язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Бошқа масалалар/ Ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш минтақавий марказларида касб-ҳунарга ўқитиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.10.2017 й. 824-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 14 октябрдаги

824-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга

ўқитиш минтақавий марказларида касб-ҳунарга

ўқитиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш минтақавий марказларида (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) касб-ҳунарга ўқитиш тартибини белгилайди.


2. Кириш имтиҳонларини ўтказиш бўйича комиссия мажлисининг баёни асосида Ўқув маркази директори томонидан номзодларни ўқишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ орқали ўқишга қабул қилинган ўқувчилар Ўқув марказида 10 ой муддатда касб-ҳунарга ўқитилади.


3. Мазкур Низом талаблари Ўқув маркази томонидан тўлов асосида ташкил этиладиган қисқа муддатли ўқитиш курсларига нисбатан татбиқ этилмайди.


4. Ўқитиш кундузги ўқиш шаклида амалга оширилади.


5. Ўқитиш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан тасдиқланган ўқув режаларга мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. МАРКАЗДА ЎҚИШ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


6. Ўқиш жараёни 40 ҳафтадан иборат бўлиб, 2 та семестрга бўлинади. Бунда ҳар бир семестр 12 ҳафтадан, ишлаб чиқариш амалиёти 15 ҳафта ва якуний малака имтиҳони 1 ҳафта этиб белгиланади.

Ўқув маркази ўқувчиларининг умумий ҳафталик юкламалари 38 соатни ташкил этади.

Барча ўқув машғулотлари учун икки академик ўқув соати давомийлиги 80 дақиқа этиб белгиланади.


7. Ўқувчиларнинг билим, малака ва кўникмаларини тегишли касб бўйича малака талабларига мувофиқлигини таъминлаш қуйидаги назорат шакллари орқали амалга оширилади:


жорий назорат - сўровлар, коллоквиумлар, семинарлар, ёзма ишлар ва тестлар тарзида билимлар, малака ва кўникмалар текширилади;


оралиқ назорат - ўқув фанининг тегишли бўлими тугаллангандан кейин амалга оширилади. Унинг асосида ўқувчи рейтингги аниқланади. Билимлар, малака ва кўникмаларни баҳолаш учун оралиқ назорат ёзма ишлар, тестлар ёки амалий топшириқлар шаклида ўтказилади;


якуний назорат - ўқув фани тугалланишида якуний назорат тест, ёзма иш ва амалий топшириқ усулида ўтказилади.


8. Ўқув марказида 6 ойлик назарий ва амалий дарслар тугагандан кейин рейтинг назорати натижаларига кўра ўқувчилар ишлаб чиқариш амалиётига юборилади.


9. Семестр мобайнида ўқув юкламаси 24 соатдан кам бўлган фанлардан оралиқ назорат ўтказилмайди.


10. Ўқувчиларнинг билим савияси, кўникма ва малакаларини назорат қилишнинг рейтинг тизими асосида ўқувчининг ҳар бир фан бўйича ўзлаштириш даражаси баллар орқали ифодаланади.


11. Ҳар бир назорат тури қандай шаклда ўтказилишидан қатъи назар, беш (5) балли ("5", "4", "3", "2") усулда бутун сонлар ёрдамида баҳоланади.


12. Муайян фан бўйича ўқувчининг семестр мобайнида тўплаши мумкин бўлган умумий бали (R семестр) максимум "5" баллни ташкил қилиб, қуйидагича ҳисобланади:

R семестр =

ЖН + ОН + ЯН

, бунда:

3

ЖН - ўқувчининг семестр давомида жорий назорат бўйича бутун сонга яхлитланган ўртача бали,

ОН - ўқувчининг семестр давомида оралиқ назоратлар бўйича бутун сонга яхлитланган ўртача бали.


Агар фаннинг семестр бўйича юкламаси 24 соатдан кам бўлиб, оралик назорат ўтказилмаган тақдирда,

R семестр =

ЖН + ЯН

бўлади.

2

13. Муайян фан ёки ўқув амалиёт бўйича йиллик умумий балл сифатида семестрларда тўпланган умумий балларнинг ўртачаси олинади:

R йиллик =

R1-семестр + R2-семестр


2

14. Ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётлари учун ҳам максимал семестр бали "5" балл бўлиб, рейтинг тизимида уларнинг ўзига хос хусусиятларини эътиборга олиб лойиҳалаштирилади.


15. Назарий ва амалий дарс соатларини ўзлаштирмаган ўқувчиларга ишлаб чиқариш амалиётига кетиш олдидан бир ҳафталик муддатда якуний назоратларни қайта топширишга рухсат этилади.


16. Якуний назорат ишларини қайта топширмаган ёки қайта топшириш натижалари бўйича назарий ва амалий дарс соатларини ўзлаштирмаган деб ҳисобланган тақдирда ўқувчилар сафидан чиқарилади.



3-БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ АМАЛИЁТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ


17. Ўқув маркази ўқувчиларининг корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда (кейинги ўринларда ташкилотлар деб аталади) ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ўқув дастурининг таркибий қисми ҳисобланади.

Ишлаб чиқариш амалиёти 90 кун, ҳафталик юкламаси 36 соат, бир кунлик 6-8 соатдан иборат бўлиб, жами 540 соатни ташкил этади.


18. Назарий таълим бериш жараёнида ўқувчилар томонидан олинган билимларни мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш, олинадиган мутахассислик бўйича зарур лаёқатга, кўникмаларга ва амалий иш тажрибасига эга бўлиш ишлаб чиқариш амалиётининг мақсади ҳисобланади.


19. Ишлаб чиқариш амалиёти, қоидага кўра, ташкилотнинг ихтисослашувига боғлиқ ҳолда ушбу мақсад учун махсус ажратилган, ўқувчилар ўқишни тугатгандан кейин ишга жойлашиши мумкин бўлган ўқув-ишлаб чиқариш жойларида ўтказилади.


20. Ўқув маркази ўқувчилари ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташда қуйидагиларга мажбур:

ишлаб чиқариш амалиёти дастурида назарда тутилган топшириқларни тўлиқ бажариш;

ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя қилиш;

техника хавфсизлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини ўрганиш ва уларга қатъий риоя қилиш.


21. Ташкилотлар ишлаб чиқариш амалиёти даврида қуйидагиларга мажбур:

ўқувчилар учун хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва улардан олинадиган мутахассислик билан боғлиқ бўлмаган, шунингдек зарарли меҳнат шароитларида фойдаланишга йўл қўймаслик;

ўқувчиларни ишлаб чиқариш бинолари, тренинг кабинетлари, зарур материаллар, асбоб-ускуналар, техник ҳужжатлар билан ўз вақтида таъминлаш ва ўқувчиларнинг янги ишлаб чиқариш технологияларини, юқори унумли иш методларини ўзлаштириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

ўқувчиларга йўл-йўриқлар беришни ва ишлаб чиқариш амалиётига техник раҳбарликни ташкил этиш;

ўқувчиларга ишлаб чиқариш амалиёти даврида тегишли касблар ишчилари учун назарда тутилган махсус кийим-бошлар, якка тартибда ҳимояланиш воситалари бериш;

зарур ҳолатларда ўқувчиларни ишлаб чиқариш амалиёти ўтадиган жойга етказишни ва у ердан олиб келишни таъминлаш;

ўқувчилар бажарган ишларни ушбу ташкилотда белгиланган тартибда ҳисобга олиш ва қабул қилиш;

ишлаб чиқариш амалиёти тугагач ҳар бир ўқувчига унинг ишлари сифатини, эришган натижаларини, ишга муносабатини, шунингдек унга бериш учун тавсия этилаётган малака даражаси (тариф разряди)ни кўрсатган ҳолда ишлаб чиқариш тавсифномаси бериш.


22. Марказ ўқувчиларининг ишлаб чиқариш амалиёти давридаги назорати йўлланма берган Бандликка кўмаклашиш туман (шаҳар) марказига юкланади.



4-БОБ. ЯКУНИЙ МАЛАКА ИМТИҲОНЛАРИНИ ЎТКАЗИШ


23. Ўқув марказида якуний малака имтиҳонлари (кейинги ўринларда ЯМИ деб аталади) қуйидаги мақсадларда ўтказилади:

ўқувчиларнинг билим, малака ва кўникма даражасининг малака талабларига мувофиқлигини комплекс баҳолаш;

ўқувчиларга малака даражаси (тариф разряди)ни бериш масаласини ҳал этиш;

ўқувчиларга Марказни тугатганлиги тўғрисида давлат намунасидаги диплом бериш масаласини ҳал этиш мақсадларида ўтказилади.


24. ЯМИ ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиёти тугагандан сўнг ўн беш кун мобайнида ўтказилади.


25. Ўқув дастурини ўзлаштирган ўқувчилар Марказ директорининг буйруғига асосан ЯМИга қўйилади.


26. ЯМИ амалий топшириқ шаклида ўтказилади. Бунда имтиҳон билетида ҳар бир ихтисослик бўйича 1 тадан амалий топшириқ берилади.

Имтиҳон саволлари (касбий амалий топшириқлар) ўқув режасида ўрин олган фанлар бўйича тузилади.

Имтиҳон саволлари (касбий амалий топшириқлар) ЯМИ бошланишидан икки ой олдин Марказнинг расмий веб-сайтига жойлаштириш орқали ўқувчилар эътиборига етказилади.


27. ЯМИни ўтказиш жадвали ЯМИ бошланишидан камида ўн беш кун олдин Марказ директори томонидан тасдиқланади ва эълонлар тахтасига осиб қўйиш орқали ўқувчилар эътиборига етказилади.


28. ЯМИни ўтказиш бўйича Марказ директорининг буйруғи асосида малака комиссияси (кейинги ўринларда Малака комиссияси деб аталади) тузилади.

Йўналишлар хусусиятидан келиб чиқиб ЯМИни ўтказиш учун бир нечта малака комиссиялари ташкил этилиши мумкин.


29. Малака комиссиясига иш берувчи ташкилотларнинг раҳбарлари ёки етук ва малакали мутахассислари раислик қилади. Ушбу Комиссия раиси ўринбосари Марказ директори, котиби эса Марказ директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ҳисобланади.


30. Малака комиссиясига ҳар бир йўналиш бўйича Марказнинг ўқитувчи ва усталари ҳамда бошқа ташкилотларнинг (келишув асосида) соҳа мутахассислари орасидан 4 тадан аъзо киритилади.


31. Бир киши кетма-кет бир Марказда тегишли йўналиш (касб) бўйича икки мартадан ортиқ Малака комиссияси раиси бўлиши мумкин эмас.


32. Касблар бўйича амалий имтиҳонлар бошланишидан олдин Малака комиссияси аъзоларидан бири ўқувчиларни топшириқлар мазмуни, техник шартлар, баҳолаш мезони, вақт меъёри ва хавфсизлик техникаси қоидалари билан таништиради.


33. Ўқувчилар назарий саволларга берган жавобларига кўра қуйидаги мезонлар асосида "5" балли тизимда баҳоланади:

ўқувчи тўғри хулоса ва қарор қабул қилади, ижодий фикрлай олади, мустақил мушоҳада юритади, амалда қўллай олади, моҳиятини тўлиқ тушунади, билади ва айтиб беради деб топилганда - "5" балл;

ўқувчи мушоҳада юритади, амалда қўллай олади, моҳиятини тушунади, билади, айтиб беради ва тасаввурга эга деб топилганда - "4" балл;

ўқувчи моҳиятини қисман тушунади, билади, айтиб беради ва тасаввурга эга деб топилганда - "3" балл;

ўқувчи билмайди, айтиб бера олмайди ва тасаввурга эга эмас деб топилганда - "2" балл.


34. Ўқувчиларнинг касбий амалий топшириқни бажариши қуйидаги мезонлар асосида "5" балли тизимда баҳоланади:

ўқувчи топшириқни тўғри ва тўлиқ, мустақил ҳамда амалий методик қўлланмалардан фойдаланмасдан бажарди деб топилганда - "5" балл;

ўқувчи топшириқни тўғри ва тўлиқ, мустақил бажарди, бироқ тегишли амалий методик қўлланмалардан фойдаланди деб топилганда - "4" балл;

ўқувчи топшириқни тўғри ва тўлиқ бажарди, бироқ тегишли методик қўлланмалардан ҳамда устанинг оғзаки маслаҳатидан фойдаланди деб топилганда - "3" балл;

ўқувчи тегишли методик қўлланмалардан ҳамда устанинг оғзаки маслаҳатидан фойдаланган ҳолда топшириқни тўғри ва тўлиқ бажара олмаган деб топилганда - "2" балл.


35. Ўқувчи томонидан касбий амалий топшириқлар бажарилгандан сўнг, тегишли ихтисослик(лар) бўйича Малака комиссиясининг ҳар бир аъзоси номзодга ўзининг баҳосини қўяди ва унга малака даражасини бериш бўйича фикрини билдиради. Комиссия аъзолари томонидан қўйилган баҳолар ва фикрлар муҳокама қилиниб, ўқувчига ҳар бир ихтисослик бўйича ўртача арифметик балл қўйилади ҳамда унинг малака даражаси белгиланади.


36. ЯМИда тегишли ихтисослик(лар)дан "3" баллдан кам баҳо олган ўқувчига бу ихтисослик(лар) берилмайди.


37. Малака комиссия аъзолари томонидан қўйилган баҳолар белгиланган намунада бериладиган диплом иловасида, ўқувчига берилган касб ва ихтисослик(лар) ҳамда малака даражаси тўғрисидаги маълумот дипломда акс эттирилади.


38. ЯМИ натижалари имтиҳон якунлангандан сўнг ўқувчиларга эълон қилинади.


39. Барча ихтисосликлардан ўртача арифметик балли "3" баллдан кам бўлган ўқувчи якуний малака имтиҳонидан ўтмаган ҳисобланади.


40. Ўқувчилар қуйидаги ҳолатларда Марказ директорининг буйруғи асосида ўқувчилар сафидан чиқарилади:

а) Марказнинг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини мунтазам равишда бузганда;

б) ўқув режаси талабларини бажармаган (ишлаб чиқариш амалиётидан ўтмаган, 2 ва ундан ортиқ фан бўйича "2" балл ва ундан паст якуний баҳо олган);

в) узрсиз сабабларга кўра 36 соатдан ортиқ дарс қолдирганда;

г) саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

д) доимий яшаш учун бошқа давлатга чиқиб кетганда;

е) суднинг қарори билан озодликдан маҳрум этилганда;

ж) вафот этганлиги сабабли.


41. ЯМИдан муваффақиятли ўтган (ўртача арифметик балли "3" ва ундан юқори бўлган) ўқувчиларга Малака комиссияси қарорига асосан тегишли намунадаги диплом берилади.


42. Марказни тамомлаганлик тўғрисидаги диплом ўрта махсус, касб-ҳунар дипломи даражасига тенглаштирилиб, эгаллаган билимларини меҳнат фаолиятида амалга ошириш ҳуқуқини беради, шунингдек, таълимнинг кейинги турини давом эттириш учун асос ҳисобланмайди.


43. ЯМИдан ўтмаган ўқувчиларга Малака комиссияси қарорига асосан имтиҳонни бир марта қайта топшириш имконияти берилади.

ЯМИни қайта топшириши лозим бўлган ўқувчилар рўйхати, қайта топшириш куни ва вақти Малака комиссияси қарорида кўрсатилади.


44. ЯМИга узрли сабабларга кўра келмаган ўқувчилар Малака комиссияси қарорига асосан 1 йил давомида ўтказиладиган навбатдаги якуний малака имтиҳонига келиш ва уни топшириш ҳуқуқига эга.


45. ЯМИ натижасидан норози бўлган ўқувчилар Марказ директорининг буйруғи билан тузиладиган апелляция комиссиясига ариза бериш ҳуқуқига эга.


46. Апелляция комиссияси таркибига комиссия фаолиятида иштирок этмаган Марказ ходимлари орасидан комиссия раиси ва камида тўрт нафар, қоида тариқасида, ҳар бир йўналиш бўйича биттадан аъзо киритилади.

Ўқувчи ЯМИ натижасидан норози бўлган тақдирда, якуний малака имтиҳонлари натижаси эълон қилинган вақтдан бошлаб икки иш куни давомида апелляция бериши мумкин. Ўқувчи томонидан берилган ариза апелляция комиссияси томонидан 24 соат мобайнида кўриб чиқилиши лозим.


47. ЯМИдан муваффақиятли ўтган ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар Марказ томонидан, уч томонлама шартнома асосида уларнинг иш билан бандлигини таъминланганлиги тўғрисидаги маълумотларни тегишли туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан электрон дастурга киритиб борилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 17 октябрь