Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Халқаро алоқалар / Кучини йўқотган ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикасининг 22.12.1995 й. 172-I-сон "Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

22.12.1995 й.

N 172-I



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ХАЛҚАРО ШАРТНОМАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Қонуннинг вазифалари

Ушбу қонун Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш, бажариш, тўхтатиш, тўхтатиб туриш ва денонсация қилиш тартибини белгилайди.



2-модда. Халқаро шартномалар тўғрисидаги

қонун ҳужжатлари

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларига, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, шунингдек ушбу қонунга ҳамда шартноманинг ўз қоидаларига мувофиқ тузилади, бажарилади, тўхтатилади, тўхтатиб турилади ва денонсация қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш, бажариш, тўхтатиш, тўхтатиб туриш ва денонсация қилишнинг ушбу қонун билан белгиланган тартиби уларнинг тури, шакли ва номланишидан қатъи назар, Ўзбекистоннинг барча халқаро шартномаларига нисбатан қўлланилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонунини, Олий Мажлис қарорини қабул қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонини ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорини, фармойишини чиқариш лозим бўлган ҳолларда, манфаатдор вазирликлар ва идоралар Адлия вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда шундай актни қабул қилиш тўғрисида белгиланган тартибда таклиф киритадилар.



3-модда. Халқаро шартнома тушунчаси

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси - республиканинг бир ёки бир неча давлат, халқаро ташкилот ёхуд халқаро ҳуқуқнинг бошқа субъектлари билан халқаро муносабатлар соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир тенг ҳуқуқли ва ихтиёрий келишувидир.



4-модда. Халқаро шартномаларнинг

номланиши ва турлари

Халқаро шартномалар: шартнома, битим, конвенция, протокол, меморандум, декларация, хатлар ва ноталар алмашуви деб номланиши ва шундай кўринишда тузилиши, шунингдек бошқача номланиши мумкин.

Халқаро шартномалар унда иштирок этувчи субъектларнинг сонига қараб икки томонлама ва кўп томонлама шартномалар бўлади. Халқаро шартномалар мазмунига қараб иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий шартномалар бўлиши, шунингдек бошқа масалалар бўйича тузилиши мумкин. Муддатига қараб шартномалар муддатли ва муддатсиз бўлади. Халқаро шартномалар бошқа турларда ҳам тузилиши мумкин.



5-модда. Халқаро шартноманинг тили ва шакли

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг тили Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ва аҳдлашаётган бошқа томоннинг (томонларнинг) тили ҳисобланади.

Халқаро шартнома субъектларининг келишувига мувофиқ бошқа тил шартнома тили деб танланиши мумкин. Халқаро шартнома матни қайси тилда тузилган бўлса, у ушбу шартнома матнида кўрсатилади, унинг аутентиклиги ва расмийлиги белгиланади.

Халқаро шартномалар қоида тариқасида ёзма шаклда тузилади.



6-модда. Халқаро шартнома объекти

Давлатнинг сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, ҳуқуқий ва бошқа соҳалардаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг объекти бўлиши мумкин.



7-модда. Халқаро шартномаларни тузиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш ҳуқуқи давлатга тегишлидир.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари қуйидагича тузилади:

Ўзбекистон Республикаси номидан - давлатлараро шартномалар;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан - ҳукуматлараро шартномалар;

Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари номидан - идоралараро шартномалар.



II. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ХАЛҚАРО ШАРТНОМАЛАРИНИ ТУЗИШ

ВА УЛАРНИ КУЧГА КИРИТИШ ТАРТИБИ

8-модда. Халқаро шартномаларни

тузиш тўғрисидаги таклифлар

Ўзбекистон Республикаси номидан халқаро шартномаларни тузиш тўғрисидаги таклифлар - Ўзбекистон Республикаси Президентига, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасарруфидаги масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси номидан халқаро шартномаларни тузиш тўғрисидаги таклифлар эса - Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига киритилади.

Ўзбекистон Республикаси номидан халқаро шартномаларни тузиш тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентига Ташқи ишлар вазирлиги томонидан киритилади. Бошқа вазирликлар ва идоралар ўзларининг ваколатларига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси номидан халқаро шартномалар тузиш тўғрисидаги таклифларини Ташқи ишлар вазирлиги билан бирга ёки у билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентига киритадилар.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига Ташқи ишлар вазирлиги томонидан киритилади.

Бошқа вазирликлар ва идоралар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш тўғрисидаги таклифларини Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига Ташқи ишлар вазирлиги билан бирга ёки у билан келишилган ҳолда, мустақил равишда эса ушбу қонунда назарда тутилган ҳоллардагина киритадилар.

Вазирликлар ва идоралар томонидан идоралараро шартномалар тузиш тўғрисида таклифлар киритиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгилайди.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентига ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига киритилгунга қадар Адлия вазирлиги, шунингдек бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишиб олинади.

Халқаро шартномани тузиш тўғрисидаги таклиф шартнома лойиҳасини ёки унинг асосий қоидаларини, уни тузиш мақсадга мувофиқ эканлигининг асосларини, шунингдек зарурат бўлганда, шартнома тузишдан келиб чиқиши мумкин бўлган молиявий-иқтисодий оқибатларга берилган баҳони ўз ичига олиши керак.

Зарур ҳолларда халқаро шартнома лойиҳасини тузиш ёки кўриб чиқиш учун манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг вакиллари, мутахассислар ва мустақил экспертлардан иборат комиссия тузилади.


9-модда. Ташқи иқтисодий фаолият масалалари

бўйича халқаро шартномаларни тузиш

тўғрисидаги таклифлар

Ташқи иқтисодий фаолият масалалари бўйича, шу жумладан, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва техникавий ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига Ташқи савдо вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан мустақил равишда айни бир пайтнинг ўзида Ташқи ишлар вазирлигини огоҳлантирган ҳолда, киритилади.

Бошқа вазирликлар ва идоралар ташқи иқтисодий фаолият масалалари бўйича халқаро шартномалар тузиш тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига Ташқи савдо вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан бирга ёки улар билан келишилган ҳолда киритадилар.


10-модда. Ўзбекистон Республикасининг

халқаро шартномасини тузиш тўғрисидаги

таклифни кўриб чиқиш тартиби

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини тузиш тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тегишли вазирликлар ва идораларнинг хулосалари мавжуд бўлган тақдирда кўриб чиқилади.



11-модда. Музокаралар олиб бориш тўғрисидаги ва

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини

имзолаш тўғрисидаги қарорлар

Музокаралар олиб бориш тўғрисидаги ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини имзолаш тўғрисидаги қарорлар:

1) Ўзбекистон Республикаси номидан тузиладиган шартномаларга нисбатан, - Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасарруфидаги масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси номидан тузиладиган шартномаларга нисбатан эса, - Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан;

2) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан тузиладиган шартномаларга нисбатан, - Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан;

3) идоралараро шартномаларга нисбатан - Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгилайдиган тартибда қабул қилинади.


12-модда. Музокаралар олиб бориш ва Ўзбекистон

Республикасининг халқаро шартномаларини

имзолаш ваколатлари

Музокаралар олиб бориш ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини имзолаш ваколатлари:

1) Ўзбекистон Республикаси номидан тузиладиган шартномаларга нисбатан, - Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасарруфига тегишли масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси номидан тузиладиган шартномаларга нисбатан, - Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан;

2) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан тузиладиган шартномаларга нисбатан, - Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан;

3) идоралараро шартномаларга нисбатан, - Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгилайдиган тартибда берилади.

Музокаралар олиб бориш ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини имзолаш ваколатлари белгиланган ёзма шаклда берилади.


13-модда. Махсус ваколатларсиз музокаралар

олиб бориш ва Ўзбекистон Республикасининг

халқаро шартномаларини имзолаш

Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғи сифатида халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради ва халқаро ҳуқуқий нормалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ махсус ваколатларсиз музокаралар олиб боради ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини имзолайди.

Ташқи ишлар вазири ҳам махсус ваколатларсиз музокаралар олиб боришга ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини имзолашга ҳақли.

Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонасининг бошлиғи ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилот ёки конференция қошидаги ваколатхонасининг бошлиғи дипломатик ваколатхона жойлашган давлат билан ёки шу халқаро ташкилот, конференция доирасида махсус ваколатларсиз халқаро шартнома тузиш тўғрисида музокаралар олиб боришга ҳақли.

Вазир ёки идора раҳбари ўз ваколати доирасида махсус ваколатларсиз музокаралар олиб бориш ва идоралараро шартномаларни имзолашга ҳақли.


14-модда. Ўзбекистон Республикасининг ратификация

қилинадиган халқаро шартномалари

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари Олий Мажлис томонидан ратификация қилинади.

Қуйидагилар: Ўзбекистон Республикасининг ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартномалари; давлатлараро муносабатларнинг асослари тўғрисидаги шартномалар; Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилиятига дахлдор масалалар бўйича шартномалар; куч ишлатишдан ёки куч ишлатиш билан таҳдид қилишдан ўзаро воз кечиш тўғрисидаги шартномалар; тинчлик шартномалари ва коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартномалар; Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан ҳудудий чегараланиши тўғрисидаги шартномалар; Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро иттифоқларда, халқаро ташкилотларда ва бошқа бирлашмаларда иштироки тўғрисидаги шартномалар; ижроси амалдаги қонунларнинг ўзгартирилишини ёки янги қонунлар қабул қилинишини тақозо этадиган, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонунларида назарда тутилганидан бошқача қоидаларни белгилайдиган халқаро шартномалар ратификация қилинади.

Тузиш вақтида томонлар келгусида уни ратификация қилиш тўғрисида келишиб олган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳам худди шундай ратификация қилинади.

Олий Мажлис Ўзбекистон Республикасининг бошқа халқаро шартномаларини ҳам ратификация қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан ёки у ваколат берган органлар томонидан халқаро молия институтлари билан тузилган Ўзбекистон Республикасининг халқаро заём ва кафолатли шартномалари ратификация қилинмайди ва Ўзбекистон Республикаси учун имзоланган пайтдан эътиборан кучга киради.


15-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномаларини ратификация қилиш

тўғрисидаги таклифлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ имзоланган халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги таклифлар Олий Мажлисга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорига мувофиқ имзоланган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги таклифлар Олий Мажлисга Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан киритилади, бу ҳақда тегишли қарор қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ратификация қилишга киритиш тўғрисидаги таклифлар Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мустақил равишда ёки агар шартнома бошқа вазирликлар ва идораларнинг ваколатларига кирадиган масалаларга дахлдор бўлса, улар билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига киритилади.



16-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномаларини ратификация қилиш тўғрисида

Олий Мажлиснинг қарори

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш тўғрисидаги Олий Мажлиснинг тўхтами - қарор шаклида қабул қилинади.



17-модда. Ратификация ёрлиғи

Ратификация ёрлиғи - Олий Мажлис халқаро шартномани кўриб чиққанлигидан гувоҳлик берувчи ва халқаро шартнома Ўзбекистон Республикаси учун мажбурийлигига рози эканлигини ифодаловчи махсус ҳужжат.

Ратификация ёрлиғининг шакли Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.



18-модда. Ратификация ёрлиғини имзолаш

Ратификация ёрлиғи Олий Мажлиснинг халқаро шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланади, унинг муҳри ва Ташқи ишлар вазирининг имзоси билан тасдиқланади.



19-модда. Ратификация ёрлиқларини алмашиш

ва уларни сақлашга топшириш

Ратификация ёрлиқларини алмашиш, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларни ратификация қилганлиги тўғрисидаги ёрлиқларни сақлаш учун депозитарийларга топшириш Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ёхуд унинг топшириғига биноан Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонаси ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилот ҳузуридаги ваколатхонаси томонидан амалга оширилади.



20-модда. Ўзбекистон Республикасининг ратификация

қилинмайдиган халқаро шартномаларини

тасдиқлаш (қабул қилиш)

Ўзбекистон Республикасининг ратификация қилинмайдиган, лекин уларнинг тасдиқланишини (қабул қилинишини) назарда тутувчи халқаро шартномаларни тасдиқлаш (қабул қилиш):

1) Ўзбекистон Республикаси номидан тузиладиган шартномаларга нисбатан, - Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасарруфидаги масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси номидан тузиладиган шартномаларга нисбатан, - Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан;

2) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан тузиладиган шартномаларга нисбатан, - Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан;

3) идоралараро шартномаларга нисбатан, - Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгилайдиган тартибда амалга оширилади.


21-модда. Халқаро шартномаларга қўшилиш

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларга қўшилиши тўғрисидаги қарор:

1) ратификация қилинадиган шартномаларга нисбатан - Олий Мажлис томонидан;

2) ратификация қилинмайдиган, уларга қўшилиш Ўзбекистон Республикаси номидан амалга ошириладиган шартномаларга нисбатан, - Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, ратификация қилинмайдиган, уларга қўшилиш Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасарруфидаги масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси номидан амалга ошириладиган шартномаларга нисбатан, - Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан;

3) ратификация қилинмайдиган, уларга қўшилиш Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан амалга ошириладиган шартномаларга нисбатан, - Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан;

4) идоралараро шартномаларга нисбатан, - Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгилайдиган тартибда қабул қилинади.


22-модда. Ўзбекистон Республикаси томонидан

халқаро шартноманинг вақтинча қўлланилиши

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномани ёки унинг бир қисмини у кучга киргунга қадар вақтинча қўллаши мумкин, агар шартномада бу ҳол назарда тутилган бўлса ёки шартномани имзолаган томонлар билан шундай шартлашувга эришилган бўлса.

Ўзбекистон Республикаси томонидан халқаро шартномани ёки унинг бир қисмини вақтинча қўллаш тўғрисидаги қарор халқаро шартномани имзолаш ҳақида қарор чиқарган орган томонидан қабул қилинади.


23-модда. Ўзбекистон Республикаси

халқаро шартномаларининг кучга

кириши ва амал қилиш муддати

Халқаро шартномалар Ўзбекистон Республикаси учун ушбу қонунга мувофиқ шартномада назарда тутилган ёки аҳдлашувчи томонлар ўртасида келишилган тартибда ва муддатларда кучга киради.



24-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномаларига доир қўшимча шартлар

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини имзолаш, ратификация қилиш, тасдиқлаш, қабул қилиш ёки шартномаларга қўшилиш вақтида шартнома шартлари ва халқаро ҳуқуқнинг тегишли нормаларига риоя қилинган ҳолда шартномаларга доир қўшимча шартлар қўйилиши мумкин.

Қўшимча шартлар қандай қўйилган бўлса, шундай тартибда исталган вақтда олиб ташланиши мумкин.


III. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ХАЛҚАРО ШАРТНОМАЛАРИНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ

ВА РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ

25-модда. Ўзбекистон Республикасининг

халқаро шартномаларини эълон қилиш

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини эълон қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, уларнинг аутентик матнлари чет тилларда тузилган бўлса, давлат тилида эълон қилинади. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бошқа тилларда ҳам эълон қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўплами Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари эълон қилинадиган расмий манбадир.


26-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномаларини рўйхатдан ўтказиш

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Котибиятида ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тегишли органларида рўйхатдан ўтказиш Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.



IV. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ХАЛҚАРО ШАРТНОМАЛАРИНИ БАЖАРИШ

27-модда. Ўзбекистон Республикасининг

халқаро шартномаларига риоя этиш

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ қатъий ва мажбурий равишда риоя этмоғи лозим.


28-модда. Ўзбекистон Республикасининг

халқаро шартномалари бўйича

мажбуриятларни бажариш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ республика томонидан тузилган шартномаларга, битимларга ва у қабул қилган мажбуриятларга риоя этилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини бажариш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши учун масъулият юклатиладиган вазирликлар, идоралар ва мансабдор шахсларни белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, вазирликлар ва идоралар, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан тартибга солинадиган масалалар ваколат доирасига кирадиган бошқа давлат органлари шартнома бўйича Ўзбекистон томонидан қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлайдилар, бундай шартномалардан келиб чиқувчи Ўзбекистон Республикасига тегишли ҳуқуқларнинг амалга оширилишини ва шартномалар бошқа иштирокчиларининг ўз мажбуриятларини бажаришини кузатиб борадилар.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади.


29-модда. Ўзбекистон Республикаси

халқаро шартномаларининг

бажарилишини кузатиш

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг бажарилишини Ташқи ишлар вазирлиги кузатиб боради.


30-модда. Ўзбекистон Республикаси халқаро

шартномаларининг матнларини сақлаш ва

депозитарий вазифаларини амалга ошириш

Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан тузилган Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг асл нусхалари (тасдиқланган нусхалари, расмий таржималари) сақлаш учун улар имзоланган (тасдиқланган нусхалари, расмий таржималари депозитарийдан олинган) кундан эътиборан икки ҳафталик муддат ичида Ташқи ишлар вазирлигига топширилади, бу ҳужжатларнинг нусхаларини эса улар кучга кирган кундан эътиборан икки ҳафталик муддат ичида Ташқи ишлар вазирлиги тегишли вазирликлар ва идораларга юборади.

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг асл нусхаларини сақлаш тартибини ташқи ишлар вазири тасдиқлайди.

Идоралараро шартномаларнинг асл нусхалари тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг идоравий архивларида сақланади, бу шартномаларнинг тасдиқланган нусхалари улар имзоланган (тасдиқланган нусхалари, расмий таржималари депозитарийдан олинган) кундан эътиборан икки ҳафталик муддат ичида Ташқи ишлар вазирлигига юборилади.

Кўп томонлама халқаро шартномалар депозитарийси вазифаларини, агар мазкур шартномаларнинг шартларига мувофиқ бундай вазифа Ўзбекистон Республикасига юклатилган бўлса, Ташқи ишлар вазирлиги бажаради.

Кўп томонлама халқаро шартномаларнинг депозитарийси вазифасини бажарувчи хорижий давлат органлари, халқаро ташкилотлар ёки уларнинг бош ижрочи мансабдор шахслари билан ёзишмалар Ташқи ишлар вазирлиги томонидан олиб борилади.



31-модда. Ўзбекистон Республикасининг

халқаро шартномаларини унинг бошқа

иштирокчилари бузган тақдирда

қўлланиладиган чоралар

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг мажбуриятларини унинг бошқа иштирокчилари бузган тақдирда Ташқи ишлар вазирлиги ёки бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар Ташқи ишлар вазирлиги билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентига ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ зарур чораларни кўриш тўғрисида таклифлар тақдим этадилар.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини унинг бошқа иштирокчилари жиддий бузган тақдирда, шунингдек халқаро ҳуқуқ нормаларида назарда тутилган бошқа ҳолларда, бундай шартнома ушбу қонуннинг 38-43-моддаларида белгиланган тартибда тўхтатилиши мумкин.


V. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ХАЛҚАРО ШАРТНОМАЛАРИНИНГ ҲАҚИҚИЙ

ЭМАСЛИГИ, УЛАРНИ ТЎХТАТИШ, ДЕНОНСАЦИЯ

ҚИЛИШ ВА АМАЛ ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ

32-модда. Ўзбекистон Республикаси халқаро

шартномаларининг ҳақиқий эмаслиги

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқ нормаларида назарда тутилган ҳолларда ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши мумкин.


33-модда. Халқаро шартномани

тўхтатиш ёки ундан чиқиш

Халқаро шартномани тўхтатиш ёки Ўзбекистон Республикасининг ундан чиқиши:

1) шартнома қоидаларига мувофиқ;

2) шартноманинг бошқа иштирокчилари билан маслаҳатлашувлар асосида исталган вақтда амалга оширилиши мумкин.


34-модда. Ўзбекистон Республикасининг

халқаро шартномасини денонсация қилиш

ёки тўхтатиш тўғрисидаги қоидалари

бўлмаган шартномадан чиқиш

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида уни тўхтатиш тўғрисида қоида бўлмаса ва уни денонсация қилиш ёки ундан чиқиш назарда тутилмаган бўлса, бу шартнома денонсация қилинмайди ва ундан чиқишга йўл қўйилмайди, агар:

1) халқаро шартнома иштирокчилари шартномани денонсация қилиш ёки ундан чиқиш имкониятини яратиш ниятида бўлганлари белгилаб қўйилган бўлса;

2) шартнома хусусияти уни денонсация қилиш ёки ундан чиқиш ҳуқуқини назарда тутмайдиган бўлса.

Ўзбекистон Республикаси шартномани денонсация қилиш ёки ундан чиқиш ниятини камида ўн икки ой олдин хабар қилади.


35-модда. Халқаро шартноманинг амал қилишини

Ўзбекистон Республикаси томонидан тўхтатиб туриш

Халқаро шартноманинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси томонидан шартноманинг ҳамма иштирокчиларига ёки шартноманинг алоҳида иштирокчисига нисбатан тўхтатиб туриш:

1) шартнома қоидаларига мувофиқ;

2) шартноманинг бошқа иштирокчилари билан маслаҳатлашувлар асосида исталган вақтда амалга оширилади.



36-модда. Кейинги шартноманинг тузилишидан

келиб чиқиб халқаро шартноманинг амал қилишини

Ўзбекистон Республикаси томонидан

тўхтатиш ёки тўхтатиб туриш

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси, агар унинг барча иштирокчилари худди шу масала бўйича кейинги шартномани тузган бўлсалар ва:

1) ушбу масаланинг кейинги шартнома билан тартибга солиниши шу шартнома мазмунидан келиб чиқса ёки шундайлиги бошқача тарзда белгиланган бўлса;

2) Ўзбекистон Республикасининг кейинги шартномаси қоидалари олдинги шартнома қоидаларига зид бўлса ва иккала шартномани бир вақтда қўллаш мумкин бўлмаса, бекор қилинган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси олдинги шартномасининг амал қилиши фақат тўхтатиб турилган ҳисобланади, агар унинг иштирокчилари шундай ниятда эканликлари кейинги шартнома мазмунидан келиб чиқса ёки шундайлиги бошқача тарзда белгиланган бўлса.


37-модда. Ўзбекистон Республикаси халқаро

шартномасининг бузилиши оқибатида

уни тўхтатиш ёки тўхтатиб туриш

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг ушбу шартнома иштирокчиларидан биронтаси томонидан жиддий бузилиши шартномани бутунлай ёки қисман амал қилишини тўхтатиш ёки тўхтатиб туриш учун Ўзбекистон Республикасига бу бузишни асос қилиб кўрсатиш ҳуқуқини беради.

Халқаро шартноманинг жиддий бузилиши қуйидагилардан иборат:

1) халқаро ҳуқуқ нормаларида зид тарзда шартномадан воз кечиш;

2) шартнома объекти ва мақсадининг амалга ошиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлган қоиданинг бузилиши.


38-модда. Ўзбекистон Республикасининг

халқаро шартномаларини тўхтатиш,

денонсация қилиш ёки тўхтатиб

туриш тўғрисидаги таклифлар

Ўзбекистон Республикаси номидан, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан тузилган Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг амал қилишини тўхтатиш, денонсация қилиш ёки тўхтатиб туриш тўғрисидаги таклифлар тегишли тарзда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мустақил равишда ёки бошқа вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентига ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига киритилади. Ташқи иқтисодий фаолият масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг амал қилинишини тўхтатиш, денонсация қилиш ёки тўхтатиб туриш тўғрисидаги таклифларни Ташқи савдо вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига киритиб, айни бир пайтнинг ўзида Ташқи ишлар вазирлигини хабардор қилишга ҳақлидир. Бошқа вазирликлар ва идоралар халқаро шартномаларнинг амал қилишини тўхтатиш, денонсация қилиш ёки тўхтатиб туриш тўғрисидаги таклифларни Ташқи ишлар вазирлигига киритадилар.


39-модда. Ўзбекистон Республикасининг

халқаро шартномаларини Олий Мажлис

томонидан тўхтатиш, денонсация қилиш

Ўзбекистон Республикаси номидан тузилган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тўхтатиш, денонсация қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасарруфидаги масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси номидан тузилган шартномалар эса, - Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг тақдимномасига мувофиқ Олий Мажлис томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан тузилиб, ратификация қилинган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тўхтатиш, денонсация қилиш Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг тақдимномасига мувофиқ Олий Мажлис томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг тўхтатилиши, денонсация қилиниши, агар шартномада бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса ёки унинг ўзга иштирокчилари билан бошқача келишилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасини шартномани бажариш мажбуриятидан озод қилади ва шартноманинг амал қилиши давомида пайдо бўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир этмайди.



40-модда. Ўзбекистон Республикасининг

халқаро шартномаларини Ўзбекистон Республикаси

Ҳукумати томонидан тўхтатиш, денонсация қилиш

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан тузилган ва ратификация қилинмайдиган халқаро шартномаларни, шунингдек Ҳукуматнинг қарорига асосан қўшилинган шартномаларни тўхтатиш, денонсация қилиш Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан амалга оширилади.



41-модда. Ўзбекистон Республикаси халқаро

шартномаларининг амал қилишини

тўхтатиб туриш

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг амал қилишини тўхтатиб туриш шартноманинг ўзидан келиб чиқадиган шартлар ва халқаро ҳуқуқ нормаларига биноан Ўзбекистон Республикаси учун халқаро шартноманинг мажбурий эканлигига розилик тўғрисидаги қарорни қабул қилган орган томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаси амал қилишининг тўхтатиб турилиши, агар шартномада бошқача ҳол назарда тутилмаган ёки унинг ўзга иштирокчилари билан бошқача келишилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасини шартнома тўхтатиб турилган муддат давомида уни бажаришдан озод қилади.



42-модда. Ўзбекистон Республикаси идоралараро

шартномаларининг амал қилишини тўхтатиш

ва тўхтатиб туриш

Идоралараро шартномаларнинг амал қилишини тўхтатиш ва тўхтатиб туриш Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгилайдиган тартибда амалга оширилади.


43-модда. Ўзбекистон Республикаси халқаро

шартномаларининг амал қилишини тўхтатиш, денонсация

қилиш ёки тўхтатиб туриш тўғрисидаги хабар

Ўзбекистон Республикаси номидан, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан тузилган халқаро шартномаларнинг амал қилишини тўхтатиш, денонсация қилиш ёки тўхтатиб туриш тўғрисидаги расмий ахборот ушбу Қонуннинг 25-моддасида назарда тутилган тартибда эълон қилинади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                       И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 12, 262-модда















Время: 0.0046
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск