ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш / Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва объектлар. Қизил китоб /

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда бўлишнинг Намунавий қоидалари (ЎзР ВМ 08.01.2018 й. 13-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 8 январдаги

13-сон қарорига

1-ИЛОВА



Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда бўлишнинг

НАМУНАВИЙ ҚОИДАЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Намунавий қоидалар мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари, табиат боғларининг рекреация зоналари, улардан хўжалик ва бошқа мақсадларда фойдаланиш (қўриқхона зоналаридан ташқари), давлат табиат ёдгорликлари, буюртма қўриқхоналари, табиий питомниклар ва балиқ хўжалиги зоналари, курорт табиий ҳудудларнинг учинчи зоналари, рекреация зоналари, сув объектлари санитария муҳофазасининг иккини ва учинчи зоналари, сувни муҳофаза қилиш зоналари, қирғоқбўйи минтақалари, давлат биосфера резерватларининг буфер ҳамда ўтиш зоналарида (қўриқхона зонасидан ташқари) бўлиш тартиби ва шартларини белгилайди.

Ушбу Намунавий қоидаларнинг талаблари давлат қўриқхоналарида экологик туризмни ривожлантириш учун давлат қўриқхоналарига берилган қўриқланма зонаси қисмида бўлиш тартиб ва шартларига ҳам тааллуқлидир.


2. Ушбу намунавий қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар маъмурияти (кейинги ўринларда МЭТҲ маъмурияти деб аталади) - бошқарув органлари, директор ва унинг ўринбосар(лар)и, бошқа мансабдор шахслар (раҳбар ходимлар), тизимдаги бўлимларнинг бошлиқлари (раҳбарлари) (юридик мақомга эга бўлган МЭТҲда);


МЭТҲга ташриф буюрувчилар гуруҳи - уч ва ундан ортиқ (қоида тариқасида 10 кишигача) шахсларнинг гуруҳ раҳбари ҳамроҳлигида уюшган тартибда МЭТҲда бўлиши;


МЭТҲга фуқароларнинг кириши - жисмоний шахсларнинг МЭТҲни кўриш мақсадида унинг ҳудудига кириш имконияти;


муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар - ер участкасининг ва (ёки) сув кенгликларининг (акваторияларнинг) устувор экологик, илмий, маданий, эстетик, рекреация ва санитария-соғломлаштириш аҳамиятига молик бўлган, хўжалик мақсадидаги доимий ёки вақтинча фойдаланишдан тўлиқ ёки қисман чиқарилган участкалари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ҳисобланади.


МЭТҲга ташриф буюрувчи - МЭТҲга киришни амалга оширувчи жисмоний шахс;


МЭТҲга ташриф буюриш - жисмоний шахснинг экологик, маданий, эстетик ва бошқа мақсадларда табиатдан фойдаланиш ҳуқуқини амалга ошириш учун ушбу Намунавий қоидаларга мувофиқ МЭТҲда бўлиш;


МЭТҲнинг режими (МЭТҲни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш режими) - қонунчиликда ва МЭТҲ низомларига мувофиқ, уларнинг тоифалари ва турларидан келиб чиқиб, муҳофаза этиладиган табиий объектлар ва комплексларни сақлаш, такрор кўпайтириш ва тиклашга йўналтирилган рухсат этувчи, чекловчи ва тақиқловчи меъёрлар, талаблар ва чора-тадбирлар тизими;


3. Фуқароларнинг қуйидаги МЭТҲга кириши тақиқланади:

давлат қўриқхоналари, давлат биосфера резерватлари ва табиат боғларининг қўриқхона зоналарига, сув объектларининг санитария муҳофазаси ва курорт табиий ҳудудларининг биринчи зоналарига;

ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик ва ҳайвонот турлари ҳамда уларнинг ўсиш ва яшаш муҳитини муҳофаза қилиш мақсадида бошқа МЭТҲ ёхуд уларнинг айрим қисмларига, ушбу банднинг тўртинчи хатбошидаги ҳолатлар бундан мустасно.

Ушбу банднинг иккинчи ва учинчи хатбошисида келтирилган ҳолатларда МЭТҲга киришга, унинг ишчи ходими бўлмаган фуқаролар ёки тасарруфида МЭТҲ бўлган юқори давлат идоралари ходимлари фақат ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ўсимлик ва ҳайвонот турлари, уларнинг ўсиш ва яшаш муҳитини ўрганишга оид илмий изланишлар ўтказиш мақсадида рухсатнома асосида йўл қўйилади. Рухсатнома шу МЭТҲ маъмурияти ёки у тасарруфида бўлган юқори давлат органи томонидан берилади.

Чегара зонасида жойлашган МЭТҲларга кириш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


4. МЭТҲда бўлиш:

рекреация;

табиатдан фойдаланиш;

аҳолининг маданий-эстетик, экологик таълим ва тарбия;

илмий тадқиқот фаолияти мақсадларида амалга оширилади.

МЭТҲда бўлиш бир вақтнинг ўзида бир нечта мақсадларда амалга оширилиши мумкин.


5. МЭТҲда бўлиш қоидалари ушбу Намунавий қоидалар асосида тасарруфида МЭТҲ бўлган давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан ишлаб чиқилади.

МЭТҲда бўлиш қоидалари:

сувни муҳофаза қилиш зоналари ва қирғоқбўйи минтақалари бўйича - Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан;

ўз тасарруфидаги МЭТҲ бўйича - Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан;

сув объектларининг санитария муҳофаза зоналари бўйича - Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан;

ўз тасарруфидаги МЭТҲ бўйича - Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан;

ушбу банднинг учинчи - олтинчи хатбошида белгиланган МЭТҲлардан бошқалари учун - Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланади.


6. МЭТҲда бўлиш қоидалари тасарруфида мазкур ҳудудлар бўлган давлат органлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳамда МЭТҲнинг ўз интернет саҳифалари (сайтлари)да мажбурий тартибда жойлаштирилади.

МЭТҲда бўлиш ва хавфсизлик қоидалари бевосита унинг кириш йўлагидаги маълумот тахталарига (стендларига) жойлаштирилади ҳамда ташриф буюрувчиларга махсус тайёрланган эслатма шаклида тарқатилади.


7. Фуқароларнинг айрим МЭТҲга кириши пулли асосда амалга оширилиши мумкин.

МЭТҲ ташриф буюрувчиларга қонунчиликда белгиланган тартибда пулли хизмат кўрсатиши мумкин.

Кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов хизматлар рўйхати ва улар учун тўланадиган пул миқдори:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ҳудудий органлари билан келишилган ҳолда тасарруфида МЭТҲ бўлган давлат органлари томонидан;

тасарруфида МЭТҲ бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан аниқланади.


8. МЭТҲда бўлиш, унинг маъмурияти, юридик мақомга эга бўлмаган, тасарруфида МЭТҲ бўлган давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар ёки уларнинг ваколатли вакили томонидан ёхуд электрон ахборот воситалари орқали, белгиланган тартибда электрон шаклда расмийлаштирилган ташриф чиптаси орқали амалга оширилади.


9. МЭТҲда рекреация мақсадида бўлиш уюшган ҳолда, экологик туризм йўли билан ёки фуқаролар МЭТҲнинг белгиланган жойларига мустақил келиши билан амалга оширилади.


10. МЭТҲда табиатдан фойдаланиш мақсадида бўлиш фақат унинг бошқарув режасида белгиланган жойларда амалга оширилиши мумкин. МЭТҲнинг бошқарув режалари улар тасарруфида бўлган тегишли давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан тасдиқланади.

МЭТҲда табиатдан махсус фойдаланиш мақсадида бўлиш учун, ташриф буюрувчи қонунчиликда белгиланган тартибда мазкур фойдаланишга рухсатнома олиши зарур.

Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан, шу жумладан уларнинг қисмлари ёки бошқа намуналаридан коллекциялар тўплаш тартиби, шунингдек, табиатдан фойдаланишнинг бошқа турлари қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


11. МЭТҲда маданий - эстетик, аҳолининг экологик таълим ва тарбияси мақсадида бўлиш ташриф буюрувчилар томонидан мустақил, шунингдек, таълим ёки бошқа муассасалар томонидан шакллантирилган ташриф буюрувчилар гуруҳлари томонидан ҳам амалга оширилади.


12. Табиий объектлари ва комплексларини муҳофаза этиш, такрор кўпайтириш, тиклаш ва улардан барқарор фойдаланишни ўрганиш бўйича мавзуларда илмий-тадқиқотлар олиб бориш учун МЭТҲда бўлиш, илмий ташкилотлар, ўқув муассасалари ва алоҳида мутахассислар билан шартнома асосида амалга оширилади.


13. МЭТҲнинг табиий объектлари ва комплексларини бошқа мавзуларда ўрганиш учун унда бўлиш ушбу Намунавий қоидаларда белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. МЭТҲда БЎЛИШ ТАРТИБИ


14. МЭТҲда бўлиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

олдиндан белгиланган йўналиш бўйлаб аниқланган жойларда (майдонларда) вақтинчалик жойлашиб ва дам олиб ёки бир йўла иккаласини ҳам амалга ошириш;

МЭТҲнинг белгиланган жойларида дам олиш мақсадида бўлиш;

МЭТҲда табиатдан фойдаланиш мақсадида бўлиш;

МЭТҲда экологик таълим ва тарбия олиш учун, шунингдек, маданий-эстетик эҳтиёжларини қондириш мақсадида бўлиш;

МЭТҲда табиий объектлар ва мажмуаларни кузатиш, илмий тадқиқотлар учун намуна ва бошқа материалларни йиғиш учун бўлиш.


15. МЭТҲда бўлиш гуруҳ бўлиб ташриф буюрувчилар томонидан амалга оширилади. Гуруҳ аъзолари орасидан унинг раҳбари аниқланади. Вояга етмаган шахслар МЭТҲда фақат катта ёшдагилар ҳамроҳлигида бўлишлари мумкин.


16. Ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлигини ва МЭТҲнинг табиий объектлари ва комплексларини сақлашни таъминлаш мақсадида МЭТҲ ваколатли ходимлари унда бўлишнинг амалдаги қоидалари билан таништиради ва тушунтириш беради.


17. МЭТҲга ташриф буюрувчилар, 7 ёшга тўлмаган шахслардан ташқари, шу жумладан тушунтириш берган ваколатли шахс махсус журналга имзо чекиши шарт.


18. МЭТҲнинг ваколатли ишчиси ташриф буюрувчиларни ҳудудда кино, видео, суратга олиш шартлари билан таништиришга, шу жумладан тасвирга олинган материалларнинг нусхаларини тақдим этиш шартларига риоя этиш ва кириш мумкин бўлмаган жойлар ҳақида огоҳлантиришга мажбур.

МЭҲТда кино, видео, суратга олиш у ердаги ҳайвонларни безовта қилмаслиги ва табиатдаги табиий жараёнларга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги керак.

Кино, видео, суратга олиш жараёнида ҳайвонларнинг уялари, бошқа яшириниш ёки бошпана жойларини бузиш ва кўчириш ҳамда уларнинг болаларини тақиб қилиш ва онасидан ажратиш тақиқланади.

Ҳайвонларни кўпайиш мавсумида уларнинг уялари, инлари, маконлари ва балиқларнинг увилдириқ сочадиган жойлари ҳамда ҳайвонларни қишки уйқуга кетадиган жойларининг яқинларида, қоида тариқасида, илмий ва маърифий мақсадларда кино-, видео-, фотосуратга олишга фақат МЭТҲ маъмурияти, юридик мақомга эга бўлмаган, тасарруфида МЭТҲ бўлган давлат органлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг рухсатномаси асосида рухсат этилади.

МЭТҲда кино, видео босма ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун тасвирга олиш у билан, шунингдек, тасарруфида юридик мақомга эга бўлмаган МЭТҲ бўлган юридик ва жисмоний шахслар билан шартнома асосида амалга оширилади.


19 . МЭТҲга ташриф буюрувчилар унда бўлиш қоидалари, йўналишлари ҳамда дам олиш жойлари (майдонлари), танланган йўналишнинг ва/ёки жой (майдони)нинг тавсифи билан танишиши керак ва қуйидагиларни ўзи учун аниқлаб олиши керак:

МЭТҲда бўлиш муддати;

аниқ йўналиш (лар), жой (лар) (майдон (лар));

зарур ресурслар ва уларнинг миқдори (ўтин ва бошқа турдаги ёқилғи, озиқ-овқатлар ва бошқалар);

зарур жиҳозлар ва уларнинг сони (палаткалар, кўрпа-тўшаклар, идиш ва бошқалар);

отлар, эшаклар, туялар ва бошқа турдаги зарур транспорт воситалари;

гид, йўлбошловчи-инструктор.


20. Ташриф буюрувчилар ўзлари билан керакли озиқ-овқат, овқат тайёрлаш учун керакли ускуналар, бошқа буюмларни олиб келиши ёки МЭТҲга киришда олиши (ижарага) мумкин.


21. Ташриф буюрувчиларнинг МЭТҲда ҳаракатланиш йўналишлари устунларда ёки бошқа барқарор объектларда рақамланади ва кўрсаткичлар билан белгиланади.

Вақтинчалик туриш ва дам олиш майдонлари устун кўринишидаги ёки бошқа барқарор объектларда жойида кўрсаткичлар билан белгиланади.

Ташриф буюрувчиларнинг ҳаракатланадиган ҳар бир йўналиши ва вақтинчалик туриш ҳамда дам олиш майдонлари уларни батафсил таснифловчи қўлланмалар ва чизмалар билан расмийлаштирилган бўлиши керак, улар ташриф буюрувчилар МЭТҲда бўлган даврида берилади. Ҳар бир қўлланмада тақиқлар ва/ёки чекловлар, шунингдек, табиий объектларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишнинг бошқа шартлари кўрсатилади.


22. МЭТҲга ташриф буюрувчилар аниқ йўналишларни ёки аниқ майдонларни танлашади.

МЭТҲда бўлишга чипта ушбу Намунавий қоидаларнинг иловасига мувофиқ барча гуруҳ қатнашчилари, ҳудудда бўлиш муддати, йўналишлар ва/ёки майдонлар рақамлари ва бошқа керакли маълумотлар кўрсатилган ҳолда гуруҳ раҳбари номига расмийлаштирилади.

МЭТҲда бўлиш чиптаси унга кириш жойида ёки ушбу Намунавий қоидаларнинг ва бошқа қонунчилик талабларини бажарган ҳолда электрон ҳужжат шаклида расмийлаштирилиши мумкин. Агар узоқда жойлашган МЭТҲда алоқа воситалари йўқ бўлса, МЭТҲда бўлиш чиптасини электрон алоқа воситалари орқали сотган шахс МЭТҲга ташриф буюрувчилар рўйхати, йўналишлар ва у ерда бўлиш муддатлари ҳамда бошқа керакли маълумотларни кўрсатган ҳолда МЭТҲга олдиндан (унга кириш кунидан олдин) етказиши шарт.

МЭТҲда бўлишга чипталар экотуризм билан шуғулланувчи туристик фирмалар орқали ҳам расмийлаштирилиши мумкин.


23.Ташриф буюрувчилар чиптада кўрсатилган вақтда МЭТҲга кириши, ва уни чиптада кўрсатилган вақтдан кечикмай тарк этиши керак.

МЭТҲда ушланиб қолиш зарурати бўлган тақдирда ташриф буюрувчилар олдиндан, агар имкони бўлмаган тақдирда, имкони бўлиши биланоқ МЭТҲ маъмуриятини, юридик мақомга эга бўлмаган тасарруфида МЭТҲ бўлган давлат органи, юридик ва жисмоний шахсларни уларнинг вакиллари орқали огоҳлантиришлари керак.

Агар МЭТҲда бўлиш пулли бўлса, ташриф буюрувчи кечиккан вақти учун мутаносиб равишда белгиланган суммани тўлаши шарт.


24. Белгиланган йўналишни отлар, эшаклар, туялар ёки уларнинг комбинацияси усулида босиб ўтиладиган бўлса ташриф буюрувчи уларда юриш қоидаларига ва малакасига эга бўлиши ҳамда юриш синовидан ўтиши керак. Агар ташриф буюрувчи уларда юриш қоидаларига ва малакасига эга бўлмаса, у ҳолда ташриф буюрувчи МЭТҲда бўлиш шартларини алмаштириши керак.


25. Ички ёнув двигателли транспорт воситаларидан фақат МЭТҲдан ўтадиган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида фойдаланиш мумкин.

МЭТҲда бўлиш вақтида ташриф буюрувчиларнинг шахсий автомототранспорти, шунингдек транспорт ташкилотларининг одам ташувчи автотранспортлари хизматидан фойдаланилганда уларни МЭТҲнинг автоуловлар тўхташ жойида сақлаши лозим. Бунда МЭТҲдаги автотранспортлар тўхташ жойини сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳудудида жойлаштирмаслик керак.

МЭТҲга ташриф буюрувчилар белгиланган дам олиш жойига (майдонга) ёки йўналишнинг бошланиш жойига пиёда ёхуд ички ёнув двигатели автомототранспортдан ташқари транспортда етиб боришлари мумкин.


26. Муҳофаза этиладиган табиий объектлар ва комплексларни сақлаш, муҳофаза қилиш, такрор кўпайтириш, шунингдек, табиий офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятларда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида МЭТҲга ёки уларнинг айрим участкаларига кириш доимий ёки вақтинчалик тақиқланиши, тўхтатиб қўйилиши ёхуд чекланиши мумкин.

Агар қонунчиликка мувофиқ МЭТҲ ёки унинг бир қисми туристлар ташриф буюриши тақиқланган ҳудудда жойлашган бўлса, у ерга кириш тақиқланади.


27. Ташриф буюрувчилар МЭТҲда фақат белгиланган муддатларда бўлиши мумкин. Сутканинг белгиланган соатларида ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлигини ва/ёки МЭТҲнинг табиий объектлари ва комплексларини муҳофаза қилишни таъминлаш мақсадида чекловлар ўрнатилиши мумкин.


28. МЭТҲга киришга тақиқлар, чекловлар ва тўхтатишлар фуқароларга зудлик билан МЭТҲнинг, тасарруфида МЭТҲ бўлган давлат органлари, юридик ва жисмоний шахсларининг интернет порталлари (сайтлари)да, оммавий ахборот воситаларида ва МЭТҲнинг кириш йўлагидаги маълумотлар тахтасида тегишли маълумотларни жойлаштириш йўли билан етказилади.

МЭТҲда бўлишга олдиндан ҳудудга кириш учун чипта расмийлаштирган шахслар тақиқлар, чекловлар ва тўхтатишлар ҳақида сабаблари кўрсатилган ҳолда зудлик билан огоҳлантирилиши шарт. Бунда бўлғуси ташриф буюрувчиларнинг ҳар бири билан музокаралар юритилади ва айни бир вақтда ташриф муддатларини кўчириш масаласи ҳал этилади. Агар ташриф буюрувчи ташрифни кечиктиришдан бош тортса, билет сотиб олишга тўланган пул қайтариб берилади.

МЭТҲда бўлишга тақиқлар, чекловлар ва тўхтатишлар ташриф буюрувчига чипта расмийлаштиришидан олдин маълум қилинади ва бу чиптада акс эттирилади.


29. Йўналишда ёки жойда (майдонда) қуйидагилар тақиқланади:

ўзлари билан қурол, ит, ёввойи ҳайвонларни овлашга мўлжалланган аслаҳалар олиб кириш, агар йўналиш МЭТҲ режимига мувофиқ тарзда балиқ овлаш жойларидан ўтса - қармоқ бундан мустасно;

ёввойи ҳайвонларга овқат бериш, шунингдек, ҳайвонларни тутиш (овлаш), уялар, инлар, маконларни бузиш;

дарахт ва буталарни кесиш ҳамда уларга зарар етказиш, гуллар, қўзиқоринлар, мевалар, шифобахш ва техник ўсимликларни териш;

рухсат этилмаган жойларда чайлалар қуриш ва палаткалар ўрнатиш, олов ёқиш;

тоғ жинсларига, тошларга, юмалоқ катта тошларга, дарахтларга ёзувлар ёзиш;

табиий объектларнинг ташқи кўринишини бузиш;

сув объектлари, йўналишлар ва майдонларни ифлослантириш ва булғаш;

рухсат этилмаган жойларда чекиш;

йўналишдан чиқиш, шунингдек, ўзбошимчалик билан йўналишни ўзгартириш ёки дам олиш жойи (майдони)ни ўзгартириш.


30. Овқат тайёрлаш ва бошқа мақсадларда ўчоқларда, каминларда ўтин ҳамда гулхан ёқишга МЭТҲ маъмурияти ёки тасарруфида юридик мақомга эга бўлмаган МЭТҲ бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан белгиланган жойларда рухсат этилади.

Тайёр ўтин ёки муқобил турдаги ёнилғи билан таъминлаш қўшимча пулли хизмат эвазига амалга оширилади.


31. МЭТҲга ташриф буюрувчилар қуйидагиларга мажбур:

муҳофаза этиладиган табиий объект ва комплексларга зарар етказмаслик;

ташриф буюриш вақтига риоя қилиш;

кўрсатилган йўналиш ёки дам олиш жой (майдон)ида бўлиш;

йўналиш ва/ёки дам олиш жойи (майдони)нинг тавсифида кўрсатилган МЭТҲнинг режими ва тақиқларига риоя қилиш;

ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш;

йўналиш бўйлаб ўтаётганда ва дам олиш жойи (майдони)да бўлганида гид, йўлбошчи-инструкторнинг кўрсатмаларига амал қилиш;

олинган жиҳозлар ва аслаҳа-анжомлардан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш, йўқотиб қўйилган ёки ишдан чиқарилган тақдирда етказилган зарар қийматини қоплаш;

МЭТҲда бўлган вақтида ҳосил бўлган ахлатларни йиғиш ва ахлат йиғиш учун мўлжалланган жойга жойлаш;

ушбу Намунавий қоидаларга ва МЭТҲдаги табиий объектлар ва комплексларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга сўзсиз амал қилиш.

Гуруҳ раҳбари МЭТҲга ташриф буюрувчиларнинг хулқ-атворини кузатиб боришга ҳам мажбур.



3-БОБ. МЭҲТ ИНФРАТУЗИЛМАСИ ВА

ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА ТАЛАБЛАР


32. МЭТҲ маъмурияти ва тасарруфида юридик мақомга эга бўлмаган МЭТҲ бўлган юридик ва жисмоний шахслар МЭТҲга кириш жойида ташриф буюрувчилар учун маълумот тахталарини жойлаштиради.

Маълумот тахтасида МЭТҲнинг барча туристик йўналишлари, рекреация жойлари, МЭТҲ ёки тегишли давлат органининг ходими бўлмаган ишчиларга мазкур жойларга кириш тақиқланганлиги тўғрисидаги батафсил маълумотлар, давлат ташкилотлари, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари, юридик ва жисмоний шахслар тасарруфида бўлган МЭТҲ телефон рақамлари жойлаштирилади.

Мазкур ҳудудда заҳарли ҳайвон ёки ўсимликлар мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг тасвирлари ва биринчи тиббий тез ёрдам кўрсатиш усуллари тўғрисида маълумотлар бўлиши ҳамда тегишли огоҳлантиришлар амалга оширилиши керак.

Мазкур маълумотлар йўналишлар схемалари, айниқса йўналиш ва дам олиш зоналарининг хушманзара жойлари, ҳайвонлари, ўсимликлари ва бошқа объектлар суратлари билан бойитилади.


33. Ҳар бир йўналишда унинг узунлиги, мураккаблиги, босиб ўтишга кетадиган ўртача вақт, йўналишни кўрсатувчи асосий белгилар, гуруҳдаги максимал ташриф буюрувчилар сони, тўхташ жойлари, йўналиш участкаларида жойлашган муҳофаза этиладиган объектлар ва комплекслар, улардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш режимлари кўрсатилган бўлиши керак.

Ҳар бир йўналиш бўйича уч қисмдан иборат йўл кўрсаткич ишлаб чиқилади:

а) йўналиш схемаси (йўналиш участка ҳудудларидан ўтишга кетадиган вақт, дам олиш ва таом тайёрлаш жойлари ва бошқа ободонлаштириш атрибутлари кўрсатилган харита/схемада йўналишга тегишли жойларнинг тасвири);

б) йўналишда дуч келиши мумкин бўлган табиий тўсиқлар, жилғалар, дарахтлар ва буталар ҳамда йўл-йўлакай учрайдиган ҳайвон турлари кўрсатилади;

в) мазкур йўналишдаги табиий манзарали жойлар ва уларнинг хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, рекреация зоналари режими ва уларнинг жойлашуви кўрсатилади, агар улар МЭТҲда мавжуд бўлса.


34. МЭТҲда табиатдан фойдаланишга рухсат этилиши мумкинлиги, уларнинг турлари, муддатлари, жойлари ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши керак.

Агар табиатдан умумий фойдаланишга рухсат берилса, бундай ҳолатда қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш ҳажмлари кўрсатилади.


35. Ташриф буюрувчиларга батафсилроқ маълумот бериш мақсадида йўл кўрсаткичлар, проспектлар ва буклетлар нашр этилиши, уларда МЭТҲ тўғрисида умумий маълумот, экологик йўналишлар ва рекреация зоналари ҳамда ташриф буюрувчиларнинг ҳудудда ўзини тутиш қоидалари акс эттирилади.


36. МЭТҲ маъмурияти, тасарруфида юридик мақомга эга бўлмаган МЭТҲ бўлган юридик ва жисмоний шахслар муҳофаза этиладиган табиий объектлар ва комплексларни, шу жумладан қуйидаги йўллар билан максимал даражада сақлашга мажбур:

махсус жиҳозланган йўналишлар ташкил қилиш;

йўналишларни кўринарли жойларга ўрнатилган зарур ахборотларга эга бўлган ахборот стендлари билан жиҳозлаш;

МЭТҲ айрим участкаларига ташриф буюришни чекловчи (шу жумладан мавсумий) ва ташриф буюрувчилар учун ҳудудда ўзини тутиш қоидаларини белгилаш;

рухсат этилиши мумкин бўлган ташриф буюриш меъёрларини ўрнатиш;

МЭТҲнинг табиий объектлари ва комплекслари ташқи муҳитга етарли бардош берадиган жойларни рекреация зоналарига ажратиш;

йўналишларда табиий ландшафтларга зарар етказмаган ҳолда, имкон даражасида маҳаллий хомашёлардан қулайликлар яратиш учун инфратузилма элементларини (ўриндиқлар, шийпонлар, тўсиқлар ва бошқаларни) тайёрлаш;

ташриф буюриладиган ҳудуднинг доимий мониторинги ва назоратини таъминлаш.


37. МЭТҲнинг бошқарув режасига йўналишларни ташкил этиш ва улардан фойдаланиш киритилиши керак.


38. Йўналишни танлашда ландшафтлар тури ва рухсат этилган рекреация юкламаси ҳисобга олинади.


39. Йўналишларни ташкил этишда қуйидаги талабларга риоя этилиши керак:

а) йўналиш ноёб турдаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ўсиш ва яшаш муҳитини айланиб ўтиши, заиф табиий объектлар ва комплексларга тегмаслиги, шунингдек дарахт ва буталар кесилаётган, ов ва бошқа турдаги табиатдан махсус фойдаланишни амалга ошириш жойларидан хавфсиз масофада жойлашиши зарур;

б) йўналиш бир ноёб объектдан бошқасига ўтиши, шу билан бирга, барча биологик ва ландшафт хилма-хиллигини, шу жумладан антропоген омилларга учраган участкаларни ҳам қамраб олиши зарур;

в) йўналиш ишлаб чиқилаётган вақтда у ўтадиган трассага аниқлик киритилади, шунингдек, жиҳозланган (шийпонлар, уйчалар, умумий овқатланиш, дам олиш ва гигиеник жойлар) ҳамда жиҳозланмаган тўхташ жойлари белгиланади;

г) агар табиат боғлари, комплекс (ландшафт) буюртмахоналар ва давлат биосфера резерватларида Табиат музейи ташкил этилган бўлса, у ҳолда йўналишда пулли асосда унга ташриф буюриш кўзда тутилади.


40. Фуқароларнинг қисқа муддатли дам олиш жойларида енгил типдаги (палаткалар, шийпонлар, кўчма овқатланиш блоклари ва бошқа) иншоотлар ўрнатишга йўл қўйилади.


41. Узоқ муддатли дам олиш жойларида дам олувчилар учун бино ва иншоотлар, шунингдек, хизмат кўрсатиш объектлари (ошхона, ўйин майдонлари ва бошқалар) жойлаштирилади.


42. Йўналишларда ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида зарур қулайликлар яратиш ишлари олиб борилиши керак.

Сўқмоқ йўл баланд тик жардан хавфсиз масофада ўтказилиши ва унинг оптимал кенглиги 2 метрдан кўп бўлмаслиги лозим. Йўналишдаги йиқилган дарахтлар олиб ташланиши ва талаб қилинган жойларда кўприкчалар ўрнатилиши керак. Сўқмоқ тик қияликлардан (450 ва ундан кўп) ўтганда у ерда зиналар ўйилади ва суянчиқ тўсиқлар ўрнатилади. Сўқмоқ буталар ва йирик ўтлардан тозаланади. Қисқа дам олиш жойларида табиатнинг ландшафтлари, муҳофаза этиладиган объектлари ва комплексларини томоша қилиш учун кузатув пунктлари (енгил шийпон, скамейкалар ва ўтириб расмга оладиган жойлар) ўрнатилади.

МЭТҲда йўналишларни ишлаб чиқишда жойнинг табиий иқлим шароити хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда унинг мураккаблиги аниқланиши керак.


43. МЭТҲ маъмурияти, тасарруфида юридик мақомга эга бўлмаган МЭТҲ бўлган юридик ва жисмоний шахслар МЭТҲда жиҳозланган ахлатларни йиғиш жойларини ташкил қилиши шарт.

Йўналишдаги дам олиш майдонларида ҳожатхоналар мавжуд бўлиши керак.


44. Йўналиш бўйича гулхан ёқиш фақат йўналиш дастурида олдиндан белгиланган бўлса ва фақат махсус ажратилган жойда, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинган ҳолда рухсат этилади.

Тўхташ жойлари, кемпинглар зарур асбоб-анжомлар (ўт ўчириш мосламалари ва огоҳлантириш тахталари ) билан жиҳозланган бўлиши керак.


45. МЭТҲ маъмурияти, тасарруфида юридик мақомга эга бўлмаган МЭТҲ бўлган юридик ва жисмоний шахслар ҳудудда турғун тиббий ёрдам кўрсатиш пункти бўлишини таъминлаши шарт. Ушбу пунктда фуқароларга биринчи тиббий ва врач кўригигача бўлган ёрдамни бериш учун барча керакли жиҳозлар, дори-дармонлар захираси, боғлаш материаллари ва бошқа тиббий воситалар бўлиши, штатдаги тиббиёт ходими (энг камида фельдшер), шунингдек йўналишда жароҳат олган шахсни дарҳол тиббий пунктга етказиш ва зарур ҳолларда уни тиббиёт муассасасига эвакуация қилиш учун транспорт воситаси бўлиши керак.


46. Ташриф буюрувчилар гуруҳи МЭТҲда бўлган вақтда жароҳат олган шахсларга биринчи врач кўригигача ёрдам кўрсатиш учун МЭТҲ маъмурияти, тасарруфида юридик мақомга эга бўлмаган МЭТҲ бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг ваколатли вакилидан барча керакли воситалар билан тўлдирилган тиббий аптечкани мажбурий тарзда олиши шарт. МЭТҲга ташриф тугагандан кейин ташриф буюрувчилар тиббий аптечкани олинган ҳолатидагидек қайтариб беришга мажбур.

Тиббий аптечка, дори-дармонлар ва бошқа воситалар йўқотиб қўйилганда, ташриф буюрувчилар уларнинг нархларини қоплашга мажбур.

Ташриф буюрувчилар гуруҳи ўзларининг тиббий аптечкасига ҳам эга бўлиши мумкин.


47. МЭТҲда бўлиш экскурсияни олиб борувчи (гид ёки йўлбошчи-инструктор) ҳамроҳлигида амалга оширилади. Экскурсияни олиб борувчи ташрифчи жароҳат олганда, заҳарли ҳашоратлар, илонлар чаққанда ва инсон ҳаёти ҳамда соғлиғига хавф туғдирувчи бошқа фавқулодда вазиятларда биринчи тез тиббий ёрдам бериш усулларига эга бўлиши керак.


48. Экскурсияни олиб борувчи (гид ёки йўлбошчи-инструктор) вазифасини МЭТҲ вакили ёки тасарруфида юридик мақомга эга бўлмаган МЭТҲ бўлган юридик шахс томонидан шартнома асосида жалб қилинган шахс, шунингдек, тасарруфида юридик мақомга эга бўлмаган МЭТҲ бўлган жисмоний шахслар бажариши мумкин. Хорижий туристларга хизмат кўрсатишга экскурсияни олиб борувчилар ёки таржимонлар жалб этилиши мумкин.

Гидлар (экскурсияни олиб борувчилар), йўлбошчи-инструкторлар хизматлари жисмоний шахслар ёки юридик шахсларнинг хизматчилари томонидан фақат Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси берадиган малака сертификати олингандан сўнг амалга оширилиши мумкин.


49. Фавқулодда ҳолатлар учун МЭТҲда огоҳлантириш тизими ва фавқулодда вазиятлар хизмати билан боғланиш учун алоқа воситалари ўрнатилиши кўзда тутилади. Ташрифчиларга ҳудудда бўлганида бериладиган эслатмада уларнинг ушбу ҳолатларда ҳаракатланиш тартиби, МЭТҲ бўйича навбатчининг телефон рақами кўрсатилган бўлади.

МЭТҲда уяли алоқа ёки бошқа алоқа воситалари ишламаётган ҳолатларда, ташрифчи тегишли чоралар кўриш учун бахтсизлик/фавқулодда вазият ҳақидаги хабарни етказиши мумкин бўлган жой танланади ва унга бориш йўлни кўрсатувчи белгилар билан таъминланади.

Агар МЭТҲда белгилар билан огоҳлантириш тизими мавжуд бўлса (рангли ва овозли сигналлар, пиротехник машъалалар (факеллар), оддий тутун) бундай ҳолатда МЭТҲ вакили шундай белгилар берилиши тўғрисида ташриф буюрувчиларга тушунтириш беради.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


50. МЭТҲда бўлиш билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.


51. Ушбу Намунавий қоидаларни ҳамда МЭТҲ режимини бузган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

МЭТҲнинг муҳофаза этиладиган табиий объектлари, комплекслари ва мулкига зарар етказилса, етказилган зарар қонунчиликда белгиланган тартибда ундирилади.






Намунавий қоидаларга

ИЛОВА



МЭТҲда бўлишнинг

20__ йил _________ даги ___-сон

ЧИПТАСИ

       

        



муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд номи


               

Ташриф буюрувчиларнинг

фамилияси, исми, отасининг исми


Фуқаролиги


Туғилган санаси,

паспорт рақами

ва серияси


Гуруҳ раҳбари




2-ташриф буюрувчи




3-ташриф буюрувчи




4-ташриф буюрувчи




5-ташриф буюрувчи




6-ташриф буюрувчи




7-ташриф буюрувчи




8-ташриф буюрувчи




9-ташриф буюрувчи




10-ташриф буюрувчи




Йўналишлар


Майдонлар




Кириш жойи


Чиқиш жойи


Кириш санаси ва вақти


Чиқиш санаси ва вақти


Йўналишда, майдонда фойдаланишга рухсат этилган


Олинган жиҳозлар, анжомлар

ва бошқа буюмлар


Сони


Қайтарилган жиҳозлар,

анжомлар ва бошқа буюмлар


Сони








Мен ва гуруҳ аъзолари ушбу бланкадаги барча талаблар ва ташриф буюриш қоидаларига розимиз.

Гуруҳ раҳбари_________________________________________________ ______________________


Имзо


сана

Мен гуруҳга барча зарур ёрдамлар беришни зиммамга оламан,

Гид / инструктор, йўлбошчи-инструктор _________________________ _______________________

                                                                                        Фамилияси, исми, отасининг исми


Имзо


сана

Изоҳлар


Йўналишда ёки жойда (майдонда) қуйидагилар тақиқланади:

ўзлари билан қурол, ит, ёввойи ҳайвонларни овлашга мўлжалланган аслаҳалар олиб кириш, қармоқ бундан мустасно - агар йўналиш МЭТҲ режимига мувофиқ тарзда балиқ овлаш жойларидан ўтса;

ёввойи ҳайвонларга овқат бериш ҳамда ҳайвонларни тутиш (овлаш), уялар, инлар, маконлар (ёввойи ҳайвонларнинг ер остидаги яшаш жойлари)ни бузиш;

дарахт ва буталарни кесиш ҳамда уларга зарар етказиш, гуллар, қўзиқоринлар, мевалар, шифобахш, техник ўсимликларни териш;

рухсат этилмаган жойларда чайлалар қуриш ва палаткалар ўрнатиш, олов ёқиш;

тоғ жинсларига, тошларга, юмалоқ катта тошларга, дарахтларга ёзувлар ёзиш;

табиий объектларнинг ташқи кўринишини бузиш;

сув объектларини, йўналишларни ва майдонларни ифлослантириш ва булғаш;

белгиланмаган жойларда чекиш;

йўналишдан чиқиш, шу билан бирга, ўзбошимчалик билан йўналишни ёки дам олиш жойини (майдонини) ўзгартириш.

________________________________________________________________________________

_________________________________________________________________________________

_________________________________________________________________________________

_________________________________________________________________________________

_________________________________________________________________________________

_________________________________________________________________________________

_________________________________________________________________________________

_________________________________________________________________________________

           

Йўналишда ёки жойда (майдонда) қуйидагилар чекланади:

________________________________________________________________________________

_________________________________________________________________________________

_________________________________________________________________________________

_________________________________________________________________________________

_________________________________________________________________________________

_________________________________________________________________________________

_________________________________________________________________________________

_________________________________________________________________________________


Ташриф буюрувчилар қуйидагиларга мажбур:

муҳофаза этиладиган табиий объект ва комплексларга зарар етказмаслик;

ташриф буюриш вақтига риоя қилиш;

кўрсатилган йўналиш ёки дам олиш жой (майдон)ида бўлиш;

йўналиш ва/ёки дам олиш жойи (майдони)нинг тавсифида кўрсатилган МЭТҲнинг режими ва тақиқларга риоя қилиш;

ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш;

йўналиш бўйлаб ўтаётганда ва дам олиш жойида (майдонда) бўлганида гиднинг, йўлбошчи-инструкторнинг кўрсатмаларига амал қилиш;

олинган жиҳозлардан, аслаҳа-анжомлардан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш, йўқотиб қўйган ёки ишдан чиқарган тақдирда етказилган зарар қийматини қоплаш;

МЭТҲда бўлган вақтда ҳосил бўлган ахлатни йиғиш ва ахлат йиғиш учун мўлжалланган жойга жойлаш;

ушбу Намунавий қоидаларга ва МЭТҲдаги табиий объектлар ва комплексларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талабларга сўзсиз амал қилиш.

Ташриф буюриш қоидалари, МЭТҲ режими бузилса ташриф буюрувчилар маъмурий жавобгарликка тортиладилар, МЭТҲнинг муҳофаза этиладиган табиий объектлари ва комплекслари ҳамда мулкига зарар етказилган тақдирда ёки улар йўқотиб қўйилганда қонунчиликда белгиланган тартибда келтирилган зарар ундирилади.

Гуруҳ раҳбари МЭТҲга ташриф буюрувчиларнинг хулқ-атворини кузатиб боришга ҳам мажбур.


   

  

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 9 январь





































Время: 0.0059
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск