ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Айрим тоифадаги жиноий ишлар бўйича қарорлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 28.04.2017 й. 12-сон "Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

28.04.2017 й.

N 12



ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ, УЛАРНИНГ

АНАЛОГЛАРИ ВА ПСИХОТРОП МОДДАЛАР

БИЛАН ҚОНУНГА ХИЛОФ РАВИШДА МУОМАЛА

ҚИЛИШГА ОИД ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА

СУД АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишларини кўришда қонунлар тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш, мазкур тоифа ишлар бўйича одил судлов сифатини ошириш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноятлар аҳоли соғлиғига, жамиятнинг иқтисодий ва маънавий негизига жиддий таҳдид солади, оилавий муносабатларга салбий таъсир кўрсатади, бошқа ижтимоий муаммолар келтириб чиқаради.

2. Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноят ишларни кўришда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг (кейинги матнда - ЖК) 270 - 276-моддалари, Ўзбекистон Республикасининг "Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида"ги 1999 йил 19 августдаги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзда ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида"ги 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сонли қарори, Психотроп моддалар тўғрисидаги Конвенция (1971 йил 21 февраль, Вена), Гиёҳвандлик воситалари тўғрисидаги Ягона конвенция (1961 йил, Вена), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг наркотик воситалар ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш тўғрисидаги Конвенцияси (1988 йил 20 декабрь, Вена), шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг мазкур соҳага оид халқаро келишувларига риоя этилиши лозим.

3. Тушунтирилсинки, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш деганда, уларни Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган шарт ва тартибни бузган ҳолда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (олиб чиқиш), транзит тарзида ўтказиш, сақлаш, бериш, реализация қилиш, тақсимлаш, олиш, ташиш, жўнатиш, ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш, улардан фойдаланиш ва уларни йўқ қилиш, шунингдек таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни етиштириш тушунилади.

4. Қонунга кўра, маъмурий ва жиноий жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сонли қарори билан тасдиқланган қуйидаги рўйхатларга киритилган гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилганда келиб чиқади:

Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тақиқланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати (I рўйхат);

Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати (II рўйхат);

Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган психотроп моддаларнинг рўйхати (III рўйхат);

Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган прекурсорларнинг рўйхати (IV рўйхат).

Бунда шуни назарда тутиш лозимки, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ўтказиш мақсадини кўзламай оз миқдорда қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш учун айбдорлар барча ҳолларда маъмурий жавобгарликка тортиладилар (Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 56-моддаси). Агар мазкур ҳаракатлар ўтказиш мақсадини кўзлаб содир этилса, қилмиш ЖК 273-моддасининг биринчи қисми билан квалификация қилинади.

5. Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит тарзда ўтказиш деганда, уларни Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан қонунда белгиланган тартибни бузган ҳолда олиб ўтиш тушунилади.

Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит тарзда ўтказиш билан боғлиқ ҳаракатларни квалификация қилишда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2013 йил 6 сентябрдаги "Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ва контрабандага оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги 18-сонли қарорининг 17-бандида берилган тушунтиришларга амал қилиш лозим.

6. Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда сақлаш деганда, шахснинг бундай восита ва моддаларга қонунга зид равишда эгалик қилиши (шу жумладан шахсан истеъмоли) билан боғлиқ қасддан содир этилган ҳаракатлари (ёнида, бинода, махфий ер ва бошқа жойларда сақлаши) тушунилиши лозим. Бунда шахс қанча вақт давомида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда сақлаганлиги аҳамият касб этмайди.

7. Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда бериш, реализация қилиш, тақсимлаш деганда, бундай фаолият тури учун лицензияси мавжуд бўлган дорихона ёки даволаш-профилактика муассасаси ходимининг бундай восита ёки моддаларни белгиланган тартибни бузган ҳолда жисмоний ёки юридик шахсга беришда ифодаланган қасддан содир этилган ҳаракатлари тушунилади.

8. Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда олиш деганда, уларни ҳар қандай усулда, жумладан, сотиб олиш, ҳадя ёки бажарилган иш, кўрсатилган хизмат ёинки қарзни узиш эвазига ўзаро ҳисоб-китоб, шунингдек, бошқа товар ва ашёлар билан алмаштириш сифатида қабул қилиш, топиб олганда ўзлаштириш, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар рўйхатига киритилган ёввойи ўсимликлар ёки уларнинг қисмларини териш, таркибида гиёҳвандлик воситаси, унинг аналоги бўлган экинлар йиғиштирилгандан сўнг қўриқланмай қолган майдонлардан уларнинг қолдиқларини териш ҳисобланиши лозим.

9. Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ташиш деганда, уларни ҳар қандай транспорт туридан ёки ташиш воситаси сифатида қўлланилган қандайдир объектдан фойдаланган ҳолда бир жойдан бошқа жойга, шу жумладан, бир аҳоли пункти доирасида кўчириш, шунингдек, қайд этилган восита ва моддаларни бундай фаолият тури билан шуғулланишга лицензияси бўлган юридик шахсларнинг масъул шахслари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибни бузган ҳолда ташиш тушунилиши лозим.

10. Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда жўнатиш деганда, шахснинг почта алоқаси, ҳаво ёки бошқа транспорт туридан фойдаланиб, уларни почта жўнатмалари, посилкалар ёки юк (багаж) сифатида, шунингдек, ўзи бевосита иштирок этмаган ҳолда бошқа шахс орқали қонунчиликда белгиланган тартибни бузган ҳолда кўчиришга қасддан қаратилган ҳаракатлари тушунилиши лозим.

11. Қонунга хилоф равишда ишлаб чиқиш деганда, янги гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунчиликда белгиланган тартибни бузган, яъни бунга давлат буюртмаси ва мазкур фаолият тури учун лицензияси бўлмаган ҳолда ишлаб чиқишга қасддан қаратилган ҳаракатлар тушунилиши лозим.

12. Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш деганда, бундай восита ёки моддаларни қонунчиликни бузган ҳолда ўсимликлар, кимёвий ва бошқа моддалардан сериялаб олишга қасддан қаратилган ҳаракатлар (масалан, махсус кимёвий ёки бошқа ускуналардан фойдаланган ҳолда, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни шу мақсадларга мослаштирилган биноларда ишлаб чиқариш, уларни гуруҳлаб, қадоқлаб ишлаб чиқариш) тушунилиши лозим.

13. Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш деганда, қонунчиликни бузган ҳолда таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликлардан, доривор, кимёвий ва бошқа моддалардан фойдаланиш ёки истеъмол қилишга тайёр бир ёки бир неча гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар олиниши тушунилиши лозим.

Таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни майдалаш, қуритиш, увалаш (кукун қилиш), гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қўшимча ишлов (буғлаш, тозалаш, ҳайдаш ва ш.к.) бермай сувда эритиш натижасида модданинг кимёвий тузилмаси ўзгармаслиги сабабли, булар гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини тайёрлаш деб қаралиши мумкин эмас.

14. Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш деганда, қонунчиликда бундай восита ёки моддалар билан қонунга мувофиқ муомала қилиш учун белгиланган қоида ва тартибни бузган ҳолда содир этилган ҳаракатлар тушунилиши лозим.

15. Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда йўқ қилиш деганда, бундай восита ёки моддаларни қонунчиликда белгиланган қоида ва тартибни бузган ҳолда йўқ қилишга қасддан қаратилган ҳаракатлар тушунилиши лозим.

Жиноят қонунида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда йўқ қилиш учун махсус норма мавжуд эмаслиги сабабли, бундай ҳолларда айбдорнинг ҳаракатлари ЖК мансабдорлик жиноятлари учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддаси билан квалификация қилиниши лозим.

16. Таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни қонунга хилоф равишда етиштириш деганда, қонунчиликни бузган ҳолда бундай ўсимликларни экиш ва етиштириш учун махсус шароит яратиш, шунингдек, уларни экиш ва етиштириш, етиштириш технологиясини такомиллаштириш, янги навларини яратиш, ҳосилдорлигини ва мавжуд иқлим шароитига чидамлилигини ошириш фаолиятини тушуниш лозим.


17. Восита ва моддалар турини (гиёҳвандлик, психотроп), уларнинг миқдори, номланиши ва хусусиятлари, келиб чиқиши, ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш услубини, шунингдек, ўсимликнинг гиёҳвандлик моддаси таркибида мавжуд экинга тааллуқлилигини аниқлаш учун махсус билим талаб этилишини инобатга олиб, ҳар бир иш бўйича эксперт ёки мутахассисларнинг тегишли хулосалари олиниши шарт.

Ўзбекистон Республикасининг "Суд экспертизаси тўғрисида"ги 2010 йил 1 июндаги ЎРҚ-249-сонли Қонунининг 12-моддасига мувофиқ гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалардан фойдаланиладиган ҳар қандай экспертиза давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан ўтказилади.

18. Гиёҳвандлик воситаси, уларнинг аналоглари, психотроп моддани муайян миқдорга мансублиги масаласини ҳал этиш суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суднинг ваколатига тегишли бўлиб, улар бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида" 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сонли қарорига иловаларда кўрсатилган миқдорларга амал қилишлари зарур.

Гиёҳвандлик воситаси, унинг аналоги ёки психотроп модда бошқа бирон-бир нейтрал модда (тўлдирувчи) билан аралашмада бўлган ҳолларда гиёҳвандлик воситаси, унинг аналоги ёки психотроп модда миқдори аралашмада мавжуд нейтрал модда (тўлдирувчи) миқдорини ҳисобга олмаган ҳолда аниқланиши керак.

19. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни қонунга хилоф равишда етиштириш учун ЖК 270-моддаси билан жиноий жавобгарлик келиб чиқади.

Етиштирилиши тақиқланган экин экиш деганда, бундай экинлар уруғини тегишли рухсатсиз ҳар қандай ер майдонига, шу жумладан, бўш ётган ерларга ёки мослаштирилган идишларга уруғини сепиш ёки кўчатини ўтқазиш тушунилиши лозим. Ушбу жиноят ўсимлик униб чиққан-чиқмаганлиги ёки ўсган-ўсмаганлигидан қатъий назар, экин экилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади. Айбдорнинг ҳаракатлари экин майдони ўлчамидан келиб чиққан ҳолда ЖК 270-моддасининг тегишли қисмлари билан квалификация қилинади, бунда қилмишни ушбу модданинг биринчи қисми билан квалификация қилиш учун экин майдонининг ўлчами 250 квадрат метрдан кам бўлиши керак.

Тақиқланган экинларни етиштириш деганда, униб чиққан ёки ўтқазилган кўчатларни уларнинг пишиш босқичигача бўлган давр ичида парвариш қилишни тушуниш керак. Агар шахс етиштирилиши тақиқланган экинни турли майдонларда ўстираётган бўлса, қилмишни квалификация қилишда амалда экилган умумий майдонлар ўлчамидан келиб чиқиш лозим.

Агар етиштирилиши тақиқланган экинларни экиш ёки етиштириш келгусида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ёки кўзламай тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, шунингдек, ўтказиш (сотиш) билан боғлиқ бўлса, бундай ҳаракатлар ЖК 270-моддаси ва ЖК тегишли моддаларида назарда тутилган жиноятлар мажмуи билан квалификация қилиниши керак.

20. ЖК 271-моддасига мувофиқ, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни эгаллаш учун жавобгарлик улар корхона, ташкилот ва муассасалардан қонунга хилоф равишда олинганда, таркибида наркотик моддаси бўлган ўсимликларни белгиланган тартибда етиштираётган қишлоқ хўжалиги корхоналарига тегишли ерлардан, шунингдек, уларга қонуний ва қонунсиз равишда эгалик қилиб турган фуқаролардан қонунга хилоф равишда олинганда юзага келади.

Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни босқинчилик, талончилик, товламачилик, фирибгарлик, ўғирлик, ўзлаштириш ёки растрата қилиш, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан эгаллаш ЖК 271-моддасининг тегишли қисми билан квалификация қилиниши лозим бўлиб, ЖК ўзгалар мулкини талон-торож қилишни назарда тутувчи тегишли моддаларида билан қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди.

Дастлабки тергов органлари ва судлар ҳар бир иш бўйича гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллашдан кўзланган мақсадни аниқлашлари зарур. Бундай восита ёки моддаларни эгаллаш уларни келгусида ўтказиш (сотиш) учун содир этилганлиги аниқланган тақдирда, айбдорнинг ҳаракатлари қайд этилган жиноятларга тайёргарлик кўриш ёки суиқасд сифатида қўшимча равишда ЖК 25, 273-моддаси билан квалификация қилиниши керак.

21. ЖК 273-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш деганда, уларни турлича усулда ҳақ эвазига ёки текинга (сотиш, ҳадя этиш, алмаштириш, қарзи эвазига ёки қарз сифатида ва ҳ.к.) бошқа шахсга бериш тушунилиши лозим. Бунда воситалар, моддалар, ўсимликлар шахс томонидан бевосита ёки бошқа (масалан, улар сақланадиган жой ҳақида хабар бериш, шартлашилган жойга қўйиб кетиш) усулда амалга оширилиши мумкин.

Бир шахс томонидан бошқасига гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни инъекция (укол) қилиш, агар мазкур восита ёки модда истеъмолчининг ўзига тегишли бўлса ва инъекция унинг илтимосига кўра қилинган бўлса, қонунга хилоф равишда ўтказиш деб баҳоланиши мумкин эмас.

Шахснинг гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш учун ЖК 273-моддасининг тегишли қисми билан жавобгарлик уларнинг миқдори билан боғлиқ ҳолда келиб чиқади.

Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни сотиш усулида кўп миқдорда ўтказиш уларни ўтказишнинг энг ижтимоий хавфли кўриниши ҳисобланиши туфайли, мазкур қилмиш ЖК 273-моддасининг бешинчи қисми билан квалификация қилиниши лозим. Мазкур восита ёки моддаларни кўп миқдорда бошқа барча усулларда ўтказиш ЖК 273-моддасининг бошқа тегишли қисми билан жавобгарлик келиб чиқишига сабаб бўлади.

Айбдор томонидан гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларнинг фақат бир қисми ўтказилиб, қолган қисми кейинчалик суриштирув ёки дастлабки тергов давомида аниқланса, жавобгарлик қонунга хилоф равишда ўтказиш ва қонунга хилоф равишда сақлаш учун алоҳида-алоҳида (агар мазкур восита ва моддаларни ўтказишга нисбатан қасд аниқланмаган бўлса), уларнинг миқдорига боғлиқ равишда келиб чиқади.

22. Тушунтирилсинки, шахснинг гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни анча, кўп, жуда кўп миқдордаги чет эл валютаси эвазига ўтказишга қаратилган ҳаракатлари ЖК 177-моддасининг тегишли қисми билан қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди, чунки мазкур модда валюта қимматликларини тўлов воситаси сифатида эмас, балки ушбу қимматликларнинг ўзини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш учун жавобгарликни назарда тутади.

23. Шахснинг ғараз мақсадда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ниқоби остида қандайдир бошқа восита ёки моддаларни ўтказишда ифодаланган ҳаракатлари фирибгарлик сифатида, олувчининг ҳаракатлари эса - гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда олишга суиқасд сифатида квалификация қилиниши керак.

24. Агар шахс гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни олувчига, аслида мазкур восита ёки моддаларнинг эгаси бўлган бошқа шахснинг илтимоси (топшириғи) бўйича берса, уларни бераётган шахснинг ҳаракатлари, башарти у берилаётган нарсанинг хусусияти тўғрисида аниқ билган бўлсагина, мазкур восита, моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказишда биргаликдаги бажарувчи сифатида квалификация қилиниши лозим.

25. Айбдорда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказишга (ЖК 273-моддаси биринчи, иккинчи, учинчи, бешинчи қисмлари) қасд мавжудлиги тўғрисидаги масалани ҳал этишда, судлар бундай восита ёки моддалар ҳақиқатдан ўтказиш мақсадида тайёрлаб қўйилганлигига оид далиллар мажмуидан келиб чиқишлари лозим. Бундай далилларга, масалан, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар фақат истеъмол қилинишини истисно этадиган миқдорда топилганлиги, бундай восита ёки моддалар муайян дозада (ўлчамда) қадоқланганлиги, улар ташиш ёки жўнатишда махсус махфий жойга яширилганлиги, уларни тайёрлаш учун асбоб-ускуналар мавжудлиги, экспертизанинг айбдор гиёҳванд эмаслиги тўғрисидаги хулосаси ва ҳ.к.лар киради. Иш бўйича аниқланган ҳақиқий ҳолатлардан келиб чиқиб, айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 25-моддасининг биринчи ёки иккинчи қисми ва ЖК 273-моддасининг тегишли қисми билан квалификация қилиниши керак.

26. Бангихонани ташкил қилиш деганда, (ЖК 273-моддасининг тўртинчи қисми), уни тузишга қасддан қаратилган ҳаракатлар, масалан, турар-жой ёки нотурар-жой қидириш, сотиб олиш ёки ижарага олиш, уни таъмирлаш, ҳар хил ускуналар билан жиҳозлаш ишларини молиялаш ва кейинчалик бир неча шахс томонидан гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни истеъмол қилиш ёки тарқатиш учун фойдаланиш мақсадида содир этилган шунга ўхшаш ҳаракатлар тушунилиши лозим. Бангихонани ташкил этиш жинояти уни тузишга қаратилган ҳар қандай ҳаракат содир этилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.

Бангихона сақлаш деганда, унинг ишлаб туришига қаратилган, яъни гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилиш учун ажратилган ва (ёки) мослаштирилган жойдан мақсадли фойдаланиш, бинодан фойдаланиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш бўйича қасддан содир этилган ҳаракатлар (ижара ҳақини тўлаш, мижозлар қатновини тартибга солиш, қўриқлашни таъминлаш ва ҳ.к.) тушунилиши лозим. Қонун мазмунига кўра, бангихона сақлаш жинояти фақат бундай жойдан гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни истеъмол қилиш ёки тарқатиш учун ҳақиқатда фойдаланилган бўлсагина, тугалланган ҳисобланади. Бунда айбдор ғараз ёки бошқа мақсадни кўзлаганлиги аҳамият касб этмайди.

Агар бангихона ташкилотчиси ёки сақловчиси айни пайтда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказган ёки бошқа шахсларни уларни истеъмол қилишга жалб қилган бўлса, унинг ҳаракатлари, бунга асослар мавжуд бўлганда, ЖК 273-моддасининг тегишли қисми ва ЖК 274-моддасида назарда тутилган жиноятлар мажмуи билан квалификация қилиниши керак.

27. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, шахснинг ЖК 270-моддаси иккинчи қисми "а" банди, ЖК 271-моддаси иккинчи қисми "а" банди, ЖК 273-моддаси учинчи қисми "а" банди, ЖК 274-моддаси иккинчи қисми "а" банди, ЖК 276-моддаси иккинчи қисми "б" банди билан жиноий жавобгарлиги, у муқаддам ЖК ХIX бобида назарда тутилган бирон-бир содир этган жинояти учун судланган ҳолдагина келиб чиқади. Агар шахс муқаддам содир этган жинояти учун жиноий жавобгарликдан озод этилган ёки судланганлик ҳолати тугалланган ёинки қонунда белгиланган тартибда олиб ташланган бўлса, қилмиш мазкур белги билан квалификация қилиниши мумкин эмас.


28. Қонунга мувофиқ гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни ўз ихтиёри билан топширган шахс, агар топширилган восита ёки модда озгинадан кўпроқ миқдорни (ЖК 273-моддасининг олтинчи қисми) ёки кўп миқдорни (ЖК 276-моддасининг учинчи қисми) ташкил этмаса, суд томонидан жазодан озод қилинади.

29. Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки ақл-идрокига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш деганда, шахсда уларни истеъмол қилиш майлини уйғотишга қаратилган ҳар қандай қасддан қилинган ҳаракатлар (кўндириш, тавсия қилиш, маслаҳат бериш ва ш.ў.), шунингдек, таъсир ўтказилаётган шахс томонидан бундай восита ёки моддалар истеъмол қилиниши мақсадида алдаш, таҳдид қилиш, жисмоний зўрлик ишлатиш, озодлигини чеклаш ва ҳоказолар тушунилиши лозим. Жиноятни тугалланган деб топиш учун жалб этилаётган шахс гиёҳвандлик воситаси, унинг аналоги, психотроп ёки ақл-идрокига таъсир этувчи бошқа моддани ҳақиқатан ҳам истеъмол қилган бўлиши талаб этилмайди. Бундай ҳолларда, айбдорнинг бошқа жиноят таркибини ташкил этувчи ҳаракатлари ЖК тегишли моддаси билан алоҳида квалификация қилинади.

Айбдорнинг икки ва ундан ортиқ шахсни бир вақтнинг ўзида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки ақл-идрокига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилишга жалб этишга қаратилган ҳаракатлари ЖК 274-моддаси иккинчи қисмининг "в" банди билан квалификация қилиниши лозим.

Агар гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки ақл-идрокига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилишга вояга етмаган шахс жалб этилган бўлса, айбдорнинг ҳаракатлари махсус норма, яъни ЖК 127-моддасининг тегишли қисми билан квалификация қилинади.

30. ЖК 275-моддасида назарда тутилган жиноятнинг субъекти, фақат белгиланган тартибга (масалан, хизмат йўриқномаси, юқори турувчи мансабдор шахснинг буйруғи ёки фармойиши) кўра вазифасига мазкур модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатларни содир этишда тегишли қоидаларга амал қилиш ёки бунинг устидан назорат қилиш кирадиган шахс ҳисобланади.

Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар билан муомала қилиш қоидаларини бузиш шахс томонидан ҳам қасддан, ҳам эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиши мумкин. Бунда мазкур жиноят таркиби мавжудлигини аниқлаш учун шахс томонидан гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни, бундай воситалар ёки моддаларни ишлаб чиқишда фойдаланиладиган ва алоҳида назоратда турадиган ускуна ва жиҳозларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, қайта ишлаш, тақсимлаш, ташиш, жўнатиш, олиш, фойдаланиш, олиб кириш, олиб чиқиш ёки йўқ қилиш қоидалари бузилганлигини аниқлаш зарур.

31. Тушунтирилсинки, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш билан боғлиқ жиноятларга оид ишлар бўйича суд-кимёвий экспертиза ўтказиш айбдорликни исботлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Бундай турдаги экспертиза олдига ҳал этиш учун қуйидаги саволларни қўйиш мақсадга мувофиқ:

олинган восита ёки модда гиёҳвандлик, унинг аналоги, психотроп ҳисобланадими, агар ҳисобланса, унинг тури, актив моддасининг миқдори ва соф оғирлиги қанча;

олинган объектда гиёҳвандлик воситаси, унинг аналоги, психотроп моддаси қолдиқлари (микрозарралари) ёки излари борми;

муайян ер майдонидан олинган ўсимлик қайси турга мансуб ва у таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимлик ҳисобланадими;

олинган воситалар ёки моддалар бир хил ҳисобланадими, улар тайёрлаш усули (технологияси), сақлаш шароити, фойдаланилган бошланғич хом ашёси, кўкариб турган жойи бўйича келиб чиқиши жиҳатидан умумий манбага эгами.

32. Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш билан боғлиқ жиноятларга оид ишлар бўйича айбдор гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка йўлиққан-йўлиқмаганлигини аниқлаш ва уни мажбурий даволанишга юбориш масаласини ҳал этиш учун зарур ҳолларда наркологик экспертиза ўтказилиши лозим.

ЖК 96-моддасига мувофиқ гиёҳвандлик ёки заҳарвандликдан мажбурий даволаш нафақат озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларга нисбатан, балки озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган ҳолларда ҳам тайинланиши мумкин.


33. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, "Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида"ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ, бундай фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари томонидан назорат остида олиш, яъни гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни истеъмол қилиш ёки сотиш мақсадини кўзламасдан олишдан иборат бўлган махсус тадбир амалга оширилиши мумкин бўлиб, у жиноят-процессуал қонунининг тегишли талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилиши лозим.

34. Судлар мазкур тоифадаги ишлар бўйича жазо тайинлашда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги "Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида"ги 1-сонли қарорда берилган тушунтиришларга амал қилишлари лозим.

Жиноятнинг ташкилотчилари ва фаол иштирокчилари, шу жумладан, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни сотувчилар, ўтказувчилар, бундай восита ёки моддаларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ёки унинг ҳудуди орқали транзит тарзда ўтказган, шу каби жиноятлар учун муқаддам судланган, вояга етмаганларни бундай жиноятларга жалб қилган шахслар оғирроқ жавобгарликка тортилишлари лозим.

Шу билан бирга, судлар гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаган, олган, сақлаган шахсларга нисбатан, шунингдек, уларни етиштирган аёлларга, 60 ёшдан ошган эркакларга, вояга етмаганларга ва жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялаш мумкин бўлган бошқа шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинлаш масаласини муҳокама қилишлари шарт.

35. Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш билан боғлиқ жиноятларга оид ишлар бўйича ашёвий далиллар тўғрисидаги масалани судлар уларни сақлаш, давлатга топшириш ва йўқ қилишнинг ўрнатилган тартибига қатъий амал қилган ҳолда ҳукмда ҳал этишлари лозим.

Судларнинг эътибори ҳукмларнинг бундай турдаги ашёвий далилларни йўқ қилишга оид қисми ижроси устидан доимий назоратни амалга оширишлари зарурлигига қаратилсин.


36. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш билан боғлиқ жиноятларга оид ишлар ишлар судлар томонидан бехато кўрилиши устидан назоратни таъминласинлар ва судлов хатоларини ўз вақтида тузатиш юзасидан зарур чоралар кўрсинлар.

37. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1995 йил 25 октябрдаги "Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиёти ҳақида"ги 21-сонли қарори ҳамда 1997 йил 22 августдаги "Судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1995 йил 25 октябрдаги "Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиёти ҳақидa"ги қарорининг бажарилиши тўғрисида"ги 13-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Олий суд раиси


Ш. Газиев

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

Д. Камилов

     
















































Время: 0.1836
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск