ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Металлургия. Қора ва рангли металл чиқиндилари ва парчаларини йиғиш /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.10.2017 й. 849-сон "Рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тўплаш, топшириш хамда қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

18.10.2017 й.

N 849



РАНГЛИ МЕТАЛЛ ПАРЧАЛАРИ

ВА ЧИҚИНДИЛАРИНИ ТЎПЛАШ,

ТОПШИРИШ ХАМДА ҚАЙТА ИШЛАШ

ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тўплаш, топшириш ҳамда қайта ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларни тайёрлашни рағбатлантириш, хомашё ресурсларини қайта ишлаш ва самарали ишлатиш қувватларидан юқори даражада фойдаланишни таъминлаш, шунингдек замонавий корпоратив бошқарув услубларини фаол жорий қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "Тошкент рангли металл парчалари, чиқиндиларини тайёрлаш ва қайта ишлаш заводи" АЖ акциядорларининг корхона номини "Ўзбекистон рангли металл парчалари, чиқиндиларини тайёрлаш ва қайта ишлаш заводи" АЖга (кейинги ўринларда "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ деб аталади) ўзгартириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ нинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

биринчи - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида, жумладан рангли металл парчалари ва чиқиндилари мунтазам ҳосил бўладиган юридик шахслар билан фьючерс шартномалари, шунингдек "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖга металл парчалари топширувчилардан рангли металл парчалари ҳамда чиқиндиларини тўплаш ва топшириш учун юридик шахслар билан топшириқ шартномаларини тузиш орқали рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тайёрлаш ҳамда металл парчалари топширувчилардан қабул қилиш бўйича самарали тизимни ташкил этиш;

иккинчи - ишлаб чиқаришни янги турдаги маҳсулотлар тайёрлашни ўзлаштириш бўйича модернизациялаш ва диверсификациялаш, рангли металларни қайта ишлайдиган замонавий, энергия тежайдиган технологиялар ҳамда ускуналарни жорий этиш, шунингдек хомашё базасини кенгайтириш;

учинчи - ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларнинг экспорт ҳажмларини, жумладан янги бозорларни ўзлаштириш ҳисобидан ошириш, ташқи бозорлардаги позицияларни мустаҳкамлаш;

тўртинчи - маҳсулот таннархини, хусусан, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш, ишлаб чиқариш ва операция харажатларини мақбуллаштириш, товарлар ҳамда хизматлар импорти ҳажмларини қисқартириш ҳисобидан пасайтиришга доир аниқ мақсадли ишларни тизимли равишда амалга ошириш;

бешинчи - ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш жараёнларига инновация ишланмаларини жорий этиш, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг янада яқин алоқасини таъминлаш;

олтинчи - олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳамда илмий муассасалар билан кооперация алоқаларини кучайтириш орқали муҳандис-техник ва бошқарув кадрлари малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлашни ташкил этиш.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И. Ибрагимов ва "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ бош директори Ф.Р. Абдуллаев зиммасига "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ асосий вазифалари ва фаолияти йўналишларининг тўлиқ ҳамда сифатли бажарилиши юзасидан шахсий масъулият юклансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ (Ф.Р. Абдуллаев) билан биргаликда 2018-2020 йилларда "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖни ривожлантириш дастурини уч ой муддатда ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


6. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рангли металл парчалари ва чиқиндиларини фақат "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ тайёрлаши белгилаб қўйилсин.


7. "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖга:

юридик ва жисмоний шахслар билан топширилган синиқ парчалар учун металл парчалари топширувчилар томонидан рангли металл парчалари ҳамда чиқиндилари топширилишини рағбатлантирувчи эркин (шартномавий) нархлар бўйича ҳисоб-китоб қилиш;

юридик ва жисмоний шахсларга халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъатни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун рангли металл парчалари ҳамда чиқиндиларини сотишга рухсат берилсин.


8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, шунингдек ташкилий-ҳуқуқий шакли ҳамда идоравий мансублигидан қатъи назар, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахсларга рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тўплаш, сақлаш, улардан фойдаланиш ҳамда "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖга топшириш бўйича шахсий жавобгарлик юклансин.


9. Қуйидагиларнинг эркин (шартномавий) нархда "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖга мажбурий тартибда топширилиши белгилаб қўйилсин:

таркибида рангли металлар бўлган, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар корхоналарда тўловга қобилиятсизлик жараёнларини ўтказиш, уларни тугатиш, реконструкция қилиш ҳамда модернизациялаш давомида ҳисобдан чиқариладиган жисмонан ва маънан эскирган ускуналар;

барча турдаги электр двигателлар, трансформаторлар, автотранспорт воситалари, электрон ва маиший техникани таъмирлаш ҳамда уларга сервис хизматлари кўрсатадиган ташкилотларнинг хўжалик-ишлаб чиқариш фаолиятида ҳосил бўладиган рангли металл парчалари ва чиқиндилари.


10. "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ (Ф.Р. Абдуллаев), "Ўзметкомбинат" АЖ (А.Х. Хурсанов) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги (Д.Д. Асамов) топширилган қора ва рангли металл парчалари ҳамда чиқиндиларини тайёрлаш, сақлаш ҳамда улар учун ҳисоб-китоб қилиш тартибини такомиллаштиришга доир таклифларни 15 кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (П.Р. Бобожонов):

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси (М.В. Тохирий) билан биргаликда ишлаб чиқариш-техник, маиший ва бошқа буюмлар парчалари ҳамда рангли металл чиқиндиларининг республика ташқарисига ноқонуний олиб чиқилишининг олдини олиш бўйича доимий равишда тезкор тадбирлар ўтказсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ (Ф.Р. Абдуллаев), Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси (Б.Р. Парпиев) билан биргаликда:

таркибида рангли металлар бўлган ускуналар, парчалар ва чиқиндиларни қабул қиладиган ноқонуний пунктлар фаолият кўрсатиши, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг уларни тўплаш, тайёрлаш, сақлаш, фойдаланиш ҳамда топшириш бўйича ноқонуний фаолиятига чек қўйиш;

ташкилотлар, муассасалар, қурилиш майдонлари ва бошқа объектларда таркибида рангли металлар бўлган ускуналар, парчалар ва чиқиндиларни, шу жумладан қабристонлардаги рангли металлардан тайёрланган ёдгорликлар ҳамда панжараларнинг ўғирланиши, уларга зарар етказилиши ва ноқонуний муомалада бўлишининг олдини олиш;

аҳоли ўртасида рангли металл парчалари ва чиқиндиларининг муомалада бўлиш тартиби, шунингдек уларни ўғирлаш, ноқонуний тайёрлаш ва республика ташқарисига контрабанда йўли билан олиб чиқиб кетиш учун жавобгарлик чоралари ҳақида профилактика ишлари бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни кучайтирсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси (Б.Р. Парпиев) ишлаб чиқариш-хўжалик фаолиятида рангли металл парчалари ва чиқиндилари ҳосил бўладиган тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини режа асосида мувофиқлаштирилган текширувларни белгиланган тартибда ўтказишда хўжалик субъектлари томонидан рангли металл парчалари ҳамда чиқиндиларининг муомалада бўлиш тартибига риоя этилишини ўрганиш учун "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ мутахассисларини мажбурий тартибда жалб қилсин.


13. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги рангли металлар, уларнинг парчалари ва чиқиндиларини тайёрлаш, сотиб олиш, фойдаланиш ҳамда сотиш тартиби бузилишининг олдини олиш ва бунга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида мунтазам ёритилишини таъминласинлар.

14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар билан биргаликда қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар ҳақидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда киритсин.


15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И. Ибрагимов ва "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ бош директори Ф.Р. Абдуллаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                            А. Арипов


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 19 октябрь























Время: 0.1376
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск