ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Тасвирий санъат. Музейлар /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейининг Устави (ЎзР ВМ 22.11.2017 й. 936-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 22 ноябрдаги

936-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон

қурбонлари хотираси давлат музейининг

УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейининг (кейинги ўринларда Музей деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Музей ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Уставга амал қилади.


3. Музей ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради ва бўйсунади.


4. Музей ўз фаолиятида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, хорижий ва халқаро ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.


5. Музей юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, банк ҳисоб рақамларига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.


6. Музей жойлашган жой (почта манзили): Тошкент шаҳри, Амир Темур кўчаси, "Шаҳидлар хотираси" майдони, 100184.


7. Музейнинг расмий номи:

давлат тилида - O`zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Qatag`on qurbonlari xotirasi davlat muzeyi;

рус тилида - Государственный музей Памяти жертв репрессий при Кабинете Министров Республики Узбекистан;

инглиз тилида - State museum in memory of the victims of the repressions under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan.



2-БОБ. МУЗЕЙНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Музейнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

мустабид тузум давридаги қатағон сиёсатининг сабаблари ва фожиали оқибатларини чуқур ўрганиш ҳамда уларни ҳаққоний ёритиш мақсадида музей экспозициясини ташкил этиш;

музей фондлари ва экспонатларини мамлакатимиз ва хориждаги қатағон сиёсати билан боғлиқ турли ҳужжатлар ва бошқа экспонатлар билан мунтазам бойитиб бориш;

қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, уларни ёд этиш билан боғлиқ маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш, республика ва халқаро миқёсда илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш;

қатағон қурбонларининг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, уларнинг ижодий меросини тўплаш, нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;

республика таълим муассасалари билан ҳамкорликда музейда очиқ дарслар, маъруза ва семинар машғулотлари, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташини таъминлаш, Музейнинг илмий базасидан фойдаланган ҳолда юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш;

ҳудудлардаги олий таълим муассасалари тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Қатағон қурбонлари хотираси музейларига (кейинги ўринларда ҳудудий музейлар деб аталади) услубий ёрдам бериш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш.


9. Музей ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) мустабид тузум давридаги қатағон сиёсатининг сабаблари ва фожиали оқибатларини чуқур ўрганиш ҳамда уларни ҳаққоний ёритиш мақсадида музей экспозициясини ташкил этиш соҳасида:

Ўзбекистоннинг мустабид тузум давридаги тарихини бирламчи манбалар, архив ҳужжатлари, матбуот материаллари асосида атрофлича тадқиқ этади;

илмий изланишлар натижасида жамланган тарихий материаллар ва музей ашёлари асосида музей экспозициясини яратади ва такомиллаштиради;

музей экспозицияларини ташкил қилишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланади;

хорижий мутахассислар томонидан нашр этилган қатағон даврига оид замонавий илмий ва сиёсий, бадиий адабиётлар электрон базасини яратади;

республиканинг илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини олиб боради;

хорижий мамлакатларнинг турдош музейлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан биргаликда белгиланган тартибда илмий изланишлар олиб боради;

қатағонлар туфайли қурбон бўлган мутафаккирлар, машҳур фан ва адабиёт арбоблари шарафига бағишланган республика ва халқаро илмий-амалий анжуманлар, семинарларни ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этади;

б) музей фондлари ва экспонатларини мамлакатимиз ва хориждаги қатағон сиёсати билан боғлиқ турли ҳужжатлар ва бошқа экспонатлар билан мунтазам бойитиб бориш соҳасида:

республика ва хорижий мамлакатларнинг архивлари ҳамда кутубхоналарида сақланаётган ҳужжатлар ва бирламчи манбалар бўйича илмий изланишлар олиб боради;

республиканинг турли ҳудудлари ҳамда хорижий мамлакатларга илмий экспедициялар уюштириш асосида янги музей ашёларини тўплайди;

қатағон қурбонлари авлодларининг хотиралари ва оғзаки тарих материаллари асосида монографиялар, илмий рисолалар тайёрлайди;

в) қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, уларни ёд этиш билан боғлиқ маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш, республика ва халқаро миқёсдаги илмий-амалий анжуманларни ташкил этиш соҳасида:

музей йўналиши бўйича ўтказилиши режалаштирилган анжуманлар ва турли тарихий саналар муносабати билан кўргазмалар ташкил этади;

қатағон қурбонлари авлодлари ва ёшлар иштирокида хотира кечалари ҳамда давра суҳбатлари уюштиради ва ўтказади;

алоҳида буюртмалар асосида қатағон этилган ватандошларимизнинг уй-музейлари экспозицияларини ташкил этишда иштирок этади;

хорижий мамлакатларда музейшунослик соҳаси ва тарихий мавзуларда ўтказиладиган халқаро анжуманларда иштирок этади;

г) қатағон қурбонларининг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, уларнинг ижодий меросини тўплаш, нашрга тайёрлаш ва чоп этиш соҳасида:

қатағон қурбонлари бўлган давлат ва жамоат арбоблари, фан, адабиёт намоёндаларининг республика ва хориждаги мавжуд илмий, адабий, публицистик меросини аниқлайди ва жамлайди;

мустамлакачилик, шу жумладан қатағон сиёсати ва унинг қурбонларига бағишланган монографиялар, альбомлар, китоблар нашр этади, ҳужжатли фильмларни суратга олади, матбуотда мақолалар эълон қилади, тўпланган материалларни оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилади;

д) республика таълим муассасалари билан ҳамкорликда музейда очиқ дарслар, маъруза ва семинар машғулотлари, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташини таъминлаш, Музейнинг илмий базасидан фойдаланган ҳолда юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш соҳасида:

таълим муассасалари билан инновацион-корпоратив ҳамкорлик шартномаларини тузади ва улар асосида музейда очиқ дарслар, маъруза ва семинар машғулотлари, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташини таъминлайди.

музей етакчи олимларининг олий таълим муассасаларида ўқув жараёнида қатнашишлари, талаба ва докторантларнинг илмий ишларига раҳбарлик қилишлари учун зарур чораларни кўради;

қатағон даври тарихига оид илмий фаолият билан шуғулланаётган тадқиқотчиларга музей фонди материалларидан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитлар яратади;

олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркиби малакасини оширишни ташкил этишда иштирок этади;

е) ҳудудий музейларга услубий ёрдам бериш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш:

ҳудудий музейлар учун экспозициянинг намунавий концепцияси ва намунавий тематик режасини ишлаб чиқади ҳамда шу асосда тайёрланган ҳар бир ҳудудий музей экспозицияси концепцияси ва тематик режасини тасдиқлайди;

ҳудудий музей экспозициясини яратишда, уни бойитиб боришда услубий ва амалий ёрдам беради;

ҳудудий музейларнинг йиллик иш режаларини кўриб чиқади ва зарур тавсияларни беради.



3-БОБ. МУЗЕЙНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Музей ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ўз ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этишга доир маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

ўз ваколати доирасида конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирлар ўтказиш ҳамда бундай тадбирларда иштирок этиш;

илмий-тадқиқот ишларига республикадаги ва хориждаги мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш;

Музей ходимлари ва жалб қилинган мутахассисларни хорижий илмий-тадқиқот ҳамда таълим муассасаларига илмий тадқиқотларни амалга ошириши учун юбориш;

Музей фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техника базасини ривожлантириш, асосий фондларни реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш масалалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

ҳудудий музейлар фаолиятини услубий жиҳатдан мувофиқлаштириш;

Музейда ходимларнинг моддий рағбатлантириш фондини тузиш.

Музей қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Музейнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

Музей ашёлари ва коллекцияларининг жисман бут сақланиши ҳамда хавфсизлигини;

Музей ашёлари ва коллекциялари билан боғлиқ ҳисобга олиш ҳужжатларининг юритилиши ҳамда бут сақланишини;

Музей ашёлари ва коллекцияларидан илмий, маданий, маърифий ҳамда таълим мақсадларида фойдаланилишини таъминлаш.


12. Музей ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар ва унинг ихтиёридаги бошқа маблағлардан мақсадли фойдаланилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. МУЗЕЙ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Музейга белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

Директорнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган икки нафар ўринбосари бўлади.


14. Музей директори:

Музей фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ҳамда Музейга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ва бошқа ташкилотларда, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар вакиллари иштирокида ўтказиладиган расмий тадбирларда Музей номидан вакиллик қилади;

Музей ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ва Музейга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Музейнинг илмий, илмий-техникавий, маъмурий фаолиятининг йўналишларини белгилайди, унинг йиллик ва истиқболдаги иш режаларини белгиланган тартибда тасдиқлайди, илмий-тадқиқот ва бошқа жараёнларни ташкил этади;

аниқ мақсадга йўналтирилган дастур ва танлов мавзуларини, шунингдек, алоҳида топшириқ ва буюртмаларни амалга ошириш мақсадида Музейда вақтинчалик тадқиқот гуруҳини ташкил этади;

Музейда ижро интизоми ҳолати бўйича бевосита раҳбарликни амалга оширади;

Музей таркибий бўлинмалари низомини ва Музей ходимларининг функционал вазифаларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;

ўз ваколати доирасида ходимларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

зарур бўлганда, Музейнинг таркибий тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритади;

ўз ваколати доирасида Музей ходимларининг бажариши мажбурий бўлган буйруқларни қабул қилади;

Музей фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.

Директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.


15. Музей директори вақтинчалик бўлмаган тақдирда унинг вазифаларини бажариш директор ўринбосарларидан бирининг зиммасига юкланади.


16. Директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари:

Музей таркибий бўлинмаларининг ишларини ташкил қилади ҳамда Музейга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши ҳамда бўлимларда ижро интизоми ҳолати учун шахсан жавоб беради;

ўзига бириктирилган масалалар бўйича ҳужжатлар лойиҳасини ва материалларни ўз вақтида ва сифатли тайёрлашни ташкил этади, топшириқларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлайди;

Музей иш режасида, шунингдек мутахассисларнинг шахсий иш режаларида назарда тутилган тадбирларни талаб қилинадиган давр мобайнида амалга ошириш ва мувофиқлаштиришни таъминлайди ҳамда ўрганилган масалаларнинг танқидий таҳлили асосида Музей директорига муҳокама учун таклифлар киритади;

Музей директорига бўлимлар ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш, уларнинг малакасини ошириш, мукофотлаш ва интизомий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритади;

вазифалар тақсимотига кўра бошқа тегишли ваколатларни ҳам амалга оширади.


17. Директорнинг умумий ишлар бўйича ўринбосари:

Музей хўжалик фаолияти билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштиради. Музей биноси, автотранспорт воситаси, асбоб-ускуналар, техника воситаларини сақлаш ҳамда уларни қайта тиклаш ва ўрнини тўлдириб бориш, шунингдек бинолар ва уларнинг атрофидаги тозаликка риоя этилишини таъминлайди;

Музей директорига ходимларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш, уларнинг малакасини ошириш, уларни мукофотлаш ва интизомий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритади.


18. Бош муҳофиз (фонд бўлими бошлиғи):

барча музей ашёлари ва музей коллекцияларини белгиланган тартибга мувофиқ ҳисобга олади;

Музей ашёлари ва музей коллекцияларини нобуд бўлиш ва ўғирланишдан ҳимояланган ҳолда сақлаш чораларини кўради;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш ва уларни сақлашга оид барча ҳужжатларни юритади;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш, сақлаш, таъмирлаш ва қўриқлашнинг ички тартибларини ишлаб чиқади;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш, сақлаш, таъмирлаш ва қўриқлаш, уларни жойдан-жойга кўчириш ишларининг тўғри олиб борилиши устидан назоратни таъминлайди;

Бош муҳофиз (фонд бўлими бошлиғи) музей директорининг қонун ҳужжатларига зид бўлган топшириғини олган тақдирда, уни бажаришдан олдин топшириқ зид эканлигини директорга ёзма равишда билдиради.

Агар, директор ўз топшириғини ёзма равишда қайта тасдиқласа, бош муҳофиз дарҳол бу ҳақда Музей бевосита бўйсунадиган юқори бошқарув органини хабардор қилиши шарт.


19. Музейнинг илмий-тадқиқот ва экспозиция масалаларини ҳал этиш учун жамоатчилик асосида Илмий кенгаш тузилади.


20. Илмий кенгаш таркибига директор (кенгаш раиси), унинг ўринбосарлари, бўлим мудирлари, шунингдек илмий ходимлар ҳамда бошқа илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари вакиллари ҳамда юқори малака ва тажрибага эга бўлган (илмий даражаси бор ёки йўқлигидан қатъи назар) соҳа мутахассислари киради.


21. Ушбу Кенгаш музейнинг фаолиятини мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига мақбул тарзда мувофиқлаштириб борадиган коллегиал орган ҳисобланади.


22. Қуйидагилар Музей фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Музейни сақлаш учун ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан давлат илмий дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан тушадиган маблағлар;

халқаро молиявий институтлар, хорижий ташкилотлар, донор мамлакатлар ва ташкилотларнинг грантлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


23. Музейни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 25 ноябрь













































Время: 0.0058
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск