язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Маданият/ Халқ бадиий ҳунармандчилиги/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.09.2017 й. 687-сон "Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида ҳунармандчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.09.2017 й.

N 687




ФАРҒОНА ВИЛОЯТИНИНГ МАРҒИЛОН,

ҚЎҚОН ШАҲАРЛАРИ ВА РИШТОН ТУМАНИДА

ҲУНАРМАНДЧИЛИКНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросининг ёрқин намунаси сифатида ҳунармандчиликни кенг қўллаб-қувватлаш, Фарғона вилоятининг халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатининг тарихий марказлари бўлган Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида кўп асрлик анъаналарни асраб-авайлаш ва давом эттириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шу асосда ишсиз аҳоли, айниқса ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

биринчидан, халқ амалий санъати ва ҳунармандчилиги билан шуғулланувчи фуқаролар ва оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини ташкил этиш, ривожлантириш, ишлаб чиқариш жараёнини такомиллаштириш ва кенгайтириш, шу асосда янги иш ўринлари яратилишини рағбатлантириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

иккинчидан, ҳунармандлар марказлари ва мавзеларини ташкил этиш, уларни туристлар йўналишларига киритиш ёки янги туристик йўналишлар тузиш таклифларини ишлаб чиқиш;

учинчидан, ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш учун моддий-техника базани яратиш, шу жумладан, ҳунармандларга ер майдонлари ва бинолар ажратиш, муҳандислик-коммуникациялари тармоқларига улаш, асбоб-ускуналар ва хом ашё материаллари билан узлуксиз таъминлаш, уларга имтиёзли кредит ва лизинг маблағлари ажратиш бўйича аниқ чоралар кўриш;

тўртинчидан, ҳунармандлар ишлаб чиқарган маҳсулотларни харидорларга етказиб бериш бўйича тегишли бозор инфратузилмасини яратиш, шу жумладан, барпо этиладиган ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш марказларида кўргазма-савдолар ташкил этиш, ҳунармандларга бозорлар ва савдо мажмуаларида савдо расталари ажратиш;

бешинчидан, ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилиш тизимини шакллантириш ва ҳар томонлама рағбатлантириш, халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазма, фестиваль, ярмаркаларда намойиш қилинишига кўмаклашиш;

олтинчидан, ноёб, ўтмишда авлоддан авлодга ўтиб келаётган, лекин ҳозирда йўқолиб бориш хавфи остидаги ҳунармандчилик турларини қайта тиклаш ва ривожлантириш чораларини кўриш, ушбу йўналишлар бўйича фаолият юритаётган ҳунармандларга тегишли имтиёзлар ва шароитлар яратиш;

еттинчидан, "Усто-шогирд" мактаблари фаолиятини доимий таҳлил қилиб бориш, уларни янада такомиллаштириш чораларини кўриш, ҳунармандларни шогирдликка олиш ва ҳунарга ўргатишни рағбатлантирувчи чоралар кўриш, янгидан етишиб чиқаётган ҳунармандларга тадбиркорлик фаолиятини бошлашда ҳар томонлама кўмаклашиш.


2. Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, "Ҳунарманд" уюшмаси, Давлат солиқ қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган қуйидагиларни ўз ичига олувчи Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) маъқуллансин, жумладан:

Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини янада ривожлантириш комплекс чора-тадбирлар дастури 1-иловага* мувофиқ;

Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича манзилли дастур 2-иловага* мувофиқ;

Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури ижросини таъминлаш бўйича Республика мувофиқлаштирувчи кенгаши (кейинги ўринларда Республика мувофиқлаштирувчи кенгаш деб аталади) таркиби 3-иловага* мувофиқ.


3. Республика мувофиқлаштирувчи кенгаши Дастурнинг тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида бажарилиши, шу жумладан, Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари амалга оширилиши устидан доимий мониторинг ўрнатсин.


4. Фарғона вилояти ҳудудида чуқур тарихий илдизларга эга бўлган, анъанавий тарзда сақланиб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қуйидаги ҳунармандчилик турларини:

Марғилон шаҳрида - атлас, адрас тўқимачилиги, читкарлик, ёғоч ўймакорлиги, косибчилик ва ипакдан гилам тўқишни;

Қўқон шаҳрида - ёғоч ўймакорлиги, пичоқчилик, заргарлик, кандакорлик ва темирчиликни;

Риштон туманида - кулолчилик, чинни маҳсулотлари ва мусаввирликни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилсин.


5. Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, "Ҳунарманд" уюшмаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида қуйидагиларни ўз ичига олувчи ҳунармандчилик ва туризм марказларини (кейинги ўринларда марказлар деб аталади) қуриш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш бўйича таклифи маъқуллансин:

а) марказларни қуриш ва улар фаолиятини ташкил этиш бўйича:

марказлар қадимги миллий меъморчилик услублари ва шаклида қурилган бўлиб, замонавий инфратузилма ва коммуникациялар билан жиҳозланган бўлиши;

марказларга миллий матолар (адрас, атлас ва бошқалар), миллий пойабзал ишлаб чиқариш, ёғочсозлик ва ёғоч ўймакорлиги, дўппичилик, гиламчилик, тўнчилик, темирчилик, мисгарлик, заргарлик, кулолчилик ва бошқа йўналишлар бўйича ҳунармандларни, айниқса, авлоддан авлодга ўтиб келаётган ҳунармандлар сулолаларини жалб этиш;

марказларга жалб этилган ҳунармандлар учун ушбу марказларда қуриладиган ва уларга имтиёзли ипотека кредитлари асосида ажратиладиган уй-жойларнинг 1-қаватида ҳунармандлар устахоналари ва дўконлари, 2-қаватида эса ҳунармандларнинг хонадонлари жойлаштирилиши;

марказларда туристлар учун карвонсаройлар (меҳмонхоналар), ошхоналар, ресторанлар, қаҳвахоналар ва бошқа кўнгилочар хизматлар кўрсатувчи жойлар ташкил этилиши;

марказлар ҳудудларида "қадимги шарқий бозор" услубида қурилган бозор расталари, миллий санъаткорлар (аскиячилар, дорбозлар, масхарабозлар ва бошқалар)нинг ўз маҳоратларини намойиш қилишлари учун жойлар, мавзе ҳудуди бўйлаб ва бошқа мавзелар билан боғлайдиган замонавий техник ечимлар асосида ишлаб чиқарилган тарихий кўринишдаги транспорт воситалари (фойтун ва арава) қатновининг йўлга қўйилиши;

б) марказларни жойлаштириш манзиллари бўйича:

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳри Хиёбон кўчасида Марғилон ҳунармандлари маркази - "Карвонсарой-ҳунармандлар маркази"ни ташкил этиш;

Қўқон шаҳри Боғистон кўчаси ҳудудида Ҳунармандчилик ва туризм марказини, "Жомеъ" тарихий ёдгорлиги масжидида "Қўқон адабий бадиий, маънавий-марифий муҳити" марказини ташкил этиш, Тинчлик кўчасида жойлашган "Дастурхончи" мадрасасида тикувчилик йўналишидаги ҳунармандларни жойлаштириш.


6. "Ипотека-банк" АТИБга "Қишлоққурилишбанк" АТБ билан биргаликда ҳунармандлар учун уй-жойлар қуриш учун кредитлар ажратиш тавсия этилсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров, З.Т. Мирзаев, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.А. Хаитов ва "Ҳунарманд" уюшмаси раиси А.А. Хакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         А. Арипов



*) Иловалар берилмайди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 11 сентябрь, 36-сон, 953-модда