язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Декабрь, 2017 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Саноат/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.12.2017 й. ПФ-5285-сон "Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

14.12.2017 й.

N ПФ-5285



Ҳужжатнинг рус тилидаги

матнига қаранг



ТЎҚИМАЧИЛИК ВА ТИКУВ-ТРИКОТАЖ

САНОАТИНИ ЖАДАЛ РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА*


1-илова. Ўзбекистон Республикасида тўқимачилик

ва тикув-трикотаж саноатини жадал

ривожлантириш "Йўл харитаси"

          

2-илова. Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж

саноати корхоналари уюшмаси ижро этувчи

аппаратининг тузилмаси

          

3-илова. Пахта-тўқимачилик кластерларини ўрта муддатли

истиқболда ривожлантириш концепцияси лойиҳасини

ишлаб чиқиш бўйича ишчи комиссия таркиби



Республикада кенг турдаги сифатли тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари (кейинги ўринларда тўқимачилик маҳсулоти деб юритилади) ишлаб чиқарилишини ташкил этиш, унинг ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўтган давр мобайнида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини (кейинги ўринларда тўқимачилик саноати деб юритилади) ривожлантириш учун зарур ҳуқуқий база ва қулай шароитлар шакллантирилди.

Шу билан бирга, ўтказилган ўрганишларда мамлакат тўқимачилик саноатининг изчил ривожланишига тўсиқ бўлаётган қатор тизимли муаммолар аниқланди,хусусан:

биринчидан, тармоқнинг етарли салоҳиятига қарамасдан, юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотни ишлаб чиқаришда уйғунлашган технологик занжирнинг мавжуд эмаслиги сабабли 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларининг республика ялпи ички маҳсулотидаги улуши атиги 4,6 фоизни ташкил этди;

иккинчидан, тўқимачилик саноатининг бошқарув тизими тармоқнинг замонавий ривожланиш тенденцияларига жавоб бермайди, бу эса ҳал этилмаган муаммоларнинг тўпланиб қолишига олиб келмоқда ҳамда унинг жадал модернизация қилинишига тўсқинлик қилмоқда;

учинчидан, миллий стандартлар ва тўқимачилик маҳсулотларининг синовлари бўйича лабораторияларнинг халқаро стандартлар ва талаблар билан уйғунлаштириш ишларининг қониқарсизлиги, шунингдек, сифат менежменти замонавий тизимларини жорий этишнинг паст даражада эканлиги маҳаллий маҳсулотларни йирик хорижий савдо бозорларига чиқаришга, экспорт салоҳиятини юксалтиришга ҳамда маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигига бўлган ишончни оширишга тўсиқ бўлмоқда;

тўртинчидан, тармоққа замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражаси мавжуд муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва тўқимачилик саноати ривожланишининг истиқболли йўналишларини белгилаш учун шарт-шароит яратмаяпти;

бешинчидан, хом ашё ва ишлаб чиқариш ресурсларининг нооқилона тақсимланиши, логистика ва муҳандислик инфратузилмасини ташкил этишдаги камчиликлар ишлаб чиқариш қувватлари анча қисмининг тўхтаб қолишига, иқтисодий йўқотишларга ва оқибатда маҳсулотлар таннархининг ошишига, шунингдек, ишлаб чиқариш рентабеллигининг пасайишига олиб келмоқда;

олтинчидан, тўқимачилик ярим тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилишнинг барқарор устунлик қилиши, юқори қўшилган қийматли тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва жаҳон бозорларида муносиб рақобатлашишга қодир бўлган миллий брендларни шакллантиришнинг етарли даражада эмаслиги тўқимачилик саноати корхоналари даромадларини ошириш имконини бермаяпти;

еттинчидан, кадрлар тайёрлаш тизими тўқимачилик саноатининг реал эҳтиёжларига жавоб бермайди, тармоқни ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича ўқитишнинг инновацион йўналишларини жорий этиш ва илмий тадқиқотларни чуқурлаштириш юзасидан халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилмаган.

Республика тўқимачилик саноатининг жадал ривожланишини таъминлаш, юқори сифатли ва рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, уни йирик хорижий бозорларга янада илгари суриш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида:


1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси тўқимачилик саноатини янада ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари этиб белгилансин:

биринчидан, тўқимачилик саноатининг иқтисодиётдаги улушини ошириш, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларининг, энг аввало, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош тўқимачилик маҳсулотларини юқори технологик ишлаб чиқаришга қайта йўналтириш орқали ҳажми ва сифатини ошириш;

иккинчидан, тўқимачилик саноатининг бошқарув тизимини илғор менежмент технологиялари, тармоқ корхоналарига ҳар томонлама кўмаклашиш ва кўллаб-қувватлашнинг, шу жумладан уларнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи муаммоларни ҳал этишда самарали шаклларини жорий этган ҳолда тубдан қайта кўриб чиқиш;

учинчидан, тўқимачилик саноати соҳасидаги стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимини халқаро талаб ва стандартларга уйғунлаштириш, шунингдек, маҳсулотлар синов лабораторияларини модернизация қилиш ва аккредитациядан ўтказиш орқали янада такомиллаштириш;

тўртинчидан, тармоққа тўқимачилик маҳсулотлари маҳаллий ва хорижий бозорларининг ҳолати ҳамда ривожланиш тенденциялари ҳақидаги ишончли ва ўз вақтида ахборотлар олишни таъминлаш имконини берувчи илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, тармоқ ривожланишининг устувор йўналишларини аниқлаш мақсадида уни тизимли ва комплекс таҳлил қилиш;

бешинчидан, пахта хом ашёсини етиштиришдан бошлаб, унга дастлабки ишлов бериш, маҳсулотни пахта тозалаш корхоналарида кейинги қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр тўқимачилик маҳсулоти чиқариш босқичигача бўлган ишлаб чиқаришни интеграция қилишни назарда тутувчи ривожланишнинг кластер моделини амалга ошириш;

олтинчидан, хом ашё ресурслари тақсимотининг мутаносиблиги ва ташкил этилаётган тармоқ корхоналарининг логистика ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш билан ўзаро узвий боғлиқликда, шу жумладан кўп функцияли транспорт-логистика хабларини қуриш, юкларни етказишнинг оптимал йўналишлари ҳамда йўлакларини танлаш, шунингдек, транспортда юк ташиш тарифларини оптималлаштириш орқали жойлашувини таъминлаш;

еттинчидан, юқори сифатли тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспортини кенгайтириш, миллий брендларни жаҳон бозорларига илгари суриш мақсадида ишлаб чиқариш жараёнига илғор инновацион технологиялар, ноу-хау, дизайнерлик ишланмаларини кенг жорий этиш, фурнитура ва аксессуарларнинг замонавий намуналарини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш;

саккизинчидан, талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича йўналишларни кенгайтирган ҳолда тўқимачилик саноати учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш, таълим муассасаларининг ўқув дастурларини тармоқнинг замонавий ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш, илмий-тадқиқот фаолиятини, шунингдек, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш.


2. Ўзбекистон Республикасида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш "Йўл харитаси" (кейинги ўринларда "Йўл харитаси" деб юритилади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари "Йўл харитаси"да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишига шахсан жавобгардир.


3. 2018 йил пахта ҳосилидан бошлаб, эксперимент тартибида маҳаллий тўқимачилик саноати корхоналари томонидан тўғридан-тўғри фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларидан (кейинги ўринларда фермер хўжаликлари деб юритилади) пахта хом ашёсини етиштиришга буюртма қилиш ва аванс бериш, шу жумладан қуйидаги шартларни назарда тутувчи тизим жорий этилсин:

харид қилинадиган пахта нави ва ҳажми, уни етказиб бериш муддатлари ҳамда тартиби фермер хўжалиги ва тўқимачилик саноати корхонаси ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади;

пахта хом ашёсини дастлабки қайта ишлаш пахта тозалаш корхонаси томонидан қайта ишлаш асосида ёхуд тўқимачилик корхонаси томонидан хусусий ёки ижарага олинган пахта тозалаш корхонасида амалга оширилади;

тўқимачилик саноати корхоналари фермер хўжаликларининг харажатларини (чигит, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, иш ҳақини тўлаш ва кўрсатилган хизматларга ҳақ тўлаш харажатлари, бошқа сарф-харажатлар) тузилган шартнома қийматининг камида 60 фоизини аванс бериш йўли билан молиялаштиришни амалга оширади;

тўқимачилик саноати корхоналари томонидан харид қилинадиган пахта хом ашёси нархи фермер хўжаликларининг ҳақиқий харажатларини ва рентабеллигини таҳлил қилишдан келиб чиқиб, шартнома асосида белгиланади ва давлат эҳтиёжлари учун ўрнатилган нархлардан паст бўлмаслиги лозим;

тўқимачилик саноати корхоналари олинган чигитни шартнома асосида ёғ-мой корхоналарига, қўшимча маҳсулотларни (линт, ўлик пахта) бошқа истеъмолчиларга реализация қилади;

тўқимачилик саноати корхоналари томонидан харид қилинган пахта хом ашёсидан фақатгина уни кейинчалик чуқур қайта ишлаш учун фойдаланилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

2018 йил 10 январга кадар муддатда тўғридан-тўғри тўқимачилик саноати корхоналари, шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерлари иштирокчилари билан пахта хом ашёсини етиштиришга буюртма қилиш ва аванс бериш тизимига киритилаётган экспериментни ҳисобга олган ҳолда, пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб беришга контрактация шартномаларининг фермер хўжаликлари билан ўрнатилган тартибда қайта тузилишини;

2018 йил 15 январга кадар муддатда тўғридан-тўғри тўқимачилик саноати корхоналари билан пахта хом ашёсини етиштиришга буюртма қилиш ва аванс беришнинг киритилаётган тизимини ҳисобга олган ҳолда, пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб беришга контрактация шартномалари фермер хўжаликлари билан қайта тузилишидан келиб чиқиб, эксперимент ўтказиш учун ҳудудлар ва ер участкалари майдонларининг белгиланишини;

тўғридан-тўғри тўқимачилик саноати корхоналари билан пахта хом ашёсини етиштиришга шартнома тузган фермер хўжаликларини аниқлашни ҳисобга олган ҳолда, 2018 йил 1 февралга кадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармасининг даромадлари ва харажатлари баланси шакллантирилишини;

2018 йил 15 январга кадар муддатда 2018 йил ҳосилининг пахта хом ашёси учун давлат хариди нархи белгиланишини;

қайта тузилган шартномаларни ҳисобга олган ҳолда, 2018 йил 20 январга қадар муддатда тўғридан-тўғри тўқимачилик саноати корхоналари, шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерлари иштирокчилари билан пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб беришга контрактация шартномалари билан қамраб олинмаган фермер хўжаликлари кесимида 2018 йил ҳосилининг пахта хом ашёси экилиши учун "Ўзпахтасаноат" АЖ буюртмасининг ҳажми аниқланишини таъминласин.


4. Тўқимачилик саноати корхоналари, "Ўзбекенгилсаноат" АЖ акциядорларининг умумий йиғилиши, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг:

Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари уюшмасини (кейинги ўринларда "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси деб юритилади) ташкил этиш;

"Ўзбекенгилсаноат" АЖни унинг мол-мулклари ва давлатга тегишли бошқа маблағлари, шунингдек, дебитор қарздорлигини кейинчалик "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмасига беғараз ўтказиш орқали тугатиш;

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси тузилмасида тизимли муаммоларни бартараф этиш, маркетинг инновацияларини фаол жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, замонавий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда тармоқни ривожлантиришнинг истиқболли ва устувор йўналишларини аниқлашни таъминловчи маслаҳат органи - Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


5. Қуйидагилар:

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси аъзолари тўқимачилик саноати корхоналари ва ташкилотлари ҳисобланиши;

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмасининг жорий таъминоти ва фаолиятини молиялаштириш уюшма аъзоларининг бадаллари ва ажратмалари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши;

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси раиси ва унинг ўринбосарлари уюшма аъзолари умумий йиғилишининг қарори билан сайланиши;

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси раиси бир вақтнинг ўзида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинсин.


6. Қуйидагилар "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

хом ашёни қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича ягона комплекс сифатида, шу жумладан саноат кооперациясини кенгайтириш ва кўллаб-қувватлаш, тўқимачилик маҳсулотлари ички ва ташқи бозорларида тадқиқотлар ўтказиш асосида тармоқни барқарор ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш;

тўқимачилик саноати соҳасидаги стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимини халқаро талаб ва стандартларга уйғунлаштириш, шунингдек, маҳсулотлар синов лабораторияларини модернизация қилиш ва аккредитациядан ўтказиш орқали такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш;

тўқимачилик саноати корхоналарининг фаолиятига инновацион технологиялар, шу жумладан дизайнерлик ишланмалари, ноу-хау, сифат менежменти тизимлари ва замонавий маркетинг хизматлари кенг жорий этилишини таъминлаш;

ички бозорни юқори сифатли маҳаллий тўқимачилик маҳсулотлари билан тўлдириш ва унинг экспорт географиясини, шу жумладан турли ахборот ресурсларида ҳамда мамлакатдаги ва хориждаги кўргазма тадбирларида миллий брендларни йўналтиришни илгари суриш ва тўқимачилик саноати корхоналарининг салоҳиятини намойиш қилиш орқали кенгайтириш бўйича тизимли комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

тўқимачилик саноатига чет эл инвестицияларини, шу жумладан логистика ва муҳандислик инфратузилмасини такомиллаштириш мақсадида фаол жалб қилиш;

тўқимачилик саноати корхоналари, пахта-тўқимачилик кластерларини ҳудудлар салоҳиятининг янада ривожланиш истиқболларидан, хом ашё базаси, инфратузилмаси, меҳнат ресурслари ва бозорларнинг мавжудлигидан келиб чиқиб жойлаштиришга кўмаклашиш;

тармоқнинг замонавий ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда тўқимачилик саноати соҳасида кадрларга бўлган реал эҳтиёжни ва уларни тайёрлашнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш, мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув дастурларини такомиллаштиришда иштирок этиш, ушбу соҳада илмий-тадқиқот ишларини чуқурлаштириш;

тармоқнинг жадал ривожланиши ва тўқимачилик саноати корхоналарининг барқарор фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


7. "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси ижро этувчи аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ маъқуллансин.


8. Пахта-тўқимачилик кластерларини ўрта муддатли истиқболда ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи комиссия (кейинги ўринларда Ишчи комиссия деб юритилади) 3-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

Ишчи комиссия Бухоро ва Навоий вилоятларида пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилишининг боришини ўрганиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда, бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Пахта-тўқимачилик кластерларини ўрта муддатли истиқболда ривожлантириш концепцияси лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

тўқимачилик саноати корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан келиб чиқиб, ҳудудларда пахта-тўқимачилик кластерларини жойлаштириш тартиби, уларни шакллантириш муддатлари ва босқичларини белгилаш;

пахта-тўқимачилик кластери иштирокчиларига ер, сув ва бошқа ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда, табақалаштирилган солиқ имтиёзларини кўллаш имконияти;

ташкилий-хўжалик муносабатларнинг шакллари, асосий компаниянинг пахта-тўқимачилик кластери иштирокчилари олдидаги мажбуриятлари;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг кластер моделини ташкил қилиш бўйича илғор хорижий тажрибани тизимли таҳлил қилиш ва жорий этиш;

пахта хом ашёсига давлатнинг буюртмасини босқичма-босқич қисқартиришни таъминлайдиган хусусий капитал ва чет эл инвестицияларини жалб этиш ҳисобига қишлоқ хўжалигида молиявий муносабатларни яхшилашга таъсир этиш истиқболларини баҳолаш;

қишлоқ хўжалиги ва бошқа қўшимча маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг (чорвачилик, иссиқхона хўжаликлари ва бошқалар) қайта ишлаш тармоқлари ривожланишига таъсирини таҳлил қилиш.


9. Белгилаб қўйилсинки, тўқимачилик саноати корхоналари - "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси аъзолари:

2021 йил 1 январга қадар муддатда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича импорт қилинадиган пахта, сунъий ва синтетик тола, жун, хом ашё ва бошқа материаллар учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади;

қонунчиликда белгиланган тартибда юқори сифатли маҳсулотларни ягона "Uztextile" белгиси билан экспорт қилади.

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмасига давлат божини тўламаган ҳолда уюшма аъзоларининг манфаатларини кўзлаган холда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар қарорлари, ушбу органлар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилсин.


10. "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмасига бадаллар ва ажратмалар солиқ базасидан чиқарилсин.


11. "Ўзстандарт" агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 февралга кадар муддатда тўқимачилик саноати соҳасида, шу жумладан мавжуд халқаро аккредитацияга эга лабораториялар сонини кўпайтириш, тўқимачилик саноати миллий стандартларини халқаро стандартларга тезкор ва тўлиқ мувофиқлаштиришни таъминлаш, тўқимачилик саноати корхоналарида замонавий сифат менежменти тизимини жорий қилишни назарда тутувчи стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Иқтисодиёт вазирлиги, "Ўзпахтасаноат" АЖ билан биргаликда 2018 йил 1 февралга қадар муддатда маҳаллий пахта толасини сотиш учун, шу жумладан бошқа мамлакатлар-етиштирувчиларнинг пахта ҳажмларини жалб қилишни назарда тутган ҳолда ихтисослаштирилган электрон савдо майдонларини ташкил этиш, шунингдек, тўқимачилик саноати учун республикада ишлаб чиқарилмайдиган аксессуарлар, фурнитуралар, бўёқлар ва кимёвий воситаларнинг доимий фаолият кўрсатувчи ярмаркасини ташкил қилиш бўйича таклифлар киритсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Ташки ишлар вазирлиги "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси буюртмалари бўйича тўқимачилик саноат корхоналари томонидан жалб қилинаётган чет эл мутахассисларига кириш визаларини расмийлаштиришни таъминласин.


14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмасининг буюртмалари бўйича тўқимачилик саноат корхоналари томонидан жалб қилинаётган чет эл мутахассисларига давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар расмийлаштирилиши, берилиши ва муддати узайтирилиши, шунингдек, уларни вақтинча прописка қилиш, турган жойи бўйича ҳисобга олиш ҳамда уларнинг узайтирилишини таъминласин.


15. "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, А. Авлоний кўчаси, 20-уй манзили бўйича бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.


16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 1 июлдаги "Республика енгил саноатини бошқаришни такомиллаштириш тўғрисида"ги ПФ-3102-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


17. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


18. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари З.Т. Мирзаев, Н.С. Отажонов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б. Абдуллаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                           Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 14 декабрдаги

ПФ-5285-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида

тўқимачилик ва тикув-трикотаж

саноатини жадал ривожлантириш

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"


I. Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати кейинги

ўринларда тўқимачилик саноати деб юритилади)

соҳасида бошқарув ва кадрлар тайёрлаш

тизимини янада такомиллаштириш

II. Тўқимачилик саноатида ишлаб чиқаришни,

технологик жараёнларни модернизация қилиш

ва инфратузилмани ривожлантириш

III. Ташқи иқтисодий фаолиятни фаоллаштириш, тўқимачилик

саноатига халқаро стандартларни жорий қилиш



Т/р

Тадбирларнинг номланиши


Амалга ошириш

механизми


Амалга ошириш

муддатлари


Масъул ижрочилар


          

I. ТЎҚИМАЧИЛИК ВА ТИКУВ-ТРИКОТАЖ САНОАТИ (КЕЙИНГИ ЎРИНЛАРДА

ТЎҚИМАЧИЛИК САНОАТИ ДЕБ ЮРИТИЛАДИ) СОҲАСИДА БОШҚАРУВ

ВА КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

          

1.

Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари уюшмасининг (кейинги ўринларда "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси деб юритилади) таъсис йиғилишини ўтказиш, ўрнатилган тартибда Устав ва бошқа таъсис ҳужжатларини ("Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси таркибига корхоналарнинг киришини аниқ мезонлари ва шаффоф механизмларини аниқлашни назарда тутган ҳолда) тасдиқлаш, уларни давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш, шунингдек, унинг ишчи органларини шакллантириш.


Ташкилий-ҳуқуқий

тадбирлар

2018 йил

1 февралга

қадар


"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси,

Давлат рақобат қўмитаси,

Адлия вазирлиги


2.

"Ўзбекенгилсаноат" АЖни тугатиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни ўтказиш.


Ташкилий-ҳуқуқий

тадбирлар


2018 йил

1 февралга

қадар


"Ўзбекенгилсаноат"АЖ,

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси,

Давлат рақобат қўмитаси,

Адлия вазирлиги


3.

Тўқимачилик саноати учун кадрлар тайёрлаш тизимини, шу жумладан:

тармоқда талаб юқори бўлган мутахассисликлар (муҳандис-техник мутахассислар, технологлар, кашта, газлама ва тўқиш турларининг замонавий ускуналарини дастурловчилар, механик-созловчи ва тўқимачилик ускуналари электрончилари ва бошқалар) бўйича кадрлар тайёрлашнинг муҳим ва истиқболли йўналишларини аниқлаш;

тўқимачилик саноатини ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда олий ва ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқув дастурларини такомиллаштириш;

ўқув юкламаларининг умумий ҳажмида амалий машғулотларни, биринчи навбатда, замонавий ишлаб чиқариш корхоналарида кўпайтириш;

олий ва ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

тўқимачилик саноати соҳасида илмий изланишларни, шу жумладан таянч илмий-тадқиқот муассасаларини яратиш орқали фаоллаштириш;

етакчи маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик тўғрисидаги келишувларни тузиш, уларнинг мутахассисларини, шунингдек, етакчи хорижий таълим муассасаларининг ўқитувчи-амалиётчиларини таълим бериш учун таклиф қилиш орқали такомиллаштириш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2018 йил

1 мартга

қадар


Олий ва ўрта махсус

таълим вазирлиги,

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси,

Инновацион ривожланиш вазирлиги,

Фанлар академияси,

Лойиҳа бошқаруви

миллий агентлиги,

Иқтисодиёт вазирлиги


4.

Республика мутахассисларини (хусусан давлат таълим муассасалари, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари) тўқимачилик саноати ривожланган хорижий мамлакатларда ўқишини ташкил этиш, ўқув жараёнига хорижий таълим муассасалари ўқитувчиларини, жумладан халқаро ва хорижий ташкилотлар кўмагида жалб этиш.


Стажировкалар

режаси

2018 йил

15 январга

қадар

тасдиқлаш

Режа асосида

амалга ошириш

Олий ва ўрта махсус

таълим вазирлиги,

Ташқи ишлар вазирлиги,

Лойиҳа бошқаруви

миллий агентлиги,

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси,

Инновацион ривожланиш вазирлиги


       

II. ТЎҚИМАЧИЛИК САНОАТИДА ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ,

ТЕХНОЛОГИК ЖАРАЁНЛАРНИ МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИШ

ВА ИНФРАТУЗИЛМАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

         

5.

Ишлаб чиқариш, нархларни шакллантириш ва пахта хом ашёсини сотиш жараёнларига, шу жумладан ишлаб чиқариш рентабеллигини оширишни ҳисобга олган ҳолда бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича танқидий ва ҳар томонлама ўрганиш, шунингдек, таклифлар тайёрлаш.


Ўрганиш ўтказиш, таклифлар киритиш

2018 йил

1 февралга

қадар

Иқтисодиёт вазирлиги,

Молия вазирлиги,

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазиpлиги,

Лойиҳа бошқаруви

миллий агентлиги,

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси,

Инновацион ривожланиш вазирлиги,

Ташқи савдо вазирлиги,

Давлат рақобат қўмитаси, Давлат инвестиция қўмитаси,

"Ўзпахтасаноат" АЖ,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши


6.

Пахта экспорти ҳажмини тобора қисқартириш ва ички бозорда уни чуқур қайта ишлашнинг ўсишини таъминлаш.


Таҳлилий маълумотнома, таклифлар киритиш

2018 йил

1 февралга

қадар


Иқтисодиёт вазирлиги,

"Ўзпахтасаноат" АЖ, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси,

Инновацион ривожланиш вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар


7.

Газламалар ишлаб чиқариш, бўяш, расм солиш, саноат каштачилиги ва юқори қийматли тайёр тўқимачилик маҳсулотлари билан боғлиқ бошқа фаолият бўйича ишларни (хизматларни) амалга оширувчи корхоналар фаолиятини янада рағбатлантириш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2018 йил

1 февралга

қадар


Молия вазирлиги,

Иқтисодиёт вазирлиги,

ДСҚ


8.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги ПҚ-2687-сон қарори билан тасдиқланган 2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини қуйидагиларни ҳисобига олган ҳолда танқидий қайта кўриб чиқиш:

республика бозорида юқори импорт улуши бўлган тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини (кейинги ўринларда тўқимачилик маҳсулотлари деб юритилади) ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни ушбу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва кенгайтириш мақсадида аниқлаш;

ташкил этилаётган тўқимачилик корхоналарининг, шу жумладан янги ташкил этилаётган ва мавжуд юкланмаган ишлаб чиқариш қувватини реал таъминлаш имкониятини ҳисобга олган ҳолда янги қувватларни киритиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларни оптималлаштириш орқали мувозанатини таъминлаш;

тўқимачилик саноати корхоналарига хом ашё ресурсларини етказиб беришнинг амалдаги тизимини ўрганиш ҳамда талаб қилинган миқдор ва сифатдаги хом ашё ресурсларига кафолатланган ҳолда таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ишлаб чиқариладиган тўқимачилик маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш бўйича барча шарт-шароит ва қўшимча рағбатлантирувчи омилларни яратиш;

тайёр тўқимачилик маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқарилишини чекловчи импорт бўйича олиб кирилаётган бутловчи буюмлар турларини батафсил ўрганиш, маҳаллийлаштирилган ишлаб чиқаришни яратишни рағбатлантириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш;

Дастурга киритилган лойиҳалар бажарилишининг ҳар йиллик инвентаризациясини ўтказиш, амалдаги тўқимачилик саноати корхоналарини технологик аудитдан ўтказиш ва Дастурлар параметрлари ва кейинги йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари рўйхатига тузатишлар киритиш;

халқаро тажриба ҳамда қурилиш ва ишлаб чиқаришни жиҳозлашнинг замонавий технологияларига мувофиқ равишда ишлаб чиқаришга мўлжалланган объектларни лойиҳалаштириш сифати ва самарадорлигини ошириш, лойиҳа институтлари, шу жумладан "Ўзенгсанлойиҳа" базавий институти ишларини такомиллаштириш.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси

2018 йил

15 февралга

қадар


Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги,

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси,

Инновацион ривожланиш вазирлиги,

Ташқи савдо вазирлиги,

Лойиҳа бошқаруви

миллий агентлиги,

"Ўзпахтасаноат" АЖ, манфаатдор вазирлик ва идоралар


9.

Қуйидаги мақсадларда давлат-хусусий шериклик механизмларидан, шу жумладан бевосита тўқимачилик комплекслари ташкилотларини молиялаштириш орқали фойдаланишни кенгайтириш:

инвестиция жозибадорлиги бўлмаган тўқимачилик саноати объектларига инвесторларни жалб қилиш, шунингдек, ишлаб чиқариш қуввати суст бўлганларнинг иш даражасини ошириш;

республика ҳудудларида ягона комплексда маҳаллий хом ашёни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот тайёрлаш имконини берувчи замонавий пахта-тўқимачилик кластерларини яратиш;

ягона ишлаб чиқарувчи кластерлар доирасида маҳаллий хом ашёни ишлаб чиқаришдан бошлаб тайёр тўқимачилик маҳсулотини тайёрлашнинг барча босқичларини бирлаштиришни назарда тутувчи махсус ҳудудларни (технопарклар, саноат ҳудудлари) яратиш.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси

2018 йил

1 мартга

қадар

Иқтисодиёт вазирлиги,

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси,

Инновацион ривожланиш вазирлиги,

Молия вазирлиги,

Ташқи савдо вазирлиги,

Давлат инвестиция қўмитаси,

манфаатдор вазирлик

ва идоралар


10.

Тўқимачилик саноати корхоналари ташкил этилган ҳудудлар ва жойлардаги энергия таъминотининг ташқи муҳандислик инфратузилмасини уларни модернизация қилиш чора-тадбирларини қабул қилиш билан инвентаризациядан ўтказиш.


Инвентаризация ташкил этиш, модернизациялаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш


2018 йил

1 майга

қадар


"Ўзбекэнерго" АЖ,

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси,

Инновацион ривожланиш вазирлиги,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари,

тармоқ корхоналари


11.

Фермер хўжаликлари ёки бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари (кейинги ўринларда фермер хўжаликлари деб юритилади) ва тўқимачилик саноати корхоналари ўртасида тузиладиган шартнома асосида тўғридан-тўғри фермер хўжаликларида пахта-чигитни маҳаллий тўқимачилик саноати корхоналарининг буюртмаси ва дастлабки аванслари бўйича ишлаб чиқаришни тажрибадан ўтказиш учун ҳудудлар ва ер участка майдонлари рўйхатини тасдиқлаш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2018 йил

15 январга

қадар

Иқтисодиёт вазирлиги,

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси,

Инновацион ривожланиш вазирлиги,

Молия вазирлиги,

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазиpлиги,

Давлат рақобат қўмитаси,

ДСҚ,

"Ўзпахтасаноат" АЖ, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар

ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


12.

Республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун тўқимачилик саноати корхоналари томонидан олиб кириладиган, божхона тўловлари ва бошқа йиғимлар тўлашдан озод қилинадиган технологик ускуналарга эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар, хом ашё, материаллар рўйхатининг тасдиқланишини таъминлаш (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги ПҚ-2687-сон қарори асосида).


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2018 йил

15 январга

қадар

ДБҚ, ДСҚ,

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси,

Инновацион ривожланиш вазирлиги,

Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги,

Давлат инвестиция қўмитаси,

"Ўзпахтасаноат" АЖ


13.

Тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган, божхона божлари ва бошқа йиғимлардан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод қилинадиган пахта, сунъий ва синтетик толалар, жун, хом ашё ва бошқа материаллар рўйхатининг тасдиқланишини таъминлаш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2018 йил

15 январга

қадар


ДБҚ, ДСҚ,

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси,

Иқтисодиёт вазирлиги,

Молия вазирлиги,

Давлат инвестиция қўмитаси,

"Ўзпахтасаноат" АЖ


14.

Маҳсулотларни ягона "Uztextile" белгиси билан экспорт қилиш тартибини ишлаб чиқиш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2018 йил

1 февралга

қадар

Ташқи савдо вазирлиги,

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси,

Инновацион ривожланиш вазирлиги,

Ташқи ишлар вазирлиги,

Давлат инвестиция қўмитаси,

ДБҚ


15.

Тўқимачилик саноати учун республикада ишлаб чиқарилмайдиган аксессуарлар, фурнитуралар, бўёқлар ва кимёвий воситаларнинг доимий фаолият кўрсатувчи ярмаркасини ташкил этиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар

2018 йил

1 мартга

қадар

Ташқи савдо вазирлиги,

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси,

Ташқи ишлар вазирлиги,

Давлат инвестиция қўмитаси,

МТРК, "Ўзпахтасаноат" АЖ, "Ўзэкспомарказ" АЖ


16.

Пахта-чигит, табиий ва сунъий толаларни қайта ишлаш, тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сотиш, шу жумладан экспорт қилиш соҳасида ҳисоб ва ҳисобот тизимини такомиллаштириш.


Идоравий ҳужжатлар

2018 йил

1 февралга

қадар

Давлат статистика қўмитаси,

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазиpлиги,

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси,

Инновацион ривожланиш вазирлиги

"Ўзпахтасаноат" АЖ,

ДСҚ, ДБҚ,

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги


17.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида кенг турдаги, шунингдек, аҳоли учун арзон бўлган тўқимачилик маҳсулотлари ярмаркасини доимий асосда, бироқ йилига камида тўрт маротаба ташкил этиш.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан маҳаллий тўқимачилик маҳсулотлари ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказишда, шу жумладан ярмаркалар ўтказиш учун жойларни беғараз ажратиш орқали ҳар томонлама кўмак кўрсатиш.


Ярмаркалар

ўтказиш режаси

Ташкилий

чора-тадбирлар


Режа асосида

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар

ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси


III. ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТНИ ФАОЛЛАШТИРИШ,

ТЎҚИМАЧИЛИК САНОАТИГА ХАЛҚАРО СТАНДАРТЛАРНИ

ЖОРИЙ ҚИЛИШ

18.

Қуйидагиларни назарда тутувчи пахта, тўқимачилик маҳсулотларининг экспортини ташкил этишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш:

пахта ва маҳсулотлар экспортининг давлат томонидан тартибга солинишини камайтириш, экспорт қилувчиларни диверсификациялаш, шунингдек, ички бозор эҳтиёжларининг ҳисобини юритиш;

божхона тўловларини оптималлаштириш ва тайёр маҳсулотлар йирик истеъмолчилари ҳисобланган хорижий мамлакатлар бозорига чиқиш имкониятларини соддалаштириш масаласида улар билан маслаҳатлашувлар ўтказиш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

Ташкилий

чора-тадбирлар

2018 йил

15 январга

қадар

Иқтисодиёт вазирлиги,

Ташқи савдо вазирлиги,

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси,

Инновацион ривожланиш вазирлиги,

Молия вазирлиги,

Ташқи ишлар вазирлиги,

Давлат инвестиция қўмитаси


19.

Маҳаллий пахта-толасини сотиш учун, шу жумладан бошқа ишлаб чиқарувчи мамлакатларнинг пахта ҳажмларини жалб қилишни назарда тутган ҳолда ихтисослаштирилган электрон биржа савдолари майдонларини яратиш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2018 йил

1 мартга

қадар

Лойиҳа бошқаруви

миллий агентлиги,

Иқтисодиёт вазирлиги,

"Ўзпахтасаноат" АЖ,

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси,

Инновацион ривожланиш вазирлиги


20.

Қуйидагиларга йўналтирилган ишлаб чиқарувчиларнинг транспорт харажатларини камайтириш мақсадида самарали логистика тизимини ривожлантириш:

йирик кўп функцияли транспорт-логистика хабларини қуриш;

тўқимачилик маҳсулотларини етказишнинг оптимал йўналиш ва йўлакларини танлаш;

ташиш тарифларини оптималлаштириш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2018 йил

1 мартга

қадар

Ташқи савдо вазирлиги,

Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, ДБҚ,

"Ўзпахтасаноат" АЖ, Иқтисодиёт вазирлиги,

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси


21.

Қуйидагиларни назарда тутувчи тўқимачилик саноати соҳасида стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш:

халқаро аккредитацияга эга бўлган мавжуд лабораториялар сонини кўпайтириш;

тўқимачилик саноати миллий стандартларини халқаро стандартларга тезкорлик билан ва тўлиқ мувофиқлаштиришни таъминлаш;

тўқимачилик саноати корхоналарида замонавий сифат менежменти тизимини жорий қилиш.


Комплекс

чора-тадбирлар

2018 йил

1 мартга

қадар

"Ўзстандарт"агентлиги,

Лойиҳа бошқаруви

миллий агентлиги,

Иқтисодиёт вазирлиги,

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси,

Инновацион ривожланиш вазирлиги


22.

Қуйидагилар ҳисобига маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларини ташқи бозорда реклама қилиш ва илгари суриш бўйича самарали ишларни йўлга қўйиш:

тўқимачилик маҳсулотлари йирик бозорларида Ўзбекистон савдо уйлари фаолиятини давлат-хусусий шериклик механизмларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарувчилар маблағларини жалб қилиш ва тармоқ корхоналарининг амалдаги хорижий савдо уйларидан фойдаланиш орқали ташкил этиш;

тўқимачилик маҳсулотларини, биринчи навбатда, маҳаллий маҳсулотларни хорижий бозорларда илгари суриш бўйича реклама ва маркетинг фаолиятини фаоллаштириш;

миллий тўқимачилик маҳсулоти ягона брендини ривожлантириш;

ўз брендларига эга бўлган етакчи компанияларни Ўзбекистоннинг тўқимачилик тармоқларига жалб қилиш бўйича чора-тадбирларни фаоллаштириш;

соҳани оммавий ахборот воситалари ва Интернетда, шу жумладан хорижда даврий махсус дастурлар ва реклама роликларининг циклини тайёрлаш ва чиқариш орқали ахборот кўмаги билан таъминлаш;

йирик тўқимачилик корхоналарининг хорижий тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар уюшмалари билан узвий ҳамкорлик қилиш.


Ташкилий-ҳуқуқий

чора-тадбирлар

2018 йил

1 мартга

қадар

Ташқи савдо вазирлиги,

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси,

Ташқи ишлар вазирлиги,

Иқтисодиёт вазирлиги,

Давлат инвестиция қўмитаси,

МТРК, "Ўзэкспомарказ" АЖ


                 

Изоҳ: норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг турлари соҳа ва тартибга солиш масалаларига қараб ўзгартирилиши (бир ҳужжатга бирлаштирилиши) мумкин.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 14 декабрдаги

ПФ-5285-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати

корхоналари уюшмаси ижро этувчи аппаратининг

ТУЗИЛМАСИ



Тўқимачилик

корхоналари кенгаши

Раис

Ёрдамчи




































Раис биринчи ўринбосари

Раис ўринбосари

Раис ўринбосари



















Стратегик прогнозлаштириш ва илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш бўлими

2

Юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўлими

2

Ташки иқтисодий фаолият ва инвестицияларни жалб этиш бўлими

2

Ташкилий ва кадр ишлари бўлими

1

Юридик бўлим

1

Инновацион технологияларни жорий этиш бўлими

2

Минтақаларда тўқимачилик саноатини комплекс ривожлантириш бўлими

3

Инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини мониторинг қилиш бўлими

2

Бухгалтерия

2

Экспорт фаолиятини кўллаб-қувватлаш бўлими

2

Пахтани сотиб олишга кўмаклашиш бўлими

2

Таълим муассасалари билан ишлаш, қайта тайёрлаш ва малака оширишни ташкиллаштириш бўлими

1

Ижро назорати ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими

2

Маркетинг бўлими

1

Замонавий сифат менежменти тизимини жорий этиш бўлими

1








Девонхона

Логистика ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш бўлими

1

















Янги дизайнерлик ишланмаларини жорий этиш бўлими

1









Матбуот хизмати

1









Молия-иқтисодий таҳлил бўлими

2









Техника ва саноат хавфсизлиги бўлими

1









Биринчи бўлим

1

















Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш бўлими

2

Стандартлаштириш ва сертификатлашни такомиллаштириш бўлими

2









Маъмурий-хўжалик бўлими

1























         

Бошқарув ходимларининг чекланган сони - 43 бирлик






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 14 декабрдаги

ПФ-5285-сон Фармонига

3-ИЛОВА



Пахта-тўқимачилик кластерларини ўрта муддатли

истиқболда ривожлантириш концепцияси лойиҳасини

ишлаб чиқиш бўйича ишчи комиссия

ТАРКИБИ

         

1.

Мирзаев З.Т.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари - қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, Комиссия раиси


2.

Садиков Ш.М.

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори


3.

Абдурахмонов И.Ю.

-

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири


4.

Ходжаев Б.А.

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири


5.

Хаитов А.А.

-

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири


6.

Давлетов Р.К.

-

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири


7.

Хайдаров А.Я.

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг биринчи ўринбосари


8.

Самадов С.И.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари


9.

Равшанов А.Э.

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари АТД мудири


10.

Вахобов А.Д.

-

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари


11.

Гулямов Р.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси


12.

Максудов А.И.

-

"Ўзпахтасаноат" АЖ бошқаруви раиси


13.

Салихов М.М.

-

"Ўзпахтаёғ" АЖ бошқаруви раиси


14.

Ахмаджанов Ш.Х.

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори


15.

Икрамов А.И.

-

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси


16.

Юсупов Б.Т.

-

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси


17.

Намозов Ш.Э.

-

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти директори


       

Изоҳ: Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 15 декабрь


"Халқ сўзи", 2017 йил 15 декабрь