ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта таълим. Мактабдан ташқари таълим /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.01.2018 й. ПФ-5313-сон "Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

25.01.2018 й.

N ПФ-5313



УМУМИЙ ЎРТА, ЎРТА МАХСУС ВА

КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ ТИЗИМИНИ

ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА*


Меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мувофиқ узлуксиз таълим тизимини такомиллаштириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш, таълим хизматларининг очиқлиги ва сифати масалаларига давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўтган йилларда касб-ҳунар таълимини ривожлантириш, таълим жараёнини модернизациялаш ва мазмунини янгилашни таъминлаш мақсадида унинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди, иқтидорли ёшларнинг халқаро ва республика олимпиадалари ҳамда танловларда салмоқли натижаларга эришишларида уларни манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича қатор тизимли чора-тадбирлар кўрилди.

Шу билан бирга, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ривожланишини таҳлил қилиш натижалари тизимнинг бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини ва туб ислоҳотларга муҳтожлигини кўрсатди:

биринчидан, касб-ҳунар коллежлари аҳоли яшаш жойларига яқин бўлмаган масофада жойлаштирилганлиги, айниқса, ҳудудларда транспорт инфратузилмаси етарли даражада ривожланмаганлиги ҳамда об-ҳаво шароитлари туфайли ўқувчиларнинг вақти-вақти билан оммавий равишда дарс машғулотларини қолдиришларига сабаб бўлмоқда;

иккинчидан, касб-ҳунар коллежларининг моддий-техника базасини шакллантиришнинг мавжуд амалиёти касб-ҳунар коллежлари таълим йўналишларига жавоб бермайдиган ўқув устахоналари ташкил этилишига, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар билан етарли даражада таъминланмаслигига олиб келди. Касб-ҳунар коллежлари моддий-техник жиҳозланишининг ўртача даражаси бугунги кунда атиги 56 фоизни ташкил этади, 31 та касб-ҳунар коллежида ўқув устахоналари умуман мавжуд эмас;

учинчидан, етарли даражада молиялаштирилмаганлиги натижасида касб-ҳунар таълими тизими учун зарур бўлган кўплаб дарсликлар ва ўқув қўлланмалари нашр этилмади, дарсликларнинг 50 фоизи рус ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинмаган, амалдаги дарсликлар бирор марта янгиланмаган;

тўртинчидан, касб-ҳунар коллежларида кадрлар тайёрлаш тизими ҳудудлардаги иқтисодий тармоқларнинг реал эҳтиёжларидан ортда қолганлиги, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари учун белгиланган қабул квоталарида меҳнат бозори конъюнктураси ва ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш имкониятлари ҳисобга олинмаслиги битирувчиларни ишга жойлаштиришда қийинчилик туғдирмоқда;

бешинчидан, касб-ҳунар коллежларидаги мавжуд ўқув жараёнини ташкил этишнинг ҳозирги ҳолати, қўлланилаётган ўқув-норматив ҳужжатлар ҳамда ўқитиш муддатлари касбларнинг мураккаблик даражасига жавоб бермайди, ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этишдаги камчиликлар олинаётган билим даражаси тушиб кетишига ва тегишли равишда қатор таълим йўналишлари бўйича битирувчиларга бўлган эҳтиёжнинг пасайишига олиб келади ва натижада ўқишни тамомлагандан кейин иш жойларида уларни қўшимча ўқитиш заруратини келтириб чиқармоқда;

олтинчидан, аҳоли турли тоифаларини "Ҳаёт давомида таълим олиш" принципи бўйича касбга тайёрлаш тизимининг етарли ривожланмаганлиги аксарият катта ёшли аҳоли, шунингдек, ишсиз ёшлар ва ногирон шахсларнинг меҳнат бозорида кераксиз бўлиб қолишига олиб келмоқда;

еттинчидан, касб-ҳунар коллежларида ўқув жараёнини ташкил этишга ва ўқувчиларни интеллектуал, маънавий-маърифий тарбиялашга юзаки ёндашиш, уларнинг бўш вақтларини банд этишнинг самарасиз механизми ўқувчилар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноий қилмишлар сони ортишига, уларнинг ўқишга қизиқиши ҳамда давоматнинг тушиб кетишига сабаб бўлмоқда.

2017/2018 ўқув йилидан бошлаб 11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълим тизимига ўтилиши жамоатчилик, ота-оналар ва 9-синфлар битирувчилари томонидан кенг қўллаб-қувватланди.

Илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш учун шарт-шароитлар яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш мақсадида:


1. Белгилаб қўйилсинки:

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб мажбурий умумий ўрта ва ўрта махсус таълим умумтаълим мактабларида, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактабларда, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатларида ҳамда академик лицейларда узлуксиз ва 11 йиллик муддатда амалга оширилади;

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб касб-ҳунар коллежларига ўқишга қабул қилиш умумтаълим мактабларининг 11-синфлари битирувчилари ҳисобидан, ихтиёрийлик асосида, тегишли мутахассисликка (касбга) эга бўлиш учун 6 ойдан 2 йилгача бўлган ўқитиш муддатларида амалга оширилади;

касб-ҳунар коллежларига 2017/2018 ўқув йилига қадар (ушбу ўқув йили қўшилган ҳолда) ўқишга қабул қилинган ўқувчилар ўқишни ўзлари таълим олаётган касб-ҳунар коллежларида амалдаги ўқув дастурлари асосида белгиланган тартибда тугатадилар.


2. Қуйидагилар касб-ҳунар таълими соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимининг муҳим вазифалари деб ҳисоблансин:

иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларини, замонавий техника ва технологик тенденцияларни ҳисобга олиб эҳтиёж юқори бўлган ва турдош мутахассисликлар бўйича замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилган ҳолда ишлаш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлган ва камида иккита хорижий тилни биладиган малакали кадрларни тайёрлаш;

кадрларга бўлган реал эҳтиёжни, иш берувчи корхоналарнинг таклифларини ҳисобга олган ҳолда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқлари учун зарур мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш бўйича касб-ҳунар коллежлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

ёшларни ҳар томонлама баркамол қилиб, ватанпарварлик ва миллий мустақиллик ғояларига содиқлик руҳида тарбиялашга, шунингдек, ўқувчиларда бой илмий, маданий ва маънавий меросимизга, миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган маънавий ва ахлоқий сифатларни ривожлантиришга йўналтирилган педагогик жараённи янги педагогик шакллар ва усуллар асосида ташкил этиш;

етакчи маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, замонавий инновацион ўқув лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш учун касб-ҳунар таълими соҳасига юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш;

касб-ҳунар таълими миллий стандартлари талабларини халқаро таълим стандартлари таснифлагичига, халқаро малака талабларига мувофиқлаштириш, миллий малака талабларини босқичма-босқич халқаро аналогларга мослаштириш ва эътироф этилишига қаратилган ишларни ташкил этиш;

касбга ўргатиш билан бир қаторда таркибий жиҳатдан умумий таълим олишни биргаликда олиб борадиган, шунингдек, нодавлат таълим секторини узлуксиз давлат таълим тизими билан самарали интеграциялаш, табақалаштирилган таълим жараёнини ташкил этиш бўйича орттирилган амалий тажрибани тизимлаштириш ва келгусида амалиётга жорий этиш;

мамлакат иқтисодиётини янада ислоҳ қилиш, уни барқарор ўстириш ҳамда модернизациялаш жараёнларида самарали иштирок этишга қодир бўлган кадрларни тайёрлаш мақсадида ўқув жараёнига инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни фаол қўллаб касб-ҳунар таълими ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлаш;

юқори самарали ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси ва инновацион технологияларга асосланган парклар билан жиҳозланган касб-ҳунар коллежларининг замонавий моддий-техника базасини шакллантириш ва янада мустаҳкамлаш, ундан самарали фойдаланиш чора-тадбирларини амалга ошириш.


3. Қуйидагилар:

касб-ҳунар таълими тизимини янада такомиллаштиришни мувофиқлаштириш Республика комиссияси (кейинги ўринларда - Республика комиссияси) 1-иловага мувофиқ;

касб-ҳунар коллежлари фаолиятининг тизимли мониторингини олиб бориш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳларининг намунавий таркиби (кейинги ўринларда - ҳудудий ишчи гуруҳ) 2-иловага мувофиқ ташкил этилсин.


4. Республика комиссияси (К. Акмалов), ҳудудий ишчи гуруҳлар қуйидагиларни таъминласин:

а) уч ой муддатда мавжуд таълим дастурларига кирадиган мутахассисликлар бўйича меҳнат бозоридаги реал эҳтиёжни аниқлаш, уларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг мақсадли кўрсаткичларига мувофиқлиги, кейинчалик битирувчиларни бириктириш мақсадида тармоқларда потенциал иш берувчиларни аниқлаш юзасидан касб-ҳунар коллежлари фаолиятини ҳар томонлама танқидий ўрганиб чиқиш;

б) 2018 йил 1 июлгача тегишли Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш, унда қуйидагиларни назарда тутиш:

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг мақсадли параметрларига ва меҳнат бозори прогнозига мувофиқ, кадрларга бўлган мавжуд реал эҳтиёжни инобатга олиб касб-ҳунар коллежларини тармоқ бўйсунуви асосида тегишли вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналар тасарруфига ўтказиш;

тадбиркорлик соҳаси, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун меҳнат бозорида талаб қилинаётган касблар бўйича кадрларни мақсадли тайёрлайдиган кўп тармоқли касб-ҳунар коллежларини ташкил этиш;

тармоқ вазирликлари, идоралари, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналар - кадрлар буюртмачилари томонидан алоҳида мутахассисликлар (касблар)га эҳтиёж ва талаб паст бўлган касб-ҳунар коллежлари умумий сонини оптималлаштирган ҳолда уларни қисман қайта ташкил этиш;

оптималлаштирилиши керак бўлган касб-ҳунар коллежларининг моддий-техника базасидан, уларда умумтаълим мактаблари, ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ва мактабгача таълим муассасалари жойлаштирилишини назарда тутиб, бино ва иншоотларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш.

Белгилансинки, ушбу бандда назарда тутилган тадбирлар бажарилгандан сўнг Республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлар ўз фаолиятини тугатади.


5. Иқтисодиёт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ҳар йил якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига киритиладиган ўзгаришларни инобатга олган ҳолда касб-ҳунар коллежларида янги йўналишлар ва мутахассисликлар очилиши бўйича таклифлар киритсин.


6. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:

а) касб-ҳунар коллежлари аксарият ҳолларда вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда йирик корхоналар - тармоқ бўйсунуви бўйича кадрларга буюртмачилар таркибида фаолият юритади;

б) касб-ҳунар коллежларининг бериладиган бинолари, иншоотлари, жиҳозлари, мебель ва инвентари қиймати қўшимча қиймат солиғи ва даромад солиғини ҳисоблаб чиқишда солиқ солиш объекти ҳисобланмайди;

в) 2017/2018 ўқув йилигача (ушбу ўқув йили ҳам шу жумлага киради) касб-ҳунар коллежларига қабул қилинган ўқувчилар ўқишни тўлиқ тугатгунига қадар ушбу касб-ҳунар коллежларининг харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланади;

г) вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналарнинг тасарруфидаги касб-ҳунар коллежларини сақлаш, кадрларни ўқитиш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга мақсадли тарзда йўналтирилган маблағлари барча турдаги солиқлардан ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилади;

д) меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ходимларининг камида 30 фоизини ўқишни тугатган кунидан бошлаб уч йил ўтмаган умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари ташкил этган тадбиркорлик субъектларига қуйидаги имтиёзлар ва преференциялар берилади:

давлат мулки объекти учун ижара тўловини ушбу объектга нисбатан энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгилаш.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан биргаликда:

бир ҳафта муддатда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги қарори лойиҳасини;

икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


8. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 25 январдаги

ПФ-5313-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Касб-ҳунар таълими тизимини янада такомиллаштиришни

мувофиқлаштириш республика комиссияси

ТАРКИБИ

1. К.В. Акмалов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, комиссия раиси


2. Б.А. Ходжаев

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири, комиссия раиси ўринбосари


3. И.У. Мажидов

-

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири


4. У.И. Иноятов

-

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири


5. А.В. Шин

-

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири


6. А.А. Хаитов

-

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири


7. А.К. Шодмонов

-

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири


8. Ш.Х. Шерматов

-

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири в.б.


9. М.Х. Салиев

-

Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири


10. лавозими бўйича

-

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Касб-ҳунар таълими маркази директори


11. А.Ж. Ортиқов

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири ўринбосари


12. А.А. Каримов

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари


13. Ш.Ж. Тешаев

-

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари


14. У.З. Салимов

-

"Ўзавтосаноат" АЖ бошқаруви раиси


15. У.М. Мустафоев

-

"Ўзбекэнерго" АЖ бошқаруви раиси


16. У.Х. Сайидов

-

"Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари


17. А.С. Мустафаев

-

"Ўзтрансгаз" АЖ бошқаруви раиси


18. А.А. Абдуллаев

-

"Ўзкимёсаноат" АЖ бошқаруви раиси


19. А.Э. Мақсудов

-

"Ўзпахтасаноат" АЖ бошқаруви раиси


20. И.У. Ҳайдаров

-

"Ўзтўқимачиликсаноат" Ассоциацияси бошқаруви раиси


21. Б.К. Зарипов

-

"Ўзқурилишматериаллари" АЖ бошқаруви раиси


23. лавозими бўйича

-

"Ўзшаробсаноат" АЖ бошқаруви раиси

24. К.С. Ризаев

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари АТД мудири, комиссия котиби

             

Изоҳ. Республика комиссияси аъзолари бошқа ишга ўтганда унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахс киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 25 январдаги

ПФ-5313-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Касб-ҳунар коллежлари фаолиятининг

тизимли мониторингини олиб бориш

бўйича ҳудудий ишчи гуруҳларининг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ


1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар хокими, ишчи гуруҳ раҳбари


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар хокимининг ўринбосари, ишчи гуруҳ раҳбарининг ўринбосари


Ишчи гуруҳ аъзолари:


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, Ёшлар сиёсати масалалари, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар хокими ўринбосари


4. Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Иқтисодиёт ва комплекс ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи


5. Қорақалпоғистон Республикаси молия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Молия бош бошқармаси бошлиғи


6. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси бошлиғи


7. Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармаси бошлиғи


8. Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача таълим вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи


9. Қорақалпоғистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси бошлиғи


10. Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи


11. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳудудий бошқармаси раҳбари


Изоҳ. Ҳудудий ишчи гуруҳ таркибига ҳудудий мансублигига қараб катта компаниялар, хўжалик уюшмалари раҳбарлари ҳам киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 25 январь


"Халқ сўзи", 2018 йил 26 январь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 29 январь, 4-сон, 69-модда































Время: 0.1987
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск