ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Биржалар ва биржа фаолияти. Биржадан ташқари савдолар / Товар ва хом ашё биржасидаги операциялар ва ҳисоб-китоблар /

Товар-хом ашё биржаларида ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини ўтказиш Қоидалари (ЎзР ВМ 17.01.2018 й. 33-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 17 январдаги

33-сон қарорига

1-ИЛОВА



Товар-хом ашё биржаларида ҳисоб-китоб-клиринг

операцияларини ўтказиш

ҚОИДАЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида"ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 29 сентябрдаги ПҚ-3295-сон қарорига мувофиқ товар-хом ашё биржаларининг биржа савдоларида ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


биржа савдолари - биржа томонидан биржа савдолари қоидаларига мувофиқ ташкил этиладиган биржа товари савдолари;


клиринг - биржа аъзолари ва уларнинг мижозларининг ўзаро мажбуриятларини белгилаш, аниқлаштириш ва ҳисобга олишга доир операциялар мажмуаси, шунингдек, ушбу Қоидалар ва Биржа савдоси қоидаларига мувофиқ улар ўртасида амалга ошириладиган ўзаро ҳисоб-китоблар;


ҳисоб-китоб-клиринг палатаси (ҲККП) - клиринг электрон тизими орқали биржа битимлари (кейинги ўринларда битим деб аталади) бўйича клиринг, ҳисоб-китоб ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишни таъминловчи биржанинг таркибий бўлинмаси;


клиринг иштирокчиси - акцепт йўллаган ва ушбу Қоидаларда белгиланган тартибда ҳисоб-китоб-клиринг палатасида рўйхатдан ўтган биржа аъзоси ва/ёки унинг мижози;


клиринг электрон тизими - ушбу Қоидаларга мувофиқ клирингни амалга ошириш учун мўлжалланган дастурий-техник воситалар, маълумотлар базалари, телекоммуникация воситалари ҳамда ҲККП дастурий таъминоти йиғиндиси;


клиринг (ҳисоб) регистрлари - битимлар тузиш ва битимлар бўйича мажбуриятларни бажаришга мўлжалланган пул маблағлари қолдиқлари тўғрисида маълумотларни ҳисобга олиш, шунингдек, клиринг иштирокчиларининг битимлар бўйича мажбуриятлари ва талаблари ҳисобини юритишда фойдаланиладиган ҲККПнинг ички электрон ҳисоб регистрлари;


пул маблағларини блокировкалаш - битим бўйича харидорлар ва сотувчилар мажбуриятларининг тўлиқ бажарилишини таъминловчи пул маблағлари ҳаракатини битим ёпилгунга қадар тўхтатиб қўйиш;


ҲККП иккиламчи ҳисобварағи - биржага хизмат кўрсатувчи банкда харидорлар ва сотувчиларнинг маблағларини сақлаш ҳамда битимлар бўйича ҳисоб-китоблар ўтказиш учун очилган биржанинг талаб қилиб олингунча иккиламчи депозит иккиламчи ҳисобварақлари;


фойдаланувчининг индивидуал рақами (кейинги ўринларда ФИР деб аталади) - клиринг иштирокчисига бериладиган махсус хос рақам;


клиринг иштирокчилари реестри (КИР) - ушбу Қоидаларга мувофиқ ҲККПда рўйхатга олинган клиринг иштирокчилари рўйхати;


тузилган битимлар реестри (ТБР) - имзоланган ва рўйхатга олинган битимлар рўйхати;


тўловлар амалга оширилган битимлар (ТАОБ) - биржа товарини юклаш учун сотувчига асос бўладиган ва тузилган битим бўйича қарздорликни тўлиқ қоплайдиган миқдорда сотиб олувчининг ҲККПдаги ҳисобварағига пул маблағлари келиб тушган битимлар рўйхати;


етказиб бериш ҳужжатлари реестри (ЕБҲР) - юклаш санаси ва юкланган биржа товари миқдори кўрсатилган ҳолда юклаш амалга оширилган битимлар рўйхати;


закалат - клиринг иштирокчилари амалга оширадиган битимлар бажарилишини кафолатлаш учун улар томонидан ҲККПга киритиладиган кафолат таъминоти маблағлари;


контрагент - битим бўйича мажбурият олган ва битимнинг бошқа томонига қарши қўйиладиган тараф - харидор сотувчи учун ва сотувчи харидор учун.



2-БОБ. ҲККПнинг МАҚОМИ, ФУНКЦИЯЛАРИ,

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


3. ҲККП биржанинг таркибий бўлинмаси бўлиб, юридик шахс мақомига эга эмас ҳамда биржа номидан, агар қонун ва қонуности ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ушбу Қоидаларда назарда тутилмаган ҳар қандай мустақил операция ва ҳаракатларни содир этиш ҳуқуқисиз иш олиб боради.

4. ҲККП қуйидаги асосий функцияларни бажаради:

клиринг иштирокчиларини рўйхатга олади;

клиринг иштирокчиларига ҳисобварақлар очилиши ва юритилишини таъминлайди;

битимлар бўйича ўзаро ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда амалга оширилишини таъминлайди;

ўзаро мажбуриятларни белгилайди, аниқлаштиради ва ҳисобга олади, шунингдек, клиринг иштирокчиларининг тузилган битимлар бўйича мажбуриятлари ҳисобини алоҳида-алоҳида юритади;

клиринг якунларига кўра зарур ахборотни шакллантиради ва клиринг иштирокчиларига тақдим этади;

клиринг амалга оширилаётган битимлар, клиринг натижалари тўғрисидаги ахборотнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ сақланишини таъминлайди;

тузилган битимлар бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилади;

кафолат бадалларининг киримини таъминлайди.


5. ҲККП қуйидаги ҳуқуқларга эга:

клиринг ўтказиш усулини мустақил танлаш;

сотувчи-норезидентнинг топшириғига кўра сотувчи-норезидентнинг импорт контрактлар бўйича ҲККПдаги ҳисобварағига фақат биржа савдоларида тузилган импорт контрактлар, божхона тўловлари, суд харажатлари ва бевосита биржа контрактларини тузиш билан боғлиқ хизматлар ҳақини тўлаш учун ўтказилган маблағларни (воситачилик йиғимлари, брокерлик мукофотлари, транспортда ташиш ва қонунчиликка мувофиқ бошқа харажатларни) йўналтириш;

клиринг иштирокчиси битим бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, шунингдек, биржанинг арбитраж ва/ёки интизом комиссияларининг клиринг иштирокчисига, белгиланган биржа савдоси қоидалари ёки шартномавий мажбуриятларни бузганлик учун жарима қўллаш тўғрисидаги қарори мавжуд бўлганда, айбдор клиринг иштирокчисининг шахсий ҳисобварағидан жарима суммасини акцептсиз тартибда ҳисобдан чиқариш;

биржа савдолари электрон тизимида битимлар қайд этилиши билан воситачилик йиғимларини ҳисобдан чиқариш, шунингдек, брокерлар учун мукофот пулларини олиш;

клиринг иштирокчиларидан ҳисоб-китоб-клиринг операциялари учун зарур ахборот олиш.


6. ҲККП қуйидагиларга мажбур:

фақат биржада рўйхатга олинган битимлар ва улар билан боғлиқ операциялар (воситачилик йиғимлари, брокерлар мукофотлари, транспортда ташиш ва қонунчиликка мувофиқ бошқа харажатлар) бўйича ҳисоб-китоб ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

ҳар бир клиринг иштирокчиси мажбуриятларининг ҳисоби алоҳида-алоҳида юритилишини таъминлаш;

битим мазмуни тўғрисидаги ахборотнинг махфийлигини таъминлаш ва қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлардан ташқари, ушбу ахборотни клиринг иштирокчиларининг розилигисиз учинчи шахсларга тақдим этмаслик.


7. Клиринг ва ҲККП иштирокчиларига ҲККП ҳисобварақларидаги маблағлардан фойдаланган ҳолда, пулли талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш бўйича операцияларни ўтказиш тақиқланади.



3-БОБ. КЛИРИНГ ИШТИРОКЧИЛАРИНИ

РЎЙХАТГА ОЛИШ


8. Клиринг иштирокчиси сифатида юридик шахс бўлган биржа аъзолари ва/ёки уларнинг мижозлари, шу жумладан, хорижий (қонунчиликда белгиланган тартибда), шунингдек, белгиланган тартибда якка тартибдаги тадбиркор сифатида юридик шахс ташкил этмасдан (биржа савдоларида харидорлар сифатида) рўйхатга олинган жисмоний шахслар рўйхатдан ўтиши мумкин.


9. ҲККП биржа савдолари қоидаларида кўрсатилган барча зарур ҳужжатларни олганидан кейин бир иш куни давомида биржа аъзоси ва/ёки унинг мижозига ФШР беради ҳамда амалга ошириладиган битимлар бўйича мажбуриятларни ва талаб ҳуқуқини ҳисобга олиш учун зарур бўлган тегишли шахсий ҳисобварақни очади.


10. КИР клиринг иштирокчисининг батафсил реквизитларини, раҳбар ва унинг лавозими тўғрисидаги ахборотни, клиринг иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтиш санасини ўз ичига олади.


11. ҲККП ушбу Қоидаларда назарда тутилган ҳолатларда клиринг иштирокчисига хизмат кўрсатишни тўхтатади.



4-БОБ. ҲККПда ҲИСОБВАРАҚЛАРНИ

ЮРИТИШ ТАРТИБИ


12. Биржа хизмат кўрсатувчи банкда клиринг иштирокчиларининг пул маблағлари ҳисоби учун мўлжалланган ҲККП иккиламчи ҳисобварағини очади, уларнинг ҳисоби ҲККПда алоҳида шахсий ҳисобварақларда юритилади.


13. ҲККП клиринг иштирокчиларининг ҳисобварақлари ҳисобини юритади.


14. Агар қонунчиликда бошқача тартиб белгиланган бўлса, клиринг иштирокчисининг шахсий ҳисобварағини ёпиш ҲККП томонидан ҳисобварақ эгаси (ёки унинг ҳуқуқий вориси) топшириғи бўйича амалга оширилади.


15. Шахсий ҳисобварақни ёпишдан олдин ундаги қолдиқ пул маблағлари хизмат кўрсатувчи банкдаги ҳисобварақ эгасининг ҳисоб рақамларига ёки унинг топшириғига кўра ЛОРО-ҳисобрақамига қонунчиликка мувофиқ ўтказилади.


16. Шахсий ҳисобварақни ёпиш фақат ҳисобварақда қолдиқ пул маблағлари бўлмаганда амалга оширилади.


17. Ҳисобварақ реквизитларини ўзгартириш клиринг иштирокчисининг номи ёки бошқа реквизитларидаги ўзгаришларга мувофиқ амалга оширилади.


18. Ҳисобварақ эгаси ҲККПда қуйидагилар бўйича кўрсатмалар беришга ҳақли:

пул маблағларини (пул маблағларининг бир қисмини) шахсий ҳисобварақдан хизмат кўрсатувчи банкдаги ўзининг ҳисобварағига қайтариш;

агар битим биржа савдолари қоидалари ва қонунчиликка мувофиқ рўйхатдан ўтказилган бўлса, битим бўйича клиринг ўтказиш.


19. ҲККП тузилган битимлар бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш йўли билан клиринг иштирокчиларининг шахсий ҳисобварақлари билан операцияларни олиб боради.


20. Томонларнинг ва битим иштирокчиларининг ўзаро мажбуриятлари ҳисоб-китоби ЕБҲРга асосан амалга оширилади.

21. ҲККП фақат битимлар тузилиши ва бажарилиши билан боғлиқ операциялар бўйича шахсий ҳисобварақлар орқали пул маблағлари ўтказмаларини амалга ошириши мумкин.


22. ҲККП клиринг иштирокчиларининг пул маблағларини, уларнинг топшириқларига асосан, уларнинг шахсий ҳисобварақларидан хизмат кўрсатувчи банкдаги ҳисобрақамларига ўтказиш ҳуқуқига эга.



5-БОБ. КЛИРИНГ ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


23. Клиринг иштирокчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

биржа томонидан рўйхатга олинган битимлар бўйича клирингда иштирок этиш;

шахсий ҳисобварақнинг ҳолати, мажбуриятларнинг бажарилиши тўғрисида зарур ахборотни олиш;

биржа ва контрагентлар олдидаги пул мажбуриятларини, шунингдек, контрагент розилиги билан биржа товарини етказиб бериш бўйича мажбуриятларини муддатидан олдин бажариш;

ўз шахсий ҳисобварағидаги бўш пул маблағларини ўзининг хизмат кўрсатувчи банкдаги ҳисобрақамига чиқариш;

маҳсулотларни товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида сотишдан олинган маблағлар ҳисобига мижоз-норезидент номидан хорижий валютани сотиб олишга (сотишга) тижорат банкларига буюртманомалар бериш, норезидентлар - юридик шахслар эса -  Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларида ҳисоб рақамлари очиш ва маҳсулотларни товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида сотишдан олинган маблағлар ҳисобига хорижий валютани сотиб олиш (сотиш).

24. Клиринг иштирокчиси - биржа аъзоси мижозининг мажбуриятлари:

ҲККПга ушбу Қоидаларга мувофиқ ишончли ахборот бериш;

шартнома бекор қилинган тақдирда, шартнома бекор бўлгунга қадар юзага келган мажбуриятларни бажариш;

ахборот махфийлиги тартибига риоя қилиш;

ушбу Қоидаларда белгиланган талабларга риоя қилиш.


25. Клиринг иштирокчиси - биржа аъзосининг мажбуриятлари:

мижоз билан шартнома тузганда, уни биржа савдолари қоидалари ҳамда клиринг ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш шартлари билан таништириш;

ўз ҳисобидан ва мижоз ҳисобидан амалга оширилган битимлар ҳисобини алоҳида-алоҳида юритиш;

ўз мижозларига биржадан олинган уларга тааллуқли бўлган ҳар қандай ахборот ҳақида маълум қилиш;

ўз мижозларини, уларнинг манфаатларида тузилган битимларнинг бажарилмай қолишига олиб келувчи ёки олиб келиши мумкин бўлган вазиятларнинг юзага келганлиги тўғрисида кечиктирмай хабардор қилиш;

ўз мижозларини клирингга тааллуқли ҳар қандай фактлар ҳақида кечиктирмай огоҳлантириш;

мижозларини, ушбу Қоидалар ва биржа савдолари қоидаларига киритилган ҳар қандай ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш;

ўз фаолияти доирасида, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш ҳақидаги қонунчиликка амал қилинишини таъминлаш.

Биржа аъзолари қонун ҳужжатларига ва биржа савдолари қоидаларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



6-БОБ. ҲККПнинг КЛИРИНГ ИШТИРОКЧИЛАРИ

БИЛАН ЎЗАРО ҲАМКОРЛИГИ


26. ҲККПнинг клиринг иштирокчилари билан ўзаро ҳамкорлиги клиринг хизмати кўрсатиш шартномаси асосида амалга оширилади.


27. Биржа аъзоси ва унинг мижози ўртасидаги ўзаро муносабатлар улар ўртасида қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилган топшириқ (воситачилик) шартномаси билан тартибга солинади.


28. ҲККПнинг биржа аъзоларининг мижозлари билан ўзаро ҳамкорлиги уларга хизмат кўрсатувчи биржа аъзолари орқали амалга оширилади. Биржа аъзолари, агар топшириқ шартномасида кўрсатилган бўлса, ўз мижозларининг вакиллари ҳисобланадилар.

ҲККПга топшириқлар клиринг иштирокчилари томонидан электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда ҳам берилиши мумкин.


29. Биржа ва клиринг иштирокчилари ўртасидаги, клиринг ва ҳисоб-китоб бўйича, шунингдек, клиринг иштирокчиларининг шартномавий мажбуриятлари бажарилиши тўғрисидаги маълумотлар алмашинуви ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилиши мумкин.



7-БОБ. КЛИРИНГНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


30. Клиринг иштирокчилари рўйхатдан ўтганларидан кейин, ҲККПнинг биржага хизмат кўрсатувчи банкда очилган иккиламчи ҳисобрақамига биржа савдоларида иштирок этиш ҳамда ўз мажбуриятларини бажариш учун пул маблағларини ўтказадилар.


31. Клиринг иштирокчиси закалат сифатида ва/ёки битимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун пул маблағларини биржага хизмат кўрсатувчи банкдаги ҲККП нинг иккиламчи ҳисобрақамига уларни иштирокчининг шахсий ҳисобварағига кирим қилиш учун ўтказадилар. Закалат миқдори биржа савдоси қоидаларида белгиланади.


32. ҲККП ҳар бир клиринг иштирокчисининг пул маблағлари ва мажбуриятларини уларнинг шахсий ҳисобварақларида алоҳида ҳисобга олади.


33. Клиринг иштирокчиларининг ҲККПдаги шахсий ҳисобварақларидаги маблағлари қуйидаги мақсадларда ишлатилади:

битимлар бўйича мажбуриятларни бажариш билан боғлиқ улар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоб учун;

савдо сессияларида иштирок этиш учун закалат сифатида;

мижознинг топшириғига кўра - клиринг иштирокчисининг маблағларини унга хизмат кўрсатувчи банкдаги ҳисобрақамига қайтариш учун;

биржа хизматларига ҳақ тўлаш, брокерлик мукофотлари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун;

қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилган экспорт (импорт) битимлари ижроси билан боғлиқ тўловларни амалга ошириш учун;

битимларнинг тузилиши ва бажарилиши билан боғлиқ бошқа ҳолатларда.

Битимлар бўйича ҳисоб-китоблар фақат клиринг электрон тизими орқали амалга оширилади.


34. Электрон клиринг тизими ҳар бир савдо сессиясидан олдин буюртмаларнинг таъминланганлиги бўйича назоратни амалга оширади. Буюртмаларнинг таъминланганлигини назорат қилиш савдо сессиялари доирасида тузиладиган битимларга буюртмалар бўйича амалга оширилади.


35. Клиринг электрон тизими ТБРга асосан клиринг иштирокчиларининг мажбуриятларини белгилайди ва закалатларга тақиқ қўяди. Биржанинг воситачилик йиғимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тарифларга асосан ушлаб қолинади.


36. Битим рўйхатга олингандан сўнг харидор шартномада белгиланган муддатларда битим бўйича молиявий мажбуриятларни тўлиқ қоплаш учун ҲККП нинг биржага хизмат кўрсатувчи банкдаги иккиламчи ҳисобрақамига қўшимча маблағлар ўтказиши шарт. Ушбу суммага ҲККП томонидан мажбуриятларнинг сотувчи томонидан тўлиқ бажарилишигача тақиқ қўйилади.


37. ТАОБ сотувчига биржа товарини етказиб бериши учун асос бўлади.


38. Биржа товарини етказиб бериш натижаларига кўра клиринг иштирокчиси - сотувчи томонидан ҲККПга биржа товари етказиб берилган пайтдан эътиборан уч иш куни давомида, аммо тузилган битим шартларида белгиланган охирги етказиш кунидан кейинги кундан кечиктирмай етказиб бериш ҳақида ахборот берилади. Ушбу битим бўйича сотувчи ва харидорларнинг пул маблағлари, клиринг электрон тизими томонидан, ЕБҲР ўтказилгангунга қадар тақиқда қолади.

39. Клиринг иштирокчиси - сотувчи томонидан тақдим этилган юклаш тўғрисидаги ахборотда битим рақами, биржа товари ҳажми, етказиб берилган биржа товарининг умумий суммаси, юкланган сана, ҳисобварақ-фактура рақами ва у биржа товарини етказиб берганини тасдиқловчи бошқа ахборот бўлиши керак.


40. ЕБҲР тақдим қилинган кундан кейин бир иш кунидан кечиктирмай, клиринг электрон тизими, харидорнинг биржа товарини етказиб берилиши бўйича эътирози бўлмаган тақдирда, сотувчи томонидан бажарилган мажбуриятлар миқдоридаги пул маблағларини харидор шахсий ҳисобварағидан сотувчининг шахсий ҳисобварағига кейинчалик унинг хизмат кўрсатувчи банкидаги ҳисобварағига кўчириш орқали ўтказади ҳамда битимни ушбу Қоидалар ва биржа савдоси қоидалари шартларига мувофиқ ёпади.


8-БОБ. ТУЗИЛГАН БИРЖА БИТИМЛАРИНИНГ

БАЖАРИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ ТАРТИБИ


41. Тузилган битимларни ёпиш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

клиринг иштирокчилари - сотувчи ва харидор томонидан битим бўйича мажбуриятлар лозим даражада бажарилганда;

клиринг иштирокчиси - сотувчи ва харидор томонидан битим бўйича мажбуриятлар бажарилмаганда ва улар томонидан жарима тўлангандан сўнг;

клиринг иштирокчилари - сотувчи ва харидор жарима тўлаб/тўламасдан битимни ёпишга ўзаро рози бўлганда;

арбитраж комиссиясининг қарорига кўра;

клиринг иштирокчилари - сотувчи ва харидорнинг шартномада кўрсатилган муддат давомида эътирозлари бўлмаганда, жарималарсиз.

Бунда тузилган битимларни ёпиш орқали биржа нархларининг сунъий равишда кескин кўтарилиши ёки тушиши, қатъий белгиланиши ёки бир даражада ушлаб турилиши, шунингдек, бошқа иштирокчиларнинг маҳсулотни харид қилиш имконияти чекланиш ҳолатлари ваколатли орган томонидан кўриб чиқилади.

42. Агар шартнома шартларида кўрсатилган муддат ўтгандан кейин клиринг иштирокчиси битим бўйича мажбуриятларни бажармаса, ҲККП:

шартномани харидор томонидан тўланмаганлиги учун бекор қилади;

шартномани Арбитраж комиссиясининг қарорига кўра биржа товари етказиб берилмаганлиги ёки танлаб олинмаганлиги учун бекор қилади;

клиринг иштирокчиси - сотувчи ёки харидорнинг ҳисобрақамига, шартномавий мажбуриятлар бажарилмаганлиги учун закалат миқдоридаги жаримани ўтказади.


43. Биржа аъзоларининг биржа битимлари бўйича пул маблағлари етарли бўлмаганда, мажбуриятларнинг бажарилиши Тузилган биржа битимларининг бажарилишини таъминлаш фонди маблағлари ҳисобидан таъминланиши мумкин, бу таъминот Биржа савдоси қоидаларида белгиланган тартибда пулли ва қайтариш асосида берилади.



9-БОБ. КЛИРИНГ ХИЗМАТИ КЎРСАТИШНИ ТЎХТАТИШ


44. Қуйидаги ҳолатларда ҲККП клиринг иштирокчисига клиринг хизмати кўрсатишни тўхтатади ва унинг шахсий ҳисобварағини ёпади:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома бекор қилинганда;

клиринг иштирокчиси тугатилганда;

суд ва бошқа ваколатли органларнинг қарорига кўра;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда.



10-БОБ. НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


45. Ушбу Қоидаларни биржа ва клиринг иштирокчилари ўртасида, шунингдек, клиринг иштирокчилари ўртасида қўллаш жараёнида юзага келадиган барча низолар ва келишмовчиликлар биржанинг Арбитраж комиссиясида ёки судда эътироз тартибида кўриб чиқиш йўли билан ҳал этилади.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


46. Ушбу Қоидалар талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 18 январь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 22 январь, 3-сон, 48-модда














































Время: 0.1967
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск