Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 11.10.2017 й. 35-сон "Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

11.10.2017 й.

N 35



ФИРИБГАРЛИККА ОИД ИШЛАР БЎЙИЧА

СУД АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Суд-тергов амалиётида масалалар келиб чиққанлиги, шунингдек қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги муносабати билан, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ мулк унинг барча шаклларида дахлсиздир ва унга нисбатан ҳар қандай тажовуз қонун билан таъқиб этилади.


2. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, бозор иқтисодиёти шароитида мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш тариқасидаги жиноятлар ўсиши тенденцияси кузатилмоқда.


3. Фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қонунга хилоф равишда ва текин қўлга киритишда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулкдор (унинг вакили), мулкнинг бошқа эгаси ёки ваколатли орган мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради, ёинки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият беради.


4. Фирибгарликда алдаш деганда, айбдор томонидан, била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулкдор, мулкнинг бошқа эгасига маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ёхуд бундай шахсларни янглиштиришга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар тушунилади.

Фирибгарликда ёлғон маълумотларга жабрланувчини янглиштиришга олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатлар, жумладан, юридик факт ва воқеалар, мулкнинг сифати, нархи, айбдорнинг шахси, унинг ваколати, нияти (масалан, айбдор шахс ўзини мансабдор шахс ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида кўрсатиши) тааллуқли бўлиши мумкин.

Фирибгарликда жабрланувчини янглиштиришга қаратилган қасддан содир этиладиган ҳаракатлар жумласига, масалан, битим ёки тўлов предметини сохталаштириш, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ўйнаш чоғида алдов усулларини қўллаш ва ҳ.к. киради.


5. Фирибгарликда ишончни суиистеъмол қилиш деганда, айбдорнинг мулкдор, мулкнинг бошқа эгаси ёки мулкни учинчи шахсларга бериб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бошқа шахслар билан ишончли муносабатлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши тушунилиши лозим. Ишончга турли ҳолатлар, масалан, айбдор шахснинг хизмат мавқеи ёки унинг жабрланувчи билан шахсий ёки қариндош-уруғлик муносабатлари сабаб бўлиши мумкин.


6. Судларга тушунтирилсинки, фирибгарликда алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни айбдор мулкдорлиги ёки эгалигига ихтиёрий равишда берадиган ақли расо шахсга нисбатан содир этилган бўлиши шарт. Айбдор томонидан, била туриб, ақли норасо шахсни ёки воқелик моҳиятини англаш қобилиятига эга бўлмаган (масалан, кичик ёшдаги болалиги (14 ёшга тўлмаганлиги), кўзи ожизлиги, руҳий жиҳатдан норасолиги, алкоголь, гиёҳвандлик воситаси, уларнинг аналоглари ёки психотроп модда таъсирида оғир даражада мастлиги туфайли) шахсни алдаш ва ундан мулкини олиш фирибгарлик тариқасида эмас, балки ўғирлик сифатида квалификация қилиниши лозим, чунки бундай ҳолларда шахс мулк унинг эгалигидан чиқиб кетаётганлигини англамайди.

7. Мулкни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, мазкур мулк айбдор ёки бошқа шахсларнинг ғайриқонуний эгалигига ўтган ва улар ундан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имкониятига эга бўлган пайтдан тугалланган деб топилади. Қонунга кўра, шахс банкдаги пул маблағларини улар унинг банкдаги ҳисоб варақасига келиб тушган (ўтказилган) пайтдан бошлаб реал тасарруф қилиш имкониятига эга бўлганлиги туфайли, жиноят бу маблағлар уларни маблағ эгаси ҳисоб варақасидан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан олган шахснинг ёки бошқа шахснинг банкдаги ҳисоб варақасига ўтказилган пайтдан тугалланган деб топиш лозим.

Ўзганинг мулкига бўлган хуқуқни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, айбдорда ўзганинг мулкига эгалик қилиш ёки тасарруф этиш учун юридик жиҳатдан тасдиқланган имконият пайдо бўлган пайтдан (масалан, кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи ёки қонунга мувофиқ рўйхатга олиниши шарт бўлган бошқа мулкка нисбатан ҳуқуқ рўйхатга олинган пайтдан; шартнома тузилган вақтдан; мулкка нисбатан шахснинг хуқуқи тан олинган суд қарори кучга кирган кундан; ваколатли давлат органи айбдорда ёки бошқа шахсларда мулкка нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ёки тасарруф этиш учун асослар мавжудлиги тўғрисида қарор қабул қилган кундан) тугалланган ҳисобланади.


8. Агар шахс ўзганинг мулкини ёки унга бўлган ҳуқуқни мазкур мулк ёки ҳуқуқ унга берилиши шарти билан боғлиқ мажбуриятларни бажармаслик ниятида олган ёки эгаллаган бўлса, қилмиш айбдорда ўзганинг мулкини ёки унга бўлган хуқуқни қўлга киритишга нисбатан қасд фақат ўзганинг мулки ёки унга бўлган ҳуқуқ қўлга киритилгунга қадар пайдо бўлган ҳолдагина фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим. Ўзганинг мулкини талон-торож қилишга қаратилган қасд мавжудлиги тўғрисида, жумладан, айбдор томонидан сохта ҳужжат ёки кафолат хатларидан фойдаланиш, қарз мавжудлиги ёки мулк гаров остидалиги тўғрисидаги маълумотни яшириш, битимда тарафлардан бири сифатида иштирок этиши учун сохта корхона (ташкилот) тузилиши, кредит маблағларидан мақсадга зид фойдаланиш ёхуд уларни нақдлаштириш кабилар гувоҳлик бериши мумкин. Қайд этилган ҳолатлар ўз ўзидан шахсни фирибгарлик содир этишда айбдор деб топиш учун асос бўлмайди, шу туфайли, шахснинг ўз мажбуриятларини била туриб бажариш нияти бўлмаганлиги ҳар бир муайян ҳолда ишнинг барча ҳолатларидан келиб чиқиб аниқланиши шарт.

Агар ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд айбдорда мулк қабул қилингандан кейин юзага келган бўлса, шахснинг ҳаракатлари фирибгарлик таркибини ташкил этмайди ва муайян ҳолатларни инобатга олган ҳолда ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш (масалан, шахснинг ўзига хўжалик юритиш, оператив бошқариш, ишончли бошқариш, етказиб бериш, сақлаш, реализация қилиш ва ҳ.к. мақсадида қонуний берилган мулкни қонунга хилоф тарзда ва ҳақини тўламай ўзининг ёки бошқа шахснинг мулкдорлигига қаратиши) сифатида баҳоланиши лозим.

Агар шахс ўз зиммасига олган мажбуриятларини уни ижро этиш жараёнида айрим объектив сабабларга кўра (масалан, мулкий ночорлиги, шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, оғир касаллиги, фавқулодда ҳолат туфайли) бажара олмаса ёки ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд мавжудлигини исботлашнинг имкони бўлмаса, бундай ҳолатлар фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низо сифатида баҳоланиб, фуқаролик, иқтисодий суд иши юритуви тартибида ҳал этилади.


9. Суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, қонун талабларига мувофиқ тузилган битимлар, шартномаларга асосланган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик ҳам, бундай ҳолда ўзгалар мулкини эгаллашда ҳуқуққа хилофлилик белгиси бўлмаганлиги туфайли фирибгарлик деб баҳоланиши мумкин эмас, чунки мулк битим, шартнома бўйича бир тарафдан иккинчи тарафга, жумладан тарафлар учун ўзаро моддий манфаатни назарда тутувчи муайян шартлар билан берилади. Агар битим, шартнома шартлари бажарилмаса, қонунга кўра (ФК 2, 9, 24-боблари, ФПК II бўлимининг 2-кичик бўлими, ИПК 18-боби) бузилган ҳуқуқ фақат фуқаролик ёки иқтисодий иш юритуви тартибида тикланиши мумкин бўлиб, уларда мажбуриятлар ижросини таъминлаш учун етарли ҳуқуқий воситалар мавжуд.

Шу муносабат билан, қонун талабларига мувофиқ тузилган фуқаролик-ҳуқуқий битим, шартнома бўйича жиноят белгилари мавжуд бўлмаган барча ҳолларда, низо фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича суд томонидан кўриб чиқилиши лозим.

Тушунтирилсинки, агар битим, шартнома тузилиши пайтида тарафлар хоҳиш-иродаси эркин ифода этилган бўлиб, унинг шаклига нисбатан Фуқаролик кодексида белгиланган қуйидаги талаблар бажарилган бўлса, у қонун талабларига мувофиқ тузилган ҳисобланади, яъни:

оғзаки шакл - тузилаётган вақтнинг ўзидаёқ бажариладиган (жетон, патта, квитанция ва ҳ.к. олиш пайтида) битим, ҳадя шартномаси ёки фуқаролар ўртасида тузиладиган қарз шартномаси (агар шартнома суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлмаса) тузилаётганда;

оддий ёзма шакл (тилхат, хат, ҳужжатлар ва ҳ.к.) - қуйидаги шартномалар: гаров, кафиллик, закалат, маҳсулот етказиб бериш, энергия таъминоти, кўчмас мулкни сотиш, ҳадя (агар ҳадя берувчи юридик шахс бўлса ёки шартнома суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлса), мулк ижараси (агар тарафлардан бири юридик шахс бўлса), прокат, юридик шахслар ўртасидаги бино ижараси, лизинг, юридик шахслар ўртасидаги уй-жой ижараси, пудрат, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш, йўловчи ташиш, фуқаролар ўртасидаги қарз шартномаси (агар шартнома суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ ёки тарафлардан бири юридик шахс бўлса), кредит, банк омонати, топшириқ, воситачилик, мол-мулкни ишончли бошқариш, омонат сақлаш, суғурта тузилаётганда;

нотариал тасдиқланган шакл - қуйидаги шартномалар: давлат рўйхатидан ўтказилиши талаб этиладиган автомототранспорт, ер участкаси, бошқа кўчмас мулк олди-сотдиси, айирбошлаш, кўчмас мулк ва автомототранспорт ҳадяси, рента, уй-жой (квартирани) бошқа шахсга бериш, кўчмас мулк ижараси, корхона, автомототранспорт воситалари бино (фуқаролар ўртасида) ижараси, фуқаролар ўртасидаги уй-жой ижараси тузилаётганда.


10. Агар қонун талабларига мувофиқ тузилган битимлар, шартномалар юзасидан низони судда кўриш натижалари бўйича жавобгарда ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган хуқуқни қўлга киритишга нисбатан қасд мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни эгаллашдан олдинроқ пайдо бўлганлиги аниқланса, суд манфаатдор тарафларга хуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жиноят тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши мумкинлигини тушунтиради.


11. Қонун талабларига мувофиқ тузилган битимлар, шартномалардан келиб чиқадиган аризалар судни четлаб суриштирув, дастлабки тергов органларига тушганда, улар ЖПК 329-330-моддаларида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилиши ва жиноят белгилари мавжуд бўлмаган тақдирда, манфаатдор шахсларга низо фуқаролик суд иши юритуви тартибида ҳал этилиши зарурлиги тушунтирилиши лозим.

Шуни назарда тутиш лозимки, суднинг айнан бир масала бўйича фуқаролик, иқтисодий суд иши юритиш тартибида чиқарилиб, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорининг мавжудлиги, ЖК 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилишига ва унинг жиноят судлов ишини юритиш тартибида кўриб чиқилишига тўсқинлик қилмайди.


12. Ижтимоий тўлов, нафақа, бошқа пул тўловлари (масалан, компенсациялар, суғурта тўловлари)ни ёки бошқа мулкни тегишли қарор қабул қилишга ваколатли ижро ҳокимияти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, муассаса ёки ташкилотларга, қонунга кўра тўловлар ёки мулкни олиш учун асос бўладиган ҳолатлар мавжудлиги (жумладан, олувчининг шахси, ногиронлиги, боқимандалари борлиги, уруш ҳаракатларида қатнашганлиги, ишга жойлаштириш имконияти йўқлиги, суғурта ҳодисаси рўй берганлиги) тўғрисида била туриб, ёлғон маълумотлар тақдим этиш йўли билан олиш фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим.

Ижтимоий тўлов, нафақа ёки бошқа пул тўловларини мазкур тўловларни олиш учун қонуний асослар тугаганлиги тўғрисида тегишли органларга қасддан хабар бермай, уларни олишни давом эттирган шахснинг ҳаракатлари ҳам шу тарзда квалификация қилиниши керак.


13. Фирибгарлик жиноятидан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш жиноятини (ЖК 170-моддаси) фарқлаш лозим, чунки бундай ҳолда шахс ўзганинг мулкини бевосита олиб қўймасдан ва унга нисбатан ҳуқуққа эга бўлмасдан, қонунга (шартномага) кўра мулкдор эгалиги ёки тасарруфига ўтиши лозим бўлган товар-пул қимматликларини ўзлаштиради ва улар ҳисобига бойийди (масалан, автомобилларга техник ёрдам кўрсатиш шохобчаси ходими нарядда кўрсатилмаган ишларни бажариб ёки вагон кузатувчиси йўловчини чиптасиз ташиб, мижоздан олинган ҳақни ўзлаштиради, босмахона бош инженери буюртма қилинган маҳсулотнинг ҳисобга олинмаган тиражи учун олинган ҳақни ўз мулкдорлигига қаратади ва ҳ.к.).


14. Агар алдов шахс томонидан ўзганинг мулкини қўлга киритишни енгиллатиш мақсадида ишлатилган бўлиб, мулкни олиб қўйиш жараёнида мулкдор, мулк эгаси ёки бошқа шахс унинг асл ниятини сезиб қолган, айбдор буни англасада, бироқ мулкдор ёки мулк эгасининг эркига зид равишда мулкни ушлаб туришни давом эттирган бўлса, қилмиш талончилик, мулкдор ёки мулк эгасига билдирмасдан мулк билан яширинган ҳолларда эса, фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим.


15. Фирибгарлик йўли билан корхона, муассаса, ташкилотлар, мулкини талон-торож қилиш учун жиноий жавобгарлиги, фақат, талон-торож қилинган мулк суммаси МЖтК 61-моддаси учинчи қисмида кўрсатилган миқдордан ошган ҳолдагина келиб чиқади (жумладан квалификацияловчи белгилар мавжуд бўлганда ҳам).

Агар корхона, муассаса, ташкилотларнинг фирибгарлик йўли билан талон-торож қилинган мулки суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг МЖтК 61-моддаси учинчи қисмида кўрсатилган миқдоридан ошмаса, маъмурий ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд бўлади. Бундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда ҳам, агар талон-торож суммаси кўрсатилган миқдордан ошмаса, маъмурий жавобгарлик келиб чиқади. Бунда оз миқдорда талон-торож неча марта содир этилганлиги аҳамият касб этмайди.

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, МЖтК 61-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ устав фондида давлат улуши бўлмаган корхона, муассаса, ташкилотлар ходимлари уларнинг мол-мулкини фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-торож қилганда, фақат уларнинг раҳбари, мулкдори ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра жавобгарликка тортилиши мумкин.


16. Шуни таъкидлаш жоизки, қонунга кўра фуқаролар мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилганлик учун жиноий жавобгарлик талон-торож миқдоридан қатъий назар келиб чиқади. Айни пайтда, талон-торож миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлган ҳар бир ҳолда суриштирув, тергов органлари ва судлар айбланувчи (судланувчи)нинг шахсига ва моддий зарар қопланишига оид маълумотларни инобатга олган ҳолда ЖК 65, 66, 70, 71-моддаларини қўллаш масаласини муҳокама этишлари шарт.

17. Жиноят предмети бўлган мулкнинг қийматини аниқлашда, унинг мулкдор томонидан қай йўсинда сотиб олинганлигига қараб, жиноят содир этилган вақтда амалда бўлган ва тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган чакана, бозор ёки комиссион нархлардан келиб чиқиш лозим. Нарх мавжуд бўлмаганда ва талон-торож миқдори тўғрисида низо келиб чиққан ҳолларда, мулк қиймати эксперт хулосасига асосан аниқланади.

Айбдор томонидан талон-торожни яшириш мақсадида талон-торож қилинган мулк ўрнига бошқа, қиймати камроқ мулк алмаштириб қўйилган ҳолларда ҳам қилмиш талон-торож қилинган мулк қийматидан келиб чиққан ҳолда квалификация қилинади. Бунда талон-торож қилинган мулк ўрнига тақдим этилган мулк қиймати айбдордан моддий зарарни ундириш, шунингдек жазо тури ва миқдорини белгилаш чоғида ҳисобга олинади.


18. Айбдорнинг ҳаракатларида кўп ёки жуда кўп миқдорда фирибгарлик содир этилиши каби квалификацияловчи белги мавжудлиги тўғрисидаги масала ЖК саккизинчи бўлимида баён этилган тушунтиришларга мувофиқ ҳал этилиши лозим.

Бир неча эпизоддан иборат умумий қасд ва ягона мақсадга йўналтирилган давомли фирибгарлик содир этган шахснинг ҳаракатларини квалификация қилишда судлар талон-торож миқдорини жами талон-торож қилинган мулк қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқлашлари керак.

Агар айбдор томонидан бир эмас, балки бир неча фирибгарлик ҳаракатлари содир этилиб, уларнинг ҳар бирида ўзганинг мулкини олишга йўналтирилган мустақил қасд амалга оширилган бўлса, талон-торож қилинган мулк қийматини қўшиб ҳисоблашга йўл қўйилмайди.

Агар шахснинг қасди ўзганинг мулкини кўп (жуда кўп) миқдорда эгаллашга йўналтирилган бўлиб, у айбдорга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган бўлса, қилмиш ҳақиқатда талон-торож қилинган мулк қийматидан қатъий назар, қасд йўналтирилганлигидан келиб чиқиб, кўп (жуда кўп) миқдордаги фирибгарликка суиқасд сифатида квалификация қилиниши керак.


19. Судларга тушунтирилсинки, қалбаки ҳужжатдан фойдаланган ҳолда содир этилган фирибгарлик, башарти ҳужжат айбдор томонидан тайёрланган ёки сохталаштирилган бўлса, жиноятлар мажмуи тарзида ЖК 168-моддаси ва 228-моддаси биринчи ёки иккинчи қисмлари билан квалификация қилинади.

Шахс фирибгарлик мақсадида ўзи томонидан тайёрланган қалбаки ҳужжатдан фойдаланган, бироқ унга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра ўзганинг мулкини ололмай ёки мулкка нисбатан хуқуққа эга бўлолмай қолган ҳолларда қилмиш жиноятлар мажмуи тарзида ЖК 25-моддаси иккинчи қисми, ЖК 168-моддаси ва ЖК 228-моддаси тегишли қисми билан квалификация қилиниши лозим.

Бошқа шахс томонидан тайёрланган қалбаки ҳужжатдан фойдаланган ҳолда фирибгарлик содир этган шахснинг ҳаракатлари ЖК 168-моддаси тегишли қисми билан квалификация қилинади ва ЖК 228-моддаси учинчи қисми билан қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди, чунки бундай ҳолда хужжат айбдор томонидан ўз мақсадига эришиш учун алдаш воситаси сифатида фойдаланилган бўлади.


20. Тушунтирилсинки, компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб фирибгарлик содир этиш (ЖК 168-моддаси иккинчи қисми "в" банди) деганда, молия, банк муассасалари, фондлар ва ш. к. ларда бўлган мулкни алдов йўли билан компьютер техникаси воситалари ёрдамида манипуляция қилиш орқали амалга ошириладиган талон-торож тушунилади. Бундай фирибгарлик компьютер тизимида ишлов бериладиган, тегишли ахборот ташувчиларда сақланадиган ёки маълумотларни узатиш тармоқлари бўйича бериладиган ахборотни ўзгартириш йўли билан ҳам, компьютер тизимига ёлғон ахборот киритиш йўли билан ҳам содир этилиши мумкин.

Агар шахс компьютер техникаси ёрдамида қалбаки ҳужжат тайёрлаб, сўнгра ундан мулкни қўлга киритиш учун фойдаланган бўлса, қилмишни ЖК 168-моддаси иккинчи қисми "в" банди билан квалификация қилиб бўлмайди.


21. Хизмат мавқеидан фойдаланиб фирибгарлик содир этганлик (ЖК 168-моддаси учинчи қисми "в" банди) учун жавобгарлик шахс ўз хизмат мавқеидан фақат алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш учун фойдаланиб, ўзганинг мулкини ёки унга бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш мақсадида ўз хизмат ваколатлари доирасига кирмайдиган ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) амалга оширган ҳоллардагина вужудга келади.

22. Мансабдор шахс томонидан у мансаб ваколати йўқлиги ёки уз хизмат мавқеидан фойдалана олмаслиги туфайли аслида амалга ошира олмайдиган муайян ҳаракат (ҳаракатсизлик) учун пул, қимматли қоғоз ва бошқа моддий қимматликлар олиниши, унда мазкур қимматликларни эгаллашга нисбатан қасд мавжуд бўлган тақдирда, фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим.

Агар шахс (шу жумладан мансаб ваколати йўқлиги ёки ўз хизмат мавқеидан фойдалана олмаслиги туфайли муайян ҳаракат (ҳаракатсизлик)ни аслида амалга ошира олмайдиган мансабдор шахс), гўёки мансабдор шахсга пора сифатида бериш учун пул ёки бошқа қимматликларни олиб, бироқ аслида бундай нияти бўлмасдан, уларни ўзлаштирса, қилмиш фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим.

Агар қимматликларни эгаллаш мақсадида уларнинг эгаси айбдор томонидан пора беришга далолат этилган бўлса, унинг ҳаракатлари фирибгарликдан ташқари пора беришга далолат этиш сифатида қўшимча квалификация қилиниши лозим. Қимматликлар эгасининг ҳаракатлари эса, бундай ҳолларда, пора беришга суиқасд сифатида квалификация қилиниши керак.

Агар пора бериш ташаббуси пора берувчи томонидан билдирилган бўлса, бундай ҳолда шахснинг ҳаракатлари фақат фирибгарлик жинояти сифатида квалификация қилиниб, қўшимча равишда ЖК 211-моддаси билан квалификация қилишни талаб этмайди.


23. Фирибгарлик натижасида олинган, шунингдек иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган жабрланувчига тегишли пул ва бошқа қимматликлар ЖПК 211-моддаси 4-бандига кўра, ўз эгасига қайтариб берилиши лозим, пул ва бошқа қимматликлар улар эгасининг ташаббуси билан, била туриб, пора предмети сифатида берилган ҳоллар бундан мустасно. Пул ва бошқа қимматликлар топилмаган ҳолларда уларнинг суммаси ёки пул бирлигидаги қиймати суд томонидан жабрланувчи ёки давлат фойдасига ундирилади.


24. Фирибгарликни иқтисодиёт соҳасидаги қатор жиноятлардан, шу жумладан, ўзганинг мулкини талон-торож қилишнинг бошқа шаклларидан фарқламоқ лозим.

Фирибгарликнинг ўғриликдан (ЖК 169-моддаси) фарқи шундаки, фирибгарликда айбдор мулкни ўзганинг эгалигидан олиб қўймайди, балки у томонидан янглиштирилган жабрланувчининг ўзи мулкни ёки мулкка бўлган ҳуқуқни беришига эришади.

Товламачиликдан (ЖК 165-моддаси) фирибгарлик шу билан фарқланадики, товламачиликда жабрланувчи қўрқув таъсири остида ҳаракат қилади, эрки синдирилган бўлади, фирибгарликда эса алдов натижасида жабрланувчининг эрки янглиштирилган.

Фирибгарлик жиноятидан ўтказиш мақсадида қалбаки банк билетлари (банкнотлар), металл тангалар, акциз маркалари, шунингдек қимматли қоғозлар ёки чет эл валютаси ёхуд чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш (ЖК 176-моддаси) қасд йўналиши ва сохталаштириш хусусияти билан фарқланади. Бунда пул белгиси ёки чет эл валютаси пул айланмасига киритиш учун сохталаштирилади. Қимматли қоғозларни қалбакилаштириш билан боғлиқ фирибгарликда эса, (масалан, пул купюрасига бир неча ноль рақамларини қўшиб ёзиш, сувенир банкнотларни, банкнот ёки қимматли қоғозларнинг фото-ксеронусхаларини ишлатиш ва ҳ.қ.) қасд муайян шахсни алдаш ва мулкий фойда олишга қаратилган бўлади.

Агар айбдор била туриб, қалбаки банк билетлари (банкнотлар), металл тангалар, акциз маркалари, шунингдек қимматли қоғозлар ёки чет эл валютаси ёхуд чет эл валютасидаги қимматли қоғозлардан фойдаланган ҳолда ўзганинг мулкини қўлга киритса, унинг ҳаракатлари ЖК 176 ва 168-моддалари билан квалификация қилинади.


25. ЖПК 415-моддасига мувофиқ суд айбловни ўзгартириши ва судланувчининг ҳаракатларини ЖК бошқа моддаси (қисми, банди)га квалификация қилишга, шунингдек, жиноятнинг айрим (судланувчининг айбига киритилган ҳаракатлардан) эпизодларини судланувчига айб эълон қилинмаган ЖК моддасига квалификация қилишга ҳақли.

Шундан келиб чиқиб, фирибгарлик ўзганинг мулкини талон-торож қилиш шаклларидан бири эканлигини инобатга олиб, суд айбдорнинг ҳаракатларини ЖК 168-моддасидан ЖК 167-моддасига қайта квалификация қилишга ҳақли.


26. ЖК 168-моддаси бешинчи қисмига мувофиқ, жиноят оқибатида етказилган зарарни қопланиши озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўллашни истисно этади, шу сабабли, зарар тўлиқ қопланмаган ҳолларда судлар айбдорга нисбатан озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони қўллашнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги масаласини муҳокама қилишлари шарт.

Агар оператив-қидирув тадбири ўтказилиши натижасида иш бўйича моддий зарар етказилишининг олди олинган бўлса, ЖК 168-моддаси бешинчи қисмида назарда тутилган қоида қўлланилмайди.

27. Судлар қонунда белгиланган тартибда фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга киришган шахсларга нисбатан қонунга хилоф равишда фирибгарлик тўғрисида жиноят иши қўзгатиш амалиётига барҳам бериш юзасидан чоралар кўришлари лозим. Шу мақсадда низолашаётган тарафлар орасида келиб чиққан ҳақиқий муносабатлар хусусияти синчковлик билан аниқланиши лозим бўлиб, бу айбсиз шахслар қонунга зид равишда судланиши ҳолларига чек қўйилишига олиб келади. Иш бўйича шахс қонунга хилоф равишда жиноий жавобгарликка тортилганлиги факти аниқланган ҳолда суд бунга тегишли муносабат билдириб, жиноят ишини юритишга масъул давлат органлари мансабдор шахсларига нисбатан хусусий ажрим чиқариши керак.


28. Қатор ҳолларда муайян мақсадларига қонунчиликда белгиланган тартибга риоя этмаган ҳолда эришишни истаган жабрланувчиларнинг хулқ-атвори фирибгарлик содир этилишига шарт-шароит яратиб бераётганлигини эътиборга олган ҳолда, суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судлар бундай ғайриқонуний ҳаракатларга нисбатан тегишли ҳуқуқий баҳо беришлари, шунингдек, келажакда фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун бундай ҳаракатлардан келиб чиққан оқибатларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишлари лозим.


29. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди фирибгарлик тўғрисидаги ишларни кўриш бўйича суд амалиётини вақти-вақти билан умумлаштиришлари, бу тоифадаги ишлар бўйича суд қарорлари қонунийлиги ва асослилигини чуқур текширишлари, йўл қўйилган қонун бузилишларини ўз вақтида бартараф этишлари лозим.

30. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 июлдаги "Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги 8-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби,

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди судьяси

И. Алимов

            













































Время: 0.1872
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск