим этилган бухгалтерлик баланси (1-сон форма), шунингдек 90 кундан ошмаган муддатда қарздорлик бўйича қиёсий ҳужжатлар, молиявий натижалар ҳақида ҳисобот (2-сон форма) - янги ташкил этилган юридик шахслар, юридик шахс ташкил этмасдан фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари бундан мустасно;

кредит бўйича таъминот сифатида тақдим этиладиган гаров тўғрисида ахборот;

тижорат банклари ва халқаро молия институтлари ўртасида кредит учун маблағ ажратиш тўғрисида (фақат қайд этилган ушбу институтлар ҳисобидан бериладиган кредитлар бўйича) тузилган шартномаларда назарда тутилган ҳужжатлар.


67. Тижорат банки филиали аризани ва ҳужжатларнинг тўлиқ тўпламини ўрганиб чиққандан сўнг:

тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлигини текширади. Ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда банк филиали бир кун муддатда кичик тадбиркорлик субъектидан етишмаётган ахборотни (ҳужжатни) талаб қилади;

тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва лойиҳанинг молиявий-иқтисодий самарадорлигини қонунчиликда белгиланган тартиб-таомиллар ҳамда ички кредит сиёсатига мувофиқ баҳолайди.

Кредит ажратиш ҳақида ижобий қарор қабул қилинган тақдирда банк филиали кичик тадбиркорлик субъектининг Жамғарма кафиллигини олиш учун аризаси илова қилинган ўз хулосасини бош тижорат банкига юборади ҳамда бу ҳақда кичик тадбиркорлик субъектига маълум қилади.

Банк кредит бериш тўғрисида салбий қарор қабул қилган ҳолатда кичик тадбиркорлик субъектига рад этишнинг асосли сабаблари кўрсатилган ёзма жавоб юборилади.


68. Бош тижорат банки филиалдан ҳужжатларни олгач, 2 (икки) иш кунида зарур ҳужжатлар ва улар бўйича умумлаштирилган ахборотни кўриб чиқади ва тайёрлайди ҳамда Жамғармага кредит олувчиларга ажратиладиган кредитлар бўйича Жамғарма кафиллигини тақдим этиш учун юборади.

69. Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси Жамғарма кафиллигини олиш учун бош тижорат банки томонидан юборилган ҳужжатлар тўпламини қабул қилгандан сўнг 5 (беш) иш куни мобайнида:

тақдим этилган ҳужжатларни текширади. Жамғарма, зарур бўлганда, 1 (бир) иш куни мобайнида бош банкдан етишмаётган ахборотни (ҳужжатларни) сўраб олади;

ушбу Низомнинг 68-бандида назарда тутилган умумлаштирилган маълумотларни ушбу Низом шартларига мувофиқлик юзасидан текширади;

кафолат олиш учун ариза маъқулланган тақдирда банкни ижобий қарор қабул қилинганлиги тўғрисида хабардор қилади.

70. Ҳужжатлар кафиллик олиш учун талабларга мос келмаган тақдирда Жамғарма бош тижорат банкига 2 (икки) иш куни мобайнида қабул қилинган қарор ҳақида хабарнома юборади ва тақдим этилган ҳужжатларни қайтаради ҳамда асосли сабабларни ёзма равишда кўрсатади.

71. Кафиллик олиш учун ариза маъқуллангач, бош тижорат банки 3 (уч) иш куни мобайнида:

банк филиали ва кредит олувчи ўртасида кредит шартномасини;

Жамғарма, кредит ажратувчи банк ва кредит олувчи ўртасида кафиллик шартномасини тузади.

Бунда кафиллик шартномасини Жамғарма номидан Жамғарма ижрочи директори имзолайди. Банк ва кредит олувчи ўртасида тузилган кредит шартномасининг нусхаси, шунингдек кредитни қайтариш жадвали Жамғармага юборилади.


72. Жамғарманинг берилган кафилликлар бўйича тижорат банки олдидаги мажбуриятлари қуйидаги ҳолатларда бекор қилинади:

кредит бўйича асосий қарз ва фоизлар берилган кафиллик суммаси бўйича тўлиқ қайтарилганда;

Жамғарма томонидан кафиллик бўйича тўловлар амалга оширилганда;

қарз олувчи кредит маблағларини бошқа субъектга Жамғарманинг ёзма равишдаги рухсатисиз берганда;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолатларда.


73. Жамғарма кафолат портфелининг қисман ёки тўлиқ ҳажмини суғурта йўли билан қоплаш ҳуқуқига эга. Бунда суғурта йўли билан қоплаш бўйича сарф-харажатлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


74. Битта шахсга бир пайтнинг ўзида компенсация ва кафолат берилмайди.


75. Компенсация ёки кафолатга эга бўлган шахс Жамғармага кредит бўйича жорий қарзни қайтарганидан сўнг такроран мурожаат қилишга ҳақли.



8-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ ТАҚДИМ ЭТИЛГАН

КАФОЛАТЛАР БЎЙИЧА МАЖБУРИЯТЛАРНИ

БАЖАРИШ ТАРТИБИ


76. Қарз олувчи кредитни қайтарганда ва кредит бўйича ўз мажбуриятларини имкон қадар камайтирганда, биринчи навбатда, Жамғарма кафиллигидан кредит бўйича қайтарилган суммага мутаносиб равишда озод этилади (таъминотдан чиқарилади). Бунда қарз олувчи томонидан ажратилган кредит бўйича таъминот сифатида тақдим этилган мулк Жамғарма таъминоти тўлиқ қопланганидан сўнг гаровдан озод этилади.


77. Қарз олувчи асосий қарз ва ҳисобланган фоизларни ўз вақтида тўлаш билан боғлиқ мажбуриятларни кредит шартномасида белгиланган муддатларда бажармаса ёки тегишли равишда бажармаса, ёхуд мажбуриятлар ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда бажарилмаса ёки тегишли равишда бажарилмаса, банк қонунчиликда белгиланган тартибда унга ёзма талаблар қўяди.


78. Қарз олувчи кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган санадан (тегишли равишда бажармаганда) бошлаб, банк 90 календарь кун давомида қарз олувчидан кредит бўйича асосий қарзнинг қайтарилмаган суммасини олиш, ундан фоизларни ундириш ҳамда кредит шартномасида кўзда тутилган бошқа мажбуриятларни бажариши учун барча оқилона ва юзага келган вазиятда мумкин бўлган чоралар кўришга мажбур, жумладан:

тадбиркор ҳисоб рақамидаги маблағни унинг рухсатисиз олиб қўйиш;

гаров предметини ундириш ва таъминот бўйича талаблар қўйиш (Жамғарма кафиллиги бундан мустасно).


79. Муддатлар тугагач ва мазкур Низомнинг 78-бандида назарда тутилган барча зарур тартиб-таомиллар бажарилгандан сўнг кредит шартномасида белгиланган тартибда банк олдидаги қарз суммаси қайтарилмаса банк Жамғармага қуйидагилар қайд этилган талабларни қўяди:

кафиллик шартномаси реквизитлари (шартнома тузилган сана, рақами, банк ва Жамғарма кафил бўлган қарз олувчи номи);

кафиллик шартномаси билан таъминланадиган кредит шартномаси реквизитлари (шартнома тузилган сана, рақами ва бошқалар);

кредит бўйича асосий қарз ва ҳисобланган фоизлар суммасига бўлинган талаблар ҳажми;

қарз олувчининг шартнома бўйича бажармаган мажбуриятлари ҳажми бўйича жавобгарликнинг ҳақиқий ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, Жамғарманинг кафиллик шартномаси бўйича молиявий жавобгарлик ҳажмини ҳисоблаш;

банкнинг Жамғарма томонидан тўланадиган маблағлар ўтказилиши лозим бўлган тўлов реквизитлари кўрсатилган ҳисоб рақами;

банк талабларини қаноатлантириш муддатлари.


80. Талаб бош тижорат банкининг ваколатли вакили томонидан имзоланиши ва банк муҳри билан тасдиқланиши лозим.


81. Ушбу талабга қуйидагилар илова қилинади:

талабни (эътирозни) имзолайдиган шахс ваколатини тасдиқлайдиган ҳужжат нусхаси;

қарз олувчининг ҳисобланган қарзи ва Жамғарма молиявий масъулиятининг ҳисобланган ҳажми;

қарз олувчининг банк олдида қарздорлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;

банкнинг қарз олувчига йўллаган талабининг (эътирози) нусхаси;

тижорат банки мазкур Низомнинг 78-бандида қайд этилган қарз олувчига нисбатан чоралар кўргани ва тегишли ишларни амалга оширганини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотнома.

Банкнинг Жамғармага нисбатан талаби (эътирози) қайд этилган барча ҳужжатлар бош тижорат банкининг ваколатли вакили томонидан тасдиқланиб, банк муҳри билан мустаҳкамланиши лозим.


82. Жамғарма тақдим этилган талабни унинг берилган кафолатга ва илова қилинган ҳужжатларга мувофиқлиги бўйича кўриб чиқади. Кўриб чиқиш кафиллик шартномасида назарда тутилган муддатларда амалга оширилади.


83. Жамғарма талаблар ва илова қилинган ҳужжатлар кафиллик шартномаси шартларига мос келмаган ҳолатларда тижорат банкига кафиллик суммасини тўлаш ҳақидаги талабни бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга.

Эътирозлар билдирилган тақдирда Жамғарма банкдан талаб келган санадан бошлаб, 3 (уч) иш куни мобайнида банкка мавжуд барча эътирозлар кўрсатилган хатни юборади.

84. Жамғарма эътирозлар билдирилмаганда банк кўрсатган ҳисоб рақамга маблағ ўтказиши шарт. Жамғарма банк талаблари асосида ва кафиллик шартномасига мувофиқ банкка кредитнинг тўланмаган қисми бўйича кафиллик шартномасида кўрсатилган мажбуриятлар суммасидан ошмайдиган миқдорда маблағ тўлайди.


85. Жамғарма мажбуриятлари у банкка маблағ ўтказган пайтдан бажарилган ҳисобланади.


86. Жамғарма кафиллик бўйича тўловларни тўлагандан сўнг банк билан биргаликда харажатларни қарз олувчининг бошқа ликвид мулки ҳисобидан регресс тартибда, жумладан, судга мурожаат қилиш орқали қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.



9-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИЛИШИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ,

ҲИСОБОТ БЕРИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ


87. Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси қонунчиликда белгиланган тартибда Жамғармага маблағлар тушиши ва уларнинг сарфланишини ҳисобга олади ҳамда улар бўйича ҳисобот тузади.


88. Банк ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-кунидан кечикмай Жамғармага унинг маблағларидан фойдаланиш тўғрисида ҳисоботлар тақдим этади.


89. Ижро этувчи дирекция ҳар чоракда Кенгашга Жамғарма маблағларидан фойдаланилгани ҳақида ҳисоботлар тақдим этади.

90. Ижро этувчи дирекция молиявий йил ниҳоясига етгач, кейинги йилнинг 1 февралигача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига молиявий ҳисобот йилида олувчилар бўйича кафилликлар асосида амалда тўланган компенсациялар ва тўловлар тўғрисида ахборот тақдим этади.

91. Ижро этувчи дирекция, банклар ва давлат молиявий назорат органлари қарз олувчиларнинг кафилликлар бўйича компенсациялар тақдим этиш ва тўловлар тўлашнинг мазкур Низомда белгиланган шартлари, мақсадлари ҳамда тартибига риоя этишларини албатта текширади.

92. Жамғарма кредит бюроси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан қарз олувчининг кредит тарихи, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасидан бюджетга тўловлар бўйича қарздорлик ҳақида ахборот сўраш ҳуқуқига эга.


93. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорат бош бошқармаси чоракда камида бир марта, белгиланган тартибда Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини текширади.


94. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мунтазам равишда, аммо чоракда камида бир марта берилган кафилликлар юзасидан компенсациялар ва тўловлар миқдорини аниқлашда амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилигини жойида ўрганади.


10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


95. Мазкур Низом талабларини бузган айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб беради.


96. Мазкур Низомни амалга оширишда юзага келадиган баҳслар қонунчиликда белгиланган тартибда, шу жумладан суд тартибида ҳал этилади.


97. Жамғарма қонунчиликда назарда тутилган тартибда тугатилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни

қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан

молиявий ёрдам кўрсатиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар

1-босқич

Кичик тадбиркорлик субъекти


       

Тижорат банкига кредит бериш тўғрисида зарур ҳужжатлар илова қилинган аризани тақдим этиш.

       


Заруратга қараб









2-босқич

Тижорат банки филиали


         

Кичик тадбиркорлик субъекти тақдим этган ҳужжатларни кўриб чиқиш, лойиҳанинг молиявий-иқтисодий самарадорлигини баҳолаш.

Кредит тақдим этиш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинганда кредит беришга розлик берилгани ҳақида ҳужжатлар пакети илова қилинган хулосани бош тижорат банкига юбориш ва тадбиркорга кўриб чиқиш натижалари тўғрисида хабар бериш.

        


5 иш куни давомида









3-босқич

Бош тижорат банки


      

Ҳужжатларни текшириш, умумлаштириш ва Жамғармага юбориш.

         


2 иш куни давомида









4-босқич

Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси


        

Бош тижорат банкидан молиявий ёрдам олиш учун келган ҳужжатларни кўриб чиқиш, уларни умумлаштириш ва Комиссияга киритиш.

Молиявий ёрдам кўрсатишга розилик бериш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш.

Қарорни бош тижорат банкига юбориш.

        


Ҳафтасига камида бир марта


1 иш куни давомида









5-босқич

        

Жамғарма, тижорат банклари, кичик тадбиркорлик субъектлари

       


      

Жамғарма қарори асосида молиявий ёрдам кўрсатиш учун шартнома тузиш.

          


3 иш куни давомида



       


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 18 сентябрь, 37-сон, 991-модда












































Время: 0.1442
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск