язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Ташқи савдо фаолияти. Экспорт-импорт. Инкотермс/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.11.2017 й. ПҚ-3351-сон "Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

03.11.2017 й.

N ПҚ-3351



ТАШҚИ САВДО ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА

ЭРКИНЛАШТИРИШ ВА ТАДБИРКОРЛИК

СУБЪЕКТЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА*


Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш, ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотларнинг экспорт ҳажмлари ва турларини кўпайтириш, тадбиркорлик субъектларининг рақобатбардошлигини ошириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида:


1. 2017 йил 1 декабрдан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:

а) хизматларни (ишларни) экспорт қилиш операциялари бўйича - бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномаси имзоланган санадан бошлаб, товарларни экспорт қилиш операциялари бўйича эса - божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг ягона муддати 120 кун этиб белгиланади, қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси резидентлари - муассислар томонидан чет элдаги ташкилотларига (савдо уйлари, савдо ваколатхоналари, шуъба корхоналари, фирма дўконлари, дилерлик тармоқлари ва консигнация омборларига);

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг аъзолари томонидан - Палатанинг савдо-инвестиция уйларига олиб чиқиб кетиладиган товарлар бундан мустасно;

б) тадбиркорлик субъектларига товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини олдиндан тўлов, очилган аккредитив, расмийлаштирилган банк кафолати ва экспорт контрактини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш бўйича полис мавжуд бўлмасдан хорижий валютага экспорт қилиш ҳуқуқи берилади, янги узилган мева-сабзавот маҳсулотлари ва ушбу қарорга иловада кўрсатилган товарлар (кейинги ўринларда хом ашё товарлари деб аталади) бундан мустасно.

Бунда экспортга божхона расмийлаштируви, Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида (кейинги ўринларда ТСОЯЭА тизими деб аталади) ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотномасиз амалга оширилади, ушбу қарорга иловада кўрсатилган хом ашё товарлари, шунингдек, инвойс асосида экспорт қилинадиган товарлар бундан мустасно.

Белгилансинки, товарлар, ишлар ва хизматлар экспорти фақат олдин амалга оширилган экспорт операциялари бўйича тадбиркорлик субъектида муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик мавжуд бўлмаганда ушбу кичик банд шартларига мувофиқ амалга оширилиши мумкин. Бунда экспорт қилувчиларга товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини олдиндан тўлов, очилган аккредитив, шунингдек, харидор банкларининг кафолати ёки экспорт контрактини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш бўйича полис мавжуд бўлиши шартларида экспорт қилиш ҳуқуқи сақланади.

Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлганлиги учун бевосита тадбиркорлик субъектлари жавоб берадилар;

в) импорт операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлганлиги учун импорт қилувчиларга нисбатан экспорт операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорликка йўл қўйган экспорт қилувчилар учун назарда тутилган жавобгарлик чоралари қўлланилади;

г) енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) таъсири юзага келган ҳолатда хорижий валютадаги тушумнинг тушиши муддати ушбу таъсир юз берган давлатнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган, енгиб бўлмайдиган кучнинг амал қилиши даврига узайтирилади;

д) товарлар, ишлар ва хизматлар экспорт қилувчининг ҳисобрақамига экспорт контрактини суғурталаш полиси бўйича суғурта қопламаси суммаси (миллий ва/ёки хорижий валюталарда) тушганда, ушбу экспорт контракти бўйича дебитор қарздорлик суммаси молиявий санкцияларни қўллаш мақсадлари учун суғурта қопламаси суммасига камайтирилади;

е) божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун импорт қилувчилар томонидан экспорт божхона юк декларацияси мажбурий тақдим этилиши бўйича талаб бекор қилинади;

ж) "вақтинча олиб кириш" божхона режими остидаги товарларни қайта экспорт қилишга давлат божхона хизматлари органлари томонидан рухсатнома берилиши бўйича талаб бекор қилинади.


2. 2017 йил 1 декабрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига товарларни (махсус товарлардан ташқари), ишлар ва хизматларни экспорт контракти тузмасдан, инвойслар асосида, экспорт қилувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисобрақамларига олдиндан тўлов 100 фоиз тушгандан сўнг ва ТСОЯЭА тизимига маълумотларни киритиш шарти билан экспорт қилиш ҳуқуқи берилсин.

Бунда янги узилган мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз маҳсулотлари, дуккаклилар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни экспорт қилишга қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида талаблар белгиланади.


3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги:

экспорт қилинадиган товарларнинг асосий турлари бўйича ташқи бозорларнинг жорий ва истиқболли конъюнктурасига доир доимий равишда чуқур маркетинг тадқиқотлари ўтказилишини;

тадбиркорлик субъектларининг экспорт қилинадиган маҳсулотлари турларини кенгайтириш учун янги салоҳиятли имкониятлар аниқланишини таъминласинлар.


4. 2018 йил 1 январдан бошлаб ТСОЯЭА тизимини техник қўллаб-қувватлаш ва ундан фойдаланиш бўйича вазифалар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Марказий банк ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2018 йил 1 январга қадар ТСОЯЭА тизими, унинг техник ҳужжатлари ва маълумотларни қайта ишлашда фойдаланиладиган дастурий воситаларнинг бирламчи кодлари билан биргаликда қабул қилинишини - берилишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ТСОЯЭА тизими ишини такомиллаштириш мақсадида манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузсин, унга 2018 йил 1 июлгача бўлган муддатда экспорт ва импорт қилувчилар томонидан маълумотлар ТСОЯЭА тизимига киритилиши тартибини соддалаштириш вазифаларини юкласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Давлат ветеринария қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, "Ўзстандарт" агентлиги ва "Ўзбекэкспертиза" акциядорлик жамияти экспорт-импорт операцияларини амалга оширишни тезлаштириш, товарларни божхонада расмийлаштириш жараёнида ахборот-коммуникация технологиялари қўлланилиши самарадорлигини ошириш мақсадида берилган сертификатлар ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар "Ягона дарча" унификациялаштирилган божхона ахборот тизимига ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда киритилишини таъминласинлар.


6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Давлат божхона қўмитаси, Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўргазма тадбирларини ўтказишга мўлжалланган товарларни (маҳсулотларни) олиб чиқиб кетиш тартибини соддалаштиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритсин;

икки ой муддатда ушбу қарордан келиб чиқиб қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

ушбу қарор билан киритилган нормаларнинг самарадорлиги мониторинги доимий равишда олиб борилишини таъминласин ва, зарурат бўлганда, қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ бошқаруви раиси Н.С. Отажонов, Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Э.М. Ғаниев, Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Р. Парпиев ва Давлат божхона қўмитаси раиси М.В. Тоҳирий зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                         Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 3 ноябрдаги

ПҚ-3351-сон қарорига

ИЛОВА



Олдиндан ҳақи тўланмасдан, аккредитив очилмасдан, банк

кафолати расмийлаштирилмасдан ва экспорт контрактини

сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш

бўйича полис мавжуд бўлмасдан хорижий валютага

экспорт қилиш бўйича имтиёзлар татбиқ

этилмайдиган хом ашё товарлари

РЎЙХАТИ

Т/р

Товар номи

ТИФ ТН бўйича коди

1.

Пахта линти

       

1404 20 000 0

2.

Нефть хом ашёси, газ конденсати, нефть маҳсулотлари

       

00,2710 (2710 12 410 0-2710 12 590 0, 19 290 0 дан ташқари)

3.

Табиий газ

        

2711 21 000 0

4.

Электр энергияси

         

2716 00 000 0

5.

Пахта толаси

    

5201 00, 5203 00 000 0

6.

Ип калава

       

5205, 5206

7.

Қимматбаҳо металлар

       

7106,7108,71 10,7112

8.

Қора металлар, қора металлар прокати, қора металл парчалари ва чиқиндилари

7201-7213 (721310 000 0,91 490 0 дан ташқари),

7214 (7214 20 000 0, 91 100 0,7214 99 100 0,7214 99 310 0,

7214 99 390 0, 7214 99 500 0 дан ташқари).

7215, 7216 (7216 10 000 0, 7216 21 000 0, 7216 22 000 0,

7216 50 100 0 дан ташқари), 7217, 7229


9.

Рангли металлар, рангли металлар прокати, рангли металлар парчалари ва чиқиндилари

74-гуруҳ (7403 11 000 0, 7403 12 000 0, 7403 13 000 0,

7403 19 000 0, 7411, 7412 дан ташқари),

7501 - 7504 00 000, 7601-7603 (7601 20 910 0,

7601 20 990 0 дан ташқари),

7801 -7802 00 000 0 (7801 10 000 0 дан ташқари), 7804 20 000 0,

7902 00 000 0-7903, 8001 - 8002 00 000 0, 8101 97 000 0,

8102 97 000 0,8103 20 000 0,8103 30 000 0, 11 000 0-8104 30 000 0. 8105 20 000

1-30 000 0, 8106 00 100 0, 8107 20 000 0 - 8107 30 000 0, 8108 20 000-8108 30 000 0, 8109

20 000 0-8109 30 000 0, 8110 10 000 0-8110 20 000 0, 8111 00 110 0-8111 00 190 0,8112 12 000 0-8112 13 0000, 8112 21 - 8112 22 000 0, 8112 51 000 0-8112 52 000 0, 8112 92


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 3 ноябрь


"Халқ сўзи" 2017 йил 7 ноябрь