язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Конституциялар ва кодекслар/ Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси/ Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси (ЎзР 22.01.2018 й. 460-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК ПРОЦЕССУАЛ

КОДЕКСИ


I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Фуқаролик суд ишларини юритиш

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари буйруқ тартибидаги ишларни, даъво тартибидаги ишларни, алоҳида тартибда юритиладиган ишларни, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишларни ва чет давлат судларининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судларининг (арбитражларининг) ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш ҳамда ҳал этиш тартибини белгилайди.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида кўрсатилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



2-модда. Фуқаролик суд ишларини юритиш вазифалари


Фуқаролик суд ишларини юритиш вазифалари қуйидагилардан иборат:

фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқлари ва манфаатларини, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишларини тўғри, ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этиш;

қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, демократияни, ижтимоий адолатни, фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга кўмаклашиш;

қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантириш.



3-модда. Суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи


Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланади.

Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.

Судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақиқий эмас.



4-модда. Судга мурожаат қилиш шакли


Судга мурожаат қилиш:

фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича - даъво аризаси шаклида;

буйруқ тартибида иш юритиш бўйича, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда - ариза шаклида;

апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судларига мурожаат этилганда - шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.

Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин



5-модда. Фуқаролик иши


Фуқаролик иши ишда иштирок этувчи шахслар, фуқаролик суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари судга тақдим этган ёки суд томонидан талаб қилиб олинган ҳужжатлар ва суд ҳужжатлари асосида суд томонидан шакллантирилади.

Фуқаролик иши электрон шаклда шакллантирилиши мумкин.

Электрон шаклда шакллантирилган фуқаролик ишининг қоғоздаги кўчирма нусхаси бўлиши мумкин.

Фуқаролик иши электрон шаклда шакллантирилган тақдирда, ишда иштирок этувчи шахслар ва фуқаролик суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари ҳужжатларни судга электрон шаклда тақдим этишга ҳақли. Ишда иштирок этувчи шахслар ва фуқаролик суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари судга тақдим этган ёзма ҳужжатлар ишга электрон шаклда қўшиб қўйилади, шундан сўнг ёзма ҳужжатлар уларни тақдим этган шахсларга қайтарилади.

Фуқаролик иши электрон шаклда шакллантирилган тақдирда, суд ҳужжатлари судьянинг (судьяларнинг) электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади, суд мажлисларининг ҳамда процессуал ҳаракатларнинг баённомалари эса раислик қилувчининг ва суд мажлиси котибининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Электрон шаклда шакллантирилган фуқаролик ишини бошқа судга ёки ўзга органга ўтказиш ахборот тизими орқали амалга оширилади.



6-модда. Суд ҳужжатлари


Суд кўрилаётган ва ҳал этилаётган масала бўйича ҳал қилув қарори, ажрим, қарор ва буйруқ қабул қилади.

Биринчи инстанция суди ишни мазмунан кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарори қабул қилади, ушбу Кодекснинг 18-бобида назарда тутилган ҳолларда эса суд буйруғи қабул қилади.

Апелляция, кассация инстанцияси суди ишни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ишни назорат тартибида кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати ишни назорат тартибида кўриш натижалари бўйича қарор чиқаради.

Суд қонунда ўзининг ваколатига киритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш натижалари бўйича қарор чиқаради.

Суд иш мазмунан ҳал этилмайдиган масалаларни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради.



2-БОБ. ФУҚАРОЛИК СУД ИШЛАРИНИ

ЮРИТИШ ПРИНЦИПЛАРИ


7-модда. Одил судловнинг фақат суд томонидан амалга оширилиши


Фуқаролик ишлари бўйича одил судлов фақат суд томонидан, ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича амалга оширилади.



8-модда. Қонун ва суд олдида тенглик


Фуқаролик ишлари бўйича одил судлов фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан, ташкилотларнинг эса ташкилий-ҳуқуқий шаклидан, мулкчилик шаклидан, жойлашган ери, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.



9-модда. Судьяларнинг мустақиллиги ва

уларнинг фақат қонунга бўйсуниши


Фуқаролик ишлари бўйича одил судловни амалга оширишда судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар.

Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирор-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлади.



10-модда. Тарафлар тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги


Фуқаролик суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади.



11-модда. Суд ишлари юритиладиган тил


Ўзбекистон Республикасида фуқаролик суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади.

Суд ишлари юритиладиган тилни билмайдиган шахсларга ишга тааллуқли материаллар билан ўз она тилида тўлиқ танишиб чиқиш, судда она тилида ёки ўзи биладиган бошқа тилда сўзлаш, кўрсатув ва тушунтиришлар бериш, арз билан мурожаат этиш, илтимосномалар тақдим этиш, шунингдек ушбу Кодексда белгиланган тартибда таржимоннинг хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланади.

Ишда иштирок этувчи ва суд ишлари юритиладиган тилни билмайдиган шахс ишдаги суд ҳужжатлари берилишини сўраб ёзма ариза билан мурожаат этган тақдирда, унга суд ҳужжатлари унинг она тилига ёки у биладиган бошқа тилга таржима қилиб топширилади.



12-модда. Суд муҳокамасининг ошкоралиги


Барча судларда ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилади.

Давлат сирига, фарзандликка олиш сирига тааллуқли маълумотлар мавжуд бўлган ишлар бўйича ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ишнинг муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар ошкор бўлишининг олдини олиш, ёзишмалар сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш мақсадида ёпиқ суд муҳокамаси ўтказилишига йўл қўйилади.

Иш суднинг ёпиқ мажлисида кўрилаётганида ишда иштирок этувчи шахслар, зарур ҳолларда эса гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар ҳам ҳозир бўлади.

Ишни суднинг ёпиқ мажлисида эшитиш фуқаролик суд ишлари юритишнинг барча қоидаларига риоя қилинган ҳолда олиб борилади. Суднинг ёпиқ мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Суднинг ҳал қилув қарори барча ҳолларда ошкора ўқиб эшиттирилади.

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари тарафларнинг розилиги билан ёки шахсини кўрсатмаган тарзда суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши мумкин, бундан суднинг ёпиқ мажлисида қабул қилинган суд ҳужжатлари мустасно.



13-модда. Суд муҳокамасининг бевоситалиги ва оғзакилиги


Суд фуқаролик ишини кўраётганда ишга оид далилларни бевосита текшириши: ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини, гувоҳларнинг кўрсатувларини, экспертларнинг хулосаларини ва мутахассисларнинг маслаҳатларини (тушунтиришларини) эшитиши, ёзма далиллар билан танишиши, ашёвий далилларни кўздан кечириши шарт.

Ишнинг муҳокамаси оғзаки равишда ўтади.



14-модда. Ишларни қонун ҳужжатлари асосида ҳал қилиш


Суд ишларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари асосида ҳал қилиши шарт. Суд, агар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига зид бўлмаса, бошқа қонун ҳужжатларини ҳам қўллайди.

Низоли муносабатни тартибга соладиган ҳуқуқ нормалари мавжуд бўлмаган тақдирда, суд шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқ нормаларини қўллайди, бундай нормалар мавжуд бўлмаганда эса низони қонунларнинг умумий асослари ва мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳал этади.

Суд Ўзбекистон Республикасининг қонунига ёки халқаро шартномасига мувофиқ чет давлатнинг ҳуқуқ нормаларини ҳам қўллайди.



15-модда. Ишнинг ҳақиқий ҳолати, тарафларнинг ҳуқуқ

ва мажбуриятларини суд томонидан аниқланиши


Суд тақдим этилган материаллар ва тушунтиришлар билан чекланмасдан, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш учун қонунга мувофиқ чоралар кўришга ҳақли.

Суд ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши, уларни процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ёки амалга оширмаслик оқибатлари тўғрисида огоҳлантириши ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишида кўмаклашиши керак.



16-модда. Суд ҳужжатларининг мажбурийлиги


Суднинг қонуний кучга кирган ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа органлар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим.

Суд ҳужжатини бажармаслик қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.

Суд ҳужжатининг мажбурийлиги манфаатдор шахсларни ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун, башарти буларга дахлдор низо судда кўриб чиқилмаган ва ҳал этилмаган бўлса, судга мурожаат қилиш имкониятидан маҳрум этмайди.



3-БОБ. СУД ТАРКИБИ


17-модда. Фуқаролик ишининг якка тартибда ва ҳайъатда кўрилиши


Фуқаролик иши (бундан буён матнда иш деб юритилади) биринчи инстанция судида судья томонидан якка тартибда кўрилади. Судья ишни якка тартибда кўраётганда ва ҳал қилганида у суд номидан иш юритади.

Кўп таркибли судларда муайян ишни кўриш учун суд таркиби судьяларнинг иш ҳажми ва ихтисослашувини ҳисобга олган ҳолда, суд муҳокамасининг натижасидан манфаатдор шахслар унинг шакллантирилишига таъсир кўрсатишини истисно этадиган тартибда, шу жумладан автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда шакллантирилиши мумкин.

Ишни апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судларида кўриш уч нафар судьядан иборат таркибда ҳайъатда амалга оширилади.

Ишни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида кўриш Раёсат аъзоларининг кўпчилиги иштирокида ҳайъатда амалга оширилади.

Иш ҳайъатда кўрилаётганда судьялардан бири суд мажлисида раислик қилади.

Ишни кўриш ва ҳал этишда барча судьялар тенг ҳуқуқларга эга бўлади.



18-модда. Суд таркибининг ўзгармаслиги


Бир судья ёки суд таркиби томонидан кўрилиши бошланган иш шу судья ёки суд таркиби томонидан кўриб тугатилиши лозим.

Судья ёки судьялардан бири қуйидаги ҳолларда алмаштирилиши мумкин:

ўзини ўзи рад қилиш ёки судьяни рад қилиш ушбу Кодексда белгиланган тартибда арз қилинган ва қаноатлантирилганда;

судья йўқлиги туфайли ишни ўз вақтида кўришнинг имконияти бўлмаганда.

Судья алмаштирилгандан сўнг ишни кўриш бошидан бошланади.



19-модда. Суд томонидан масалаларни ҳал қилиш тартиби


Ишнинг муҳокамаси чоғида юзага келадиган барча масалалар судья томонидан якка тартибда, ишни судьялар ҳайъати кўраётганда эса судьяларнинг кўпчилик овози билан ҳал этилади.

Масала ҳайъат таркибида ҳал қилинаётганида судьяларнинг бирортаси ҳам овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас. Раислик қилувчи ҳаммадан кейин овоз беради.

Озчилик томонида қолган судья суд ҳужжатини имзолаши шарт ва алоҳида фикрини ёзма шаклда баён қилишга ҳақли. Судьянинг алоҳида фикри конвертга солиниб муҳрланган ҳолда ишга қўшиб қўйилади, бироқ ўқиб эшиттирилмайди. Ишда иштирок этувчи шахслар судьянинг алоҳида фикри билан таништирилмайди. Юқори инстанция суди судьянинг алоҳида фикри билан танишишга ҳақли.



20-модда. Ишни кўришда судьянинг такрор

иштирок этишига йўл қўйилмаслиги


Ишни биринчи инстанция судида кўрган судья, агар суднинг ҳал қилув қарори апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси суди томонидан бекор қилинган бўлса, бу ишни такроран кўриши мумкин эмас.

Ишни биринчи инстанция судида кўрган судья шу ишни апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ишни апелляция инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи, кассация, назорат инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ишни кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи, апелляция ёки назорат инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ишни назорат тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судида ёхуд Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида назорат тартибида кўришда иштирок эта олмайди.

Ишни назорат тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судида ёхуд Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида назорат тартибида кўришда иштирок эта олмайди.



4-БОБ. СУДЬЯНИ ВА ПРОЦЕССНИНГ БОШҚА

ИШТИРОКЧИЛАРИНИ РАД ҚИЛИШ


21-модда. Судьяни рад қилиш асослари


Қуйидаги ҳолларда судья ишни кўриши мумкин эмас ва рад қилиниши лозим, агар у:

1) шу иш илгари кўрилганида судья сифатида иштирок этган бўлса ва ушбу Кодекс талабларига мувофиқ ишни кўришда такрор иштирок этишига йўл қўйилмаса;

2) ишнинг натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислиги ва беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса;

3) шу иш илгари кўрилганида ҳакамлик судининг судьяси, прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон, суд мажлисининг котиби, гувоҳ ва вакил сифатида иштирок этган бўлса;

4) тараф ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг қариндоши бўлса;

5) ишни кўраётган ҳайъат таркибига кирувчи судьянинг қариндоши бўлса.



22-модда. Прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон

ва суд мажлиси котибини рад қилиш асослари


Ушбу Кодекс 21-моддасининг 2 ва 4-бандларида кўрсатилган рад қилиш асослари прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон ва суд мажлиси котибига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Агар эксперт, мутахассис ва таржимон тарафлар ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга хизмат юзасидан ёхуд бошқача тарзда қарам бўлса, агар эксперт ва мутахассис ҳам тафтиш ўтказган ёхуд хулоса берган бўлиб, уларнинг материаллари мазкур ишни қўзғатишга асос бўлиб хизмат қилган бўлса, уларни рад қилиш тўғрисида ариза берилиши мумкин.



23-модда. Рад қилиш ҳақида ариза бериш


Ушбу Кодекснинг 21 ва 22-моддаларида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлса, судья, прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон, суд мажлиси котиби ўзини ўзи рад қилиш ҳақида арз қилиши шарт. Ишда иштирок этувчи шахслар ҳам шу асосларга кўра уларни рад қилиш ҳақида арз қилиши мумкин.

Прокурорни, экспертни, мутахассисни, таржимонни, суд мажлиси котибини рад қилиш суднинг ташаббусига кўра ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

Рад қилиш ҳақидаги арз асослантирилган бўлиши ва ишни мазмунан кўриш бошлангунига қадар маълум қилиниши лозим. Рад қилиш асоси судга ёки рад қилинаётган шахсга ишни кўриш бошланганидан сўнг маълум бўлиб қолган ҳоллардагина рад қилиш ҳақида кечикиб арз қилишга йўл қўйилади.

Айни бир шахс томонидан айни бир асослар бўйича такроран рад қилиш арз қилиниши мумкин эмас. Такроран рад қилиш арз қилинган тақдирда, у кўриб чиқилмайди.



24-модда. Рад қилиш тўғрисидаги арзни ҳал этиш тартиби


Рад қилиш тўғрисида арз қилинган тақдирда, суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрини, агар рад қилиниши талаб этилаётган шахс тушунтириш беришни хоҳласа, унинг тушунтиришини ҳам эшитиши керак.

Ишни якка тартибда кўрадиган судьяни рад қилиш тўғрисидаги масала суд раиси томонидан, якка таркибли судда эса, шу судьянинг ўзи томонидан ҳал этилади.

Суд ҳайъатининг аъзоси бўлган судьяни рад қилиш ҳайъат аъзолари бўлган қолган судьялар томонидан ушбу судья йўқлигида ҳал этилади. Рад қилишни ёқлаб ва унга қарши берилган овозлар сони тенг бўлиб қолганда, судья рад қилинган ҳисобланади.

Иш ҳайъатда кўрилаётганда икки судьяни ёки суднинг бутун таркибини рад қилиш арз қилинган тақдирда, рад қилиш масаласи суднинг шу таркиби томонидан оддий кўпчилик овоз билан ҳал қилинади.

Рад қилиш масаласини ҳал этиш учун судья (суд) алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киради ва рад қилишни қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисида ажрим чиқаради.

Ўзини ўзи рад қилиш тўғрисидаги ва прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон ва суд мажлиси котибини рад қилиш ҳақидаги масала ушбу моддада назарда тутилган тартибда, ишни кўриб чиқаётган суд томонидан ҳал қилинади.



25-модда. Рад қилиш тўғрисидаги аризани

қаноатлантириш оқибатлари


Судья рад қилинган тақдирда иш фуқаролик ишлари бўйича шу туманлараро, туман (шаҳар) судида, лекин бошқа судья томонидан кўрилади ёки кўриш учун фуқаролик ишлари бўйича бошқа туманлараро, туман (шаҳар) судига ўтказилади.

Иш Ўзбекистон Республикаси Олий судида, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича судида, фуқаролик ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судида кўрилаётганида судья ёки суднинг бутун таркиби рад қилинган тақдирда, иш шу суднинг ўзида, лекин бошқа суд таркибида кўрилади.

Агар Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича судида, фуқаролик ишлари бўйича вилоят ёки Тошкент шаҳар судида ушбу Кодекснинг 21-моддасида кўрсатилган сабабларга кўра рад қилиш қаноатлантирилганидан кейин шу ишни кўриш учун суднинг янги таркибини тузиш имкони бўлмаса, иш Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилиши керак. Бундай ҳолда иш Ўзбекистон Республикаси Олий судида кўрилади ёки Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг фармойишига биноан бошқа тегишли судга кўриш учун юборилади.



5-БОБ. СУДГА ТААЛЛУҚЛИЛИК ВА

СУДЛОВГА ТЕГИШЛИЛИК


26-модда. Ишларнинг судга тааллуқлилиги


Фуқаролик ишлари бўйича судга қуйидаги ишлар тааллуқлидир:

1) фуқаролик, оила, меҳнат, уй-жой, ер тўғрисидаги ва бошқа муносабатлардан юзага келадиган низолар бўйича ишлар, агар тарафлардан ҳеч бўлмаганда биттаси фуқаро бўлса, бундан қонунда шундай низоларни ҳал қилиш бошқа судларга ёки бошқа органларга топшириладиган ҳоллар мустасно;

2) ушбу Кодекснинг 293-моддасида санаб ўтилган алоҳида тартибда юритиладиган ишлар;

3) ушбу Кодекснинг 18-бобида кўрсатилган ва буйруқ тартибида ҳал этиладиган ишлар;

4) ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги ва ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги ишлар;

5) чет давлат судларининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судларининг (арбитражларининг) ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар.

6) корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келмайдиган қарорлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар.

Судларга қонун билан уларнинг ваколатига киритилган бошқа ишлар ҳам тааллуқлидир.



27-модда. Ўзаро боғлиқ бир нечта

талабнинг судга тааллуқлилиги


Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари фуқаролик ишлари бўйича судга, баъзилари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилганда, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши керак.

Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари фуқаролик ишлари бўйича судга, баъзилари эса, маъмурий судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилганда, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши керак.



28-модда. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро,

туман (шаҳар) судининг судловига тегишли ишлар


Ушбу Кодекснинг 26-моддасида кўрсатилган ишлар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларида кўрилади, бундан қонунда шундай ишларни кўриш бошқа судлар ваколатига берилган ҳоллар мустасно.



29-модда. Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик

ишлари бўйича судининг, фуқаролик ишлари бўйича

вилоятлар, Тошкент шаҳар судларининг

судловига тегишли ишлар


Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ариза берувчи бўлган фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни, шунингдек қонун билан ўз ваколатига киритилган бошқа ишларни кўради.

Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари алоҳида ҳолатлардан келиб чиқиб, ҳар қандай ишни фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судидан олишга ва биринчи инстанция суди сифатида ўзининг иш юритишига қабул қилишга ёки ишни бир суддан бошқа фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига ўтказишга ҳақли.



30-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий

судининг судловига тегишли ишлар


Ўзбекистон Республикаси Олий суди қонунда ўз ваколатига киритилган ишларни кўриб чиқади, шунингдек алоҳида ҳолатларни ҳисобга олиб, ҳар қандай ишни Ўзбекистон Республикасининг исталган судидан олишга ва уни биринчи инстанция суди сифатида ўзининг иш юритишига қабул қилишга ёки ишни бир суддан бошқа тегишли судга ўтказишга ҳақли.



31-модда. Суднинг ўз иш юритишига қабул

қилиб олган ишни бошқа судга ўтказиши


Суд судловга тегишлилик қоидаларига риоя қилган ҳолда ўзининг иш юритишига қабул қилиб олган ишни, гарчи кейинчалик бу иш бошқа суднинг судловига тегишли бўлиб қолса ҳам, мазмунан ҳал қилиши керак.

Суд қуйидаги ҳолларда ишни кўриш учун бошқа судга ўтказади:

1) мазкур иш бошқа судда, хусусан далилларнинг кўпчилик қисми жойлашган ердаги судда ўз вақтида ва ҳар томонлама кўриб чиқилади деб ҳисобласа;

2) бир ёки бир нечта судья рад қилинганидан сўнг бу судда уларни алмаштириш имкони бўлмаса;

3) иш мазкур судда кўрилаётганда, у судловга тегишлилик қоидалари бузилган ҳолда иш юритишга қабул қилинганлиги маълум бўлиб қолса.



32-модда. Ишни бир суддан бошқа

судга ўтказиш тартиби


Ишни бир суддан бошқа судга ўтказиш суднинг ажримига асосан, бу ажрим устидан шикоят қилиш (протест келтириш) муддати ўтганидан кейин, шикоят (протест) берилган тақдирда эса шикоятни (протестни) қаноатлантирмай қолдириш ҳақида ажрим чиқарилганидан кейин амалга оширилади.

Бир суддан бошқа судга юборилган иш у юборилган суд томонидан кўриш учун қабул қилиниши керак.

Судловга тегишлилик юзасидан низолашишга йўл қўйилмайди.



33-модда. Судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари


Аризалар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади.

Ташкилотларга нисбатан аризалар улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга берилади.



34-модда. Даъвогарнинг танлови

бўйича судловга тегишлилик


Яшаш жойи номаълум бўлган жавобгарга нисбатан даъволар унинг мол-мулки турган жойдаги ёки унинг маълум бўлган сўнгги яшаган жойидаги судга тақдим этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасида яшаш жойига эга бўлмаган жавобгарга нисбатан даъволар Ўзбекистон Республикасида унинг мол-мулки турган жойдаги ёки маълум бўлган сўнгги яшаш жойидаги судга тақдим этилиши мумкин.

Алимент ундириш тўғрисидаги, оталикни белгилаш ҳақидаги ва майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик ёхуд боқувчисининг ўлими натижасида кўрилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар даъвогар томонидан ўзи яшаб турган жойдаги судга ҳам тақдим этилиши мумкин.

Кемалар тўқнашуви натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги, шунингдек сувда ёрдам берганлик ва қутқарганлик учун ҳақ ундириш тўғрисидаги даъволар ҳам жавобгарнинг кемаси турган ёки кема рўйхатга олинган порт жойлашган ердаги судга ҳам тақдим этилиши мумкин.

Ижро этиш жойи кўрсатилган шартномалардан келиб чиқадиган даъволар шартномани ижро этиш жойидаги судга ҳам тақдим этилиши мумкин.

Фуқаронинг ёки юридик шахснинг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар зарар етказилган жойдаги судга ҳам тақдим этилиши мумкин.

Юридик шахснинг филиали фаолиятидан келиб чиқадиган даъволар филиал жойлашган ердаги судга ҳам тақдим этилиши мумкин.

Турли жойларда яшовчи ёки турувчи бир нечта жавобгарга нисбатан ёки юридик шахс бўлиб, турли манзилда жойлашган жавобгарларга нисбатан даъво жавобгарлардан бири яшайдиган ёхуд давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга даъвогарнинг танлови бўйича тақдим этилади.

Фуқаронинг меҳнат, пенсия ва уй-жойга доир ҳуқуқларни тиклаш, мол-мулкни ёки унинг қийматини қайтариб бериш, ғайриқонуний ҳукм қилиш, ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида ғайриқонуний қамоққа олиш ёхуд ҳибсга олиш тарзида ғайриқонуний маъмурий жазо қўллаш натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг яшаш жойидаги судга ҳам тақдим этилиши мумкин.

Агар даъвогарнинг вояга етмаган болалари борлиги, шунингдек ногиронлиги ёки оғир касаллиги туфайли у жавобгар яшаб турган жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига боришга қийналса, никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг яшайдиган жойидаги судга тақдим этилиши мумкин.

Бедарак йўқолган деб ёхуд руҳий ҳолати бузилганлиги сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар, шунингдек уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар билан никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг хоҳишига кўра ўз яшаш жойидаги судда кўрилиши мумкин.



35-модда. Судловга тегишлиликнинг алоҳида ҳоллари


Иморатга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги, мол-мулкни хатлашдан чиқариш ҳақидаги, ер майдонидан фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисидаги даъволар иморат, мол-мулк ёки ер майдони жойлашган ердаги суднинг судловига тааллуқлидир.

Мерос қолдирувчининг кредиторлари ворислар томонидан мерос қабул қилингунига қадар тақдим этган даъволар мерос мол-мулк ёки унинг асосий қисми жойлашган ердаги суднинг судловига тегишлидир.

Йўловчиларни, юкларни ёки багажни ташиш шартномаларидан юк ташувчиларга нисбатан келиб чиқадиган даъволар белгиланган тартибда талабнома тақдим этилган транспорт ташкилотининг органи давлат рўйхатидан ўтган ерда тақдим этилади.



36-модда. Келишилган судловга тегишлилик


Тарафлар ўзаро келишиб, муайян иш учун ҳудудий судловга тегишлиликни ўзгартириши мумкин.

Ушбу Кодекснинг 35-моддасида белгиланган судловга тегишлилик тарафлар келишуви бўйича ўзгартирилиши мумкин эмас.



37-модда. Қарши даъвонинг судловга тегишлилиги


Қарши даъво судловга тегишлилигидан қатъи назар, дастлабки даъво кўрилаётган жойдаги судда тақдим этилади.



38-модда. Жиноят туфайли етказилган зарарлар

тўғрисидаги фуқаролик ишининг судловга тегишлилиги


Жиноят ишидан келиб чиқадиган фуқаролик даъвоси, агар жиноят иши кўрилганда ушбу даъво арз қилинмаган ёки ҳал этилмаган бўлса, фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида кўриб чиқиш учун фуқаролик ишларининг судловга тегишлилигига доир умумий қоидалар бўйича тақдим этилади.



6-БОБ. ФУҚАРОЛИК СУД ИШЛАРИНИ

ЮРИТИШ ИШТИРОКЧИЛАРИ


39-модда. Ишда иштирок этувчи шахслар


Тарафлар, учинчи шахслар, уларнинг вакиллари, ариза берувчилар ва судда кўрилаётган алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича бошқа манфаатдор шахслар, прокурор, ишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этадиган давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар ишда иштирок этувчи шахслар деб тан олинади.



40-модда. Ишда иштирок этувчи

шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ишда иштирок этувчи шахслар иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусхалар кўчириш, рад этиш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга саволлар бериш, арз қилиш, илтимосномалар тақдим этиш, судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, суд муҳокамаси давомида юзага келадиган барча масалалар бўйича ўзларининг важларини баён қилиш, бошқа шахсларнинг арзлари, илтимосномалари, важларига қарши эътирозлар билдириш, суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш, суд ҳужжатларининг мажбурий ижросини талаб қилиш, давлат ижрочиси томонидан ҳаракатлар содир этилишида ҳозир бўлиш ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириш ҳуқуқига эгадир.

Ишда иштирок этувчи шахслар ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа процессуал ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.

Ишда иштирок этувчи шахслар ўзларига берилган барча процессуал ҳуқуқлардан инсофли равишда фойдаланиши ва ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариши шарт.



41-модда. Фуқаролик процессуал ҳуқуқ лаёқати


Барча фуқаролар ва ташкилотларнинг фуқаролик процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиш лаёқати (ҳуқуқ лаёқати) тенг равишда эътироф этилади.



42-модда. Фуқаролик процессуал муомала лаёқати


Судда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш лаёқати вояга етган фуқаролар ва ташкилотларга тегишлидир.

Вояга етмаган, яъни ёши ўн тўртдан ўн саккизгача бўлган фуқароларнинг, шунингдек муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари судда уларнинг ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар ёки ҳомийлар томонидан ҳимоя қилинади. Аммо бу ҳол вояга етмаганларни ва муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларни бундай ишларда шахсан иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Меҳнат билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлардан ва олинган иш ҳақини ёки бошқа даромадни тасарруф этиш билан боғлиқ битимлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича вояга етмаганлар судда ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Бундай ишларда вояга етмаганларга ёрдам бериш учун уларнинг ота-оналарини, уларни фарзандликка олганларни ёки ҳомийларни жалб қилиш тўғрисидаги масала суд томонидан ҳал қилинади.

Ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган шахс қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муомалага тўла лаёқатли деб эълон қилинган (эмансипация) тақдирда, судда ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини шахсан амалга ошириши мумкин.

Ўн тўрт ёшга тўлмаган кичик ёшдаги болаларнинг, шунингдек руҳий ҳолати бузилганлиги туфайли муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари - ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар ёки васийлар ҳимоя қилади.



43-модда. Тарафлар


Даъвогар (ариза берувчи) ва жавобгар фуқаролик суд ишларини юритишнинг тарафларидир.

Ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат этган ёинки манфаатини кўзлаб иш қўзғатилган шахс даъвогардир.

Ўзига нисбатан талаб тақдим этилган шахс жавобгардир.

Алоҳида тартибда юритиладиган ишлар ва ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ишлар бўйича ариза берган шахс аризачидир.



44-модда. Тарафларнинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Тарафлар процессуал ҳуқуқлардан тенг фойдаланадилар ва тенг мажбуриятларга эга бўладилар.

Даъвогар билдирилган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, қўшимча талаблар тақдим этишга, даъво талабларининг миқдорини оширишга ёхуд камайтиришга, улардан тўлиқ ёки қисман воз кечишга ҳақли.

Жавобгар даъвогарнинг талабини тўлиқ ёки қисман тан олишга, қарши даъво тақдим этишга ҳақли.

Даъво ишини юритишда тарафлар суд процессининг ҳар қандай босқичида ишни келишув битими тузиш ёки биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар медиатив келишув тузиш орқали тугаллашга ҳақли.


45-модда. Процессда биргаликда иштирок этиш


Даъво бир нечта даъвогар томонидан биргаликда ёки бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилиши (процессда биргаликда иштирок этиш) мумкин. Процессда биргаликда иштирок этишга алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича ҳам йўл қўйилади.

Процессда биргаликда иштирок этишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади, агар:

низо предмети бир нечта даъвогарнинг ёки жавобгарнинг умумий ҳуқуқлари ёки мажбуриятлари бўлса;

бир нечта даъвогарнинг ёки жавобгарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари битта асосга эга бўлса;

низо предмети бир турдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлардан иборат бўлса.

Даъвогарлар ва жавобгарлардан ҳар бири бошқа тарафга нисбатан процессда мустақил равишда иштирок этади. Учинчи шахслар ҳам процессда биргаликда иштирок этишлари мумкин.

Процессда биргаликда иштирок этувчилар ишни олиб боришни шерик иштирокчилардан бирига топшириши мумкин.

Суд низолашилаётган ҳуқуқий муносабатнинг хусусиятини инобатга олган ҳолда ишга жалб этилмаган шерик жавобгарни ишда иштирок этиш учун ўз ташаббусига ёки тарафларнинг илтимосномасига кўра жалб қилишга ҳақли.

Бошқа шерик жавобгар ишда иштирок этиш учун жалб қилинганда ишни кўриш бошидан бошланади.



46-модда. Ишга дахлдор бўлмаган жавобгарни алмаштириш


Суд даъво бўйича жавоб бериши лозим бўлмаган шахсга нисбатан даъво тақдим этилганлигини аниқласа, ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар даъвогарнинг розилиги билан ишга дахлдор бўлмаган жавобгарни ишга дахлдор жавобгар билан алмаштиришга йўл қўйиши мумкин.

Агар даъвогар жавобгарнинг бошқа шахс билан алмаштирилишига рози бўлмаса, суд бу шахсни шерик жавобгар сифатида ишга жалб этиши мумкин.

Ишга дахлдор бўлмаган жавобгарни алмаштириш ҳақида суд ажрим чиқаради.

Ишга дахлдор бўлмаган жавобгар алмаштирилгандан сўнг ишни кўриш бошидан бошланади.


47-модда. Процессуал ҳуқуқий ворислик


Низоли ёки суднинг ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳуқуқий муносабатда тарафларнинг бири, учинчи шахс ёки уларнинг қонуний вакили чиқиб кетган тақдирда (фуқаронинг ўлими, юридик шахснинг қайта ташкил этилиши, бошқа шахс фойдасига талабдан воз кечиш, қарзнинг бошқа шахсга ўтказилиши ва ҳ.к.) суд бу шахсларни уларнинг ҳуқуқий ворислари билан алмаштиришга йўл қўяди.

Ҳуқуқий ворислик фуқаролик суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида амалга оширилиши мумкин. Ҳуқуқий вориснинг суд процессига киришганлиги ҳақида ажрим чиқарилади.

Тараф ҳуқуқий ворис билан алмаштирилгандан сўнг суд процесси алмаштириш амалга оширилган босқичдан давом эттирилади.

Ҳуқуқий ворис суд процессига киришгунига қадар амалга оширилган барча ҳаракатлар ҳуқуқий ворисга ўрнини бўшатиб берган шахсга қай даражада мажбурий бўлган бўлса, ҳуқуқий ворисга ҳам шу даражада мажбурийдир. Ҳуқуқий ворис ишга доир барча материаллар билан танишишга ҳақли.



48-модда. Низо предметига нисбатан мустақил

талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар


Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар ишга киришиши мумкин. Улар даъвогарнинг барча ҳуқуқларидан фойдаланади ва унинг барча мажбуриятларини ўз зиммасига олади.

Агар низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар ишга суд муҳокамаси бошланганидан сўнг киришган бўлса, ишни кўриш бошидан бошланади.



49-модда. Низо предметига нисбатан мустақил

талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар


Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар, агар иш бўйича қабул қилинадиган ҳал қилув қарори уларнинг тарафлардан бирига нисбатан бўлган ҳуқуқларига ёки мажбуриятларига таъсир этадиган бўлса, суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар даъвогар ёки жавобгар тарафида ишга киришиши мумкин. Улар тарафларнинг, прокурорнинг, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномаси бўйича ёхуд суднинг ташаббуси билан ҳам ишда иштирок этишга жалб қилиниши мумкин.

Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар тарафларнинг процессуал ҳуқуқларидан фойдаланади ва уларнинг процессуал мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан арз қилинган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартириш, миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, улардан воз кечиш ҳуқуқи мустасно.

Агар низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ўз ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида даъвогарнинг ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида арз қилинган талабларни тан олган тақдирда, суд мажбуриятни бажаришни учинчи шахс зиммасига юклатиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилишга ҳақли. Худди шундай ҳолларда, даъвогар ва мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ўртасида келишув битими ёки медиатив келишув тузилишига йўл қўйилади.

Агар низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ишга суд муҳокамаси бошлангандан сўнг киришган бўлса, ишни кўриш бошидан бошланади.



50-модда. Суд процессида прокурорнинг иштироки


Агар фуқаро соғлиғининг ҳолати, ёши ёки бошқа сабабларга кўра судда ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмаса, прокурор фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Қонунда назарда тутилган ёки суд ишда прокурорнинг иштирок этишини зарур деб топган ҳолларда, шунингдек прокурорнинг аризаси билан қўзғатилган ишлар бўйича фуқаролик ишининг муҳокамасида прокурор иштирок этиши шарт.

Прокурор бошқа шахслар ташаббуси билан қўзғатилган иш муҳокамасининг бошидан иштирок этиш ҳуқуқига эга.



51-модда. Прокурорнинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ариза берган прокурор даъвогарнинг барча процессуал ҳуқуқларидан фойдаланади ва барча процессуал мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳуқуқи ва суд харажатларини тўлаш мажбурияти мустасно.

Прокурор берган аризасидан бутунлай ёки қисман воз кечиш, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўзи арз қилган талаблар бўйича судга тушунтиришлар бериш, иш мазмуни юзасидан, шунингдек ишнинг муҳокамаси вақтида келиб чиққан айрим масалалар бўйича ўз фикрини баён этиш, суд ҳужжати устидан протест келтириш ҳуқуқига эга.

Агар даъвогар рози бўлмаса, прокурор ўзи арз қилган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, қўшимча талаблар билдиришга, даъво талабларининг миқдорини кўпайтиришга ёхуд камайтиришга ҳақли эмас.

Агар даъвогар прокурор томонидан арз қилинган талабни қўллаб-қувватламаса, агар бу учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилмаса, суд даъвони (аризани) кўрмасдан қолдиради.

Прокурорнинг бошқа шахс манфаатларини ҳимоя қилиш учун тақдим этган ўз даъвосидан (аризасидан) воз кечиши, ушбу шахсни ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.



52-модда. Бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган

давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим

фуқароларнинг процессда иштирок этиши


Давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар қонунда назарда тутилган ҳолларда, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Давлат бошқаруви органлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иш юзасидан хулосалар бериш учун суд томонидан суд процессида иштирок этишга жалб қилиниши ёки ўз ташаббуси билан процессга киришиши мумкин.



53-модда. Бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган давлат

бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқароларнинг

процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ушбу Кодекснинг 52-моддасида кўрсатилган суд процесси иштирокчилари мазкур Кодекснинг 40-моддасида назарда тутилган процессуал ҳуқуқлардан фойдаланади, шунингдек бошқа шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун арз қилинган талабларни тўлиқ ёки қисман қўллаб-қувватлаш, улардан воз кечиш, ўзлари арз қилган талаблар бўйича тушунтиришлар бериш ҳуқуқига эга. Мазкур органлар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бошқа шахснинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга берган аризасидан воз кечиши ушбу шахсни ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.



54-модда. Одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар


Гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, ёзма ва ашёвий далилларни сақловчилар, ижро иши юритиш холислари ва сақловчилари одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслардир.



55-модда. Суд мажлиси котиби


Суд мажлисида суд мажлиси котиби вазифасини судьянинг ёрдамчиси (катта ёрдамчиси) бажаради.



56-модда. Гувоҳ


Ишга доир бирор ҳолатдан хабардор бўлган ҳар қандай шахс гувоҳ бўла олади.

Қуйидагилар гувоҳ сифатида чақирилиши ва сўроқ қилиниши мумкин эмас:

вакил, ҳимоячи, адвокат ёки медиатор вазифаларини бажариши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган ҳолатлар тўғрисида - фуқаролик, иқтисодий, маъмурий иш бўйича вакиллар ёки жиноят иши бўйича ҳимоячилар, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича адвокатлар, медиаторлар;

жисмоний ёки руҳий нуқсонлари сабабли фактларни тўғри идрок қилишга ёки улар ҳақида тўғри кўрсатувлар беришга лаёқатсиз шахслар.



57-модда. Гувоҳнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги


Гувоҳ сифатида чақирилган шахс судга келиши ва тўғри кўрсатувлар бериши шарт.

Агар гувоҳ суд узрсиз деб топган сабабларга кўра суд чақируви бўйича келмаса, шунингдек кўрсатувлар беришдан бўйин товласа, у ушбу Кодекснинг 146-моддасида белгиланган тартибда жаримага тортилиши мумкин.

Жарима солиниши гувоҳни судга келиш ва кўрсатувлар бериш мажбуриятидан озод этмайди.

Била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлик учун гувоҳ Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238-моддасига мувофиқ жавобгар бўлади.



58-модда. Эксперт


Хулоса бериш учун зарур фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларга эга бўлган жисмоний шахс эксперт сифатида тайинланиши мумкин.

Эксперт сифатида давлат суд-экспертиза муассасаси эксперти, бошқа корхона, муассаса, ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс иштирок этиши мумкин.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, шунингдек қасддан содир этган жиноятлари учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар эксперт сифатида жалб этилиши мумкин эмас.



59-модда. Экспертнинг ҳуқуқлари


Эксперт: экспертиза предметига оид иш материаллари билан танишиш, улардан зарур маълумотларни ёзиб олиш ёки нусха кўчириш; жойида кўздан кечиришда иштирок этиш ва экспертизани ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча материаллар ва текшириш объектлари тақдим этилиши ҳақида илтимосномалар бериш; суд муҳокамасида экспертиза предметига тааллуқли далилларни текширишда иштирок этиш ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларга ва гувоҳларга суднинг рухсати билан саволлар бериш; ашёвий далиллар ва ҳужжатларни кўздан кечириш; ўз хулосасида нафақат ўзининг олдига қўйилган саволлар бўйича, балки экспертиза предметига оид ва иш учун аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича ҳам фикрларини баён этиш; унинг хулосаси ёки кўрсатувлари ишда иштирок этувчи шахслар ва гувоҳлар томонидан нотўғри талқин қилинганлиги хусусида суд мажлиси баённомасига киритилиши лозим бўлган баёнотлар бериш; агар у суд муҳокамаси юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса, ўз она тилида хулоса тақдим этиш ва кўрсатувлар бериш ҳамда бундай ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш; агар ишни юритаётган суднинг қарорлари, судьянинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) экспертнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган бўлса, бу қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш; экспертиза ўтказилиши вақтида қилинган харажатларни ундириш ҳуқуқига эга.

Агар эксперт қўйилган саволларни ўзининг махсус билимлари асосида ҳал қилиб бўлмаслигига ёки ўзига тақдим этилган текшириш объектларининг ёхуд материалларнинг яроқсизлигига ёки хулоса бериш учун етарли эмаслигига ва уларни тўлдириб бўлмаслигига ёхуд фан ва суд-экспертлик амалиётининг ҳолати қўйилган саволларга жавоб топиш имкониятини бермаслигига ишонч ҳосил қилса, у хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисида асослантирилган ҳужжат тузади ҳамда уни экспертизани тайинлаган судга юборади.



60-модда. Экспертнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги


Эксперт: ушбу Кодекснинг 22-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда ўзини ўзи рад этиши ҳақида дарҳол арз қилиши; ўзига тақдим этилган текшириш объектларини ҳар томонлама ва тўлиқ текширишдан ўтказиши, ўз олдига қўйилган саволлар юзасидан асосли ва холисона ёзма хулоса бериши; суд мажлисида шахсан иштирок этиш учун суднинг чақирувига биноан келиши; ўзи ўтказган экспертиза хусусида кўрсатувлар бериши ва ўзи берган хулосани тушунтириш учун қўшимча саволларга жавоб бериши; экспертизани ўтказиши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмаслиги; тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материалларининг сақланишини таъминлаши; суд муҳокамаси вақтида тартибга риоя қилиши шарт.

Эксперт хулоса беришдан асоссиз равишда бош тортганлиги учун, шунингдек, агар суд узрсиз деб топган сабабларга кўра суднинг чақируви бўйича келмаса, ушбу Кодекснинг 146-моддасида белгиланган тартибда жаримага тортилади.

Жарима солиниши экспертни судга келиш ва хулоса бериш мажбуриятидан озод этмайди.

Била туриб ёлғон хулоса берганлик учун эксперт Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238-моддасига мувофиқ жавобгар бўлади.



61-модда. Мутахассис


Далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда маслаҳатлар (тушунтиришлар) бериш йўли билан кўмаклашиш ҳамда илмий-техника воситаларини қўллашда ёрдам бериш мақсадида фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билим ва кўникмага эга бўлган, ишнинг якунидан манфаатдор бўлмаган вояга етган шахс суд мажлисида ёки процессуал ҳаракатларда иштирок этиш учун суд томонидан мутахассис сифатида жалб этилиши мумкин.

Мутахассисни жалб қилиш тўғрисида ишни суд муҳокамасига тайёрлаш ҳақидаги ажримда, суд мажлиси давомида эса суд мажлисининг баённомасида кўрсатилади.

Суднинг мутахассис чақириш тўғрисидаги талаби мутахассис ишлаб турган ташкилот раҳбари учун мажбурийдир.



62-модда. Мутахассиснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Мутахассис сифатида чақирилган шахс қуйидаги ҳуқуқларга эга: ўзининг нима мақсадда судга чақирилаётганлигини билиш; агар махсус билим ва кўникмаларга эга бўлмаса, иш юритишда иштирок этишни рад қилиш; процессуал ҳаракат иштирокчиларига суднинг рухсати билан саволлар бериш; далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашга кўмаклашаётганида, илмий-техника воситалари қўлланиши, экспертиза тайинланиши учун материаллар тайёрлаётганида ўзи қилган ҳаракатлар билан боғлиқ ҳолатларга процессуал ҳаракат иштирокчиларининг эътиборини қаратиш; ўзи иштирок этган процессуал ҳаракат баённомаси билан, шунингдек суд мажлиси баённомасининг тегишли қисми билан танишиш ҳамда ўз иштирокида амалга оширилган ҳаракатларнинг кечиши ва натижалари қайд қилинишининг тўлиқлилиги ва тўғрилиги хусусида баённомага киритилиши лозим бўлган арзлар ва фикрларни билдириш; иш юритишда процессуал ҳаракатларни амалга оширишда иштирок этиш билан боғлиқ ҳолда қилган харажатларининг ўрни қопланиши.

Мутахассис этиб тайинланган шахс: суднинг чақирувига биноан келиши; процессуал ҳаракатларни амалга оширишда ва суд муҳокамасида махсус билим, кўникмалар ва илмий-техника воситаларидан фойдаланган ҳолда иштирок этиши; ўзи бажараётган ҳаракатлар юзасидан тушунтиришлар бериши шарт. Мутахассиснинг юзага келган барча масалалар бўйича маслаҳатлари судга ёзма равишда тақдим этилиши керак, суд муҳокамаси давомида мутахассис томонидан берилган тушунтиришлар эса суд мажлисининг баённомасига киритилади.

Агар мутахассис суд узрсиз деб топган сабабларга кўра суд чақируви бўйича келмаса, шунингдек маслаҳатлар (тушунтиришлар) беришни асоссиз равишда рад этса, ушбу Кодекснинг 146-моддасида белгиланган тартибда жаримага тортилиши мумкин.

Жарима солиниши мутахассисни судга келиш ва маслаҳатлар (тушунтиришлар) бериш мажбуриятидан озод этмайди.



63-модда. Таржимон


Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда суд томонидан тайинланган таржима қилиш учун зарур бўлган тилларни биладиган шахс таржимондир. Суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари таржимон вазифаларини ўз зиммасига олишга ҳақли эмас.



64-модда. Таржимоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Таржимон қуйидаги ҳуқуқларга эга: таржимани аниқлаштириш мақсадида суд мажлиси иштирокчиларига саволлар бериш; агар таржима қилиш учун тегишли билимга эга бўлмаса, суд муҳокамасида иштирок этишни рад этиш; суд мажлисининг баённомаси билан танишиш; суд мажлиси баённомасига киритилган таржиманинг тўғрилиги юзасидан эътирозлар тақдим этиш.

Таржимон таржимани тўлиқ ва тўғри амалга ошириши, суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

Таржима қилишдан асоссиз равишда бош тортганлик, шунингдек суд узрсиз деб топган сабабларга кўра суднинг чақируви бўйича келмаганлик учун таржимон ушбу Кодекснинг 146-моддасида белгиланган тартибда жаримага тортилади.

Жарима солиниши таржимонни судга келиш ва таржима қилиш мажбуриятидан озод этмайди.

Таржимон била туриб нотўғри таржима қилганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238-моддасига мувофиқ жиноий жавобгар бўлади, бу ҳақда у суд томонидан тилхат олиб огоҳлантирилади.



7-БОБ. СУДДА ВАКИЛЛИК


65-модда. Вакиллар орқали иш юритиш


Фуқаролар ўз ишларини судда шахсан ёки ўз вакиллари орқали юритиши мумкин. Фуқаронинг ишда шахсан иштирок этиши уни иш бўйича вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Ташкилотлар ишларни ўз раҳбарлари ёки вакиллари орқали юритади.


66-модда. Қонуний вакиллик


Муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари (ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар) ҳимоя қилади.

Белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилган фуқаро иштирок этиши лозим бўлган иш бўйича унинг вакили сифатида мазкур фуқаронинг мол-мулкини қўриқлаш ва бошқариш учун тайинланган шахс қатнашади.

Вафот этган ёки белгиланган тартибда вафот этган деб эълон қилинган шахснинг меросхўри иштирок этиши керак бўлган иш бўйича, агар меросни ҳали ҳеч ким қабул қилиб олмаган бўлса, васий, ҳомий, ёхуд мерос мол-мулкни сақлаш ва бошқариш учун тайинланган сақловчи шахс меросхўрнинг вакили сифатида қатнашади.

Қонуний вакил судда иш олиб боришни ўзи вакил сифатида танлаган бошқа шахсга топшириш ҳуқуқига эга.

Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаган шахснинг, муомалага лаёқатсиз ёки бедарак йўқолган деб топилган шахснинг қонуний вакили вакиллик қилинаётган шахснинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига тааллуқли ишлар кўриб чиқилаётганда унинг манфаатларини кўзлаб барча процессуал ҳаракатларни амалга оширади.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахснинг, муомала лаёқати чекланган деб топилган шахснинг қонуний вакили ишлар кўриб чиқилаётганда шу шахснинг манфаатларини кўзлаб барча процессуал ҳаракатларни чекланган ҳуқуқлар доирасида амалга оширади.


67-модда. Шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллик


Ишонч билдирувчи ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича судда иш юритишни шартнома бўйича (ихтиёрий) вакилликка биноан вакилга топширади.

Қуйидагилар шартнома бўйича (ихтиёрий) вакил бўлиши мумкин:

1) адвокатлар;

2) насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ёки ён шажара бўйича қариндошлар, шунингдек эр (хотин) ёхуд унинг қариндошлари;

3) юридик шахсларнинг ходимлари - шу юридик шахсларнинг ишлари бўйича;

4) нотижорат ташкилотларнинг ваколатли вакиллари - шу ташкилотлар аъзоларининг ишлари бўйича;

5) қонунга биноан бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилган нотижорат ташкилотларнинг ваколатли вакиллари;

6) биргаликда иштирок этувчилардан бири бошқа биргаликдаги иштирокчиларнинг топшириғи бўйича;

7) ишни кўриб чиқаётган суд томонидан ишда жисмоний шахсларнинг вакиллари сифатида иштирок этишига йўл қўйилган шахслар.

Судда иш юритиш бўйича вакил сифатида профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин.



68-модда. Вакилнинг ваколатларини расмийлаштириш


Вакилнинг ваколатлари қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада кўрсатилган бўлиши керак.

Фуқаролар томонидан бериладиган ишончномалар нотариуслар ёки нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахслар томонидан тасдиқланади.

Давлат бошқаруви органларининг, мансабдор шахсларнинг вакиллари тегишли орган раҳбарининг ёки мансабдор шахснинг имзоси билан бериладиган ишончнома бўйича ҳаракат қилади.

Ташкилот номидан бериладиган ишончнома ташкилот раҳбари томонидан имзоланиб, имзо ташкилотнинг муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади.

Ташкилотларнинг раҳбарлари судга ўз хизмат лавозимларини ёки ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этади.

Адвокатнинг ваколатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади.



69-модда. Вакилнинг ваколатлари


Судда иш юритиш ваколатлари вакилга барча процессуал ҳаракатларни ваколат берувчи номидан амалга ошириш ҳуқуқини беради.

Шартнома бўйича вакиллик қилувчининг арз қилинган талаблардан тўлиқ ёки қисман воз кечиш, уларнинг асосини ёки предметини ўзгартириш, миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, даъвогарнинг талабларини тан олиш, келишув битими, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув ёки медиатив келишув тузиш, ваколатларни бошқа шахсга ўтказиш (бошқа шахсга ишониб топшириш), суд ҳужжати устидан шикоят қилиш, аризаларни имзолаш, ижро варақасини ундирувга тақдим этиш, ундирилган мол-мулкни ёки пулларни олиш ваколати ҳар бир алоҳида ҳолда ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган бўлиши керак.


70-модда. Судда вакиллик қилиши мумкин бўлмаган шахслар


Қуйидагилар судда вакиллик қилиши мумкин эмас:

1) вояга етмаган шахслар, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно;

2) васийлик ва ҳомийлик белгиланган шахслар;

3) судьялар, прокурорлар, суриштирувчилар, терговчилар, суд девони ходимлари, бундан улар қонуний вакил (ота-оналар, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар) сифатида, шунингдек тегишли суд, прокуратура, суриштирув ва тергов органларининг вакили сифатида қатнашган ҳоллар мустасно;

4) манфаатлари ваколат берувчининг манфаатларига зид бўлган шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатаётган ёки илгари ёрдам кўрсатган шахслар;

4-1) шу низо билан боғлиқ медиация тартиб-таомилини амалга оширишда медиатор сифатида иштирок этганлар, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ва медиаторнинг иштироки юзасидан ўзаро розилик бўлган ҳоллар мустасно;

5) судья, прокурор, суд мажлиси котиби, эксперт, мутахассис, таржимон билан қариндошлик муносабатларида бўлган шахслар.



8-БОБ. ДАЛИЛЛАР


71-модда. Исботлаш воситалари


Тарафларнинг талаблари ва эътирозларини асослайдиган ҳолатларнинг мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини суднинг қонунда белгиланган тартибда аниқлашига асос бўладиган ҳар қандай фактик маълумот ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар фуқаролик иши бўйича далиллардир. Бу маълумотлар қуйидаги воситалар, яъни: тарафларнинг ва учинчи шахсларнинг ҳамда улар қонуний вакилларининг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосалари, мутахассисларнинг маслаҳатлари (тушунтиришлари) билан аниқланади.

Аноним хатларда ва келиб чиқиши номаълум бўлган ёки қонунни бузган ҳолда олинган бошқа маълумотлар далил бўла олмайди.

Тарафларнинг ва учинчи шахсларнинг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари ушбу Кодекснинг 209-моддасида белгиланган тартибда видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш йўли билан олиниши мумкин.



72-модда. Исботлаш ва далилларни тақдим этиш мажбурияти


Ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.

Суд қандай ҳолатлар иш учун аҳамиятга эга эканлигини, уларни тарафлардан қайси бири исботлаши кераклигини аниқлайди, ҳатто тарафлар бу ҳолатларни далил қилиб келтирмаган бўлса ҳам уларни муҳокамага қўяди.

Далиллар тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан тақдим этилади. Суд уларга қўшимча далиллар тақдим қилишни таклиф этиши мумкин. Агар қўшимча далиллар тақдим этиш тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар учун қийинчилик туғдирса, уларга суд далиллар тўплашда уларнинг илтимосномасига кўра кўмаклашади.


73-модда. Далилларнинг алоқадорлиги


Суд фақат иш учун аҳамиятга эга бўлган далилларни кўришга қабул қилади.

Суднинг далилни қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрими асослантирилган бўлиши лозим.



74-модда. Далилларнинг мақбуллиги


Қонун бўйича муайян исботлаш воситалари билан тасдиқланиши шарт бўлган ишнинг ҳолатлари бошқа ҳеч қандай исботлаш воситалари билан тасдиқланиши мумкин эмас.



75-модда. Исботлашдан озод қилиш асослари


Суд ҳаммага маълум деб топган ҳолатлар исботлашга муҳтож эмас.

Бир фуқаролик иши бўйича суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган фактлар худди шу шахслар иштирок этаётган бошқа фуқаролик ишлари муҳокамасида янгидан исбот қилинмайди.

Ишларни кўриб чиқаётганда иқтисодий ёки маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар исботланишга муҳтож эмас ва иқтисодий ёки маъмурий суд томонидан ҳал этилган ишда иштирок этган шахслар томонидан низолашилиши мумкин эмас.

Жиноят иши бўйича қонуний кучга кирган суд ҳукми суд томонидан ҳукм этилган шахс ҳаракатларининг фуқаролик-ҳуқуқий оқибатлари тўғрисидаги ишни кўриб чиқаётган суд учун фақат шу ҳаракатлар содир этилганлиги ёки содир этилмаганлиги ва улар мазкур шахс томонидан содир этилганлиги ёки этилмаганлиги масалалари юзасидан мажбурийдир.

Нотариал ҳаракат амалга оширилганда нотариус томонидан тасдиқланган ҳолатлар, агар нотариал тартибда расмийлаштирилган ҳужжатнинг ҳақиқийлиги ушбу Кодекснинг 235 ва 236-моддаларида белгиланган тартибда рад этилмаган ёки нотариал ҳаракатни амалга ошириш тартиби жиддий тарзда бузилганлиги аниқланмаган бўлса, исботлашни талаб этмайди.



76-модда. Далилларни таъминлаш


Ўзлари учун зарур бўлган далилларни кейинчалик тақдим этиш мумкин бўлмай қолади ёки қийинлашади, дейишга асоси бўлган шахслар ариза беришидан олдин ҳам ёки кейин ҳам суддан бу далилларни таъминлашни илтимос қилиши мумкин.

Чет давлатлар органларида иш юритиш учун зарур бўлган далилларни таъминлаш қонунда белгиланган тартибда нотариуслар томонидан амалга оширилади.



77-модда. Далилларни таъминлаш тўғрисидаги ариза


Далилларни таъминлаш тўғрисидаги ариза далилларни таъминлаш билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар амалга оширилиши керак бўлган ҳудудда фаолият олиб бораётган судга берилади.

Аризада таъминланиши зарур бўлган далиллар, бу далиллар билан тасдиқланиши зарур бўлган ҳолатлар, далилларни таъминлаш тўғрисида аризачини илтимоснома билан мурожаат қилишга ундаган сабаблар, шунингдек таъминланадиган далиллар зарур бўлган ёки улар кейинчалик асқотиши мумкин бўлган иш кўрсатилиши керак.



78-модда. Далилларни таъминлаш тартиби


Далилларни таъминлаш ушбу Кодексда белгиланган далилларни тўплаш ва текшириш қоидалари бўйича суд томонидан амалга оширилади. Аризачи ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар далилларни таъминлаш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинади, бироқ уларнинг келмаганлиги далилларни таъминлаш ҳақидаги аризани кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди. Кечиктириш, шунингдек кейинчалик аризачи билан кимнинг ўртасида низо келиб чиқишини аниқлаш мумкин бўлмаган ҳолларда, далилларни таъминлаш фақат аризачининг ўзини хабардор қилиш йўли билан амалга оширилади.

Далилларни таъминлаш тартибида тарафларнинг, учинчи шахсларнинг тушунтиришлари эшитилади, гувоҳлар сўроқ қилинади, экспертиза тайинланади, ёзма ва ашёвий далиллар талаб қилиб олинади ёки кўздан кечирилади, жойга бориб кўздан кечириш ўтказилади.

Далилларни таъминлаш тартибида тўпланган барча материаллар ишни кўриб чиқаётган судга юборилади ёки аризачига берилади.



79-модда. Далилларни таъминлаш масалаларига

доир ажрим устидан шикоят қилиш


Далилларни таъминлаш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.

Далилларни таъминлашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.



80-модда. Далилларга баҳо бериш


Суд далилларга ишнинг ҳамма ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда, ҳар тарафлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳо беради.

Ҳар бир далил алоқадорлик, мақбуллик ва ишончлилик нуқтаи назаридан, далилларнинг мажмуи эса етарлилик нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим.

Агар текшириш натижасида далилнинг ҳақиқатга тўғри келиши аниқланса, у ишончли деб топилади.

Ҳеч бир далил суд учун олдиндан белгилаб қўйилган кучга эга эмас.

Далилларга баҳо бериш натижаларини суд ҳал қилув қарорида акс эттириши шарт бўлиб, унда айрим далиллар суднинг хулосаларини асослаш воситаси сифатида қабул қилинганлиги, бошқа далиллар суд томонидан рад этилганлиги сабаблари, шунингдек айрим далилларнинг бошқа далилларга нисбатан афзаллиги асослари келтирилади.

Ҳужжатларга ёки бошқа ёзма далилларга баҳо беришда суд бошқа далилларни инобатга олган ҳолда, бундай ҳужжат ёки ёзма далил шу турдаги далилларни тақдим этишга ваколатли бўлган орган томонидан берилганлигига, ҳужжатни имзолаб тасдиқлаш ҳуқуқига эга шахс томонидан имзоланганлигига, мазкур турдаги далилнинг бошқа барча ажралмас реквизитлар мавжудлигига ишонч ҳосил қилиши шарт.

Ҳужжатнинг ёки бошқа ёзма далилнинг кўчирма нусхасига баҳо беришда суд нусха кўчириш вақтида унинг аслига нисбатан мазмуни ўзгариб қолмаганлигини, нусха кўчириш қандай техник усулда бажарилганлигини, нусха кўчириш ҳужжатнинг кўчирма нусхаси унинг асли билан бир хиллигини кафолатлашини, ҳужжатнинг кўчирма нусхаси қандай тарзда сақланганлигини текширади.

Агар ҳужжатнинг асли йўқолган ва судга тақдим этилмаган бўлса, низолашаётган ҳар бир тараф томонидан тақдим этилган ушбу ҳужжатнинг кўчирма нусхалари эса ўзаро бир хил бўлмаган ҳамда бошқа далиллар ёрдамида ҳужжатнинг асл мазмунини аниқлашнинг иложи бўлмаган тақдирда, суд ҳужжатнинг ёки бошқа ёзма далилнинг фақат кўчирма нусхаси билан тасдиқланган ҳолатларни исботланган деб ҳисоблаши мумкин эмас.



81-модда. Тарафлар ва учинчи шахсларнинг тушунтиришлари


Тарафлар ва учинчи шахсларнинг ҳамда улар қонуний вакилларининг ўзларига маълум бўлган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги тушунтиришлари иш юзасидан тўпланган бошқа далиллар қатори текширилиши ва баҳоланиши лозим.

Тарафлардан бири ўзининг талаблари ёки эътирозларига асос қилиб олган фактларни бошқа тараф томонидан тан олиниши биринчи тарафни бу фактлар исботини давом эттириш заруриятидан озод қилади. Агар муайян факт хусусида суднинг шубҳаси бўлса, бу факт умумий асосларга кўра исботланиши лозим.

Фактни тан олиш суд мажлисининг баённомасига киритилади ва тан олган тараф уни имзолайди. Агар фактни тан олиш ёзма аризада баён этилган бўлса, мазкур ариза ишга қўшиб қўйилади.



82-модда. Гувоҳни чақириш тўғрисидаги илтимоснома


Гувоҳни чақириш тўғрисида илтимоснома тақдим этувчи шахс гувоҳнинг иш учун аҳамиятга эга бўлган қандай ҳолатларни тасдиқлай олиши мумкинлигини кўрсатиши ва судга унинг фамилияси, исми, отасининг исмини, яшаш жойини ёки иш, ўқиш жойини маълум қилиши шарт.



83-модда. Гувоҳларни уларнинг яшаш жойларида сўроқ қилиш


Ишни кўраётган суд жойлашган ердан ташқарида доимий яшайдиган ва узрли сабабларга кўра суд мажлисига келиш имконига эга бўлмаган гувоҳлар суднинг ташаббуси билан, тарафларнинг ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномасига кўра ёхуд гувоҳнинг ўз илтимосномаси бўйича, ишни кўриб чиқаётган суднинг топшириғига биноан ўзлари яшаб турган жойдаги суд томонидан ёки видеоконференцалоқадан фойдаланган ҳолда сўроқ қилиниши мумкин. Бу гувоҳлар ишни кўриб чиқаётган суд мажлисига келган тақдирда, улар суд томонидан сўроқ қилинади.



84-модда. Ёзма далиллар


Иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар, шартномалар, маълумотномалар, ишга оид ёзишмалар, рақамли, график ёзув шаклида бажарилган ҳужжатлар ва материаллар, шу жумладан факс, электрон ёки бошқа алоқа воситасида ёхуд ҳужжатнинг ҳақиқийлигини аниқлаш имконини берадиган ўзга усулда олинган бошқа ҳужжатлар ва материаллар ёзма далиллардир.

Судга тақдим этилаётган, тўлиқ ёки қисман чет тилида тузилган ёзма далилларга уларнинг тегишли тарзда тасдиқланган таржималари илова қилинади.

Чет давлатда олинган ҳужжат, агар у қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда легализация қилинган бўлса, судда ёзма далил деб тан олинади.

Чет давлатда олинган ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида назарда тутилган ҳолларда легализация қилинмасдан судда ёзма далил деб тан олинади.



85-модда. Ёзма далилларни тақдим этиш ва талаб қилиб олиш


Ёзма далилни тақдим этувчи шахс ушбу далил билан иш учун аҳамиятга эга бўлган қандай ҳолатларни аниқлаш мумкин эканлигини кўрсатиши, талаб қилиб олиш ҳақида илтимоснома тақдим этилганда эса бу қандай далил эканлигини кўрсатиши ва ёзма далил муайян шахсда деб ҳисоблаши учун қандай асоси борлигини кўрсатиши шарт.

Суд томонидан давлат органларидан, ташкилотлардан ёки фуқаролардан талаб қилинадиган ёзма далиллар бевосита судга юборилади.

Суд ёзма далилни талаб қилиб олиш ҳақида илтимоснома берган шахсга ушбу далилни судга тақдим этиш учун олиш ҳуқуқига доир сўров ҳам бериши мумкин.



86-модда. Ёзма далилларни тақдим этиш мажбурияти


Ишда иштирок этмаётган фуқаролар ва ташкилотлар суд талаб қилаётган ёзма далилларни тақдим этиш имконига эга бўлмаса, бу ҳақда судни хабардор қилиб, сабабини кўрсатиши шарт.

Агар шахс, суд ундан талаб қилаётган ёзма далилни тақдим этиш ёки суд томонидан белгиланган муддатда тақдим этиш имкониятига эга бўлмаса, у суднинг сўровини олган кундан эътиборан беш кунлик муддат ичида бунинг сабабларини кўрсатган ҳолда судни хабардор қилиши шарт.

Суд хабардор қилинмаган тақдирда, шунингдек ёзма далилни тақдим этиш узрли сабабларсиз рад қилинган тақдирда, суд ташкилотларнинг айбдор мансабдор шахсларига, шунингдек фуқароларга ушбу Кодекснинг 146-моддасида белгиланган тартибда жарима солади.

Жарима солиниши тегишли мансабдор шахсларни ва фуқароларни суд талаб қилаётган ёзма далилни тақдим этиш мажбуриятидан озод қилмайди.



87-модда. Ёзма далилларнинг аслини тақдим этиш


Қоида тариқасида, ёзма далилларнинг асли ёки тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси тақдим этилади. Агар ҳужжатнинг кўчирма нусхаси тақдим этилган бўлса, суд зарур ҳолларда, унинг аслини тақдим этишни талаб қилишга ҳақли. Агар кўриб чиқилаётган ишга ҳужжатнинг фақат бир қисми тааллуқли бўлса, ундан тасдиқланган кўчирма нусха тақдим этилиши мумкин.



88-модда. Ёзма далилларни улар сақланаётган

жойда кўздан кечириш ва текшириш


Ёзма далилларни судга тақдим этиш уларнинг кўплиги ёки улардан фақат бир қисми иш учун аҳамиятли эканлиги оқибатида қийинлашган тақдирда, суд уларнинг тегишли равишда тасдиқланган кўчирмасини талаб қилиши ёки далилларни улар сақланаётган жойда кўздан кечириши ва текшириши мумкин.



89-модда. Ҳужжатларнинг аслини қайтариш


Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин ишдаги ҳужжатнинг асли уни тақдим этган шахснинг илтимосномасига кўра қайтарилиб, ҳужжатнинг судья томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаси ишда қолдирилиши мумкин.

Агар суд мумкин деб топса, суд ҳужжати қонуний кучга киргунига қадар ёзма далиллар уларни тақдим этган шахсларга қайтарилиши мумкин. Мазкур шахслар илтимоснома билан бирга ҳужжат аслининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхасини тақдим этади ёки ишда қолаётган кўчирма нусхани суд томонидан тасдиқлаш тўғрисида илтимоснома беради.



90-модда. Ашёвий далиллар


Ишни мазмунан ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқлаш воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган предметлар ашёвий далиллардир.

Ашёвий далилни тақдим этувчи ёки уни талаб қилиб олиш тўғрисида илтимос қилаётган шахс ушбу далил орқали иш учун аҳамиятга эга бўлган қандай ҳолатларни аниқлаш мумкинлигини кўрсатиши шарт.



91-модда. Ашёвий далилларни талаб

қилиб олиш ва тақдим этиш тартиби


Ишда иштирок этувчи ёки иштирок этмаётган шахслардан далил сифатида бирор ашёни талаб қилиб олиш ҳақида судга илтимоснома тақдим этувчи шахс ушбу ашёни таърифлаб бериши ва бу ашё мазкур шахсда деб ҳисоблаш учун қандай асослари борлигини баён этиши керак.

Суд томонидан фуқаролар ва ташкилотлардан талаб қилинаётган ашёвий далиллар бевосита судга юборилади.

Суд ашёвий далилни талаб қилиб олиш ҳақида илтимоснома тақдим этган шахсга ушбу далилни судга тақдим этиш учун олиш ҳуқуқига доир сўров бериши мумкин.



92-модда. Ашёвий далилларни тақдим этиш мажбурияти


Ишда иштирок этмаётган фуқаролар ва ташкилотлар талаб қилинаётган ашёни тақдим этиш ёки суд белгилаган муддатда тақдим этиш имконига эга бўлмаса, бу ҳақда сабабларини кўрсатган ҳолда судга хабар бериши шарт.

Агар шахс суд ундан талаб қилаётган ашёвий далилни тақдим этиш ёки суд томонидан белгиланган муддатда тақдим этиш имконига эга бўлмаса, у суднинг сўровини олган кундан эътиборан беш кунлик муддат ичида бу ҳақда узрли сабабларини кўрсатган ҳолда судга хабар бериши шарт.

Суд хабардор қилинмаган тақдирда, шунингдек, агар суднинг ашёни тақдим этиш тўғрисидаги талаби суд узрсиз деб топган сабабларга кўра бажарилмаса, айбдор фуқаролар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари ушбу Кодекснинг 146-моддасида белгиланган тартибда жаримага тортилиши мумкин.

Жарима солиш тегишли фуқаролар ва мансабдор шахсларни суд талаб қилаётган ашёни тақдим этиш мажбуриятидан озод қилмайди.



93-модда. Тез бузиладиган ашёвий далилларни кўздан кечириш


Суд далилларни судга олиб келиш имконияти бўлмаган ёки қийин бўлган, шунингдек ашёвий далиллар тез бузиладиган ҳолларда, уларни кўздан кечиришини ва текширишини улар жойлашган ерда амалга ошириши мумкин.

Озиқ-овқатлар ва тез бузиладиган бошқа ашёлар ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда, суд томонидан дарҳол кўздан кечирилади. Бундай ашёлар кўздан кечирилганидан кейин кимдан олинган бўлса, ўша шахсларга қайтарилади ёки улардан ўз ўрнида фойдаланиши мумкин бўлган бошқа шахсларга берилади. Ашёлар бошқа шахсларга берилган тақдирда, уларнинг эгасига ўша хилдаги ва сифатдаги буюмлар ёки уларнинг қайтариш пайтидаги баҳоси бўйича қиймати қайтариб берилиши керак.

Зарур ҳолларда, далилларни кўздан кечириш ва текширишда иштирок этиш учун одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар чақирилиши мумкин.



94-модда. Ашёвий далилларни сақлаш ва қайтариб бериш


Ашёвий далиллар суднинг ажримига биноан ишга қўшиб қўйилади ва ишда сақланади ёки алоҳида рўйхат қилиниб, суднинг ашёвий далиллар сақланадиган хонасига топширилади.

Судга келтириб бўлмайдиган ашёлар турган жойида сақланади. Улар батафсил тавсифланган, муҳрланган, зарур ҳолларда эса фото- ёки видеосуратга олинган бўлиши керак.

Суд, сақловчи ашёвий далилларни ўзгармас ҳолатда сақлаш чораларини кўрадилар.

Ашёвий далилларни сақлаш харажатлари тарафлар ўртасида, ушбу Кодекснинг 138-моддасида белгиланган қоидаларга мувофиқ тақсимланади.

Ашёвий далиллар кимдан олинган бўлса, суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан кейин ўша шахсларга қайтариб берилади ёки суд шу ашёвий далилларга кимнинг ҳуқуқи бор деб топган бўлса, ўша шахсларга берилади.

Айрим ҳолларда суд ашёвий далилларни кўздан кечирганидан ва текширганидан кейин, башарти ашёвий далилларни тақдим этган шахслар уларни қайтариб бериш ҳақида илтимоснома тақдим этган бўлса ва бундай илтимосномани қаноатлантириш ишни кўриб чиқиш ҳамда ҳал қилув қарорини ижро этиш учун зарар келтирмаса, улар кимдан олинган бўлса, ўша шахсларга иш тамом бўлгунига қадар қайтариб берилиши мумкин.

Қонун бўйича фуқароларнинг эгалигида туриши мумкин бўлмаган нарсалар тегишли ташкилотларга топширилади.



95-модда. Экспертиза


Иш муҳокамаси чоғида келиб чиққан, фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларни талаб қиладиган масалаларни тушунтириш учун суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига ёки ўз ташаббусига кўра экспертиза тайинлаши мумкин.

Экспертиза судда ўтказилади ёки текширишнинг хусусияти тақозо этса ёхуд текшириладиган буюмни судга келтиришнинг имкони бўлмаса ёки келтириш қийин бўлса, суддан ташқарида амалга оширилади.

Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги суд ажримида қандай масалалар бўйича экспертларнинг хулосаси талаб қилинаётганлиги ва экспертиза ўтказиш кимга топширилаётганлиги кўрсатилган бўлиши керак.

Экспертлар тайинланаётганда суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрини инобатга олади.

Тараф экспертизада иштирок этишдан бош тортган, экспертларга текшириш учун зарур бўлган материаллар ҳамда ҳужжатларни тақдим этмаганда ва бошқа ҳолларда, агар иш ҳолатларига кўра ва мазкур тарафнинг иштирокисиз экспертиза ўтказиш имконияти бўлмаса, суд қайси тараф экспертизадан бош тортаётганлигидан, шунингдек бу тараф учун экспертиза қандай аҳамиятга эга эканлигига қараб, аниқланиши учун экспертиза тайинланган фактни аниқланган ёки рад этилган деб топиши мумкин.



96-модда. Қўшимча ва қайта экспертизалар


Қўшимча экспертиза эксперт (экспертлар комиссияси) хулосасидаги бўшлиқлар ўрнини тўлдириш учун тайинланади ва шу ёки бошқа эксперт (экспертлар комиссияси) томонидан ўтказилади.

Эксперт (экспертлар комиссияси) хулосаси асослантирилмаганда ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда ёки экспертизани ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий равишда бузилганда қайта экспертиза тайинланади.

Қайта экспертиза тайинланганда эксперт (экспертлар комиссияси) олдига илгари қўлланилган текшириш усулларининг илмий асосланганлиги тўғрисидаги масала қўйилиши мумкин.

Қайта экспертизани тайинлаш тўғрисидаги суд ажримида қайта экспертизани тайинлаган суднинг биринчи (илгариги) экспертиза хулосасига қўшилмаганлиги сабаблари келтирилиши керак.

Қайта экспертиза ўтказиш бошқа экспертга (экспертлар комиссиясига) топширилади. Биринчи (илгариги) экспертизани ўтказган эксперт (экспертлар комиссияси) қайта экспертиза ўтказишда ҳозир бўлиши ва тушунтиришлар бериши мумкин, лекин у текширишлар ўтказиш ва хулоса тузишда иштирок этмайди.



97-модда. Экспертларнинг хулосаси талаб

қилинадиган масалалар доирасини белгилаш


Ишда иштирок этувчи шахслар экспертлар томонидан тушунтирилиши керак бўлган масалаларни судга тақдим этишга ҳақли.

Экспертларнинг хулосаси талаб қилинадиган масалалар доирасини суд белгилайди. Таклиф қилинган масалаларнинг рад қилинишини суд асослаб бериши шарт.



98-модда. Экспертнинг (экспертлар комиссиясининг) хулосаси


Эксперт (экспертлар комиссияси) текширишларни ўтказиб бўлганидан кейин тегишинча эксперт ёхуд экспертлар комиссияси таркибига кирувчи ҳар бир эксперт имзоси билан тасдиқланадиган хулоса тузади.

Суд экспертга ўз хулосасини оғзаки тушунтириб беришни таклиф қилиш ҳуқуқига эга. Оғзаки тушунтириш суд мажлисининг баённомасига киритилади, экспертга ўқиб эшиттирилади ва эксперт томонидан имзоланади.

Экспертнинг (экспертлар комиссиясининг) хулосасида қуйидагилар акс эттирилган бўлиши керак: экспертиза ўтказилган сана ва жой; экспертизанинг ўтказилиш асоси; экспертизани тайинлаган суд тўғрисидаги маълумотлар; эксперт тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, маълумоти, ихтисослиги, меҳнат стажи, илмий даражаси, илмий унвони, эгаллаб турган лавозими) ва экспертизани ўтказиш топширилган корхона, муассаса ёки ташкилот ҳақидаги маълумотлар; эксперт била туриб ёлғон хулоса берганлиги учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилганлиги; эксперт олдига қўйилган саволлар; экспертга тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материаллари; экспертиза ўтказилаётганда ҳозир бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар; қўлланилган усуллар кўрсатилган ҳолда текширишларнинг мазмуни ва натижалари, шунингдек бу текширишлар, агар экспертиза экспертлар комиссияси томонидан амалга оширилган бўлса, ким томонидан ўтказилганлиги; текшириш натижаларининг баҳоланиши, қўйилган саволларга берилган асослантирилган жавоблар; иш учун аҳамиятга молик бўлган ва экспертнинг ташаббусига кўра аниқланган ҳолатлар.

Хулосани ва унинг натижаларини тасвирловчи материаллар ушбу хулосага илова қилинади ҳамда унинг таркибий қисми бўлиб хизмат қилади. Текширишнинг олиб борилиши, шарт-шароитлари ва натижаларини ҳужжатлаштирадиган материаллар қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда давлат суд-экспертиза муассасасида ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилотда сақланади. Улар экспертизани тайинлаган суднинг талабига биноан ишга қўшиб қўйиш учун тақдим этилади.

Агар тақдим этилган текшириш объектларининг, материалларнинг ёки экспертнинг махсус билимлари етарли эмаслиги текшириш давомида маълум бўлиб қолса, хулоса қўйилган айрим саволларга жавоб беришни рад этиш асосини ўз ичига олган бўлиши керак.

Текшириш тугаганидан сўнг хулоса, текшириш объектлари ва иш материаллари экспертизани тайинлаган судга юборилади.

Суднинг эксперт (экспертлар комиссияси) хулосасига қўшилмаганлиги иш бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорида ёки ажримда асослаб берилган бўлиши лозим.



99-модда. Экспертизанинг экспертлар

комиссияси томонидан ўтказилиши


Экспертиза бир хил (комиссиявий экспертиза) ёки турли хил (комплекс экспертиза) суд-эксперт иҳтисослигидаги бир неча эксперт томонидан ўтказилиши мумкин.

Экспертизанинг экспертлар комиссияси томонидан ўтказилиши экспертизани тайинлаган суд ёки мазкур экспертизанинг ўтказилишини ташкил этувчи давлат суд-экспертиза муассасаси ёхуд бошқа корхона, муассаса, ташкилот раҳбари томонидан белгиланади.

Экспертизани ўтказиш топширилган экспертлар комиссияси ўз олдига қўйилган масалаларни ҳал этиш зарурлигидан келиб чиқиб, ўтказиладиган текширишларнинг мақсади, кетма-кетлиги ва ҳажмини келишиб олади.

Экспертизани ўтказиш топширилган экспертлар комиссияси таркибидаги ҳар бир эксперт текширишларни мустақил ва алоҳида ўтказади, шахсан ўзи олган ва комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан олинган натижаларни баҳолайди ҳамда қўйилган саволлар юзасидан ўз махсус билимлари доирасида фикрларини шакллантиради.

Текширишларнинг экспертлар комиссияси таркибига киритилмаган шахслар томонидан тўлиқ ёки қисман ўтказилишига йўл қўйилмайди.



100-модда. Комиссиявий экспертиза


Комиссиявий экспертиза ўтказилаётганда экспертларнинг ҳар бири текширишларни тўлиқ ҳажмда ўтказади ва улар олинган натижаларни биргаликда таҳлил қилади. Экспертлар умумий фикрга келганидан сўнг биргаликдаги хулосани ёки хулоса беришнинг имкони йўқлиги тўғрисидаги далолатномани тузади ва имзолайди.

Экспертлар ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликларни келтириб чиқарган барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.



101-модда. Комплекс экспертиза


Комплекс экспертиза иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни турли билим соҳаларидан фойдаланган ҳолда бир нечта текшириш ўтказиш йўли билангина аниқлаш мумкин бўлган ҳолларда тайинланади.

Комплекс экспертизани ўтказишда экспертларнинг ҳар бири ўз ваколати доирасида текширишлар олиб боради. Комплекс экспертизанинг хулосасида экспертларнинг ҳар бири қайси текширишларни ва қанча ҳажмда олиб борганлиги, қайси фактларни шахсан ўзи аниқлаганлиги ҳамда қандай фикрларга келганлиги кўрсатилади. Экспертларнинг ҳар бири хулосанинг ўз текширишлари баён этилган қисмини имзолайди ва улар учун жавобгар бўлади.

Умумий фикрни (фикрларни) олинган натижаларни баҳолашга ва ушбу фикрни (фикрларни) шакллантиришга ваколатли бўлган экспертлар чиқаради. Агар экспертлардан бирининг (алоҳида экспертларнинг) аниқлаган фактлари экспертлар комиссияси якуний фикрининг ёки унинг бир қисмининг асоси сифатида олинган бўлса, бу ҳақда хулосада кўрсатилиши керак.

Экспертлар ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликларни келтириб чиқарган барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.

Агар комплекс экспертизани ўтказиш давлат суд-экспертиза муассасасига топширилган бўлса, у ҳолда ушбу экспертизани ташкил этиш унинг раҳбари зиммасига юклатилади.



102-модда. Мутахассиснинг маслаҳати (тушунтириши)


Мутахассис судга оғзаки ёки ёзма шаклда маслаҳат (тушунтириш) беради.

Мутахассиснинг ёзма шаклда берган маслаҳати суд мажлисида ўқиб эшиттирилади, текширилади ва ишга қўшиб қўйилади. Оғзаки маслаҳат бевосита суд мажлисининг (процессуал ҳаракатнинг) баённомасига киритилади.

Маслаҳатни аниқлаштириш ва тўлдириш мақсадида мутахассисга саволлар берилиши мумкин.



103-модда. Суд топшириқлари


Ишни кўраётган суд далилларни бошқа туманда ёки шаҳарда тўплаш зарур бўлган тақдирда, тегишли судга муайян процессуал ҳаракатларни амалга оширишни топширади.

Суд топшириғи ажрим билан расмийлаштирилиб, унда кўриб чиқилаётган ишнинг моҳияти, аниқланиши зарур бўлган ҳолатлар, топшириқни бажарадиган суд тўплаши лозим бўлган далиллар кўрсатилади. Бу ажрим қайси суд номига йўлланган бўлса, ўша суд учун мажбурий бўлиб, ўн беш кунлик муддат ичида бажарилиши керак.

Суд топшириғи ахборот тизими орқали электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.



104-модда. Суд топшириғини бажариш тартиби


Суд топшириғини бажариш ушбу Кодексда белгиланган қоидаларга кўра суд мажлисида амалга оширилади. Ишда иштирок этаётган шахслар мажлиснинг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинади, бироқ уларнинг келмаганлиги топшириқни бажаришга тўсқинлик қилмайди.

Суд топшириғи тартибида тарафларнинг ва учинчи шахсларнинг ёхуд улар қонуний вакилларининг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, ёзма ва ашёвий далилларни кўздан кечириш ҳамда текшириш орқали аниқланадиган фактик маълумотлар тўпланиши мумкин.

Баённомалар ва суд топшириғини бажаришда тўпланган материаллар ишни кўриб чиқаётган судга дарҳол юборилади.

Агар суд топшириғини бажараётган судга тушунтиришлар ёки кўрсатувлар берган ишда иштирок этувчи шахслар ёки гувоҳлар ишни кўриб чиқаётган судга келса, улар умумий тартибда тушунтиришлар ёхуд кўрсатувлар беради.



9-БОБ. ДАЪВОНИ ТАЪМИНЛАШ


105-модда. Даъвони таъминлаш асослари


Суд (судья) даъвони таъминлаш чораларини ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризаси ёки ўз ташаббуси бўйича кўриши мумкин. Агар даъвони таъминлаш чораларини кўрмаслик суд ҳужжати ижросини қийинлаштирса ёки уни бажариб бўлмайдиган қилиб қўйса, даъвони таъминлашга йўл қўйилади.

Даъвони таъминлашга суд процессининг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади.

Давлат фойдасига мулкий ундирувлар билан боғлиқ ишларни кўриб чиқаётганда суд (судья) даъвони таъминлаш чораларини кўриши шарт.

Даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризада даъвони таъминлаш чораларини кўриш асослари ва зарурияти кўрсатилган бўлиши лозим.

Ҳакамлик судида кўриб чиқилаётган даъвони таъминлаш чоралари ҳакамлик муҳокамаси тарафининг танловига кўра, ҳакамлик суди жойлашган ердаги ёхуд жавобгар турган жойдаги ёки яшайдиган жойдаги ёинки жавобгарнинг мол-мулки турган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан кўрилиши мумкин. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризага даъвонинг ҳакамлик судига тақдим этилганлигини исботловчи далиллар илова қилинади.

Ҳакамлик судида кўриб чиқилаётган даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризани фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан кўриб чиқиш ва даъвони таъминлаш ҳақида ажрим чиқариш ушбу бобда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.



106-модда. Даъвони таъминлаш чоралари


Қуйидагилар даъвони таъминлаш чоралари бўлиши мумкин:

1) жавобгарга тегишли бўлган ва унинг ўзида ёки бошқа шахсда турган мол-мулкни ёхуд пул маблағларини хатлаш;

2) жавобгар муайян ҳаракатларни амалга оширишини тақиқлаш;

3) бошқа шахсларнинг жавобгарга мол-мулк беришини ёки унга нисбатан бошқа мажбуриятларни бажаришини тақиқлаш;

4) мол-мулкни хатлашдан чиқариш тўғрисида даъво арз қилинган тақдирда, уни реализация қилишни тўхтатиш;

5) қарздор ижро ҳужжати юзасидан суд тартибида низолашаётган бўлса ва агар бундай низолашишга қонун ҳужжатларида йўл қўйилса, бу ҳужжат бўйича ундирувни тўхтатиш;

6) низоли мол-мулк бузилиши, ҳолати ёмонлашишининг олдини олиш мақсадида жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклатиш;

7) низоли мол-мулкни сақлаш учун учинчи шахсга (сақловчига) топшириш.

Зарур ҳолларда, суд (судья) даъвони таъминлаш бўйича бошқа чоралар ҳам кўриши мумкин.

Даъвонинг иш ҳақини, даромадни, пенсия ва стипендияни хатлаш йўли билан таъминланишига йўл қўйилмайди, бундан алимент ундириш тўғрисидаги, майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етказганлик, шунингдек боқувчисининг ўлими оқибатида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги, ўзгалар мол-мулкини талон-торож қилганлик натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар мустасно.

Даъвони таъминлаш чоралари даъвогар арз қилган талабга мутаносиб бўлиши керак.

Зарур ҳолларда, суд даъвони таъминлаш чорасининг бир нечта турини қўллаши мумкин, лекин уларнинг умумий суммаси даъвонинг баҳосидан ошиб кетмаслиги керак.



107-модда. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш


Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза судья (суд) томонидан ариза тушган куниёқ жавобгарни ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларни хабардор қилмаган ҳолда ҳал қилинади.

Даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.



108-модда. Даъвони таъминлашнинг бир

турини бошқаси билан алмаштириш


Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини эшитиб, даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштириши мумкин.

Даъвони таъминлаш турини алмаштириш ишда иштирок этаётган шахснинг илтимосномасига кўра, ишни кўриб чиқаётган суд томонидан амалга оширилиши мумкин.

Даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштириш тўғрисидаги масала ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида ҳал этилади. Бироқ бу шахсларнинг келмаганлиги даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштириш масаласини кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.

Пул суммасини ундириш тўғрисидаги даъвони таъминлашда жавобгар қўлланилган таъминлаш чоралари ўрнига даъвогар талаб қилаётган суммани суднинг депозит ҳисобварағига ўтказишга ҳақли.

Даъвони таъминлаш турини алмаштириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.



109-модда. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажримни ижро этиш


Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрим суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда дарҳол ижро этилади.



110-модда. Даъвони таъминлаш чораларига

риоя этмаганлик учун жавобгарлик


Ушбу Кодекс 106-моддаси биринчи қисмининг 2, 3, 6 ва 7-бандларида кўрсатилган тақиқлар бузилганда айбдор шахслар ушбу Кодекснинг 146-моддасида назарда тутилган тартибда суднинг ажрими билан жаримага тортилади. Даъвогар бу шахслардан суднинг даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажримини бажармаганликлари оқибатида ўзи кўрган зарарнинг ўрни қопланишини умумий асосларда талаб қилишга ҳақли.



111-модда. Даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш


Даъвони таъминлаш чоралари ишни кўриб чиқаётган суд томонидан бекор қилиниши мумкин.

Даъвони таъминлашни бекор қилиш тўғрисидаги масала ишда иштирок этаётган шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида ҳал этилади. Бироқ бу шахсларнинг келмаганлиги даъвони таъминлашни бекор қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.

Ҳакамлик судининг даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ҳал қилув қарори даъвони таъминлаш чоралари суд томонидан бекор қилиниши учун асос бўлади.

Даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади. Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этаётган шахсларга ажрим чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай юборилади.



112-модда. Даъвони таъминлаш чораларининг сақланиш муддати


Даъво рад қилинган тақдирда, даъвони таъминлаш чоралари ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар сақланиб қолади. Бироқ суд даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори билан бир вақтда ёки у қабул қилинганидан сўнг ажрим чиқариши мумкин.

Даъво қаноатлантирилган тақдирда, даъвони таъминлаш чоралари ҳал қилув қарори амалда ижро этилгунига қадар ўз кучини сақлаб қолади.



113-модда. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажримлар

устидан шикоят қилиш (протест келтириш)


Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрим устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.

Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрим устидан хусусий шикоят (протест) бериш муддати ажримнинг кўчирма нусхаси топширилган ёки юборилган кундан эътиборан ҳисобланади.



114-модда. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрим

устидан шикоят (протест) бериш оқибати


Суднинг даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши ушбу ажримнинг ижросини тўхтатмайди.

Суднинг даъвони таъминлашни бекор қилиш тўғрисидаги ёки даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштириш тўғрисидаги ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши ушбу ажримнинг ижросини тўхтатиб қўяди.



115-модда. Даъвони таъминлаш натижасида

етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш


Суд (судья) даъвони таъминлаш билан бирга даъвогардан жавобгарга етказилиши мумкин бўлган зарарнинг ўрнини қоплашни талаб қилиши мумкин.

Жавобгар даъвони рад қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин даъвогардан даъвогарнинг илтимосномасига кўра даъвони таъминлаш бўйича кўрилган чоралар натижасида ўзига етказилган зарарнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақли.



10-БОБ. ИШ ЮРИТИШНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ


116-модда. Суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш мажбурияти


Суд қуйидаги ҳолларда иш юритишни тўхтатиб туриши шарт:

1) ишда тараф бўлган фуқаро вафот этганда, агар низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўйса ёки ишда тараф бўлган юридик шахс қайта ташкил этилганда;

2) фуқаро (тараф) муомала лаёқатини йўқотганда;

3) жавобгар - фуқаро Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳаракатдаги қисмида бўлганда ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳаракатдаги қисмидаги даъвогар - фуқаро тегишли илтимоснома билан мурожаат қилганда;

4) мазкур ишни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, фуқаролик ишлари бўйича суд, жиноят ишлари бўйича суд, маъмурий суд ёки иқтисодий суд томонидан кўрилаётган бошқа иш ёки масала юзасидан, шунингдек тергов олиб борилаётган иш юзасидан қарор қабул қилгунига қадар кўриш имкони бўлмаганда;

5) тараф чет давлат судининг ёки чет давлат ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ёки унинг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида чет давлатнинг ваколатли органига илтимоснома берганда.

6) медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида келишув тузилганда.


117-модда. Суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш ҳуқуқи


Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қуйидаги ҳолларда иш юритишни тўхтатиб туришга ҳақли:

1) тараф Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибида муддатли ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётганда ёки мазкур шахслар давлатнинг бирор-бир мажбуриятини бажариш учун жалб қилинганда;

2) тараф даволаш муассасасида бўлганда, шунингдек тарафлардан бирида судга келишга тўсқинлик қиладиган, тиббиёт муассасасининг маълумотномаси билан тасдиқланган касаллик мавжуд бўлганда;

3) ушбу Кодекснинг 165-моддасида назарда тутилган ҳолларда жавобгар қидирилаётганда;

4) тараф ишни кўриб чиқиш муддатидан ортиқ муддатда хизмат сафарида бўлганда, бундан ишда ташкилот вакиллари иштирок этаётган ҳоллар мустасно;

5) суд томонидан экспертиза тайинланганда;

6) ушбу Кодекснинг 103 ва 363-моддаларига мувофиқ суд томонидан суд топшириғи юборилганда.



118-модда. Иш юритишни тўхтатиб туриш вақти


Иш юритиш:

1) ушбу Кодекс 116-моддасининг 1 ва 2-бандларида назарда тутилган ҳолларда - ҳуқуқий ворис ишга киришгунига ёки ишга жалб қилингунига қадар ёхуд муомалага лаёқатсиз шахсга қонуний вакил тайинлангунига қадар;

2) ушбу Кодекс 116-моддасининг 3-бандида назарда тутилган ҳолларда - тарафнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳаракатдаги қисмида бўлиши тугагунига қадар;

3) ушбу Кодекс 116-моддасининг 4-бандида назарда тутилган ҳолларда - суднинг ҳал қилув қарори ёки ҳукми қонуний кучга киргунига қадар ёки маъмурий тартибда кўрилаётган иш бўйича қарор чиқарилгунига ёхуд тергов тамом бўлгунига қадар;

4) ушбу Кодекс 116-моддасининг 5-бандида назарда тутилган ҳолларда - чет давлат судининг ёки ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ёхуд унинг ижросини тўхтатиб туриш ҳақидаги илтимоснома чет давлатнинг ваколатли органи томонидан ҳал қилингунига қадар;

4-1) ушбу Кодекс 116-моддасининг 6-бандида назарда тутилган ҳолларда - медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тугагунига қадар, бироқ олтмиш кундан ортиқ бўлмаган муддатда;

5) ушбу Кодекс 117-моддасининг 1-бандида назарда тутилган ҳолларда - тегишинча тарафнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибида муддатли ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлиши тугагунига ёки мазкур шахслар давлат мажбуриятини бажариб бўлгунига қадар;

6) ушбу Кодекс 117-моддасининг 2-бандида назарда тутилган ҳолларда - тараф даволаш муассасасидан чиққунига ёки тарафнинг судга келишига тўсқинлик қилаётган касаллик тузалгунига қадар;

7) ушбу Кодекс 117-моддасининг 3-бандида назарда тутилган ҳолларда - жавобгарни қидириш тугаллангунига қадар;

8) ушбу Кодекс 117-моддасининг 4-бандида назарда тутилган ҳолларда - тараф қайтгунига қадар;

9) ушбу Кодекс 117-моддасининг 5-бандида назарда тутилган ҳолларда - экспертиза ўтказиш бўйича ҳаракатлар тугагунига қадар;

10) ушбу Кодекс 117-моддасининг 6-бандида назарда тутилган ҳолларда - суд топшириғини ижро этиш бўйича ҳаракатлар тугагунига қадар тўхтатиб турилади.



119-модда. Иш юритишни тўхтатиб туриш тартиби


Иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисида суд ажрим чиқаради.

Суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.



120-модда. Иш юритишни тўхтатиб туришнинг ҳуқуқий оқибатлари


Иш юритиш тўхтатиб турилганида, ушбу Кодексда белгиланган ёки суд томонидан тайинланган муддатларнинг ўтиши тўхтатиб турилади.

Иш юритиш тиклангунига қадар суд бирор-бир процессуал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас, бундан даъвони ва далилларни таъминлашга қаратилган ҳаракатлар мустасно.



121-модда. Иш юритишни тиклаш


Иш юритиш уни тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар барҳам топганидан кейин ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига кўра ёки суднинг ташаббуси билан тикланади.

Иш юритиш тикланган тақдирда, суд ишда иштирок этувчи шахсларни умумий асосларда чақиради.

Иш юритишни тиклаш тўғрисида ажрим чиқарилади.



11-БОБ. АРИЗАНИ КЎРМАСДАН ҚОЛДИРИШ


122-модда. Аризани кўрмасдан қолдириш асослари


Суд қуйидаги ҳолларда аризани кўрмасдан қолдиради, агар:

1) ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса;

2) манфаатдор шахс номидан ариза иш юритишга ваколати бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

3) фуқаролик ишлари бўйича суднинг, иқтисодий суднинг ёки ҳакамлик судининг иш юритувида айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса;

4) тарафлар ўртасида ушбу низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш тўғрисида ҳакамлик битими тузилган бўлса;

5) ишни ўзининг иштирокисиз муҳокама қилишни илтимос қилмаган тарафлар иккинчи чақирув бўйича ҳам узрли сабабларсиз судга келмаса, суд эса ишга оид мавжуд материаллар асосида ишни ҳал қилиш мумкин эмас, деб ҳисобласа;

6) ишни ўзининг иштирокисиз муҳокама қилишни илтимос қилмаган даъвогар иккинчи чақирув бўйича судга келмаса, жавобгар эса ишни мазмунан кўришни талаб қилмаса;

7) алоҳида тартибда юритиладиган ишни муҳокама қилиш вақтида судга тааллуқли ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиқса;

8) хотини ҳомиладор бўлган вақтда ёки бола туғилганидан кейин бир йил давомида эр хотинининг розилигисиз никоҳни бекор қилиш тўғрисида даъво тақдим этган бўлса;

9) даъвогар томонидан аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ариза берилган бўлса;

10) даъвогар томонидан низони жавобгар билан судгача ҳал қилиш тартибига риоя қилинмаган, башарти бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

10-1) даъвогар низони жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиш тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

10-2) медиация тартиб-таомилини амалга ошириш ҳақида илтимоснома билан арз қилган тарафлар уни амалга ошириш муддати тугаганидан сўнг суд мажлисига узрли сабабларсиз келмаса;

10-3) тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса;

11) мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш тўғрисидаги ариза қонунда белгиланган муддатдан олдин ёки эгасиз мол-мулкни (ашёни) аниқлаш ва ҳисобга олишнинг қонунда назарда тутилган тартиби бузилган ҳолда берилган бўлса.



123-модда. Аризани кўрмасдан қолдириш тартиби ва оқибатлари


Аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида суд ажрим чиқаради. Ажримда суд ишнинг ҳал этилишига тўсқинлик қилаётган, ушбу Кодекс 122-моддасининг 2, 5, 6, 7, 8, 10 ва 11-бандларида санаб ўтилган ҳолатларни бартараф этиш йўлларини кўрсатиши шарт.

Суд ушбу Кодекс 122-моддасининг 1, 3 ва 4-бандларида назарда тутилган асослар бўйича аризани кўрмасдан қолдириб, ажримда давлат божини қайтариш ва даъвони таъминлаш юзасидан кўрилган чораларни бекор қилиш ҳақида кўрсатади.

Ушбу Кодекс 122-моддасининг 5, 6 ва 7-бандларида назарда тутилган асослар бўйича аризани кўрмасдан қолдириш ҳақидаги суд ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.

Аризани кўрмасдан қолдириш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин манфаатдор шахс судга ариза билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.



12-БОБ. ИШ ЮРИТИШНИ ТУГАТИШ


124-модда. Иш юритишни тугатиш асослари


Суд қуйидаги ҳолларда иш юритишни тугатади, агар:

1) иш судга тааллуқли бўлмаса;

2) фуқаролик ишлари бўйича суднинг, иқтисодий суднинг ёки маъмурий суднинг ёхуд чет давлат ваколатли судининг айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечишини қабул қилиш тўғрисидаги ёхуд тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги ажрими мавжуд бўлса;

3) даъвогар арз қилинган талабларидан воз кечган ва суд бу воз кечишни қабул қилган бўлса;

4) тарафлар келишув битими тузган ва у суд томонидан тасдиқланган бўлса;

5) ҳакамлик судининг айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан ҳал қилув қарори мавжуд бўлса, бундан суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини беришни рад этган ҳоллар мустасно;

6) иш бўйича тарафлардан бири бўлган фуқаронинг вафотидан сўнг низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса;

7) иш бўйича тараф бўлиб қатнашаётган ташкилот тугатилган бўлса.



125-модда. Иш юритишни тугатиш тартиби


Иш юритиш суднинг ажримига биноан тугатилади. Агар иш юритиш иш судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли тугатилса, суд аризачининг қайси органга мурожаат қилиши кераклигини кўрсатиши шарт.



126-модда. Иш юритишни тугатиш оқибатлари


Иш юритиш тугатилган тақдирда, айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан судга иккинчи марта мурожаат қилишга йўл қўйилмайди.



13-БОБ. СУД ХАРАЖАТЛАРИ


127-модда. Суд харажатларининг турлари


Суд харажатлари давлат божи ва ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлардан иборат бўлади.



128-модда. Давлат божи


Давлат божини тўлаш асослари ва тартиби, уни тўлашдан озод қилиш, давлат божини қайтариш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



129-модда. Даъвонинг баҳоси


Даъвонинг баҳоси қуйидагича белгиланади:

1) пул ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича - ундириладиган суммага қараб;

2) мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар бўйича - талаб қилинаётган мол-мулкнинг қийматига қараб;

3) бир нечта мустақил талабдан иборат даъволар бўйича - барча талабларнинг умумий суммасига қараб;

4) алимент ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича - бир йиллик тўловларнинг йиғиндисига қараб;

5) муддатли тўловлар ва пул бериш тўғрисидаги даъволар бўйича -тўловларнинг ёки бериладиган пулларнинг йиғиндисига, лекин кўпи билан уч йиллик йиғиндисига қараб;

6) муддатсиз ёки умрбод тўловлар ва пул бериш тўғрисидаги даъволар бўйича - тўловларнинг ёки пулларнинг уч йил ичидаги йиғиндисига қараб;

7) тўловларни ёки пул беришни камайтириш ёхуд кўпайтириш тўғрисидаги даъволар бўйича - тўловлар ёки бериладиган пуллар камайтириладиган ёки кўпайтириладиган суммага, лекин кўпи билан бир йиллик суммага қараб;

8) тўловларни ёки пул беришни тўхтатиш тўғрисидаги даъволар бўйича - қолган тўловлар ёки пуллар йиғиндисига, лекин кўпи билан бир йиллик йиғиндисига қараб;

9) мол-мулк ижараси шартномасини муддатидан илгари бекор қилиш ҳақидаги даъволар бўйича - шартнома амал қилишининг қолган муддатида мулкдан фойдаланиш учун тўланадиган тўловларнинг йиғиндисига, лекин кўпи билан уч йил ичидаги тўловларнинг йиғиндисига қараб;

10) хусусий мулк ҳуқуқи асосида фуқароларга тегишли иморатларга эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги даъволар бўйича - иморатнинг бозор қийматига қараб, лекин бу миқдор кадастр қийматидан, бундай баҳо бўлмаганида эса, мажбурий суғурта баҳосидан кам бўлмаслиги керак, ташкилотларга қарашли иморатлар бўйича эса - иморатларнинг ҳақиқий баҳосидан кам бўлмаслиги керак.



130-модда. Даъвонинг баҳосини белгилаш тартиби


Даъвонинг баҳоси даъвогар томонидан кўрсатилади. Даъвогар кўрсатган баҳо талаб қилинаётган мол-мулкнинг ҳақиқий қийматига мувофиқ эмаслиги яққол бўлса, даъвонинг баҳосини судья белгилайди.

Даъво тақдим этилган вақтда унинг баҳосини белгилаш қийин бўлса, давлат божининг миқдорини судья дастлабки тарзда белгилайди ва кейинчалик ишни ҳал қилиш чоғида суд белгилаган даъво баҳосига мувофиқ, давлат божининг тўланмаган қисми ундирилади ёки ортиқча олинган қисми қайтарилади.



131-модда. Даъвонинг баҳоси ўзгартирилганда

давлат божини ҳисоблаш


Тўланган давлат божи даъвогар ўз талабларини камайтирган, арз қилинган талабларидан воз кечган, тарафлар ишни келишув битими билан тамомлаган ҳолларда қайтарилмайди.

Арз қилинган талаблар кўпайтирилганда етишмаётган сумма даъвонинг кўпайтирилган баҳосига мувофиқ равишда қўшимча тарзда тўланади.



132-модда. Ишни кўриш билан боғлиқ бўлган чиқимлар


Ишни кўриш билан боғлиқ бўлган чиқимлар жумласига қуйидагилар киради:

1) гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга тўланиши лозим бўлган суммалар;

2) жойида кўздан кечириш билан боғлиқ бўлган харажатлар;

3) ушбу Кодекснинг 165-моддасида назарда тутилган ҳолларда жавобгарни қидириш учун қилинган харажатлар;

3-1) суд хабарномаларини ва суд ҳужжатларини юбориш билан боғлиқ почта харажатлари;

4) суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар;

5) суд томонидан тан олинган бошқа зарур харажатлар.

Почта харажатларининг суммаси суд томонидан белгиланади, бироқ бу сумма энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисмидан ошмаслиги керак ва суднинг депозит ҳисобварағига киритилиши лозим.

Суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар суммаси суд томонидан белгиланади ва ишда иштирок этувчи шахслардан ишни кўриш натижаларига кўра ушбу Кодексга мувофиқ ундирилади.



133-модда. Суд харажатларини тўлашни

кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва уларнинг

миқдорларини камайтириш


Давлат божини тўлашни кечиктиришга қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда йўл қўйилади.

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб, улардан бирининг ёки иккаласининг давлат даромадига ундириладиган суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.



134-модда. Экспертларга, мутахассисларга, гувоҳларга,

таржимонларга тегишли бўлган суммаларни тўлаш ва

уларнинг ўртача иш ҳақини сақлаб қолиш


Экспертлар, мутахассислар, гувоҳлар ва таржимонларга тегишли бўлган суммалар улар ўз вазифаларини бажариб бўлганидан сўнг суд томонидан тўланади.

Экспертлар ва мутахассислар суднинг топшириғи бўйича бажарган иши учун, агар бу иш уларнинг хизмат вазифалари доирасига кирмаса, ҳақ олади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ходимларнинг судга бориши муносабати билан уларнинг ишда бўлмаган вақтида иш жойидаги ўртача иш ҳақи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сақланади.

Меҳнат муносабатларига киришмаган гувоҳлар одатдаги машғулотларидан қолдирилганлиги учун амалда сарфлаган вақти ва белгиланган энг кам иш ҳақидан келиб чиқилган ҳолда ҳақ олади.

Тўланиши лозим бўлган суммаларни тўлаш тартиби ва уларнинг миқдорлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



135-модда. Суд чиқимларини тўлаш учун

маблағларни киритиш тартиби


Гувоҳлар, экспертлар ва мутахассисларга, таржимонларга тўланиши лозим бўлган суммалар ёки жойида кўздан кечиришни ўтказишга доир харажатлар учун зарур бўлган суммалар тегишли илтимоснома билан мурожаат қилган тараф томонидан суднинг депозит ҳисобварағига олдиндан киритилади. Агар бу илтимоснома иккала тараф томонидан берилган бўлса ёки гувоҳларни, экспертларни, мутахассисларни, таржимонларни чақириш, жойида кўздан кечириш суднинг ташаббуси билан амалга оширилса, талаб қилинадиган суммани тарафлар тенг миқдорда киритади. Агар экспертиза суднинг ташаббуси билан тайинланса, тўланиши лозим бўлган сумма экспертга суд томонидан депозит ҳисобварағидан тўланиши мумкин. Бу сумма ишда иштирок этувчи шахслардан суд ҳужжати чиқарилаётганда суднинг депозит ҳисобварағига ўтказилган ҳолда ушбу Кодексга мувофиқ ундирилади.



136-модда. Вакилнинг ёрдами учун ҳақ тўлашга

доир харажатларнинг ўрнини қоплаш


Ҳал қилув қарори қайси тарафнинг фойдасига чиқарилган бўлса, суд шу тарафга иккинчи тарафдан вакилнинг ёрдами учун тўлашга доир харажатларни оқилона миқдорларда ундириб беради.

Агар ҳал қилув қарори ўз фойдасига чиқарилган тарафга адвокат белгиланган тартибга мувофиқ бепул ёрдам кўрсатган бўлса, бу сумма бошқа тарафдан адвокатлар бюроси (ҳайъати, фирмаси) фойдасига ундирилади.



137-модда. Йўқотилган вақт учун ҳақ ундириш


Суд инсофсизлик билан асоссиз талаб арз қилган ёки даъвога қарши низолашган ёхуд ишнинг тўғри ва ўз вақтида кўриб чиқилиши ҳамда ҳал этилишига мунтазам қаршилик қилиб келган тараф зиммасига амалда йўқотилган вақт учун иккинчи тараф фойдасига ҳақ тўлаш мажбуриятини юклатиши мумкин. Ундириладиган ҳақ суд томонидан оқилона миқдорда белгиланади.



138-модда. Суд харажатларини тарафлар ўртасида тақсимлаш


Ҳал қилув қарори қайси тарафнинг фойдасига чиқарилган бўлса, суд шу тарафга иккинчи тарафдан, гарчи бу тараф давлат даромадига тушадиган суд харажатларини тўлашдан озод этилган бўлса-да, иш бўйича қилинган ҳамма харажатларни ундириб беради.

Агар арз қилинган талаблар қисман қаноатлантирилган бўлса, ушбу моддада кўрсатилган суммалар жавобгардан даъвогарга талабларнинг суд томонидан қаноатлантирган қисмига мутаносиб равишда, жавобгарга эса даъвогар арз қилган талабларнинг рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундириб берилади.

Даъвогарнинг талаблари у судга мурожаат қилганидан сўнг жавобгар томонидан ихтиёрий равишда қаноатлантирилганда суд харажатлари жавобгарнинг зиммасига юклатилади.

Агар даъвогар томонидан неустойкани ундириш ҳақидаги талаб асосли равишда арз қилиниб, бироқ унинг миқдори суд томонидан камайтирилган бўлса, суд харажатлари неустойканинг камайтирилиши ҳисобга олинмаган ҳолда ундирилиши лозим бўлган неустойка суммасидан келиб чиққан ҳолда, жавобгарнинг зиммасига юклатилади.

Давлат божини тўлашдан озод этилган давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек ташкилотлар томонидан юридик шахслар ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган ёки улар қисман қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи манфаатлари кўзланиб даъво тақдим этилган шахслардан даъво талабларининг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилади.

Агар юқори турувчи инстанция суди ишларни янгидан кўриб чиқиш учун юбормай, чиқарилган ҳал қилув қарорини ўзгартирса ёки янги ҳал қилув қарорини қабул қилса, у суд харажатлари тақсимотини тегишинча ўзгартиради.

Ушбу моддада баён қилинган қоидалар апелляция, кассация ва назорат шикоятларини берганда тарафлар тўлаган давлат божига ҳам тааллуқлидир.



139-модда. Арз қилинган талаблардан воз

кечилганда, келишув битими тузилганда суд

харажатларини тақсимлаш


Даъвогар арз қилинган талабларидан воз кечганда у қилган харажатларининг ўрни жавобгар томонидан қопланмайди.

Агар тарафлар келишув битими тузиш чоғида суд харажатларини тақсимлаш тартибини назарда тутмаган бўлса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлашда ушбу Кодекснинг 136, 138 ва 141-моддаларига мувофиқ ҳал қилади.



140-модда. Тарафларга суд харажатларининг ўрнини қоплаш


Прокурорнинг, шунингдек бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиб судга мурожаат қилган давлат бошқаруви органларининг, ташкилотларнинг ва фуқароларнинг арз қилинган талаблари тўлиқ ёки қисман рад этилганда, жавобгар қилган суд харажатларининг ўрни унга бюджет маблағлари ҳисобидан тўлиқ ёки даъвогар арз қилган талабларнинг рад этилган қисмига мутаносиб равишда қопланади.

Талабларни қаноатлантириш рад этилган тақдирда, ушбу Кодекс 46-моддасида назарда тутилган тартибда суд томонидан жалб этилган жавобгар қилган суд харажатларининг ўрни бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.

Мол-мулкни хатлашни бекор қилиш тўғрисидаги даъво қаноатлантирилган тақдирда, даъвогар қилган суд харажатларининг ўрни унга бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.



141-модда. Давлатга суд харажатларининг ўрнини қоплаш


Ишни кўриш билан боғлиқ бўлган ва даъвогар тўлашдан озод қилинган суд чиқимлари ҳамда давлат божи жавобгардан арз қилинган талабларнинг қаноатлантирилган қисмига мутаносиб равишда давлат даромадига ундирилади.

Арз қилинган талабларни қаноатлантириш рад этилган тақдирда суднинг ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлари даъвогардан давлат даромадига ундирилади.

Агар арз қилинган талаблар қисман қаноатлантирилган, жавобгар эса суд харажатларини тўлашдан озод қилинган бўлса, суднинг ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлари суд харажатларини тўлашдан озод қилинмаган даъвогардан талабларининг рад этилган қисмига мутаносиб равишда давлат даромадига ундирилади.

Агар ҳар икки тараф ҳам суд харажатларини тўлашдан озод қилинган бўлса, суднинг ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлари давлат ҳисобига ўтказилади.

Жавобгарни қидириш ушбу Кодекснинг 165-моддасида назарда тутилган тартибда эълон қилинган тақдирда, суд қидирув иши бўйича қилинган харажатларни жавобгардан давлат даромадига ундиради.



142-модда. Суд харажатлари билан боғлиқ масалалар

бўйича ажримлар устидан шикоят қилиш


Суд харажатлари билан боғлиқ масалалар бўйича суд ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.



14-БОБ. ПРОЦЕССУАЛ МАЖБУРЛОВ ЧОРАЛАРИ


143-модда. Процессуал мажбурлов чораларининг турлари


Процессуал мажбурлов чоралари жумласига қуйидагилар киради:

1) ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда мажбурий келтириш;

2) огоҳлантириш;

3) суд мажлиси залидан чиқариб юбориш;

4) суд жаримаси.

Шахсга нисбатан процессуал мажбурлов чораларининг қўлланилиши уни ушбу Кодексда ёки суд томонидан белгиланган тегишли мажбуриятларни бажаришдан озод қилмайди.



144-модда. Мажбурий келтириш


Агар ушбу Кодекснинг 313-моддасига мувофиқ суд муҳокамасида иштирок этиши шарт бўлган ёки судга келиши ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда суд томонидан шарт деб топилган, тегишли тарзда хабардор қилинган шахс судга узрсиз сабабларга кўра келмаса ёхуд келмаганлиги сабабларини маълум қилмаса, суд томонидан унга нисбатан мажбурий келтириш тўғрисида ажрим чиқарилиши мумкин. Мазкур ажримнинг ижроси ҳудудий ички ишлар органининг зиммасига юклатилади. Мажбурий келтириш билан боғлиқ харажатларни ундириш ушбу Кодексда белгиланган тартибда ҳудудий ички ишлар органининг тегишли аризасига асосан амалга оширилади.

Мажбурий келтириш вояга етмаганларга, ҳомиладор аёлларга, касаллиги, ёши ёки бошқа узрли сабабларга кўра суд мажлисига кела олмайдиган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Мажбурий келтириш тўғрисидаги суд ажримида ушбу Кодекснинг 272-моддасида назарда тутилган маълумотлардан ташқари шахс мажбурий келтирилиши лозим бўлган сана, вақт ва жой, шунингдек мажбурий келтириш қайси ҳудудий ички ишлар органига топширилганлиги кўрсатилади.

Мажбурий келтириш тўғрисидаги суд ажрими дарҳол ижро этилиши лозим ва иш юритиладиган жойдаги ёки мажбурий келтирилиши керак бўлган шахснинг яшаш жойи, турган жойи (жойлашган ери), иш, хизмат ёхуд ўқиш жойидаги ҳудудий ички ишлар органига ижро учун юборилади.

Мажбурий келтириш тўғрисидаги суд ажрими устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) унинг ижросини тўхтатмайди.



145-модда. Огоҳлантириш ва суд мажлиси залидан чиқариб юбориш


Ишни муҳокама қилиш вақтида тартибни бузган шахсни раислик қилувчи суд номидан огоҳлантиради.

Суд мажлисида тараф ёки учинчи шахс тартибни бузган тақдирда, суд тартиббузарни ишни кўришнинг ҳамма вақтига ёхуд унинг бир қисмига мажлис залидан чиқариб юборади. Вақтинча чиқариб юборилган шахс суд мажлиси залига қайтадан қўйилганда раислик қилувчи уни залда йўқ бўлганда амалга оширилган процессуал ҳаракатлар билан таништиради. Суд мажлисида ҳар икки тараф ёки учинчи шахслар тартибни бузган тақдирда, суд ишнинг муҳокамасини кейинга қолдириши мумкин.

Ишда иштирок этаётган шахслар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар тартибни такроран бузган тақдирда суднинг ажримига биноан, ишни кўришда ҳозир бўлган фуқаролар эса раислик қилувчининг фармойиши билан суд мажлиси залидан чиқариб юборилиши мумкин. Фуқаролар оммавий тарзда тартибни бузган тақдирда суд иш муҳокамасини кейинга қолдириши мумкин.

Прокурор ёки адвокат раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунмаган тақдирда, улар огоҳлантирилади. Мазкур шахслар раислик қилувчининг фармойишларига яна бўйсунмаса, агар уларни ишга зарар етказмаган ҳолда бошқа шахс билан алмаштиришнинг имкони бўлмаса, ишни кўриш суднинг ажримига биноан кейинга қолдирилиши мумкин. Суд бир вақтнинг ўзида хусусий ажрим чиқаради, ушбу ажрим тегишинча юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига юборилади.



146-модда. Суд жарималарини солиш тартиби


Суд жарималари ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда солинади.

Суд жаримасини солиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси жарима солинган шахсга дарҳол юборилади.

Суд томонидан солинадиган суд жаримасининг миқдори энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ошмаслиги керак.



147-модда. Суд жаримасини ундириш


Суд жарималари давлат даромадига ундирилади.

Мансабдор шахсларга суд томонидан солинган суд жарималари уларнинг шахсий маблағларидан ундирилади.



148-модда. Жаримадан озод қилиш ёки

унинг миқдорини камайтириш


Жарима солинган шахс жарима солган суддан жаримадан озод қилишни ёки унинг миқдорини камайтиришни суд ажримининг кўчирма нусхасини олганидан кейин беш кун ичида илтимос қилиши мумкин. Бу ариза жарима солинган шахсни хабардор қилган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ унинг судга келмаганлиги аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.



149-модда. Суд жаримаси устидан шикоят

қилиш (протест келтириш)


Суднинг жарима солиш, жаримадан озод қилиш ёки унинг миқдорини камайтиришни рад этиш тўғрисидаги ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.



150-модда. Маъмурий жавобгарликка тортиш


Суд мажлисида тартибни бузган ёки судга бошқача тарзда ҳурматсизлик билдирган шахс суд томонидан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Судга ҳурматсизлик гувоҳнинг, даъвогарнинг, жавобгарнинг, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг судга келишдан қасддан бўйин товлашида ёки ушбу шахслар ва бошқа фуқароларнинг раислик қилувчининг фармойишига бўйсунмаслигида ёхуд суд мажлиси вақтида тартибни бузишида намоён бўлади.

Судга ҳурматсизлик кўрсатилганлиги факти аниқланганлиги тўғрисида ушбу ҳуқуқбузарлик содир этилган суд мажлисининг ўзида алоҳида хонага (маслаҳатхонага) кирмасдан судья (суд таркиби) томонидан ҳуқуқбузарга дарҳол эълон қилинади. Мазкур факт суд мажлиси баённомасида қайд этилади. Бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайди.

Судга ҳурматсизлик кўрсатилганлиги факти аниқланган шахс, шунингдек ишда иштирок этувчи бошқа шахслар ўз тушунтиришларини беришга ҳақли.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қарор раислик қилувчи томонидан иш бўйича суд мажлиси тугагандан кейин алоҳида хонада (маслаҳатхонада) тузилиб, судья (суд таркиби) томонидан имзоланади.

Агар судга ҳурматсизлик суд мажлисида кўрсатилган ва ҳуқуқбузар суд мажлиси залини тарк этган бўлса, судга ҳурматсизлик суд мажлисидан ташқарида кўрсатилган бўлса, шунингдек суд мажлисига келишдан бош тортганлик аниқланса, ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома судьянинг ёрдамчиси (катта ёрдамчиси) ёки суд раисининг ёхуд суд мажлисида раислик қилувчининг оғзаки фармойишига асосан бошқа суд ходими томонидан тузилади ва бу ҳақда ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомада кўрсатилади.

Ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ушбу суд томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.



15-БОБ. ПРОЦЕССУАЛ МУДДАТЛАР


151-модда. Процессуал ҳаракатларни амалга ошириш муддатлари


Процессуал ҳаракатлар қонунда белгиланган муддатларда амалга оширилади.

Процессуал муддатлар қонунда белгиланмаган ҳолларда, улар суд томонидан тайинланади.

Процессуал ҳаракатларни бажариш учун муддатлар албатта юз бериши лозим бўлган воқеани кўрсатган ҳолда календарь сана билан ёки муайян давр билан белгиланади. Муайян давр билан белгиланганда ҳаракат бутун давр мобайнида амалга оширилиши мумкин.



152-модда. Процессуал муддатларни ҳисоблаш


Процессуал муддатлар йиллар, ойлар ва кунлар билан ҳисобланади. Муддатнинг ўтиши календарь сананинг ёки муддатнинг бошланиши деб белгиланган воқеа юз берган куннинг эртасидан бошланади.

Йиллар билан ҳисобланадиган муддат унинг охирги йилининг тегишли ойи ва кунида тамом бўлади.

Ойлар билан ҳисобланадиган муддат унинг охирги ойининг тегишли ойи ва кунида тамом бўлади.

Агар ойлар билан ҳисобланадиган муддатнинг тугаши тегишли санаси бўлмаган ойга тўғри келса, муддат шу ойнинг охирги кунида тамом бўлади. Бу муддатнинг охирги куни иш куни бўлмаган кунга тўғри келган тақдирда, ундан кейинги биринчи иш куни муддатнинг тамом бўлиш куни ҳисобланади.

Амалга оширилиши учун муддат белгиланган процессуал ҳаракат муддатнинг охирги куни соат йигирма тўртгача бажарилиши мумкин.

Агар процессуал ҳаракат судда амалга оширилиши керак бўлса, белгиланган қоидаларга кўра судда иш тугаган соатда муддат тамом бўлган ҳисобланади.

Агар ариза, шикоят, ҳужжатлар ёки пул суммалари муддатнинг охирги куни соат йигирма тўртгача алоқа ташкилотига топширилган, ахборот тизими орқали электрон тарзда юборилган ёки тегишли органга ёхуд ҳужжатни қабул қилишга ваколатли шахсга берилган бўлса, муддат ўтмаган ҳисобланади.



153-модда. Процессуал муддатларни ўтказиб юбориш оқибатлари


Процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқи қонунда белгиланган ёки суд томонидан тайинланган муддатнинг ўтиши билан бекор бўлади. Бундай ҳолда процессуал муддатларнинг ўтиши ишда иштирок этувчи шахсларни уларнинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан озод этмайди.

Процессуал муддатлар ўтгандан сўнг тақдим этилган аризалар, шикоятлар ва ҳужжатлар, агар ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса ёки уни қаноатлантириш рад этилган бўлса, уларни тақдим этган шахсларга қайтарилади.



154-модда. Процессуал муддатларни тўхтатиб туриш


Иш юритиш тўхтатиб турилганида тугамаган барча процессуал муддатларнинг ўтиши ҳам тўхтатиб турилади. Муддатларнинг тўхтатиб турилиши иш юритишни тўхтатиб туришга асос бўлган ҳолатлар юзага келган вақтдан эътиборан бошланади. Иш юритиш тикланган кундан эътиборан процессуал муддатларнинг ўтиши давом этади.



155-модда. Процессуал муддатларни узайтириш ва тиклаш


Суд тайинлаган муддатлар суд томонидан узайтирилиши мумкин.

Ишда иштирок этувчи шахслар қонунда белгиланган муддатни суд узрли деб топган сабабларга кўра ўтказиб юборган бўлса, мазкур муддат тикланади.

Ўтказиб юборилган процессуал муддатни тиклаш тўғрисидаги илтимоснома процессуал ҳаракат амалга оширилиши ёки ҳужжат топширилиши лозим бўлган судга берилади ва ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ бу шахсларнинг келмаганлиги илтимосномани кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Ўтказиб юборилган процессуал муддатни тиклаш тўғрисидаги илтимосномани бериш билан бир вақтда, муддати ўтказиб юборилган ҳаракат бажарилиши ёки ҳужжат топширилиши лозим.

Ўтказиб юборилган процессуал муддатни узайтириш, тиклаш ҳақида ёки узайтиришни ёхуд тиклашни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Ўтказиб юборилган процессуал муддатни узайтиришни рад этиш ёки тиклашни рад этиш ҳақидаги суд ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.



16-БОБ. СУД ХАБАРНОМАЛАРИ ВА ЧАҚИРУВЛАРИ


156-модда. Суд хабарномалари ва чақирув қоғозлари


Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва гувоҳлар суд чақирув қоғозлари, зарур ҳолларда эса буюртма хатлар, телефонограммалар, телеграммалар ва хабардор қилинганлик факти қайд этилишини таъминлайдиган бошқа алоқа воситалари орқали судга чақирилади ҳамда суднинг айрим процессуал ҳаракатлари тўғрисида хабардор қилинади.

Судья чақирув қоғози билан бир вақтда жавобгарга даъво аризасининг (аризанинг) кўчирма нусхасини ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юборади.

Агар жавобгарнинг ёзма тушунтириши судга келиб тушган бўлса, судья судга мурожаат қилган шахсга чақирув қоғози юбораётганда ушбу тушунтириш хатининг кўчирма нусхасини жўнатади.

Суд хабарномалари ва чақирув қоғозлари иш материалларига қўшиб қўйилади.



157-модда. Суд чақирув қоғозининг мазмуни


Судга чақириш тўғрисидаги суд чақирув қоғозида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) суднинг номи, манзили, телефон рақами, электрон почта манзили;

2) келиш жойи ва вақти;

3) шахс қандай иш юзасидан чақирилаётганлиги;

4) шахснинг ким тариқасида чақирилаётганлиги;

5) ишда иштирок этувчи шахсларга иш бўйича ўзлари эга бўлган ҳамма далилларни тақдим этиш тўғрисидаги таклиф;

6) чақирилувчи йўқлиги сабабли чақирув қоғозини қабул қилиб олган шахснинг имконият бўлиши биланоқ уни дарҳол чақирилувчига топширишга мажбурлиги;

7) судга келмаганликнинг ушбу Кодекснинг 220, 221 ва 222-моддаларида назарда тутилган оқибатлари.

Судга чақириш тўғрисида электрон ҳужжат тарзида юборилаётган суд чақирув қоғозида ушбу модда биринчи қисмининг 1-5, 7-бандларида санаб ўтилган маълумотлар кўрсатилиши керак.



158-модда. Суднинг чақирув қоғозини ёки

бошқа хабарномани топшириш муддати


Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.



159-модда. Суднинг чақирув қоғозини ёки

бошқа хабарномани етказиб бериш


Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома чақирилаётган шахсга тараф ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахс томонидан кўрсатилган манзил бўйича етказиб берилади. Агар фуқаро судга маълум қилинган манзилда ҳақиқатда яшамаса, суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома унинг иш ёки ўқиш жойига юборилиши мумкин.

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома алоқа ташкилоти орқали топширилганлиги тўғрисида тилхат олиш йўли билан ёки хат-ҳужжат ташувчи орқали юборилади.

Судьянинг ёрдамчиси (катта ёрдамчиси) ишда иштирок этувчи шахснинг розилиги билан унга иш бўйича чақирилаётган бошқа шахсга топшириш учун суднинг чақирув қоғозини ёки бошқа хабарномани бериши мумкин.

Суднинг чақирув қоғозини ёки бошқа хабарномани етказиб бериш вазифаси юклатилган шахс ҳужжатнинг иккинчи нусхасини чақирилувчининг уни олганлиги тўғрисидаги имзоси билан судга қайтариши шарт.

Ишда иштирок этувчи шахс томонидан электрон почта манзили кўрсатилган тақдирда, суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.



160-модда. Суднинг чақирув қоғозини ёки

бошқа хабарномани топшириш


Фуқарога суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома судга қайтарилиши лозим бўлган иккинчи нусхасига у топширилган вақтини кўрсатган ҳолда тилхат олиб шахсан топширилади.

Ташкилот номига йўлланган суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома тегишли мансабдор шахсга топширилади, у ҳужжатнинг иккинчи нусхасига имзо қўяди.

Агар суднинг чақирув қоғозини ёки бошқа хабарномани келтирган шахс иш бўйича судга чақирилаётган фуқарони яшаш ёки иш ёхуд ўқиш жойида топмаса, суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ушбу фуқаро билан бирга яшайдиган катта ёшдаги оила аъзоларининг бирига, бўлмаган тақдирда эса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ёки иш берувчига (маъмуриятнинг мансабдор шахсига) ёхуд ўқув муассасасига топширилади. Бундай ҳолларда суднинг чақирув қоғозини ёки бошқа хабарномани қабул қилиб олган шахс унинг иккинчи нусхасида ўзининг фамилияси, исми, отасининг исмини, шунингдек суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома юборилган шахснинг кими эканлигини (эри ёки хотини, отаси, онаси, ўғли, қизи ва ҳоказо) ёки эгаллаб турган лавозимини кўрсатиши шарт. Суднинг чақирув қоғозини ёки бошқа хабарномани қабул қилиб олган шахс уни имконият бўлиши билан чақирилувчига дарҳол топшириши шарт.

Чақирилувчи вақтинча бирор жойга кетган бўлса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки иш берувчи (маъмуриятнинг мансабдор шахси) ёхуд ўқув муассасаси суд чақирув қоғозининг ёки бошқа хабарноманинг иккинчи нусхасига чақирилувчи қаерга кетганлиги ва қачон келиши кутилаётганлиги тўғрисидаги маълумотларни қайд этади, бу маълумотлар тегишинча имзо ва муҳр билан тасдиқланади ҳамда гувоҳлантирилади.



161-модда. Суднинг чақирув қоғозини ёки

бошқа хабарномани қабул қилишдан

бош тортиш оқибатлари


Чақирилувчи ўз номига юборилган суднинг чақирув қоғозини ёки бошқа хабарномани қабул қилишдан бош тортса, уни келтирган шахс суднинг чақирув қоғозига ёки бошқа хабарномага тегишли белги қўйиб, уни судга қайтаради. Чақирилувчи суднинг чақирув қоғозини ёхуд бошқа хабарномани қабул қилиб олишдан бош тортганлиги ҳақидаги белги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки иш берувчи (маъмуриятнинг мансабдор шахси) ёхуд ўқув муассасаси томонидан ёки камида икки нафар фуқаронинг имзоси билан тасдиқланади.

Чақирилувчи суднинг чақирув қоғозини ёки бошқа хабарномани қабул қилишдан бош тортганлиги ёки ахборот тизими орқали электрон тарзда хабардор қилинган шахснинг узрсиз сабабларга кўра келмаганлиги ишни муҳокама қилишга тўсқинлик қилмайди.



162-модда. Тегишли тартибда хабардор қилиш


Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома шахсан ёки вояга етган оила аъзоларидан бири, мазкур манзилда яшовчи бошқа шахс томонидан олинган, шунингдек суд томонидан матнли хабарнинг электрон почта манзили орқали ёки хабарноманинг қайд этилишини таъминловчи бошқа алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда етказилганлигини тасдиқловчи ҳисобот олинган ҳолларда, агар бундай хабарнома келиб тушмаганлиги ёки кечроқ келиб тушганлиги исботланмаса, ишда иштирок этувчи шахслар тегишли тартибда хабардор қилинган ҳисобланади.

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома чақирилувчи уни олишни рад этганда ҳам, агар бундай рад этиш қайд этилган бўлса, етказилган ҳисобланади.



163-модда. Иш юритиш вақтида фамилияни, исмни,

отасининг исмини ўзгартириш, манзилнинг ўзгариши


Ишда иштирок этувчи шахслар иш юритиш вақтида фамилиясини, исмини, отасининг исмини ўзгартирганлиги, манзили ўзгарганлиги ҳақида судга хабар қилиши шарт. Бундай хабар мавжуд бўлмаган тақдирда, суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома судга маълум бўлган охирги манзил бўйича юборилади ва, гарчи чақирилувчи бу манзилда ортиқ яшамаса ёки бўлмаса ҳам, у етказиб берилган деб ҳисобланади.

Агар ишда иштирок этувчи шахслар телефонлари ва факслари рақамларини, электрон почта манзилини судга маълум қилган бўлса, иш юритилаётган вақтда уларнинг ўзгарганлиги тўғрисида судни хабардор қилиши керак.



164-модда. Жавобгарнинг туриш жойи номаълумлиги


Жавобгарнинг амалдаги туриш жойи номаълум бўлса, жавобгарнинг охирги яшаш жойидаги алоқа ташкилоти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёхуд охирги иш жойидаги иш берувчи (маъмуриятнинг мансабдор шахси) суд чақирув қоғозининг ёки бошқа хабарноманинг иккинчи нусхасига мазкур органлар ёки ташкилотлар суд чақирув қоғозини ёки бошқа хабарномани олганлиги ва уни чақирилувчининг туриш жойи номаълумлиги сабабли унга топширишнинг имкони бўлмаганлиги ҳақида ёзиб юборган маълумот судга келиб тушгач, суд ишни муҳокама қилишга киришади.



165-модда. Жавобгарни (қарздорни) қидириш


Алиментлар ундириш тўғрисидаги ва майиб бўлиш ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етказилганлиги, шунингдек боқувчисининг ўлими натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги даъволар бўйича жавобгарнинг (қарздорнинг) амалдаги туриш жойи номаълум бўлган тақдирда, жавобгар (қарздор) қидирилиши шарт. Бундай ҳолларда суд ички ишлар органлари томонидан жавобгарни (қарздорни) қидириш тўғрисида ажрим чиқаради.



17-БОБ. ЯРАШТИРИШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ


166-модда. Келишув битимини ёки медиатив

келишувни тузиш

Суд тарафларни яраштириш учун чоралар кўради, уларга фуқаролик суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашади.

Тарафлар келишув битимини ёки медиатив келишувни тузиб, низони ўзаро талабларнинг тўлиқ ҳажмида ёки қисман ҳал этиши мумкин.

Келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибида юритиладиган ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.

Келишув битими фуқаролик суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида, медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкин.

Келишув битими ёки медиатив келишув ёзма шаклда тузилади ва келишув битимини, медиатив келишувни тузган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади.

Келишув битими суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган ҳисобланади.



167-модда. Келишув битимининг мазмуни


Келишув битими уни ижро этиш муддати ва тартиби кўрсатилган ҳолда тарафлар томонидан келишилган шартларни ўз ичига олиши керак.

Тарафлар томонидан келишув битими шартлари бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг ижро этилиши тарафларни бир-бирига ёки бошқа воқеаларга (ҳаракатларга) боғлиқ қилиб қўйиши мумкин эмас.

Келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд уни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар бўлиши мумкин.

Агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд мазкур масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида, ушбу Кодексда белгиланган тартибда ҳал қилади.

Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта ортиқ нусхада тузилади ва имзоланади. Ушбу нусхалардан бири иш материалларига қўшиб қўйилади.



168-модда. Келишув битимини тасдиқлаш

тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш


Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала суд мажлисида тарафлар албатта иштирок этган ҳолда кўрилади, бундай келишув нотариус томонидан тасдиқланган ҳоллар бундан мустасно. Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинади.

Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқарилади, унда иш юритиш тугатилганлиги кўрсатилади.

Келишув битими апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси суди томонидан тасдиқланган тақдирда, иш бўйича илгари қабул қилинган суд ҳужжатлари бекор қилиниши тўғрисида ажрим ёки қарор чиқарилади ва иш юритиш тугатилади.

Келишув битими суд ҳужжатини ижро этиш босқичида тузилган тақдирда, битим ишни кўрган биринчи инстанция судига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Суд ҳужжатини ижро этиш босқичида тузилган келишув битимини тасдиқлаш масаласи келишув битими судга тақдим этилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қоидалар бўйича кўриб чиқилади.

Суд ҳужжатини ижро этиш босқичида тузилган келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажримда келишув битимининг шартлари ва келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги хулоса бўлиши керак.

Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Келишув битимини тузган шахслар уни ушбу битимда назарда тутилган тартибда ва муддатларда ихтиёрий равишда ижро этади.

Суд томонидан тасдиқланган келишув битими, ушбу битимда назарда тутилган муддатларда ихтиёрий равишда ижро этилмаган тақдирда, у келишув битимини тузган шахснинг илтимосномасига, суд харажатларини ундиришга тааллуқли қисми эса суднинг ташаббусига кўра суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида, ушбу Кодекс қоидалари бўйича мажбурий ижро этилиши лозим.



169-модда. Келишув битимини тасдиқлашни рад этиш


Суд келишув битимини тасдиқлашни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар унинг шартлари:

қонун ҳужжатларига зид бўлса;

учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлса.

Келишув битимини тасдиқлашни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади, ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.



II БЎЛИМ. БИРИНЧИ ИНСТАНЦИЯ

СУДИДА ИШЛАРНИ ЮРИТИШ


1-кичик бўлим. Буйруқ тартибида иш юритиш


18-БОБ. СУД БУЙРУҒИ


170-модда. Суд буйруғига оид умумий қоидалар


Суд буйруғи низосиз талаблар бўйича суд муҳокамаси ўтказмасдан берилган суд ҳужжатидир.

Суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга. Суд буйруғи бўйича ундирув буйруқ берилганидан кейин ўн кунлик муддат ўтгандан кейин ва суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Алимент ундириш ва ходимга уч ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган иш ҳақини ундириб бериш тўғрисидаги суд буйруқлари дарҳол ижро этилиши лозим.



171-модда. Суд буйруғини бериш бўйича талаблар


Суд буйруғи қуйидаги ҳолларда берилади, агар:

1) талаб нотариал тасдиқланган битимга асосланган бўлса;

2) талаб ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган бўлса;

3) коммунал хизматлар ёки алоқа хизматлари тўлови бўйича қазрдорликни тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;

4) вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш тўғрисидаги, оталикни белгилаш билан ёки учинчи шахсларни жалб этиш зарурати билан боғлиқ бўлмаган талаб арз қилинган бўлса;

5) ҳисобланган, лекин ходимга тўланмаган иш ҳақини ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш ҳақида талаб арз қилинган бўлса;

6) фуқаролардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;

7) ижара шартномасида белгиланган ижара тўловлари муддатида тўланмаганлиги сабабли ушбу тўловларни ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;

8) хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари аъзоларидан мажбурий бадаллар ва тўловларни ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса.



172-модда. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги

аризанинг шакли ва мазмуни


Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза судга ушбу Кодекснинг 5-бобида белгиланган судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари бўйича берилади.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон ҳужжат тарзида берилади. Аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ариза берилаётган суднинг номи;

2) ундирувчининг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), унинг яшаш жойи ёки жойлашган ери (почта манзили) ҳамда юридик шахснинг реквизитлари;

3) қарздорнинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), унинг яшаш жойи ёки жойлашган ери (почта манзили) ҳамда юридик шахснинг реквизитлари;

4) ундирувчининг талаби ва талабга асос бўлган ҳолатлар;

5) ундирилаётган қарздорлик вужудга келган давр;

6) арз қилинган талабни тасдиқловчи, илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризада ундирувчи ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон почта манзили кўрсатилиши мумкин.

Кўчар мол-мулк талаб қилинган тақдирда, аризада ушбу мол-мулкнинг қиймати кўрсатилиши лозим.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза ундирувчи ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан берилаётган аризага унинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши керак.



173-модда. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги

аризага илова қилинадиган ҳужжатлар


Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага:

1) давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини;

2) ҳуқуқий муносабатни судгача ҳал қилиш тартибига риоя қилинганлиги тўғрисидаги маълумотларни, агар бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

3) талабларга асос бўлган ҳолатларни;

4) арз қилинган талабни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.



174-модда. Давлат божи


Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризадан қонун ҳужжатларида даъво ишини юритиш учун белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ундирилади.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш рад этилган тақдирда, ундирувчи томонидан тўланган давлат божи қайтариб берилади.

Суд буйруғи бекор қилинган тақдирда ундирувчи томонидан тўланган давлат божи қайтариб берилмайди. Ундирувчи томонидан қарздорга нисбатан даъво иши юритиш тартибида даъво қўзғатилган тақдирда, тўланган давлат божи тўланиши лозим бўлган божга қўшиб ҳисобланади.



175-модда. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги

аризани қабул қилишни рад этиш асослари


Судья суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни ушбу Кодекснинг 194-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этади. Судья аризани қабул қилишни қуйидаги ҳолларда ҳам рад этади, агар:

1) арз қилинган талаб ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилмаган бўлса;

2) қарздор Ўзбекистон Республикаси судлари юрисдикцияси доирасидан четда бўлса;

3) ҳуқуқ тўғрисида низо мавжуд деб ҳисобланса.

Аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисида судья ариза судга келиб тушган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида ажрим чиқаради.

Аризани қабул қилиш рад этилганлиги ундирувчининг шу талаб бўйича даъво ишини юритиш тартибида даъво тақдим этиш имкониятига тўсқинлик қилмайди.



176-модда. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қайтариш


Судья суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қуйидаги ҳолларда қайтаради, агар:

1) ариза ушбу Кодекснинг 172-моддасида белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда берилган бўлса;

2) ушбу Кодекснинг 173-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса;

3) арз қилинган талабни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса;

4) давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилмаган бўлса, давлат божи тўлашни кечиктириш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;

5) суд буйруғи берилгунига қадар ундирувчидан суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қайтариш ҳақида ариза келиб тушган бўлса.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қайтариш ҳақида судья ариза судга келиб тушган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай ажрим чиқаради.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилганидан кейин ушбу ариза билан судга иккинчи марта мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.



177-модда. Суд буйруғини бериш тартиби ва муддати


Арз қилинган талабнинг мазмуни бўйича суд буйруғи ариза судга келиб тушган кундан эътиборан уч кун ичида судья томонидан берилади.

Суд буйруғи судья томонидан ундирувчи ва қарздорни судга чақирмасдан, уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан якка тартибда, суд муҳокамасисиз берилади.

Суд буйруғи судья томонидан имзоланади.

Агар белгиланган муддатда қарздордан судга эътироз келиб тушмаса, судья ундирувчига суднинг муҳри билан тасдиқланган буйруқ кўчирма нусхасини ижрога тақдим этиш учун беради.

Ундирувчининг илтимосига кўра суд буйруғи ижро этиш учун бевосита суд томонидан юборилиши мумкин.

Қарздордан давлат божини ундириш учун суднинг муҳри билан тасдиқланган суд буйруғининг алоҳида нусхаси бевосита суд томонидан ижро этиш учун юборилади.



178-модда. Суд буйруғининг мазмуни


Суд буйруғида қуйидагилар кўрсатилади:

1) иш юритишнинг тартиб рақами ва буйруқ берилган сана;

2) суднинг номи, буйруқ берган судьянинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

3) ундирувчининг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), яшаш жойи ёки жойлашган ери (почта манзили);

4) қарздорнинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), яшаш жойи ёки жойлашган ери (почта манзили);

5) талабни қаноалантириш учун асос бўлган қонун;

6) ундирилиши керак бўлган пул суммаларининг миқдори ёки талаб қилиб олиниши керак бўлган кўчар мол-мулкнинг қиймати ҳам кўрсатилган ҳолдаги белгиси;

7) ундирилаётган қарздорлик вужудга келган давр;

8) неустойка миқдори, агар унинг ундирилиши қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

9) қарздордан ундирилиши керак бўлган давлат божининг суммаси;

10) арз қилинган талабга қарши қарздор томонидан эътироз тақдим этиш муддати ва тартиби.

Вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш тўғрисидаги суд буйруғида ушбу модданинг 1-5, 9, 10-бандларида назарда тутилган маълумотлардан ташқари қуйидагилар кўрсатилади: қарздорнинг туғилган санаси ва жойи, таъминоти учун алимент ундирилиши лозим бўлган ҳар бир боланинг исми ва туғилган санаси, қарздордан ҳар ойда ундириладиган тўловлар миқдори ҳамда уларни ундириш муддати.

Суд буйруғининг ёзувидаги хатоларни ва очиқ кўриниб турган арифметик хатоларни тузатиш суднинг ташаббуси ёхуд ундирувчининг ёки қарздорнинг аризаси бўйича ушбу буйруқ қандай тартибда берилган бўлса, шундай тартибда суднинг ажрими асосида амалга оширилади.



179-модда. Қарздорга суд буйруғининг кўчирма нусхасини юбориш


Суд буйруғи берилганидан кейин суд унинг кўчирма нусхасини дарҳол қарздорга юборади.

Суд буйруғи судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.



180-модда. Суд буйруғининг қонуний кучга кириши


Суд буйруғи у берилгандан сўнг ўн кунлик муддат ўтгач қонуний кучга киради.



181-модда. Суд буйруғини бекор қилиш


Қарздор арз қилинган талабга қарши эътирозларини буйруқни берган судга суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда юборишга ҳақли. Бундай ҳолда судья суд буйруғини бекор қилиб, бу ҳақда ажрим чиқаради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримда судья ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлигини тушунтиради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси ажрим берилганидан кейин уч кундан кечиктирмай ундирувчига ва қарздорга имзо қўйдириб топширилади ёки уларга почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади.

Алиментлар ундириш тўғрисидаги суд буйруғи ижро ишини юритиш бўйича ундирув тугагунига қадар ундирувчининг аризасига кўра бекор қилиниши мумкин.



2-кичик бўлим. Даво ишни юритиш


19-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


182-модда. Суд томонидан даъво ишини юритиш

тартибидакўриладиган ишлар


Суд томонидан даъво ишини юритиш тартибида кўриладиган ишларга, агар қонун ҳужжатларида уларни кўришнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, фуқаролик, меҳнат, оилавий, уй-жой ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган даъволар бўйича ишлар киради.



183-модда. Даъво ишини юритишга доир

ишларни кўриш тартиби


Даъво ишни юритишга доир ишлар ушбу кичик бўлимда кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан бирга фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўрилади.



184-модда. Ишга тиклаш тўғрисидаги ишлар

бўйича учинчи шахсларни жалб қилиш


Меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходимларни ёки ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ходимларни илгариги ишига тиклаш тўғрисидаги ишлар бўйича суд меҳнат шартномасини бекор қилишга ёки бошқа ишга ўтказишга фармойиш берган мансабдор шахсни учинчи шахс сифатида жавобгар тарафида ишда иштирок этиш учун ўз ташаббуси билан жалб қилиши шарт.

Суд меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ёки бошқа ишга ўтказиш очиқдан-очиқ қонунни бузган ҳолда амалга оширилганлигини аниқласа, шу процесснинг ўзидаёқ айбдор мансабдор шахс зиммасига мажбурий прогул ёки кам ҳақ тўланадиган иш бажарилган вақт учун ҳақ тўлаш сабабли ташкилотга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбуриятини юклатади. Бундай ҳолларда мансабдор шахсдан ундириладиган суммаларнинг миқдори меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


185-модда. Никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги иш билан

бирга кўриб чиқилиши мумкин бўлмаган низолар


Эр-хотиннинг мол-мулкини бўлиш ҳақидаги талаби, агар бу низони тўғри ҳал этиш учун ишга учинчи шахсларни жалб қилиш зарур бўлса, никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги иш билан бирга кўрилиши мумкин эмас.



186-модда. Алиментлар ундириш тўғрисидаги

ишлар бўйича жавобгарнинг судга келиши


Суд алиментлар ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича жавобгарнинг судга келишини шарт деб топиши мумкин. Агар бундай ҳолда жавобгар суд томонидан узрсиз деб топилган сабабларга кўра суд мажлисига келмаса, у мажбурий тартибда келтирилади ва ушбу Кодекснинг 146-моддасида назарда тутилган тартибда жаримага тортилади.



187-модда. Алиментларни ҳал қилув қарори

қабул қилингунига қадар ундириш


Алиментлар ундириш тўғрисидаги ишларни кўриш вақтида суд зарур бўлган тақдирда, ишни мазмунан ҳал қилгунига қадар тарафларнинг моддий аҳволини ҳисобга олиб, эр (хотин) ўз хотинини (эрини) боқишга қанча миқдорда вақтинча маблағ бериб туриши кераклиги, болаларни боқиш ва тарбиялашга эр-хотиндан қайси бири ва қанча миқдорда вақтинча маблағ бериб туриши кераклиги, шунингдек болалардан қайси бири ота-оналарини боқишга қанча миқдорда вақтинча маблағ бериб туриши кераклиги тўғрисида ажрим чиқаришга ҳақли.

Суднинг ажрими дарҳол ижро этилади.



20-БОБ. ИШ ҚЎЗҒАТИШ


188-модда. Ариза бериш


Судда ишлар ёзма шаклда, шу жумладан почта орқали ёки электрон ҳужжат тарзида ариза бериш йўли билан қўзғатилади.



189-модда. Аризанинг мазмуни


Аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ариза берилаётган суднинг номи;

2) даъвогарнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, агар даъвогар ташкилот бўлса, унинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ҳамда реквизитлари, шунингдек, агар ариза вакил томонидан берилаётган бўлса, вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва манзили;

3) жавобгарнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, агар жавобгар ташкилот бўлса, унинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ҳамда реквизитлари;

4) даъвогарнинг талаби;

5) агар даъво баҳоланиши керак бўлса, даъвонинг баҳоси;

6) даъвогар ўз талабига асос қилиб кўрсатаётган ҳолатлар ва даъвогар томонидан баён қилинган ҳолатларни тасдиқловчи далиллар;

7) жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, башарти бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

8) аризага илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Ариза даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар ариза вакил томонидан берилган бўлса, аризага ишончнома ёки вакилнинг ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши керак.

Бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурор, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ёки айрим фуқаролар томонидан бериладиган аризада ушбу моддада санаб ўтилган маълумотлардан ташқари ариза кимнинг манфаатини кўзлаб берилган бўлса, ўша шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи) ҳамда манзили кўрсатилиши керак.

Аризада даъвогарни ёки унинг вакилининг, шунингдек бошқа тарафнинг телефонлари ва факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

Аризада электрон манзили кўрсатилганлиги аризачининг суд чақирув қоғозларини ва бошқа хабарномаларни, суд ҳал қилув қарорларининг ҳамда ажримларининг кўчирма нусхаларини электрон ҳужжат тарзида олишга бўлган розилигидир.



190-модда. Аризанинг ва унга илова қилинган

ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари


Ариза жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдордаги кўчирма нусхалари билан бирга судга берилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган ариза мустасно.

Судья ишнинг мураккаблиги ва хусусиятига қараб, аризага илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдорда тақдим этиш мажбуриятини даъвогарнинг зиммасига юклаши мумкин.



191-модда. Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар


Аризага қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:

1) арз қилинаётган талабларга асос бўлган ҳолатларни;

2) жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилганлигини, башарти бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

3) давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини;

4) аризани имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжатни, агар ариза вакил томонидан имзоланган бўлса.



192-модда. Аризани иш юритишга қабул

қилиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш


Судья аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш ҳақидаги масалани ариза судга келиб тушган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай якка тартибда ҳал этади. Аризани иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади. Аризани иш юритишга қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга аризачига ажрим чиқарилгандан кейинги кундан кечиктирмай юборилади.



193-модда. Аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш


Судья ушбу Кодексда назарда тутилган талабларга риоя этган ҳолда берилган аризани иш юритишга қабул қилиши ва иш қўзғатиши шарт.

Судья ушбу Кодексда назарда тутилган талабларни бузган ҳолда берилган аризани, агар аризага тегишли илтимосномалар илова қилинган, бундай илтимосномаларни ҳал қилиш қонун билан судьянинг ваколатларига берилган ҳамда бу илтимосномалар қаноатлантирилган бўлса, иш юритишга қабул қилишга ва иш қўзғатишга ҳақли.

Судьянинг ушбу Кодексда назарда тутилган талабларни бузган ҳолда берилган аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантириш ҳақидаги хулосаси аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда асослантирилган бўлиши керак.



194-модда. Аризани иш юритишга қабул қилишни рад этиш


Суд аризани иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:

1) арз қилинаётган талаб судга тааллуқли бўлмаса;

2) фуқаролик ишлари бўйича суднинг, иқтисодий суднинг ёки маъмурий суднинг ёхуд чет давлат ваколатли судининг айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечишини қабул қилиш тўғрисидаги ёхуд тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги ажрими мавжуд бўлса;

3) фуқаролик ишлари бўйича суднинг, ҳакамлик судининг иш юритишида айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса;

4) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан ҳакамлик судининг қабул қилинган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бўлса, бундан фуқаролик ишлар бўйича суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини беришни рад этган ҳоллар мустасно;

5) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан ҳакамлик муҳокамасини тугатиш тўғрисида чиқарилган ажрим бўлса, бундан ҳакамлик судида ушбу низони қўриб чиқиш ваколати мавжуд эмаслиги сабабли ҳакамлик муҳокамаси тугатилганлиги ҳолати мустасно.

Судьянинг ушбу моддада назарда тутилган асослар бўйича аризани иш юритишга қабул қилишни рад этиши судга иккинчи марта мурожаат этишга тўсқинлик қилади.

Агар талаб судга тааллуқли бўлмаса, ажримда судья аризачи қайси органга мурожаат қилиши лозимлигини кўрсатиши шарт.



195-модда. Аризани қайтариш


Судья аризани ва унга илова қилинган ҳужжатларни қуйидаги ҳолларда қайтаради, агар:

1) ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса;

2) манфаатдор шахс номидан берилган ариза иш юритиш ваколатига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

3) иш мазкур суднинг судловига тегишли бўлмаса;

4) ариза ушбу Кодекснинг 189-моддасида белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда берилган бўлса;

5) битта аризада бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан бир нечта талаб бирлаштирилган бўлса, башарти бу талаблар ўзаро боғлиқ бўлмаса;

6) иш юритишга қабул қилиш ва ишни қўзғатиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар аризачидан аризани қайтариш ҳақида ариза келиб тушган бўлса;

7) давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилмаган бўлса, давлат божи ва почта харажатларини тўлашни кечиктириш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёки илтимоснома рад этилган бўлса;

8) мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш тўғрисидаги ариза қонунда белгиланган муддатдан олдин ёки қонунда назарда тутилган мол-мулкни (ашёни) аниқлаш ва ҳисобга олиш тартиби бузиб берилган бўлса.

9) даъвогар низони жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиш тартибига риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаган бўлса, башарти бу мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса.

Аризани қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Ажрим бекор қилинган тақдирда, ариза судга дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган деб ҳисобланади.

Аризанинг қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилганидан кейин судга умумий тартибда такроран мурожаат қилишга тўсқинлик қилмайди.



196-модда. Бир нечта талабни бирлаштириш


Даъвогар битта аризада ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга ҳақли.



197-модда. Судьянинг бир турдаги ишларни бирлаштириш ҳуқуқи


Судья мазкур суднинг иш юритишида айни бир тарафлар иштирок этаётган бир турдаги бир нечта иш ёхуд бир шахснинг турли жавобгарларга ёки бир нечта даъвогарнинг айни битта жавобгарга нисбатан аризалари бўйича бир нечта иш мавжудлигини аниқласа, бу ишларни биргаликда кўриш учун битта иш юритишга бирлаштиришга, агар бундай бирлаштириш ишнинг ўз вақтида ва тўғри ҳал қилинишига олиб келса, ҳақли.

Ишларни бирлаштириш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Бирлаштирилган ишларни кўриш муддати кейинроқ қўзғатилган иш бўйича белгиланади.


198-модда. Бир нечта талабни алоҳида иш юритишга ажратиш


Агар аризани кўраётган судья талабларни ажратиб кўришни мақсадга мувофиқ деб топса, у бирлаштирилган талаблардан бирини ёки бир нечтасини алоҳида иш юритишга ажратишга ҳақли.

Бир нечта даъвогар томонидан ёки бир нечта жавобгарга нисбатан талаблар тақдим этилган тақдирда, аризани иш юритишга қабул қилиш ва ишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилаётган судья, агар талабларни ажратиб кўришни мақсадга мувофиқ деб топса, бир ёки бир нечта талабни алоҳида иш юритишга ажратишга ҳақли.

Талабларнинг бир қисмини алоҳида иш юритишга ажратиш масаласи бўйича ажрим чиқарилади.

Ажратилган талаб бўйича иш кўриш муддати ажрим чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.



199-модда. Қарши даъво тақдим этиш


Суд томонидан иш бўйича ҳал қилув қарори чиқарилгунига қадар жавобгар дастлабки даъво билан биргаликда кўриб чиқиш учун даъвогарга нисбатан қарши даъво тақдим этишга ҳақли.

Қарши даъво тақдим этиш даъво тақдим этиш тўғрисидаги умумий қоидалар бўйича амалга оширилади.



200-модда. Қарши даъвони қабул қилиш шартлари


Судья қуйидаги ҳолларда қарши даъвони қабул қилиши шарт, агар:

1) қарши даъво дастлабки даъвони қоплашга қаратилган бўлса;

2) қарши даъвонинг қаноатлантирилиши дастлабки даъвонинг қаноатлантирилишини бутунлай ёки қисман истисно этса;

3) қарши ва дастлабки даъво ўртасида ўзаро боғланиш мавжуд бўлса ҳамда уларни биргаликда кўриш низонинг тезроқ ва тўғри кўриб чиқилишига ёрдам берса.



21-БОБ. ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИНИ СУД

МУҲОКАМАСИГА ТАЙЁРЛАШ


201-модда. Ишларни суд муҳокамасига тайёрлаш вазифалари


Судья аризани қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисида ажрим чиқарганидан сўнг ишни ўз вақтида ва тўғри кўриб чиқиш ҳамда ҳал қилиш мақсадида уни суд муҳокамасига тайёрлайди.

Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш вазифалари қуйидагилардан иборат:

тарафларнинг ҳуқуқий муносабатларини ва ишни кўришда амал қилиниши лозим бўлган қонунни аниқлаш;

тарафларнинг талаблари ва эътирозларини асословчи фактларни, шунингдек низони тўғри ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни аниқлаш;

ишни ҳал қилиш учун зарур бўлган далиллар доирасини аниқлаш ва уларнинг ўз вақтида суд мажлисига тақдим этилишини таъминлаш;

ишда иштирок этиши мумкин бўлган шахслар таркиби тўғрисидаги масалани ҳал қилиш;

тарафлар, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан зарур бўлган далилларни тақдим этилиши;

тарафларни яраштириш.


202-модда. Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш муддатлари


Фуқаролик ишларини суд муҳокамасига тайёрлаш ариза қабул қилинган ва фуқаролик иши қўзғатилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатдан кечиктирмай амалга оширилиши керак. Алоҳида ҳолларда, бу муддат ўта мураккаб ишлар бўйича судьянинг асослантирилган ажримига биноан йигирма кунга узайтирилиши мумкин, бундан алимент ундириш ҳақидаги, майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етказилганлиги, шунингдек боқувчисининг вафот этганлиги муносабати билан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар тўғрисидаги ишлар мустасно.


203-модда. Ишни тайёрлаш тартибида тарафларни сўроқ қилиш


Зарур бўлган ҳолларда, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тартибида судья тарафларни сўроқ қилиши мумкин.

Бунда судья:

1) даъвогарни ўзи арз қилинган талабларнинг моҳияти бўйича сўроқ қилади, ундан жавобгар билдириши мумкин бўлган эътирозларни аниқлайди ва, агар бу зарур бўлса, даъвогарга қўшимча далиллар тақдим этишни таклиф қилади, шунингдек арз қилинган талабларидан воз кечиш ҳуқуқини ҳамда воз кечишнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради;

2) ишнинг ҳолатлари бўйича жавобгарни сўроқ қилади, даъвогарнинг талабига қарши унинг қандай эътирозлари борлигини ва бу эътирозлар қандай далиллар билан тасдиқланиши мумкинлигини аниқлайди, шунингдек жавобгарга даъвогарнинг талабларини тан олиш ёхуд қарши талаблар қўзғатиш ҳуқуқини тушунтиради, алоҳида мураккаб ишлар бўйича эса, жавобгарга иш юзасидан ёзма тушунтиришлар тақдим этишни таклиф қилади. Жавобгар суд мажлисига келмаган тақдирда унинг томонидан ёзма тушунтиришлар ва далиллар тақдим этилмаганлиги ишни ишдаги мавжуд далиллар бўйича кўриш учун тўсқинлик қилмайди;

3) тарафлардан келишув битими ёки медиатив келишув тузиш эҳтимолини аниқлайди ва уларнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради.


204-модда. Судьянинг ишни суд муҳокамасига

тайёрлаш бўйича ҳаракатлари


Судья ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тартибида қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:

1) ишга учинчи шахсларнинг жалб этилиши ёки киришиши тўғрисидаги масалани ҳал қилади ва ишда иштирок этишига йўл қўйилган, мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахсларни ушбу Кодекснинг 203-моддасига мувофиқ сўроқ қилади;

2) ишни кўришда вакилларнинг қатнашиши масаласини ҳал қилади;

3) ишда прокурорнинг иштирок этиши тўғрисидаги ва суд процессида иштирок этиш учун тегишли давлат бошқаруви органини жалб этиш ҳақидаги масалани ҳал қилади;

4) шерик даъвогарларнинг, шерик жавобгарлар ва учинчи шахсларнинг ишга киришиши тўғрисидаги масалани ҳал қилади, шунингдек ишга дахлдор бўлмаган жавобгарни алмаштириш ҳақидаги масалани ҳал қилади;

5) гувоҳларни суд мажлисига чақириш тўғрисидаги масалани ҳал қилади;

6) ташкилотлардан ёки фуқаролардан ёзма ва ашёвий далилларни талаб қилиб олади ёки ишда иштирок этувчи шахсларга судга тақдим этиш учун бу далилларни олишга доир сўровлар беради;

7) ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда, экспертиза тайинлаш ва мутахассис жалб этиш тўғрисидаги масалани ҳал қилади;

8) кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда, ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда, жойга чиқиб кўздан кечиришни амалга оширади;

9) бошқа судларга суд топшириқлари юборади;

10) ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради;

11) бир турдаги ишларни бирлаштириш ва бир нечта талабни алоҳида иш юритишга ажратиш тўғрисидаги масалани ҳал қилади;

12) даъвони ва далилларни таъминлаш масаласини ҳал қилади;

13) тарафларни яраштириш чораларини кўради;

14) суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш тўғрисидаги масалани ҳал қилади ва ишда иштирок этувчи шахсларга бундай суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқини тушунтиради.

Судья ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тартибида бошқа зарур процессуал ҳаракатларни ҳам амалга оширади.

Судьянинг ишни суд муҳокамасига тайёрлаш бўйича ҳаракатлари судья томонидан ишда иштирок этувчи шахсларни чақирмаган ҳолда ажрим билан расмийлаштирилади.


205-модда. Ишни суд муҳокамасига тайинлаш


Судья иш етарли даражада тайёрланган деб топгач, уни суд мажлисида муҳокама қилишга тайинлаш тўғрисида ажрим чиқаради ҳамда тарафлар ва суд процессининг бошқа иштирокчиларини ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилиш юзасидан чоралар кўради.


206-модда. Судья ёрдамчисининг (катта ёрдамчисининг)

ишни суд муҳокамасига тайёрлаш бўйича ҳаракатлари


Судьянинг ёрдамчиси (катта ёрдамчиси) судьянинг топшириғига биноан қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:

1) судьяга келиб тушган аризаларни ўрганади ва уларни кўриш юзасидан таклифлар киритади, суд ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлайди;

2) ишни суд муҳокамасига тайёрлаш вазифаларини ҳал қилишда, шу жумладан ишда иштирок этувчи шахслар доирасини аниқлашда ва бошқа шахсларни жалб қилиш тўғрисидаги масалани ҳал этишда иштирок этади;

3) суд процессини тайёрлашни ва ўтказишни ташкил этишда иштирок этади;

4) аризалар ва мурожаатлар, шунингдек кўрилиши кейинга қолдирилган ёки иш юритиш тўхтатиб турилган ишлар ўз вақтида кўрилиши таъминланишини ташкил этади;

5) тарафлар ва процесснинг бошқа иштирокчиларини ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилади.

Судьянинг ёрдамчиси (катта ёрдамчиси) судьянинг топшириғига биноан бошқа ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


22-БОБ. СУД МУҲОКАМАСИ


207-модда. Фуқаролик ишларини кўриш ва ҳал қилиш муддатлари


Ишлар суд муҳокамасига тайёрлаб бўлинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай суд томонидан кўрилади ва ҳал қилинади. Бу муддат ўта мураккаб ишлар бўйича судьянинг асослантирилган ажримига кўра икки ойгача узайтирилиши мумкин, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ишлар мустасно.

Алимент ундириш ҳақидаги, майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етказилганлиги, шунингдек боқувчисининг вафот этганлиги муносабати билан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги ишлар ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича ишлар суд муҳокамасига тайёрлаб бўлинган кундан эътиборан йигирма кундан кечиктирмай биринчи инстанция суди томонидан кўрилиши керак.

Қарши даъво берилган иш бўйича ишни кўриш ва ҳал қилиш муддатининг ўтиши асосий даъво бўйича иш суд муҳокамасига тайёрлаб бўлинган кундан эътиборан ҳисобланади.

Асосий ишдан ажратилган ишни, шунингдек биргаликда кўриш учун битта иш юритишга бирлаштирилган ишларни кўриш ва ҳал қилиш муддатининг ўтиши ушбу Кодекснинг 197 ва 198-моддаларига мувофиқ ҳисобланади.

Ушбу Кодексда белгиланган тартибда суд ажрими устидан шикоят қилинган (протест келтирилган) тақдирда, ишни кўриш ва ҳал этиш муддатининг ўтиши иш юқори инстанция судига юборилган пайтдан эътиборан то у биринчи инстанция судининг иш юритувига келиб тушгунига қадар тўхтатилади.



208-модда. Суд мажлиси


Иш муҳокамаси ишда иштирок этувчи шахсларни албатта хабардор қилган ҳолда суднинг очиқ мажлисида ўтади.

Ёпиқ суд мажлислари қонунда назарда тутилган ҳолларда ишда иштирок этувчи шахсларнинг талабига ёки суднинг ташаббусига кўра ўтказилади.

Очиқ суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин. Ушбу Кодексда назарда тутилган суднинг видеоконференцалоқа режимидаги мажлисида бевосита иштирок этиш оғзаки шаклда ўтказиладиган суд мажлисида иштирок этишга тенглаштирилади.

Суднинг ташаббусига кўра ёки суд процесси иштирокчиларининг илтимосномаси билан суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви олиб борилиши мумкин.

Суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш зарур бўлган тақдирда, шунингдек суд мажлисида аудио- ёки видеоёзуви воситаларидан фойдаланилганда суд ишда иштирок этувчи шахсларни ва суд процессининг бошқа иштирокчиларини бу ҳақда огоҳлантиради.

Суд процесси иштирокчилари ва суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ёзма қайдлар қилиш ҳуқуқига эга. Суд мажлисини фототасвирга тушириш, аудио- ва видеоёзувини амалга ошириш, шунингдек оммавий ахборот воситаларида трансляция қилинишига тарафларнинг розилиги ва суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади.


209-модда. Видеоконференцалоқа режимидаги

суд мажлисида иштирок этиш


Судларда видеоконференцалоқани амалга оширишнинг техник имконияти бўлган тақдирда, ишда иштирок этувчи шахслар ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар суднинг видеоконференцалоқа режимидаги мажлисида бу ҳақда ўзлари илтимоснома берганда ёки суднинг ташаббусига кўра иштирок этиши мумкин. Кўрсатилган шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиши тўғрисида суд ажрим чиқаради, ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга, одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга ва ўз кўмагида ушбу шахслар бундай мажлисда иштирок этиши мумкин бўлган тегишли судга юборилади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи ёки жойлашган ери ва турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан фойдаланилади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаётган суд ушбу шахсларнинг келган-келмаганлигини текширади ва келган шахсларнинг шахсини аниқлайди, гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги тўғрисида улардан тилхат олади. Мазкур тилхат у олинган кундан кейинги кундан кечиктирмай суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйиш учун ишни кўраётган судга юборилади.



210-модда. Суд мажлисини очиш


Ишни муҳокама қилиш учун тайинланган вақтда судья мажлис залига киради, суд мажлисини очади ва қайси иш кўрилиши лозимлигини эълон қилади.



211-модда. Суд мажлисида раислик қилувчи


Суд мажлисида шу суднинг раиси, унинг ўринбосари ёки судья раислик қилади.

Суд мажлисида раислик қилувчи (бундан буён матнда раислик қилувчи деб юритилади) суд мажлисини бошқариб, ишнинг барча ҳолатлари, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўлиқ, ҳар томонлама ва холисона аниқланишини, суд процессининг тарбиявий таъсирини таъминлайди, кўрилаётган ишга алоқаси бўлмаган ҳамма нарсани суд муҳокамасидан четлатади.

Ишда иштирок этувчи шахслардан, гувоҳлардан, экспертлардан, мутахассислардан, таржимонлардан бирортаси раислик қилувчининг хатти-ҳаракатларига эътироз билдирган тақдирда, бу эътирозлар суд мажлисининг баённомасига киритилади ва масала суд томонидан ҳал қилинади.

Раислик қилувчи суд мажлисида тегишли тартибни таъминлаш учун зарур чоралар кўради.



212-модда. Суд мажлиси залидаги тартиб


Судьялар мажлис залига кириб келганида ва ундан чиқиб кетаётганида залда ҳозир бўлганларнинг барчаси ўрнидан туради.

Ўн олти ёшга тўлмаган фуқаролар, агар улар ишда иштирок этувчи шахслар ёки гувоҳлар бўлмаса, суд мажлиси залига қўйилмайди.

Суд жараёни иштирокчилари судга "Ҳурматли суд!" деган сўзлар билан мурожаат қилади. Улар судга ўз тушунтиришлари ва кўрсатувларини, саволларга жавобларини тик туриб беради. Бу қоидадан четга чиқишга фақат раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилиши мумкин.

Ишда иштирок этувчи шахслар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, шунингдек суд мажлиси залида ҳозир бўлган барча фуқаролар суд мажлисида белгиланган тартибга риоя этиши ва раислик қилувчининг фармойишларига сўзсиз бўйсуниши шарт.

Алоҳида хонада (маслаҳатхонада) қабул қилинган суд ҳужжатини суд мажлиси залида ҳозир бўлганларнинг барчаси тик туриб эшитади.



213-модда. Суд процесси иштирокчиларининг

келган-келмаганлигини текшириш


Суд мажлисининг котиби мазкур иш бўйича чақирилганлардан кимлар келганлигини, келмаганларга суднинг чақирув қоғозлари ёки бошқа хабарномалар топширилган-топширилмаганлигини (етказиб берилганлигини) ва уларнинг келмаганлиги сабаблари тўғрисида қандай маълумотлар борлигини судга маълум қилади.

Суд келганларнинг шахсини аниқлайди, шунингдек мансабдор шахслар ва вакилларнинг ваколатини текширади.



214-модда. Таржимонга унинг вазифаларини тушунтириш


Раислик қилувчи таржимонга унинг вазифаси суд иши юритилаётган тилни билмайдиган шахсларнинг тушунтиришларини, кўрсатувларини, арзларини, тилни билмайдиган шахсларга эса тушунтиришларнинг, кўрсатувларнинг, арзларнинг, ўқиб эшиттириладиган ҳужжатларнинг мазмунини, шунингдек раислик қилувчининг фармойишларини, иш бўйича суднинг ҳал қилув қарори ва ажримини таржима қилиб беришдан иборат эканлигини тушунтиради.

Раислик қилувчи таржимонни била туриб ёлғон таржима қилганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238-моддасига мувофиқ жавобгар бўлиши тўғрисида огоҳлантиради.



215-модда. Гувоҳларни суд мажлиси залидан чиқариб юбориш


Гувоҳларнинг келган-келмаганлиги текширилгач, улар суд мажлиси залидан чиқариб юборилади. Раислик қилувчи суд томонидан сўроқ қилинган гувоҳлар сўроқ қилинмаган гувоҳлар билан муомалада бўлмаслиги учун чоралар кўради.



216-модда. Суд таркибини эълон қилиш

ва рад қилиш ҳуқуқини тушунтириш


Раислик қилувчи суднинг таркибини эълон қилади, прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон, суд мажлисининг котиби сифатида кимлар иштирок этаётганлигини маълум қилади ва ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг рад қилиш тўғрисида ариза бериш ҳуқуқини тушунтиради.



217-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг

ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтириш


Раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради. Бу ҳақда суд мажлисининг баённомасида кўрсатилади.



218-модда. Эксперт ҳамда мутахассисга уларнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш


Раислик қилувчи эксперт ҳамда мутахассисга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради, экспертни била туриб ёлғон хулоса берганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238-моддасига мувофиқ жавобгар бўлиши тўғрисида огоҳлантиради.



219-модда. Суднинг ишда иштирок этувчи шахсларнинг

илтимосномаларини ҳал қилиши


Ишда иштирок этувчи шахсларнинг янги далилларни талаб қилиб олиш тўғрисидаги ва ишни муҳокама қилиш билан боғлиқ бошқа барча масалалар бўйича илтимосномалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилганидан кейин суднинг ажрими билан ҳал қилинади.



220-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг

суд мажлисига келмаганлиги оқибатлари


Ишда иштирок этувчи шахслардан бирортаси суд мажлисига келмаган тақдирда, уларга суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарномалар топширилганлиги (етказиб берилганлиги) тўғрисидаги маълумот мавжуд бўлмаса, суд иш муҳокамасини кейинга қолдиради.

Агар ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган бўлиб, суд узрли деб топган сабабларга кўра келмаган бўлса, суд иш муҳокамасини кейинга қолдиради.

Тарафлар келмаслик сабаблари тўғрисида судни хабардор қилиши ва бу сабабларнинг узрлилигига далиллар тақдим этиши шарт. Агар жавобгарнинг келмаганлиги сабаблари тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлмаса ёки суд келмаганлик сабабларини узрсиз деб топса ёхуд жавобгар иш юритилишини қасддан чўзаётган бўлса, суд ишни кўришга ҳақли.

Тарафлар ишни ўзининг иштирокисиз кўришни ва ўзларига суд ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхасини юборишни илтимос қилишга ҳақли. Агар ишнинг ҳолатлари бўйича зарур бўлса, суд тарафларнинг суд мажлисида иштирок этишини шарт деб топиши мумкин.

Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган ишда иштирок этувчи шахс вакилининг келмаганлиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Прокурор ёки адвокатнинг узрсиз сабаблар билан келмаганлиги тўғрисида суд хусусий ажрим чиқаради, бу ҳақда тегишинча юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига маълум қилади.



221-модда. Тарафлар суд мажлисига узрсиз сабабларга

кўра келмаганлигининг оқибатлари


Тарафлар узрсиз сабабларга кўра суд мажлисига келмаган тақдирда, агар уларнинг биттасидан ҳам ишни ўзининг иштирокисиз муҳокама қилиш тўғрисида ариза тушмаган бўлса, суд иш муҳокамасини кейинга қолдиради.

Тарафлар иккинчи чақирув бўйича узрсиз сабабларга кўра келмаса, суд аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли.

Фақат даъвогар иккинчи чақирув бўйича узрсиз сабабларга кўра келмаса, суд жавобгарнинг розилиги билан аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли.



222-модда. Гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимоннинг

суд мажлисига келмаганлиги оқибатлари


Гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон суд мажлисига келмаган тақдирда, суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг ишни келмаган гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон йўқлигида кўриш мумкинлиги тўғрисидаги фикрларини эшитади ва суд муҳокамасини давом эттириш ёки иш муҳокамасини кейинга қолдириш ҳақида ажрим чиқаради. Агар чақирилган гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон суд узрсиз деб топган сабабларга кўра суд мажлисига келмаса, уларга нисбатан ушбу Кодексда назарда тутилган процессуал мажбурлов чоралари қўлланилиши мумкин. Агар чақирилган гувоҳ иккинчи чақирув бўйича суд мажлисига келмаса, у суднинг ажримига биноан мажбурий тартибда келтирилиши мумкин.



223-модда. Иш муҳокамасини кейинга қолдириш


Суд иш муҳокамасини қуйидаги ҳолларда кейинга қолдириши мумкин:

1) тартиб фуқаролар томонидан оммавий тарзда бузилганда;

2) раислик қилувчи томонидан огоҳлантирилганидан сўнг прокурор ёки адвокат унинг фармойишларига бўйсунмаганида;

3) тарафлар (учинчи шахслар) томонидан суд мажлисидаги тартиб бузилганда;

4) ўзига суд чақирув қоғози ёки бошқа хабарномалар топширилганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлмаган ишда иштирок этувчи шахслардан бирор-бири суд мажлисига келмаганда;

5) тегишли тарзда хабардор қилинган ишда иштирок этувчи шахслардан бирор-бири суд томонидан узрли деб топилган сабабларга кўра суд мажлисига келмаганда;

6) тегишли тарзда хабардор қилинган тарафлар суд мажлисига узрли сабабларсиз келмаганда, агар улардан бирортасидан ҳам суд муҳокамаси уларнинг иштирокисиз ўтказилиши тўғрисида ариза келиб тушмаган бўлса;

7) суд мажлисига гувоҳ, таржимон, эксперт ёки мутахассис келмаганда, агар уларнинг иштирокисиз ишни кўриш имкони бўлмаса;

8) даъвогар ишни жавобгарнинг иштирокисиз кўришга рози бўлмаганда;

9) қарши даъво тақдим этилганда;

10) суд мажлиси юритишда техник воситаларидан, шу жумладан видеконференцалоқа тизимидан фойдаланилганда техник носозликлар келиб чиққанда;

11) қўшимча далиллар тақдим этиш ёки талаб қилиб олиш зарур бўлганда;

12) ишда иштирок этиш учун бошқа шахслар жалб қилинганда ёки бошқа процессуал ҳаракатлар амалга оширилганда.

Суд ишни суд мажлисида кўриш имкони бўлмаган бошқа ҳолларда ҳам муҳокамани кейинга қолдириши мумкин.

Суд муҳокамаси уни кейинга қолдириш учун асос бўлган ҳолатларни бартараф этиш учун зарур бўлган муддатга, суд муҳокамасининг ушбу Кодексда назарда тутилган муддати доирасида кейинга қолдирилиши мумкин.

Суд иш муҳокамасини кейинга қолдирганда, кейинги суд мажлисининг вақтини белгилайди, бу ҳақда ҳозир бўлган шахсларга имзо қўйдирган ҳолда эълон қилади. Судга келмаган ва суд процессида иштирок этиш учун янгидан жалб қилинадиган шахслар кейинги суд мажлисининг вақти тўғрисида ушбу Кодекснинг 16-бобида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади.

Кейинга қолдирилган ишни кўриш қолган жойидан давом эттирилади. Бироқ, агар иш ушбу Кодекснинг 39-моддасида санаб ўтилган янги шахсларни жалб қилиш сабабли кейинга қолдирилган бўлса, иш муҳокамаси бошидан бошланади.



224-модда. Иш муҳокамаси кейинга қолдирилганида

гувоҳларни сўроқ қилиш


Иш муҳокамаси кейинга қолдирилган тақдирда, агар суд мажлисида ишда иштирок этувчи барча шахслар ҳозир бўлса ва гувоҳларнинг иккинчи марта келиши қийин бўлса, суд келган гувоҳларни сўроқ қилиши мумкин. Ушбу гувоҳларни кейинги суд мажлисига такроран чақириш фақат зарур ҳоллардагина амалга оширилади.



225-модда. Ишни мазмунан кўришнинг бошланиши


Ишни мазмунан кўриш раислик қилувчининг иш тўғрисидаги маърузасидан бошланади. Сўнгра раислик қилувчи даъвогардан ўз талабларини қувватлаш-қувватламаслигини, жавобгардан даъвогарнинг талабларини тан олиш-олмаслигини ва тарафларнинг ишни келишув битими билан тамомлашни исташ-истамаслигини сўрайди.



226-модда. Даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз

кечиши, жавобгарнинг даъвогар талабларини тан олиши,

тарафларнинг келишув битими ёки медиатив келишуви

Даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечганлиги, жавобгарнинг даъвогар талабларини тан олганлиги ёки тарафларнинг келишув битими шартлари суд номига йўлланган, ишга қўшиб қўйиладиган ёзма аризаларида ифода этилган бўлиши лозим бўлиб, бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.

Медиатив келишув судга алоҳида ҳужжат тарзида тақдим этилади ва ишга қўшиб қўйилади, бу ҳақда суд мажлисининг баённомасида кўрсатилади.

Даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечганлигини қабул қилишдан ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқлашдан олдин суд даъвогарга ёки тарафларга тегишли процессуал ҳаракатларни амалга ошириш оқибатларини тушунтиради.

Даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечганлигини қабул қилиш тўғрисида ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш ҳақида суд ажрим чиқаради, бир вақтнинг ўзида ушбу ажрим билан иш юритишни тугатади.

Арз қилинган талаблар жавобгар томонидан тан олинган ва бу суд томонидан қабул қилинган тақдирда, уларни қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилади.

Суд томонидан жавобгарнинг арз қилинган талабларни тан олиши қабул қилинмаган ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш рад қилинган тақдирда, суд бу ҳақда ажрим чиқаради ва ишни мазмунан кўради.



227-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари


Иш тўғрисида маъруза қилинганидан сўнг суд даъвогар ва унинг тарафида иштирок этаётган учинчи шахснинг, жавобгар ва унинг тарафида иштирок этаётган учинчи шахснинг, шунингдек ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг тушунтиришларини эшитади.

Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ариза берган прокурор, шунингдек бошқа шахслар арз қилган талаблари бўйича тушунтиришлар бериш ёки уларни асослаш учун биринчи бўлиб сўзга чиқади.

Ишда иштирок этувчи шахслар бир-бирига саволлар беришга ҳақли.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ёзма тушунтиришлари ва ушбу Кодекснинг 76, 83, 103 ва 104-моддаларида назарда тутилган тартибда суд томонидан олинган тушунтиришлар ўқиб эшиттирилади.



228-модда. Далилларни текшириш тартибини белгилаш


Суд тарафларнинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг тушунтиришларини эшитиб, гувоҳларни, экспертларни, мутахассисларни сўроқ қилиш ҳамда бошқа далилларни текшириш тартибини белгилайди.



229-модда. Гувоҳни сўроқ қилиш тартиби


Ҳар бир гувоҳ алоҳида сўроқ қилинади.

Сўроқ қилинмаган гувоҳлар ишни муҳокама қилиш вақтида суд мажлиси залида бўлиши мумкин эмас.

Раислик қилувчи гувоҳни сўроқ қилишдан олдин унинг шахсини, ёшини, машғулоти турини, ушбу ишга алоқасини ҳамда тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар билан ўзаро муносабатларини аниқлайди, шунингдек уни била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238-моддасига мувофиқ жавобгар бўлиши тўғрисида огоҳлантиради. Шундан кейин раислик қилувчи гувоҳга: "Иш юзасидан ўзимга маълум бўлган барча маълумотларни судга айтиб беришга қасамёд қиламан. Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни гапириб бераман, ҳақиқатдан ўзга нарсани гапирмайман" деб ошкора қасамёд қилишни таклиф этади.

Гувоҳдан унга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги тўғрисида тилхат олинади. Қасамёднинг матни ва тилхат суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилади.

Раислик қилувчи гувоҳга иш бўйича шахсан ўзи билган барча маълумотларни судга айтиб беришни таклиф қилади. Шундан сўнг гувоҳга саволлар берилиши мумкин.

Гувоҳ кимнинг аризаси бўйича чақирилган бўлса, шу шахс ва унинг вакили биринчи бўлиб, кейин эса ишда иштирок этувчи бошқа шахслар гувоҳга саволлар беради. Суднинг ташаббуси билан чақирилган гувоҳга саволларни биринчи бўлиб даъвогар беради.

Судья (судьялар) гувоҳга у сўроқ қилинаётганида исталган вақтда савол беришга ҳақлидир.

Сўроқ қилинган гувоҳлар ишнинг муҳокамаси тамом бўлгунига қадар суд мажлиси залида қолиши керак. Суд сўроқ қилинган гувоҳлар ишнинг муҳокамаси тамом бўлмасидан олдин суд мажлиси залидан чиқиб кетишига тарафларнинг розилиги билан рухсат бериши мумкин.

Зарур бўлган тақдирда суд гувоҳни ўша мажлиснинг ўзида ёки келгуси мажлисда такроран сўроқ қилиши, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатувларидаги зиддиятларни аниқлаш учун уларни юзлаштириши мумкин.



230-модда. Гувоҳнинг ёзма хотиралардан фойдаланиш ҳуқуқи


Гувоҳ кўрсатув беришда унинг кўрсатувлари бирор-бир ҳисоблар ёки хотирада сақлаб қолиш қийин бошқа маълумотлар билан боғлиқ бўлган ҳолларда ёзма хотиралардан фойдаланиши мумкин. Бу ёзма хотиралар судга ва ишда иштирок этувчи шахсларга кўрсатилади ҳамда суднинг ажрими билан ишга қўшиб қўйилиши мумкин.



231-модда. Ўн олти ёшга тўлмаган гувоҳни сўроқ қилиш тартиби


Раислик қилувчи ўн олти ёшга тўлмаган гувоҳларга иш бўйича ўзлари билган барча маълумотларни рўй-рост айтиб бериши шарт эканлигини тушунтиради, бироқ улар била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилмайди.

Ўн тўрт ёшга тўлмаган гувоҳларни сўроқ қилишда, суд лозим топган тақдирда эса ўн тўрт ёшдан ўн олти ёшгача бўлган гувоҳларни сўроқ қилишда ҳам мутахассис (педагог) ва, зарур бўлган тақдирда, уларнинг ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, уларнинг васийлари ва ҳомийлари чақирилади. Мазкур шахслар раислик қилувчининг рухсати билан гувоҳга саволлар бериши мумкин.

Алоҳида ҳолларда, ўн олти ёшга тўлмаган гувоҳни сўроқ қилиш вақтига ишда иштирок этувчи у ёки бу шахс суднинг ажрими билан суд мажлиси залидан чиқариб юборилиши мумкин. Бу шахс мажлис залига қайтиб кирганидан кейин унга вояга етмаган гувоҳнинг кўрсатувлари ўқиб эшиттирилиши ва гувоҳга саволлар бериш имконияти тақдим этилиши керак.

Ўн олти ёшга тўлмаган гувоҳ сўроқ қилиб бўлингач, суд мажлиси залидан чиқариб юборилади, бундан суд бу гувоҳнинг мажлис залида бўлишини зарур деб топган ҳоллар мустасно.



232-модда. Гувоҳларнинг кўрсатувларини ўқиб эшиттириш


Суд томонидан ушбу Кодекснинг 76, 83, 103 ва 104-моддаларида назарда тутилган тартибда гувоҳлардан олинган кўрсатувлар суд мажлисида ўқиб эшиттирилади.



233-модда. Ёзма далилларни текшириш


Ёзма далиллар ёки ушбу Кодекснинг 76, 83, 103 ва 104-моддаларида назарда тутилган тартибда тузилган уларни кўздан кечириш баённомалари суд мажлисида ўқиб эшиттирилади ва ишда иштирок этувчи шахсларга, зарур ҳолларда эса, экспертлар, мутахассислар ҳамда гувоҳларга танишиш учун тақдим этилади. Шундан сўнг ишда иштирок этувчи шахслар ушбу далиллар юзасидан тушунтиришлар бериши мумкин.



234-модда. Фуқароларнинг шахсий ёзишмаларини, телеграф

хабарлари ва бошқа хабарларни ўқиб эшиттириш


Фуқароларнинг ёзишмалари, телеграф хабарлари ва бошқа хабарлар сир сақлаш мақсадида уларнинг шахсий ёзишмалари, телеграф хабарлари ва бошқа хабарлари шу ёзишма, телеграф хабарлари ва бошқа хабарларни ўзаро алмашган шахсларнинг розилиги билан очиқ суд мажлисида ўқиб эшиттирилиши мумкин. Акс ҳолда бундай ёзишма, телеграф хабарлари ва бошқа хабарлар ёпиқ суд мажлисида ўқиб эшиттирилади ҳамда текширилади.



235-модда. Ҳужжатнинг қалбакилиги тўғрисида арз қилиш


Ишда мавжуд бўлган ҳужжат қалбаки эканлиги тўғрисида арз қилинган тақдирда, бу ҳужжатни тақдим этган шахс уни далиллар қаторидан чиқаришни ва ишни бошқа далиллар асосида ҳал қилишни суддан илтимос қилиши мумкин.

Агар ҳужжатни тақдим этган шахс бундай арз билан мурожаат қилмаса ёки ҳужжат суднинг ўз ташаббуси билан талаб қилиб олинган бўлса, ҳужжатнинг қалбакилиги тўғрисида арз қилган шахс ўз даъвосини исботлаши шарт.



236-модда. Ҳужжатнинг қалбакилиги тўғрисидаги аризани текшириш


Ҳужжатнинг қалбакилиги тўғрисидаги аризани текшириш учун суд экспертиза тайинлаши ёки бошқа далиллар талаб қилиши мумкин.

Агар суд ҳужжат қалбаки деган хулосага келса, уни далиллар қаторидан чиқаради. Зарур ҳолларда, суд материалларни прокурорга юборади.



237-модда. Ашёвий далилларни текшириш


Ашёвий далиллар суд томонидан кўздан кечирилади ва ишда иштирок этувчи шахсларга, зарур ҳолларда эса экспертлар, мутахассислар ва гувоҳларга ҳам тақдим этилади.

Ўзига ашёвий далиллар тақдим этилган шахслар кўздан кечириш билан боғлиқ бўлган у ёки бу ҳолатларга суднинг эътиборини қаратиши мумкин. Бундай арзлар суд мажлиси баённомасига киритилади.

Ушбу Кодекснинг 76, 93, 103, 104 ва 239-моддаларида назарда тутилган тартибда тузилган ашёвий далилларни кўздан кечириш баённомалари суд мажлисида ўқиб эшиттирилади, шундан кейин ишда иштирок этувчи шахслар ўз тушунтиришларини бериши мумкин.



238-модда. Аудио ёки видеоёзувни қайта

намойиш қилиш ва уларни текшириш


Хусусий тусга эга бўлган аудио ёки видеоёзувни қайта намойиш қилиш, шунингдек уларни текшириш чоғида ушбу модданинг қоидалари қўлланилади.

Аудио ёки видеоёзувни қайта намойиш қилиш суд мажлиси залида ёки шу мақсад учун махсус жиҳозланган бошқа хонада, суд мажлиси баённомасида далилларнинг қайта намойиш қилиш манбалари белгилари ва қайта намойиш қилиш вақти кўрсатилган ҳолда амалга оширилади. Шундан кейин суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг, улар вакилларининг тушунтиришларини эшитади.

Зарур бўлган ҳолларда, аудио ёки видеоёзувни қайта намойиш қилиш тўлиқ ёки қисман такрорланиши мумкин.

Аудио ёки видеоёзувдаги мавжуд маълумотларни аниқлаш мақсадида суд томонидан мутахассис жалб этилиши, шунингдек экспертиза тайинланиши мумкин.



239-модда. Далилларни жойида кўздан кечириш


Судга олиб келиш имкони бўлмаган ёзма ва ашёвий далиллар улар турган жойда кўздан кечирилади ва текширилади. Жойида кўздан кечиришни ўтказиш тўғрисида суд ажрим чиқаради.

Далилларни жойида кўздан кечириш суднинг бутун таркиби томонидан ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган, зарур ҳолларда эса экспертлар, мутахассислар ва гувоҳларни чақирган ҳолда амалга оширилади.

Раислик қилувчи кўздан кечириш жойига етиб боргач, суд муҳокамаси давом эттирилиши тўғрисида эълон қилади, суд муҳокамаси ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича олиб борилади. Кўздан кечириш натижалари суд мажлиси баённомасига киритилади. Баённомага кўздан кечириш пайтида тузилган ёки текширилган барча режалар, чизмалар, суратлар, ҳисоб-китоблар, ҳужжатларнинг кўздан кечириш вақтида олинган кўчирма нусхалари, ёзма ва ашёвий далилларнинг видеоёзувлари, фотосуратлари, шунингдек эксперт хулосаси ва мутахассис маслаҳати илова қилиниши мумкин.


240-модда. Экспертни сўроқ қилиш


Экспертнинг хулосаси суд мажлисида ўқиб эшиттирилади, шундан кейин хулосани тушунтириш ва тўлдириш мақсадида экспертга саволлар берилиши мумкин.

Экспертиза кимнинг аризаси бўйича тайинланган бўлса, ўша шахс ва унинг вакили биринчи бўлиб, кейин эса ишда иштирок этувчи бошқа шахслар саволлар беради.

Суднинг ташаббуси билан тайинланган экспертга биринчи бўлиб даъвогар саволлар беради.

Судья (судьялар) эксперт сўроқ қилинаётганида унга исталган вақтда саволлар беришга ҳақли.



241-модда. Мутахассисни сўроқ қилиш


Мутахассис томонидан берилган маслаҳатни (тушунтиришни) ойдинлаштириш ва тўлдириш мақсадида суд мажлисида унга саволлар берилади.

Мутахассис кимнинг аризаси бўйича чақирилган бўлса, ўша шахс ва унинг вакили биринчи бўлиб, кейин эса ишда иштирок этувчи бошқа шахслар саволлар беради.

Суднинг ташаббуси билан чақирилган мутахассисга биринчи бўлиб даъвогар саволлар беради.

Судья (судьялар) мутахассис сўроқ қилинаётганида унга исталган вақтда саволлар беришга ҳақли.



242-модда. Давлат бошқаруви органларининг хулосалари


Суд томонидан суд процессида иштирок этиш учун жалб қилинган ёки ўз ташаббуси билан процессга киришган давлат бошқаруви органларининг хулосалари суд мажлисида ўқиб эшиттирилади, шундан кейин хулосаларни ойдинлаштириш ва тўлдириш мақсадида суд, ишда иштирок этувчи шахслар мазкур органларнинг вакилларига саволлар бериши мумкин.



243-модда. Ишни мазмунан муҳокама қилишни тамомлаш


Иш бўйича тўпланган барча далиллар текшириб бўлинганидан кейин раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахслардан уларда иш материалларини бирор нарса билан тўлдириш истаги бор-йўқлигини сўрайди. Бундай арзлар бўлмаган тақдирда, раислик қилувчи ишни мазмунан муҳокама қилиш тамом бўлганлигини эълон қилади ва суд суднинг музокараларини эшитишга ўтади.



244-модда. Суд музокаралари


Суд музокаралари ишда иштирок этувчи шахсларнинг нутқларидан иборат бўлади.

Суд музокаралари иштирокчилари ўз чиқишларида суд томонидан аниқламаган ҳолатларга, шунингдек суд мажлисида текширилмаган далилларга асосланишга ҳақли эмас.

Дастлаб даъвогар ва унинг вакили, кейин жавобгар ҳамда унинг вакили сўзга чиқади. Бошланган суд процессида низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилган учинчи шахс ва унинг вакили тарафлардан кейин сўзга чиқади. Низо предметига нисбатан мустақил талаблар билдирмаган учинчи шахс ва унинг вакили учинчи шахс ишда қайси даъвогарнинг ёки жавобгарнинг тарафида иштирок этаётган бўлса, шу даъвогардан ёхуд жавобгардан кейин сўзга чиқади.

Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат этган прокурор, шунингдек давлат бошқаруви органларининг, ташкилотларнинг вакиллари ёки айрим фуқаролар суд музокараларида биринчи бўлиб сўзга чиқади.

Суд томонидан суд процессида иштирок қилишга жалб этилган ёки процессга ўз ташаббуси билан киришган давлат бошқаруви органларининг вакиллари суд музокараларида тарафлар ва учинчи шахслардан кейин сўзга чиқади.

Суд музокаралари иштирокчилари бир-бирларига луқма ташлаши мумкин. Охирги луқма ҳуқуқи доимо жавобгар ва унинг вакилига тегишли бўлади.



245-модда. Прокурор фикри


Ишда иштирок этувчи прокурор суд музокараларидан кейин низонинг моҳияти бўйича ўз фикрини баён этади, бундан прокурорнинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берган аризаси бўйича қўзғатилган ишлар мустасно.



246-модда. Ишни мазмунан муҳокама қилишни тиклаш


Суд музокараларини эшитгач, суд иш учун аҳамиятга эга бўлган янги ҳолатларни аниқлаш ёки янги далилларни текширишни зарур деб топса, у ишни мазмунан муҳокама қилишни тиклаш тўғрисида ажрим чиқаради. Ишни мазмунан муҳокама қилиш тамом бўлганидан кейин суд музокаралари умумий тартибда ўтказилади.



247-модда. Ҳал қилув қарорини қабул қилиш учун суднинг

алоҳида хонага (маслаҳатхонага) кириши


Суд музокараларини эшитганидан кейин суд ҳал қилув қарорини қабул қилиш учун алоҳида хонага (маслаҳатхонага) чиқиб кетади, бу ҳақда раислик қилувчи суд мажлиси залида ҳозир бўлганларга эълон қилади.



248-модда. Суднинг ҳал қилув қарорини ўқиб эшиттириш


Суд ҳал қилув қарори имзоланганидан кейин суд мажлиси залига қайтиб киради, бу ерда суднинг ҳал қилув қарорини раислик қилувчи ўқиб эшиттиради. Раислик қилувчи суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ва ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатини тушунтиради ҳамда ушбу иш бўйича суд мажлисини ёпиқ деб эълон қилади.



23-БОБ. СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ


249-модда. Ҳал қилув қарорини қабул қилиш


Суд ишни мазмунан кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини қабул қилади.

Суд ҳал қилув қарорини Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилади.

Суднинг ҳал қилув қарори ишнинг суд муҳокамаси тугаганидан кейин дарҳол қабул қилинади.

Алоҳида ҳолларда, ўта мураккаб ишлар юзасидан асослантирилган ҳал қилув қарорини тайёрлаш кўпи билан беш кунга кечиктирилиши мумкин, аммо ҳал қилув қарорининг хулоса қисмини суд ишнинг муҳокамаси тугалланган мажлиснинг ўзидаёқ эълон қилиши керак. Айни вақтда суд ишда иштирок этувчи шахслар асослантирилган ҳал қилув қарори билан қачон танишиб чиқиши мумкинлигини эълон қилади. Ҳал қилув қарорининг эълон қилинган хулоса қисми судья томонидан имзоланади ва ишга қўшиб қўйилади.



250-модда. Ҳал қилув қарори қабул

қилинишининг сир тутилиши


Ҳал қилув қарори судья томонидан алоҳида хонада (маслаҳатхонада) қабул қилинади. Ҳал қилув қарорини қабул қилиш вақтида бошқа шахсларнинг ҳозир бўлишига йўл қўйилмайди.



251-модда. Ҳал қилув қарорини қабул қилишда

ечиладиган масалалар


Суд ҳал қилув қарорини қабул қилаётганида далилларга баҳо беради, иш учун аҳамиятга эга бўлган қандай ҳолатлар аниқланганлигини ва қандайлари аниқланмаганлигини, бу иш бўйича қандай қонун ёки бошқа қонун ҳужжати қўлланилиши кераклигини ҳамда арз қилинган талаб қаноатлантирилиши лозимлигини ёки лозим эмаслигини аниқлайди.

Суд, шунингдек суд харажатларини ҳам тақсимлайди, ҳал қилув қарорини ижро этиш муддати ва тартибини белгилайди, бошқа қўшимча масалаларни ҳал қилади.

Агар иш учун аҳамиятга эга бўлган янги ҳолатларни аниқлаш ёки янги далилларни текшириш зарур бўлиб қолса, суд ҳал қилув қарорини қабул қилмасдан, суд муҳокамасини тиклайди, бу ҳақда ажрим чиқаради. Бундай ҳолда суд муҳокамаси фақат қўшимча текшириш эҳтиёжи бўлган ҳолатлар доирасида олиб борилади.



252-модда. Ҳал қилув қарорини баён қилиш


Суднинг ҳал қилув қарори ишни кўриб чиққан суднинг мажлисида раислик қилувчи томонидан ёзма шаклда баён этилади ва у томонидан имзоланади.

Суднинг ҳал қилув қарори бир нусхада тузилади ва иш материалларига қўшиб қўйилади.



253-модда. Ҳал қилув қарорининг мазмуни


Суднинг ҳал қилув қарори кириш, баён, асослантирувчи ва хулоса қисмларидан иборат бўлади.

Ҳал қилув қарорининг кириш қисмида иш рақами, ҳал қилув қарори қабул қилинган вақт ва жой, ҳал қилув қарорини қабул қилган суднинг номи, судьянинг фамилияси, исми ва отасининг исми, суд мажлисининг котиби, тарафлар, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар кўрсатилади.

Ҳал қилув қарорининг баён қисми ўзида даъвогарнинг талаби, жавобгарнинг эътирозлари ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг тушунтиришларини акс эттириши керак.

Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида ишнинг суд томонидан аниқланган ҳолатлари, суднинг иш ҳолатлари тўғрисидаги хулосалари асосланган далиллар, суднинг у ёки бу далилларни рад қилганлиги ҳақидаги хулосалари, суд амал қилган моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари кўрсатилиши керак. Арз қилинган талаб жавобгар томонидан тан олинган тақдирда, асослантирувчи қисмда фақат арз қилинган талабнинг тан олинганлиги ва унинг суд томонидан қабул қилинганлиги кўрсатилиши мумкин.

Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида суднинг арз қилинган талаблардан ҳар бирини тўлиқ ёки қисман қаноатлантириш тўғрисидаги ёхуд қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги хулосаси бўлиши, суд харажатларини тақсимлаш, ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш муддати ва тартиби кўрсатилиши керак.



254-модда. Суднинг арз қилинган талаблар

доирасидан четга чиқиш ҳуқуқи


Суд ишни даъвогар томонидан арз қилинган талаблар доирасида ҳал қилади. Бироқ, агар суд даъвогарнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур деб топса, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда даъвогар томонидан билдирилган талаблар доирасидан четга чиқиши мумкин.



255-модда. Ҳал қилув қарорини ижро этиш тартиби ва муддатини

белгилаш, ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш


Суд ҳал қилув қарорини ижро этишнинг муайян тартиби ва муддатини белгилаган ёки ҳал қилув қарори дарҳол ижро этилишини зарур деб топган ёхуд унинг ижросини таъминлашга доир чоралар кўрган ҳолларда, бу ҳақда ҳал қилув қарорида кўрсатилади.



256-модда. Бир нечта даъвогарга ёки бир нечта жавобгарга

нисбатан қабул қилинган ҳал қилув қарори


Бир нечта даъвогарнинг талаблари қаноатлантирилганда ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида суд уларнинг ҳар бирига нисбатан унинг қайси қисми тегишлилигини кўрсатади.

Бир нечта жавобгарга нисбатан талаблар қаноатлантирилганда суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида жавобгарлар зиммасига улушли ёки солидар жавобгарлик юклатилганлигини кўрсатади.



257-модда. Пул маблағларини ундириш

тўғрисидаги ҳал қилув қарори


Суд пул маблағларини ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорида ундирилиши лозим бўлган пул суммаларини ундириш даврини, асосий қарзнинг, зарарларнинг, неустойканинг ҳамда фоизларнинг умумий миқдорини алоҳида-алоҳида аниқлаган ҳолда кўрсатади.

Ташкилотлардан пул маблағлари ундирилган тақдирда ҳал қилув қарорида ундириладиган маблағларнинг хусусияти, шунингдек ундириб бериладиган сумма жавобгарнинг банкдаги қайси ҳисобварағидан ҳисобдан чиқарилиши кераклиги кўрсатилади.

Суд дастлабки ва қарши даъволарни тўлиқ ёки қисман қаноатлантирган тақдирда ҳал қилув қарорида ўзаро ҳисобга олиш натижасида ундирилиши лозим бўлган суммани кўрсатади.



258-модда. Мол-мулкни ёки унинг қийматини ундириб

бериш тўғрисидаги ҳал қилув қарори


Суд мол-мулкни натура тарзида ундириб берган тақдирда ҳал қилув қарорида даъвогарга топширилиши лозим бўлган мол-мулкнинг номини, турган жойини, агар ҳал қилув қарорини ижро этиш вақтида ундириб берилган мол-мулк нақд бўлмаса, унинг жавобгардан ундирилиши лозим бўлган қийматини кўрсатади.



259-модда. Жавобгар зиммасига муайян ҳаракатларни амалга

ошириш мажбуриятини юклатадиган ҳал қилув қарори


Суд жавобгар зиммасига мол-мулкни ёки пул суммаларини олиб бериш билан боғлиқ бўлмаган муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юклатишни назарда тутувчи ҳал қилув қарорини қабул қилиш чоғида, қарорнинг ўзида, агар жавобгар ҳал қилув қарорини белгиланган муддат ичида бажармаса, даъвогар шу ҳаракатларни жавобгарнинг ҳисобидан амалга оширишга ва зарур харажатларни кейинчалик жавобгардан ундириб олишга ҳақли эканлигини кўрсатиши мумкин. Агар мазкур ҳаракатлар фақат жавобгар томонидан амалга оширилиши мумкин бўлса, суд ҳал қилув қарорида уни ижро этиш керак бўлган муддатни белгилаб қўяди.



260-модда. Ҳал қилув қарорининг ўзгармаслиги


Иш бўйича ҳал қилув қарори ўқиб эшиттирилганидан кейин шу қарорни қабул қилган суднинг ўзи уни бекор қилишга ёки ўзгартиришга ҳақли эмас, сиртдан иш юритиш тартибида қабул қилинган ҳал қилув қарори ва янги очилган ҳолатлар бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорини бекор қилиш бундан мустасно.



261-модда. Ҳал қилув қарори ёзувидаги хатоларни ва аниқ

кўриниб турган арифметик хатоларни тузатиш


Суд ҳал қилув қарори ёзувида йўл қўйилган хатоларни ёки очиқ кўриниб турган арифметик хатоларни ўз ташаббуси ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига кўра тузатиши мумкин.

Ҳал қилув қарори ёзувида йўл қўйилган хатоларни ёки очиқ кўриниб турган арифметик хатоларни тузатиш ҳақидаги ариза у топширилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда кўриб чиқилади.

Ҳал қилув қарори ёзувидаги хатоларни ёки очиқ кўриниб турган арифметик хатоларни тузатиш тўғрисидаги масала ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида ҳал этилади. Бироқ, бу шахсларнинг келмаганлиги тузатишларни киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.

Ҳал қилув қарорига тузатишлар киритиш ёхуд тузатишлар киритишни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Ҳал қилув қарорига тузатишлар киритиш тўғрисидаги суднинг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.



262-модда. Қўшимча ҳал қилув қарори


Иш бўйича ҳал қилув қарорини қабул қилган суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси билан қуйидаги ҳолларда қўшимча ҳал қилув қарори чиқариши мумкин, агар:

1) ҳуқуқ тўғрисидаги масалани ҳал қилиб, ундириладиган сумманинг миқдорини, олиб берилиши керак бўлган мол-мулкни ёки жавобгар амалга ошириши шарт бўлган ҳаракатларни кўрсатмаган бўлса;

2) арз қилинган талабларнинг бирортаси бўйича ишда иштирок этувчи шахслар далиллар тақдим этган ва тушунтиришлар берган бўлсаларда, бироқ бу хусусда ҳал қилув қарори қабул қилинмаган бўлса;

3) ҳал қилув қарорида суд харажатларини тақсимлаш кўрсатилмаган бўлса.

Қўшимча ҳал қилув қарорини чиқариш тўғрисидаги масала ҳал қилув қарори чиқарилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай қўзғатилиши мумкин.

Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масала ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ бу шахсларнинг келмаганлиги масалани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди. Қўшимча ҳал қилув қарори устидан асосий ҳал қилув қарори билан бирга шикоят қилиниши ва протест келтирилиши мумкин.

Қўшимча ҳал қилув қарори асосий ҳал қилув қарори билан бирга қонуний кучга киради.

Қўшимча ҳал қилув қарорини чиқариш рад этилган тақдирда, ажрим чиқарилади.

Қўшимча ҳал қилув қарорини чиқаришни рад этиш ҳақидаги суднинг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.



263-модда. Ҳал қилув қарорини тушунтириш


Ҳал қилув қарори ноаниқ бўлса, ишни ҳал қилган суд ўз ташаббусига ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига, шунингдек ҳал қилув қарорини ижро этиш зиммасига юклатилган органлар ва давлат ижрочисининг аризасига кўра ҳал қилув қарорини унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтиришга ҳақли.

Агар ҳал қилув қарори ижро этилмаган ва уни мажбурий ижро эттириш мумкин бўлган муддат ўтмаган бўлса, ҳал қилув қарорини тушунтиришга йўл қўйилади.

Ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги масала ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ, бу шахсларнинг судга келмаганлиги ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.

Суд ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги аризани у келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда кўриб чиқади.

Ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.

Ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги суднинг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин



264-модда. Ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кириши


Суднинг ҳал қилув қарори, агар унинг устидан шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган) бўлса, апелляция шикояти (протести) бериш муддати ўтганидан кейин қонуний кучга киради. Ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда, ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, ишни юқори инстанция суди кўриб чиққанидан кейин қонуний кучга киради.

Ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин тарафлар ва ишда иштирок этган бошқа шахслар, шунингдек уларнинг ҳуқуқий ворислари судга ўша асослар бўйича янгидан ўша талабларни арз қилиши, шунингдек суд аниқлаган фактлар ва ҳуқуқий муносабатлар хусусида бошқа процессда низолашиши мумкин эмас.

Агар иш судда ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда прокурор ёки давлат бошқаруви органи, ташкилот ёки айрим фуқароларнинг аризаси бўйича бошланган бўлса, суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори иш кимнинг манфаатини кўзлаб қўзғатилган бўлса, ана шу шахс учун мажбурийдир. Агар жавобгардан даврий тўловларни (алиментлар, соғлиққа шикаст етказилганда кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш ёки вафот этганлик билан боғлиқ тўловлар ва ҳоказо) ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин тўловларнинг миқдорига ёки муддатини белгилашга таъсир этувчи ҳолатлар жиддий равишда ўзгарса, ҳар бир тараф янгидан ариза бериш йўли билан тўловларнинг миқдори ва муддатини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли.



265-модда. Ҳал қилув қарорини ижро этиш


Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин ижро этилади, бундан дарҳол ижро этиш ҳоллари мустасно.



266-модда. Дарҳол ижро этилиши лозим

бўлган ҳал қилув қарорлари


Суднинг қуйидаги:

1) алиментлар ундириш тўғрисидаги;

2) ходимга уч ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган иш ҳақини ундириб бериш тўғрисидаги;

3) майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етказилганлиги, шунингдек боқувчиси вафот этганлиги натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун тўловлар ундириш тўғрисидаги;

4) меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходимни ёки ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ходимни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги, шунингдек меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларининг таърифини ўзгартириш тўғрисидаги;

5) сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши курашиш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлинмасига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш тўғрисидаги;

6) судда ишни муҳокама қилиш вақтида жавобгар даъвони бутунлай ёки қисман тан олганлигига қараб, тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилган талаблар бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорлари дарҳол ижро этилиши керак.



267-модда. Ҳал қилув қарорининг дарҳол ижро

этилишига суднинг йўл қўйиш ҳуқуқи


Суд қуйидаги: ҳал қилув қарорлари бутунлай ёки қисман дарҳол ижро этилишига йўл қўйиши мумкин:

1) даъвогар ва жавобгар чиқарилган ҳал қилув қарорига ҳамда унинг дарҳол ижро этилишига рози бўлган ҳолларда;

2) муаллифнинг интеллектуал фаолияти натижаларидан фойдаланганлик учун унга ҳақ ундириб бериш тўғрисидаги ҳал қилув қарори;

3) алоҳида ҳолатлар натижасида ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ундирувчи учун кўп зарар келтириши мумкин бўлган ёки ижро этиш мумкин бўлмай қолган барча бошқа ишлар бўйича.

Ушбу модда биринчи қисмининг 1-бандида кўрсатилган асослар бўйича дарҳол ижро этилишига йўл қўйилган тақдирда, тарафларнинг розилиги суд мажлисининг баённомасига киритилади. Агар тарафларнинг розилиги суд номига юборилган ёзма аризаларда баён этилган бўлса, бу аризалар ишга қўшиб қўйилади, бу ҳақда суд мажлисининг баённомасида кўрсатилади.

Ушбу модда биринчи қисмининг 3-бандида кўрсатилган асослар бўйича дарҳол ижро этилишига йўл қўйилганида суд даъвогардан суднинг қарори бекор қилинган тақдирда, ҳал қилув қарорининг қайтарма ижросини таъминлашни талаб қилиши мумкин.

Апелляция шикояти бериш (протест келтириш) муддати ичида ҳал қилув қарори чиқарилганидан сўнг ҳал қилув қарорининг дарҳол ижро этилишига йўл қўйиш тўғрисидаги масала ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ ушбу шахсларнинг келмаганлиги дарҳол ижро этиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тўсқинлик қилмайди.

Ҳал қилув қарорини дарҳол ижро этиш тўғрисидаги масалани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.

Ҳал қилув қарорини дарҳол ижро этиш тўғрисидаги масала бўйича суднинг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин. Ҳал қилув қарорини дарҳол ижро этиш тўғрисидаги ажрим устидан берилган хусусий шикоят (протест) бу ажримнинг ижросини тўхтатмайди.



268-модда. Ҳал қилув қарорининг дарҳол

ижро этилишига йўл қўйилмаслиги


Қуйидаги ҳолларда ҳал қилув қарорининг дарҳол ижро этилишига йўл қўйилмайди:

дарҳол ижро этиш натижасида мол-мулкнинг ҳолати ўзгариб, ҳал қилув қарори бекор қилинган тақдирда, мол-мулкни илгариги ҳолатига келтириш мумкин бўлмаса ёки жуда қийин бўлса;

фуқароларни бинодан кўчириш тўғрисидаги ишлар бўйича.



269-модда. Ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш


Суд дарҳол ижро этишга қаратилмаган ҳал қилув қарорининг ижросини ушбу Кодекснинг V бўлимида белгиланган қоидалар бўйича таъминлаши мумкин.



270-модда. Суд ҳужжатларининг кўчирма нусхаларини тарафларга

ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юбориш


Тарафларнинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосига кўра, суд ҳужжатининг кўчирма нусхаси уларга имзо қўйдириб топширилади ёки почта орқали ёхуд ахборот тизими орқали электрон ҳужжат тарзида юборилади.

Суд мажлисига келмаган тарафларга ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд ҳужжатининг кўчирма нусхаси у чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай почта орқали ёки электрон ҳужжат тарзида юборилади.



23-1-БОБ. КОРХОНАЛАР, МУАССАСАЛАР,

ТАШКИЛОТЛАР, ЖАМОАТ БИРЛАШМАЛАРИНИНГ МАЪМУРИЙ

ВА БОШҚА ОММАВИЙ ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДАН ЮЗАГА

КЕЛМАЙДИГАН ҚАРОРЛАРИ ҲАМДА УЛАР МАНСАБДОР

ШАХСЛАРИНИНГ ШУНДАЙ ҲАРАКАТЛАРИ (ҲАРАКАТСИЗЛИГИ)

ЮЗАСИДАН НИЗОЛАШИШ ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАРНИ

ЮРИТИШ ХУСУСИЯТЛАРИ


270-1-модда. Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар,

жамоат бирлашмаларининг қарорлари ва улар мансабдор

шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан

низолашиш тўғрисидаги ишларни кўриш тартиби


Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидалари бўйича, мазкур бобда белгиланган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.



270-2-модда. Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар,

жамоат бирлашмаларининг қарорлари ва улар мансабдор

шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан даъво

аризаси билан судга мурожаат этиш муддатлари


Агар ушбу Кодексда ёки ўзга қонунларда бошқа муддатлар белгиланмаган бўлса, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги даъво аризаси фуқаронинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида унга маълум бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида судга берилиши мумкин.

Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисида даъво аризаси беришнинг узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган муддати суд томонидан тикланиши мумкин.



270-3-модда. Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар,

жамоат бирлашмаларининг қарорлари ва улар мансабдор

шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан

низолашиш тўғрисидаги даъво аризасининг

шакли ҳамда мазмуни


Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги даъво аризаси ушбу Кодекснинг 189-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Даъво аризасида қуйидагилар ҳам кўрсатилиши керак:

1) низолашилаётган қарорни қабул қилган корхона, муассаса, ташкилот, жамоат бирлашмасининг номи ёки низолашилаётган ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) содир этган мансабдор шахснинг фамилияси ва исм-шарифининг бош ҳарфлари;

2) низолашилаётган қарорнинг номи, рақами, қабул қилинган санаси, низолашилаётган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилган сана ва жой;

3) даъвогарнинг фикрига кўра, низолашилаётган қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли бузилаётган ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги маълумотлар;

4) даъвогарнинг фикрига кўра, низолашилаётган қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қайси қонун ҳужжатига зид бўлса, ўша қонун ҳужжати;

5) даъвогарнинг қарорни ҳақиқий эмас, ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги талаби.

Даъво аризасига ушбу Кодекснинг 191-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар, шунингдек низолашилаётган қарорнинг матни илова қилинади.



270-4-модда. Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар,

жамоат бирлашмаларининг қарорлари ва улар мансабдор

шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан

низолашиш тўғрисидаги ишлар бўйича суд

муҳокамасининг хусусиятлари


Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш чоғида суд низолашилаётган қарорнинг ёки унинг айрим қисмларининг, ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) қонунийлигини, низолашилаётган қарорни қабул қилган корхона, муассаса, ташкилот, жамоат бирлашмасининг ёхуд низолашилаётган ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) содир этган мансабдор шахснинг ваколатларини текширади, шунингдек низолашилаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган-бузмаганлигини аниқлайди.



270-5-модда. Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар,

жамоат бирлашмаларининг қарорлари ва улар мансабдор

шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан

низолашиш тўғрисидаги иш бўйича суднинг

ҳал қилув қарори


Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг 23-бобида белгиланган қоидаларга кўра суд томонидан қабул қилинади.

Суд низолашилаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлигини ҳамда даъвогарнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас деб ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Агар суд низолашилаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга мувофиқ эканлигини ҳамда даъвогарнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаётганлигини аниқласа, арз қилинган талабни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Даъво аризасини қаноатлантириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

1) низолашилаётган қарорни қабул қилган корхона, муассаса, ташкилот, жамоат бирлашмасининг номи ёки ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) содир этган мансабдор шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, низолашилаётган қарорнинг номи, рақами, қабул қилинган санаси, низолашилаётган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилган сана ва жой;

2) низолашилаётган қарорнинг тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб ёки ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) қонунга хилоф деб топилганлиги;

3) суд харажатларининг тақсимланиши.

Қарор ҳақиқий эмас деб, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга хилоф деб топилган тақдирда, суд тегишли корхона, муассаса, ташкилот, жамоат бирлашмасининг ёки мансабдор шахснинг зиммасига қонунга мувофиқ қарор қабул қилиш ёки муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд даъвогарнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг йўл қўйилган бузилишларини бошқача усулда бартараф этиш мажбуриятини юклайди.

Суднинг ишни кўриш натижалари бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори, агар унинг устидан апелляция тартибида шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган) бўлса, у қабул қилинган пайтдан эътиборан йигирма кун ўтгач қонуний кучга киради.



24-БОБ. БИРИНЧИ ИНСТАНЦИЯ

СУДИНИНГ АЖРИМЛАРИ


271-модда. Суд ажримини чиқариш


Ажримлар суд томонидан алоҳида хонада (маслаҳатхонада) ушбу Кодекснинг 19, 250 ва 252-моддаларида белгиланган тартибда чиқарилади ва ишга қўшиб қўйилади.

Мураккаб бўлмаган масалаларни ҳал этишда суд ўз жойида ажрим чиқариши мумкин. Бундай ажрим суд мажлисининг баённомасига киритилади. Ажримлар чиқарилиши билан дарҳол ўқиб эшиттирилади.



272-модда. Ажримнинг мазмуни


Суд ажримида қуйидагилар кўрсатилади:

1) ажримнинг чиқарилган вақти ва жойи;

2) суднинг номи, судьянинг фамилияси, исми ва отасининг исми, суд мажлисининг котиби;

3) ишда иштирок этувчи шахслар;

4) низо предмети ва ажрим билан ҳал қилинадиган масаланинг моҳияти;

5) суднинг хулосасига олиб келган асослар ва суд амал қилган қонунлар ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар;

6) суднинг ҳал этилаётган масала юзасидан хулосаси;

7) ажрим устидан шикоят қилиш (протест келтириш) тартиби ва муддати.

Суд томонидан ўз жойида чиқариладиган ажрим ушбу модданинг 4, 5 ва 6-бандларида санаб ўтилган маълумотларни ўз ичига олиши керак.

Ажримнинг ёзувидаги хатолар ва аниқ кўриниб турган арифметик хатолар ушбу Кодекснинг 261-моддасида назарда тутилган тартибда тузатилади.



273-модда. Ажримнинг кўчирма нусхаларини тарафлар

ва ишда иштирок этувчи шахсларга юбориш


Ажрим алоҳида суд ҳужжати тарзида чиқарилган ҳолларда, унинг кўчирма нусхалари тарафларга, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга, шунингдек у дахлдор бўлган ўзга шахсларга ажрим чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай почта орқали ёки электрон ҳужжат тарзида юборилади.



274-модда. Ажримни ижро этиш


Суд ажрими, агар қонунда ёки суд томонидан бошқа муддат белгиланган бўлмаса, дарҳол ижро этилади.



275-модда. Суднинг хусусий ажрими (қарори)


Ишни кўриш чоғида давлат органининг ёки бошқа органнинг, ташкилотнинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим (қарор) чиқаришга ҳақлидир.

Хусусий ажрим (қарор) билан суд тегишли органдан ёки мансабдор шахсдан қонун ҳужжатларининг бузилишида айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ўзларининг ваколатига мувофиқ кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин.

Хусусий ажрим (қарор) тегишли давлат органларига ва бошқа органларга, ташкилотларга, мансабдор шахсларга юборилади, улар кўрилган чоралар тўғрисида бир ойлик муддатда судга хабар қилиши шарт.

Суднинг хусусий ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.

Агар суд ишни кўраётганида шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқласа, у жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун бу ҳақда прокурорга тегишли материалларни илова қилган ҳолда хабар қилади.



25-БОБ. СУД БАЁННОМАЛАРИ


276-модда. Баённома юритиш шартлиги


Ҳар бир суд мажлиси тўғрисида, шунингдек суд мажлиси залидан ташқарида қилинган ҳар бир алоҳида процессуал ҳаракат тўғрисида баённома тузилади.



277-модда. Баённома мазмуни


Суд мажлиси баённомасида иш муҳокамасининг ёки алоҳида процессуал ҳаракатларни амалга оширишнинг барча муҳим жиҳатлари акс эттирилиши керак. Суд мажлиси баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:

1) суд мажлиси бўлиб ўтган йил, ой, кун ва жой;

2) суд мажлиси бошланган ва тамомланган вақт;

3) ишни кўраётган суднинг номи, судьянинг фамилияси, исми ва отасининг исми, ҳамда суд мажлисининг котиби;

4) ишнинг номи ва рақами;

5) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва одил судловга кўмаклашаётган шахсларнинг келган-келмаганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

6) суднинг тарафлар ва процесснинг бошқа иштирокчиларига уларнинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтирганлиги;

7) ушбу модданинг 5-бандида кўрсатилган шахсларга суд чақирув қоғозлари ва бошқа хабарномалар топширилганлиги тўғрисидаги ҳамда улар суд мажлисига келмаганлигининг сабаблари ҳақидаги маълумотлар;

8) раислик қилувчининг барча фармойишлари ва суднинг алоҳида хонага (маслаҳатхонага) чиқмасдан чиқарган ажримлари;

9) ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризалари;

10) судга тақдим этилган барча ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг ёзма хулосалари, мутахассисларнинг маслаҳатлари тўғрисидаги маълумотлар;

11) ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, экспертларнинг ўз хулосаларини оғзаки тушунтиришлари, мутахассисларнинг тушунтиришлари, ашёвий ва ёзма далилларни кўздан кечиришга тааллуқли маълумотлар;

12) суд музокараларининг мазмуни ва прокурорнинг фикри;

13) суднинг ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори ўқиб эшиттирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар.

Суд мажлиси баённомасида бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Суд мажлиси аудио- ёки видеоёзувга олинган тақдирда, суд мажлиси баённомасига суд мажлисида ёзиб олиш техника воситаларидан фойдаланилганлиги тўғрисида белги қўйилади.

Суд мажлисининг баённомаси аудио- ва видеоёзув воситаларидан фойдаланган ҳолда тўхтовсиз ёзиб борилади.

Аудио- ва видеоёзув сақланаётган электрон ёки бошқа манбалар суд мажлиси баённомасига ёки алоҳида процессуал ҳаракатларни бажариш ҳақидаги баённомага қўшиб қўйилади, унга тегишли ёзув киритилади.

Суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тақдирда, суд мажлиси баённомасида ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилганлардан ташқари:

суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилганлиги тўғрисидаги;

суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишда кўмаклашаётган суднинг номи ҳақидаги;

ишда иштирок этувчи шахслар ва суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган, судга келган суд процессининг бошқа иштирокчилари тўғрисидаги;

суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказилишига кўмаклашаётган суднинг ва ишни кўраётган суднинг ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ходимлари ҳақидаги маълумотлар ҳам кўрсатилиши керак.



278-модда. Баённома тузиш


Баённома суд мажлиси котиби томонидан суд мажлисининг ўзида ёки суд мажлиси залидан ташқарида алоҳида процессуал ҳаракат бажарилганида юритилади.

Ишда иштирок этувчи шахслар ўзлари иш учун аҳамиятга эга деб ҳисобланган ҳолатларни баённомага киритиш тўғрисида илтимосномалар беришга ҳақли.

Тарафларнинг, учинчи шахсларнинг ўзлари қўйган талаблардан бутунлай ёки қисман воз кечганлиги ҳақидаги, қўйилган талабларни тан олиши, ишни келишув битими ёки медиатив келишув билан тамомлаш тўғрисидаги аризалари баённомага киритилади. Баённома суд мажлиси тамом бўлганидан ёки алоҳида процессуал ҳаракат амалга оширилганидан кейин кечи билан уч кунда раислик қилувчи ва суд мажлисининг котиби томонидан имзоланиши керак. Киритилган барча ўзгаришлар, тузатишлар, қўшимчалар баённомада изоҳланиши керак.


279-модда. Баённома юзасидан фикр-мулоҳаза билдириш


Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг баённомаси билан танишиб чиқишга ва унда йўл қўйилган хатоликларни ёки унинг тўлиқ эмаслигини у имзоланган кундан эътиборан беш кун ичида кўрсатиб, баённома юзасидан ёзма равишда фикр-мулоҳазалар билдиришга ҳақли.

Баённомага доир берилган фикр-мулоҳазаларни раислик қилувчи кўриб чиқади ва у ушбу фикрларга қўшилган тақдирда, бу фикр-мулоҳазаларнинг тўғрилигини тасдиқлайди ҳамда уларни суд мажлисининг баённомасига қўшиб қўяди.

Раислик қилувчи берилган фикр-мулоҳазаларга қўшилмаса, улар суд мажлисида кўриб чиқилади. Берилган фикр-мулоҳазалар барча ҳолларда ҳам ишга қўшиб қўйилиши керак.

Баённомага доир фикр-мулоҳазалар улар топширилган кундан эътиборан етти кун ичида ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда кўриб чиқилиши керак. Бироқ, ишда иштирок этувчи шахсларнинг келмаганлиги баённома юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар тўғрисидаги аризани кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Суд процесси иштирокчилари суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви билан танишиш ҳуқуқига эга.

Суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзувлари кўчирма нусхаси суд процесси иштирокчиларига ишни кўрган суднинг рухсати билан берилади.



26-БОБ. СИРТДАН ИШ ЮРИТИШ


280-модда. Сиртдан иш юритиш асослари


Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига келмаган, келмаганлигининг узрли сабаблари борлиги ҳақида хабар бермаган ва ишни унинг иштирокисиз кўриш тўғрисида сўрамаган тақдирда, агар даъвогар бунга эътироз билдирмаса, иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилиши мумкин. Ишни бундай тартибда кўриш ҳақида суд ажрим чиқаради. Жавобгар тегишли тарзда хабардор қилинганлиги ҳақида ишда маълумот бўлиши керак.

Ишда бир нечта жавобгар иштирок этган ва суд мажлисига барча жавобгарлар келмаган тақдирда, иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилиши мумкин.



281-модда. Судга келган тарафнинг ҳуқуқлари


Агар суд мажлисига келган даъвогар ишни жавобгар иштирокисиз сиртдан иш юритиш тартибида кўришга рози бўлмаса, суд ишнинг муҳокамасини кейинга қолдиради ва келмаган жавобгарга янги суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида такроран хабар юборади.

Тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига такроран келмаса, суд даъвогарнинг фикридан қатъи назар, ишни сиртдан иш юритиш тартибида кўради.



282-модда. Сиртдан иш юритиш тартиби


Иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилганида суд ишдаги мавжуд далилларни текшириш билан кифояланади, ишда иштирок этувчи шахсларнинг важлари ва илтимосларини эътиборга олиб, ҳал қилув қарори чиқаради, бу ҳал қилув қарори сиртдан чиқарилган деб аталади.

Даъвогар томонидан даъвонинг предмети ёки асоси, даъво талаблари миқдори ўзгартирилганда суд мазкур суд мажлисида ишни сиртдан иш юритиш тартибида кўришга ҳақли эмас. Бу ҳолда ишни кўриш даъво аризасини даъво предмети ёки асоси, даъво талаблари миқдори ўзгартирилган ҳолда жавобгарга топшириш учун кейинга қолдирилади.

Агар суд мажлисига келмаган жавобгардан ишни унинг иштирокисиз кўриш ҳақида ариза келиб тушса, иш сиртдан иш юритиш тартибида эмас, умумий тартибда кўрилиши лозим.



283-модда. Сиртдан қабул қилинган ҳал

қилув қарорининг мазмуни


Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг мазмуни ушбу Кодекс 253-моддасининг қоидалари билан белгиланади. Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ушбу ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш ҳақида ариза бериш муддати ва тартиби кўрсатилган бўлиши керак.



284-модда. Ҳал қилув қарорининг кўчирма

нусхаларини юбориш


Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси суд мажлисига келмаган тарафга ушбу қарор чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай имзо қўйдириб топширилади ёки почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади.



285-модда. Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарори

устидан шикоят қилиш (протест келтириш)


Жавобгар сиртдан ҳал қилув қарорини қабул қилган судга шу ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн беш кун ичида уни қайта кўриб чиқиш тўғрисида ариза беришга ҳақли.

Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан ушбу Кодекснинг 43-бобида назарда тутилган тартибда ҳам шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин.



286-модда. Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини

қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризанинг мазмуни


Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризада қуйидагилар бўлиши керак:

1) сиртдан ҳал қилув қарори қабул қилган суднинг номи;

2) ариза бераётган жавобгарнинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), яшаш жойи (жойлашган ери, почта манзили);

3) суд мажлисига узрли сабабларга кўра келмаганликдан далолат берувчи ҳолатларнинг рўйхати ва уларни тасдиқловчи далиллар, шунингдек сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг мазмунига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган далиллар рўйхати;

4) ариза берувчи жавобгарнинг илтимоси;

5) аризага илова қилинган материалларнинг рўйхати.

Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза жавобгар ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига мутаносиб миқдордаги кўчирма нусхалари билан бирга судга берилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган ариза мустасно. Ариза учун давлат божи тўланмайди.



287-модда. Суднинг аризани қабул қилганидан кейинги ҳаракатлари


Суд ишда иштирок этувчи шахсларни сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилади, уларга ушбу ариза ва унга илова қилинган материалларнинг кўчирма нусхаларини юборади.



288-модда. Аризани кўриб чиқиш


Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза у келиб тушган пайтдан эътиборан ўн кун ичида суд мажлисида кўриб чиқилади. Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.

Суд аризани кўриб чиқиб, ажрим чиқаради. Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақидаги ёки сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилинмайди (протест келтирилмайди).



289-модда. Суднинг ваколатлари


Суд сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиб, ўзининг ажрими билан:

аризани қаноатлантирмай қолдиришга;

сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва ишни илгариги таркибдаги ёки бошқа таркибдаги суд томонидан мазмунан кўриб чиқишни тиклашга ҳақли.



290-модда. Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув

қарорини бекор қилиш асослари


Агар сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишда суд тарафнинг суд мажлисига келмаганлигига узрли сабаблар борлигини ва бу ҳақда судни ўз вақтида хабардор қилиш имконияти бўлмаганлигини ҳамда тараф сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг мазмунига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган далилларни тақдим қилаётганлигини аниқласа, сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарори бекор қилиниб, ишни мазмунан кўриб чиқиш тикланиши лозим.



291-модда. Ишни кўриб чиқишни тиклаш


Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарори ушбу қарорни қабул қилган суд томонидан бекор қилинган тақдирда, ишни мазмунан кўриб чиқиш тикланади ва мазкур Кодексда назарда тутилган қоидалар асосида олиб борилади.

Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига келмаган тақдирда, иш янгидан кўриб чиқилганда қабул қилинган ҳал қилув қарори сиртдан қабул қилинган деб тан олинмайди. Жавобгар бу ҳал қилув қарори сиртдан қабул қилинган қарор сифатида қайта кўриб чиқилишини сўраб, ариза беришга ҳақли эмас.



292-модда. Сиртдан қабул қилинган ҳал

қилув қарорининг қонуний кучи


Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг 264-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ қонуний кучга киради.



3-кичик бўлим. Алоҳида тартибда иш юритиш


27-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


293-модда. Суд томонидан алоҳида иш юритиш

тартибида кўриб чиқиладиган ишлар


Суд томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган ишлар жумласига қуйидагилар киради:

1) юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги;

2) болани фарзандликка олиш (бундан буён матнда фарзандликка олиш деб юритилади) ҳақидаги;

3) фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги;

4) фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги;

5) шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги;

6) шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги;

7) вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) тўғрисидаги;

8) мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш ҳақидаги;

9) тақдим этувчига деб берилган ҳужжатлар йўқолган тақдирда, улар бўйича ҳуқуқларни тиклаш (чақириб иш юритиш) тўғрисидаги;

10) йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги.



294-модда. Алоҳида юритиладиган ишларни кўриб чиқиш тартиби


Ушбу Кодекснинг 293-моддасида санаб ўтилган ишлар судларда ушбу Кодекснинг 27-37-бобларида кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидаларига мувофиқ кўриб чиқилади.



28-БОБ. ЮРИДИК АҲАМИЯТГА ЭГА

БЎЛГАН ФАКТЛАРНИ АНИҚЛАШ


295-модда. Суд томонидан кўриб чиқиладиган, юридик аҳамиятга

эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар


Суд фуқароларнинг ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлари юзага келишига, ўзгаришига ёки тугашига сабаб бўладиган фактларни аниқлайди.

Суд:

1) шахсларнинг қариндошлик алоқалари;

2) шахс бировнинг қарамоғида эканлиги;

3) оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек туғилган вақти;

4) фарзандликка олишни, никоҳни, никоҳдан ажратишни ва ўлимни қайд этилганлиги;

5) эр-хотиндан бири вафот этганлиги оқибатида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳни рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлмай қолса, қонунда белгиланган ҳолларда уларнинг ҳақиқатда никоҳ муносабатларида бўлганлиги;

6) шахснинг ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларда (жамоат бирлашмаларига аъзолик билетлари, ҳарбий ҳужжатлар, паспортлар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари берадиган гувоҳномалар бундан мустасно) кўрсатилган фамилияси, исми ёки отасининг исми унинг паспортидаги ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасидаги фамилияси, исми ёки отасининг исми билан мос келмаган тақдирда, мазкур ҳужжатларнинг унга тегишлилиги ёхуд тегишли эмаслиги;

7) бахтсиз ҳодиса;

8) иморатга хусусий мулк ҳуқуқи асосида эгалик қилиш;

9) меросни қабул қилиш ва мероснинг очилиш жойи фактларини аниқлаш тўғрисидаги ишларни кўради.

Агар қонун ҳужжатларида уларни белгилашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, суд юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни ҳам белгилаши мумкин.

Аризачи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлайдиган зарур ҳужжатларни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёхуд йўқотилган ҳужжатларни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдирдагина суд ушбу фактларни аниқлайди.



296-модда. Ариза бериш ва унинг мазмуни


Юридик аҳамиятга эга бўлган фактни белгилаш тўғрисидаги ишлар бўйича ариза аризачи яшаб турган жойдаги судга берилади.

Аризада муайян фактни аниқлаш аризачига қандай мақсадлар учун зарур эканлиги кўрсатилиши, шунингдек аризачининг тегишли ҳужжатларни олиш имкониятига эга эмаслигини ёхуд йўқолган ҳужжатларни тиклаб бўлмаслигини тасдиқловчи далиллар келтирилиши керак.



297-модда. Факт аниқланганлиги тўғрисидаги ҳал қилув қарори


Суднинг ҳал қилув қарорида: суд томонидан аниқланган факт, унинг қандай мақсадда аниқланганлиги, шунингдек мазкур фактни аниқлаш учун суд қандай далилларга асосланганлиги кўрсатилиши керак.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида қайд этилиши ёки бошқа органларда расмийлаштирилиши лозим бўлган фактларнинг аниқланганлиги тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори ушбу органлар томонидан бериладиган ҳужжатларнинг ўрнига ўтмаганда, ана шундай қайд қилиш ёки расмийлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади.



29-БОБ. ФАРЗАНДЛИККА ОЛИШ


298-модда. Ариза бериш


Фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза болани фарзандликка олишни истаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фарзандликка олинаётган боланинг яшаш (турган) жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига берилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган болани фарзандликка олишни истовчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар фарзандликка олиш тўғрисидаги аризани фарзандликка олинаётган боланинг яшаш (турган) жойидаги тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича судига, фуқаролик ишлари бўйича вилоят ёки Тошкент шаҳар судига беради.



299-модда. Аризанинг мазмуни


Фарзандликка олиш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг (унинг) яшаш жойи;

фарзандликка олинаётган боланинг фамилияси, исми, отасининг исми ва туғилган санаси, унинг яшаш (турган) жойи, фарзандликка олинаётган боланинг ота-онаси тўғрисидаги, ака-ука ва опа-сингиллари борлиги ёки йўқлиги ҳақидаги маълумотлар;

фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) фарзандликка олиш тўғрисидаги илтимосини асословчи ҳолатлар ва мазкур ҳолатларни тасдиқловчи далиллар;

фарзандликка олувчилар (олувчи) боланинг туғилганлик тўғрисидаги далолатнома ёзувига тегишли ўзгартиришлар киритишни истаган тақдирда - фарзандликка олинаётган боланинг фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган санасини (кўпи билан бир йилга), фарзандликка олинаётган боланинг туғилган жойини (агар бола ўн ёшдан ошмаган бўлса) ўзгартириш ҳақидаги, боланинг туғилганлик тўғрисидаги далолатнома ёзувига фарзандликка олувчиларни (олувчини) ота-она (ота ёки она) сифатида қайд этиш ҳақидаги илтимос.

Фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза фарзандликка олувчилар (олувчи) томонидан имзоланади.



300-модда. Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар


Фарзандликка олиш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинган бўлиши керак:

никоҳда турган шахслар (шахс) томонидан фарзандликка олинганда - фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасининг кўчирма нусхаси;

эр-хотиндан бири томонидан фарзандликка олинганда - бошқасининг розилиги. Агар эр-хотин оилавий муносабатларни тугатган, бир йилдан ортиқ бирга яшамаётган бўлса ва эрнинг (хотиннинг) яшаш (турган) жойи номаълум бўлса, шунингдек бу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса, фарзандликка олишда унинг розилиги талаб қилинмайди;

никоҳда турмаган шахс томонидан фарзандликка олинганда - фарзандликка олувчи паспортининг кўчирма нусхаси ва никоҳда турмаслиги ҳақидаги маълумотнома;

фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) соғлиғи ҳолати тўғрисидаги тиббий хулоса (психиатрия, сил касаллигига қарши кураш ва наркология муассасаларидан, шунингдек ОИТСга қарши кураш марказидан маълумотномалар);

фуқаро фарзандликка олишга номзод сифатида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги ҳужжат, бундан Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 154-моддасининг иккинчи - бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) иш жойидан эгаллаб турган лавозими ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома ёки бошқа даромад манбалари ҳақидаги маълумотнома;

турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг бошқа давлат фуқароси бўлган болани фарзандликка олиш тўғрисидаги аризасига ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари қуйидагилар илова қилинади:

фарзандликка олинаётган боланинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаши учун Ўзбекистон Республикаси ваколатли органининг розилиги;

фарзандликка олинаётган бола қонуний вакилининг ва бола қайси давлат фуқароси бўлса, ўша давлат ваколатли органининг розилиги;

фарзандликка олинаётган боланинг туғилганлик тўғрисидаги далолатнома ёзувидан кўчирма;

фарзандликка олинаётган боланинг соғлиғи ҳолати, жисмоний ва ақлий ривожланиши ҳақидаги тиббий хулоса;

ўн ёшга тўлган фарзандликка олинаётган боланинг фарзандликка олинишига, шунингдек фамилияси, исми, отасининг исми ўзгартирилиши мумкинлигига ва фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) унинг ота-онаси (отаси ёки онаси) сифатида қайд этилишига розилиги, бундан Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 156-моддасида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ушбу модда иккинчи қисмининг учинчи, тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳужжатлар белгиланган тартибда легализация қилиниши ёхуд уларга белгиланган тартибда апостиль қўйилган бўлиши керак. Бунда тақдим этиладиган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг давлат тилига таржима қилинган ва нотариал тасдиқланган бўлиши керак. Агар ушбу модда иккинчи қисмининг бешинчи хатбошисида кўрсатилган ҳужжат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида берилган бўлса, легализация қилиниши ёки апостиль қўйилиши ҳамда таржима қилинган бўлиши тўғрисидаги талаблар ушбу ҳужжатга нисбатан татбиқ этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган болани фарзандликка олиш тўғрисидаги аризасига ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар, шунингдек фарзандликка олувчилар қайси давлат фуқароси бўлса, ўша давлат (бола Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан фарзандликка олинаётганда - ушбу шахслар қайси давлатда доимий яшаш жойига эга бўлса, ўша давлат) ваколатли органининг уларнинг яшаш шароитлари ҳақидаги ва фарзандликка олувчи бўла олиш имкониятлари тўғрисидаги хулосаси, тегишли давлат ваколатли органининг фарзандликка олинаётган боланинг ушбу давлатга кириши ва мазкур давлат ҳудудида доимий яшаши учун рухсатномаси, фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхонаси вакилларига фарзандликка олинган бола ҳақида ахборот бериш ва бола билан мулоқот қилиш имкониятини бериш тўғрисидаги нотариал тасдиқланган мажбурияти илова қилинади.

Чет эл фуқаролари бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган фарзандликка олувчи шахслар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар белгиланган тартибда легализация қилиниши ёхуд уларга белгиланган тартибда апостиль қўйилган бўлиши керак. Бунда тақдим этиладиган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг давлат тилига таржима қилинган ва нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Ушбу модданинг биринчи, иккинчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган ҳужжатлар судга икки нусхада тақдим этилади.



301-модда. Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш


Судья ишни суд муҳокамасига тайёрлашда ажрим чиқаради, унга кўра фарзандликка олинаётган боланинг яшаш (турган) жойидаги васийлик ва ҳомийлик органлари зиммасига фарзандликка олишнинг асосли эканлиги ва фарзандликка олинаётган боланинг манфаатларига мувофиқлиги тўғрисида судга хулоса тақдим этиш мажбурияти юкланади.

Васийлик ва ҳомийлик органининг фарзандликка олишнинг асосли эканлиги тўғрисидаги ва фарзандликка олинаётган боланинг манфаатларига мувофиқлиги ҳақидаги хулосасига қуйидагилар илова қилинган бўлиши керак:

фарзандликка олинаётган боланинг яшаш (турган) жойи ёки фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) яшаш жойи бўйича васийлик ва ҳомийлик органи томонидан тузилган фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) яшаш шароитларини текшириш далолатномаси. Фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) яшаш шароитларини текшириш далолатномасида бошқа маълумотлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 152-моддасида назарда тутилган фарзандликка олиш учун тўсиқлар борлиги ёки йўқлиги кўрсатилиши шарт;

фарзандликка олинаётган боланинг туғилганлик тўғрисидаги далолатнома ёзувидан кўчирма;

фарзандликка олинаётган боланинг соғлиғи ҳолати, жисмоний ва ақлий ривожланиши ҳақидаги тиббий хулоса;

ўн ёшга тўлган фарзандликка олинаётган боланинг фарзандликка олишга, шунингдек фамилияси, исми, отасининг исми ўзгартирилиши мумкинлигига ва фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) унинг ота-онаси (отаси ёки онаси) сифатида қайд этилишига розилиги, бундан Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 156-моддасида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

бола ота-онасининг (отасининг ёки онасининг) унинг фарзандликка олинишига розилиги, ўн олти ёшга тўлмаган ота-онанинг боласи фарзандликка олинаётганда эса ота-она қонуний вакилларининг ҳам розилиги, қонуний вакиллар мавжуд бўлмаган тақдирда эса васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги, бундан Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 160-моддасида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

боланинг қариндошлари бўлмаган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан фарзандликка олинганда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ва фарзандликка олишга номзодларни ҳисобга олиш бўйича маълумотлар базасида фарзандликка олинаётган бола тўғрисидаги маълумотлар мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат, шунингдек болани Ўзбекистон Республикаси фуқаролари оиласига тарбияга олиш ёки боланинг қариндошлари томонидан, ушбу қариндошларнинг фуқаролиги ва яшаш жойидан қатъи назар, фарзандликка олиниши имконияти мавжуд эмаслигини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Бошқа давлат фуқароси бўлган болани ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлган болани Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фарзандликка олишда васийлик ва ҳомийлик органининг фарзандликка олиш асосли эканлиги тўғрисидаги ва фарзандликка олинаётган боланинг манфаатларига мувофиқлиги ҳақидаги хулосасига ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳужжат илова қилиниши керак.

Зарур бўлган ҳолларда, суд бошқа ҳужжатларни (маълумотларни) ҳам талаб қилиб олиши мумкин.



302-модда. Ишни кўриб чиқиш


Суд фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни фарзандликка олувчилар (олувчи), васийлик ва ҳомийлик органларининг вакиллари, шунингдек прокурор албатта иштирок этган ҳолда кўриб чиқади.

Зарур ҳолларда, суд фарзандликка олинаётган боланинг ота-онасини (отасини ёки онасини), унинг қариндошларини ва бошқа манфаатдор шахсларни, шунингдек ўн ёшга тўлган боланинг ўзини ишда иштирок этишга жалб қилиши мумкин.

Суд фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни суднинг ёпиқ мажлисида кўриб чиқади.



303-модда. Суднинг ҳал қилув қарори


Суд фарзандликка олиш тўғрисидаги ишни мазмунан кўриб чиқиб, фарзандликка олиш ҳақидаги аризани қаноатлантириш тўғрисида ёхуд уни қаноатлантиришни бутунлай ёки қисман рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради.

Фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда, суднинг ҳал қилув қарорида фарзандликка олинган боланинг туғилганлигини қайд этиш дафтарига ўзгартиришлар киритиш учун зарур бўлган фарзандликка олинган ва фарзандликка олувчилар (олувчи) ҳақидаги барча маълумотлар кўрсатилади.

Бола битта шахс томонидан фарзандликка олинаётганда унинг манфаатларини кўзлаб, агар фарзандликка олувчи эркак бўлса, онасининг хоҳишига кўра ёки агар фарзандликка олувчи аёл бўлса, отасининг хоҳишига кўра, шунингдек агар фарзандликка олинаётган боланинг отаси ёки онаси вафот этган бўлса, вафот этган ота ёки она ота-онасининг (буванинг ёки бувининг) илтимосига кўра суднинг фарзандликка олиш тўғрисидаги қарорида фарзандликка олинган боланинг отаси ёки онаси билан ёхуд вафот этган отасининг ёки онасининг қариндошлари билан ҳуқуқий муносабатлари сақланиб қолиши кўрсатиб ўтилади.

Фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда, фарзандликка олувчилар (олувчи) ва фарзандликка олинаётган боланинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари фарзандликка олинган боланинг туғилганлигини қайд этиш дафтарига зарур ўзгартишлар киритилган кундан эътиборан белгиланади.

Суд фарзандликка олиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан уч кун ичида ушбу ҳал қилув қароридан кўчирма нусхасини фарзандликка олинаётган боланинг туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юбориши шарт.



304-модда. Фарзандликка олишнинг бекор қилиниши


Фарзандликка олишни бекор қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш даъво ишларини юритиш тартибида ҳамда оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларида кўрсатилган асослар бўйича амалга оширилади.



30-БОБ. ФУҚАРОНИ БЕДАРАК ЙЎҚОЛГАН ДЕБ ТОПИШ

ВА ФУҚАРОНИ ВАФОТ ЭТГАН ДЕБ ЭЪЛОН ҚИЛИШ


305-модда. Ариза бериш ва унинг мазмуни


Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ариза манфаатдор шахс томондан бедарак йўқолган фуқаронинг охирги маълум бўлган яшаш жойидаги судга берилади.

Суд фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишга қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар ўтганидан сўнг киришади.

Аризада фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки уни вафот этган деб эълон қилиш аризачига қандай мақсадлар учун зарур эканлиги кўрсатилиши, шунингдек фуқаронинг бедарак йўқолганлигини тасдиқлайдиган ёхуд бедарак йўқолган шахсга ўлим хавфини солган ёки у муайян бахтсиз воқеа туфайли ҳалок бўлган деб тахмин қилишга асос бўладиган ҳолатлар баён қилиниши керак.



306-модда. Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш


Судья ишни суд муҳокамасига тайёрлашда бедарак йўқолган шахс тўғрисида кимлар (қариндош-уруғлари, бирга ишловчилар ва бошқалар) маълумот бера олиши мумкинлигини аниқлайди, шунингдек бедарак йўқолганнинг маълум бўлган сўнгги яшаш жойи ва иш жойидаги тегишли ташкилотлардан (ички ишлар органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан) бедарак йўқолган шахс тўғрисида бор маълумотларни сўраб олади.

Судья аризани қабул қилиб олгач, айни вақтда васийлик ва ҳомийлик органига бедарак йўқолганнинг мол-мулкини сақлаш, шунингдек уни бошқариш учун шахсни тайинлашни таклиф қилиши мумкин.



307-модда. Иш муҳокамасида прокурорнинг иштироки


Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги ёки фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги ишлар албатта прокурорнинг иштирокида кўрилади.



308-модда. Суднинг ҳал қилув қарори


Суднинг фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори бедарак йўқолган шахснинг мол-мулки турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органининг бу мулкка нисбатан бошқарувчи тайинлаши учун асос бўлади.

Суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтарига мазкур фуқарони вафот этган деб ёзиб қўйиш учун асос бўлади.



309-модда. Бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот

этган деб эълон қилинган фуқаро қайтиб келиши ёки

унинг турган жойи аниқланиши оқибатлари


Бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган фуқаро қайтиб келган ёки унинг турган жойи аниқланган тақдирда, суд ўзининг илгариги ҳал қилув қарорини янги ҳал қилув қарори билан бекор қилади. Янги ҳал қилув қарори тегишинча мол-мулкка нисбатан бошқарувни ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтаридаги фуқаронинг вафотига доир ёзувни бекор қилиш учун асос бўлади.



31-БОБ. ФУҚАРОНИ МУОМАЛА ЛАЁҚАТИ ЧЕКЛАНГАН

ЁКИ МУОМАЛАГА ЛАЁҚАТСИЗ ДЕБ ТОПИШ


310-модда. Ариза бериш


Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши натижасида фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ёки фуқарони руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги) туфайли муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги иш унинг оила аъзолари, васийлик ва ҳомийлик органлари, прокурор, даволаш муассасалари ва бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари берган аризалар бўйича қўзғатилиши мумкин.

Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ариза мазкур фуқаро яшаб турган жойдаги, агар бу шахс даволаш муассасасига жойлаштирилган бўлса, мазкур муассаса жойлашган ҳудуддаги судга берилади.



311-модда. Аризанинг мазмуни


Фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги аризада спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилувчи шахс ўз оиласини моддий жиҳатдан оғир аҳволга солиб қўяётганлигидан далолат берувчи ҳолатлар баён этилиши керак.

Фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги аризада шахснинг руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги), шунинг оқибатида у ўз хатти-ҳаракатларини англай олмаслигидан ёки бошқара олмаслигидан далолат берувчи ҳолатлар баён қилиниши керак.



312-модда. Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш


Судья аризани олгач, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тартибида фуқаронинг руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) тўғрисида етарли маълумотлар мавжуд бўлса, унинг руҳий аҳволини аниқлаш учун суд-психиатрия экспертизасини тайинлайди.

Фуқаро суд-психиатрия экспертизасини ўтишдан бош тортганда суд уни мажбурий тарзда экспертизага юбориш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.



313-модда. Ишни кўриб чиқиш


Суд фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ишни албатта мазкур фуқаронинг, прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокида кўради. Агар фуқаро суд мажлисига келмаса, ушбу Кодекс 186-моддасининг қоидалари қўлланади.

Суд фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишни прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг вакили иштирокида кўриб чиқади. Иши кўриб чиқилаётган фуқаро, агар унинг соғлиғи ҳолати имкон берса, суд мажлисига чақирилади.



314-модда. Суднинг ҳал қилув қарори


Суднинг фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори васийлик ва ҳомийлик органининг муомала лаёқати чекланган шахсга ҳомий тайинлаши, муомалага лаёқатсиз шахсга эса, васий тайинлаши учун асос бўлади.

Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топганда суд ҳал қилув қарори кучга кирганидан сўнг уч кун ичида бу ҳақда мазкур шахс яшаб турган жойдаги ҳомийлик ва васийлик органига хабар қилади ва унинг устидан ҳомий ёки васий тайинлаш учун ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхасини юборади.



315-модда. Фуқарони муомалага лаёқатли деб топиш


Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, суд фуқаронинг ўзи, унинг ҳомийси, шунингдек ушбу Кодекснинг 310-моддасида санаб ўтилган ташкилотлар ва шахслар берган аризага биноан фуқаронинг муомала лаёқатини чеклашни ва унга нисбатан белгиланган ҳомийликни бекор қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаради.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, суд васий, шунингдек ушбу Кодекснинг 310-моддасида санаб ўтилган ташкилотлар ва шахслар берган аризага биноан, суд-психиатрия экспертизасининг хулосасига асосланиб, соғайган фуқарони муомалага лаёқатли деб топиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилади.



316-модда. Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага

лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишлар бўйича суд харажатлари


Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишларни юритиш билан боғлиқ суд харажатлари аризачидан ундирилмайди.

Агар суд ариза фуқаронинг оила аъзолари томонидан инсофсизлик қилиб, асоссиз равишда фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш ёки уни муомала лаёқатидан маҳрум этиш мақсадида атайлаб берилган деб топса, суд харажатларини оила аъзоларидан ундиради.



32-БОБ. ШАХСНИ ҒАЙРИИХТИЁРИЙ ТАРТИБДА ПСИХИАТРИЯ

СТАЦИОНАРИГА ЁТҚИЗИШ ЁКИ УНИНГ УШБУ МУАССАСАДА

ЁТИШИ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ


317-модда. Ариза бериш


Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг стационарда ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги ариза судга шахс ётган психиатрия муассасаси томонидан берилади.

Ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш учун қонунда назарда тутилган асослар кўрсатилган аризага шифокор психиатрлардан иборат комиссиянинг шахснинг психиатрия стационарида бундан кейин бўлиши зарурлиги тўғрисидаги асослантирилган хулосаси илова қилинади.

Ариза психиатрия муассасаси жойлашган ердаги суд томонидан кўриб чиқилади.

Суд аризани қабул қилиш билан бир пайтда аризани судда кўриб чиқиш учун зарур бўлган муддатда шахснинг психиатрия стационарида бўлиб туриши масаласини ҳал этади.



318-модда. Ишни кўриб чиқиш


Шахсни психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг стационарда ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги иш суд томонидан стационарга ётқизилаётган шахснинг қонуний вакили ва стационарга ётқизишнинг асослилиги тўғрисида хулоса берган комиссия таркибидаги шифокор психиатр, прокурор, шунингдек шахс ётган психиатрия муассасаси вакили иштирокида ўн кунлик муддат ичида кўриб чиқилади.

Суд мажлисига психиатрия муассасаси вакилининг узрсиз сабабларга кўра келмаганлиги аризани кўриб чиқишга монелик қилмайди, бироқ суд унинг келишини шарт деб топиши мумкин.



319-модда. Суднинг ҳал қилув қарори


Суднинг аризани қаноатлантириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори тегишинча шахсни психиатрия стационарига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки унинг стационарда ётиши муддатини узайтириш учун асос бўлади.



33-БОБ. ШАХСНИ СИЛ КАСАЛЛИГИГА ҚАРШИ КУРАШ

МУАССАСАСИНИНГ ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН БЎЛИМИГА

ҒАЙРИИХТИЁРИЙ ТАРТИБДА ЁТҚИЗИШ ЁКИ УНИНГ УШБУ

МУАССАСАДА ЁТИШИ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ


320-модда. Ариза бериш


Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги ариза судга мазкур шахс диспансер ҳисобида турган ёхуд даволанаётган ёки унинг яшаш (турган) жойидаги сил касаллигига қарши кураш муассасаси томонидан берилади.

Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги ариза мазкур шахс диспансер ҳисобида турган ёхуд даволанаётган сил касаллигига қарши кураш муассасаси жойлашган ердаги ёки унинг яшаш (турган) жойидаги судда кўриб чиқилади.



321-модда. Аризанинг мазмуни ва уни бериш муддати


Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ариза ушбу муассаса тиббий комиссиясининг тиббий текширувдан ва (ёки) даволанишдан бўйин товлаётган мазкур шахсни ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш зарурлиги ҳақидаги хулосаси қабул қилинган кундан эътиборан бир сутка ичида берилади. Хулосада даволаш ўтказиладиган муддат кўрсатилади.

Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахснинг сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимида ғайриихтиёрий тартибда ётиши муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза ушбу муассаса тиббий комиссиясининг шахснинг даволанишда бўлган муассасада ётиши муддатини узайтириш зарурлиги ҳақидаги хулосаси асосида берилади. Хулосада даволаш ўтказиладиган муддат кўрсатилади.



322-модда. Ишни кўриб чиқиш


Шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги иш сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисида ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақида ариза берилган кундан эътиборан уч кунлик муддатда суд томонидан мазкур шахс диспансер ҳисобида турган ёхуд даволанаётган сил касаллигига қарши кураш муассасасининг вакили - тиббий комиссияси аъзоси, сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахснинг вакили, шунингдек прокурор иштирокида кўриб чиқилади. Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган, иши судда кўриб чиқилаётган шахс, агар унинг соғлиғи ҳолати имкон берса, суд мажлисига чақирилиши мумкин.

Сил касаллигига қарши кураш муассасаси вакилининг - тиббий комиссияси аъзосининг, сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахс вакилининг суд мажлисига узрсиз сабабга кўра келмаганлиги ишни кўриб чиқишга монелик қилмайди, бироқ суд бу шахсларнинг келишини шарт деб топиши мумкин.



323-модда. Суднинг ҳал қилув қарори


Суднинг аризани қаноатлантириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни тегишинча сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш учун асос бўлади.



34-БОБ. ВОЯГА ЕТМАГАН ШАХСНИ ТЎЛИҚ МУОМАЛАГА

ЛАЁҚАТЛИ ДЕБ ЭЪЛОН ҚИЛИШ (ЭМАНСИПАЦИЯ)


324-модда. Ариза бериш


Ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган шахс қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ўзи яшаб турган жойдаги судга ўзини тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Васийлик ва ҳомийлик органлари вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилишни рад этганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлганда вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш тўғрисидаги ариза суд томонидан қабул қилинади.



325-модда. Ишни кўриб чиқиш


Вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш тўғрисидаги иш суд томонидан аризачи, унинг ота-онаси (улардан бири) ёки фарзандликка олувчилар (олувчи) ёки ҳомий, шунингдек васийлик ва ҳомийлик органининг вакили ҳамда прокурор иштирокида кўриб чиқилади.



326-модда. Суднинг вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб

эълон қилиш тўғрисидаги ариза юзасидан ҳал қилув қарори


Суд вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш тўғрисидаги аризани мазмунан кўриб чиқиб, уни қаноатлантириш ёки рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Ариза қаноатлантирилган тақдирда, ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган шахс суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан тўлиқ муомалага лаёқатли (эмансипация қилинган) деб эълон қилинади.



35-БОБ. МОЛ-МУЛКНИ (АШЁНИ) ЭГАСИЗ ДЕБ ТОПИШ


327-модда. Ариза бериш


Мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш тўғрисидаги ариза давлат мол-мулкини бошқариш ваколатига эга орган ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан мол-мулк (ашё) турган жойдаги судга берилади.

Аризада қайси мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш кераклиги кўрсатилган бўлиши, шунингдек мол-мулк (ашё) эгасини аниқлашнинг имкони йўқлигини ёхуд мол-мулк (ашё) мулкдор томонидан унга нисбатан мулк ҳуқуқини сақлаб қолиш ниятисиз қолдирганлигини тасдиқловчи далиллар келтирилган бўлиши керак.



328-модда. Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш


Судья ишни суд муҳокамасига тайёрлашда мол-мулк (ашё) кимга тегишли эканлиги тўғрисида маълумот бериши мумкин бўлган шахсларни (мол-мулкнинг (ашёнинг) мулкдорлари, унга амалда эгалик қилиб турганлар, қўшнилар ва бошқаларни) аниқлайди, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан мол-мулкка доир мавжуд маълумотларни сўрайди.



329-модда. Ишни кўриб чиқиш


Мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш тўғрисидаги иш аризачининг вакили, учинчи шахслар ва прокурор иштирокида суд томонидан кўриб чиқилади.



330-модда. Суднинг ҳал қилув қарори


Суд мол-мулкни (ашёни) мулкдори йўқ ёки мулкдори номаълум ёхуд мол-мулк (ашё) мулкдор томонидан унга нисбатан мулк ҳуқуқини сақлаб қолиш ниятисиз қолдирилган деб топса, мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш ва уни давлат мулкига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига ўтказиш тўғрисида ҳал