язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Икки йўлакли тизим: 2018 йил 1 январдан бошлаб - Ўзбекистон Республикаси халкаро аэропортларида; 2021 йил 1 январдан бошлаб - Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси оркали автомобиль ва темир йўл ўтказиш пунктларида кучга киради

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Божхона қонунчилиги/ Божхона расмийлаштируви. Декларациялаш/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 11.10.2017 й. 814-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 11 октябрдаги

814-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси

орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли

тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби ва талабларини, шунингдек божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар томонидан божхона операцияларини бажариш учун товарларни декларациялаш шакли сифатида "яшил" ёки "қизил" йўлакни танланиши қоидаларини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар ишлатилади:


"Яшил" йўлак - кириб келиш ва чиқиб кетиш жойларида махсус белгиланган, жисмоний шахсларнинг қўл юки ва кузатиб борилаётган багажидаги товарларини божхона чегарасидан олиб ўтиши учун мўлжалланган жой;

"Қизил" йўлак - кириб келиш ва чиқиб кетиш жойларида махсус белгиланган, жисмоний шахсларнинг ёзма шаклда декларацияланиши лозим бўлган қўл юки ва кузатиб борилаётган багажидаги товарларини, шунингдек декларацияланиши жисмоний шахснинг ихтиёрига кўра амалга ошириладиган товарларни божхона чегарасидан олиб ўтиши учун мўлжалланган жой;

Божхона ҳудудига кириб келиш ва ушбу ҳудуддан чиқиб кетиш жойи - Ўзбекистон Республикаси давлат (божхона) чегаралари орқали ўтказиш пунктларида жойлашган, шунингдек фуқаролар, транспорт воситалари ва юкларни чегара ва божхона назорати амалга ошириладиган чегара божхона комплекслари ва постлари, халқаро қатновлар (парвоз) учун очиқ аэропортлар,темир йўл станциялари (бекатлар).



II БОБ. БОЖХОНА ҲУДУДИГА КИРИБ КЕЛИШ

ВА УШБУ ҲУДУДДАН ЧИҚИБ КЕТИШ ЖОЙЛАРИДА

ИККИ ЙЎЛАКЛИ ТИЗИМНИ ҚЎЛЛАШ ТАЛАБЛАРИ


3. Божхона ҳудудига кириб келиш ва ушбу ҳудуддан чиқиб кетиш жойларида икки йўлакли тизимни қўллашга "Яшил" ва "Қизил" йўлакларнинг хар бири учун биттадан кам бўлмаган йўлаклар ажратилади. Умумий йўлаклар сони йўловчилар оқимининг ҳажми ва мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда божхона органлари томонидан белгиланади.


4. Ҳар бир йўлакка ҳаракатланиш йўналиши ва ҳар бир йўлакка кириш аниқ белгиланган ва ажратилган бўлиши керак.

"Яшил йўлак"га кириш оқ фонга туширилган яшил рангдаги саккиз бурчак кўринишидаги махсус график белги, шунингдек давлат, рус ва инглиз тилларидаги "Yashil yo`lak", "Зелёный коридор" ва "Green channel", "Yozma deklaratsiyalanmaydigan tovarlar", "Товары, не подлежащие письменному декларированию" ва "Nothing to declare" ёзувлари билан белгиланади.

"Қизил йўллак"ка кириш оқ фонга туширилган қизил рангдаги квадрат кўринишидаги махсус график белги, шунингдек давлат, рус ва инглиз тилларида "Qizil yo`lak", "Красный коридор" ва "Red channel", "Yozma deklaratsiyalanadigan tovarlar", "Товары, подлежащие письменному декларированию" ва "Goods to declare" ёзувлари билан белгиланади.

Божхона ҳудудига кириш ёки ундан чиқиш жойи жойлашган ҳудудда фаолият олиб борувчи божхона органи томонидан мақсадга мувофиқ деб топилган тақдирда, ёзувлар учун давлат, рус ва инглиз тилларидан бошқа исталган тилдан фойдаланишга йўл қўйилади.


5. "Яшил" ва "Қизил" йўлакларга кириш ва улардан чиқиш жойлари эни 50 сантиметргача бўлган тегишли рангдаги чизиқлар билан белгиланади.

Кириш ва чиқиш жойларини белгилаб турган чизиқлар орасидаги масофа 2 метрдан кам бўлмаслиги лозим.


6. "Яшил" ва "Қизил" йўлаклари:

а) божхона ҳудудига кириш жойларида (халқаро қатновлар (парвоз) учун очиқ аэропортлардан ташқари) - чегара назоратидан ўтгандан кейин;

б) божхона ҳудудидан чиқиш жойларида (халқаро қатновлар (парвоз) учун очиқ аэропортлардан ташқари) - чегара назоратидан ўтгунга қадар;

халқаро қатновлар (парвоз) учун очиқ аэропортларда:

киришда - йўлак танлови жараёнида жисмоний шахс кузатиб борилаётган багажга эга бўлиши учун багаж бериш жойларидан кейин;

в) чиқишда - йўлак танлови жараёнида жисмоний шахс кузатиб бориладиган багажга эга бўлиши учун йўловчиларни рўйхатга олиш ва багаж топшириш жойларидан олдин.


7. Халқаро қатновлар (парвоз) учун очиқ аэропортларда божхона ҳудудидан чиқишда, божхона назоратидан ўтказилгунга қадар авиаташувчига топширилган кузатиб бориладиган багаждаги товарлар ва шахсларга нисбатан божхона қонунчилигига риоя этилиши ҳамда уни бузилиши ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш имконини таъминлаш учун шароит яратилган тақдирда, "яшил" ва "қизил" йўлаклар йўловчиларни рўйхатга олиш ва багаж топшириш жойларидан кейин жойлашувига йўл қўйилади.


8. "Яшил" ва "қизил" йўлаклар бошқа йўлак орқали ҳаракатланаётган шахсларни кузатишга имкон бермайдиган тарзда ажратилган бўлиши керак.


9. Божхона органи, божхона ҳудудига кириб келиш ёки ушбу ҳудуддан чиқиб кетиш жойларида, жисмоний шахсга божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларни декларациялашни амалга ошириш учун англаган ҳолда тегишли йўлакчани танлаш имконини берувчи, тўғридан-тўғри икки йўлакли тизимдан олдин ахборот зонасини ташкил этиши лозим.


10. Ахборот зонасида жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжи учун божхона чегараси орқали олиб ўтиш масалалари бўйича божхона қонунчилигидаги асосий қоидалар ва назорати божхона органларига юклатилган бошқа қонун ҳужжатлари бўйича қисқача маълумотлар ҳамда икки йўлакли тизимдан фойдаланиш тартиби, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги огоҳлантириш бўлиши лозим.


11. Ахборот зонаси стендлар, пештахталар, табло ва бошқа мосламалар билан давлат, рус ва инглиз тилларида, шунингдек божхона ҳудудига кириш ёки ундан чиқиш жойи жойлашган ҳудудда фаолият олиб борувчи божхона органи томонидан мақсадга мувофиқ деб топилган бошқа тиллардаги ахборот материаллари билан жиҳозланган бўлиши лозим.

Ахборот зонасида йўловчи божхона декларациясининг тоза бланк захиралари ва давлат, рус ва инглиз тилларида тўлдириш бўйича намуналарга эга бўлган бланкларни тўлдириш жойи бўлиши лозим.



III БОБ. ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ "ЯШИЛ"

ЙЎЛАК ОРҚАЛИ ЎТИШИ ТАРТИБИ


12. "Яшил" йўлакда товарларни декларациялаш оғзаки тарзда амалга оширилади, бундан қуйидагилар мустасно:

олиб кирилиши ёки олиб чиқилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ тақиқланган ёхуд чекланган товарлар;

қиймати ва (ёки) миқдори республикага жисмоний шахс томонидан божхона тўловлари солинмайдиган товарларни олиб киришнинг чекланган нормаларидан ва республикадан жисмоний шахс томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона декларациясини тақдим этмасдан товарларни олиб чиқишнинг чекланган нормаларидан ошиб кетган товарлар;

ёзма шаклда декларацияланиши лозим бўлган, олиб кирилишига ва олиб чиқилишига рухсат этилган суммаларнинг чекланган нормалари миқдоридаги Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси ва нақд чет эл валютаси.


13. Ўн олти ёшга тўлмаган шахснинг қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажида олиб ўтилаётган товарлар уларни кузатиб бораётган шахс томонидан декларацияланади.


14. Жисмоний шахснинг "яшил" йўлак орқали ўтиши божхона мақсадлари учун ушбу шахсда ёзма равишда декларацияланиши лозим бўлган товарлар йўқлигини божхона органига маълум қилиш деб қаралади.

Бу жисмоний шахсларни божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш мажбуриятидан озод этилганлигини англатмайди.


15. Жисмоний шахсларнинг "яшил" йўлак орқали олиб кирилиши, олиб чиқилиши тақиқланган ёки чекланган товарлар ёки қиймати ва (ёки) миқдори товарларни республикага жисмоний шахс томонидан божхона тўловлари солинмайдиган товарларни олиб киришнинг чекланган нормаларидан ёки республикадан жисмоний шахс томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона декларациясини тақдим этмасдан товарларни олиб чиқишнинг чекланган нормаларидан, шунингдек ёзма шаклда декларацияланиши лозим бўлган олиб кирилишига ва олиб чиқилишига рухсат этилган суммаларнинг чекланган нормаларидан ошадиган миқдоридаги Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси ва нақд чет эл валютасини олиб ўтаётганлиги тўғрисида шубҳа ва маълумот бўлганда, божхона органининг ваколатли шахси ушбу шахсга нисбатан божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлар талабларига риоя этилишини таъминловчи божхона назорати назорати шаклларини қўллаши мумкин.

16. "Яшил" йўлак орқали ўтаётган ёки ҳаракатланаётган жисмоний шахсларда олиб кирилиши, олиб чиқилиши тақиқланган ёки чекланган товарлар, қиймати ва (ёки) миқдори товарларни республикага жисмоний шахс томонидан божхона тўловлари солинмайдиган товарларни олиб киришнинг чекланган нормаларидан ёки республикадан жисмоний шахс томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона декларациясини тақдим этмасдан товарларни олиб чиқишнинг чекланган нормаларидан, шунингдек ёзма шаклда декларацияланиши лозим бўлган олиб кирилишига ва олиб чиқилишига рухсат этилган суммаларнинг чекланган нормаларидан ошадиган миқдоридаги Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси ва нақд чет эл валютаси мавжудлиги аниқланганда, бундай шахслар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилади.


IV БОБ. ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ "ҚИЗИЛ"

ЙЎЛАК ОРҚАЛИ ЎТИШИ ТАРТИБИ


17. "Қизил" йўлак орқали ўтадиган жисмоний шахслар белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдиради.


18. Ўн олти ёшга тўлмаган шахснинг қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажида олиб ўтилаётган товарлар уларни кузатиб бораётган шахс томонидан декларацияланади.


19. Божхона органлари "қизил" йўлакда божхона назорати шаклларини қўллашда танлаб олиш принципига асосланади ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлайдиган божхона назорати шаклларини қўллаш билан чекланади. Божхона назорати шаклларини танлаш божхона органи мансабдор шахси томонидан белгиланади.


20. "Қизил" йўлак орқали ҳаракатланаётган шахсларда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ёзма равишда декларацияланиши лозим бўлган товарлар аниқлан тақдирда, ушбу шахс Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилади.


21. Жисмоний шахслар томонидан божхона тўловлари солинмайдиган товарларни республикага олиб киришнинг чекланган нормаларидан ёки божхона декларациясини тақдим этмасдан товарларни республикадан олиб чиқиб кетишнинг чекланган нормаларидан ошадиган товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда қонун ҳужжатларида белгиланган божхона расмийлаштирувининг умумий қоидалари қўлланилади.


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 13 октябрь