ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Олий таълим (бакалавриат, магистратура) /

Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 21.11.2017 й. 930-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 21 ноябрдаги

930-сон қарорига

1-ИЛОВА



Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи)

таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Таълим тўғрисида" ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш соҳаси учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3153-сон ҳамда "Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 9 августдаги ПҚ-3183-сон қарорлари асосида олий таълим муассасасида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича сиртқи (махсус сиртқи) таълимни (кейинги ўринларда сиртқи (махсус сиртқи) таълим деб аталади) ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Олий таълим муассасаларида сиртқи (махсус сиртқи) таълим Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан тасдиқланган қабул квоталарига мувофиқ ташкил этилади.


3. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим қуйидаги шаклларда олиб борилади: сиртқи шакл, махсус сиртқи шакл, иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот беришнинг сиртқи шакли.


4. Ушбу Низом соғлиқни сақлаш, таълим соҳаси ва ҳарбий олий таълим муассасаларига татбиқ этилмайди.



2-БОБ. СИРТҚИ (МАХСУС СИРТҚИ) ТАЪЛИМГА

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА ЎҚИТИШНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


5. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимга талабаларни қабул қилиш:

сиртқи шаклда - умумий ўрта (10-11-синфлар негизида), ўрта махсус, касб-ҳунар маълумоти тўғрисидаги тегишли ҳужжатга эга бўлган ва тест синовларидан (кириш имтиҳонларидан) муваффақиятли ўтган;

махсус сиртқи шаклда - фақат тегишли ёки турдош таълим йўналиши бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ва таълим йўналишига мувофиқ соҳа, касб, лавозимларда камида уч йиллик амалий иш стажига (педагогика йўналишлари учун педагогик стажга) эга бўлган, тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан берилган тавсияномага эга, тест синовларидан (кириш имтиҳонлари ёки касбий суҳбатдан) муваффақиятли ўтган;

иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот беришнинг сиртқи шаклда - олий маълумотга эга бўлган (агар хорижий олий таълим муассасасини тугатган бўлса, олий маълумот тўғрисидаги ҳужжати белгиланган тартибда тан олинган (нострификация қилишган) бўлиши керак) ва тест синовларидан (кириш имтиҳонларидан ёки касбий суҳбатдан) муваффақиятли ўтган абитуриентлар ҳисобидан амалга оширилади.


6. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимга талабаларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.


7. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқиш муддати:

сиртқи шаклда - камида 5 йил;

махсус сиртқи шаклда - камида 3 йил;

иккинчи ва ундан кейинги олий таълим негизидаги сиртқи шаклда - камида 3 йил. Бунда, ўқиш ўқув режаларидаги фанлар фарқидан қатъи назар, бакалавриат таълим йўналишининг 2-курсидан бошланади.


8. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабаларига талабалик гувоҳномаси ва рейтинг дафтарчаси бепул берилади.


9. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабаларини ўқув адабиётлар ва материаллар билан олий таълим муассасаси таъминлайди ва билим олиш учун зарур шарт-шароитларни яратади.

Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабалари олий таълим муассасасининг барча ўқув жиҳозлари, аудиторияси, лабораторияси, кутубхонаси, ахборот-ресурс марказлари ҳамда ўқув-ёрдамчи тузилмалари хизматидан бепул фойдаланади.


10. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқиш бўйича олий таълим йўналишларига қараб бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбати 1:20 этиб белгиланади.

Таълим соҳалари блоклари ва шакллари бўйича бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг нормативлари қонун ҳужжатлари асосида белгиланади.


11. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабаларини талабалар сафидан четлаштириш ва ўқишини қайта тиклаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.


12. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимдан кундузги таълимга ҳамда сиртқи (махсус сиртқи) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчисига кўчиришга рухсат берилади.


3-БОБ. СИРТҚИ (МАХСУС СИРТҚИ) ТАЪЛИМДА

ЎҚУВ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


13. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқув жараёни таълим соҳаларининг давлат таълим стандартлари ва тегишли таълим йўналишлари малака талаблари асосида тайёрланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан кундузги таълим учун тасдиқланган ўқув режаси ва фан дастурлари асосида ташкил этилади.


14. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда таълим йўналишларининг ишчи ўқув режаси ва фан дастурлари белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув режаси ва фан дастурлари асосида ишлаб чиқилади ҳамда таянч олий таълим муассасалари билан келишган ҳолда тасдиқланади.


15. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқув жараёни жадвали белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув режаси асосида ишлаб чиқилган ишчи ўқув режасида қайд этилади.


16. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабаси учун ўқишга қабул қилинган ўқув йили бошида (одатда, сентябрь-октябрь ойларида) бевосита олий таълим муассасасида 10 кунлик ўқув жараёни билан дастлабки таништирув ҳамда семестр давомида ўқитиладиган фанлар бўйича қисқача (ишчи ўқув режасида белгиланган ҳажмда) маъруза, амалий, лаборатория ва семинар машғулотлари ўтказилади. Талабаларга мавзулар бўйича топшириқлар ва уларни бажариш юзасидан методик кўрсатмалар берилади.


17. Ўқув сессиясигача бўлган муддатда сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқиш мустақил, жумладан, масофадан туриб таълим олиш шаклида амалга оширилади.

Бунда талаба методик кўрсатмалардан фойдаланган ҳолда ишчи ўқув режада семестр учун режалаштирилган фанларнинг дастурларида белгиланган мавзуларни мустақил ўзлаштиради.


18. Талаба фан бўйича топшириқларни бажаргандан сўнг, уни фан ўқитувчисига белгиланган муддатларда (одатда, масофадан туриб Интернет орқали) юборади ҳамда қайддан ўтказади. Фан ўқитувчиси талаба юборган материалларни текшириб, оралик иши сифатида баҳолайди. Фан ўқитувчиси мавзулар бўйича навбатдаги топшириқлар ва кўрсатмаларни юбориши, шунингдек, он-лайн режимида ўқув машғулотларини ўтказиши мумкин.


19. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабаси ҳар бир семестр давомида бир марта олий таълим муассасасига ўқув сессиясига чақирилади. Бунинг учун унга ўқув сессияси бошланишига қадар (камида 10 кун олдин) белгиланган шаклда хабарнома юборилади.


20. Ўқув сессияси давомида:

талаба семестр учун берилган топшириқларни ҳимоя қилади. Фан бўйича барча топшириқлар ижобий баҳоланган тақдирда талабага фан бўйича якуний баҳолашга кириш ҳуқуқи берилади;

фанлар бўйича якуний баҳолашлар ўтказилади;

навбатдаги семестр давомида ўқитиладиган фанлар қисқача (ишчи ўқув режасида белгиланган ҳажмда) маъруза, амалий, лаборатория ва семинар машғулотлари орқали таништирилади. Ушбу машғулотлар талабага навбатдаги семестр давомида фанларни ўзлаштириши ва топшириқларни бажариши учун асосий ва қўшимча адабиётлар билан ишлаш усуллари ва технологияларини ўргатишга қаратилади. Мавзулар бўйича топшириқлар билан уларни бажариш юзасидан методик кўрсатмалар берилади.


21. Ўқув сессияси давомида ўтказиладиган маъруза, амалий, лаборатория ва семинар машғулотларида илғор усул ва технологиялардан (жумладан, муаммоли, интерактив, ижодий фаолиятни ривожлантириш, ижодий вазифаларни гуруҳ бўлиб ҳал этиш, ҳамкорлик педагогикаси, табақалаштириш, индивидуаллаштириш ва бошқалардан) фойдаланилади.


22. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда талаба тасдиқланган ишчи ўқув режасидаги барча ўқув фанларини ўзлаштириши шарт. Талабалар билимини баҳолаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


23. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда оралиқ ва якуний баҳолаш турлари жорий қилинади.

Оралиқ баҳолашнинг мазмуни, уни бажариш усул ва тартиблари ҳамда сони (бир ўқув семестри давомида икки мартагача) ҳар бир фан бўйича сиртқи (махсус сиртқи) таълим учун тайёрланган ишчи фан дастурларида белгилаб берилади ва қуйидаги мустақил иш турларидан иборат бўлади:

курс (лойиҳаси) иши;

назорат саволлари ва топшириқлари;

тест-синов саволлари;

кейслар, машқлар, мисол ва масалалар;

тажриба натижалари;

ишлаб чиқариш муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган махсус методик ишланмалар ва тавсиялар;

ҳисоб-жадвал ишлари ва бошқалар.

Оралиқ баҳолаш масофавий алоқа орқали он-лайн режимида ўтказилиши ҳам мумкин.


24. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабаларининг малакавий амалиётлари ишчи ўқув режасида белгиланган муддатларда амалга оширилади. Одатда, битирув малакавий иши олди амалиётидан бошқа амалиётлар (таълим йўналишига мос бўлган ҳолда) талабанинг ишлаб турган иш жойида мустақил равишда ўтказилади.

Битирув малакавий иши олди амалиёти талабанинг иш жойи таълим йўналишига мос бўлмаган ҳолда, шунингдек, ишламаётган талабалар учун барча малакавий амалиётлар олий таълим муассасаси томонидан белгиланган объектда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Малакавий амалиётларнинг ҳисоботлари ўқув сессияси даврида белгиланган тартибда ҳимоя қилинади.


25. Муайян курсдаги фанларни тўлиқ ўзлаштирган талаба олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан кейинги курсга ўтказилади.


26. Узрли сабаблар (касаллик, табиий офат, хизмат сафари, оғир оилавий аҳвол ва бошқалар) туфайли муайян курсдаги фанларни белгиланган муддатларда ўзлаштира олмаган талабаларга муддати қўйилган шахсий жадвал берилади. Шахсий жадвал тегишли проректор томонидан тасдиқланади ва ундаги муддат навбатдаги ўқув йилига ўтмаслиги лозим.

Шахсий жадвални белгиланган муддатда бажара олмаган талаба қайта ўқиш учун курсда қолдирилади. Талаба биринчи курснинг биринчи семестридаги академик қарздорликни белгиланган муддатда бартараф этмаган тақдирда, талабалар сафидан четлаштирилади, касаллик туфайли академик таътил берилган ҳолатлар бундан мустасно.


27. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ҳар бир талаба учун шахсий варақа очилади ҳамда унда олий таълим муассасасидаги фаолиятининг тўлиқ мониторинги юритилиб, қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:

оралик ишларининг бажарилиши;

оралиқ ва якуний баҳолашлар натижалари;

давлат аттестацияси баҳолари;

битирув малакавий иши бўйича баҳо;

курсдан курсга ўтганлиги.



4-БОБ. СИРТҚИ (МАХСУС СИРТҚИ)

ТАЪЛИМДА МАСОФАДАН ТУРИБ ЎҚИТИШ

ЭЛЕМЕНТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


28. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда масофадан туриб ўқитиш талабаларнинг асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда ўқув режасидаги барча фан дастурларида белгиланган билимларни мустақил масофадан туриб ўзлаштириш асосида амалга оширилиши мумкин.


29. Масофадан туриб ўқитиш он-лайн (масофадан туриб реал вақт режимида видеомаърузалар, консультациялар, назорат турларини ўтказиш) ва офф-лайн (масофадан туриб ўқитиш тизимидаги тегишли ўқув-методик ресурсларни мустақил равишда ўзлаштириш) режимларида ташкил этилади.


30. Масофадан туриб ўқитиш жадвали сиртқи (махсус сиртқи) бўлим бошлиги томонидан белгиланади.


31. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда масофадан туриб ўқитиш элементларидан фойдаланганда ўқув курсларининг сифати ва самарадорлигининг доимий назорати Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Масофадан туриб ўқитишнинг техник таъминоти олий таълим муассасаси томонидан амалга оширилади.


32. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда масофадан туриб ўқитиш элементларини жорий этиш дастурий платформаси, регламенти ва тартиблари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади.


33. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда таълим фаолиятини амалга оширувчи кафедралар профессор-ўқитувчилари масофадан туриб ўқитишда ўқув материаллари, топшириқлар ва маслаҳат-консультатив ишларни олий таълим муассасаси сайтидаги "Сиртқи (махсус сиртқи) таълим" саҳифасига жойлаштиради ва уларнинг бажарилишини назорат қилиб боради.

Масофадан туриб ўқитиш элементларидан фойдаланган холда таълим берувчи профессор-ўқитувчилар учун ўқув юкламаси белгиланган тартибда белгиланади.


34. Таълим сифатини назорат қилиш бўлими, сиртқи (махсус сиртқи) бўлим бошлиғи ва тегишли кафедра мудири масофадан туриб ўқитишни таъминлайди.

Масофадан туриб ўқитишда ўқув-методик жараённи такомиллаштириш ва илмий-методик масалалар олий таълим муассасаси ўқув-методик кенгаши йиғилишида муҳокама қилиб борилади.



5-БОБ. СИРТҚИ (МАХСУС СИРТҚИ) ТАЪЛИМДА

ДАВЛАТ АТТЕСТАЦИЯСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


35. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда давлат аттестанияси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади.

Давлат аттестациялари ўқув режасида кўрсатилган фан (фанлар мажмуаси) бўйича ўтказилади.


36. Ўқув режасида битирув малакавий ишини бажариш назарда тутилган тақдирда, битирув малакавий иши олий таълим муассасаси бакалавриатида ўқитишнинг якуний босқичи ҳисобланади ва сиртқи (махсус сиртқи) таълимда битирув малакавий иши мавзуси ва мазмуни асосан талабаларнинг амалий фаолияти билан боғлиқ ҳолда шакллантирилади.


37. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда таълим йўналиши ишчи ўқув режасини тўлиқ бажарган, якуний давлат аттестациясидан муваффақиятли ўтган битирувчига Давлат аттестация комиссиясининг қарори асосида "бакалавр" даражаси берилади ва давлат томонидан тасдиқланган намунадаги бакалавр дипломи иловаси билан берилади.



6-БОБ. СИРТҚИ (МАХСУС СИРТҚИ) ТАЪЛИМ

ТАЛАБАЛАРИНИНГ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИДА

ЎҚУВ СЕССИЯСИДА ИШТИРОКИНИ ТАЪМИНЛАШ


38. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабаларига ўқув сессиясида иштирок этиш учун ишлаб турган жойидан камида 30 календарь кунлик ўртача ойлик маоши сақланган қўшимча таътил берилади. Курсда қолдирилган талабаларга эса ҳақ тўланмайдиган таклиф хабарномаси берилади.


39. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим битирувчисига якуний давлат аттестацияларидан ўтиш, битирув малакавий ишини ҳимоя қилиш учун таълим йўналиши ўқув режаси ва жадвалида белгиланган муддатларда ишлаб турган жойидан камида 30 календарь кунлик ўртача маоши сақланган қўшимча таътил берилади.


40. Битирув малакавий ишини якунлаш даврида битирувчи хизмат қилаётган муассаса унга 30 календарь кунлик маоши сақланмаган қўшимча таътил бериши мумкин. Талаба иш жойидан ташкилот раҳбари ва бухгалтери имзоси билан шу давр учун ҳақ тўланмайдиган таътилда эканлиги тўғрисидаги маълумотномани Сиртқи (махсус сиртқи) бўлимга тақдим этади.


41. Битирув малакавий ишининг якунланганлиги тўғрисида унинг ҳимояси белгиланган кундан бир ҳафта муддат аввал сиртқи (махсус сиртқи) бўлим бошлиғи ва мутахассис тайёрловчи кафедра мудири номига билдирги ёзилади ва тегишли ҳужжатда қайд қилинади. Билдирги талаба ёки унинг илмий раҳбари томонидан берилиши мумкин.



7-БОБ. СИРТҚИ (МАХСУС СИРТҚИ) ТАЪЛИМДА

ЎҚУВ ЖАРАЁНИНИ БОШҚАРИШ


42. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим мавжуд бўлган олий таълим муассасаларида бўлим бошлиғи ва ўқув-методик ишлар бўйича методист лавозимларидан иборат бўлган Сиртқи (махсус сиртқи) бўлим ташкил этилади. Бунда бўлим штат жадвали деканатлар учун белгиланган нормативларга мувофиқ шакллантирилади.


43. Сиртқи (махсус сиртқи) бўлимни олий таълим муассасаси факультетининг декани мақомига тенглаштирилган бошлиқ бошқаради.

Бўлим бошлиги:

сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқади;

талабаларнинг малакавий амалиётларини ташкил қилиш бўйича иш берувчилар билан шартномалар тузади;

ўқитишнинг янги технологиялари татбиқ қилинишини ва талабалар ўзлаштириши назорат қилинишини таъминлайди;

талабаларнинг битирув малакавий ишлари мавзуларини мувофиқлаштиради ва тасдиқлайди;

талабалар билан ўқув ва тарбиявий ишлар олиб бориш самарадорлигини ошириш чораларини кўради;

меҳнат муҳофазаси, техника ва ёнгин хавфсизлиги бўйича тадбирларни, бўлим ходимларининг ички тартиб ва меҳнат интизоми қоидаларига риоя қилишини ташкил этади;

ўқув жараёнини таъминлайдиган профессор-ўқитувчиларнинг ўқув-методик, илмий ишларини режалаштиради, ташкил этади ва мувофиқлаштиради;

олий таълим муассасаси илмий кенгаши мажлисларида, ректоратда, факультет ва кафедраларда сиртқи (махсус сиртқи) таълим манфаатларини ўз ваколати доирасида ҳимоя қилади ва амалга оширади;

талабаларнинг курс иши ва битирув малакавий ишларига раҳбарлик қилиш учун сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқув жараёнини таъминлайдиган профессор-ўқитувчиларни тақсимлайди;

сиртқи (махсус сиртқи) бўлимнинг олий таълим муассасасининг бошқа тузилмалари билан ўзаро алоқасини таъминлайди.


44. Сиртқи (махсус сиртқи) бўлим маъмурий бошқарув жиҳатдан олий таълим муассасаси ректорига ҳамда ўқув ва илмий-методик ишлар юзасидан олий таълим муассасасининг ўқув ва илмий ишлар бўйича проректорларига бўйсунади.


45. Сиртқи (махсус сиртқи) бўлимни сақлаш билан боғлиқ харажатлар олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (тўлов-контракт маблағлари) ҳисобидан амалга оширилади.


46. Сиртқи (махсус сиртқи) бўлим фаолияти ҳар бир ўқув семестри охирида тегишли факультетлар ўқув-методик кенгашида ва ўқув йили якунида олий таълим муассасаси кенгашида муҳокама этилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


47. Ушбу Низомда қайд этилган масалалар юзасидан келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 23 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 27 ноябрь, 47-сон, 1156-модда


































Время: 0.2061
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск