ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси /

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси магистратураси тингловчилари томонидан малакавий амалиёт ва стажировка ўташ тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 19.09.2017 й. 745-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 19 сентябрдаги

745-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат бошқаруви академияси магистратураси

тингловчилари томонидан малакавий амалиёт

ва стажировка ўташ тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси (кейинги ўринларда Академия деб аталади) магистратураси тингловчилари томонидан уларнинг доимий яшаш жойидан ташқарида бўлган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари таркибий бўлинмалари, шунингдек давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларда малакавий амалиёт ва стажировка ўташ тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


қабул қилувчи ташкилот - тингловчиларнинг малакавий амалиёти ва стажировкаси ўтказиладиган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг таркибий бўлинмалари, шунингдек давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар;


малакавий амалиёт (кейинги ўринларда амалиёт деб аталади) - ўқув жараёнининг бир қисми бўлиб, у назарий билимларни мустаҳкамлаш, бошқарув фаолиятида малака ва маҳоратга эга бўлиш, ўқув режалари, фан дастурлари ҳамда магистрлик диссертацияси мавзусининг муайян (якуний) қисми доирасида материаллар йиғиш имконини яратади;


стажировка - илғор тажриба, шу жумладан, хорижий тажрибани ўрганиш асосида магистратура мутахассислиги бўйича ўқув режа ва дастурлар талабларини мақсадли ўзлаштириш, муайян бошқарув лавозимларида дублёр (референт) вазифасини бажариш орқали бошқарув фаолияти соҳасидаги назарий билимлар ва амалий кўникмаларни синовдан (апробациядан) ўтказиш, магистратура тингловчиларининг таҳлилий, тадқиқот олиб бориш ва ижодий маҳоратини фан ва ишлаб чиқаришни таълим билан боғлаш орқали шакллантириш, тингловчиларни илмий-техникавий жараённинг энг янги ютуқлари билан, иқтисодиёт соҳасидаги замонавий техника ва технологиялар билан ҳамда бошқарув фаолиятидаги илғор тажриба ва методология билан таништириш;


Академиядан бириктирилган амалиёт ва стажировка раҳбари - Академия ректори томонидан тайинланган, тингловчининг амалиёт ва стажировка ўташини ташкиллаштириш учун масъул шахс;


қабул қилувчи ташкилотдан амалиёт ва стажировка раҳбари - Академия тингловчисининг амалиёт ва стажировкасига раҳбарлик қилиш учун қабул қилувчи ташкилот раҳбари томонидан тайинланадиган масъул шахс;


Амалиёт ва стажировка ўташ дастури - ўқув режалари асосида Академия томонидан ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган тегишли дастур.


3. Амалиёт ва стажировка ўташ муддати, жойи тегишли дастур ҳамда назарий тайёргарлик, танланган магистрлик диссертацияси мавзуси ҳисобга олинган ҳолда ўқув режа асосида аниқланади.


4. Барча амалиёт ва стажировкалар ўқув режада белгиланган муддатларда ўтказилади.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Тошкент шаҳри ва вилоят ҳокимлари, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари Академия тингловчиларининг малакавий амалиёт ва стажировкаси (дублёр сифатида) сифатли ва мақсадли ўтиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.



2-БОБ. МАЛАКАВИЙ АМАЛИЁТНИНГ

ТУЗИЛИШИ ВА МАЗМУНИ


6. Академиянинг магистратура таълими бўйича ўқув дастурида қуйидаги амалиёт турлари назарда тутилади:

6 ҳафта давомида давлат, жамият ва хўжалик бошқаруви тизимида микро даражада амалиёт ўташ;

6 ҳафта давомида давлат, жамият ва хўжалик бошқаруви тизимида мезо даражада амалиёт ўташ;

4 ҳафта давомида давлат, жамият ва хўжалик бошқаруви тизимида макро даражада амалиёт ўташ;


7. 16 ҳафтага мўлжалланган амалиётнинг умумий дастури қуйидагиларни ўз ичига олади:

амалий маҳорат ва кўникма;

магистрлик диссертацияси мавзуси бўйича маълумотлар йиғиш;

амалиёт натижалари бўйича ҳисобот ёзиш;

малакавий ҳисобот мазмуни (концепцияси) бўйича ҳимоя;

ташкилот раҳбарининг дублёри сифатида ишлаш;

"устоз - шогирд" модели асосидаги таълим.


8. Давлат, жамият ва хўжалик бошқаруви тизимида микро даражадаги амалиёт қабул қилувчи ташкилотларнинг амалий фаолияти ҳақидаги тасаввурни шакллантиради ҳамда бирламчи касбий маҳорат ва кўникмаларни эгаллашни назарда тутади. Амалиётнинг мазкур шакли аудиториялардаги таълим якунлангандан сўнг ўтказилади.

Мазкур амалиётнинг мақсади ўқув дастуридаги фанларни ўзлаштириш жараёнида олинган назарий билимларни мустаҳкамлашдан иборат.


9. Микро даражадаги амалиётнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

индивидуал топшириққа мувофиқ ташкилот фаолияти билан боғлиқ вазифаларга доир маълумотлар (материаллар)ни йиғиш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш бўйича дастлабки малакага эга бўлиш;

ташкилотнинг соҳавий фаолияти хусусиятларини аниқлаш;

индивидуал топшириққа кўра касбга оид тушунчаларни муайян ташкилотга боғлаган ҳолда ишлата олиш;

давлат, жамият ва хўжалик юритувчи бошқа субъектлар билан ўзаро алоқаларини таҳлил қилиш;

ташкилотнинг тизим сифатидаги тавсифи юзасидан тасаввурга эга бўлиш;

индивидуал топшириққа мувофиқ ташкилот бошқаруви тизими ҳақида тушунчага эга бўлиш.


10. Давлат, жамият ва хўжалик бошқаруви тизимида мезо даражадаги амалиёт микро даражадаги амалиётдан кейин ўтказилади ва тингловчиларга соҳа бўйича маҳоратни ошириш ва бошқарув принципларини амалиётда қўллаб кўриш имконини беради.

Ушбу амалиётнинг мақсади вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмаларида ишлаш учун зарур бўладиган мутахассис иш усули ва услубларини ўрганиш, касбий малака ва билимларга эга бўлишдан иборат.


11. Мезо даражадаги амалиётнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

давлат, жамият ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятига оид талаблар билан танишиш;

ташкилотнинг бошқарув ва иш юритиш тизимини ўрганиш;

бўлинмалар (бўлимлар) функция (вазифа)ларини белгилаш ва уларнинг ишларини мувофиқлаштириш тизимини ўрганиш;

мутахассислар орасида вазифалар ҳамда иш ҳажми тақсимотини таҳлил қилиш;

ташкилотда илғор бошқарув усуллари ва қарорларни қўллаш тажрибасини ўрганиш ва таҳлил қилиш;

бошқарув ва назорат тизимини таҳлил қилиш;

давлат, жамият ва хўжалик юритувчи бошқа субъектлар билан ўзаро алоқаларини таҳлил қилиш;

барча турдаги ҳужжатлар мазмуни ва ҳисобини юритишни ўрганиш;

ўқув жараёнида ўзлаштирилган (эгалланган) малакани амалиётда қўллай олиш.


12. Давлат, жамият ва хўжалик бошқаруви тизимида макро даражадаги амалиёт мезо даражадаги амалиётдан кейин ўтказилади ва тингловчиларга магистрлик диссертацияларини ёзишда зарур бўладиган материалларни йиғишлари учун касбий фаолиятни ўзлаштиришнинг узлуксиз ва тадрижий жараёнини таъминлаб беришни назарда тутади.

Мазкур амалиётнинг мақсади бошқарув ва инновацион фаолиятни режалаштириш, ташкил этиш ҳамда бажариш, шунингдек, натижалар юзасидан ҳисобот тайёрлаш бўйича малака, маҳорат ва билимларга эга бўлишдан иборат.


13 Макро даражадаги амалиётнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

амалиёт бўйича ҳисобот тайёрлаш ва уни ҳимоя қилиш учун материаллар йиғиш ва уларни қайта ишлаш;

мутахассисликка оид назарий ва амалий билимларни тизимлаштириш, мустаҳкамлаш ва кенгайтириш ҳамда уларни муайян масалалар ва муаммоли вазиятларни ҳал қилиш учун бошқарув қарорларини қабул қилишда қўллаш;

ишни мустақил равишда олиб боришни ривожлантириш ва ўрганилаётган муаммо ҳамда масалаларни ечишда тадқиқот ва тажриба ўтказиш усуллари (методлари)ни ўзлаштириш;

тингловчиларнинг замонавий талабларга мувофиқ равишда мустақил ишлай олишларига бўлган тайёргарликларини аниқлаш.


14. Малакавий ҳисобот мазмуни (концепцияси) бўйича ҳимоя якуний босқич бўлиб, унда тингловчиларнинг амалиёт даврида бажарган ишлари натижалари таҳлил этилади ва баҳоланади. Амалиёт ҳисоботи ҳимояси Академия профессор-ўқитувчилари таркибидан ҳамда қабул қилувчи ташкилотнинг мутахассис-амалиётчиларидан иборат эксперт гуруҳ олдида кейс-стади усулида тақдимот шаклида ўтказилади. Эксперт гуруҳининг таркиби Академия ректори томонидан тасдиқланади.


15. Амалиёт ҳисоботи ҳимояси ҳар йили сентябрь ойида 2 ҳафта давомида қуйидаги мезонларга мувофиқ ўтказилади:

амалиётда назарий билимларни қўллаш даражаси;

амалиёт ўташ даврида тингловчилар томонидан йиғилган материаллар, ўрганилган ва ечилган масалаларнинг мазмуни, даражаси ва сифати.


16. Бошқарув кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари тингловчиларининг амалиёти алоҳида махсус дастур ҳамда 12 кунга мўлжалланган ўқув режа асосида ташкил этилади. Мазкур малакавий амалиётнинг мақсади битирув малакавий ишини тайёрлаш учун материаллар йиғиш ҳисобланади.



3-БОБ. СТАЖИРОВКАНИНГ ТУЗИЛИШИ ВА МАЗМУНИ


17. Академиянинг таълим дастури бўйича 2-курсда ўқиётган тингловчилар учун стажировка, шу жумладан хорижий стажировка ташкил этиш назарда тутилади.


18. Стажировка ўқув жараёнида тингловчилар томонидан эгалланган бошқарув фаолиятига боғлиқ назарий билимлар ва касбий малака ҳамда маҳоратни мустаҳкамлаш, муайян иш жойида бошқарув фаолиятига тайёрланиш ва магистрлик диссертациясининг амалий қисмига материаллар йиғиш учун йўналтирилган.


19. Стажировка 16 ҳафта давомида тингловчиларнинг доимий яшаш жойидан ташқарида бўлган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг таркибий бўлинмалари, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларда бўлиб ўтади.


20. Стажировканинг мақсади:

тингловчиларнинг малакавий амалиёт дастурларини ўзлаштиришда олинган назарий ва амалий билимларни мустаҳкамлаш;

ўзларининг хизмат вазифаларини ижро этишда амалий малака ва маҳоратдан самарали фойдалана олиш кўникмасини ошириш ҳисобланади.


21. Стажировканинг асосий вазифалари:

иш жойида амалий малака ва маҳоратни қўллаш;

магистрлик диссертациясини тайёрлаш.


22. Стажировка дастури қуйидагиларни ўз ичига олади:

раҳбарнинг дублёри ёки референт-маслаҳатчиси сифатидаги вазифани бажариш;

лавозимга келиш, иш жойига мувофиқ равишда лавозим функциялари ва вазифаларини дублёр сифатида ижро этиш;

мазкур иш ўрнига оид тартиб ва фаолият йўналишларини ўзлаштириш, ушбу лавозимга лаёқати бор ёки йўқлигини, бор бўлса унинг даражасини текшириш;

бажарилган ишлар, уларнинг натижалари юзасидан берилган топшириқларни тушуниш;

бажарилган ишлар ва уларнинг натижалари юзасидан берилган топшириқлар тушунилганлигини расмийлаштириш, стажировка ҳисоботида ушбу бажарилган вазифаларга тайёргарликни баҳолаш;

тақдимот ва стажировка ҳисоботи ҳимояси.


23. Ҳимоя якуний босқич сифатида 1 ҳафта давомида стажировка даврида тингловчилар томонидан бажарилган ишлар натижаларини баҳолаш асосида ўтказилади.

Стажировка ҳисоботи ҳимояси Академия профессор-ўқитувчилари таркибидан ҳамда қабул қилувчи ташкилотнинг мутахассис-амалиётчиларидан иборат эксперт гуруҳ олдида тақдимот шаклида ўтказилади. Эксперт гуруҳининг таркиби Академия ректори томонидан тасдиқланади.


24. Академия тингловчиларининг хориждаги стажировкалари чет элдаги ҳамкорлар билан тузилган шартномалар (битимлар) асосида ташкил этилади. Илғор хорижий тажрибаларни соҳавий ташкилотлар ва марказларда ўргатиш мақсадида Академия ходимлари раҳбарлигида тингловчиларни 1 ойлик муддат билан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан хорижга юборилади.


25. Хориждаги стажировка дастури қуйидаги талабларни ўзи ичига олади:

таълим ихтисослигига мувофиқ келувчи бир хил ёки айнан ўхшаш (идентив ёки аналог) идораларнинг фаолиятини ташкил этиш ва юритиш тартиби, шакллари ҳамда муаммолари таҳлили;

касбий лаёқат, татбиқ этиш ва имплементация қилиш мақсадида хорижий ташкилотда қўлланиладиган метод ва методологиялар таҳлили;

асосий иш жойи бўйича стажировка ўтаётган ташкилот (муассаса) ёки унинг таркибий бўлинмаларида амалга ошириш мумкин бўлган ўзгаришлар ҳамда уларнинг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.


26. Хориждаги стажировка ҳисоботи ҳимояси 1 ҳафта давомида тақдимот шаклида ўтказилади. Хориждаги стажировка ҳисоботи ҳимояси бўйича Комиссия таркиби Академия ректори томонидан тасдиқланади.



4-БОБ. АМАЛИЁТ ВА СТАЖИРОВКА ЎТАШ ДАВРИДА

ТИНГЛОВЧИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


27. Тингловчи:

методик ва инструктив материаллар билан танишиши, Академия томонидан тайинланган амалиёт ва стажировка раҳбаридан йўл-йўриқ олиши;

амалиёт ва стажировка ўташ чораларини кўриш ва назорат қилиш бўйича ташкил этиладиган тадбирларда қатнашиши;

амалиёт ва стажировка ўташ дастурларида назарда тутилган барча топшириқларни белгиланган муддатларда тўлиқ ҳамда сифатли бажариши;

Академия платформасидаги онлайн ва оффлайн тизими воситасида профессор-ўқитувчилар ва илмий раҳбарлардан олинган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариши;

ҳар куни тартибли равишда кундалик юритиши;

талабга кўра юритаётган кундалигини Академия томонидан тайинланган амалиёт ва стажировка раҳбарига кўриб чиқиш учун тақдим этиши;

келгуси ўқув ва амалий фаолиятда фойдаланиши мумкин бўлган материалларни йиғиб бориши;

қабул қилувчи ташкилотнинг ички меҳнат қоидалари ва талабларига риоя этиши шарт.


28. Тингловчи Академия томонидан тайинланган раҳбарига амалиёт ва стажировка якуни бўйича қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

амалиёт ва стажировка кундалиги;

келажакда ўқув ва амалий фаолиятда фойдаланиш учун тингловчига якуний хулосалардан сўнг қайтариб бериладиган амалиёт ва стажировка ўташ даврида йиғилган материаллар жилди (уларнинг рўйхати кундаликда ўз ифодасини топиши зарур).


29. Узрли сабабларсиз амалиёт ва стажировкани ўташдан озод этилишга йўл қўйилмайди.



5-БОБ. АМАЛИЁТ ВА СТАЖИРОВКАНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАЛАБЛАРИ


30. Амалиёт ва стажировка ўташни ташкил этиш жараёнига қўйиладиган талаблар махсус дастурлар асосида аниқланади. Барча босқичларда тингловчиларнинг узлуксиз ва тизимли равишда касбий бошқарув фаолиятини ўзлаштиришлари таъминланиши ташкил этилиши талаб этилади.

Хориждаги стажировка мавзуси ва мазмуни Академиянинг таълим ва илмий тадқиқот фаолиятидаги бугунги ва истиқболдаги равнақи масалаларига мувофиқ келиши ва стажировка дастурлари талабларига жавоб бериши зарур.


31. Ўқитувчиларнинг амалиёт ва стажировкадаги юкламалари ўқув режаси ҳамда амалиёт ва стажировка турларида белгиланган ўқув педагогик соатлар (ҳафталар) миқдоридан келиб чиқиб аниқланади.


32. Амалиёт ва стажировка Академия ректорининг буйруғи асосида ташкил этилади. Унда амалиёт ёки стажировка турлари, муддати ва жойлари, моддий таъминот, яшаш жойини тақдим этиш, жавобгар шахслар ва юбориладиган тингловчилар рўйхати таркиби, амалиёт ва стажировка раҳбари белгилаб берилади.


33. Қабул қилувчи ташкилотдан тайинланган амалиёт ва стажировка раҳбарлари амалиёт ва стажировка ўташ жойларида меҳнат муҳофазаси талаблари ҳамда тингловчилар ҳаётининг хавфсизлиги бўйича тегишли чораларни кўради.


34. Академия тингловчиларининг чет элдаги стажировкалари хорижий ҳамкорлик бўйича тузилган шартномалар (битимлар) асосида ташкил этилади.


35. Амалиёт ва стажировкани ташкил этиш ва ўтказишни мувофиқлаштириш Академиянинг тегишли таркибий бўлимида амалга оширилади.


36. Амалиёт ва стажировкани ташкил этишга оид саволлар юзасидан тингловчиларни хабардор қилиш (ҳужжатларни расмийлаштириш, ҳисоботлар ҳимояси билан боғлиқ бўлган маълумотларни тақдим этиш) Академиянинг тегишли таркибий бўлими томонидан корпоратив почта манзилларига юбориш орқали амалга оширилади. Тингловчилар электрон шаклдаги хабарларни мунтазам равишда кузатиб боришлари зарур.


37. Академия томонидан тайинланган амалиёт ва стажировка раҳбари:

амалиёт ва стажировкага кетаётган тингловчиларга Академиянинг тегишли таркибий бўлимлари билан биргаликда йўриқнома ўтказади;

тингловчиларнинг амалиёт ва стажировка ўташ жойига етиб келишини назорат қилади;

қабул қилувчи ташкилот раҳбари ҳамда у ердан тайинланган амалиёт ва стажировка раҳбари билан алоқа ўрнатади;

амалиёт ва стажировка ўташ дастурларида белгиланган вазифаларни бажаришда тингловчиларга методик ёрдам кўрсатади;

амалиёт ва стажировканинг барча даври учун шахсий режа тузади, қабул қилувчи ташкилот томонидан тайинланган амалиёт ва стажировка раҳбари билан ҳамкорликда иш ҳажми ҳамда мазмунини аниқлайди;

тингловчиларни амалиёт ва стажировка ўташ объектлари бўйича тақсимлашда иштирок этади;

амалиёт ва стажировка муддатлари, мазмуни махсус дастурларнинг ижроси юзасидан назоратни ташкил этади, шунингдек, амалиёт ва стажировка ўташ жойларига бориб тингловчиларнинг йўқламаларини юритади;

малакавий амалиёт ва стажировка ҳисоботи ҳимоясида иштирок этади;

амалиёт ва стажировка ўташ ҳамда ушбу йўналишни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритилган ҳисоботни тайёрлайди, уни Академияга тақдим этади.


38. Қабул қилувчи ташкилот раҳбари:

амалиёт ва стажировка ўташ бўйича Академия билан шартнома тузади;

тингловчиларни амалиёт ва стажировка ўташга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради;

қабул қилувчи ташкилотнинг малакали ва тажрибали мутахассислари орасидан тингловчининг амалиёт ва стажировкасини ўташи бўйича масъулларни тайинлайди, шунингдек, назорат юритувчи ишчи гуруҳни тузади;

малакавий амалиёт ва стажировканинг сифати ҳамда унинг мақсадли ўтишига шахсан масъул ҳисобланади;

амалиёт ва стажировканинг қониқарсиз ташкил этилишига шахсан жавобгар бўлади;

дастурга мувофиқ амалиёт ва стажировкани ташкил этиш учун тегишли шароитлар яратади.


39. Амалиёт ва стажировка қабул қилувчи ташкилот ҳамда Академия ўртасида тузилган шартномага мувофиқ ташкил этилади. Мазкур шартномада ушбу ташкилот зиммасига амалиётчи (стажёр) учун жой тақдим қилиш мажбурияти юклатилади.

Амалиёт ва стажировка ўтказиш бўйича тузилган шартномада Академия ва қабул қилувчи ташкилот ҳужжатнинг предмети, томонлар ҳуқуқ ва мажбуриятлари, амалиёт ва стажировкани ташкил этиш тартиби, шартноманинг амал қилиш муддати, уни бекор қилиш асослари, шунингдек, томонларнинг жавобгарлиги каби масалаларни келишиб оладилар.


40. Амалиёт ва стажировка бошланиши билан тингловчиларга Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари, ички тартиб қоидалари ва улар танишиши зарур бўлган ҳужжатлар танишиш учун тақдим қилинади.


41. Амалиёт ва стажировка бўйича қўйиладиган баҳолар таълим жараёнидаги баҳоларга тенглаштирилади ва тингловчиларнинг ўзлаштириш даражаси бўйича умумий рейтингининг якуний натижаларида ҳисобга олинади.


42. Академия устави ва мазкур Низомга мувофиқ амалиёт ва стажировка натижалари бўйича қониқарсиз баҳо олган, шунингдек узрсиз сабабларга кўра дастурларда белгиланган вазифаларнинг бажарилмаслиги тингловчини академик қарздор сифатида белгиланган тартибда ўқишдан четлаштириш учун асос бўлади.



6-БОБ. МОДДИЙ ТАЪМИНОТ


43. Амалиёт ва стажировка ўташ даврида тингловчининг асосий иш жойида ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади.


44. Амалиёт ва стажировка ўташ даври учун хизмат сафари, йўл ҳақи ва яшаш харажатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Академия тингловчиларига амалиёт ёки стажировка ўташ жойига етиб олиш ва назарда тутилган ўқув дастурига мувофиқ қайтиб келиш учун бир марталик йўл ҳақи тўлаб берилади.


45. Амалиёт ва стажировка ўташ даврида тингловчиларга яшаш жойини ижарага олиш учун қуйидаги миқдорларда ойлик компенсация тўланади:

Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида яшаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида;

Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳарлари, туман марказлари ва аҳоли пунктларида яшаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида.

46. Академия магистратураси тингловчиларини хориждаги бошқарув кадрларни тайёрлаш бўйича етакчи илмий-маърифий муассасалар ва марказларга, шунингдек чет мамлакатларнинг давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, жамоат ташкилотларига мажбурий тартибда бир ойлик муддатга юбориш Академиянинг, Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармасининг бюджет маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига ташкил этилади.


7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


47. Амалиёт ва стажировка ўташни ташкил этиш билан боғлиқ барча ҳужжатларни юритиш (ҳужжатлар айланишини ташкил этиш) Академиянинг тегишли таркибий бўлими томонидан зарур бўлимлар ва қабул қилувчи ташкилотларни жалб этган ҳолда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz), 2017 й.














































Время: 0.0065
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск