ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик тўғрисида умумий қоидалар /

Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.09.2017 й. 734-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 18 сентябрдаги

734-сон қарорига

ИЛОВА



Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул

қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган

махсус қабулхоналар тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида"ги Қонунига (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) мувофиқ, маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар (кейинги ўринларда махсус қабулхона деб аталади) фаолиятини тартибга солади.


2. Махсус қабулхона ички ишлар органлари тизимига кирувчи, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди судьясининг қарори, фавқулодда ҳолат режими шароитларида эса, шунингдек ҳарбий комендантнинг ёки ички ишлар органи бошлиғининг қарори асосида маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус муассаса ҳисобланади.

3. Махсус қабулхона Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилади, қайта ташкил этилади ва тугатилади.


4. Махсус қабулхоналар Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳузурида ташкил этилади.

5. Махсус қабулхоналарнинг штат бирликлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан ўрнатилган тартибда тасдиқланади.


6. Махсус қабулхона ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруқлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


7. Махсус қабулхона давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



2-БОБ. МАХСУС ҚАБУЛХОНАНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар махсус қабулхонанинг асосий вазифалари ҳисобланади:

маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлашни ташкил этиш;

маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш, шунингдек уларга юклатилган мажбуриятларни бажаришларини ташкил этиш;

маъмурий қамоққа олинган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш;

маъмурий қамоққа олинган шахслардан сақлаш харажатларини ундириш ва уларни меҳнатга жалб этиш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш.


9. Ўз зиммасига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда махсус қабулхона қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлашни ташкил этиш бўйича:

жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди судьясининг қарори, фавқулодда ҳолат режими шароитларида эса, шунингдек, ҳарбий комендантнинг ёки ички ишлар органи бошлиғининг қарори асосида маъмурий қамоққа олинган шахсларни кечаю кундуз қабул қилиш;

маъмурий қамоққа олинган шахснинг шахсий кўрикдан ўтказилиши, бармоқ изларининг рўйхатга олиниши, ушбу шахснинг фотосуратга олиниши, ундаги мавжуд ашёларнинг кўздан кечирилишини ташкил этиш;

маъмурий қамоққа олинган шахсни қабул қилиш пайтидан бошлаб унга телефон орқали адвокатга, қариндошларига ёхуд бошқа шахсларга қўнғироқ қилиш ёки хабар қилиш ҳуқуқини бериш, шунингдек қабул қилинаётган чет эл фуқароси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигини хабардор қилиш;

маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг шахси ва психологик жиҳатдан мослиги ҳисобга олинган ҳолда сақланишини ташкил этиш;

махсус қабулхона ҳудудига шахсларнинг кириш-чиқиш режимига риоя этилиши, шунингдек махсус қабулхонанинг ички тартиб қоидаларига амал қилинишини ташкил этиш;

б) маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш, шунингдек уларга юклатилган мажбуриятларни бажаришларини ташкил этиш бўйича:

маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдидларнинг олдини олиш ҳамда бартараф этиш чораларини кўриш;

маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг адвокати, қариндошлари ва бошқа шахслар билан учрашув ҳуқуқи амалга оширилишини ташкил этиш;

маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг оғзаки ёки ёзма шаклда берган аризалари, таклифлари ва шикоятлари бўйича тегишли чоралар кўрилишини ташкил этиш;

маъмурий қамоққа олинган шахслар томонидан почта жўнатмаларини ва йўқловларни олиш ҳамда жўнатишлари учун зарур шароитлар яратиш;

маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқидан фойдаланишларини ташкил этиш;

маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг махсус қабулхона мол-мулкига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини ташкил этиш;

маъмурий қамоққа олинган шахслар томонидан бошқа шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, шунингдек ўз ҳаёти ва соғлиғига ёхуд бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи хатти-ҳаракатларни содир этишларининг олдини олиш чораларини кўриш;

в) маъмурий қамоққа олинган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш бўйича:

маъмурий қамоққа олинган шахсларга санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига жавоб берадиган моддий-маиший шароитлар яратиш;

мунтазам равишда дезинфекция ва бошқа санитария-гигиена тадбирлари ўтказилишини таъминлаш;

маъмурий қамоққа олинган шахсларни белгиланган нормалар бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш;

маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш вақтида уларнинг орасида беморлар ва тиббий ёрдамга муҳтож бўлган шахсларни аниқлаш мақсадида бирламчи тиббий кўрикни амалга ошириш;

маъмурий қамоққа олинган шахсларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда тиббий даволанишга муҳтож бўлган шахсларни соғлиқни сақлаш органлари билан ҳамкорликда ўрнатилган тартибда тиббий муассасаларга жойлаштириш;

г) маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш харажатларини ундириш ва уларни меҳнатга жалб этиш юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш бўйича:

тегишли давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда маъмурий қамоққа олинган шахслардан махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатларни ундириш чораларини кўриш;

туман (шаҳар) ҳокимликлари билан ҳамкорликда маъмурий қамоққа олинган шахсларни фойдали ижтимоий меҳнатга жалб этиш чораларини кўриш;

меҳнатга жалб қилинган маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳақ олишлари ва меҳнатининг муҳофаза қилинишини таъминлаш;

меҳнатга жалб этилган маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг доимий назоратда бўлишини ташкил этиш.



3-БОБ. МАХСУС ҚАБУЛХОНАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Махсус қабулхона ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

махсус қабулхонада жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг, ички тартиб қоидалари бузилишининг олдини олиш ҳамда маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг хулқ-атвори тўғрисида зарур ахборот олиш учун назорат ва текширувнинг аудиовизуал, электрон воситалари ва бошқа техник воситаларини қўллаш;

маъмурий қамоққа олинган шахслардан сақлаш, тарқатиш, истеъмол қилиш ва фойдаланиш тақиқланган ҳужжатларни, пул маблағларини, қимматбаҳо буюмларни, нарсаларни ҳамда бошқа ашёларни олиб қўйиш;

махсус қабулхонанинг ички тартиб қоидаларига риоя этаётган ва меҳнатга виждонан муносабатда бўлаётган маъмурий қамоққа олинган шахсларга нисбатан рағбатлантириш (ташаккур эълон қилиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйича телефон орқали лимитланган бир марталик қўшимча сўзлашув ҳуқуқини бериш, ҳар кунги сайр вақтини уч соатгача узайтириш) ҳамда Қонун талаблари ва ички тартиб қоидаларининг бузилишига йўл қўйган шахсларга нисбатан интизомий жазо (огоҳлантириш, телефон орқали навбатдаги сўзлашув ҳуқуқидан маҳрум қилиш, ҳақ тўланмайдиган жисмоний ишларга навбатдан ташқари жалб этиш) чораларини қўллаш;

маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ёзма розилиги билан уларни ҳақ тўланадиган меҳнатга, шунингдек махсус қабулхона хоналарида санитария-гигиена, маиший шароитларни яхшилаш, ички ишлар органи ёки махсус қабулхона ҳудудини ободонлаштириш билан боғлиқ бўлган ҳақ тўланмайдиган жисмоний ишларга жалб этиш;

Махсус қабулхона қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Махсус қабулхона қуйидаги мажбуриятларга эга:

маъмурий қамоққа олиш тўғрисидаги қарорнинг ижро этилишини ташкил этиши;

маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз ваколатлари доирасида зарур чоралар кўриш;

махсус қабулхона иш фаолияти ҳақида зарур маълумотларни тайёрлаш ва бевосита Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармаларига тақдим этиш.

Махсус қабулхона қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.


12. Махсус қабулхона ўз зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни самарали бажарилиши учун жавобгардир.



4-БОБ. МАХСУС ҚАБУЛХОНА ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Махсус қабулхонага раҳбарликни бевосита Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари томонидан тайинланадиган бошлиқ амалга оширади.

14. Махсус қабулхона бошлиғи ўз ваколатлари доирасида:

махсус қабулхона ваколати доирасига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ва махсус қабулхонага юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

махсус қабулхона фаолиятида қонунийликни таъминлаш чораларини кўради, ходимларнинг касбий тайёргарлиги ва интизоми, хизмат фаолияти юзасидан назоратни амалга оширади;

махсус қабулхонанинг кун тартибини тасдиқлайди ва ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

маъмурий қамоққа олинган шахсларни рағбатлантириш, шунингдек интизомий жазо чоралари қўллаш тўғрисида буйруқлар чиқаради ва уларга эълон қилади;

махсус қабулхонанинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар ва кўрсатмалар беради;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


15. Махсус қабулхоналар фаолияти устидан назорат бевосита Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг Жамоат хавфсизлиги хизмати Жамоат тартибини сақлаш бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Махсус қабулхоналарда қонунларга риоя этилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар томонидан амалга оширилади.


16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz), 2017 й.













































Время: 0.1901
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск