ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Олий таълим (бакалавриат, магистратура) /

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 10.01.2018 й. 2961-сон билан рўйхатга олинган 27.12.2017 й. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 30-2017-сон, Молия вазирлигининг 186-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2018 йил 10 январда 2961-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Олий ва ўрта махсус таълим

вазирлиги ва Молия вазирлигининг

2017 йил 27 декабрдаги

30-2017 ва 186-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан

олий таълим муассасаларида тўлов-контракт

асосида  таҳсил  олаётган,  Ўзбекистон  ёшлар

иттифоқининг фаол аъзоси бўлган талабаларни

моддий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги ПФ-5106-сон "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги Фармони ва 2017 йил 18 июлдаги ПҚ-3138-сон "Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (бундан буён матнда Иттифоқ деб юритилади) томонидан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом қоидалари олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура босқичларида тўлов-контракт асосида ўқишнинг кундузги бўлимида (иккинчи мутахассислик, сиртқи ва кечки таълим бундан мустасно) таҳсил олаётган талабаларга қўлланилади.


2. Мазкур Низомга мувофиқ тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабалар Иттифоқнинг олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилоти фаолиятида фаол қатнашган тақдирда Иттифоқ томонидан моддий қўллаб-қувватланади.

Моддий қўллаб-қувватлаш Иттифоқ томонидан талабанинг ўқиши учун тўланадиган йиллик тўлов-контракт миқдорининг 35 фоизини тўлаб бериш орқали амалга оширилади. Бунда талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш улар томонидан шартномада белгиланган тўлов миқдорининг 65 фоизини белгиланган муддатларда тўлаш шарти билан амалга оширилади.


3. Ўзбекистон Республикасининг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарори асосида қўшимча тўлов-контракт асосида бакалавриат босқичига ўқишга қабул қилинган талабалар иккинчи босқичдан бошлаб моддий қўллаб-қувватланиш ҳуқуқига эга бўладилар.


4. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм Қўмондонлигининг тавсияномаси асосида олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган ва Иттифоқ томонидан моддий ёрдам кўрсатилаётган талабаларга мазкур Низомда белгиланган моддий қўллаб-қувватлаш имтиёзлари татбиқ этилмайди.



2-БОБ. МОДДИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНАДИГАН

ДАЪВОГАРЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


5. Моддий қўллаб-қувватлашга тавсия этилаётган даъвогар талабанинг ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи ўрганилаётган даврда (биринчи босқич талабалари учун ўқув йилининг биринчи семестр натижалари) 86 фоиз ва ундан юқори бўлиши лозим. Бунда даъвогар талабанинг ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи ўрганилаётган даврдаги ўқув фанлари бўйича ўзлаштириш кўрсаткичлари йиғиндисини ўтилган ҳар бир семестрдаги ўқув фанларининг умумий сонига бўлиш орқали аниқланади.


6. Иттифоқнинг олий таълим муассасасидаги Ёшлар Кенгаши (бундан буён матнда Ёшлар Кенгаши деб юритилади) даъвогар талабаларни моддий қўллаб-қувватлашга тавсия этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишда даъвогар талабанинг қуйидаги асосий кўрсаткичларини (биринчи босқичдаги даъвогар талабалар учун ўқув йилининг биринчи семестр натижаларини) инобатга олади:

даъвогар талабанинг Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши томонидан ташкил этиладиган лойиҳа ва тадбирларидаги фаол иштироки;

даъвогар талабанинг фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларидаги эришган натижалари;

даъвогар талабанинг ташкилотчилик ва етакчилик қобилиятлари;

даъвогар талабанинг илмий ва ижодий фаолиятдаги эришган натижалари;

даъвогар талабанинг олий таълим муассасасида белгиланган ички тартиб-қоидаларга риоя этиши (талабанинг олий таълим муассасасида белгиланган ички тартиб-қоидаларига риоя этмаганлиги юзасидан фақат олий таълим муассасаси ректори буйруғи асосида берилган ҳайфсан интизомий чораси Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши томонидан даъвогар талабани моддий қўллаб-қувватлашни рад этиш учун асос сифатида қабул қилинади).

Даъвогар талабаларнинг асосий кўрсаткичларини баҳолаш мезонлари Иттифоқнинг Марказий Кенгаши томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.



3-БОБ. МОДДИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНАДИГАН

ДАЪВОГАР ТАЛАБАЛАРНИ САРАЛАШ


7. Ҳар йили 1 февраль кунидан кечикмаган ҳолда Ёшлар Кенгаши олий таълим муассасасида тўлов-контракт шаклида таҳсил олаётган, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш бўйича ўз фаолиятини бошлаши лозим.


8. Ҳар йили 10 февраль кунига қадар мазкур Низомнинг 2-бандида кўзда тутилган талабалар Ёшлар Кенгашига Иттифоқ томонидан моддий қўллаб-қувватлаш кўрсатилишини сўраб ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


9. Ҳар йили 10 февралдан 15 февралга қадар Ёшлар Кенгаши даъвогар талабаларнинг аризаларини кўриб чиқади ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш учун тавсия этиш бўйича қарор қабул қилади.


10. Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши даъвогар талабани моддий қўллаб-қувватлашга тавсия этиш ёки рад этиш ҳуқуқига эга.

Даъвогар талабани моддий қўллаб-қувватлаш рад этилган ҳолларда, Ёшлар Кенгашининг тегишли мажлиси баёнида унинг сабаблари кўрсатилиши шарт.


11. Ёшлар Кенгашининг моддий қўллаб-қувватлашга талабаларни тавсия этиш тўғрисидаги қарори жорий ўқув йили мобайнида ҳақиқий ҳисобланади.


12. Ёшлар Кенгашининг тегишли мажлиси баёни нусхалари уч иш куни мобайнида олий таълим муассасасига ва Иттифоқнинг Марказий Кенгашига тақдим этилади.

Иттифоқнинг Марказий Кенгашига юбориладиган мажлис баённомасининг нусхасига моддий қўллаб-қувватлашга тавсия этилган талабаларнинг рўйхати илова қилинади.

Мазкур Низом асосида тақдим этилган барча ҳужжатларнинг тўғрилиги ва ҳақиқийлиги учун олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) ҳамда Ёшлар Кенгаши етакчиси жавобгар ҳисобланади.


13. Иттифоқнинг Марказий Кенгаши Ёшлар Кенгашлари қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани тегишли ҳужжатлар тақдим қилингандан сўнг, ўн иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқади.


14. Моддий қўллаб-қувватлаш жараёни Иттифоқ Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори асосида амалга оширилади.


15. Иттифоқ Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарорининг бир нусхаси уч иш куни ичида тегишли олий таълим муассасасига, иккинчи нусхаси Ёшлар Кенгашига юборилади.


16. Иттифоқ Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин беш банк куни мобайнида, лекин йилнинг 1 мартидан кечиктирилмай олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлар бўйича шахсий ғазна ҳисобварақларига моддий ёрдам кўрсатиш пули ўтказилади.


17. Иттифоқнинг Марказий Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда даъвогар талабаларни моддий қўллаб-қувватлашга тавсия этиш билан боғлиқ масалани кўриб чиқиш муддатларига ўзгартириш киритилиши мумкин.



4-БОБ. МОДДИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ

ПУЛИНИНГ ҚАЙТАРИЛИШИ


18. Талабалар сафидан чиқарилган ёки академик таътилга чиққан талаба Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (рўйхат рақами 2431, 2013 йил 26 февраль) 28 ва 29-бандларига мувофиқ ўзининг тўлов-контракт асосида ўқиши учун тўлаган маблағини қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда Иттифоқнинг Марказий Кенгаши томонидан олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлар бўйича шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказилган моддий ёрдам кўрсатиш пули қайта ҳисоб-китоб қилиниши ва Иттифоқнинг Марказий Кенгашига қайтарилиши шарт.


19. Олий таълим муассасаси талабалари сафидан чиқарилган талаба Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (рўйхат рақами 2431, 2013 йил 26 февраль) 27-бандига мувофиқ ўзининг тўлов-контракт асосида ўқиши учун тўлаган маблағини қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолларда Иттифоқнинг Марказий Кенгаши тўланган моддий ёрдам кўрсатиш пулини талабадан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундиради.


20. Талаба моддий қўллаб-қувватланиш ҳуқуқидан воз кечса, олий таълим муассасаси талаба учун тўланган маблағни Иттифоқнинг Марказий Кенгашига ўн банк куни ичида қайтаради.


21. Мазкур Низомнинг 18 - 20-бандларида кўрсатилган ҳолатлар юз берган тақдирда Ёшлар Кенгаши Иттифоқнинг Марказий Кенгашини ўн календарь куни мобайнида хабардор қилиши шарт.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


22. Мазкур Низом қоидаларига риоя этилиши, шунингдек, Иттифоқ томонидан моддий қўллаб-қувватланган талабаларнинг ўқув жараёнидаги иштироки, ўзлаштириши, интизоми ва Иттифоқ фаолиятидаги иштироки устидан назорат қилиш тегишли олий таълим муассасаси ҳамда Ёшлар Кенгаши зиммасига юклатилади.


23. Ушбу Низом Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 10 январь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 15 январь, 2-сон, 39-модда








































Время: 0.1693
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск