язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Ветеринария. Зоотехника тадбирлари. Ҳайвонлар карантини/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.09.2017 й. 748-сон "Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

22.09.2017 й.

N 748




ҲАЙВОНЛАРНИ ИДЕНТИФИКАЦИЯ ҚИЛИШ,

УЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ, ҲИСОБДАН

ЧИҚАРИШ ВА САҚЛАШ ТАРТИБИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 1 июндаги ПҚ-3026-сон қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Давлат ветеринария қўмитасининг:

республикада жисмоний ва юридик шахслар томонидан асраб, кўпайтириладиган ҳайвонларни (кейинги ўринда ҳайвонлар деб аталади) босқичма-босқич идентификация қилинишини ташкил этиш;

идентификация қилинган ҳайвонлар тўғрисида ягона маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида ягона электрон ахборот тизимини жорий қилиш;

ҳайвонларни идентификация қилиш ишларига жалб қилинадиган ходимларни босқичма-босқич ўқитиш ишларини амалга ошириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


2. Ҳайвонларни идентификация қилиш ишларини ташкил этиш, шу жумладан, ягона электрон ахборот тизимини жорий қилиш, туман ва шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимларини ахборот-коммуникация воситалари билан таъминлаш, ҳайвонларни идентификация қилиш ишларига жалб қилинадиган ходимларни ўқитиш билан боғлиқ харажатлар:

ҳайвонларнинг эгаларидан идентификация қилиш хизматлари учун ундириладиган тўловлар;

Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

халқаро ташкилотлар ва хорижий ҳукуматлар молия институтларининг грантлари ва кредит маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.


3. Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб амалга киритилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси икки ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ҳайвонларни идентификация қилиш бўйича мутахассисларни ўқитиш, атрибутлар ва ветеринария паспортларини тайёрлаш, ягона маълумотлар базасининг электрон ахборот тизими дастурини яратиш ҳамда жорий этиш юзасидан 2018-2020 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин. Ушбу чора-тадбирлар режасида назарда тутиладиган барча ишларни 2020 йил 1 июнгача якунланишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси халқаро ташкилотлар ва хорижий ҳукуматлар молия институтларининг грантларини республикадаги мавжуд ҳайвонларни идентификация қилиш ишларини амалга ошириш учун кенг жалб қилган ҳолда ушбу ишларни ташкил этишга йўналтирсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, манфаатдор вазирликлар ва идоралар аҳоли ҳамда тадбиркорлар ўртасида ушбу қарорнинг мазмуни, моҳияти ва амалий аҳамиятини кенг тарғиб қилган ҳолда, республикада фаолият олиб бораётган ҳайвонларни сўйиш билан шуғулланувчи ташкилотларни ихтисослашган сўйиш корхоналарига айлантириш ва сўйиладиган ҳайвонларни белгиланган тартибда сўйиш ишларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда мунтазам равишда ўқув ва амалий семинарлар ташкил этсинлар.

7. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига аҳоли ўртасида ушбу қарорнинг мазмуни, моҳияти ва амалий аҳамиятини мунтазам равишда кенг ёритиш тавсия этилсин.


8. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаев ва Давлат ветеринария қўмитаси раиси вазифасини бажарувчиси Б.Т. Норқобилов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz), 2017 й.