ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси /

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида тингловчиларга ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим дастурлари бўйича таълим хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 19.09.2017 й. 745-сон қарорига 6-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 19 сентябрдаги

745-сон қарорига

6-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат бошқаруви академиясида тингловчиларга

ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим

дастурлари бўйича таълим хизматлари

кўрсатиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида (кейинги ўринларда Академия деб аталади) ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим дастурлари бўйича таълим хизматлари (кейинги ўринларда таълим хизматлари деб аталади) кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қўлланиладиган асосий тушунчалар:


буюртмачи - давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, хўжалик юритувчи субъектлар ва жисмоний шахслар;


таълим олувчи - ўрнатилган тартибда Академияда таълим дастурлари асосида билим олувчи жисмоний шахс;


таълим хизмати - Академия ва буюртмачи ўртасида тузилган пуллик хизмат кўрсатиш шартномасига биноан буюртмачининг ҳисобидан ва талаби асосида таълим бериш фаолияти;


асосий таълим дастури - буюртмачи талаби асосида Академия томонидан шакллантирилган таълим дастури;


қўшимча таълим дастури - Академия томонидан ишлаб чиқилган ҳамда буюртмачига таклиф этилган таълим дастури.


3. Таълим хизматларини кўрсатиш Академия уставига мувофиқ амалга оширилади, ундан келиб тушадиган маблағлар Академия уставида назарда тутилган мақсадларга йўналтирилади.


4. Таълим хизматларини кўрсатиш нархи ўқув дастурларидан келиб чиққан ҳолда ҳар йили Академия кенгаши томонидан белгиланади. Тегишли ўқув дастурлари бўйича таълим хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ маълумотлар Академия расмий веб-сайтида жойлаштирилади.


5. Академия ўқув дастури ва шартнома шартларида белгиланган таълим хизматлари кўрсатилишини таъминлаши лозим.

Шартнома шартларига кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотларининг бошқарув кадрлари малакасини ошириш Академиянинг ҳудудий филиаллари томонидан амалга оширилиши мумкин.

6. Академия ва буюртмачи ўртасида шартнома тузилганидан сўнг таълим хизматлари кўрсатиш нархини ўзгартирилишига йўл қўйилмайди, икки томоннинг розилиги билан шартнома предмети кенгайтирилган ҳоллар бундан мустасно.

Академия ва буюртмачи ўртасида тузиладиган шартномалар тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий бўлади. Бир шартнома доирасида икки ва ундан ортиқ гуруҳ тингловчиларига таълим хизматлари бир вақтда ёки турли вақтда кўрсатилиши мумкин.

7. Академия томонидан қуйидаги таълим хизматлари кўрсатилиши мумкин:

Академия ўқув жараёни дастурлари асосида таълим олувчиларнинг малакасини ошириш;

буюртмачи талабига асосан таълим олувчиларнинг малакасини ошириш;

Академиянинг магистратура мутахассислигига ўқишга кириш истагини билдирган номзодларни тайёрлаш.



2-БОБ. ТАЪЛИМ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШ

ВА ШАРТНОМА ТУЗИШ ТАРТИБИ


8. Академия буюртмачи билан шартнома тузишга қадар таълим хизматлари кўрсатиш тўғрисида аниқ маълумотларни буюртмачига тақдим этиши лозим.


9. Буюртмачига тақдим этиладиган маълумотларда қуйидагилар ўз ифодасини топган бўлиши керак:

Академиянинг жойлашган манзили;

асосий ва қўшимча таълим дастурларини амалга ошириш йўналишлари;

таълим хизматлари рўйхати ва уларни кўрсатиш тартиби;

таълим хизматлари нархи;

таълимни тугатгандан кейин бериладиган ҳужжат шакли;

Академиянинг ички тартиб-қоидалари.


10. Буюртмачининг сўровига биноан Академия қуйидаги ҳужжатлар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши керак:

Академия устави ҳамда ўқув жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ ҳужжатлар;

шартнома намуналари;

асосий ва қўшимча таълим дастурлари;

таълим хизмати кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатлар.


11. Маълумотлар буюртмачига қуйидаги усулларда етказилади:

Академия расмий веб-сайти;

буклетлар;

проспектлар.


12. Маълумотлар ўзбек тилида ёки буюртмачининг сўровига кўра рус тилида тақдим этилади.


13. Таълим хизматлари кўрсатиш учун томонлар ўртасида тузилган таълим хизмати кўрсатиш тўғрисидаги шартнома (кейинги ўринларда шартнома деб аталади) асос бўлиб ҳисобланади.


14. Шартнома тузишда бир буюртмачига бошқасига нисбатан устуворлик берилишига йўл қўйилмайди.


15. Шартнома оддий ёзма шаклда тузилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

Академия тўғрисидаги тўлиқ маълумот;

буюртмачи - юридик шахснинг тўлиқ номи, почта манзили, унинг номидан ҳаракат қилувчи мансабдор шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми, жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш манзили;

таълим олувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш манзили, телефон рақами;

ижрочи, буюртмачи ва таълим олувчининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

таълим хизмати нархи ва уни тўлаш тартиби;

таълим дастурининг тури ва йўналиши;

таълим муддати;

таълим дастурини эгаллаган таълим олувчига бериладиган ҳужжат шакли;

шартномани талабларини ўзгартириш, қўшимча киритиш ва бекор қилиш асослари;

таълим хизмати хусусиятларидан келиб чиқадиган бошқа маълумотлар.


16. Шартномага таълим олувчининг ҳуқуқларини чеклашга қаратилган шартларнинг киритилишига йўл қўйилмайди.


17. Шартнома уч нусхада расмийлаштирилади, унинг бир нусхаси Академияда сақланади, иккинчи нусхаси буюртмачига, учинчи нусхаси таълим олувчига тақдим этилади.


18. Шартнома Академия номидан Ректор томонидан имзоланади.


19. Буюртмачи шартномада кўрсатилган тартибда ва муддатда таълим хизмати учун тўловларни амалга оширади.

Академия таълим хизматини кўрсатиш давомида ўқув жараёни учун зарур шарт-шароитлар яратади ва малакали профессор-ўқитувчиларни жалб этади.


3-БОБ. АКАДЕМИЯ ВА БУЮРТМАЧИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


20. Томонлар шартномада назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун шартномада ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгар бўлади.


21. Ўқув дастурларида назарда тутилган таълим хизматларини кўрсатишда аниқланган камчиликлар учун буюртмачи қуйидагиларни талаб қилишга ҳақли:

пул тўлаш шартисиз таълим хизматини кўрсатиш;

таълим хизмати кўрсатиш нархини мос равишда пасайтиришни;

камчиликларни бартараф этишга қаратилган харажатларни қоплашни.

Агар буюртмачини юқорида қайд этилган ҳолатлар қаноатлантирмаса, у ҳолда буюртмачи шартномани бир томонлама тартибда бекор қилиши мумкин.


22. Қуйидаги ҳолларда шартнома Академия томонидан бир томонлама тартибда бекор қилиниши мумкин:

таълим олувчининг ўқув дастурида белгиланган мажбуриятларни бажармаганлиги;

таълим хизмати кўрсатиш учун тўловнинг шартномада белгиланган муддатда тўланмаганлиги;

Академия ички тартиб-қоидаларига риоя қилинмаганлиги.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


23. Томонлар ўртасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz), 2017 й.













































Время: 0.0078
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск