ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Сув, сувдан фойдаланиш ва сув хўжалиги / Сув муҳофазаси ва сув объектлари /

Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 21.12.2017 й. 1009-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 21 декабрдаги

1009-сон қарорига

1-ИЛОВА



Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини

мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом дарёлар, сойлар, жилғалар ўзанларини тозалаш, шунингдек, уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш (кейинги ўринларда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш деб аталади) бўйича ишларни амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Сув оқимлари ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга оширишдан мақсад Ўзбекистон Республикаси сув оқимлари орқали тошқин сувлари ва сел оқимларининг барқарор ва хавфсиз ўтказилишини таъминлашдан иборат.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари - дарёлар, сойлар ва жилғалар қирғоқларини ювилиб кетиш ва ўпирилишдан ҳимоя қилиш мақсадида мустаҳкамлаш;


сув оқими - ўзанида умумий нишаблик йўналиши бўйлаб сувлар доимий ёки вақтинчалик оқадиган сув объекти (дарёлар, сойлар, жилғалар). Сув оқими доимий - сув йил бўйи ёки вақтинча оқадиган (қурийдиган, музлайдиган) бўлиши мумкин;


тошқин - қорларнинг интенсив, қисқа вақт эриши ва кўплаб ёмғирлар ёғиши натижасида вужудга келадиган сув оқимининг бирор-бир тармоғида сув сатҳининг жадал, нисбатан қисқа вақтда ва нодаврий кўтарилиши ва сув сарфининг кўпайиши;


тошқин сувлари - тошқинлар даврида сув оқимлари ўзанида оқадиган сувлар;


сел - жуда катта (умумий оқим массаси 75 фоизгача) бузиш кучига эга бўлган қисқа муддатли тошқин, унинг таркибида кичик тоғ ва тоғолди дарёлари ҳавзаларида ҳамда анча (камида 0,10) қия ёнбағирли қуруқ сойларда кучли ёмғирлар ёки қорларнинг жадал эриши натижасида пайдо бўладиган минерал заррачалар ва тоғ жинслари парчалари мавжуд бўлади;


сел оқимлари - селлар рўй берадиган даврда сув оқимлари бўйлаб ўтадиган сувлар;


хавфсиз ўтказиш - сувларни сув оқимлари бўйлаб аҳоли пунктлари, суғориладиган ерлар, сув хўжалиги объектлари ва бошқа ижтимоий объектлар учун салбий оқибатларсиз ўтказиб юбориш;


оқимни барқарорлаштириш - сувларни сув оқимлари бўйлаб хавфсиз ўтказиб юбориш мақсадида тошқин сувларига ва сел оқимларига техноген таъсир кўрсатиш;


ҳимоялаш ишлари - ҳимоялаш иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш ишлари, гидротехника иншоотлари, кўприклар, сув қувурлари, газ қувурлари ва сув оқимлари жойлашган бошқа ижтимоий объектлардаги ҳимоялаш ишлари, тошқин сувларини ва сел оқимларини ҳалокатсиз ўтказиб юбориш, аҳоли пунктлари, суғориладиган ерлар, сув хўжалиги объектларини ва бошқа ижтимоий объектларни ҳимоя қилиш мақсадида сув тўплагичларда ва сув оқимлари ўзанларида дарахтлар ўтқазиш;


ҳимоялаш иншоотлари - дамбалар, шпоралар, шалолалар, чуқурлар, ўйиқлар ва ўзанларни тартибга солувчи бошқа иншоотлар, шунингдек, тошқин сувларини ва сел оқимларини хавфсиз ўтказиб юборишни таъминлайдиган нишабликларни мустаҳкамлаш бўйича конструкциялар;


ҳимоялаш иншоотларини реконструкция қилиш ва қуриш - ҳимоялаш иншоотларини тўлиқ ёки қисман қайта қуриш ва қуриш. Ҳимоялаш иншоотлари реконструкция қилингандан кейин уларнинг бошланғич лойиҳа параметрлари ва таркиби янги лойиҳага мувофиқ қисман ёки тўлиқ ўзгариши мумкин;


ҳимоялаш иншоотларини таъмирлаш ва тиклаш - ҳимоялаш иншоотларининг, сув хўжалиги ва сув оқимларида жойлашган бошқа ижтимоий объектларнинг лойиҳадаги параметрларини сақлаш учун мўлжалланган, шу жумладан, иншоотларни ва уларнинг айрим бузилган жойларини чўкиндилардан тозалаш, таъмирлаш ишлари;


тошқин сувларини ва сув оқимларини барқарор ва хавфсиз ўтказиб юборишни таъминлаш лойиҳаси - тошқин сувларини ва сув оқимларини барқарор ва хавфсиз ўтказиб юбориш мақсадида сув оқимларида жойлашган ҳимоя иншоотларини, сув хўжалиги объектларини ва бошқа ижтимоий объектларни реконструкция қилиш, қуриш, таъмирлаш ва тиклаш тадбирларини назарда тутувчи лойиҳа;


сув оқимлари ўзанларини тозалаш - дарёлар, сойлар ва жилғалар ўзанларини тўпланиб қолган қум-шағалли материаллар ва сув остидаги чўкмалардан механик ёки гидромеханик усулда тозалаш.


4. Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг "Махсус муҳандислик-қурилиш бошқармаси" давлат муассасаси (кейинги ўринларда Махсус муҳандислик-қурилиш бошқармаси деб аталади) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 ноябрдаги ПҚ-426-сон қарори билан ташкил этилган Тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юборишни таъминлаш, қор кўчиш ва ер кўчки ҳодисалари хавфини камайтириш бўйича Ҳукумат комиссиясининг (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) қарорларига асосан бошқа ташкилотлар томонидан фақат тошқин сувлари ва сел оқимларини ўтказиб юборишнинг имконияти йўқлиги билан боғлиқ салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилади.

Сув оқимларида сув хўжалиги ва бошқа ижтимоий объектларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш бўйича ишлар белгиланган тартибда ушбу объектлар тасарруфида бўлган вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.


5. Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича ишларни амалга ошириш тўғрисида Комиссия қарорлари Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (кейинги ўринларда ФВВ деб аталади), Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Табиат ресурслари вазирлигининг дарёлар, сойлар, жилғалар ўзанларини текшириш ва сув оқимлари орқали тошқин сувлари ва сел оқимларини хавфсиз ўтказиш имкониятларини баҳолаш натижалари бўйича биргаликдаги хулосалари асосида қабул қилинади.


2-БОБ. ДАРЁЛАР ЎЗАНЛАРИНИ ТОЗАЛАШ ВА

ҚИРҒОҚЛАРИНИ МУСТАҲКАМЛАШ БЎЙИЧА

ИШЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА АМАЛГА

ОШИРИШ ТАРТИБИ


6. Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари сув оқимлари орқали тошқин сувлари ва сел оқимларининг барқарор ва хавфсиз ўтказилишини таъминлаш бўйича ҳар йилги, Комиссия томонидан тасдиқланадиган Йиғма манзилли дастур (кейинги ўринларда Йиғма манзилли дастур деб аталади) асосида амалга оширилади.

Дарёлар ўзанларини тўпланиб қолган қум-шағал материалларидан тозалаш ФВВ, Табиат ресурслари вазирлиги ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида шакллантирилган рўйхатга мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.

7. Сув оқимлари орқали тошқин сувлари ва сел оқимларининг барқарор ва хавфсиз ўтказилишини таъминлаш бўйича лойиҳалар қуйидаги асосий талабларга мувофиқ тузилади ва амалга оширилади:

сув оқимлари орқали тошқин сувлари ва сел оқимларининг барқарор ва хавфсиз ўтказилиши аҳоли яшайдиган жойлар, суғориладиган ерлар, сув хўжалиги ва бошқа ижтимоий объектлар ҳимоя қилинишини назарда тутиши керак;

сув оқимлари орқали тошқин сувлари ва сел оқимларининг барқарор ва хавфсиз ўтказилиши бўйича чора-тадбирлар мажмуи техник-муҳандислик изланишлар ва тадқиқотлар (геологик-муҳандислик, топогеодезия, гидрометеорологик, лаборатория, экологик ва ижтимоий-иқтисодий), шунингдек, белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилади ва амалга оширилади;

сув оқимлари орқали тошқин сувлари ва сел оқимларининг барқарор ва хавфсиз ўтказилиши бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича техник-муҳандислик изланишлар ва тадқиқотлар мажмуи, шу жумладан, сув оқимлари ўзанлари, ҳимоя иншоотлари, сув хўжалиги ва бошқа ижтимоий объектлар ҳолатини ўрганиш уларнинг ўзанларида ўтказилиши керак;

сув оқимлари орқали тошқин сувлари ва сел оқимларининг барқарор ва хавфсиз ўтказилиши бўйича ҳимоялаш ишлари сув оқимлари бўйлаб жойлашган ҳимоя иншоотлари, сув хўжалиги ва бошқа ижтимоий объектларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш бўйича замонавий технологиялар ва илғор тажриба натижалари татбиқ этилишини назарда тутиши керак;

сув оқимлари орқали тошқин сувлари ва сел оқимларининг барқарор ва хавфсиз ўтказилиши бўйича чора-тадбирларга ҳақиқий сув хўжалиги ва гидрометеорологик вазият ҳисобга олинган ҳолда тузатишлар киритилиши мумкин;

муҳофазалаш чора-тадбирларини амалга ошириш устуворлиги ва кетма-кетлиги уларнинг ижтимоий аҳамиятлилиги, шунингдек, гидрометеорологик прогнозлар ҳамда сув оқимлари ва улардаги иншоотларнинг ҳақиқий ҳолати ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши керак.


8. Йиғма манзилли дастур қуйидагилар бўйича лойиҳаларнинг прогноз кўрсаткичларини ўз ичига олади:

дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш;

сув оқимлари бўйлаб жойлашган ҳимоя иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш;

ҳимоя иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш бўйича лойиҳа-тадқиқот ишларини, шунингдек, сув оқимларида бошқа ҳимоялаш ишларини бажариш.


9. Йиғма манзилли дастур сув оқимлари орқали тошқин сувлари ва сел оқимларининг барқарор ва хавфсиз ўтказилишини таъминлаш бўйича келгуси йил учун ҳудудий манзилли дастурлардан (кейинги ўринларда ҳудудий манзилли дастурлар деб аталади) шакллантирилади.


10. Ҳудудий манзилли дастурлар сув оқимларининг амалдаги сув хўжалиги, гидрологик ва бошқа табиий-хўжалик шароитлари ҳисобга олинган ҳолда сув оқимлари орқали тошқин сувлари ва сел оқимларининг барқарор ва хавфсиз ўтказилишини таъминлаш бўйича вазифаларни ҳал этишга комплекс ва тизимли ёндашув асосида ишлаб чиқилади.


11. Келгуси йил учун ҳудудий манзилли дастурлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича лойиҳаларнинг манзилли рўйхати;

сув оқимлари бўйлаб жойлашган ҳимоя иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларнинг манзилли рўйхати;

сув оқимлари бўйлаб жойлашган ҳимоя иншоотларини таъмирлаш ва тиклаш бўйича лойиҳалар, шунингдек, бошқа ҳимоялаш ишларининг манзилли рўйхати;

сув оқимлари бўйлаб жойлашган ҳимоя иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш бўйича лойиҳа-тадқиқот ишлари, шунингдек, бошқа ҳимоялаш ишларининг манзилли рўйхати.


12. Ҳудудий манзилли дастурларни тузиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари қарорлари билан ҳудудий ишчи гуруҳлар тузилади.

Тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари ва вилоятлар ҳокимларининг саноат, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосарлари ҳудудий ишчи гуруҳлар раҳбарлари ҳисобланади.


13. Ҳудудий ишчи гуруҳ таркибига:

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармалари;

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари;

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда - Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги (кейинги ўринларда - Кадастр агентлиги), Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги (кейинги ўринларда -Гидрометеорология хизмати агентлиги), Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда - "Сувхўжаликназорат" инспекцияси) ҳудудий бошқармалари;

маҳаллий давлат ҳокимлик органлари;

лойиҳа ва илмий-тадқиқот ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассислари киритилади.

Зарур ҳолларда ҳудудий ишчи гуруҳлар таркибига бошқа манфаатдор вазирликлар, муассасалар ва ташкилотлар вакиллари киритилиши мумкин.


14. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан кўриб чиқилиши учун қуйидаги материалларни тайёрлайди ва тақдим этади:

барча асосий сув объектлари қайд этилган схематик хариталар, шунингдек, сув объектлари ва улардаги иншоотларнинг техник тавсифлари;

кўп йиллик гидрологик маълумотлар, шунингдек, тошқин сувлари ва сел оқимларини хавфсиз ўтказиш бўйича бошқа маълумотлар.


15. Ҳудудий ишчи гуруҳлар:

ҳар йили 1 мартгача бўлган муддатда жойларга чиқиш орқали гидрографик тамойил асосида сув оқимлари ва бошқа сув объектлари, сув оқимлари бўйлаб жойлашган сув хўжалиги ва бошқа ижтимоий объектлар, аҳоли яшайдиган жойлар ва суғориладиган ерларнинг батафсил текширувини ўтказади;

текширувлар якунлари бўйича ҳимоя иншоотлари бузилишлари, сув оқимлари ўзанлари ювилиб кетиши ва лойқа билан тўлиб қолиши, сув хўжалиги ва бошқа ижтимоий объектлардаги бузилишлар, аҳоли яшайдиган жойлар ва бошқа ижтимоий объектларни сув босиши хавфи мавжудлигининг асосий сабабларини аниқлайди;

сув оқимлари бўйлаб жойлашган сув хўжалиги ва бошқа ижтимоий объектларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш бўйича устувор ҳимоялаш ишларини белгилайди;

тошқин сувлари ва сел оқимларини хавфсиз ўтказиш имкониятларини баҳолайди ҳамда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича ишларни амалга ошириш жойини, ҳажмини ва бошқа шарт-шароитларини аниқлайди;

ҳар йили 1 апрелгача муддатда келгуси йил учун ҳудудларнинг сув оқимлари орқали тошқин сувлари ва сел оқимларини барқарор ва хавфсиз ўтказишни таъминлаш бўйича ҳудудий манзилли дастурларни ишлаб чиқади ва ҳудудий комиссияларга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритади.


16. Келгуси йил учун ҳудудий манзилли дастурлар тегишли ҳудудий комиссиянинг қарори билан 10 апрелгача муддатда тасдиқланади.


17. Сув оқимлари орқали тошқин сувлари ва сел оқимларининг барқарор ва хавфсиз ўтказилишини таъминлаш бўйича тасдиқланган ҳудудий манзилли дастур белгиланган тартибда ҳар йили 15 апрелгача муддатда ФВВга кўриб чиқиш ва умумлаштириш учун киритилади.


18. ФВВ "Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Табиат ресурслари вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ, "Ўзбекгидроэнерго" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва муассасалар билан биргаликда ҳудудий манзилли дастурлар асосида келгуси йил учун Йиғма манзилли дастурни ишлаб чиқади.

19. ФВВ келгуси йил учун Йиғма манзилли дастурни 1 майгача муддатда тегишли хулосалар билан бирга белгиланган тартибда Комиссияга кўриб чиқиш учун киритади.


20. Комиссия 15 майгача муддатда Йиғма манзилли дастурни кўриб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда уни манфаатдор вазирликлар ва муассасаларга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига белгиланган тартибда амалга ошириш учун юборади.


21. Сув оқимларининг сув хўжалиги, гидрометеорологик ва бошқа табиий-хўжалик шароитларининг бўлиши мумкин бўлган ўзгаришлари, ҳимоялаш ишлари асосланиши ва устуворлиги ҳисобга олинган ҳолда Комиссия қарорига мувофиқ Йиғма манзилли дастурга тегишли ўзгаришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.


22. Тегишли ҳимоялаш ишларини бажариш буюртмачилари ҳисобланган, тасарруфида сув хўжалиги ва бошқа ижтимоий объектлар бўлган вазирликлар ва муассасалар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Йиғма манзилли дастур ва тасдиқланган тармоқ жадваллари асосида белгиланган тартибда қурилиш, таъмирлаш, ўзанларни тозалаш, қирғоқларни мустаҳкамлаш ва лойиҳа-тадқиқот ишларининг алоҳида манзилли рўйхатларини ишлаб чиқади.


23. Йиғма манзилли дастурни амалга ошириш доирасида буюртмачилар томонидан иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, тиклаш, шу жумладан, сув оқимлари орқали тошқин сувлари ва сел оқимларининг барқарор ва хавфсиз ўтказилишини таъминлаш мақсадида дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича лойиҳа ҳужжатлари (кейинги ўринларда лойиҳа ҳужжатлари деб аталади)ни ишлаб чиқиш амалга оширилади.


24. Лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун вазифалар белгиланган тартибда "Сувхўжаликназорат" давлат инспекцияси билан келишилиши зарур.

25. Лойиҳа ҳужжатлари қайд этилган фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияга эга бўлган ихтисослаштирилган лойиҳа ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилади.


26. Лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ва Табиат ресурслари вазирлиги органлари томонидан амалга ошириладиган давлат экспертизасидан ўтказилиши керак.

27. Экспертизадан ўтказилган лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда тасдиқланиши керак.


28. Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича пудрат ишлари лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ тендер савдолари ўтказилмасдан Комиссия қарори асосида Махсус муҳандислик-қурилиш бошқармаси томонидан амалга оширилади.

Бу ишларни бажариш имконияти бўлмаган тақдирда (моддий-техник база имкониятлари йўқлиги ёхуд етарли эмаслиги, молия маблағлари етишмаслиги ва шу кабилар) ушбу ишлар Вазирлар Маҳкамасининг "Капитал қурилишда танлов асосидаги савдолар тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2003 йил 3 июлдаги 302-сон қарори билан белгиланган тартибда бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Сув оқимлари бўйлаб жойлашган сув хўжалиги ва бошқа ижтимоий объектларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш бўйича лойиҳалар улар тасарруфида бўлган вазирликлар ва муассасалар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.


29. Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича ишларни амалга оширишда қуйидаги талабларга риоя қилиниши керак:

ихтисослаштирилган лойиҳа ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига қатъий риоя этган ҳолда амалга ошириш;

дарё ўзанлари барқарорлигини ҳамда ирригация ва бошқа иншоотларга барқарор сув олишни таъминлаш;

туташ аҳоли пунктларини сув босишига йўл қўймаслик;

сув хўжалиги иншоотлари, кўприклар, ичимлик сув тармоқлари ва бошқа ижтимоий объектларнинг хавфсиз фаолият юритишини таъминлаш;

дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлашда лойиҳа кўрсаткичларига риоя этиш;

чиқиндиларни вақтинча сақлаш, техниканинг тўхтаб туриши ва уларга хизмат кўрсатиш жойларини жойлаштириш, шунингдек, фойдаланиладиган техникага хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлашни дарёларнинг сувни қўриқлаш зоналаридан ташқарида амалга ошириш;

дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича ишлар якунига етказилгандан кейин дарёлар бўйини маиший ва ишлаб чиқариш чиқиндиларидан, шунингдек ўзан тозалаш ишлари кўрсаткичларини назорат қилиш учун капитал баландлик жиҳозлари, участка чегаралари жойларидаги ажратиш белгиларидан тозалашни амалга ошириш;

дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича ишларни инновацион усуллар ва технологиялардан кенг фойдаланиш орқали амалга ошириш.


30. Лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштириш белгиланган тартибда қуйидагилар ҳисобига амалга оширилади:

бюджетдан ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ўз тасарруфидаги объектлар бўйича харажатлар сметасида назарда тутилган марказлаштирилган капитал қуйилмалар ва эксплуатацион харажатлар лимитлари;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва муассасаларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


31. Юридик шахслар ўз балансидаги ижтимоий объектларни ҳимоя қилиш мақсадида сув оқимлари орқали тошқин сувлари ва сел оқимларини барқарор ва хавфсиз ўтказишни таъминлаш чора-тадбирларини белгиланган тартибда ўз маблағлари ҳисобига амалга оширади.


32. Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ер участкалари ажратилмасдан амалга оширилади. Бунда Махсус муҳандислик-қурилиш бошқармаси ва бошқа ташкилотларга ўзан тозалаш ишларини амалга ошириш жойларида ер ости бойликлари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар олиш талаб этилмайди.

33. Сув оқимлари орқали тошқин сувлари ва сел оқимларини барқарор ва хавфсиз ўтказишни таъминлаш бўйича лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан назорат белгиланган тартибда:

пудратчи томонидан қабул қилинган шартнома мажбуриятларига ва шартнома билан олдиндан келишиб олинган бошқа функцияларга риоя этилиши устидан назорат, объект қурилиши устидан техник кузатув ва техник назорат юзасидан - буюртмачилар томонидан;

объектлар қурилиши ва якунланган объектларни фойдаланишга қабул қилиб олишнинг бутун даври мобайнида бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг лойиҳа қарорларига мувофиқлиги устидан муаллифлик назорати юзасидан - лойиҳа ташкилотлари томонидан;

бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг сифати ҳамда қурилиш меъёрлари ва қоидаларига, норматив-техник ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлиги, шунингдек, қурилиш объектида пудрат ташкилотлари томонидан ижро ҳужжатлари юритилиши устидан назорат юзасидан - "Давархитекқурилиш" қўмитаси ҳудудий органлари томонидан;

бюджетдан ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат юзасидан - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг назорат органлари томонидан амалга оширилади.


34. ФВВ Сув хўжалиги вазирлиги ва Табиат ресурслари вазирлиги билан биргаликда объектлар бўйича Йиғма манзилли дастурга киритилган лойиҳалар амалга оширилиш жараёнининг мониторинги ўтказилишини таъминлайди ва ҳар ойда Комиссияга тегишли ахборотни киритади.


3-БОБ. ЎЗАНЛАРНИ ТОЗАЛАШ БЎЙИЧА ИШЛАР

АМАЛГА ОШИРИЛИШИ НАТИЖАСИДА ҲОСИЛ

БЎЛАДИГАН МАТЕРИАЛЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


35. Махсус муҳандислик-қурилиш бошқармаси ва бошқа ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 25 сентябрдаги ПҚ-3286-сон қарори билан ташкил этилган идоралараро гуруҳ билан ўзаро келишган ҳолда сув оқимлари ўзанларини тозалашда ҳосил бўлган норуда материаллар ҳажмини аниқлаш учун жойларда уларнинг ускуналар ёрдамида ўлчовлари амалга оширилади, сувни муҳофазалаш қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ уларни алоҳида жойлаштирилади, шунингдек, зарур ҳолларда, уларнинг реализация қилинишини ташкил этилади.

36. Норуда фойдали қазилмалар қайта ишланган ва реализация қилинган тақдирда Махсус муҳандислик-қурилиш бошқармаси ва бошқа ташкилотлар белгиланган тартибда ер ости бойликларидан фойдаланилганлик учун солиқ тўлайди. Бунда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича ишларни молиялаштириш норуда фойдали қазилмалар реализация қилинишидан олинган даромадлар суммасига камайтирилади.

Реализация қилинадиган норуда фойдали қазилмалар материалларига нархлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ҳар йили 1 мартгача белгиланади.


37. Сув оқимлари ўзанларини тозалаш учун Махсус муҳандислик-қурилиш бошқармаси ва жалб этиладиган бошқа ташкилотлар ҳосил бўлган норуда материаллар миқдори тўғрисида йилнинг ҳар чорагида идоралараро гуруҳга ҳисобот тақдим этишлари шарт.

38. Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича ишларнинг мувофиқлаштирилиши ФВВ томонидан амалга оширилади.


39. Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича ишларнинг амалга оширилиши устидан назорат идоралараро гуруҳлар томонидан амалга оширилади.


40. Сув оқимлари ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича ишларнинг амалга оширилиши устидан назорат қилиш жараёнида Табиат ресурслари вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан ўтказиладиган тизимли текширувлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор қилган ҳолда амалга оширилади.

41. Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, шунингдек, сув оқимларида сув хўжалиги ва бошқа ижтимоий объектларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш бўйича ишлар натижаларини қабул қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


42. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.




Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 23 декабрь






















































Время: 0.1712
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск