язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Транспорт, йўллар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.10.2017 й. ПҚ-3336-сон "Поп-Наманган-Андижон темир йўл линиясини электрлаштириш" лойиҳасини Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

17.10.2017 й.

N ПҚ-3336



"ПОП-НАМАНГАН-АНДИЖОН ТЕМИР ЙЎЛ

ЛИНИЯСИНИ ЭЛЕКТРЛАШТИРИШ" ЛОЙИҲАСИНИ

ОСИЁ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ ИШТИРОКИДА АМАЛГА

ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Республика темир йўллари тармоғини янада ривожлантириш, Поп-Наманган-Андижон темир йўл линияси участкасини электрлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш ҳисобига йўловчилар ва юк ташишлар самарадорлигини ошириш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки:

2017 йилнинг 21 апрель куни Осиё тараққиёт банки директорлар Кенгаши (ОТБ) "Поп-Наманган-Андижон темир йўл линиясини электрлаштириш" (кейинги ўринларда - лойиҳа деб юритилади) лойиҳасини амалга ошириш учун ОТБнинг беш йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган, узиш муддати 25 йил бўлган, 80,0 млн. АҚШ доллари миқдорида оддий капитал ресурсларидан Ўзбекистон Республикасига қарз беришни маъқуллади;

лойиҳани амалга ошириш даври этиб беш йил белгиланди (2017-2021 йиллар);

ОТБнинг қарзи Ўзбекистон Республикаси ва ОТБ ўртасидаги қарз битими асосида тақдим этилади;

лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг улуши эквиваленти 122,03 млн. АҚШ доллари миқдорида, шу жумладан, солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этиш кўринишида 38,72 млн. АҚШ доллари, шунингдек, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг эквиваленти 72,09 млн. АҚШ доллари ҳамда "Ўзбекэнерго" АЖнинг эквиваленти 11,22 млн. АҚШ доллари миқдоридаги шахсий маблағлари ҳисобланади.


2. Белгилансинки:

қарздан мақсадли ва самарали фойдаланиш ва лойиҳани амалга ошириш юзасидан ижро этувчи орган этиб "Ўзбекэнерго" АЖ ҳисобланади;

ОТБнинг қарзини узиш, шунингдек, фоизларни тўлаш, ОТБнинг қарзи бўйича комиссиялар ва бошқа харажатлар билан боғлиқ тўловлар, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

лойиҳа доирасида ташқи электрлаштириш объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш "Ўзбекэнерго" АЖнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади;

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ лойиҳа доирасида ОТБ қарзи ва "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг шахсий маблағлари ҳисобидан харид қилган ташқи электр таъминлаш материаллари ва ускуналарини беғараз асосда "Ўзбекэнерго" АЖга мулк сифатида тақдим этади.


3. "Ўзбекэнерго" АЖ раисига ОТБ ва "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ўртасидаги лойиҳа битимига мувофиқ "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга зарур ҳисоботларни ўз вақтида тузиш ва тақдим этиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


4. Лойиҳани амалга ошириш доирасида:

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ - Поп-Наманган-Андижон темир йўл линиясини электрлаштириш бўйича бош буюртмачи;

"Ўзбекэнерго" АЖ - ташки электр таъминоти объектларини қуриш бўйича бош буюртмачи;

"Боштранслойиҳа" АЖ ва "Ўртаосиёэнерготармоқлойиҳа" АЖ - бош лойиҳа ташкилоти;

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва "Ўзбекэнерго" АЖнинг таркибий бўлинмалари - бош пудрат ташкилотлари этиб белгилансин.


5. Қуйидагилар:

"Поп-Наманган-Андижон темир йўл линиясини электрлаштириш" лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари техник-иқтисодий асоси 1-иловага* мувофиқ;

ОТБ қарзини узиш ва унинг фоизлари ҳамда комиссияларини тўлаш жадвали 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


6. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси молия вазирига Ўзбекистон Республикаси номидан ОТБ билан қарз битимини, шунингдек, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ билан қайта кредитлаш тўғрисидаги битимни имзолаш;

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси биринчи ўринбосарига ОТБ билан лойиҳа битимини имзолаш ваколати берилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ва ОТБ ўртасидаги қарз битими бўйича белгиланган тартибдаги юридик хулосани берсин.


8. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва "Ўзбекэнерго" АЖга лойиҳани амалга ошириш доирасида, истисно тариқасида:

2018 йилнинг 1 апрелигача Поп-Наманган-Андижон темир йўл линиясини электрлаштириш ва ташқи электр таъминоти объектларини қуриш билан биргаликда, лойиҳа-смета ҳужжатларини бирвақтнинг ўзида ишлаб чиқишни амалга ошириш;

тендер савдоларини ўтказмасдан туриб, ишлаб-чиқарувчи заводлар ёки уларнинг расмий диллерлари (дистребюторлари) билан энг мақбул таклифларни танлаб олиш асосида, юклашдан аввалги инспекцияни ўтказган ҳолда, ускуна ва материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва узеллар етказиб беришга шартномалар тузишга рухсат берилсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси лойиҳани амалга ошириш доирасида харид қилинадиган ускуналар, техника, технологиялар, бутловчилар ва материаллар қисмида импорт шартномаларини экспертизадан ўтказилишини белгиланган тартибда таъминласин.


10. "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзбекнефтгаз" АЖ лойиҳани амалга ошириш доирасида, мансублигига қараб, ўз маблағлари ҳисобидан қурилиш ҳудудига тушган мавжуд муҳандислик коммуникацияларини кўчиришни ва улашни, шунингдек, муҳандислик коммуникацияларининг узлуксиз ишлашини ҳисобга олган ҳолда лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ муҳандислик коммуникациялари уланилишини таъминласин.


11. Лойиҳани амалга ошириш доирасида 2022 йилнинг 1 январигача:

белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ускуналар ва материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва узеллар, технологик ҳужжатлар, асбоб-ускуналар - божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);

буюртмачига бош лойиҳа ва пудрат ташкилотлари, субпудратчилар ва етказиб берувчилар томонидан (Ўзбекистон Республикаси резидентлари) сотиладиган товарлар (ишлар, хизматлар), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан бажариладиган ишлар (хизматлар) - қўшилган қиймат солиғи, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш бюджетдан ташқари жамғармасига тўланиладиган мажбурий ажратмалар ва йиғимлардан;

Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан бажарилган ишлардан (кўрсатилган хизматлардан) олинган даромадлар - юридик шахслар даромади солиғидан;

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва "Ўзбекэнерго" АЖ ташкилотлари ўртасида беғараз асосда топшириладиган ва қабул қилинадиган мулк - даромад солиғидан озод этилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, "Ўзметкомбинат" АЖ, "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва "Ўзқурилишматериаллари" АЖ иш ҳужжатлари параметрларини ҳисобга олган ҳолда бош буюртмачи томонидан тақдим этиладиган асосли ҳисоб-китобларга кўра тўғридан-тўғри шартномалар бўйича лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган ҳажмларда: цемент ва металпрокатни - бошқариладиган нархларда, ёқилғи-мойлаш материалларини - келишилган нархларда ажратилишини ҳамда етказиб берилишини таъминласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг талабномаларига кўра лойиҳани амалга оширишда қатнашаётган хорижий мутахассисларга кириш визаларини, консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмаган ҳолда расмийлаштирилишини таъминласин.


14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг талабномаларига кўра лойиҳани амалга оширишда қатнашаётган хорижий мутахассисларга, кўп марталик визаларни чўздириш, шунингдек, вақтинчалик яшаш жойида вақтинчалик рўйхатга қўйиш ва унинг муддатини узайтиришни давлат божи ундирмасдан таъминласин.


15. Ўзбекистон Республикаси Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси белгиланган тартибда шаҳарсозлик ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилишини ҳамда лойиҳа доирасида амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши сифати устидан тегишли давлат-архитектура назоратини ўрнатсин.


16. Наманган ва Андижон вилоятлари ҳокимликлари белгиланган тартибда:

Поп-Наманган-Андижон темир йўл линиясини электрлаштириш бўйича ишларни олиб бориш учун ер участкалари ажратилишини;

Поп-Наманган-Андижон темир йўл линиясини электрлаштириш бўйича ишларни олиб бориш ҳудудида яшаётган фуқароларни лойиҳада назарда тутилган муддатларда кўчиришни;

маҳаллий бюджет маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига, қурилиш ишлари олиб бориладиган участкаларни олиб қўйилиши билан боғлиқ компенсациялар (фермер хўжаликлари томонидан кўрилган зарарлар, кесилган дарахтлар ва фуқароларни кўчириш) берилишини таъминласин.


17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси О.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ғ.И. Ибрагимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳаларни бошқариш миллий агентлиги директори Ш.М. Содиқов ва "Ўзбекэнерго" АЖ бошқаруви раиси У.М. Мустафоев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                          Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 18 октябрь