Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим / Малака ошириш /

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бошқарув кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган Давлат талаблари (ЎзР ВМ 19.09.2017 й. 745-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 19 сентябрдаги

745-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президенти

ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида

бошқарув кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг

малакасини оширишга қўйиладиган

ДАВЛАТ ТАЛАБЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бошқарув кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари (кейинги ўринларда давлат талаблари деб аталади) Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги, "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида" 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сон ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 8 августдаги ПФ-5139-сон фармонларига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида (кейинги ўринларда Академия деб аталади) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари (кейинги ўринларда буюртмачи деб аталади) бошқарув кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган мажбурий талабларни белгилайди.


2. Давлат талаблари Академияда бошқарув кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда ўқув режалари ва дастурларини, шунингдек ўқув жараёнини ташкил этиш, таълим сифатини назорат қилиш ва баҳолаш тартибини ишлаб чиқиш учун асос ҳисобланади.


3. Бошқарув кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг мазмуни ва сифатига қўйиладиган асосий талаблар қуйидагилардан иборат:

замонавий билим, кўникма, малака ва компетентлигини шакллантириши ва тингловчиларнинг касб ва лавозимларга мувофиқлиги;

замонавий бошқарув технологияларига таяниши;

таълим дастурлари мазмунининг бошқарув кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш турлари ва шаклларига мослиги.


4. Бошқарув кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг ўқув юкламасида маърузалар ҳажми умумий аудитория соатининг 40 фоизидан ошмаслиги керак.


5. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш касбий фаолиятдан ажралган ёки ажралмаган ҳолда, шунингдек масофавий таълим технологияларидан фойдаланиш асосида амалга оширилиши мумкин.



2-БОБ. БОШҚАРУВ КАДРЛАРИНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ


6. Бошқарув кадрларини қайта тайёрлаш - мамлакатда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилиш, давлат ва жамият бошқаруви соҳасида халқаро стандартлар ва талабларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган таълим дастурлари асосида давлат ва жамият бошқаруви бўйича янги зарурий ҳамда етарли билим, кўникма ва малакаларни ўзлаштиришдан, янги касбий фаолиятга йўналтиришдан иборат.


7. Қайта тайёрлаш тингловчининг асосий ишидан ажралган ва ажралмаган ҳолда ташкил этилади.


8. Қайта тайёрлашнинг ўқув юкламаси Академия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган ўқув режа асосида белгиланади. Бунда тингловчиларнинг мустақил таълимига асосий эътибор қаратилади.

9. Қайта тайёрлаш муддати касбий фаолиятдан ажралган ҳолда 16 ҳафта, касбий фаолиятдан ажралган ва ажралмаган ҳолда 40 ҳафта (тажриба орттиришни ҳисобга олган ҳолда, ўқув юкламасининг жами 576 соатдан кам бўлмаган ҳажми)ни ташкил этади. Аудитория машғулотлари ҳафтасига 36 соатдан, ўқув юкламасининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 54 соатдан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади.


10. Қайта тайёрлаш курсини тўлиқ ўзлаштирган тингловчилар якуний аттестацияга киритилади.


11. Қайта тайёрлаш курсини ўзлаштирган ва якуний аттестациядан муваффақиятли ўтган тингловчиларга мазкур давлат талабларининг 1-иловасида белгиланган намунадаги диплом берилади.



3-БОБ. БОШҚАРУВ КАДРЛАРИНИНГ

МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ


12. Бошқарув кадрларининг малакасини ошириш - тегишли таълим турлари бўйича Давлат талабларидан келиб чиққан ҳолда, бошқарув кадрларининг малака ва кўникмаларини мунтазам равишда янгилаб бориш орқали уларнинг касбий маҳоратини ўсишини таъминлашдан иборат.


13. Малака ошириш асосий ишдан ажралган ёки ажралмаган ҳолда ташкил этилади.


14. Малака оширишнинг ўқув юкламаси ҳажми Академия томонидан буюртмачи билан келишган ҳолда тасдиқланадиган ўқув режа асосида белгиланади.


15. Малака ошириш муддатлари Академия томонидан буюртмачи билан келишган ҳолда 1 ойгача белгиланиши мумкин.


16. Малака ошириш муддати 18 соатдан кам бўлмаслиги лозим.

Малака ошириш муддатлари, ўқув режа ва фан дастурлари Академия ва буюртмачи билан келишилади ва у Академия Кенгашида тасдиқланади.


17. Малака ошириш курсидан муваффақиятли ўтган бошқарув кадрларига мазкур давлат талабларининг 2-иловасида белгиланган намунадаги сертификат берилади.



4-БОБ. БОШҚАРУВ КАДРЛАРИНИНГ

ТАЖРИБА ОРТТИРИШИ


18. Тажриба орттириш - таълимнинг илм-фан ва ишлаб чиқариш билан интеграциялашуви, бошқарувчилик малакаси ва кўникмасини амалий жиҳатдан узлуксиз такомиллаштириб боришни таъминлаш, бошқарув кадрларини давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги янги ютуқлар билан таништириш мақсадида аниқ йўналишлар бўйича касбий таълим дастурларини ўзлаштиришдан иборат.


19. Тажриба орттириш - давлат ва нодавлат ташкилотларида қайта тайёрлаш курси тингловчиларининг назарий ва амалий билимлари, малака ҳамда кўникмаларини чуқурлаштиришга қаратилган.


20. Қайта тайёрлаш курси тингловчиларининг тажриба орттириш тартиби Академия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда белгиланади.

21. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган дастурлар асосида тингловчиларнинг хорижий давлатлар таълим муассасаларида ва давлат органларида тажриба орттиришлари ташкил этилиши мумкин.


5-БОБ. БОШҚАРУВ КАДРЛАРИНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ

ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ КУРСЛАРИ

ТИНГЛОВЧИЛАРИНИНГ ТАЙЁРГАРЛИГИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


22. Бошқарув кадрларини қайта тайёрлаш курслари тингловчиларининг тайёргарлигига қўйиладиган умумий талабларга қуйидагилар киради:

1) қуйидаги билим ва кўникмаларни эгаллаш:

давлат ва жамият бошқарувининг конституциявий-ҳуқуқий ва ташкилий асосларини;

давлат хизматини ўташнинг илмий-назарий ва амалий жиҳатларини, давлат хизматини ташкил этиш ва амалга оширишни;

фуқаролик жамияти асосларини, фуқаролик жамияти институтларини ва ижтимоий шерикчиликнинг ҳуқуқий асослари;

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳияти ва аҳамиятини;

ҳудудларни комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали ва оптимал фойдаланишни;

ёшларга оид давлат сиёсатини;

давлат молияси, унинг бўғинларини ва уни бошқаришни, бюджет ҳисоби ва ҳисоботини;

нодавлат нотижорат ташкилотларини молиявий қўллаб-қувватлашни шакл ва тамойилларини;

стратегик молиявий менежментни;

инсон ресурсларини бошқариш ва корпоратив бошқарув соҳасидаги қонунчиликни;

менежмент ва корпоратив бошқарув соҳасидаги замонавий тенденцияларни;

ахборот ва унинг таркибий қисмларини;

давлат интерактив хизматларини;

бошқарув қарорларининг самарадорлигини баҳолай олишни;

аниқ вазиятлар таҳлилида муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал қилишнинг усулларини белгилай олиш ва кутилаётган натижаларни баҳолай олишни;

раҳбар шахси ва раҳбарлик услубларини;

жамоадаги психологик жараёнларни;

чет тилларидан бирида мулоқотга кириша олиш (зарур бўлганда мулоқотни бошқара олиш)ни билиши;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизими ва фаолият йўналишларини;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда замонавий усул ва шаклларидан фойдаланишни;

нодавлат нотижорат ташкилотларини молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги сиёсатининг муҳим жиҳатларини;

тизимли таҳлил ва бошқарув қарорларини қабул қилиш, менежментнинг замонавий тамойиллари ва усуллари, корпоратив бошқарув тамойиллари ва механизмлари тўғрисида назарий билимларни;

иш самарадорлигини ошириш бўйича замонавий ахборот технологияларини қўллай олишни;

бошқарув жараёнидаги муаммолар, вазиятлар таҳлили ва босқичлари ҳамда бошқарув қарорлари қабул қилиш ва амалга ошириш усулларини;

низоларни ҳал этиш технологияларини;

ходимларни баҳолаш ва шахснинг ўз ўзини бошқариш услубларини;

жамоага таъсир этиш услубларини;

чет тилларидан бири бўйича ўз мутахассислик соҳаларига оид ёки оид бўлмаган кенг кўламли бирмунча узун ва мураккаб матнларнинг услубий жиҳатларини, очиқ ойдин ёки бирмунча яширин баён этилган фикрларни аниқлаган ҳолда тушуна олишни;

2) бошқарувни ташкил қилиш ва уни самарали амалга ошириш;

3) ташкилотда замонавий ташкилий ва корпоратив маданиятни шакллантириш ва меҳнат муносабатларини самарали ташкил этиш усулларини амалда қўллаш;

4) ўз иш фаолияти самарадорлигини ошириш учун замонавий ахборот технологиялари ҳамда "Электрон ҳукумат" тизимидан самарали фойдаланиш;

5) вазиятлар бўйича таҳлилий фикрлаш ҳамда стратегик режалаштириш;

6) ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

7) муаммоли вазиятларни аниқлай олиш;

8) ташкилотда бошқарув қарорларини қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотларни тўплаш, умумлаштириш ва тизимлаштириш;

9) стратегик ва оралиқ мақсадларни аниқлаш;

10) вазифаларни тақсимлаш;

11) ташкилотда мақбул маданиятни яратиш ва жорий этиш малакаларига эга бўлиш;

12) масъулиятни ҳис қилиш, ташаббускорлик ва қатъиятлилик;

13) вазиятни объектив баҳолаш ва назорат қилиш;

14) ўз мақсад ва вазифаларини аниқ ифодалай олиш;

15) жамоада уйғун муҳитни шакллантира олиш;

16) ташкилот фаолиятига таъсир кўрсатувчи шароит ўзгаришларини олдиндан англаш ва баҳолаш;

17) ташкилотнинг ички имкониятларини таҳлил қилиш, муаммоларни аниқлаш ва уларни ечишнинг самарали йўлларини топиш;

18) ташкилотнинг инновацион фаолиятини таҳлил қилиш ва баҳолаш;

19) энг илғор тажрибалар, янгиликларни муваффақиятли ўзлаштиришни ташкил этиш;

20) ташкилотчилик, шахсий ташаббускорлик, қарорлар қабул қилиш, музокаралар олиб бора олиш;

21) ўз фикрларини ҳам ёзма, ҳам оғзаки баён этиш компетенцияларига эга бўлиш.


22-1. Бошқарув кадрларининг малакасини ошириш курслари тингловчиларининг тайёргарлигига қўйиладиган умумий талабларга қуйидагилар киради:

а) қуйидаги билим ва кўникмаларни эгаллаш:

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳияти ва аҳамиятини;

маҳаллий бошқарувнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини;

маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизими ва фаолият йўналишларини;

ҳудудларни ривожлантиришда замонавий инновацион менежмент усулларидан фойдаланишни;

давлат бошқарувида горизонтал ва вертикал муносабатлар тизимини самарали ташкил этишни;

раҳбар кадрларнинг ахлоқ-одоб қоидалари ва уларга қўйилаётган талабларни;

б) бошқарувни таъминловчи асосий кўникмаларни;

в) ташкилотда замонавий ташкилий ва корпоратив маданиятни шакллантириш ва меҳнат муносабатларини самарали ташкил этиш усулларини амалда қўллашни;

г) муаммоли вазиятларни аниқлай олиш, вазиятни таҳлил қилиш ва қарор қабул қилишнинг илғор технологияларни қўллашни;

д) ташкилотда бошқарув қарорларини қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотларни тўплаш, умумлаштириш ва тизимлаштиришни;

е) устуворликларни аниқлаш ва шу асосда мақсадларни белгилаш ҳамда фаолиятни режалаштириш ва иш режалари ("йўл хариталари")ни сифатли бажаришни, қўл остидагиларга иш юкламасини самарали тақсимлашни, ваколатларни узатишни;

ж) жамоада уйғун муҳитни шакллантира олиш ва конструктив ҳамкорлик ўрнатишни;

з) мулоқотда бошқаларга таъсир этиш ва ишонтириш, мураккаб вазиятларда музокара олиб боришни.


6-БОБ. ТАЪЛИМ СИФАТИНИ НАЗОРАТ

ҚИЛИШ ВА БАҲОЛАШ


23. Бошқарув кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

Академияда тасдиқланган тегишли ички-тартиб қоидалар асосида ўқув жараёни даврида амалга ошириладиган ички назорат;

қайта тайёрлаш курси тингловчиларининг фанлар бўйича аттестацияси ва битирув малакавий иши ҳимоясига қаратилган якуний давлат назорати;

ваколатли давлат органи, нодавлат нотижорат ташкилотлари, кадрлар буюртмачилари томонидан олиб бориладиган давлат-жамоатчилик назорати;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш бўйича давлат инспекцияси ва кадрлар буюртмачилари томонидан амалга ошириладиган ташқи назорат.



7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


24. Мазкур Давлат талабларига мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларидан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг мақсад ва вазифаларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ижро ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари эҳтиёжларини ўрганишдан, бошқарув кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий шакллари ва усулларини жорий этишдан келиб чиққан ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.






Давлат талабларига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг

Давлат герби


O`zbekiston Respublikasi


Qayta tayyorlash haqida


DIPLOM


QT N 000000

   

       


(Tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi)

20___ yil _________________dan 20___ yil ________________________ gacha


da

(Qayta tayyorlash ta`lim muassasasining nomi)


       

soatga mo`ljallangan

               

(Qayta tayyorlash kursining nomi)

qayta tayyorlsh kursida ta`lim olib,



mavzusida bitiruv ishini Davlat

attestatsiya komissiyasida


bahoga himoya qildi va qayta tayyorlash o`quv kursini muvaffaqiyatli tamomladi



Muhr o`rni

Rektor




       

         




Sana


Qayd raqami


Қайта тайёрлаш ҳақида давлат намунасидаги дипломнинг

ТАВСИФИ


Қайта тайёрлаш тўғрисидаги диплом А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун - қора рангда, расмлар тасвири учун - яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун - оч пушти рангда босиб чиқарилади.

Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Давлат герби, паст қисмида эса - 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.

Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида "O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI" ва "Qayta tayyorlash haqida DIPLOM" сўзлари босилади. Диплом икки лотин ҳарфи - QТ ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч пушти ранг фонда босиб чиқарилади.

Диплом:

босиб чиқаришнинг икки усули - офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;

махсус қоғозлар;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.






Давлат талабларига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг

Давлат герби


O`zbekiston Respublikasi


Malaka oshirish haqida


SERTIFIKAT


MO N 000000

  

      


(Tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi)

20___ yil _____________________ dan 20__ yil ____________________ gacha


da

(Malaka oshirish ta`lim muassasasining nomi)


jami



(soatli)

           

(Malaka oshirish kursining nomi)

bo`yicha malakasini oshirdi.



Muhr o`rni

Rektor




       

         




Sana


Qayd raqami


Малака ошириш ҳақида давлат намунасидаги сертификат

ТАВСИФИ


Малака ошириш тўғрисидаги сертификат А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун - қора рангда, расмлар тасвири учун - яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун - оч кул рангда босиб чиқарилади.

Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Давлат герби, паст қисмида эса - 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.

Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида "O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI" ва "Malaka oshirish haqida SERTIFIKAT" сўзлари босилади. Сертификат икки лотин ҳарфи - MO ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч кул ранг фонда босиб чиқарилади.

Сертификат:

босиб чиқаришнинг икки усули - офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;

махсус қоғозлар;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz), 2017 й.














































Время: 0.1965
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск