ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Монополияга қарши сиёсат. Табиий монополиялар / Монополияга қарши қонунчиликнинг умумий қоидалари /

Ўзбекистон Республикасининг 11.12.2003 й. 554-II-сон "Муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

11.12.2003 й.

N 554-II



МУҲОФАЗА ЧОРАЛАРИ, АНТИДЕМПИНГ

ВА КОМПЕНСАЦИЯ БОЖЛАРИ ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади товар импортида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш учун муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари қўлланилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Муҳофаза чоралари, антидемпинг

ва компенсация божлари тўғрисидаги

қонунчилик

Муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


иқтисодиёт тармоғи - Ўзбекистон Республикасининг ўхшаш товар ишлаб чиқарувчиларининг барчаси ёки Ўзбекистонда шундай товар ишлаб чиқариш умумий ҳажмида улуши асосий қисмни ташкил этадиган ишлаб чиқарувчиларнинг жами;


иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарар - Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига товар импорти кўпайганлиги, демпинг нархларидаги товар импорти ёки субсидия билан таъминланган товар импорти оқибатида иқтисодиёт тармоғининг ишлаб чиқариш, савдо ва молиявий кўрсаткичлари сезиларли даражада пасайганлиги ёхуд иқтисодиёт тармоғи ривожланишида суръат сезиларли даражада сусайганлиги;


иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилиши хавфи - иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилиши муқаррар эканлигининг далиллар билан тасдиқланганлиги;


одатдаги савдо жараёни - товарнинг уни ишлаб чиқарувчи мамлакат ёки экспорт қилувчи мамлакатнинг ички бозорида ўртача олинган таннархи ва ўртача фойда нормасидан ёки ўхшаш шароитдаги учинчи мамлакатдан Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган ўхшаш товарларга таққослама нархлардан таркиб топадиган нархдаги олди-сотдиси;


олдинги давр - текширув ўтказиш тўғрисидаги ариза топширилган кунга қадар кечган ҳамда зарурий статистика маълумотлари бўлган сўнгги уч йил;


ўхшаш товар - қандай вазифа бажара олиши ва нимага мўлжалланганлиги, қўлланилиши, сифат ва техник хусусиятларига, шунингдек бошқа асосий хоссаларига кўра импорт қилинаётган товар билан батамом бир хил бўлган ёки бундай товар билан таққослаб бўладиган товар.



4-модда. Муҳофаза чораларини, антидемпинг

ва компенсация божларини қўлланиш

мақсадидаги текширув

Муҳофаза чораларини, антидемпинг ва компенсация божларини қўлланиш мақсадидаги текширув Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига товар импорти кўпайганлигини, демпинг нархларидаги товар импорти ёки субсидия билан таъминланган товар импорти мавжудлигини ҳамда бунинг оқибатида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарнинг ёки жиддий зарар етказилиши хавфининг борлигини аниқлаш учун ўтказилади. Текширув Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган ваколатли орган томонидан ўтказилади.

Ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига муҳофаза чораларини, антидемпинг ва компенсация божларини қўлланиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса тақдим этади.


5-модда. Муҳофаза чораларини, антидемпинг

ва компенсация божларини қўлланиш

муддатини ҳисоблаш

Муҳофаза чораларини, антидемпинг ва компенсация божларини қўлланиш муддатини ҳисоблаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан уларни қўлланиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан бошланади.



II. МУҲОФАЗА ЧОРАЛАРИ

6-модда. Муҳофаза чораларининг қўлланилиши

Товар импорти кўпайишини чеклаш бўйича товар импортининг миқдори ва (ёки) қийматига (импорт квотаси) нисбатан чеклов тариқасида, импорт божидан ташқари ундириладиган махсус бож тариқасида қўлланиладиган чоралар ёки товар импорти кўпайишини чеклашга қаратилган бошқа чоралар муҳофаза чораларидир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига товар импорти иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказаётган ёки жиддий зарар етказилиши хавфини туғдираётган ҳажмда (мутлақ ифодасида ёки уни Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқаришга нисбатан) ва шароитда амалга оширилаётганлиги ваколатли органнинг текшируви натижалари асосида аниқланган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан муҳофаза чоралари қўлланилади.

Муҳофаза чоралари товар импорти кўпайганлиги оқибатида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш учун зарур бўлган миқдорда ва муддатда қўлланилади.

Товар импортини миқдорий чеклаш тариқасидаги муҳофаза чорасининг қўлланилиши товар импорти ҳажмини олдинги даврдаги товар импортининг ўртача миқдор даражасидан камайтирмаслиги керак, иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш учун товар импортининг бошқа даражасини белгилаш зарурлигига асос бўлган ҳоллар бундан мустасно.


7-модда. Товар импорти кўпайганлиги муносабати билан

иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки

жиддий зарар етказилиши хавфини аниқлаш

Товар импорти кўпайганлиги муносабати билан иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини аниқлаш далилларга асосланади ҳамда импорт товар етказиб берилиши ҳажмининг ўсиш суръатини, унинг кўпайиши белгилари мавжудлигини, шунингдек иқтисодиёт тармоғи ишлаб чиқариш, савдо ва молиявий кўрсаткичларининг сезиларли даражада пасайишига ёки иқтисодиёт тармоғи ривожланишида суръат сезиларли даражада сусайишига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлган объектив тусдаги бошқа омилларни ўрганишни ўз ичига олади.


8-модда. Муҳофаза чоралари

қўлланилишининг хусусиятлари

Алоҳида ҳолларда, агар текширув тугаллангунга қадар муҳофаза чораларини қўлланишда сусткашлик қилиш иқтисодиёт тармоғига кейинчалик бартараф этиш қийин бўлган даражада жиддий зарар етказиши мумкин эканлиги ваколатли орган томонидан аниқланган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатли органнинг дастлабки хулосаси асосида, ваколатли орган томонидан узил-кесил хулоса олиш мақсадида текширув давом эттирилиши шарти билан, муваққат муҳофаза чорасини қўлланиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Муваққат муҳофаза чораси муваққат махсус бож кўринишида қўлланилади.

Агар товар импорти кўпайганлиги оқибатида иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилмаганлиги ёки жиддий зарар етказилиши хавфи йўқлиги текширув натижаларига кўра ваколатли орган томонидан аниқланган бўлса, тўланган муваққат махсус бож суммалари тўловчига қонунчиликда божларни кайтариш учун белгиланган тартибда қайтариб берилиши керак.

Агар махсус бож тариқасидаги муҳофаза чораси муваққат махсус бождан кам миқдорда қўлланилган бўлса, орадаги фарқ тўловчига қонунчиликда божларни қайтариш учун белгиланган тартибда қайтариб берилиши керак.

Агар махсус бож тариқасидаги муҳофаза чораси муваққат махсус бождан кўп миқдорда қўлланилган бўлса, орадаги фарқ тўловчидан ундирилмайди.

Қонунчиликда белгиланган ҳолларда ваколатли органнинг илтимосномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси муҳофаза чораларининг миқдорини камайтириши мумкин.


9-модда. Муҳофаза чораларининг

амал қилиш муддати

Муҳофаза чораларининг амал қилиш муддати тўрт йилдан ошмаслиги лозим.

Агар иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш учун муҳофаза чораси зарурияти сақланиб қолаётганлиги қайта текширув натижасида ваколатли орган томонидан аниқланган бўлса, муҳофаза чорасининг амал қилиш муддати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан узайтирилиши мумкин. Бунда муҳофаза чораси амал қилишининг умумий муддати саккиз йилдан ошмаслиги керак.

Муваққат муҳофаза чорасининг амал қилиш муддати икки юз кундан ошмаслиги лозим.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан муваққат муҳофаза чорасини қўлланиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, бундай чоранинг амал қилиш муддати муҳофаза чорасининг умумий амал қилиш муддатига қўшилади.


III. АНТИДЕМПИНГ БОЖЛАРИ

10-модда. Антидемпинг божининг қўлланилиши

Демпинг нархларидаги товар импорти учун импорт божидан ташқари ундириладиган бож антидемпинг божидир.

Агар демпинг нархларидаги товар импорти иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказаётганлиги ёки жиддий зарар етказилиши хавфини туғдираётганлиги ваколатли органнинг текшируви натижалари асосида аниқланган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан антидемпинг божи қўлланилади.

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига экспорт нархи ўзининг нормал қийматидан паст бўлган товар импорти демпинг нархларидаги товар импортидир.

Ўзбекистон Республикасига экспорт қилиш учун сотилган товарга амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нарх товарнинг экспорт нархидир.

Экспорт қилувчи мамлакатнинг ички бозорида истеъмол қилиш учун мўлжалланган ўхшаш товарнинг одатдаги савдо жараёнидаги нархи ёҳуд ўхшаш товар экспорт қилувчи мамлакат бозорида сотилмаётган бўлса ёки бошқа сабабларга кўра лозим даражада таққослашни ўтказиш имконияти бўлмаса, товар келиб чиққан мамлакатдаги ишлаб чиқариш ҳаражатлари асосида оқилона чиқимларни ва фойдани қўшган ҳолда ёхуд Ўзбекистон Республикаси билан бир хил шароитдаги учинчи мамлакатга экспорт қилинадиган ўхшаш товарларнинг нархлари асосида одатдаги савдо жараёнида аниқланадиган нархи товарнинг нормал қийматидир.

Антидемпинг божи демпинг нархларидаги товар импорти оқибатида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш учун зарур бўлган миқдорда ва муддатда қўлланилади.

Антидемпинг божи ва муваққат антидемпинг божининг ставкалари демпинг маржаси миқдоридан ошмаслиги лозим.

Антидемпинг божи товар етказиб берувчиларнинг бирига ёки бир нечтасига нисбатан қўлланилиши мумкин.



11-модда. Демпинг маржаси

Экспорт нархи чегириб ташланган товар нормал қийматининг товарнинг экспорт нархига фоизларда ифодаланган нисбати демпинг маржасидир. Демпинг маржаси товарнинг ўртача олинган нормал қийматини барча таққосланадиган экспорт битимлари билан солиштириш асосида ёки товарнинг нормал қийматини муайян битимлар бўйича экспорт нархлари билан солиштириш орқали аниқланади.

Агар товарлар Ўзбекистон Республикасига товар келиб чиққан мамлакатдан бевосита импорт қилинмай, балки учинчи мамлакатдан экспорт қилинаётган бўлса, товар экспорт қилинаётган мамлакатдан Ўзбекистон Республикасига сотилаётган товарлар нархи товар экспорти мамлакатидаги солиштирма нарх билан таққосланади. Агар товарлар товар экспорт қилинаётган мамлакат орқали фақат олиб ўтилаётган бўлса ёки бундай товарлар товар экспорт қилинаётган мамлакатда ишлаб чиқарилмаса ёхуд товар экспорт қилинаётган мамлакатда уларга солиштирма нарх бўлмаса, таққослаш товар келиб чиққан мамлакатдаги нархга қиёсан ўтказилиши мумкин.

Товарнинг экспорт нархи бўлмаган ёки бундай нарх текширув ўтказаётган ваколатли органда шубҳа уйғотган ҳолларда, етказиб берилаётган товарларнинг экспорт нархи етказиб берувчидан ёки сотувчидан мустақил харидорга биринчи марта қайта сотилаётган нарх асосида ёки ваколатли орган белгилайдиган бошқа асосда ҳисоблаб чиқилиши мумкин.

Агар ваколатли орган томонидан текширув натижасида демпинг маржаси экспорт нархининг икки фоизидан ортиқроғини ташкил этиши ёки демпинг нархларидаги товар импортида уни етказиб бериш ҳажми анча миқдорда эканлиги аниқланган бўлса, демпинг нархларидаги товар импортига нисбатан антидемпинг божи қўлланилади.

Агар демпинг нархларидаги товар импортида етказиб бериш ҳажми барча ўхшаш товарларни Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш умумий ҳажмининг уч фоизидан ортиқроғини ташкил этса ёки демпинг нархларидаги товар импортида шундай товарни Ўзбекистон Республикасига етказиб беришда ҳар бирининг улуши етказиб бериш умумий ҳажмининг камида уч фоизини ташкил этадиган мамлакатлардан демпинг нархларида импорт қилишда етказиб бериш ҳажми ўхшаш товарни Ўзбекистон Республикасига етказиб беришнинг умумий хажмида жами етти фоиздан ортиқроқни ташкил этса, етказиб бериш хажми, товарни етказиб берувчи қайси мамлакат хусусида текшириш ўтказилаётган бўлса, шу мамлакатга нисбатан олганда анча миқдорда деб топилади.


12-модда. Демпинг нархларидаги товар импорти оқибатида

иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки

жиддий зарар етказилиши хавфини аниқлаш

Демпинг нархларидаги товар импорти оқибатида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини аниқлаш далилларга асосланади ва товар демпинг нархларида импорт қилинаётгандаги унинг етказиб бериш ҳажмини, бу товарнинг сифатини, Ўзбекистон Республикасининг ички бозоридаги ўхшаш товарлар нархларига таъсирини ҳамда бундай етказиб беришнинг иқтисодиёт тармоғи учун оқибатларини ўрганишни ўз ичига олади.

Ваколатли орган товар демпинг нархларида импорт қилинаётган пайтда унинг етказиб бериш ҳажмини текшираётганда бунга тааллуқли, иқтисодиёт тармоғининг ҳолатига таъсир кўрсатувчи барча омиллар ва кўрсаткичларни ўрганиб чиқади.


13-модда. Антидемпинг божлари

қўлланилишининг хусусиятлари

Алоҳида ҳолларда, лекин текширув бошланганидан кейин камида олтмиш кун ўтгач, агар текширув тугаллангунга қадар олинган маълумот товар демпинг нархларида импорт қилинаётганлигидан ва бундай товар импортидан иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилаётганлигидан ёки жиддий зарар етказилиши хавфи борлигидан далолат берса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатли органнинг дастлабки хулосаси асосида муваққат антидемпинг божини қўлланиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Агар демпинг нархларидаги товар импорти оқибатида иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилмаётганлиги ёки жиддий зарар етказилиши хавфи йўқлиги текширув натижаларига кўра ваколатли орган томонидан аниқланган бўлса, тўланган муваққат антидемпинг божи суммалари тўловчига қонунчиликда божларни қайтариш учун белгиланган тартибда қайтариб берилиши керак.

Агар антидемпинг божи муваққат антидемпинг божидан кам миқдорда қўлланилган бўлса, орадаги фарқ тўловчига қонунчиликда божларни қайтариш учун белгиланган тартибда қайтариб берилиши керак.

Агар антидемпинг божи муваққат антидемпинг божидан кўп миқдорда қўлланилган бўлса, орадаги фарқ тўловчидан ундирилмайди.

Текширув бошланган санадан аввалроқ эркин муомалага чиқарилган товарга нисбатан антидемпинг божи қўлланилиши мумкин эмас.

Антидемпинг божи қонунчиликда белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ундирилишидан қатъи назар қўлланилади.


14-модда. Антидемпинг божининг

амал қилиш муддати

Антидемпинг божининг амал қилиш муддати уни қўлланиш бошланган ёки демпинг нархларидаги товар импорти нуқтаи назаридан ҳам, иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарнинг ёки жиддий зарар етказилиши хавфининг бор-йўқлиги нуқтаи назаридан ҳам охирги марта қайта кўриб чиқилган пайтдан эътиборан беш йилдан ошмаслиги лозим, антидемпинг божининг амал қилиш муддати тугагунга қадар бошланган қайта кўриб чиқиш жараёнида антидемпинг божининг амал қилишини тугатиш демпинг нархларидаги товар импортининг ва иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарнинг ёки жиддий зарар етказилиши хавфининг давом этишига ёки тикланишига олиб келиши ваколатли орган томонидан аниқланган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолларда антидемпинг божи қайта кўриб чиқиш учун асос бўлган такрорий текширув натижалари олингунга қадар қўлланилаверади.

Антидемпинг божини қайта кўриб чиқиш мақсадидаги такрорий текширув ваколатли органнинг ташаббусига ёки манфаатдор шахсларнинг сўровига кўра улар антидемпинг божини қайта кўриб чиқиш зарурлигини тасдиқловчи ахборотни тақдим этганларидан кейин амалга оширилади. Антидемпинг божини қайта кўриб чиқиш мақсадидаги такрорий текширув шу текширувни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн икки ой ичида тугалланиши керак.

Антидемпинг божини қўлланишни давом эттириш ёки бундай божнинг ставкасини қайта кўриб чиқиш зарурлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан такрорий текширув натижаларига биноан ваколатли органнинг хулосаси асосида аниқланади.

Муваққат антидемпинг божи олти ойгача бўлган муддатга белгиланади. Мазкур муҳлат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тўққиз ойгача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин.


15-модда. Демпинг нархларидаги товарни импорт

қилишда нархлар бўйича мажбуриятлар

Текширув объекти бўлган товарни экспорт қилувчининг нархни қайта кўриб чиқиш ёки товарни Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига унинг нормал қийматидан паст нархда экспорт қилишни тугатиш тўғрисидаги ихтиёрий мажбуриятлари демпинг нархларидаги товарни импорт қилишда нархлар бўйича мажбуриятлардир.

Демпинг нархларидаги товарни импорт қилишда нархлар бўйича мажбуриятлар экспорт қилувчидан олинган тақдирда, агар ваколатли орган бундай мажбуриятларнинг қабул қилиниши иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этишини аниқлаган бўлса, текширув антидемпинг божлари ёки муваққат антидемпинг божлари қўлланилмасдан тўхтатиб турилиши ёки тугатилиши мумкин.

Демпинг нархларидаги товарни импорт қилишда нархлар бўйича мажбуриятларга мувофиқ товар нархлари даражаси демпинг маржасини бартараф этиш учун зарур бўлганидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Товар нархларининг оширилиши, агар бундай ошириш иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш учун кифоя қилса, демпинг маржасидан кам бўлиши мумкин.

Товар демпинг нархларида импорт қилинаётганлиги ва бундай импорт оқибатида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарнинг ёки жиддий зарар етказилиши хавфининг бор-йўқлиги тўғрисида ваколатли орган томонидан дастлабки хулоса чиқарилгунга қадар демпинг нархларидаги товарни импорт қилишда нархлар бўйича мажбуриятлар экспорт қилувчи томонидан қабул қилинмайди.

Демпинг нархларидаги товарни импорт қилишда нархлар бўйича мажбуриятлар экспорт қилувчи томонидан қабул қилинган тақдирда, текширув унинг илтимосномасига ёки ваколатли органнинг қарорига биноан давом эттирилиши мумкин. Агар текширув натижаларига кўра товар демпинг нархларида импорт қилинмаётганлиги ёки бундай импорт оқибатида иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етмаётганлиги ёки жиддий зарар етказилиши хавфи йўқлиги тўғрисида хулоса чиқарилган бўлса, демпинг нархларидаги товарни импорт қилишда нархлар бўйича мажбуриятлар ўз кучини йўқотади, чиқарилган хулоса кўп жиҳатдан нархлар бўйича мажбуриятлар мавжудлигининг натижаси бўлган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолларда мазкур мажбуриятлар иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш учун зарур бўлган муддат мобайнида ўз кучини сақлаб туради.

Демпинг нархларидаги товарни импорт қилишда нархлар бўйича мажбуриятлар экспорт қилувчи томонидан бузилган ёки қайтариб олинган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси антидемпинг божини ёки муваққат антидемпинг божини қўлланиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.


IV. КОМПЕНСАЦИЯ БОЖЛАРИ

16-модда. Компенсация божларининг қўлланилиши

Субсидия билан таъминланган товар импорти учун импорт божидан ташқари ундириладиган бож компенсация божидир.

Агар субсидия билан таъминланган товар импорти иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказаётганлиги ёки жиддий зарар етказилиши хавфини туғдираётганлиги ваколатли органнинг текшируви натижалари асосида аниқланган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан компенсация божи қўлланилади.

Ишлаб чиқариш, экспорт қилиш ёки ташиш пайтида чет давлатнинг субсидиясидан фойдаланилган товарнинг Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига импорти субсидия билан таъминланган товар импортидир.

Компенсация божи субсидия билан таъминланган товар импорти оқибатида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш учун зарур миқдорда ва муддатда қўлланилади.

Компенсация божининг ставкаси субсидия билан таъминланган товарни Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига импорт қилишда шу товарнинг бирлиги ҳисобига чет давлат субсидиясининг текширувда аниқланган миқдоридан ошмаслиги лозим.

Битта товарга нисбатан бир вақтнинг ўзида компенсация ва антидемпинг божи қўлланилишига йўл қўйилмайди.



17-модда. Чет давлат субсидияси

Чет давлат ҳукуматининг ёки бошқа органининг ёхуд чет давлатлар иттифоқи нинг (бундан буён матнда чет давлат деб юритилади) субсидия олувчига қўшимча афзалликлар берадиган ва бевосита чет давлат томонидан ёхуд унинг топшириғига биноан амалга ошириладиган молиявий кўмаги чет давлат субсидияси (бундан буён матнда субсидия деб юритилади) ҳисобланади.

Субсидия олувчига қўшимча афзалликлар берадиган молиявий кўмакнинг қуйидаги турлари субсидиялар деб тан олинади:

чет давлат томонидан молиявий маблағларни (шу жумладан грантлар, заёмлар, акцияларни сотиб олиш тариқасидаги молиявий маблағларни) тўғридан-тўғри ўтказиш ёки шундай маблағларни (шу жумладан заёмлар бўйича кафолатлар тариқасидаги маблағларни) ўтказиш бўйича мажбуриятлар;

чет давлатнинг давлат даромадига тушиши лозим бўлган тўловларни ундиришдан воз кечиши ёки ундирмаслиги (шу жумладан солиқ кредитлари бериш йўли билан), экспорт қилинаётган товарни ички истеъмол учун мўлжалланган ўхшаш товардан ундириладиган солиқлар ва божлардан озод қилиш ёки бундай солиқлар ва божларни ҳақиқатда ҳисоблаб чиқарилган суммалардан ошмайдиган миқдорда камайтириш ҳоллари бундан мустасно;

чет давлат томонидан товарларни тақдим этиш ва хизматлар кўрсатиш (умумий инфратузилмани сақлаб туриш ва ривожлантириш учун мўлжалланган товарлар ва хизматлар бундан мустасно) ёки товарларни харид қилиб олиш;

чет давлат томонидан молиялаштириш фондларига тўловлар тўлаш ёки ўз ваколатларини ушбу қисмнинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган, одатда чет давлат томонидан чет давлатнинг одатдаги амалиётидан ҳақиқатда фарқ қилмайдиган шартларда амалга ошириладиган молиявий ёрдам турларини амалга ошириш учун хусусий ташкилотга бериш.

Молиявий кўмакнинг субсидия олувчига қўшимча афзалликлар берадиган бошқа турлари ҳам субсидиялар деб тан олиниши мумкин.

Субсидияларнинг ваколатли орган томонидан текширув жараёнида аниқланган суммаси, агар у субсидия билан таъминланган товар қийматининг бир фоиздан ортиқроғини ташкил этса, компенсация божларини қўлланиш йўли билан қопланиши керак.

Субсидиялар, агар улар ўзига хос бўлса, компенсация божининг предметидир. Фойдаланилиши чекланган ва муайян корхонага ёки иқтисодиёт тармоғига, корхоналар ёхуд иқтисодиёт тармоқлари гуруҳига, шунингдек белгиланган жуғрофий минтақада жойлашган муайян корхоналарга бериладиган ёхуд товар экспортини рағбатлантиришга ёки товар импортининг ўрнини босишга қаратилган субсидия ўзига хос субсидия ҳисобланади.

Компенсация божларининг предмети бўлган субсидияни ҳисоб-китоб қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


18-модда. Субсидия билан таъминланган товар импорти

оқибатида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий

зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини аниқлаш

Субсидия билан таъминланган товар импорти оқибатида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини аниқлаш далилларга асосланади ва субсидия билан таъминланган товар импорт қилинаётгандаги унинг етказиб бериш ҳажмини, бу товарнинг сифатини, Ўзбекистон Республикасининг ички бозоридаги ўхшаш товарлар нархига таъсирини ҳамда бундай етказиб беришнинг иқтисодиёт тармоғи учун оқибатларини ўрганишни ўз ичига олади.

Ваколатли орган субсидия билан таъминланган товар импорт қилинаётган пайтда унинг етказиб бериш ҳажмини текшираётганда бунга тааллуқли, иқтисодиёт тармоғининг ҳолатига таъсир кўрсатувчи барча омиллар ва кўрсаткичларни ўрганиб чиқади.


19-модда. Компенсация божлари

қўлланилишининг хусусиятлари

Алоҳида ҳолларда, лекин текширув бошланганидан кейин камида олтмиш кун ўтгач, агар текширув тугаллангунга қадар олинган маълумот субсидия билан таъминланган товар импорт қилинаётганлигидан ва бундай товар импортидан иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилаётганлигидан ёки жиддий зарар етказилиши хавфи борлигидан далолат берса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатли органнинг дастлабки хулосаси асосида муваққат компенсация божини қўлланиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Агар субсидия билан таъминланган товар импорти оқибатида иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилмаётганлиги ёки жиддий зарар етказилиши хавфи йўқлиги текширув натижаларига кўра ваколатли орган томонидан аниқланган бўлса, тўланган муваққат компенсация божи суммалари тўловчига қонунчиликда божларни қайтариш учун белгиланган тартибда қайтариб берилиши керак.

Агар компенсация божи муваққат компенсация божидан кам миқдорда қўлланилган бўлса, орадаги фарқ тўловчига қонунчиликда божларни қайтариш учун белгиланган тартибда қайтариб берилиши керак.

Агар компенсация божи муваққат компенсация божидан кўп миқдорда қўлланилган бўлса, орадаги фарқ тўловчидан ундирилмайди.

Текширув бошланган санадан аввалроқ эркин муомалага чиқарилган товарга нисбатан компенсация божи қўлланилиши мумкин эмас.

Компенсация божи қонунчиликда белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ундирилишидан қатъи назар қўлланилади.


20-модда. Компенсация божининг амал қилиш муддати

Компенсация божининг амал қилиш муддати уни қўлланиш бошланган ёки субсидия билан таъминланган товар импорти нуқтаи назаридан ҳам, иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарнинг ёки жиддий зарар етказилиши хавфининг бор-йўқлиги нуқтаи назаридан ҳам охирги марта қайта кўриб чиқиш бошланган пайтдан эътиборан беш йилдан ошмаслиги лозим, компенсация божининг амал қилиш муддати тугагунга қадар бошланган қайта кўриб чиқиш жараёнида компенсация божининг амал қилишини тугатиш субсидия билан таъминланган товар импортининг ҳамда иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарнинг ёки жиддий зарар етказилиши хавфининг давом этишига ёки тикланишига олиб келиши ваколатли орган томонидан аниқланган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолларда компенсация божи қайта кўриб чиқиш учун асос бўлган такрорий текширув натижалари олингунга қадар қўлланилаверади.

Компенсация божини қайта кўриб чиқиш мақсадидаги такрорий текширув ваколатли органнинг ташаббусига ёки манфаатдор шахсларнинг сўровига кўра улар компенсация божини қайта кўриб чиқиш зарурлигини тасдиқловчи ахборотни тақдим этганларидан кейин амалга оширилади. Компенсация божини қайта кўриб чиқиш мақсадидаги такрорий текширув шу текширувни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн икки ой ичида тугалланиши керак.

Компенсация божини қўлланишни давом эттириш ёки бундай божнинг ставкасини қайта кўриб чиқиш зарурлиги Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкама си томонидан такрорий текширув натижаларига биноан ваколатли органнинг хулосаси асосида белгиланади.

Муваққкат компенсация божи тўрт ойгача бўлган муддатга белгиланади.


21-модда. Субсидия билан таъминланган товарни

импорт қилишда нархлар бўйича мажбуриятлар

Текширув қуйидаги ҳолларда компенсация божлари ёки муваққат компенсация божлари қўлланилмасдан тўхтатиб турилиши ёхуд тугатилиши мумкин:

агар нархлар бўйича ихтиёрий мажбуриятлар субсидияни бекор қилиш ёки қисқартириш ёхуд субсидия билан таъминланган товар импорти оқибатларини бартараф этиш мақсадида айнан ўхшаш бошқа чораларни кўриш юзасидан текширув объекти бўлган товар экспорт қилинаётган чет давлатдан олинган бўлса;

агар нархлар бўйича ихтиёрий мажбуриятлар бундай мажбуриятларнинг қабул қилинишини ваколатли орган иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этади деб белгилайдиган тарзда товар нархларини қайта кўриб чиқиш тўғрисида текширув объекти бўлган товарни экспорт қилувчидан олинган бўлса. Нархлар бўйича шундай мажбуриятларга мувофиқ товар нархлари даражаси субсидиянинг иқтисодиёт тармоғига таъсирини компенсация қилиш учун зарур бўлганидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Товар нархларининг оширилиши, агар бундай ошириш иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш учун кифоя қилса, субсидия миқдоридан кам бўлиши мумкин.

Субсидия билан таъминланган товар импорт қилинаётганлиги ва бундай импорт оқибатида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарнинг ёки жиддий зарар етказилиши хавфининг бор-йўқлиги тўғрисида ваколатли орган томонидан дастлабки хулоса чиқарилгунга қадар субсидия билан таъминланган товарни импорт қилишда нархлар бўйича мажбуриятлар чет давлат ёки экспорт қилувчи томонидан қабул қилинмайди.

Субсидия билан таъминланган товарни импорт қилишда нархлар бўйича мажбуриятлар чет давлат ёки экспорт қилувчи томонидан қабул қилинган тақдирда, текширув товар экспорт қилинаётган чет давлатнинг илтимосномасига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан давом эттирилиши мумкин. Агар текширув натижаларига кўра субсидия билан таъминланган товар импорт қилинмаётганлиги ёки бундай импорт оқибатида иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етмаётганлиги ёки жиддий зарар етказилиши хавфи йўқлиги тўғрисида хулоса чиқарилган бўлса, субсидия билан таъминланган товарни импорт қилишда нархлар бўйича мажбуриятлар ўз кучини йўқотади, чиқарилган хулоса кўп жиҳатдан нархлар бўйича мажбуриятлар мавжудлигининг натижаси бўлган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолларда мазкур мажбуриятлар иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш учун зарур бўлган муддат мобайнида ўз кучини сақлаб туради.

Субсидия билан таъминланган товарни импорт қилишда нархлар бўйича мажбуриятлар товар экспорт қилинаётган чет давлат томонидан ёки экспорт қилувчи томонидан бузилган ёки қайтариб олинган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси компенсация божини ёки муваққат компенсация божини қўлланиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.


V. ТЕКШИРУВ ЎТКАЗИШ

22-модда. Текширув ўтказиш тўғрисида

ариза бериш тартиби

Текширув ваколатли орган томонидан, иқтисодиётнинг тегишли тармоғи манфаатларини ифода этувчи юридик ёки жисмоний шахсларнинг ёзма аризасига биноан ўтказилади.

Текширув ўтказиш тўғрисидаги ариза (бундан буён матнда ариза деб юритилади) умумий ишлаб чиқариши Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқарувчиларининг мазкур ариза юзасидан ўз фикрини ёзма равишда билдирган қисми томонидан ишлаб чиқарилган жами ўхшаш товарнинг эллик фоизидан ортиқроғини ташкил этадиган Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқарувчилари томонидан қўллаб-қувватланса, у берилган деб ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқарувчиларининг аризани қўллаб-қувватловчилари улушига Ўзбекистон Республикасида ўхшаш товарларни жами ишлаб чиқаришнинг камида йигирма беш фоизи тўғри келиши керак.

Аризада қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

ариза берувчининг номи, ариза берувчи олдинги даврда ўхшаш товарни ишлаб чиқарганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кирилаётган, текширув объекти бўлган товарнинг тавсифи, товар келиб чиққан мамлакат номи, чет давлатнинг ариза берувчига маълум экспорт қилувчилари ва ишлаб чиқарувчилари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида ўхшаш товар ишлаб чиқарувчилардан қайсилари унга маълум бўлса, шу ишлаб чиқарувчилар тўғрисидаги маълумотлар;

товар нархларининг, товар импорти кўпайганлиги суръатлари ва ҳажмларининг мутлақ ва нисбий миқдорлари тўғрисидаги, товар импортининг ички бозордаги ўхшаш товарнинг нархларига ва иқтисодиёт тармоғига таъсири ҳақидаги, товарнинг Ўзбекистон Республикасининг ички бозоридаги улуши тўғрисидаги маълумотлар;

демпинг нархларидаги товар импорт қилинаётганлиги ва бундай товар импорти оқибатида иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилаётганлиги ёки жиддий зарар етказилиши хавфининг борлиги далиллари, шундай товарнинг нормал қиймати ва экспорт нархига оид маълумотлар (ушбу Қонуннинг III бобида назарда тутилган ҳоллар учун);

субсидиянинг мавжудлиги далиллари, имкони бўлганда шундай субсидиянинг миқдорини ва субсидия билан таъминланган товар импорти оқибатида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарнинг ёки жиддий зарар етказилиши хавфининг бор-йўқлигини кўрсатган ҳолда (ушбу Қонуннинг IV бобида назарда тутилган ҳоллар учун).

Ариза текширув бошлангунга қадар ёки текширув ўтказилаётган пайтда ариза берувчи томонидан қайтариб олиниши мумкин. Агар ариза текширув бошлангунга қадар қайтариб олинган бўлса, у берилмаган деб ҳисобланади. Агар ариза текширув ўтказилаётган пайтда қайтариб олинган бўлса, ваколатли орган текширувни давом эттириш ёки уни тугатиш ҳуқуқига эга.

Товар импорти кўпайганлиги, демпинг нархларидаги товар импорти ёки субсидия билан таъминланган товар импорти мавжудлиги ва бундай импорт оқибатида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарнинг ёки жиддий зарар етказилиши хавфининг борлиги далиллари бўлган тақдирда, текширув ваколатли органнинг ўз ташаббуси билан ўтказилиши мумкин.


23-модда. Текширувни бошлаш учун мажбурий шартлар

Ариза берилганидан кейин ўттиз кун ичида ваколатли орган аризада кўрсатил ан маълумотларнинг ишончлилиги ва етарлилигини кўриб чиқиши ҳамда текширув ўтказиш тўғрисида ёки текширув ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиб, бу ҳақда ариза берувчига ёзма равишда хабар қилиши керак. Текширув ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда рад этиш сабабларидан ариза берувчини ваколатли орган хабардор этади.

Текширув ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар ваколатли орган аризанинг мазмунини, унинг олинганлиги ва кўриб чиқилганлиги ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Ваколатли орган, агар у маълумотларни етарли эмас деб топса, ариза олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда бу ҳақда ариза берувчига ёзма равишда хабар қилади ва унга ўз аризасига ўзгартиришлар ёки қўшимчалар киритиш имкониятини беради.

Агар ариза берувчи ўз аризасига ўзгартиришлар ёки қўшимчалар киритса, аризани кўриб чиқиш муддати ана шу ўзгартиришлар ёки қўшимчалар олинган кундан эътиборан бошланади.

Агар ариза берувчи ваколатли орган сўраётган қўшимча маълумотларни хабар олинган санадан эътиборан ўн беш кун ичида тақдим этмаса ва бундай маълумотларни тақдим этишни кечиктириш тўғрисида илтимос қилмаган бўлса, ваколатли орган аризани кўриб чиқишни рад этишга ҳақли бўлиб, бу ҳақда ариза берувчига ёзма равишда хабар қилади.

Ваколатли орган текширувни бошлаш учун ариза берувчининг ариза берилишига сабаб бўлган товарни умумий ишлаб чиқаришдаги улушини аниқлаш орқали аризани кўриб чиқишда холисликка риоя этилишини ва ариза юзасидан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодиёт тегишли тармоғи ишлаб чиқарувчиларининг фикрлари мумкин қадар кўпроқ инобатга олинишини таъминлайди. Бунинг учун ваколатли орган Ўзбекистон Республикасининг ўхшаш товар бошқа ишлаб чиқарувчилари ва истеъмолчиларининг ушбу ариза юзасидан фикрларини сўраб олишга ҳақли.


24-модда. Текширувни бошлаш тўғрисидаги қарор

ва текширув бошланганлигидан хабардор қилиш

Текширувни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинганлигидан кейин ваколатли орган ўттиз кун ичида:

барча манфаатдор шахсларни бўлажак текширувдан хабардор қилади;

текширувнинг бошланиши ҳақида расмий нашрда билдириш эълон қилади.

Текширувнинг бошланиши ҳақидаги билдиришда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

экспорт қилувчи мамлакатнинг, мамлакатларнинг номи ва текширув объекти бўлган товарнинг номи;

текширув бошланадиган сана;

аризанинг қонунийлигини тасдиқловчи фактларнинг қисқача баёни;

манфаатдор шахслар ўз материалларини юборишлари лозим бўлган манзил ва уларни тақдим этиш муддатлари.

Текширув мазкур текширув объекти бўлган товарнинг божхона расмийлаштирувига ва уни Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига чиқарилишига монелик қилмаслиги керак.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари текширув ўтказилишига кўмаклашишлари ва ваколатли органнинг сўровига биноан товарлар намуналарини ҳамда зарур ахборотни, шу жумладан махфий ахборотни тақдим этишлари лозим.


25-модда. Текширув муддатлари

Муҳофаза чоралари қўлланилишидан олдинги текширувни ўтказиш муддати текширув бошланган санадан эътиборан тўққиз ойдан ошмаслиги лозим.

Антидемпинг ва компенсация божлари қўлланилишидан олдинги текширувни ўтказиш муддати текширув бошланган санадан эътиборан ўн икки ойдан ошмаслиги лозим. Алоҳида ҳолларда, мазкур муҳлат ваколатли органнинг қарорига биноан олти ойгача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин.

Агар чет давлат ёки экспорт қилувчи иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш мажбуриятини ўз зиммасига олса, текширув ваколатли орган томонидан тўхтатиб турилиши ёки тугатилиши мумкин.


26-модда. Текширув ўтказишнинг хусусиятлари

Агар иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилмаганлиги ёки жиддий зарар етказилиши хавфи йўқлиги аниқланган бўлса, ваколатли орган текширув ўтказишни рад этади.

Агар демпинг маржаси экспорт нархининг икки фоизидан камини ташкил этса ёки демпинг нархларидаги товар импорти ҳажмининг ёки бундай импортдан иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарнинг ёҳуд жиддий зарар етказилиши хавфининг унча катта эмаслиги қонунчиликка мувофиқ аниқланган бўлса, антидемпинг божлари қўлланилишидан олдинги текширув дарҳол тугатилиши керак.

Агар субсидия миқдори товар қийматининг бир фоизидан ошмаслиги аниқланган бўлса, компенсация божлари қўлланилишидан олдинги текширув дарҳол тугатилиши лозим.


VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

27-модда. Ахборотнинг махфийлиги

Текширув жараёнида ваколатли органга тақдим этиладиган махфий ахборот уни тақдим этган манфаатдор шахснинг ёзма рухсатномасисиз ошкор қилинмаслиги керак.


28-модда. Муҳофаза чораларини, антидемпинг

ва компенсация божларини бекор қилиш

Агар муҳофаза чораларини, антидемпинг ва компенсация божларини қўлланиш оқибатида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарнинг ёки жиддий зарар етказилиши хавфининг бартараф этилганлиги аниқланган бўлса, ваколатли орган уларни бекор қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.



29-модда. Низоларни ҳал этиш

Муҳофаза чораларини, антидемпинг ва компенсация божларини қўлланиш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


30-модда. Муҳофаза чоралари, антидемпинг

ва компенсация божлари тўғрисидаги

қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                         И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 4-сон, 39-модда.












































Время: 0.1963
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск