ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Наркологик ва психиатрия ёрдами /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.03.2018 й. ПҚ-3606-сон "Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

16.03.2018 й.

N ПҚ-3606



ПСИХИАТРИЯ ЁРДАМИ КЎРСАТИШ

ТИЗИМИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Аҳолининг руҳий соғлиғини текширувдан ўтказиш, руҳий ҳолати бузилган шахсларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш, уларни даволаш, парваришлаш ва тиббий-ижтимоий жиҳатдан тиклаш тиббиёт соҳасидаги давлат сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Ушбу йўналишда зарур ҳуқуқий ва моддий-техника базаси яратилди, малакали врач-психиатрлар билан таъминланган ҳамда замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган психиатрия шифохоналари ва психоневрология диспансерлари (кейинги ўринларда - психиатрия муассасалари) қурилди, аҳолига сифатли ва ўз вақтида психиатрия ёрдами кўрсатилишини ташкил этиш бўйича чоралар кўрилди.

Шу билан бирга, психиатрия ёрдами кўрсатиш соҳасидаги ишлар ҳолатини комплекс ўрганиш ақлий ривожланишдаги бузилишнинг сабаблари ва шарт-шароитларини эрта аниқлашга, тиббий хизматларнинг сифатига салбий таъсир қилувчи қатор тизимли камчилик ва муаммолар мавжудлигини аниқлади.

Хусусан, психиатрия муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали ва замонавий механизмларини жорий этиш, шахс руҳий соғлиғининг ҳисобини юритиш, унинг текширувдан ўтказилишини ташкил этиш, сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини ўз вақтида кўриш мақсадида психиатрия хизматини бошқариш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш талаб қилинади.

Психиатрия муассасаларида врач-психиатрларнинг кескин етишмаслиги кузатилмоқда, бу эса беморларга барча зарур хизматлар турларини кўрсатиш, уларнинг эҳтиёжларини қондириш, мазкур соҳадаги хусусий тиббиётни, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартларида ривожлантиришга имкон бермаяпти.

Психиатрия муассасаларининг моддий-техника базасини яхшилаш, уларни замонавий диагностика ва лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, беморларни парваришлаш ва даволаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича бир қатор қарорлар қабул қилинганлигига қарамай, уларнинг тўлиқ бажарилиши таъминланмаган.

Руҳий ҳолатлар бузилишининг олдини олиш ва даволаш бўйича ишни янада такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси психиатрия хизмати муассасаларининг фаолияти самарадорлигини ошириш, хусусий тиббиётни ривожлантириш, малакали врач-психиатрлар тайёрлаш мақсадида:


1. Аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

даволаш, профилактика ишлари ва руҳий ҳолатнинг бузилишини эрта аниқлашни ташкил этишнинг вертикал яхлит тизимини шакллантиришни таъминлаш орқали психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини самарали бошқариш механизмини жорий этиш;

мамлакатнинг ҳар бир аҳоли пунктида аҳолининг барча тоифалари, айниқса, болалар ва ўсмирлар учун сифатли ва қулай психиатрия ёрдами таъминлаш, шунингдек, руҳий ҳолати бузилган шахсларни даволаш учун дори воситаларига сарфланадиган харажатларнинг ягона мажбурий нормативларини белгилаш;

аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, психиатрия муассасаларининг врач-психиатрларга бўлган эҳтиёжини қондириш, уларнинг малакасини мунтазам равишда, шу жумладан, хорижнинг етакчи клиникалари ва тиббиёт ташкилотларида ошириб бориш;

Ўзбекистон Республикаси психиатрия хизмати муассасаларининг айрим функцияларини соғлиқни сақлашнинг хусусий секторига ўтказиш, аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш соҳасида давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш учун инвестициялар жалб қилиш;

ўз жонига қасд қилишга уринган шахсларга туну кун шошилинч ёрдам кўрсатилишини таъминлаш, шу жумладан, ўз жонига қасд қилишнинг асл сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, ўз вақтида ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш, ўз жонига қасд қилишнинг ҳар бир ҳолати ҳақида психиатрия муассасаларини зудлик билан хабардор қилиш;

психиатрия соҳасида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни фаоллаштириш, уларнинг натижалари ва ютуқларини руҳий ҳолати бузилишининг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирларни такомиллаштиришга хизмат қиладиган амалий фаолиятига кенг жорий этиш;

аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимининг самарали фаолиятини таъминловчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш, психиатирия муассасаларининг, шунингдек, улар бўлинмаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларни тиббиётнинг замонавий асбоб-ускуналари ва техникалари билан жиҳозлаш.


2. 2018 йил 1 майдан бошлаб хусусий тиббиёт ташкилотларига руҳий ҳолат бузилишини ва хулқ-атвор бузилишини ташхис қилиш ва даволаш бўйича аҳолига айрим хизматлар кўрсатишга рухсат этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда руҳий ҳолати бузилишини ва хулқ-атвор бузилишини ташхис қилиш ва даволаш бўйича хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар рўйхатини тасдиқласин.


3. 2018 йил 1 октябрдан бошлаб диспансер кузатуви остидаги шахслар тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг психиатрия муассасаларида қанча муддат бўлганликлари, берилган дори воситалари, кўрсатилган ижтимоий хизматлар ва тақдим қилинган имтиёзлардан иборат бўлган, шунингдек, бу соҳадаги ишларнинг ҳолати тўғрисида тезкор ахборот олиш имконини берувчи ушбу шахсларнинг ягона электрон реестри юритилиши амалиётга жорий этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда диспансер кузатуви остида бўлган шахсларнинг ягона электрон реестрини яратиш ва ушбу бандда белгиланган муддатларда Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишга туширишни таъминласин.


4. 2018 йил 1 апрелдан бошлаб ички ишлар органлари ўз жонига қасд қилинган ҳар бир ҳолат тўғрисида психиатрия хизмати муассасаларига зудлик билан хабар бериши белгилаб қўйилсин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 майга қадар бўлган муддатда психиатрия муассасаларини ўз жонига қасд қилиш ҳаракатлари тўғрисида мажбурий равишда хабардор этиш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқласин, шунингдек, аҳоли ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш масалаларини ўргансин ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳайъат мажлисларида муҳокама қилиб борсин.


5. Руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг, шу жумладан, ногиронларнинг меҳнат терапияси, уларни янги касбларга ўқитиш ва ишга жойлаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги психиатрия муассасалари ҳудудида давлат-хусусий шериклик шартларида даволаш-ишлаб чиқариш корхоналари тузилсин.

Даволаш-ишлаб чиқариш корхоналари 2018 йил 1 июлдан 2023 йил 1 январгача ер солиғи, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ва мулк солиғидан, шунингдек, ягона солиқ тўловидан озод қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда ушбу бандни амалга ошириш бўйича зарур ташкилий чоралар кўрсин.


6. Қуйидагилар:

Аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга доир биринчи галдаги чора-тадбирлар дастури 1-иловага* мувофиқ;

Психиатрия муассасаларини 2018 йилда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш)га доир чора-тадбирлар дастури 2-иловага* мувофиқ;

2018-2020 йилларда республика психиатрия муассасаларининг биноларини қуриш ва реконструкция қилишга доир чора-тадбирлар дастури 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К.Шодмонов, вазирлик ва идоралар раҳбарлари кўрсатиб ўтилган чора-тадбирлар дастурларида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгар эканликлари белгилансин.

Молия вазирлиги мазкур қарорнинг 2-иловасида* кўрсатилган тиббиёт асбоб-ускуналарини харид қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан зарур маблағларни ажратишни назарда тутсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

чора-тадбирлар дастурлари бажарилишининг боришини хар ойда танқидий муҳокама қилиб борсин;

муҳокамалар якуни бўйича топширилган вазифаларнинг муддатлари бузилиши ва бажарилиши узилиб қолишига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий жавобгарлик чораларини қўлласин;

икки ой муддатда 2018-2020 йилларда врач-психиатр тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва хорижнинг етакчи клиника ҳамда тиббиёт муассасаларида малакасини ошириш дастурини тасдиқласин;

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб давлат гранти асосида "психиатрия" йўналиши бўйича магистрларни тайёрлаш юзасидан олий тиббиёт таълим муассасаларига, жумладан, Тошкент тиббиёт академиясига - 15 нафар, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Андижон давлат тиббиёт институти, Бухоро давлат тиббиёт институти, Самарқанд давлат тиббиёт институтига - 10 нафардан қабул квоталарини оширишни назарда тутсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси таркибида вазирликнинг умумий бошқарув ходимлари сони доирасида 3 бирлик миқдорда психиатрия ёрдами масалалари бўйича бўлим тузилсин.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки ҳафта муддатда янги тузилаётган бўлимни юқори малакали кадрлар, биринчи навбатда, тажрибали врач-психиатр ва невропатологлар билан тўлдирсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб:

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, Самарқанд давлат тиббиёт институти ва Андижон давлат тиббиёт институтларида базавий тиббиёт маълумотига эга бўлган врачлар учун уларнинг ўртача ойлик иш ҳақини сақлаган ва хизмат сафари харажатларини қоплаган ҳолда "психиатрия" ва "суицидология" йўналишларида ихтисослашув курсларини ташкил қилсин;

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали, Андижон давлат тиббиёт институти ва Самарқанд давлат тиббиёт институтида "психиатрия" йўналиши бўйича клиник ординатурада ўқиш учун ўринлар сонини 10 нафаргача оширсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2863-сон қарори иловасининг 2-бандидаги рус тили матнидаги "психических заболеваний" сўзлари "отдельных психических заболеваний" сўзлари билан алмаштирилсин.


11. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С. Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б. Муродов ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шодмонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                          Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 16 март


"Халқ сўзи" 2018 йил 17 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 17 март, 11-сон, 196-модда






























Время: 0.1684
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск