ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ёқилғи-энергетика комплекси / Электр энергетикаси. Иссиқлик энергетикаси /

Табиий газдан фойдаланиш Қоидалари (ЎзР ВМ 12.01.2018 й. 22-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 12 январдаги

22-сон қарорига

2-ИЛОВА



Табиий газдан фойдаланиш

ҚОИДАЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, "Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида", "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида", "Табиий монополиялар тўғрисида", "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ табиий газни етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.


2. Ушбу Қоидалар табиий газ ишлаб чиқарувчилар, газ транспорти ва газ таъминоти ташкилотлари, истеъмолчилар, қурилиш-монтаж, лойиҳалаш, ишга тушириш-созлаш ташкилотлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда Бюро деб аталади) томонидан бажариш учун мажбурий ҳисобланади.



2-БОБ. АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР


3. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


авария ҳолатларида газ етказиб бериш жадваллари - авария ҳолатларида ёки магистрал ва тақсимлаш газ қувурларининг технологик иш режими бузилган ҳолатларда, истеъмолчиларни газ тармоқларидан (қисман ёки тўлиқ) узиб қўйиш навбатини ҳисобга олган ҳолда, уларга табиий газ етказиб бериш жадваллари;


хатлов далолатномаси - газ таъминоти ташкилоти ёки Бюро вакили томонидан истеъмолчи иштирокида истеъмолчининг табиий газ истеъмоли ҳажмини аниқлашга таъсир кўрсатадиган барча маълумотлари (номланиши, манзили ва реквизитлари, газни ҳисобга олиш прибори ва газдан фойдаланиш ускунасининг техник тавсифлари, газ хўжалигининг лойиҳа маълумотлари, расмийлаштириш санасидаги ҳисоб-китоблар ҳолати, ваколатли органлар томонидан табиий газдан оқилона фойдаланиш бўйича берилган хулосаларнинг мавжудлиги, шунингдек, маиший истеъмолчилар учун яшовчилар, ҳайвонлар сони ва иситиладиган бинолар ҳажми) акс эттирилган ҳолда тузилган ҳужжат;

маиший истеъмолчилар - маиший эҳтиёж (овқат тайёрлаш, иссиқ сув ва иситиш) учун табиий газдан фойдаланувчи аҳоли;


табиий газ - газни қайта ишлаш ташкилотлари ишлаб чиқарадиган, газ узатиш ташкилотлари томонидан ташиладиган газ, шунингдек нефтни қайта ишлаш ташкилотлари томонидан ишлаб чиқиладиган ва ёқилғи ёки хомашё сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган ёқилғи гази;


газдан фойдаланиш ускунаси - энергия самарадорлиги ва энергияни тежаш талабларига жавоб берадиган, марказлаштирилган иситиш ва иссиқ сув таъминоти учун иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш учун, турли ишлаб чиқаришларнинг технологик жараёнларида табиий газдан ёқилғи сифатида фойдаланадиган қозонлар, ишлаб чиқариш печлари, утилизаторлар, технологик линиялар ҳамда газдан хомашё сифатида фойдаланадиган бошқа қурилмалар, шунингдек, кўп хонадонли ва турар жой биноларида ўрнатилган ва газдан шахсий, оилавий, уй-жой, хўжалик ва бошқа эҳтиёжлар учун ёқилғи сифатида фойдаланадиган бошқа ускуналар;


газ узатиш ташкилоти - табиий газни қабул қилувчи, узатувчи, газ таъминоти ташкилотлари ва истеъмолчиларга магистрал газ қувурлари орқали етказиб берувчи ташкилот;


газ ташкилоти - табиий газни қабул қилиш, тақсимлаш ва истеъмолчиларга шартнома асосида етказиб беришни таъминловчи ташкилот;


аралашиш ҳолати ва санасини тасдиқлайдиган ҳужжатлар - ҳисобга олиш прибори ёки ўлчов комплексининг ишига аралашиш ҳолати ва санасини аниқлаш имконини берадиган маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар ёки материаллар;

табиий газ ишлаб чиқарувчилар - табиий газни қабул қилиш, қайта ишлаш, ишлаб чиқариш ва етказиб беришни таъминлаш ташкилотлари, шунингдек, нефть ва (ёки) газ конденсатини қабул қилиш ва қайта ишлаш, табиий газни ишлаб чиқариш ва етказиб беришни таъминловчи нефтни қайта ишлаш ташкилотлари;


газ тармоғининг бўлиниш чегараси - газ узатиш ташкилоти, газ таъминоти ташкилоти ва истеъмолчилар ўртасида газ тармоғининг табиий газни истеъмол қилишни ҳисобга олиш приборлари ўрнатилиши лозим бўлган ва тегишлилиги бўйича аниқланадиган бўлиниш нуқтаси. Бунда, агар табиий газни истеъмол қилишни ҳисобга олиш прибори истеъмолчига тегишли бўлса, ташқи (узиб қўядиган) кран, агар табиий газни истеъмол қилишни ҳисобга олиш прибори газ таъминоти (газ узатувчи) ташкилотга тегишли бўлса - табиий газни истеъмол қилишни ҳисобга олиш прибори газ тармоғининг бўлиниш чегараси ҳисобланади;


табиий газни етказиб бериш шартномаси - газ таъминоти (газ узатувчи) ташкилотига табиий газни истеъмолчига ўзининг газ тармоқлари орқали узатиш, истеъмолчига эса қабул қилинган табиий газ учун тўловни амалга ошириш мажбуриятини юклайдиган битим;


коммунал ва маиший истеъмолчилар - умумий ҳисоб қуввати 100 кВт бўлган газдан фойдаланиш ускуналарида маиший мақсадларда (овқат тайёрлаш, иссиқ сув таъминоти ва иситиш) газдан фойдаланувчи ва юридик шахс мақомини ташкил қилмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар;


кўрсаткичларни назорат учун олиш - Бюронинг масъул вакили томонидан табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборининг кўрсатгичларини олиш ва ўрнатилган тамғалар бутунлигини кўздан кечириш;


ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи истеъмолчилар - газдан ёқилғи ёки хомашё сифатида, шунингдек, умумий ҳисоб қуввати 100 кВт юқори бўлган газдан фойдаланиш ускуналарида маиший эҳтиёжларда (овқат тайёрлаш, иссиқ сув таъминоти ва иситиш) фойдаланувчи, юридик шахсни ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар.


ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмолчилар - табиий газ етказиб бериш шартлари ва рўйхати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан аниқланадиган ижтимоий соҳа муассасалари ва бюджет ташкилотлари;


стратегик аҳамиятга эга бўлган истеъмолчилар - узлуксиз фаолият кўрсатувчи ишлаб чиқариш-технологик объектларга эга бўлган ҳамда табиий газ етказиб бериш шартлари ва рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган истеъмолчилар;


табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари - бир ёки бир нечта функцияларни: табиий газ сарфини (ҳажмини), ҳароратини ва босимини ўлчаш, приборларнинг ишлаш вақтини ҳисобга олиш; ўлчов кўрсаткичлари тўғрисидаги ахборотларни тўплаш, сақлаш ва акс эттиришни бажариш учун мўлжалланган ўлчов техника воситалари;


ишга тушириш-созлаш ишлари - коммуникациялар ва арматураларга эга газдан фойдаланиш ускунасини ишлашга тайёрлаш ва ишга тушириш, газдан фойдаланиш ускунаси юкламасини газдан фойдаланиш ускуналари эгаси бўлган ташкилот билан келишилган даражагача етказиш, шунингдек фойдали иш коэффициентини мақбуллаштирмасдан газдан фойдаланиш ускунасининг иситиш режимини созлашдан иборат бўлган ишлар комплекси;


ҳисоб-китоб даври - табиий газ истеъмолининг сарфи (ҳажми) аниқланиши, истеъмол қилинган табиий газ учун истеъмолчи ва газ таъминоти ташкилоти ўртасида ўзаро ҳисоб-китоб амалга оширилиши зарур бўлган вақт даври (ой);

заҳира ёқилғи - табиий газ етказиб бериш қисқарадиган ёки тўхтайдиган даврда фойдаланиш учун мўлжалланган ёқилғи;


заҳира ёқилғи хўжалиги - заҳира ёқилғисини сақлаш, узатиш ва ундан фойдаланиш учун мўлжалланган ускуналар ва қурилмалар комплекси;


режим-созлаш ишлари - иш юкламалари диапазонида лойиҳадаги (паспортдаги) фойдали иш коэффициентига эришиш мақсадида газдан фойдаланиш ускуналарини созлаш, ёқилғи ёқиш жараёнларини тартибга солиш воситаларини, иссиқликни утилизация қилувчи ва ёрдамчи ускуналарни созлашни ўз ичига оладиган ишлар комплекси;


мавсумий истеъмолчилар - уланиш учун белгиланган техник шартларга мувофиқ табиий газдан асосий ёқилғи сифатида маълум бир давр мобайнида фойдаланувчи истеъмолчилар;


газлаштириш техник шартлари - шартларига риоя этиш истеъмолчининг газдан фойдаланиш ускунасини газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти газ тармоқларига улашнинг техник имкониятини яратадиган ва газлаштириш лойиҳасини (лойиҳа-техник ҳужжатларни) ишлаб чиқиш учун асос ҳисобланадиган дастлабки ҳужжат.



3-БОБ. ТАБИИЙ ГАЗГА БЎЛГАН

ЙИЛЛИК ЭҲТИЁЖНИ АНИҚЛАШ


4. Истеъмолчи (маиший истеъмолчилардан ташқари), шу жумладан оилавий корхоналар ҳар йили 15 июлгача бўлган муддатда газ таъминоти ташкилотига чораклар бўйича (қиш даври учун - ойлар бўйича) тақсимланадиган келгуси йилги табиий газ истеъмолининг прогноз қилинаётган ҳажми учун буюртма беради.


5. "Ўзбекнефтгаз" АЖ ҳар йили 1 августгача бўлган муддатда келгуси йил учун табиий газни қазиб олиш, қайта ишлаш, "Ўзстрансгаз" АЖ магистрал газ кувурларигача етказиб беришда ўзининг газга бўлган эҳтиёжлари ва технологик йўқотишларни аниқлайди.

6. Келгуси йилда табиий газга бўлган эҳтиёж ишлаб чиқариладиган маҳсулот (ишлар, хизматлар) бирлиги учун техник ва илмий асосланган нормаларга кўра маҳсулот ишлаб чиқаришнинг прогноз қилинаётган ҳажмларини ҳисобга олган ҳолда, табиий газнинг икки йиллик (ҳар чораклик) амалдаги сарфи ва маҳсулот ишлаб чиқариш асосида истеъмолчи томонидан тегишли ҳисоб-китоблар билан асосланган бўлиши керак.

Маиший истеъмолчилар ва коммунал хўжалик истеъмолчиларнинг келгуси йилда табиий газга бўлган эҳтиёжи табиий газни белгиланган истеъмол қилиш меъёрлари ва (ёки) икки йиллик (ҳар чораклик) амалдаги сарфи асосида газ таъминоти ташкилотлари томонидан аниқланади.


7. Газ таъминоти ташкилотлари ҳар йили 1 сентябргача табиий газга бўлган эҳтиёжни чоракларга (қиш даври учун - ойлар бўйича) тақсимлаган ҳолда (келгуси йилда янгидан ишга тушириладиган объектлар учун заҳира ҳажмларини назарда тутган ҳолда), келгуси йил учун газ эҳтиёжи прогнозини шакллантиради ҳамда умумлаштириш ва кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига тақдим этиш учун "Ҳудудгазтаъминот" АЖга юборади.

8. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тақдим этилган буюртмалар асосида ресурс ва газ узатиш имкониятлари, шунингдек, ички тармоқ эҳтиёжи ва табиий газ экспорти ҳажмларини ҳисобга олиб, табиий газга бўлган эҳтиёжни чораклар бўйича (қиш даври учун - ойлар бўйича) тақсимлаган ҳолда, республика бўйича келгуси йил учун табиий газ ресурсларининг ва газни тақсимлаш балансини тузади ҳамда ушбу балансни келгуси йил республика бўйича табиий газ ресурслари ва газни тақсимлаш баланси лойиҳасини тайёрлаш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига 15 сентябргача тақдим этади.

9. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги келгуси йил учун республика бўйича табиий газ ресурсларининг ва газни тақсимлашнинг тасдиқланган балансига мувофиқ ҳар йили 1 декабрга қадар "Ўзбекнефтгаз" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖга истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришнинг йиллик ва чораклик (қиш даври учун - ойлар бўйича) ҳажмларини тақдим этади. "Ҳудудгазтаъминот" АЖ истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришнинг йиллик ва чораклик (қиш даври учун - ойлар бўйича) ҳажмларини газ таъминоти ташкилотларига юборади.

Газ таъминоти ташкилотлари истеъмолчилар (маиший истеъмолчилардан ташқари) буюртмаларини табиий газ ресурсларининг ва газни тақсимлашнинг тасдиқланган балансига мувофиқ ажратилган ҳажмлар даражасида қайта кўриб чиқишга ҳақлидир.


10. Қуйидагилар табиий газ етказиб бериш устувор вазифа ҳисобланади:

маиший истеъмолчилар, шу жумладан оилавий корхоналарга;

идоравий ва муниципал уй-жой фондига, юридик шахслар ётоқхоналарига ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига  аҳолини газ билан таъминлаш учун ҳамда локал қозонхоналарга - аҳоли эҳтиёжлари учун;

қонун ҳужжатларида белгиланган стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмолчиларга.



4-БОБ. МАИШИЙ ВА КОММУНАЛ ХЎЖАЛИК

ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИ ГАЗ ТАРМОҚЛАРИГА

УЛАНИШ УЧУН ҲУЖЖАТЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


11. Истеъмолчилар (шу жумладан, умумий ҳисоб қуввати 100 кВт гача бўлган газдан фойдаланиш ускуналарига эга оилавий корхоналар) амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ ва қонун ҳужжатларига кўра газлаштириш ишларини бажариш ҳуқуқига эга ташкилотлар томонидан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилган ҳолда ишлаб чиқилган газлаштириш лойиҳаларига асосан газ билан таъминланади.


12. Истеъмолчиларни қуйидаги тартибда газ билан таъминлаш имкониятлари кўриб чиқилади:

истеъмолчи газ таъминоти ташкилотига электрон ёки ёзма шаклда газлаштириш ҳақидаги аризани кадастр ҳужжати нусхасини илова қилган ҳолда тақдим этади;

тақдим этилган ариза уч иш куни мобайнида газ таъминоти ташкилотининг мутахассислари томонидан жойларга чиқиб, газлаштиришнинг техник имкониятларига мос келиши ёки мос келмаслиги бўйича ўрганилади. Ўрганиш натижасида газ таъминоти ташкилоти томонидан ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, истеъмолчига ички газ қувурлари, газда ишлайдиган асбоблар (тури ва сони) ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларига қўйилган талабларни ўз ичига олган газлаштириш техник шартлари берилади.

Истеъмолчи объекти жойлашган ҳудудда истеъмолчига газтаъминоти ташкилоти томонидан табиий газ узатиш имконини берадиган қувватга эга бўлган газни тақсимлаш тармоғи мавжуд бўлганда, истеъмолчини газ билан таъминлашнинг техник имконияти мавжуд деб тан олинади.

Газлаштирилган хусусий уй-жойлар маиший истеъмолчи ва оилавий корхонага ажратилган тақдирда, уларнинг ҳар бири газлаштириш лойиҳалари асосида, табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш учун алоҳида приборлар ўрнатиш шарти билан ва оилавий корхонани газлаштириш учун қўшимча газлаштириш техник шарти олинган ҳолда газ билан таъминланади.

Газлаштирилган хусусий уй-жойлар икки ва ундан ортиқ маиший истеъмолчига ажратилган тақдирда, ҳар бир уй қисми учун алоҳида газлаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва газлаштириш учун қўшимча техник шартларни олмасдан табиий газ истеъмолини ҳисобга оладиган алоҳида приборлар ўрнатиш шарти билан уй-жойни ажратиш режалари (кадастр ҳужжати) асосида газ билан таъминланади.


13. Газлаштириш (газдан фойдаланиш ускуналари, қурилма ва уй ичи газ қувурлари) лойиҳаси қонун ҳужжатларига мувофиқ мазкур фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган лойиҳа ташкилотлари томонидан газлаштириш техник шартлари асосида ишлаб чиқилади.


14. Газлаштириш лойиҳасида қуйидаги ечимлар назарда тутилиши керак:

белгиланган стандартларга мувофиқ самарали газдан фойдаланиш ускунасини ўрнатиш;

истеъмол қилинаётган табиий газ сарфининг ҳисобланган диапазонида ҳисобга олишнинг ишончлилигини таъминлайдиган, газ ҳажмини стандарт шартларга мувофиқлаштириш учун зарур қурилмалар билан жиҳозланган ҳамда табиий газ истеъмолини автоматик тарзда назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимига мос келадиган табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларини (уларни қулай жойлашув нуқталарини кўрсатган ҳолда) ўрнатиш.


15. Газлаштириш лойиҳаси газ таъминоти ташкилоти томонидан қурилиш-монтаж ишлари (кейинги ўринларда ҚМИ деб аталади) бошланишидан аввал, бироқ газлаштириш учун техник шартлар берилган кундан бошлаб 24 ойдан кечикмасдан рўйхатдан ўтказилган бўлиши лозим.


16. ҚМИ газлаштириш лойиҳасига мувофиқ, мазкур ишларни бажариш ҳуқуқига эга ташкилот томонидан ижро-техник ҳужжатлар ва ертўла иншоотларидаги бошқа коммуникацияларнинг кириш жойларини герметик зич ёпилганлиги ҳақидаги далолатномани тузган ҳолда бажарилади.


17. ҚМИни амалга оширган ташкилот газ таъминоти ташкилотига дудбурон ва вентиляция каналларини текшириш, шунингдек, ертўла иншоотларидаги бошқа коммуникацияларнинг кириш жойларини герметик зич ёпилганлиги ҳақидаги далолатномаларни тақдим этади.


18. Янги қурилган ички газ қувурини фойдаланишга қабул қилиш ва газдан фойдаланиш ускунасини ишга тушириш-созлаш ишлари (кейинги ўринларда ИТСИ деб аталади) газ таъминоти ташкилоти томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


19. ИТСИ якунлангач, ишга тушириш далолатномаси тузилади ва истеъмолчига табиий газдан фойдаланиш қоидалари бўйича кўрсатмалар берилади. Шундан сўнг истеъмолчи ишга тушириш далолатномасига имзо чекади ва табиий газни етказиб бериш шартномаси тузилади (ишга тушириш далолатномасининг бир нусхаси газ таъминоти ташкилотида сақланади).



5-БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ФАОЛИЯТИ БИЛАН

ШУҒУЛЛАНУВЧИ, ИЖТИМОИЙ ВА СТРАТЕГИК

АҲАМИЯТГА ЭГА ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИ ГАЗ

ТАРМОҚЛАРИГА УЛАШ УЧУН ҲУЖЖАТЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


20. Истеъмолчилар (шу жумладан умумий ҳисоб қуввати 100 кВт дан юқори бўлган газдан фойдаланиш ускуналарига эга оилавий корхоналар) амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ ва қонун ҳужжатларига кўра газлаштириш ишларини бажариш ҳуқуқига эга ташкилотлар томонидан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилган ҳолда ишлаб чиқилган лойиҳа-техник ҳужжатларга асосан газ билан таъминланади.


21. Янги турдаги газдан фойдаланиш ускуналарини ишга тушириш ва (ёки) фойдаланилаётган қувватларни реконструкция қилиш ёки техник жиҳатдан қайта жиҳозлашни мўлжаллаётган истеъмолчилар газтаъминоти ташкилотлари билан газ тармоқларига уланишнинг техник имкониятларини келишиш учун белгиланган шаклда табиий газ истеъмоли бўйича асосланган ҳисоб-китобларни тақдим этади.


22. Газ таъминоти ташкилоти газлаштириш масаласи бўйича ижобий қарор қабул қилган тақдирда, истеъмолчи газ таъминоти ташкилотига газлаштириш техник шартини олиш учун буюртма беради.

Буюртмада табиий газдан фойдаланиш даври, газдан фойдаланиш ускунасининг тури ва техник тавсифлари тўғрисидаги маълумотлар, заҳира ёқилғидан фойдаланиш ҳисобга олинган ҳолда, газ истеъмолининг режалаштирилаётган ҳажмлари кўрсатилади ва унга ишлаб чиқариш қувватларининг жойлашиш режаси илова қилинади.

Ушбу ҳужжатлар янги газлаштириш техник шартларини олишда ёки муддатини узайтиришда ҳам тақдим этилади.

Буюртмани кўриб чиқиш муддати уч иш кунини ташкил қилади.


23. Газ таъминоти ташкилоти ижобий қарор қабул қилган тақдирда, истеъмолчига қуйидагилар кўрсатилган газлаштириш техник шартлари берилади:

газ қувурига уланиш жойи;

бўлиниш чегаралари ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларининг жойлашуви;

уланиш нуқтасидаги табиий газнинг максимал соатлик, кунлик, йиллик сарфи ва ишчи босими, шунингдек, ушбу босимнинг ўзгариш чегаралари;

газ тақсимлаш шохобчаси (кейинги ўринларда ГТШ деб аталади) иншоотини қуриш зарурлиги, ГТШга бўлган техник талаблар, автоматика тури, газ қувурлари сони ва уларнинг ҳар биридаги табиий газ босими, чиришдан ҳимоялаш чора-тадбирлари ва бошқалар;

қўшимча газ қувурларини қуриш ишлари;

газдан фойдаланиш ускунаси ва газ горелкали қурилмаларига қўйиладиган талаблар (тури ва сони), мувофиқлик сертификатининг мавжудлиги;

табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборига қўйиладиган талаблар;

табиий газдан асосий ёқилғи тури сифатида фойдаланишнинг аниқ даври (ойлар бўйича);

заҳира ёқилғидан фойдаланиш даврини кўрсатган ҳолда, заҳира ёқилғи хўжалигини қуриш зарурлиги.

Газлаштириш техник шартларининг амал қилиш муддати улар берилган кундан бошлаб 2 йилни ташкил қилади. Белгиланган муддат ўтгач, агар истеъмолчи газлаштиришни тугатмаган бўлса, газлаштириш учун янги техник шартлар олиниши лозим.


24. Газлаштириш учун техник шартларни бериш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, газ таъминоти ташкилоти мазкур Қоидаларнинг 22-банди тўртинчи хатбошида кўрсатилган муддатда истеъмолчига рад этиш сабабларини асослаган ҳолда, тегишли ёзма хабарнома юборади ва тақдим қилинган ҳужжатларни қайтаради.


25. Истеъмолчилар ва газлаштириш лойиҳа-техник ҳужжатларини ишлаб чиқиш оширилган лойиҳалаштириш ташкилоти газлаштириш техник шартлари талабларини бажариши мажбурий ҳисобланади. Техник шартларда кўрсатилган талабларни рад этишга фақат газ таъминоти ташкилоти билан келишилган тақдирда йўл қўйилади.

Келишиш буюртма берилган кундан кейин уч иш куни давомида амалга оширилади ва ёзма шаклда расмийлаштирилади.


26. Истеъмолчи техник шартларда кўрсатиб ўтилган талабларни ўзгартиришга эҳтиёж бўлмаганда ўзгарган тақдирда, табиий газ етказиб бериш тўғрисидаги шартнома янги истеъмолчи билан қайта тузилади. Бунда газлаштириш техник шартларини такрорий расмийлаштириш талаб қилинмайди.


27. Тадбиркорлик субъектларига газлаштириш техник шартларини бериш Давлат хизматлари марказлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлов ундирилмасдан амалга оширилади. Бунда истеъмолчиларнинг хоҳиши билан газ тармоқларига "тайёр ҳолда" уланиш мумкин.

28. Газлаштириш лойиҳа-техник ҳужжатлари (кейинги ўринларда ЛТҲ деб аталади) қуйидагилардан иборат:

тушунтириш хати;

иссиқлик-механика қисми;

технология қисми;

назорат-ўлчов приборлари ва автоматика қисми;

газ таъминоти қисми;

заҳира ёқилғи хўжалиги қисми;

ускуналар ва материаллар спецификацияси қисми;

электр қисми.


29. ЛТҲ мазкур турдаги фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга лойиҳалаш ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилади.

Лойиҳалаш ташкилоти газ таъминоти бўйича ишлаб чиқилган лойиҳанинг амалдаги норматив-техник нормалар ва қоидаларга мувофиқлиги юзасидан жавоб беради.


30. ЛТХ қуйидагиларни назарда тутиши керак:

юқори тежамкор технологик схемаларни, жараёнларни ва сертификатланган газдан фойдаланиш қурилмаларни ва газ горелка қурилмалари қўлланиши;

истеъмол қилинаётган табиий газ сарфининг ҳисобланган диапазонида ҳисобга олишнинг ишончлилигини таъминлайдиган, газ ҳажмини стандарт шартларга келтириш учун зарур қурилмалар билан жиҳозланган ҳамда табиий газни истеъмол қилишни автоматик тарзда назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимига мос бўлган табиий газни ҳисобга олиш приборларини қўллаш;

иккиламчи энергия ресурсларидан иқтисодий асосланган ва техник жиҳатдан мумкин бўлган тарзда фойдаланиш;

хавфсизлик автоматика приборларининг мавжудлиги;

иссиқлик жараёнларини автоматик тарзда тартибга солиш ва назорат қилиш тизимларини қўллаш;

табиий газнинг ва ундан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган маҳсулотнинг ҳисобга олинишини таъминлаш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулот (ишлар, хизматлар) бирлигига ёқилғи-энергетика ресурсларини норматив бўйича сарфлаш кўрсаткичлари;

амалдаги лойиҳалаш нормаларига мувофиқ агрегатларни ва иссиқлик қувурларининг қизиш юзасини ҳимояловчи иссиқлик изоляцияларини қўллаш;

ёнадиган маҳсулотлар таркибини ва ҳароратини назорат қилишни таъминлаш;

бинолар ва иншоотларнинг иситиладиган ҳажмлари, шунингдек, объектлардан газ қувурларигача бўлган масофа тўғрисидаги маълумотлар.


31. ЛТХ белгиланган тартибда саноат хавфсизлиги юзасидан экспертизадан ўтказилиши керак.


32. ЛТХ газ таъминоти ташкилоти томонидан ҚМИ бошланишига қадар, техник шартлар берилган кундан бошлаб 24 ойдан кечиктирилмасдан рўйхатдан ўтказилиши керак.

Лойиҳа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилгандан кейин истеъмолчининг ёзма шаклдаги мурожаати асосида ЛТҲ газ таъминоти ташкилотида 5 иш кунидан кечикмай тўлов ундирилмасдан рўйхатдан ўтказилади.

Агар, ҚМИ рўйхатдан ўтказиш кунидан буён 24 ой мобайнида бошланмаган ёхуд газлаштиришда техник шартлардан чекланиш ҳолатлари аниқланган бўлса, ЛТҲ газ таъминоти ташкилотида қайта рўйхатдан ўтказилиши шарт.

ЛТҲни рўйхатдан ўтказиш рад этилган тақдирда, газ таъминоти ташкилоти 5 иш куни мобайнида истеъмолчига рад этиш сабабларини ва бартараф этилиши керак бўлган камчиликларни асослаган ҳолда, тегишли ёзма хабарнома юборади.


33. ЛТҲга мувофиқ ҚМИ ушбу ишларни амалга ошириш учун ҳуқуқига эга ташкилот томонидан тегишли ижро-техник ҳужжатларни тузган ҳолда бажарилади.


34. Газ таъминотининг мавжуд тизимларини кенгайтириш, реконструкция қилиш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлашда қурилиш ва фойдаланишга топшириш талаблари янги қурилиш объектларига бўлгани каби тақдим этилиши керак.


35. ҚМИ тугалланганидан сўнг мазкур ишларни бажариш ҳуқуқига эга ташкилот томонидан газдан фойдаланиш ускунасини ИТСИ ва режим-созлаш ишлари (кейинги ўринларда - РСИ деб аталади) амалга оширилади.

РСИ бир йилда 100 000 куб метр ва ундан кўп табиий газдан фойдаланадиган корхоналар ва технологик нефть-газ объектлари (қурилмалари) учун мажбурий ҳисобланади.


36. ИТСИ ва РСИ туганланганлиги тегишли далолатномалар билан расмийлаштирилади. Бундан ташқари, техник ҳисобот тузилади ва унда газдан фойдаланиш ускунасининг турли иш режимларида газдан оқилона фойдаланишга, хавфсизлик ҳамда ёқилғини ёндириш жараёнларини автоматик тарзда тартибга солиш приборлари ва воситаларини, иссиқликни утилизация қилиш ва ёрдамчи ускуналарни ҳамда қозонхоналар учун сув тайёрлаш тизимлари ускунасини созлашга таъсир кўрсатадиган энергия самарадорлигининг барча кўрсаткичлари қайд этилади.


37. ИТСИ ва РСИ натижалари асосида уларни бажарган ташкилот истеъмолчи томонидан тасдиқланадиган вақтинчалик режим (технология) хариталарини беради.


38. Вақтинчалик режим (технология) хариталарининг асл нусхалари истеъмолчида сақланади, иш жойларида эса уларнинг нусхалари осиб қўйилган бўлиши керак.


39. Ишлаётган газдан фойдаланиш ва ёрдамчи ускунада ҳар 3 йилда камида бир марта, газдан энергия сифатида фойдаланувчи ташкилотларда эса (мукаммал ва жорий таъмирлашни ўтказиш хусусиятини ҳисобга олган ҳолда) ҳар 4 йилда бир марта РСИнинг қуйидаги турларини ўтказиш назарда тутилиши керак:

газдан фойдаланиш ускунасини иссиқлик техникаси (режим) жиҳатидан созлаш;

ёниш жараёнини назорат қилиш ва автоматик тарзда тартибга солиш воситаларини созлаш;

газдан фойдаланиш ускунаси ҳавфсизлигининг автоматика воситаларини созлаш;

иссиқликни утилизация қиладиган ва ёрдамчи ускуналарни созлаш;

сувни тайёрлаш тизимларини созлаш;

заҳира ёнилғи хўжалигини созлаш;

табиий газ ва заҳира ёқилғини биргаликда ёндиришда ёниш жараёнини созлаш.


40. Газдан фойдаланиш ускунасида ва ёрдамчи ускунада РСИ қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

газдан фойдаланиш ускунасини мукаммал ёки режадан ташқари таъмирлашдан кейин;

газдан фойдаланиш самарадорлигига таъсир кўрсатадиган конструктив ўзгаришлар киритилгандан кейин;

газдан фойдаланиш ускунаси режим (технология) хариталари талабларидан мунтазам равишда чекинилган ҳолда ишлаганда;

фойдаланилаётган ёқилғининг тури ва тавсифлари ўзгарганда.


41. Янгидан қурилган, реконструкция қилинган ёки техник жиҳатдан қайта жиҳозланаётган газдан фойдаланиш ускунасини, газ қувурларини ва улардаги ускуналарни фойдаланишга қабул қилиш ишлари қабул қилиш комиссияси томонидан норматив ҳужжатлар ва ушбу Қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.


42. Газдан фойдаланиш ускунасини кўрикдан ўтказиш ва табиий газ узатишга рухсатнома бериш истеъмолчининг аризаси тушган кундан бошлаб, 10 иш куни мобайнида газ таъминоти ташкилоти томонидан амалга оширилади.

Объектни кўрикдан ўтказиш учун истеъмолчи газ таъминоти ташкилотига лойиҳа ва ижро-техник ҳужжатларига берилган қуйидаги рухсатномаларни тақдим этиши керак:

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан ишга тушириш-созлаш ишларини ўтказиш учун берилган рухсатнома;

"Ўзнефтгазинспекция" ҳудудий бўлимининг қўлланиладиган технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқлиги ҳамда ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланиш тўғрисида хулосаси.

43. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси рухсатномасисиз ва "Ўзнефтгазинспекция" ҳудудий бўлимининг қўлланиладиган технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқлиги ҳамда ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланиш тўғрисида хулосасисиз газ сарфловчи ускуналарга табиий газ етказиб бериш тақиқланади.

44. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси рухсатномасисиз ва "Ўзнефтгазинспекция" ҳудудий бўлимининг қўлланиладиган технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқлиги ҳамда ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланиш тўғрисида хулосасисиз газ сарфловчи ускуналарга табиий газ етказиб бериш аниқланганда, тегишли органлар (ташкилотлар)нинг тақдимномаларига асосан, табиий газ етказиб бериш тақиқланади. Газдан фойдаланувчи ускуналарга табиий газни бериш аниқланган камчиликлар бартараф этилган тақдирда қайта тикланади.

45. Газ таъминоти ташкилоти янгидан қурилган, реконструкция қилинган ёки техник жиҳатдан қайта жиҳозланган газдан фойдаланиш ускунасига, газ қувурлари ва ускуналарга табиий газ ушбу Қоидаларнинг 42-банди талаблари бажарилган тақдирда узатилади.


46. Истеъмолчида ушбу Қоидаларнинг 42-бандида кўрсатилган ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, ИТСИ ва РСИ амалга ошириш учун кўрсатилган ҳажмда газ берилишини таъминлаш юзасидан етказиб берувчи ва истеъмолчи ўртасида табиий газ етказиб бериш шартномаси тузилади.


47. Истеъмолчи РСИ тугаллангач, бажарилган ишларнинг сифатини баҳолаш учун "Ўзнефтгазинспекция"нинг ҳудудий бўлинмасига ёзма шаклда мурожаат қилиши ва техник ҳисоботни илова қилиши мумкин.

Бажарилган созлаш ишларининг сифати паст бўлган тақдирда "Ўзнефтгазинспекция" ҳудудий бўлинмаларининг кўрсатмасига асосан созлаш ишларини бажарган ташкилот ҳисобидан газдан фойдаланиш ускунаси такроран созланади.


6-БОБ. ТАБИИЙ ГАЗНИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ

БЎЙИЧА ШАРТНОМА ТУЗИШ


48. Газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти ва истеъмолчи ўртасида табиий газ етказиб бериш бўйича шартнома газ таъминотининг намунавий шартномасига мувофиқ тайёрланган шаклда тузилади.

Газ таъминотининг намунавий шартномаси "Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖ томонидан ишлаб чиқилади ҳамда "Ўзнефтгазинспекция" ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

49. Маиший истеъмолчилар билан табиий газ етказиб бериш шартномаси тузилмаган тақдирда, шартнома газ тармоғига белгиланган тартибда амалда уланган вақтдан тузилган ҳисобланади.

Бунда газ таъминоти ташкилоти мазкур истеъмолчи билан табиий газни етказиб бериш шартномаси тузиш ҳамда ушбу Қоидалар талабларига мувофиқ табиий газдан фойдаланиш қоидаларини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўриши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари кўчмас мулк ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказгандан сўнг уч кун муддат ичида истеъмолчи билан шартномани қайта расмийлаштириш учун газ таъминоти ташкилотига кўчмас мулк эгаси тўғрисида маълумот юборади.


50. Табиий газ истеъмолчиларининг бошқа тоифаларига табиий газ фақат шартномалари асосида етказиб берилади.


51. Истеъмолчиларга шартномада белгиланган ҳажмда табиий газ (маиший истеъмолчилардан ташқари) мазкур Қоидаларнинг 4 ва 9-бандларида назарда тутилган талабларга мувофиқ етказиб берилади.


52. Табиий газни етказиб бериш шартномасида газдан фойдаланиш ускуналари ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларига техник хизмат кўрсатиш даврийлиги ва тартиби қонун ҳужжатлари талаблари ва техник ҳужжатларга мувофиқ кўрсатилиши шарт.


53. Табиий газни етказиб бериш бўйича шартнома 2 нусхада, тарафларнинг ҳар бири учун бир нусхадан тузилади.



7-БОБ. ИСТЕЪМОЛЧИЛАРГА ТАБИИЙ

ГАЗ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ТАРТИБИ


54. Истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти томонидан ушбу Қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.


55. Истеъмолчига етказиб берилаётган табиий газ фақат истеъмолчи томонидан табиий газни етказиб бериш шартномасида кўрсатилган мақсадларда фойдаланишига йўл қўйилади. Етказиб берилган табиий газ ҳажмидан бир қисмини учинчи шахсларга ўтказиш ёки сотиш фақат газ таъминоти ташкилоти билан табиий газни етказиб бериш шартномасини тузиш ҳамда алоҳида табиий газни истеъмол қилишни ҳисобга олиш приборини ўрнатиш асосида амалга оширилиши шарт.


56. Газ таъминоти ташкилоти табиий газни ўртача суткалик норма доирасида ой мобайнида бир хил миқдорда, истеъмол қилишнинг суткалик нормасидан камайтириш ҳисобига чекиниш зарурати бўлган ҳолатларда эса - томонлар ўртасида келишилган диспетчерлик жадваллари бўйича етказиб бериши, истеъмолчи эса (маиший истеъмолчилар ва умумий ҳисоб қуввати 100 кВт.дан кўп бўлмаган газдан фойдаланиш ускунасига эга оилавий корхоналардан ташқари) уни бўлиниш чегарасида ўрнатилган табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш прибори орқали олиши шарт.

Газ таъминоти ташкилотларига ГТСнинг алоҳида чиқиш газ қувурлари (нуқталар) орқали етказиб берилган табиий газ ҳажмлари истеъмолчилар билан бўлиниш чегарасида ўрнатилган табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари кўрсатгичларининг умумий йиғиндиси бўйича аниқланади. ГТСнинг алоҳида чиқиш газ қувурлар (нуқталар) ва истеъмолчилар билан бўлиниши чегарасида ўрнатилган табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларига қадар ўрнатилган бошқа табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари, газ таъминоти ташкилотлари билан ўзаро ҳисоб-китоб қилиш учун яроқсиз деб ҳисобланади.

Республика ҳудуди бўйича табиий газни етказиб беришнинг ойлик ҳажмлари "Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖ томонидан газ ташиш тизимининг ресурс ва техник имкониятларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Ушбу қоидаларга иловада кўрсатилган табиий газ етказиб беришнинг алоҳида тартиби белгиланадиган стратегик ташкилотларга ҳақи тўланмагани учун табиий газ беришни камайтириш белгиланган тартибда энергия билан таъминлашнинг технологик ва авария брони даражасигача, тўлиқ узиб қўйиш эса - фақат суд қарорига биноан амалга оширилиши мумкин.

57. Газ узатиш ташкилоти табиий газнинг газ тақсимлаш станциясидан чиқиш босимини норматив-техник ҳужжатларга мос равишда ушлаб туради.


58. Ушбу Қоидаларнинг 10-бандида келтирилган истеъмолчиларни об-ҳаво совиб кетиши даврида табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, "Ўзнефтгазинспекция", табиий газ ишлаб чиқариш, газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотлари ва истеъмолчилар (маиший ва коммунал хўжалик истеъмолчилари ҳамда оилавий корхоналардан ташқари) билан келишилган ҳолда корхоналарни заҳира ёқилғига ўтказиш жадвалларини тузиб, ушбу жадваллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Тасдиқланган жадваллар барча манфаатдор ташкилотларга юборилади. Жадваллар табиий газни етказиб бериш прогноз кўрсаткичлари мазкур Қоидаларнинг 10-бандида келтирилган истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш имконини бермаган тақдирда, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотлари томонидан жорий этилади.

Жадвалга киритилган истеъмолчилар қисқармайдиган миқдорда (камида 3 ой давомида эҳтиёжни қоплайдиган) заҳира ёқилғи захирасига эга бўлиши ва ҳаво ҳарорати пасайиб кетган даврларда ушбу ёқилғига ўтиши шарт.

Ҳаво ҳарорати пасайиб кетган даврда ёки куз-қиш мавсумида заҳира ёқилғига ўтказиш жадвалига киритилган алоҳида истеъмолчиларга табиий газни қайтадан етказиб бериш Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади, бунда тасдиқланган корхоналарни заҳира ёқилғи турларига ўтказиш жадвалларига тегишли ўзгартишлар киритилади.


59. Газ таъминоти ташкилотлари 1 сентябргача бўлган муддатда газ тармоқларидан узиладиган мавсумий истеъмолчилар рўйхатини тузади (уларни мажбурий тарзда хабардор қилган ҳолда) ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига тасдиқлаш учун тақдим этади.


60. "Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖ тақдимномаси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари истеъмолчиларга (маиший ва коммунал хўжалик истеъмолчилари, шунингдек оилавий корхоналар бундан мустасно) табиий газни етказиб бериш жадвалларини ва авариялар рўй бериши ёки магистрал ва тақсимловчи газ қувурлари ишида технологик режим бузилишлари оқибатида газ тармоқларидан уларни узиб қўйиш навбатини тасдиқлайдилар.

Тасдиқланган авариялар пайтидаги газ етказиб бериш жадваллари тегишли ташкилотларга юборилади ва магистрал ва тақсимловчи газ қувурларида авария вазиятларида газ таъминоти ташкилоти томонидан амалга киритилади.

Авариялар натижасида объектлар, магистрал ва тақсимловчи газ қувурларининг технологик иш режимлари бузилган тақдирда, газ таъминоти ташкилотларининг диспетчерлик хизматлари истеъмолчиларга кўрсатиб ўтилган авариялар пайтидаги жадвалларни амалда жорий этиш тўғрисида истеъмолчиларга суткалик газ етказиб бериш ҳажмларидаги тегишли ўзгаришлар билан бирга кўрсатмалар берадилар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ҳамда аҳолини бу ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қиладилар.

Газ етказиб беришнинг режалаштирилаётган қисқариши (тўхтатилиши) тўғрисида:

табиий газ ишлаб чиқарувчилар ("Ўзбекнефтгаз" АЖ орқали) газ узатиш ташкилотини - 2 соат мобайнида;

газ узатиш ташкилотлари ("Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖ орқали) газ таъминоти ташкилотини - 2 соат мобайнида;

газ таъминоти ташкилотлари (жойлардаги маҳаллий ҳокимияти органлари орқали) истеъмолчиларни - 1 соат мобайнида хабардор қилиши шарт.


61. Табиий газни қазиб олиш, қайта ишлаш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш режимининг ягона узлуксиз технологик жараёнини ҳисобга олиб, табиий газни ишлаб чиқарувчи "Ўзбекнефтгаз" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ва газ таъминоти ташкилотларининг кўрсатмаларини бажариш истеъмолчилар учун мажбурий ҳисобланади.

62. Газни узатишда табиий газни ишлаб чиқарувчилар, газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотлари ва истеъмолчилар газ қазиб чиқариш жойлари, газни қайта ишлаш заводлари, магистрал газ қувурлари, шунингдек, истеъмолчиларнинг ускуналари ва газ тармоқларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари ва фойдаланиш қоидаларига қатъий риоя этишлари шарт.


63. Газ узатиш ташкилоти табиий газни:

магистрал газ қувурларга тўғридан-тўғри чиқиш жойига эга истеъмолчиларга -бевосита тузилган шартномалар асосида бўлиниш чегарасида ўрнатилган табиий газ истеъмол қилишни ҳисобга олиш приборлари орқали;

магистрал газ қувурлари ва газ тармоқлари бўлиниши чегарасидаги газ таъминот ташкилотларига - кейинчалик истеъмолчиларга сотиш учун хўжалик ҳисобидаги табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари орқали етказиб беради.


64. Табиий газни етказиб бериш юзасидан бошқа барча шартлар табиий газ етказиб бериш шартномаларида назарда тутилади.



8-БОБ. ТАБИИЙ ГАЗНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ТАРТИБИ


65. Истеъмолчиларга табиий газни ҳисобга олмасдан етказиб беришга йўл қўйилмайди.


66. Истеъмолчиларга (маиший истеъмолчилардан ташқари) етказиб берилаётган газ миқдори газ тармоқларининг бўлиниш чегарасида ўрнатилган табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари бўйича аниқланади ва иккала тараф имзолайдиган табиий газни етказиб бериш - қабул қилиш далолатномаси билан расмийлаштирилади.

Етказиб берилган табиий газ учун ҳисоб-китоб стандарт шартларга нисбатан газ ҳажмини - куб метрларда келтирган ҳолда (Т = 20 °С, Р = 760 мм симоб устуни ҳисобида) амалга оширилади.

Табиий газ сарфини ҳисоб-китоб қилишда қуйидаги жиҳатлар ҳисобга олинади:

манометрлар ва термометрларнинг созлиги, уларнинг давлат қиёсловидан ўтганлигининг амал қилиш муддати;

ГТШни созлаш (тартибга солиш) муддати, шунингдек амалдаги ишчи босимининг ГТШнинг созланганлиги тўғрисидаги далолатномада қайд этилган параметрларга мувофиқлиги.

Юқоридаги кўрсаткичларга риоя қилинмаганда, Р ортиқча = 1,0 кг/кв.см коэффициенти қўлланади.

Газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти Истеъмолчи билан биргаликда табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборига, унинг сифат лабораторияси томонидан тақдим этиладиган газ таркиби бўйича тузатувчи ўзгартиришларни, тақдим этилган вақтдан 12 соатдан кечиктирмасдан киритиши керак. Газ таркиби бўйича кўрсаткичларнинг ўз вақтида ва ҳаққоний киритилиши учун жавобгарлик газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти зиммасида бўлади.


67. Қуйидаги ҳолатларда етказиб берилган табиий газ учун пломбаланмаган газдан фойдаланиш асбоб-ускуналарининг бир суткада тўлиқ қувват билан 24 соат ишлаши (маиший истеъмолчилар бундан мустасно) ҳисобидан амалга оширилади:

газни ҳисобга олиш приборини давлат қиёсловидан ўтказиш муддати тугаганда ва истеъмолчи давлат қиёсловини ўтказишга тўсқинлик қилган ҳолатда, тегишли ҳисоб-китоб қиёслов муддати тугаган вақтдан бошлаб у ўтказилгандан кейин газни ҳисобга олиш приборини ўрнатишгача бўлган даврга.

68. Маиший истеъмолчилар томонидан истеъмол қилинаётган табиий газ ҳажми табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари бўйича, улар мавжуд бўлмаган тақдирда эса - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган, газни ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлмаган ҳолларда аҳолига коммунал ва маиший эҳтиёжлар учун бериладиган табиий газнинг бир ойлик сарф меъёрлари бўйича аниқланади.


69. Газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларини монтаж қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни текшириш амалдаги норматив ва техник ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.


70. Табиий газни ҳисоблаш учун фақатгина Ўзбекистон Республикаси ўлчов воситалари Давлат реестрига киритилган турдаги приборлардан фойдаланилиши шарт.


71. Табиий газни истеъмол қилишни ҳисобга олиш приборлари уларнинг фойдаланиш учун яроқли эканлигини тасдиқловчи ҳужжат, ишлаб чиқарувчи корхона томонидан белгиланган жойларда тегишли шаклдаги амал қилувчи белгилар ва тамғаларга эга бўлиши шарт.


72. Табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий қилиш лойиҳаси доирасида ўрнатилган табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш замонавий электрон приборлари газ таъминоти ташкилотларининг мулки ҳисобланади.


73. Табиий газ истеъмолини ҳисобга олишнинг замонавий электрон приборларини ўрнатишга қадар, табиий газ истеъмолини ҳисобга оладиган мавжуд приборларни даврий давлат қиёсловидан ўз вақтида ўтказишни ташкил этиш учун жавобгарлик газ таъминоти ташкилотига юкланади.

Давлат қиёсловидан ўтказиш вақтида табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари яроқсизлиги (таъмирлаш имконияти бўлмаганда) аниқланган тақдирда, ҳисобга олиш прибори фойдаланишга яроқсизлиги ҳақидаги метрология органи хулосаси билан мулкдорга қайтарилади.


74. Табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларини таъмирлаш ва давлат қиёсловидан ўтказиш сарф-харажатлари ҳисобга олиш прибори мулкдори томонидан қопланади.


75. Табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларига тамға қўйиш Бюронинг масъул ходимлари томонидан газ таъминоти ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда истеъмолчи иштирокида далолатномани расмийлаштирган ҳолда амалга оширилади.


76. Табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари, шу жумладан ўрнатилган тамғаларнинг сақланиши ва бутунлиги учун жавобгарлик истеъмолчи зиммасига юклатилади.


77. Табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари ўрнатилгандан сўнг газ таъминоти ташкилоти томонидан рўйхатга олинади.


78. Табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларини давлат қиёсловидан ўтказиш метрология хизмати органлари томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


79. Табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларини қиёслов даврийлиги "Ўзстандарт" агентлиги томонидан белгиланади.


80. Табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш, уларга хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва давлат қиёсловидан ўтказишни ташкил этиш ишлари "Ҳудудгазтаъминот" АЖ тасдиқлайдиган Табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларига хизмат кўрсатиш регламентига мувофиқ газ таъминоти ташкилоти томонидан амалга оширилади.

81. Табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларини алмаштириш, таъмирлаш, хизмат кўрсатиш, давлат қиёсловидан ўтказиш ва созлигини мониторинг қилиш учун ечиб олиш газ таъминоти ташкилоти вакиллари ва Бюро вакиллари томонидан Истеъмолчи иштирокида амалга оширилади.

Бундай ҳолатда ҳисобга олиш прибори ўрнига текширилган бошқа ҳисобга олиш прибори газ таъминоти ташкилоти ҳисобидан дарҳол ўрнатилади.

Хатловдан ўтказиш далолатномаси табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборини давлат қиёсловидан ўтказиш учун ечиб олиш санасида тузилади. Маиший истеъмолчида ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлмаганда хатловдан ўтказиш далолатномаси уч йилда камида бир марта тузилади.

82. Алмаштириш, таъмирлаш, хизмат кўрсатиш, давлат қиёсловидан ўтказиш ва созлигини мониторинг қилиш учун ечиб олинган табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборини ўрнатиш газ таъминоти ташкилоти вакиллари томонидан амалга оширилади ва шу вақтнинг ўзида Бюронинг масъул ходимлари билан бирга тамғаланади.


83. Хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва давлат қиёсловидан ўтказиш учун табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларини ечиб олиш ва ўрнатиш тартиби табиий газни етказиб бериш шартномасида кўрсатилади.


84. Табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборини давлат қиёсловидан ўтказиш натижаларидан норози бўлган истеъмолчилар белгиланган тартибда юқори турувчи орган (ташкилот) ёки судга мурожаат қилиши мумкин.


85. Истеъмолчи Бюронинг ваколатли ходимларига сутканинг исталган вақтида табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборини кўздан кечириш учун кириш имкониятини таъминлаши шарт. Маиший истеъмолчиларнинг табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларини кўздан кечириш соат 08-00 дан 20-00 гача амалга оширилади.


86. Бюро ходимини табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларини кўздан кечиришга йўл қўймаслик ҳолати далолатнома билан расмийлаштирилади. Истеъмолчи мазкур далолатнома билан танишиши лозим. Истеъмолчи далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, далолатномада бу қайд этилади. Рад этиш ҳолати икки гувоҳ ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили томонидан тасдиқланиши керак. Истеъмолчи далолатномани имзолашни рад этиш сабабини баён қилиш ҳуқуқига эга ва бу далолатномага қайд этилиши шарт.

Далолатномага имзо қўйишни рад этиш истеъмолчини газ тармоғидан узиб қўйиш учун асос бўлади ва у бу ҳақида огоҳлантирилади.



9-БОБ. МАИШИЙ ИСТЕЪМОЛЧИЛАР, ШУ ЖУМЛАДАН

ОИЛАВИЙ КОРХОНАЛАР ТОМОНИДАН ТАБИИЙ

ГАЗ УЧУН ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


87. Ҳисоб-китоб ойида етказиб берилган табиий газ ҳажми Бюро вакиллари томонидан табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборидан кўрсаткичларни ёзиб олиш (ТГҲНАТга уланган, шунингдек, табиий газни истеъмол қилишни ҳисобга олиш приборларига эга бўлмаган ва белгиланган меъёрлар бўйича ҳисоб-китоб қиладиган истеъмолчилар бундан мустасно) асосида, кейинчалик ёзиб олинган кўрсаткичлар биллинг тизимига киритиш, шунингдек, истеъмолчилар томонидан табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичларини интерактив хизматлар воситаларига киритиш орқали аниқланади. Бунда оилавий корхоналар томонидан ҳисоб-китоб ойида истеъмол қилинган табиий газ ҳажми, фақат табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларидан кўрсаткичларни тўлиқ ечиб олиш асосида аниқланади.


88. Ҳисоб-китоб ойида табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларидан кўрсаткичларни тўлиқ ёзиб олиш таъминланмаган тақдирда, қамраб олинмаган истеъмолчилар билан ҳисоб-китоб жорий ойда табиий газни истеъмол қилиш меъёрларидан келиб чиқиб ва кейинги ойда ҳақиқатда истеъмол қилинган ҳажмга аниқлик киритган ҳолда амалга оширилади. Бунда кўрсаткичларга аниқлик киритилгандан сўнг ҳақиқатда истеъмол қилинган газ учун қайта ҳисоб-китоб амалга оширилади.


89. Табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (ТГҲНАТ) уланган ва белгиланган меъёрлар асосида ҳисоб-китоб қилинадиган истеъмолчиларга ҳисоб-китоб ойида етказиб берилган табиий газ ҳажми биллинг тизими орқали автоматлаштирилган режимда аниқланади.


90. Биллинг тизимига киритилган кўрсаткичлар асосида газ таъминоти ташкилоти етказиб берилган табиий газ ҳажмини, дебиторлик ва кредиторлик қарздорлик бўйича ишончли ҳисобни амалга ошириш учун ҳар бир истеъмолчининг шахсий ҳисобрақамлари бўйича якуний ҳисоб-китобни амалга оширади.


91. Истеъмолчининг телефон рақами мавжуд бўлган тақдирда, газ таъминоти ташкилоти истеъмолчиларни табиий газ учун тўловни амалга ошириш зарурлиги ҳақида автоматик режимда (овозли қўнғироқ ёки СМС) хабардор қилишни таъминлайди.


92. Истеъмолчи ой тугаганидан сўнг 10 кун мобайнида истеъмол қилинган газ ҳажми учун табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари ёки белгиланган меъёрлар асосида тўловни амалга оширади.


93. Ушбу Қоидаларнинг 92-бандида кўрсатиб ўтилган муддатда истеъмол қилинган табиий газ ҳақи ўз вақтида тўланмаган тақдирда, истеъмолчи газ таъминоти ташкилотига қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда пеня тўлайди.

Истеъмол қилинган табиий газ бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда маиший истеъмолчига тегишли бўлган доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган вояга етган жисмоний шахслар қарздорликни тўлаш бўйича солидар жавобгар бўладилар. Вояга етган жисмоний шахснинг солидар жавобгарлиги у маиший истеъмолчига тегишли бўлган доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган вақтдан бошлаб вужудга келади ва рўйхатдан чиқарилган вақтгача амал қилади.

94. Истеъмол қилинган табиий газ учун тўлов банк муассасалари ва коммунал тўловларни қабул қилиш кассалари, шунингдек, электрон тўловлар орқали ёки бевосита нақд бўлмаган шаклда тўлов қабул қилиш имкониятига эга бўлган Бюро вакили орқали амалга оширилиши мумкин.


95. Газ таъминоти ташкилоти ҳар ойнинг 11 санасидан кечиктирмай, етказиб берилган табиий газ учун қарздор бўлган истеъмолчилар рўйхатини шакллантиради ва ягона электрон идоралараро база орқали Бюрога тақдим қилади.


96. Бюро етказиб берилган табиий газ учун қарздор бўлган истеъмолчилар рўйхатини олган куннинг эртасидан кечиктирмай, истеъмолчиларни қарзни беш кун ичида узиш лозимлиги ҳақида хабардор қилишни таъминлайди.


97. Бюро истеъмолчилар хабардор қилинган вақтдан бошлаб беш кун муддат ўтгандан сўнг, қарздорликни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбурий ундириш, шу жумладан келиб чиққан қарздорликни базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдорда ушбу истеъмолчиларнинг пластик карталарига хизмат кўрсатиладиган банк ҳисобварақларидан сўзсиз ҳар ойда чиқариш, шунингдек, истеъмолчиларни газ тармоқларидан узиш чораларини кўради.

98. Истеъмолчиларни дебитор қарздорлик учун газ тармоқларидан узиш ва уларни қайтадан улаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


99. Қайта уланишда истеъмолчидан тўлов куни амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида ҳақ ундирилади. Табиий газ истеъмолни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимларига уланган истеъмолчиларни газ тармоқларига қайта уланиши учун ҳақ ундирилмайди.

100. Газ таъминот ташкилотлари маълумотлар базасида белгиланган тарифлар ўзгариши (ортиши) вақтига қадар Истеъмолчи амалга оширган тўловлар ҳақидаги ҳисобга олинмаган ҳужжатлар аниқланган тақдирда, ушбу Истеъмолчи бўйича ҳисоб-китоб (қайта ҳисоб-китоб) тўлов вақти (санаси) амалда бўлган тарифлар асосида амалга оширилиб, кейинчалик биллинг тизимидаги шахсий ҳисобрақами кўрсаткичларига тузатиш киритилади.


101. Фойдаланилган табиий газ учун тўлов суммаси табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларидан кўрсатгичларни олиш вақтида амал қилинган тарифлар асосида ҳисобланади. Тарифлар ўзгарганда, аввал ҳисобланган сумма бўйича тарифлар ўзгаришига қадар тўлов амалга оширилмаган бўлса, қайта ҳисоб-китоб қилинмайдиган қарздорлик вужудга келган деб тан олинади.


102. Тарифлар ўзгарган ҳолларда табиий газ ҳажми учун аванс тариқасида тўловни амалга оширган истеъмолчи икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатга қўшимча тўловларни амалга оширишдан озод қилинади.


10-БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ФАОЛИЯТИ БИЛАН

ШУҒУЛЛАНУВЧИ, ИЖТИМОИЙ ВА СТРАТЕГИК

АҲАМИЯТИГА ЭГА ИСТЕЪМОЛЧИЛАР, ШУНИНГДЕК,

КОММУНАЛ-МАИШИЙ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИНГ

ТАБИИЙ ГАЗ УЧУН ҲИСОБ-КИТОБ

ҚИЛИШ ТАРТИБИ


103. Истеъмолчи табиий газ етказиб бериш учун тузилган шартнома асосида етказиб бериладиган табиий газ учун юз фоиз олдиндан тўловни амалга ошириши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 8 ноябрдаги ПҚ-3379-сон қарорига иловадаги рўйхатга мувофиқ табиий газни сотишда нархни шакллантиришнинг алоҳида тартиби белгиланган истеъмолчилар етказиб берилган табиий газ учун тўловларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан белгиланган ўсиб борувчи коэффициентлар ва тарифлар асосида амалга оширилади.

Табиий газдан аҳолини газ билан таъминлаш учун фойдаланадиган идоравий ва муниципал уй-жой фондига, юридик шахслар ётоқхоналарига ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига ҳамда аҳоли эҳтиёжи учун локал қозонхоналарга табиий газга маиший истеъмолчилар учун белгиланган тариф қўлланилади.

104. Табиий газдан фойдаланишда истеъмолчининг айби билан табиий газ етказиб беришга шартномада кўрсатилганидан ҳажмдан кам фойдаланилган тақдирда, аванс тарзида тўланган маблағлар қайтарилмайди, кўрсатиб ўтилган маблағлар эса келгусида газдан фойдаланишда ҳисобга олинади.

106. Навбатдаги ой (чорак) учун кўрсатилган табиий газ ҳажмлари бўйича табиий газ етказиб бериш тўғрисидаги шартнома ўзгартирилишидан олдин истеъмолчи газ таъминоти ташкилотига бу ҳақида ўн кундан кечикмай хабар берган тақдирда, бундай ҳолатлар ортиқча олинган миқдор деб ҳисобланмайди.


107. Табиий газ учун истеъмолчининг тўлов муддати ўтган қарзи мавжуд бўлган тақдирда, унинг аванс тўлови ҳисобига ўтказилган маблағлари истеъмолчини хабардор қилган ҳолда, тўлов муддати ўтган қарзни тўлашга йўналтирилади ва аванс тўлови сифатида ҳисобга олинмайди.


108. Ваколатли орган томонидан табиий газ учун амалдаги тарифлар (нархлар) ўзгаришлари тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин ушбу ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар газ таъминоти ташкилоти томонидан ўзгаришларнинг кучга киришидан олдин ўн беш кундан кечикмай оммавий-ахборот воситаларида эълон қилинади.

Бунда табиий газ учун тарифларнинг ўзгарган санасидан қатъи назар, табиий газ етказиб бериш бўйича шартнома ўз кучида қолади, истеъмолчи эса истеъмол қилинган табиий газ учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, у кучга кирган кундан бошлаб янги тариф бўйича тўловни амалга ошириши шарт.


109. Истеъмолчиларни дебитор қарздорлик учун газ тармоқларидан узиб қўйиш ва уларни қайтадан улаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


110. Қайта уланишда истеъмолчидан тўлов куни амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида ҳақ ундирилади. Табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимларига уланган истеъмолчиларни газ тармоқларига қайта уланиши учун ҳақ ундирилмайди.

111. Истеъмолчилар ҳисоб-китоб даври бошланишидан камида 5 кун олдин етказиб бериш юзасидан тузилган шартномада кўрсатилган ойлик табиий газ ҳажми қиймати суммасининг 50 фоизи миқдорида газ таъминоти ташкилотининг ҳисобварағига тўловларни олдиндан амалга ошириши шарт. Амалда истеъмол қилинган табиий газ ҳажми учун якуний ҳисоб-китоб ҳисобот ойининг охиригача амалга оширилади.

112. Истеъмолчиларга табиий газни олдиндан тўловсиз бериш тақиқланади.


113. Олдиндан тўлов суммаси ўтказилмаган тақдирда истеъмолчиларга (стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга истеъмолчилардан ташқари) табиий газ етказиб бериш амалга оширилмайди.


114. Истеъмолчилар томонидан олинган табиий газ учун узил-кесил ҳисоб-китоб қилиш ҳисоб-китоб ойидан кейинги ойнинг 10-кунигача амалга оширилади.


115. Стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмолчилар олинган газ учун узил-кесил ҳисоб-китобни ҳисоб-китоб ойи тугагандан кейин 30 кун ўтгунгача амалга оширадилар.


116. Ҳисоб-китоб ойи учун етказиб берилган газ ҳажми Бюро вакиллари томонидан табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборидан кўрсаткичларни ёзиб олиш асосида (ТГҲНАТга уланган истеъмолчилар бундан мустасно) аниқланиб, кейинчалик газ таъминоти ташкилотига тақдим қилинади.


117. Кўрсаткичлар ёзиб олинганидан сўнг кейинги ойнинг 5 кунига қадар газ таъминоти ташкилоти томонидан ҳисоб-китоб ойи учун табиий газ етказиб бериш-қабул қилиш далолатномаси ва счет-фактура расмийлаштирилади.


118. Истеъмолчи 7 кундан кечиктирмасдан газ таъминоти ташкилотидан ҳисоб-китоб ойи учун табиий газ етказиб бериш ва қабул қилиш далолатномасини ва счет-фактурани қабул қилиб олади ва имзолайди ҳамда унинг бир нусхасини газ таъминоти ташкилотига жўнатади.


119. Табиий газни етказиб бериш-қабул қилиш далолатномасини имзоламаслик ёки уни эътирозлар билан имзолаш Истеъмолчини кўрсатиб ўтилган табиий газ ҳажмлари учун тўловлардан озод қилмайди. Узатилган ёки қабул қилинган газ миқдорини аниқлашдан норози бўлган томон далолатномада норозилик сабабларини мажбурий акс эттириш йўли билан ҳисоб-китоб қилиш ойи тугагандан кейин 10-кунгача бошқа томонга бу тўғрида маълум қилиб, сўнг далолатноманинг бир нусхасини Бюро вакилига тақдим қилади. Ушбу масалани ўзаро ҳал этиш имконияти бўлмаганда, келишмовчилик сабаблари белгиланган тартибда кўриб чиқилиши керак.


120. Истеъмолчилардан келгусида дебиторлик қарзларни ундириш Бюро бўлинмаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


121. Табиий газдан узиб қўйилганидан сўнг яна ўзбошимчалик билан уланган ҳолда истеъмол қилинган табиий газ ҳажмлари, унинг қиймати, газ тармоғидан узиб қўйилган вақтдан бошлаб газдан фойдаланиш ускунасининг сутканинг 24 соатида тўлиқ қувват билан ишлаши ҳисобидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.


122. Бунда рухсатсиз фойдаланилган газ ҳажмлари қийматининг ундирилиши истеъмолчини қоидани бузганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликдан озод қилмайди.


122-1. Тарифлар ўзгарганда истеъмол қилинган табиий газ учун ҳақ тўлаш ушбу Қоидаларнинг 100 - 101-бандларида белгиланган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади. Бунда истеъмолчи табиий газнинг аванс тариқасида тўланган ҳажми учун тўлов кунидан бошлаб кўпи билан кейинги 1 ой қўшимча тўлов тўлашдан озод қилинади.


11-БОБ. ТАБИИЙ ГАЗДАН ФОЙДАЛАНИШ

ҚОИДАЛАРИ БУЗИЛГАНДА ҲИСОБ-КИТОБ

ҚИЛИШ ТАРТИБИ


123. Истеъмолчи томонидан қуйида кўрсатилган қоида бузилишлари содир этилган тақдирда, ундан истеъмол қилинган табиий газ ҳажмлари нархи (амалдаги тарифлар бўйича) Бюро ёки газ таъминоти ташкилотининг ваколатли ходими сўнгги кўрикдан ўтказиш вақтидан бошлаб, газдан фойдаланиш ускунасининг сутканинг 24 соатида тўлиқ қувват билан ишлаши ҳисобидан келиб чиққан ҳолда ундирилади:

а) табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборига қасддан шикаст етказиш;

б) ўчириш қурилмалари, газдан фойдаланадиган ускуна ёки табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборида ўрнатилган тамғаларни қасддан бузиш;

в) табиий газ ҳисобини юритмасдан ёки ўрнатилган табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларидан фойдаланмасдан табиий газни ишлатиш, ойлик меъёрлар бўйича аҳоли маиший эҳтиёжлар учун табиий газ етказиб бериш бўйича хизмат кўрсатиш бундан мустасно;

г) газ қувурлари ёки ГТШларда, газ тақсимлаш тармоқларини технологик иш режимини бузишга олиб келадиган қурилмаларни ўрнатиш.


124. Маиший истеъмолчида ушбу Қоидаларнинг 123-бандида кўрсатиб ўтилган қоидабузарлик ҳолатлари, шунингдек, шахсий ҳисобрақамига (белгиланган меъёрлар бўйича истеъмол қилинган табиий газ миқдорини ҳисоблаш учун газ етказиб берувчи ташкилотнинг биллинг тизими) киритилган бошланғич маълумотлар (иситиш майдони, газдан фойдаланиш ускуналари сони ва яшовчилар сони) бузиб кўрсатилиши ҳолатлари аниқланганда, маиший истеъмолчидан Бюро ёки газ таъминоти ташкилоти ваколатли ходимининг сўнгги ташриф буюрган кунидан бошлаб, амалда аниқланган маълумотлар асосида белгиланган истеъмол меъёри бўйича ҳисобланган газ ҳажмининг ҳақи ундирилади.


125. Истеъмолчилар (маиший истеъмолчилардан ташқари) томонидан газлаштириш учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирмасдан газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланган тақдирда, ушбу хатти-ҳаракатларни содир этган шахслардан рухсатсиз фойдаланилган газ ҳажмлари қиймати истеъмолчи давлат рўйхатидан расмий ўтказилган кундан бошлаб (тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда) ўтган вақт мобайнида газдан фойдаланиш ускунасининг сутканинг 24 соатида тўлиқ қувват билан ишлаши (ёки стандарт газдан фойдаланиш ускунаси мавжуд эмаслигида қувурнинг ўтказиш имконияти) ҳисобидан келиб чиққан ҳолда, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган миқдорда ундирилади.

Шунингдек, тармоққа уланган газдан фойдаланиш ускунасининг бир суткада максимал (тўлиқ) қувват билан 24 соат ишлаши ҳисобидан келиб чиқиб, истеъмол қилинган табиий газ ҳажмларининг қиймати қуйидаги ҳолларда ундирилади:

а) ҳисобга олишни нотўғри кўрсатиш мақсадида ҳисобга олиш приборининг конфигурацияси ва созлигини ўзгартириш учун табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборига модем ёки бошқа алоқа воситаларининг рухсатсиз улангани аниқланганда - рухсатсиз аралашилган кундан бошлаб бутун вақт давомида (аралашиш ҳолати ва санасини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда), лекин даъво муддатидан кўп бўлмаган даврда;

б) табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборининг хотирасидан истеъмолчининг айби билан назорат қилинадиган маълумотлар қисман ёки тўлиқ йўқотилишига йўл қўйилганда - маълумотлар йўқотилган вақтдан носозлик аниқланган вақтгача (аралашиш ҳолати ва санасини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда), вақтни (даврни) аниқлаш имкони бўлмаганда - охирги кўрик ёки Бюро ёхуд газ таъминоти ташкилоти вакили бориб кўрган вақтдан бошлаб, лекин даъво муддатидан кўп бўлмаган даврда;

в) газ истеъмоли ҳажмлари ҳисобга олиш приборининг рухсат этилган максимал ўлчов чегарасидан ортиқча бўлганда. Ушбу ҳолатда пломбаланмаган газ жиҳозларида фойдаланилган газ учун ҳисоб-китоблар охирги хатловдан ўтказиш далолатномаси тузилган кундан, хатлов далолатномаси мавжуд бўлмаганда эса - Бюро ёки газ таъминоти ташкилоти вакили томонидан охирги марта бориб кўрилган кунда амалга оширилади;

г) ҳисобга олиш приборини улаш тартиби ва схемаси ўзгартирилганда, прибордан ташқари визуал аниқлаб бўлмайдиган яширин йўл билан уланишлар (газ қувурлари, байпас линиялари ва бошқаларни яширинча монтаж қилиниши) аниқланганда - охирги хатловдан ўтказиш далолатномаси тузилган кундан, лекин даъво муддатидан кўп бўлмаган даврда;

д) ҳисобга олиш прибори бузилганда ёки мавжуд бўлмаганда (истеъмолчи айби билан), пломбалар узилганда ва визуал аниқланадиган табиий газнинг ҳақиқий истеъмоли кўрсаткичларини камайтириш мақсадидаги бошқа қоидабузарликларда (жумладан, ҳисобга олиш приборидан ташқари ёки ундан олдин газ қувурлари ва байпас линиялари уланганда) - бир ҳисоб-китоб давридан кўп бўлмаган вақтда;

е) истеъмолчи томонидан газлаштириш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштирмасдан газдан фойдаланиш бўйича қўшимча ускуна ўрнатилганда - бир ҳисоб-китоб давридан кўп бўлмаган вақтда.

Бунда қоидабузарлик тўғрисидаги далолатномага мувофиқ амалга оширилган қайта ҳисоб-китоб ҳажми ва суммаси мазкур Қоидаларни бузилиши билан боғлиқ бўлган қонун бузилиши натижасида келтирилган зарарни ҳисоблаш учун асос ҳисобланади.

126. Ушбу Қоидаларнинг 123-125-бандларида қайд этилган қонун бузилиши ҳолатларида, фойдаланилган газ ҳажмлари қийматининг ундирилиши истеъмолчиларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликдан озод қилмайди.


127. Ушбу Қоидаларнинг 123-125 бандларини бузилиши ҳолатлари Бюронинг уч нусхада тузиладиган ҳамда газ таъминоти ташкилоти вакиллари ва истеъмолчи томонидан имзоланадиган далолатнома билан расмийлаштирилади. Истеъмолчи далолатномани имзолашдан бош тортганда, бу ҳақида далолатномага белги қўйилади. Бюро вакили газ таъминоти ташкилоти ваколатли шахслари билан бирга дарҳол мазкур истеъмолчиларни белгиланган тартибда газ тармоғидан узиб қўяди.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлганда, Бюронинг ваколатли ходими томонидан белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади.



12-БОБ. 100 КВТ ДАН ОРТИҚ ҚУВВАТГА ЭГА БЎЛГАН ГАЗДАН

ФОЙДАЛАНИШ УСКУНАЛАРИНИ ИШЛАТАДИГАН

ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ТОМОНИДАН ТАБИИЙ ГАЗДАН

ОҚИЛОНА, ХАВФСИЗ ФОЙДАЛАНИШ

ВА УНИ НОРМАЛАШ


128. Истеъмолчилар табиий газдан фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ёки бажарилаётган ишлар (хизматлар) бирлигига натура ҳолида ва шартли равишда ҳисобланган газ сарфининг тасдиқланган нормаларига эга бўлишлари керак.


129. Ишлаб чиқаришнинг барча даражаларида газ сарфини нормалаш амалдаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.


130. Газдан фойдаланиш ускуналарини ишлатадиган ташкилотлар ушбу ускуна учун газ сарфининг индивидуал нормаларига эга бўлиши, улар мавжуд бўлмаганда эса, лойиҳалаш ёки ихтисослаштирилган ташкилотларни жалб этган ҳолда уларнинг техник асосланган нормаларини ишлаб чиқиши керак.


131. Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини энергетика текширувидан ва экспертизадан ўтказиш Қоидаларига мувофиқ истеъмолчилар ташкилотларни (энергия аудиторларини) жалб этган ҳолда ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш мақсадида энергетика текширувини ўтказиши керак.

Ёқилғи-энергетика ресурсларидан ёки улар турларидан ҳар бирининг жами истеъмоли йилига икки минг тоннадан ортиқ шартли ёқилғини ташкил қиладиган истеъмолчилар энергетика текширувларидан мажбурий ўтказилиши керак.

Ёқилғи-энергетика ресурсларини энергетика текшируви натижалари бўйича энергия аудиторлари томонидан ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишдаги қоида бузилишларини бартараф этишга доир тавсиялар ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий-техник тадбирлар рўйхати техник имкониятлар мавжуд бўлганда иккиламчи энергетика ресурсларидан фойдаланган ҳолда берилади.


132. Табиий газни сарфлаш нормалари истеъмолчи томонидан тасдиқланади ва газдан самарали ва оқилона фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши, такомиллаштирилиши керак.


133. Йил мобайнида тасдиқланган нормалар ускуналар алмаштирилган ёки реконструкция қилинган, буюмлар турлари, фойдаланиладиган хомашё таркиблари ўзгарган ҳолларда, газ сарфининг ўзгаришига сабаб бўлган ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича ташкилий-техник тадбирлар бажарилишини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши мумкин.


134. Табиий газни сарфлаш нормаларига риоя қилиниши ҳамда ундан самарали ва оқилона фойдаланиш юзасидан ички назорат ташкилотларнинг раҳбарлари томонидан амалга оширилади.



13-БОБ. ГАЗ ТАЪМИНОТИ ТАШКИЛОТИ ВА

ТАБИИЙ ГАЗ ИСТЕЪМОЛЧИСИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


135. Газ таъминоти ташкилоти қуйидагиларга мажбур:

а) ўзига қарашли бўлган газ тармоқларини соз ҳолатда сақлаш ва уларни ўз ҳисобидан таъмирлаш-тиклаш;

б) ўз газ тармоқларининг техник ҳолатини ва уларда рухсатсиз уланишларни аниқлаш учун даврий кўздан кечириш;

в) табиий газ етказиб бериш қисқарган ёки тўхтаган тақдирда бу тўғрида истеъмолчиларни хабардор қилиш;

г) табиий газнинг рухсатсиз истеъмол қилинганлиги, газ тармоқлари моддий бойликларининг талон-тарож қилинганлиги тўғрисида Бюро ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини хабардор қилиш;

д) истеъмолчига газ етказиб бериш бўйича шартномада кўрсатилган шартларга мувофиқ газ етказиб бериш. Баҳор-ёз даврида барча истеъмолчиларга газ етказиб бериш учун ресурслар ва қувватлар етарли бўлмаган ҳолларда, истеъмолчилар ўртасида газ тақсимоти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

е) истеъмолчиларга йўриқномалар бериш ва хонада ўрнатилган газ приборларидан хавфсиз фойдаланиш масалалари бўйича эслатмани топшириш. Бунда йўриқномалар газ таъминоти ташкилотининг масъул ходими томонидан ўтказилиб, табиий газни етказиб бериш шартномаси иловасига белги ва истеъмолчига имзо қўйдирилиши шарт. Эслатмада газ таъминоти ташкилотининг авария хизмати телефон рақамлари кўрсатилади.

ж) Бюро ва ваколатли давлат органларининг мажбурий кўрсатмаларини бажариш;

з) газ таъминоти ташкилоти томонидан тасдиқлаган жадваллар ва тарифлар бўйича истеъмолчиларнинг ички газ тармоқлари ва газдан фойдаланиш ускуналарини қуйидаги муддатларда техник тафтишдан ўтказиш ва уларга профилактик хизмат кўрсатиш:

кўп қаватли турар жойлардаги газ плиталар, бошқа газ приборлари мавжуд бўлмаганда - икки йилда бир марта;

турар жойлардаги газ плиталари, иситиш, сув иситиш приборлари - йилда бир марта, профилактик хизмат кўрсатиш - ҳар бир иситиш мавсуми бошланишидан аввал;

и) истеъмолчиларни техник хизмат кўрсатиш (тафтиш ўтказиш) саналари ҳақида турар жойлар йўлакларида эълонлар ёки бошқа мавжуд усуллар орқали камида уч сутка аввал огоҳлантириш;

к) газдан фойдаланиш ускуналарини истеъмолчиларнинг ёзма ёки электрон буюртмалари асосида газ таъминоти ташкилоти томонидан тасдиқланган тарифлар бўйича қуйидаги муддатларда таъмирлаш:

табиий газ сизиб чиқишида - дарҳол;

овқат тайёрлаш учун мўлжалланган газдан фойдаланиш ускуналарининг носозлигида - бир кун давомида;

иситиш мавсумида иситиш учун мўлжалланган газдан фойдаланиш ускуналарининг носозлигида - бир кун давомида;

иссиқ сув ва иситиш учун мўлжалланган газдан фойдаланиш ускуналарининг носозлигида (иситиш мавсумидан ташқари вақтда) - икки кун давомида;

газдан фойдаланиш ускуналарини алмаштиришда - беш кун давомида.

л) табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичларини ҳар ойда киритиб бориш, тўловларни амалга ошириш ва интерактив хизматларнинг бошқа имкониятларидан фойдаланиш учун маиший истеъмолчига ҳақ ундирмасдан шахсий кабинет очиш имконини бериш;

м) маиший истеъмолчи аризасига асосан ҳисоб-китоб ҳолати ҳамда истеъмол қилинган табиий газ учун қарздорлик мавжуд эмаслиги (мавжудлиги) ҳақида маълумотномани икки иш куни ичида ҳақ ундирмаган ҳолда тақдим этиш;

н) қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятлар.


136. Газ таъминоти ташкилоти истеъмолчиларнинг газдан фойдаланиш ускуналари ва газ тармоқларига белгиланган тартибда техник хизмат кўрсатади ҳамда уларни тафтишдан ўтказади.


137. Газдан фойдаланиш ускуналари ва ички газ тармоқларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни тафтишдан ўтказиш тегишли норматив ҳужжатларда белгиланган ҳажмда ва муддатларда амалга оширилиши лозим.


138. Газ таъминоти ташкилоти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) техник заруратга кўра, истеъмолчини ушбу Қоидаларга мувофиқ белгиланган тартибда хабардор қилган ҳолда, табиий газни етказиб беришни қисқартириш ёки тўхтатиш;

б) ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари аниқланганда, белгиланган тартибда газ тармоғидан узиб қўйиш;

в) истеъмолчилардан ушбу Қоидаларни ва табиий газни етказиб бериш шартномаси шартларини бажаришни талаб қилиш;

г) табиий газни етказиб бериш шартномасини қонун ҳужжатларига мувофиқ бир томонлама бекор қилиш;

д) газ тармоқларида авариянинг олдини олиш ёки бартараф этиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриш зарурати юзага келганда, истеъмолчи билан келишмасдан ва уни огоҳлантирмасдан ҳамда зудлик билан хабардор қилган ҳолда, табиий газни етказиб беришни тўхтатиш ёки чеклаш;

е) Ушбу Қоидаларнинг 123-125-бандларида назарда тутилган ҳолатларда, аниқланган қоидабузарликлар бартараф этилгунига қадар аввалдан огоҳлантирмаган ҳолда газ етказиб беришни тўхтатиш;

ж) газ сарфини ҳисобга олиш приборларига уларнинг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида ташқаридан аралашилган, ўрнатилган пломбаларнинг бутунлиги бузилган ва пломбалар узилган ҳолларда газ тармоқларига рухсатсиз улангандаги каби мазкур Қоидаларнинг 67, 123-125-бандларида назарда тутилган чораларни қўллаш.

139. Маиший истеъмолчилар мажбуриятлари:

а) янги турар жойларга кўчиб ўтилганда ҳамда мавжуд уй-жой фондини газлаштириш давомида газ хўжалигидан хавфсиз фойдаланиш қоидалари бўйича кўрсатмалар олиш;

б) ўз тасарруфидаги газ тармоқлари, приборлар, ускуналар, шунингдек, фойдаланилаётган ертўлалар, техник йўлаклар ва бошқаларни соз ҳолатда сақлаш, электр ёритиш ва вентиляция тизимининг доимий ишлашини таъминлаш;

в) бинолар ертўлаларидаги ер ости коммуникацияларининг зичлигини, шунингдек, бинолар қурилиш элементларининг газ тармоқлари билан ўзаро кесишган жойларини кузатиб бориш;

г) фавқулодда ва авария ҳолатларида, куннинг исталган вақтида ўз хизмат гувоҳномаларини кўрсатган газ таъминоти ташкилоти ишчиларига қаршилик кўрсатмасдан уларнинг газ сизиб чиқиш ҳолатини текшириш учун барча ертўлалар, техник йўлаклар, хоналарга киришини таъминлаш;

д) белгиланган тартибда тутун мўрилари, мўриларнинг каллакларини ва вентиляция каналларининг ҳолатини ўз вақтида текширилишини ташкил қилиш;

е) тутун мўрилари ва вентиляция каналларидаги носозликлар тўғрисида ёнғин хавфсизлиги хизматларига носозликларни тузатиш учун зудлик билан хабар бериш;

ж) газ таъминоти ташкилотини хусусий мулк ҳуқуқида тегишли бўлган турар жойларни бузилиши ёки қайта қурилиши ҳақида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилиш;

з) Бюро ва газ таъминоти ташкилотининг мажбурий кўрсатмаларини бажариш;

и) уй ичи газ қувурини чиришдан ҳимоя қилиш чораларини кўриш, мунтазам равишда бўяб туриш;

к) табиий газдан оқилона фойдаланиш;

л) фойдаланилган табиий газ ва газдан фойдаланиш ускунаси ҳамда уй ичи газ тармоқларига хизмат кўрсатиш юзасидан бажарилган ишлар учун газ таъминоти ташкилоти билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш;

м) газ приборларини тоза сақлаш, таом тайёрлаш жараёнида газ ёндиргичларни ифлосланишдан сақлаш;

н) газлаштириш лойиҳаси сақланишини таъминлаш ҳамда уни газ таъминоти ташкилоти ва бошқа ваколатли давлат органлари вакили талаби билан тақдим қилиш;

о) ертўла, йўлак, ҳовли, кўчада табиий газ ҳиди сезилган тақдирда, авария хизматига "104" телефони орқали хабар бериш;

п) газ билан тўлган жойлардан одамларни олиб чиқиш, электр ёритиш тизими ёниб ва ўчиб қолиши, очиқ олов ёки учқун пайдо бўлишини олдини олиш юзасидан чоралар кўриш;

р) Бюронинг вакилларига соат 08-00 дан 20-00 гача табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларини кўздан кечириш учун қаршиликсиз кириш имкониятини таъминлаш;

с) табиий газни истеъмолини ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларнинг ишлашига тўсқинлик қилувчи ҳаракатларни амалга оширмаслик, уларга қасддан шикаст етказишнинг олдини олиш ва ўрнатилган тамғаларни бутунлигини таъминлаш.


140. Бошқа истеъмолчиларнинг мажбуриятлари:

а) табиий газдан оқилона ва самарали фойдаланиш;

б) ўз тасарруфидаги газ қувурлари ва газ хўжалиги ускуналарини техник соз ҳолатда сақлаш;

в) газ тармоқларида ёки газдан фойдаланиш ускунасида вужудга келган табиий газ сизиб чиқиши ҳолати ҳақида газ таъминоти ташкилоти диспетчерлик хизматларини зудлик билан хабардор қилиш;

г) ўзининг газ тармоқлари дахлсизлигини таъминлаш ва эҳтимоли бўлган рухсатсиз уланишларни аниқлаш мақсадида уларни ва улардаги ускуналарни мунтазам равишда кўздан кечириб чиқиш;

д) газ таъминоти ташкилотлари газ тармоқларига сертификатланмаган, газлаштириш лойиҳасига (ЛТҲ) мувофиқ бўлмаган газдан фойдаланиш ускунасининг уланишига йўл қўймаслик;

е) Бюро ва газ таъминоти ташкилоти вакилларининг (тегишли гувоҳнома кўрсатилган тақдирда) табиий газни истеъмол қилишни ҳисобга олиш приборларини ва/ёки газдан фойдаланиш ускунасини куннинг исталган вақтида эркин кўздан кечиришини таъминлаш;

ж) газдан фойдаланиш ускунасидаги носозликларни (бундай турдаги ишларни бажариш ҳуқуқига эга бўлган ихтисослаштирилган бригадалар ёки ходим ёрдамида) бартараф этиш;

з) табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларнинг ишлашига тўсқинлик қилувчи ҳаракатларни амалга оширмаслик, уларнинг қасддан бузилишига йўл қўймаслик ва ўрнатилган тамғаларнинг бутунлигини таъминлаш;

и) табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари ишидаги носозлик аниқланган тақдирда, газ таъминоти ташкилотини ўзи учун қулай шаклда дарҳол хабардор қилиш.


141. Маиший истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) табиий газнинг стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларда кўзда тутилган ҳажмда ва сифатда, узатиш режимига риоя қилган ҳолда тўхтовсиз етказиб берилиши;

б) табиий газни етказиб бериш шартномаси бекор қилинганда, фойдаланилмаган газ ҳажми учун тўланган суммани қайтаришни талаб қилиш;

в) табиий газни етказиб бериш шартномасини қонун ҳужжатларига мувофиқ бир томонлама бекор қилиш;

г) табиий газ узатиш тўхтатилиши натижасида вужудга келган зарарни қоплашни талаб этиш;

д) газ таъминоти ташкилоти вакилини узиш ва қайта уланиш учун қўшимча ҳақ тўламасдан, газ приборларини газ таъминотидан вақтинча ёки тўлиқ узиб қўйиш мақсадида чақириш;


142. Бошқа истеъмолчилар газ таъминоти ташкилотидан:

а) етказиб берилган табиий газнинг аниқланган ҳажмига ва бошқа параметрларга норози бўлган тақдирда, газ етказиб берувчининг табиий газни истеъмолини ҳисобга олиш приборлари ишлашининг ишончлилигини текшириш учун комиссия ташкил этиш;

б) табиий газнинг стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларда кўзда тутилган сифатда ва етказиб бериш режимига риоя қилган ҳолда узатилиши;

в) табиий газни етказиб бериш шартномаси бекор қилинганда, фойдаланилмаган газ ҳажми учун тўланган суммани қайтариш;

г) табиий газни етказиб бериш шартномасини қонун ҳужжатларига мувофиқ бир томонлама бекор қилиш;

д) табиий газ узатиш тўхтатилиши натижасида вужудга келган зарарни қоплаш;

е) табиий газ етказиб беришни вақтинча тўхтатишни талаб этиш ҳуқуқига эга.

Истеъмолчилар қонунга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


143. Табиий газдан фойдаланишда қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

а) ўзбошимчалик билан газлаштириш, газдан фойдаланиш ускунасини мустақил равишда кўчириш, алмаштириш ва таъмирлаш;

б) газдан фойдаланиш ускунаси жойлашган хоналарда меъёрий талабларга номувофиқ тарзда қайта режалаштириш;

в) газдан фойдаланиш ускунаси, мўри ва вентиляция тизимлари тузилишига ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритиш, шунингдек, мўриларни тозалаш учун мўлжалланган вентиляция каналлари ва люкларни ёпиб қўйиш;

г) хавфсизлик ва тартибга солиш автоматика тизимини ўзбошимчалик билан ўчириш, газ приборлари, автоматика ва арматура яроқсиз ҳолга келган тақдирда газдан фойдаланиш;

д) газлаштирилган печлар ва мўриларда синч зичлиги, сувоқдаги (ёриқлар) бузилиши ҳолатларида табиий газдан фойдаланиш;

е) табиий газдан мўри ва вентиляция каналлари текширилганлиги ва тозаланганлиги ҳақидаги далолатнома мавжуд бўлмаганда ёки унинг муддати ўтганидан сўнг фойдаланиш;

ж) мўри ва вентиляция каналларини ўзбошимчачилик билан тозалаш;

з) дарчалар (фрамугалар), жалюзи панжаралари, вентиляция каналлари панжаралари, ҳаммом ва ошхона эшиклари остидаги тирқишларнинг ёпиқ ҳолатларида, мўри ва вентиляция каналларида тортиш кучи йўқ бўлганда газ приборларидан фойдаланиш;

и) ишлаб турган газ приборларини қаровсиз қолдириш, узлуксиз ишлаб туришни назарда тутадиган ва бунинг учун тегишли автоматлаштирилган тизимга эга газ приборлари бундан мустасно;

к) газдан фойдаланиш ускуналаридан мактабгача ёшдаги болалар, шунингдек, ўз хатти-ҳаракатларини назорат қила олмайдиган ва ушбу ускуналардан фойдаланиш қоидаларидан бехабар шахслар фойдаланишга рухсат этиш;

л) газ қувурларига арқон боғлаш ва газ қувурларига оғир вазнли буюм қўйиш;

м) табиий газ ва газдан фойдаланиш ускуналаридан бошқа мақсадларда фойдаланиш, газ плиталарини хоналарни иситиш учун фойдаланиш;

н) газдан фойдаланиш ускунаси ўрнатилган хоналардан ухлаш ва дам олиш учун фойдаланиш;

о) табиий газ сизиб чиқиш жойларини аниқлаш учун очиқ оловдан фойдаланиш.



14-БОБ. ГАЗ ТАЪМИНОТИ ТАШКИЛОТИНИНГ

ТАБИИЙ ГАЗ ҲИСОБОТ БАЛАНСИНИ

ТУЗИШ ТАРТИБИ


144. Газ таъминоти ташкилоти газ тақсимлаш тармоқлари орқали олинган табиий газнинг қабул қилинган ва тақсимланган ҳажми бўйича ҳисобот балансини (кейинги ўринларда табиий газ баланси деб аталади) тузади.


145. Ҳисобот даври учун табиий газ баланси олинган табиий газ умумий ҳажмининг табиий газни умумий тақсимлаш йиғиндисига тенглиги орқали қуйидагилар бўйича аниқланади:

истеъмолчиларга сотилган табиий газ ҳажми (шу жумладан, ноқонуний фойдаланувчилар томонидан сарф қилинган газ ҳажми);

фойдаланиш ва технологик эҳтиёжлар учун сарфланган табиий газ ҳажми (алоҳида ҳужжат асосида тартибга солинади);

табиий газни йўқотиш ҳажмлари (алоҳида ҳужжат асосида тартибга солинади);

табиий газнинг газ тармоқларидаги технологик қолдиқлари;

қабул қилинган ва тақсимланган табиий газ ҳажмлари орасидаги мусбат ва манфий фарқлар.


146. Мусбат фарқ вужудга келганда, яъни тақсимланган табиий газ ҳажми қабул қилинган табиий газ ҳажмидан ортиқ бўлганда, мазкур фарқ ҳисоботда маълумот ўрнида кўрсатилиб, етказиб берилган табиий газ ҳажмига (ҳажм ошмаган ҳолда) таъсир қилмайди.


147. Манфий фарқ вужудга келганида, яъни тақсимланган табиий газ ҳажми қабул қилинган табиий газ ҳажмидан кам бўлганда, мазкур фарқ ҳисоботда табиий газ таннархига қўшиб ҳисобланади. Бунда узоқ вақт давомида табиий газнинг талон-тарож қилиниши оқибатида аниқланган табиий газ ҳажмлари ҳисобот даври якунида табиий газ ҳажмида вужудга келган манфий фарқ ҳисобидан чиқарилади.


148. "Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ижроия органи томонидан ҳар бир ҳисобот йили якунида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда табиий газ балансида вужудга келган фарқлар юзасидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

манфий фарқнинг қолдиқ суммаси жамиятнинг "даврий харажатлари"га ўтказилади;

мусбат фарқнинг қолдиқ суммаси жамиятнинг даромади деб тан олинади.

Ижроия органининг вужудга келган фарқлар юзасидан қабул қилинган қарори Бюрога тақдим этилади.


149. Газ таъминоти ташкилотлари Бюро билан биргаликда қонунчиликда белгиланган тартибда ҳар ойда салбий фарқнинг вужудга келиш сабабларини аниқлаш, шунингдек, асоссиз йўқотишларга йўл қўйган айбдор шахслардан қарздорликни газни сотиш нархларида ундириш чораларини кўриши шарт.



15-БОБ. ТАБИИЙ ГАЗДАН ФОЙДАЛАНИШ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


150. Газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотлари, Бюро ва истеъмолчилар ушбу Қоидалар талаблари бузилиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

      

     




Қоидаларга

ИЛОВА


Табиий газ етказиб беришнинг алоҳида тартиби

белгиланадиган стратегик ташкилотлар

РЎЙХАТИ


I. "ИЭС" АЖ:


1. Навоий ИЭС


2. Сирдарё ИЭС


3. Тошкент ИЭС


4. Янги Ангрен ИЭС


5. Тошкент ИЭМ


6. Фарғона ИЭМ


7. Толимаржон ИЭС


8. Муборак ИЭМ


9. Тахиатош ИЭС


10. Тўрақўрғон ИЭС


II. "Ўзкимёсаноат"АЖ:


1. "Навоийазот" АЖ


2. "Максам-Чирчиқ" АЖ


3. "Фарғонаазот" АЖ


III. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва маҳаллий ижро этивчи ҳокимият органлари тузилмасига кирадиган иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш ташкилотлари.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 16 январь




























































Время: 0.1396
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск