язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Агротехник, ирригация ва мелиорация ишлари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.11.2017 й. ПҚ-3405-сон "2018-2019 йилларда ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастури тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

27.11.2017 й.

N ПҚ-3405



Ҳужжатнинг рус тилидаги

матнига қаранг



2018-2019 ЙИЛЛАРДА ИРРИГАЦИЯНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ ВА СУҒОРИЛАДИГАН

ЕРЛАРНИНГ   МЕЛИОРАТИВ   ҲОЛАТИНИ

ЯХШИЛАШ ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА



Қайд этилсинки, кейинги йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган чора-тадбирларнинг кенг комплексини изчил амалга ошириш ер ва сув ресурслари, шунингдек, умуман республикада қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши унумдорлигини ошириш имконини берди.

2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш Давлат дастурига мувофиқ:

5443 километр коллектор-дренаж шахобчалари, 751 та тик дренаж қудуқларини қуриш ва реконструкция қилиш, 72,2 минг километр коллектор-дренаж тармоқларини, 2907 та тик дренаж қудуқлари, 75 та мелиоратив насос станциялари ва бошқаларни таъмирлаш ҳамда қайта тиклаш - Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағларини;

1745 километрдан кўпроқ ирригация тизимлари, 388 километр новли суғориш шахобчалари, 135 та гидротехника иншоотлари, умумий ҳажми секундига 49,6 куб метр сув чиқарадиган насос станциялари қурилиши ва уларни реконструкция қилиш - марказлаштирилган капитал маблағларни жалб этган ҳолда молиялаштирилди.

Натижада, кучли ва ўртача шўрланган майдонлар 149,4 минг гектарга камайди, сизот сувлар сатҳи ер юзасига яқин (2 метргача) жойлашган майдонлар 302,9 минг гектарга қисқарди, 897 минг гектардан кўпроқ майдоннинг мелиоратив ҳолатини сақлаш чора-тадбирлари амалга оширилди, суғориладиган 1,3 миллион гектардан кўпроқ ерларнинг сув таъминоти яхшиланди.

Шу билан бирга, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашни ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича қабул қилинган комплекс чора-тадбирларга қарамай:

4487 километр ирригация тизими каналларини, 5250 километр суғориш тармоғини, 3636 та гидротехника иншоотини, 495 та насос станциялари (агрегатлари)ни ва 1500 та тик суғориш қудуқларини, шунингдек, 7500 километр коллектор-дренаж шахобчаларини, 13 та мелиоратив насос станциялари ҳамда 185 та тик дренаж қудуқларини реконструкция қилиш ва қуриш талаб этилади;

167 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти ниҳоятда паст даражада қолмоқда, 1957 минг гектар суғориладиган ерларни турли даражада шўр босган, шу жумладан, 542 минг гектари ўртача ва 99 минг гектари кучли шўр босган ерлардир.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада барқарор ривожлантириш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ирригацияни ривожлантириш чора-тадбирлари комплексини ўз вақтида ва сифатли амалга оширишни сўзсиз таъминлаш ҳамда сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ишлаб чиқилган:

2018-2019 йилларда ирригацияни ривожлантириш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш комплекс чора-тадбирлари Дастури (кейинги ўринларда - комплекс чора-тадбирлар Дастури) 1-иловага* мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, республика вилоятлари ва туманлари кесимида 2018-2019 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг марказлаштирилган инвестициялари ҳисобига молиялаштириладиган ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш прогноз параметрлари 2-иловага* мувофиқ;

республика минтақалари кесимида 2018-2019 йиллар даврида сув хўжалиги эксплуатация ташкилотларининг маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган ирригация тизимларини таъмирлаш ва қайта тиклаш прогноз параметрлари 3-иловага* мувофиқ;

республика минтақаларида 2018-2019 йиллар даврида сув истеъмол қилувчилар уюшмалари ҳамда фермер хўжаликларининг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган суғориш шахобчаларини таъмирлаш ва қайта тиклаш прогноз параметрлари 4-иловага* мувофиқ;

2018-2019 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг марказлаштирилган инвестициялари ҳисобидан молиялаштириладиган "Сирдарё" ва "Амударё" ҳавза сув хўжалиги бирлашмаларининг ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш прогноз параметрлари 5-иловага* мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар бўйича 2018-2019 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган мелиоратив объектларни қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, уларни таъмирлаш ва қайта тиклаш прогноз параметрлари 6- ва 7-иловаларга* мувофиқ;

2018-2019 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари ҳисобига "Ўзмелиомашлизинг" ДУК томонидан лизингга мелиоратив ва бошқа техника, машиналар, ускуналар ҳамда бошқа механизация воситалари етказиб бериш прогноз параметрлари 8-иловага* мувофиқ;

республика минтақаларида 2018-2019 йиллар даврида кредитлар ҳамда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг ўз маблағлари ҳисобига томчилатиб суғориш тизимини ҳамда сувни тежайдиган бошқа Суғориш технологияларини жорий этиш прогноз параметрлари 9-иловага* мувофиқ;

республика минтақаларида 2018-2019 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари ҳисобига Суғориладиган ерларнинг шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этиш ва реконструкция қилиш прогноз параметрлари 10-иловага* мувофиқ;

2018-2019 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолати билан бериладиган кредитлар ва хорижий инвестициялар иштирокида амалга оширилиши назарда тутилаётган инвестиция лойиҳаларининг прогноз параметрлари 11-иловага* мувофиқ;

2018-2019 йилларда ирригацияни ривожлантириш, Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш комплекс чора-тадбирлари Дастурини амалга оширишдан кутилаётган натижаларнинг ҳисоб-китоб қилинган асосий кўрсаткичлари 12-иловага* мувофиқ маъқуллансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р. Ҳамроев, А.Д. Ваҳобов), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш департаменти (О.О. Собиров), "Ўзмелиомашлизинг" ДУК (А.И. Сулаймонов), Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (Н.Ж. Бакиров), бошқа манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, шаҳар ва туманларнинг ҳокимлари зиммасига ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, таъмирлаш ва қайта тиклашнинг комплекс чора-тадбирлари Дастури ҳамда прогноз параметрлари, шунингдек, амалга оширилиши назарда тутилаётган, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолати билан берилаётган кредитлар ва хорижий инвестициялар ҳисобига молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


3. Қуйидагилар комплекс чора-тадбирлар Дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин.

биринчи, суғориладиган ерларнинг сув билан таъминланганлик ва мелиоратив ҳолатини баҳолашнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, сув ресурсларини оқилона бошқариш ва фойдаланишни, ирригация-мелиорация тадбирларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш;

иккинчи, суғориладиган ерларнинг сув билан таъминланганлик ва мелиоратив ҳолати даражасининг жорий кўрсаткичларини комплекс баҳолаш асосида ирригация-мелиорация тадбирлари сифати ва самарадорлигини ошириш, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлаш;

учинчи, сув ресурсларини оқилона бошқариш ва улардан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларини томчилатиб суғориш тизимини ҳамда сувни тежайдиган бошқа илғор суғориш технологияларини фаол жорий этиш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг шамол эрозиясига қарши курашиш;

тўртинчи, сув ресурсларини оқилона бошқариш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати ва тупроқ унумдорлиги мониторинги ва назорати тизимини такомиллаштириш;

бешинчи, мелиоратив ва бошқа сув хўжалиги ишларини бажаришга ихтисослашган қурилиш ташкилотларининг, сув хўжалиги эксплуатация ташкилотлари, сув истеъмолчилари уюшмалари ва фермер хўжаликлари, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий сервис хизматлари сифатини ҳамда мелиоратив ва бошқа техникадан, машиналар, ускуналар ҳамда бошқа механизация воситаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;

олтинчи, сув хўжалиги раҳбарлари ва мутахассисларининг ҳамда ирригацияни ривожлантириш, Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Давлат дастурининг бошқа қатнашчилари малакасини ошириш.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги 2018-2019 йилларда ушбу қарор билан маъқулланган, марказлаштирилган инвестициялар ҳамда Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган ирригация- мелиорация ишларининг прогноз параметрлари бажарилиши учун зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта ишлаб чиқаришнинг йиллик Давлат дастурларини амалга ошириш доирасида суғориладиган ерларда гидрогеология-мелиорация тадқиқотлари ўтказилишини таъминласин, бундай ерларда сув сатҳини пасайтириш ва сизот сувлардан фойдаланган ҳолда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш тадбирларини амалга ошириш назарда тутилмоқда.


6. Комплекс чора-тадбирлар доирасида ҳар йили тасдиқланадиган ирригация-мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва қайта тиклаш манзилли дастурларига умумий тасдиқланган параметрлар доирасида, хусусан:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Тармоқ илмий-техника кенгашига Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда - ирригация объектлари бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси Кенгашига - мелиоратив объектлар бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш департаменти, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси Кенгашига комплекс чора-тадбирлар Дастурида назарда тутилган ирригация-мелиорация тадбирлари амалга оширилишининг бориши тўғрисида маълумотлар киритсин.


8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

бир ой муддатда ҳудудий комплекс чора-тадбирлар дастурларини, шунингдек, 2018-2019 йилларда ирригацияни ривожлантириш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, таъмирлаш ва қайта тиклаш манзилли лойиҳалари рўйхатини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, бунда 2017 йилда давлат эҳтиёжлари учун пахта тайёрлаш мажбуриятларини бажармаган туманларнинг суғориладиган ерларини суғориш суви билан таъминлаш ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича асосий муаммоларни ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилсин;

лойиҳалар ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, сув хўжалиги объектларининг қирғоқ бўйи атрофидаги ноқонуний қурилган иморатлар белгиланган тартибда бузилиши ва зарур бўлганда қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилишини вақтинча чеклаш учун зарур шароитлар тўла ҳажмда яратиб берилиши самарали ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратсин;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, тижорат банклари билан биргаликда томчилатиб суғориш тизимини ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришнинг сувни тежайдиган бошқа технологияларини жорий этаётган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан инвестицияларни жалб этишларига кўмак берсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоят ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг маблағлари ҳисобига суғориладиган ерларнинг шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этиш тартиби тўғрисидаги Низом лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин, унда иҳота дарахтзорлари барпо этиш учун ер майдонлари сифатли танланиши ва ўз вақтида ажратилишини, молиялаштириш самарали ташкил этилиши ва бажарилган ишлар қабул қилиб олинишининг амалий механизми назарда тутилади.


10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                               Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 28 ноябрь