Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ҳудуд /

Ўзбекистон Республикасининг 20.08.1999 й. 820-I-сон "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

20.08.1999 й.

N 820-I



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИ ТЎҒРИСИДА

I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, ҳимоя қилиш ва қўриқлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Давлат чегараси тўғрисидаги қонунчилик

Давлат чегараси тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонундан ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисидаги қонунчлигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси (бундан буён матнда Давлат чегараси деб юритилади)-Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасини (қуруқликда, сувда, ер остида, ҳаво бўшлигида) белгиловчи чизиқдан ва бу чизиқ бўйлаб ўтувчи вертикал сатҳдан иборат.

4-модда. Давлат чегарасини белгилаш

ва ўзгартириш принциплари

Давлат чегарасини белгилаш ва ўзгартириш пайтида Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизликни таъминлаш заруратидан келиб чиқади ҳамда қуйидаги принципларга амал қилади:

давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, давлат чегаралари дахлсизлиги ва бузилмаслигини ўзаро ҳурматлаш;

чегара масалаларини тинч йўл билан ҳал этиш;

чет эл давлатлари билан ҳар томонлама, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида ҳамкорлик қилиш;

қўшни давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик;

куч ишлатмаслик ва куч билан таҳдид қилмаслик.

5-модда. Давлат чегарасини

белгилаш ва ўзгартириш

Давлат чегарасини белгилаш ва ўзгартириш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан амалга оширилади. Давлат чегараси делимитация ва демаркация (редемаркация) қилинади.

Давлат чегараси қуйидагича белгиланади:

қуруқликда-ўзига хос нуқталар, рельефнинг чизиқлари ёки аниқ кўриниб турадиган жойлар бўйича;

кема қатнайдиган дарёларда-дарёнинг асосий фарватери ёки тальвеги ўртаси бўйлаб; кема қатнамайдиган дарёларда, жилғаларда - уларнинг ўртаси ёки дарёнинг асосий ўзанининг ўртаси бўйлаб; кўллар ёки бошқа сув ҳавзаларида-Давлат чегараси кўл ёки бошқа сув ҳавзаси қирғоқларига чиққан жойларни туташтирувчи тўғри ёки бошқача чизиқ бўйича. Дарё, жилға, кўл ёки бошқа сув ҳавзаси орқали ўтадиган Давлат чегараси улар қирғоқларининг кўриниши ёки сув сатҳи ўзгарганда ҳам, дарё, жилға оқими у ёки бу томонга бурилганда ҳам ўзгармай қолаверади;

сув омборларида ва бошқа сунъий сув ҳавзаларида-улар сув билан тўлдирилгунга қадар Давлат чегарасининг мазкур жойдан ўтган чизиғига мувофиқ равишда;

дарёлар, жилғалар, кўллар ва бошқа сув ҳавзалари орқали ўтувчи кўприкларда, тўғонлар ва бошқа иншоотларда - Давлат чегараси сувдан ўтиш-ўтмаслигидан қатъи назар, шу иншоотларнинг ўртаси ёки уларнинг технологик ўқи бўйлаб.


6-модда. Давлат чегарасига белги қўйиш

Давлат чегараси жойларда аниқ кўриниб турадиган чегара белгилари билан кўрсатиб қўйилади.

Чегара белгиларининг шакллари, ўлчамлари ва уларни ўрнатиш тартиби қонунчилик ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан белгиланади.

Қўшни давлатлар ўртасида Давлат чегараси чизиғини кўрсатиб қўйиш учун жойларда чегаранинг бутун узунлиги бўйлаб, шунингдек чегара бўйи дарёлари ва сув ҳавзалари бўйлаб чегаранинг тозалаш минтақалари белгиланади.

7-модда. Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш,

ҳимоя қилиш ва қўриқлаш тадбирларининг молиявий

ҳамда моддий-техникавий таъминоти

Давлат чегарасини белгилаш. ўзгартириш, ҳимоя қилиш ва қўриқлаш тадбирларини молиявий таъминлаш давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, ҳимоя қилиш ва қўриқлаш тадбирларини моддий-техникавий таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган нормаларда ва тартибда амалга оширилади.



II БЎЛИМ. ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИ РЕЖИМИ

8-модда. Давлат чегараси режимини белгилаш

Давлат чегараси режими:

Давлат чегарасини жиҳозлаш ва уни асраш устидан назорат қилиш;

Давлат чегарасининг шахслар ва транспорт воситалари томонидан кесиб ўтилиши;

Давлат чегараси орқали товарлар, бошқа мол-мулк ва ҳайвонларни олиб ўтиш;

Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк ва ҳайвонларни ўтказиш;

Давлат чегарасида ёки унинг яқинида хўжалик фаолияти ва бошқа фаолият юритиш тартибини белгиловчи қоидалар мажмуидан иборат.

Давлат чегараси режими ушбу Қонун билан, бошқа қонунчилик ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан белгиланади.


9-модда. Давлат чегарасини жиҳозлаш

ва уни асраш устидан назорат қилиш

Давлат чегарасини жиҳозлаш чегара белгиларини, тозалаш минтақаларини бунёд этиш, сақлаш ва соз ҳолда бўлишини таъминлашдан, уларни назорат тарзида кўздан кечириб туришдан, шунингдек қўшни давлатлар билан биргаликда Давлат чегараси чизиғининг ўтишини текшириб туришдан иборат.

Давлат чегарасини жиҳозлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинларига (бундан буён матнда чегара қўшинлари деб юритилади) Давлат чегараси чизиқларига бевосита туташ ер участкалари қонунчиликда белгиланган тартибда доимий фойдаланиш учун ажратилади.


10-модда. Давлат чегарасининг шахслар ва транспорт

воситалари томонидан кесиб ўтилиши

Давлат чегарасининг шахслар ва транспорт воситалари томонидан кесиб ўтилиши халқаро автомобиль, темир йўл, ҳаво, дарё қатнови йўлларида ёки қонунчиликда ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгилаб қўйиладиган бошқа жойларда амалга оширилади.

11-модда. Давлат чегараси орқали товарлар,

бошқа мол-мулк ва ҳайвонларни олиб ўтиш

Давлат чегараси орқали товарлар, бошқа мол-мулк ва ҳайвонларни олиб ўтиш қонунчиликда ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган жойларда ва тартибда амалга оширилади.



12-модда. Давлат чегараси орқали ўтказиш

Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк ва ҳайвонларни ўтказиш белгиланган ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилади.

Ўтказиш пунктлари сони, жойлашган ер, шунингдек Давлат чегараси орқали ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

13-модда. Давлат чегарасидаги вақтинчалик режим чекловлари

Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Давлат чегарасини кесиб ўтиш, шу жумладан унинг айрим участкаларини кесиб ўтиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда вақтинча чеклаб ёки тўхтатиб қўйилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ёки чет эл давлат ҳудудида ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди бўлган тақдирда Давлат чегарасининг айрим участкаларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан Давлат чегарасини кесиб ўтувчи шахслар, товарлар, бошқа мол-мулк, ҳайвонлар, уруғликлар, кўчатлар ҳамда келиб чиқиши ҳайвонотга ва ўсимликка мансуб бўлган бошқа маҳсулотлар учун карантин ўрнатилиши мумкин.


14-модда. Давлат чегарасида хўжалик

фаолияти ва бошқа фаолият юритиш

Ўзбекистон Республикасининг чегарабўйи дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзалари сув қисмида кемалар қатнови, сув объектларидан фойдаланиш ва бошқача тарзда сувдан фойдаланиш, сувни истеъмол қилиш, сув иншоотлари қуриш, Давлат чегарасида ерлардан ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш, кончилик ишлари, геология-қидирув фаолияти ва бошқа фаолият юритиш қонунчиликка ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.


15-модда. Давлат чегарасини бузувчилар

Қуйидагилар Давлат чегарасини бузувчилар деб ҳисобланади:

Давлат чегарасини Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидан бошқа жойдан ёки ўтказиш пунктлари орқали бўлса-да, лекин чегарани кесиб ўтиш қоидаларини бузган ҳолда ҳар қандай усул билан кесиб ўтган ёки кесиб ўтишга ҳаракат қилаётган шахслар;

чет элга кетаётган транспорт воситаларига Ўзбекистон Республикасидан ноқонуний равишда чиқиб кетиш мақсадида чиқиб олган ёки чиқиб олишга уринаётган шахслар;

Ўзбекистон Республикаси ички сувларига, шунингдек чегара бўйи дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзалари сув қисмига улар-га кириш юзасидан белгиланган қоидаларни бузган ҳолда кирган чет эл ноҳарбий кемалари ва ҳарбий кемалари;

Давлат чегарасини тегишли давлат органларининг рухсатисиз кесиб ўтган ёки Давлат чегараси орқали учиб ўтиш қоидаларини бошқа тарзда бузган ҳаво кемалари ва бошқа хил учиш аппаратлари.

Давлат чегарасини тегишли рухсати бўлмай туриб ёки белгиланган тартибни бузган ҳолда ҳар қандай техникавий ёки бошқа хил воситалар билан кесиб ўтиш ҳам Давлат чегарасини бузиш ҳисобланади.


16-модда. Чегара низолари ва можароларини ҳал этиш

Чегара низолари ва можароларини ҳал этиш қонунчиликда ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



17-модда. Чегара вакиллари

Давлат чегараси режимига риоя этилишига доир масалаларни ҳал қилиш, чегара низоларини тартибга солиш мақсадида Давлат чегарасининг муайян участкаларига Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг раиси томонидан Ўзбекистон Республикасининг чегара вакиллари тайинланади.

Чегара вакилларининг ваколатлари ва фаолият кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси ва чет эл давлатлари ҳарбий ҳаво кемаларининг, бошқа ҳарбий объектлар ёки ҳарбий хизматчиларнинг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ бўлган чегара низолари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги вакиллари иштирокида ҳал этилади.

Чегара вакиллари ёки Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги вакиллари ҳал эта олмаган масалалар ва низолар дипломатик тартибда ҳал қилинади.



III БЎЛИМ. ЧЕГАРА ОЛДИ РЕЖИМИ

18-модда. Чегара олди режимини белгилаш

Чегара олди режими чегара олди зонасига кириш (ундан ўтиш), у ерда бўлиш (яшаш), ҳаракатланиш ҳамда ишлар бажариш тартибини белгиловчи қоидалар мажмуини ўз ичига олади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Чегара олди зонасида чегара олди режимига риоя этилиши устидан назорат қилиш чегара қўшинлари ва ички ишлар органлари зиммасига уларнинг ваколат доирасида юкланади.


19-модда. Чегара олди зонаси ва чегара олди минтақаси

Чегара олди зонаси ва чегара олди минтақаси Давлат чегараси режимини таъминлаш учун белгиланади.

Чегара олди зонаси - Давлат чегарасига туташ ҳудуднинг бир қисми бўлиб, унинг доирасида чегара олди режими жорий этилади.

Чегара олди зонаси Давлат чегарасига туташ туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ, овул ҳудуди доирасида белгиланади. Чегара олди зонаси таркибига бундай минтақа белгиланган жойдаги Ўзбекистон Республикасининг ички сувлари, чегарабўйи дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзалари сув қисми ҳамда шу сувларда жойлашган Ўзбекистон Республикаси ороллари ҳам киритилади.

Чегара олди минтақаси - чегара олди зонасининг Давлат чегараси чизиғига бевосита туташ қисмидир.

Чегара олди минтақаси бевосита Давлат чегараси бўйлаб, унинг қуруқлик участкаларида ёки чегарабўйи дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзалари қирғоғи бўйлаб ўтказилади.

Чегара олди минтақасида чегара қўшинлари томонидан кириш ва чиқиш (ўтиш), бўлиш (яшаш), шахслар ва транспорт воситалари ҳаракатланишига оид қўшимча режим қоидалари белгиланади.

Чегара олди зонаси ва чегара олди минтақасини белгилаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


20-модда. Шахсларнинг чегара олди зонасига ва

чегара олди минтақасига кириши ва чиқиши (ўтиши),

у ерда бўлиши (яшаши) ва ҳаракатланиши

Шахсларнинг чегара олди зонасига кириши, ундан чиқиши (ўтиши), у ерда бўлиши (яшаши), агар қонунчиликда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ички ишлар органларининг рухсатномаси асосида амалга оширилади.

Чегара олди минтақасига кириш ва ундан чиқиш (ўтиш), у ерда вақтинча бўлиш (яшаш), ҳаракатланиш ва ишлар бажариш чегара қўшинларининг рухсатномаси асосида амалга оширилади.


21-модда. Давлат чегараси олдидаги профилактик минтақа

Хавфли юқумли касалликлар тарқалиши таҳдидидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудини муҳофаза қилиш мақсадида чегара олди минтақаси доирасида профилактик минтақа белгиланиб, у ерда чорва молларни боқиш ва сақлаш ман этилади.

Профилактика минтақасининг кенглиги, уни тўсиб қўйиш тартиби ва у ердаги режим қонунчилик билан белгиланади.


22-модда. Чегара олди минтақасида хўжалик фаолияти

ва бошқа фаолият юритиш, оммавий ва бошқа

маданий тадбирларни ўтказиш

Чегара олди минтақасида ер, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, ер ости, сувлардан фойдаланган ҳолда хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятни юритиш, шунингдек оммавий ва бошқа маданий тадбирларни ўтказиш тартиби қонунчиликда белгилаб қўйилади.

Чегара олди минтақасида чегара қўшинлари томонидан хўжалик фаолияти ва бошқа фаолият юритиш, оммавий ва бошқа маданий тадбирлар ўтказиш бўйича қўшимча режим қоидалари белгиланиши мумкин.



23-модда. Ўзбекистон Республикаси кичик ҳажмли кемаларини

ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш

Ўзбекистон Республикасининг ички сувларида, чегара бўйи дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзалари сув қисмларида фойдаланиладиган кичик ҳажмли кемалар албатта ҳисобга олиниши ҳамда пристанларда, причалларда, бошқа туриш пунктларида сақланиши шарт. Ушбу кемаларнинг туриш пунктларидан чиқиши ва қайтиб келиши тартиби чегара қўшинлари томонидан белгиланади.



24-модда. Ўзбекистон Республикасининг ички сувларида,

чегара бўйи дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзаларининг

сув қисмларида овчилик, тадқиқот, қидирув фаолияти

ва бошқа фаолият юритиш

Ўзбекистон Республикасининг ички сувларида, чегара бўйи дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзаларининг сув қисмларида овчилик, тадқиқот, қидирув фаолияти ва бошқа фаолият юритиш чегара қўшинлари рухсатига биноан қонунчиликка ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.



IV БЎЛИМ. ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИ ОРҚАЛИ

ЎТКАЗИШ ПУНКТЛАРИДАГИ РЕЖИМ

25-модда. Давлат чегараси орқали ўтказиш

пунктларидаги режимни белгилаш

Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режим чегара, божхона назорати ва назоратнинг бошқа турларини амалга ошириш учун белгиланувчи ҳамда шахсларнинг, транспорт воситаларининг шу пунктларга кириши, у ерда бўлиши ва у ердан чиқиши, товарлар, бошқа мол-мулк ва ҳайвонлар олиб кирилиши, туриши ва олиб чиқилиши, ўтказиш пунктлари ҳудудида хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятни амалга ошириш тартибини белгиловчи қоидалар мажмуини ўз ичига олади.

Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режим Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Давлат чегарасида назоратни амалга оширувчи барча органлар хизмат фаолиятининг зарур шароитларини сақлаб туриш мақсадида белгиланади.


26-модда. Чет эл ноҳарбий кемалари ва ҳарбий кемаларининг

Ўзбекистон Республикаси ички сувларига, портларига

(рейдларга) кириши ҳамда у ерда бўлиши

Чет эл ноҳарбий кемалари ва ҳарбий кемаларининг Ўзбекистон Республикаси ички сувларига, портларига (рейдларга) кириши ҳамда у ерда бўлиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ белгиланади.


27-модда. Давлат чегараси орқали ўтказиш

пунктларидаги қўшимча режим қоидалари

Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида бевосита чегара, божхона назорати ва назоратнинг бошқа турлари амалга ошириладиган ҳамда қонунчиликда назарда тутилган қўшимча режим қоидалари жорий этиладиган ҳудудлар, бинолар белгиланади.


V БЎЛИМ. ДАВЛАТ БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ, МАҲАЛЛИЙ

ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ОРГАНЛАРИНИНГ ДАВЛАТ

ЧЕГАРАСИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ВА ҚЎРИҚЛАШ

СОҲАСИДАГИ ВАКОЛАТЛАРИ. ФУҚАРОЛАРНИНГ

ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ, КОРХОНАЛАР,

МУАССАСАЛАР, ТАШКИЛОТЛАР ВА ФУҚАРОЛАРНИНГ

ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ВА

ҚЎРИҚЛАШДАГИ ИШТИРОКИ

28-модда. Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш соҳасидаги кучлар ва воситаларни, ўтказиладиган тадбирларни молиялаш ва ресурслар билан таъминлашни амалга оширади;

Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш соҳасида норматив ҳужжатлар чиқаради;

вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, ижро ҳокимияти маҳаллий органларининг Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш соҳасидаги фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.


29-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат

хавфсизлик хизматининг Давлат чегарасини ҳимоя

қилиш ва қўриқлаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати:

Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш соҳасидаги давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

Давлат чегараси ҳимоя қилиниши ва қўриқланишини таъминлайди;

чегара қўшинларини бошқаришни амалга оширади;

давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб туради;

Давлат чегараси хавфсизлигига таҳдидлар тўғрисида белгиланган тартибда ахборот тақдим этади;

разведка, контрразведка ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширади;

белгиланган тартибда контрабандага қарши кураш чораларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш соҳасида бошқа давлатларнинг тегишли чегара идоралари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга оширади;

Давлат чегараси чизиғининг ўтишини белгилашда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлашга доир қисмини шакллантириш юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси муҳокамасига киритади;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.


30-модда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар

вазирлигининг Давлат чегарасини ҳимоя қилиш

ва қўриқлаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлашни ташқи сиёсий ва халқаро-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашни амалга оширади;

Давлат чегарасини ва унинг режимини белгилаш бўйича музокаралар олиб боради, зарур ҳужжатлар ва материаллар тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига кириши ва Ўзбекистон Республикасидан чиқиши ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни расмийлаштиради;

Давлат чегараси режимига риоя этиш масалаларини, чегара низоларини белгиланган тартибда ҳал этади;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.


32-модда. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа

вазирлигининг Давлат чегарасини ҳимоя қилиш

ва қўриқлаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги:

ҳаво бўшлигида Давлат чегараси ҳимоя қилиниши ва қўриқланишини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат чегарасини ҳимоя қилишда иштирок этишини таъминлайди;

ўз ваколатлари доирасида ҳаво бўшлигида юзага келган чегара низоларини ҳал этади;

Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш тадбирлари ресурс ва бошқа жиҳатдан таъминланишида чегара қўшинларига белгиланган тартибда кўмаклашади;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.


33-модда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар

вазирлигининг Давлат чегарасини ҳимоя қилиш

ва қўриқлаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлашга доир тадбирларни амалга оширишда чегара қўшинларига кўмаклашади;

чегара олди зонасида чегара олди режимига риоя этилиши устидан ҳамда Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларига туташ ҳудудларда ҳуқуқ-тартиботга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда ички ишлар органларининг иштирокини таъминлайди;

чегара олди ҳудудларида ҳуқуқ-тартиботнинг ҳолати тўғрисида чегара қўшинларига ахборот беради;

Давлат чегарасини ҳимоя қилишда ички қўшинлар қонунчиликда белгиланган тартибда иштирок этишини таъминлайди;

чегара қўшинларининг тақдимномасига биноан чегара олди қидирув ишлари ва операциялари ўтказилаётган пайтда, шунингдек ҳарбий хуружни қайтариш ёки Давлат чегараси орқали ноқонуний оммавий ўтишларнинг олдини олиш чогида Давлат чегарасига яқин айрим участкалар ёки объектларга фуқароларнинг ўтишини вақтинча чеклаш ёки ман этишни таъминлайди;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.


34-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона

қўмитасининг Давлат чегарасини ҳимоя қилиш

ва қўриқлаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси:

Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлашда чегара қўшинларига кўмаклашади;

Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режимга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда божхона органлари иштирокини таъминлайди;

шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк ва ҳайвонларнинг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида божхона назоратидан ўтиши ва расмийлаштирилишини ташкил этади;

контрабандага ва божхона тўғрисидаги қонунчиликнинг бошқа тарзда бузилишига қарши курашга доир чоралар ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари ташкил этишга доир таклифларни киритади;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.


35-модда. Давлат чегарасида назоратни амалга

оширувчи бошқа давлат бошқаруви

органларининг ваколатлари

Давлат чегарасида санитария-карантин текшируви, ветеринария, фитосанитария назоратини ҳамда назоратнинг бошқа турларини амалга оширувчи давлат бошқаруви органлари:

шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк ва ҳайвонлар Давлат чегараси орқали ўтказилишида ўз ваколатлари доирасида иштирок этадилар;

зарур ҳолларда Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида ўз хизматларини тузадилар ва улар ишини ташкил қиладилар;

Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлашда чегара қўшинларига ўз ваколатлари доирасида кўмаклашадилар;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширадилар.

36-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш

соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

Давлат чегарасини қўриқлаш учун қонунчиликка мувофиқ шароит яратиб берадилар;

Давлат чегараси эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда ер участкалари берадилар, улардан фойдаланиш устидан назоратни амалга оширадилар;

Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлашда фуқаролар ихтиёрий асосда иштирок этишларига кўмаклашадилар;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширадилар.


37-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари,

корхона, муассаса ва ташкилотларнинг Давлат

чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлашдаги иштироки

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар:

чегара қўшинларига, Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшинларига, шунингдек Давлат чегарасида назоратни амалга оширувчи давлат бошқарув органларига кўмаклашадилар, уларга зарур ахборот тақдим этадилар;

Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлашда фуқаролар ихтиёрий асосда иштирок этишлари учун шароит яратадилар.


38-модда. Фуқароларнинг Давлат чегарасини

ҳимоя қилиш ва қўриқлашдаги иштироки

Фуқаролар чегара қўшинларига кўмаклашувчи отрядлар таркибида ва бошқа шаклларда чегара олди ҳудуди доирасида Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлашда ихтиёрий асосда иштирок этадилар.

Фуқароларнинг Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлашда иштирок этиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


VI БЎЛИМ. ЧЕГАРА ҚЎШИНЛАРИ ВА ҲАВО

ҲУЖУМИГА ҚАРШИ МУДОФАА ҚЎШИНЛАРИНИНГ

ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

ВА ҚЎРИҚЛАШГА ОИД ВАКОЛАТЛАРИ

39-модда. Чегара қўшинларининг ҳуқуқлари

Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш чогида чегара қўшинлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

белгиланган тартибда ўзларига берилган ер участкаларида зарур муҳандислик-техника иншоотлари қуриш, алоқа линиялари ва коммуникациялар қурилишини амалга ошириш, техника ва қурол-яроғларни жойлаштириш ҳамда улардан фойдаланиш;

жойларнинг ҳар қандай участкаларида чегара нарядларини жойлаштириш ҳамда ҳаракат қилиш, транспорт воситаларини чегара нарядлари билан кузатиб бориш, транспорт воситаларини белгиланган тартибда куздан кечириш;

қўшинга оид, разведка, контрразведка, тезкор-қидирув фаолиятни ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа фаолиятни амалга ошириш;

Давлат чегараси режимини, чегара олди режимини ёки Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режимни бузган шахсларни қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий тартибда ушлаш;

маъмурий тартибда ушланган, шунингдек жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушланган шахсларни махсус жиҳозланган жойларда қонунчиликда белгиланган тартибда сақлаш;

чегара қўшинлари бўлинмаларига шахсларни таклиф этиш ва уларга маълум бўлган Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ёки Давлат чегараси режимини, чегара олди режимини ёки Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режимни бошқа тарзда бузиш ҳолатлари тўғрисида улардан тушунтиришлар олиш. Зарур ҳолларда юқорида кўрсатиб ўтилган қоидабузарлик ҳолатлари тўғрисидаги тушунтиришлар бошқа жойларда ҳам олиниши мумкин;

Давлат чегараси орқали ўтаётган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига кириш ёки ундан чиқиш ҳуқуқи тўғрисидаги ҳужжатларини текшириш, уларга тегишли белгилар қўйиш, зарурат бўлганда бу ҳужжатларни белгиланган тартибда олиб қўйиш, Ўзбекистон Республикасига кириш ёки ундан чиқиш ҳуқуқини берувчи ҳақиқий ҳужжатлари бўлмаган шахсларни улар ҳужжатларини лозим даражада расмийлаштиргунга ёки чет элда бўлган чогида ҳужжатларини йўқотганлик ҳолатлари аниқлангунга ёки уларнинг шахси аниқлангунга қадар Давлат чегараси орқали ўтказмаслик, шунингдек Ўзбекистон Республикасидан чиқиши учун вақтинчалик чеклаш белгиланган шахсларни Давлат чегараси орқали ўтказмаслик;

манфаатдор органлар ва транспорт ташкилотлари билан ҳамкорликда Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида транспорт воситалари тўхташ (тўхтаб туриш) жойлари ва муддатларини белгилаш;

чегара олди қидирувлари ва операциялари ўтказилаётган вақтда одамларнинг соғлиғи ва ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида жойларнинг айрим участкаларида шахслар ва транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш ёки ман этиш, зарур ҳолларда фуқароларни бундай ерларга киритмаслик, улардан ўша жойда туришни ёки бу участкалардан чиқиб кетишни талаб қилиш;

Давлат чегараси учун таҳдид тугилган пайтда унинг айрим участкаларида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, манфаатдор корхона, муассаса, ташкилотларни огоҳлантирган ҳолда ҳар хил ишлар олиб боришни вақтинча чеклаб қўйиш, мудофаа аҳамиятига молик ишлар ёки табиий офат ёхуд ўта хавфли юқумли касалликларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш билан боғлиқ ишлар бундан мустасно;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бостириб киришни даф этиш, чегара олди қидирувларини ўтказиш, ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни ушлаб келиш чогида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг ва, алоҳида ҳолларда, фуқароларнинг алоқа, транспорт воситаларидан фойдаланиб қилинган харажатлар ва етказилган зарарни эгаларига белгиланган тартибда қоплаш. Ушбу ҳуқуқ дипломатик, консуллик, чет эл давлатларининг бошқа ваколатхоналарига ва халқаро ташкилотларга тегишли алоқа ва транспорт воситаларига татбиқ этилмайди.

Чегара қўшинлари қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эгадирлар.


40-модда. Чегара қўшинларининг мажбуриятлари

Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш чогида чегара қўшинлари қуйидагиларга мажбур:

Давлат чегараси чизиғининг жойларда ҳуқуқда хилоф тарзда ўзгартирилишига йўл қўймасликка;

Давлат чегарасида ҳарбий ва бошқа фитналарнинг олдини олишга;

Давлат чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтилишига йўл қўймаслик, Давлат чегарасини бузувчиларни аниқлаш ва ушлашга;

Давлат чегараси режимига, чегара олди режимига ва Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режимга риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширишга;

шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк ва ҳайвонларнинг Давлат чегараси орқали белгиланган тартибда ўтказилишини амалга оширишга;

Давлат чегараси орқали олиб ўтилаётган контрабанда нарсаларини ҳамда бошқа ноқонуний равишда олиб ўтилаётган товарлар. бошқа мол-мулк ва ҳайвонларни, шунингдек транспорт воситаларини аниқлаш ва белгиланган тартибда ушлаб қолишга;

Давлат чегараси режимини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга.

Чегара қўшинлари қонунчиликда назарда тутилган бошқа мажбуриятларга ҳам эга.


41-модда. Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшинларининг

ҳаво бўшлигида Давлат чегарасини ҳимоя қилиш

ва қўриқлаш бўйича ҳуқуқлари

Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшинлари ҳаво бўшлигида Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш пайтида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўташ таҳдиди пайдо бўлган ёки ноқонуний кесиб ўтилган пайтда Ўзбекистон Республикаси ҳаво бўшлигидаги ҳаво кемалари за бошқа учиш аппаратларини аниқлаш учун ўзларида мавжуд воситалардан фойдаланиш;

вазиятни аниқлаш ҳамда ҳаво бўшлигида Давлат чегараси ноқонуний кесиб ўтилишининг олдини олиш ёки бартараф этиш чорасини кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари бошқа турлари, давлат органлари кучлари ва воситаларини белгиланган тартибда жалб этиш;

Давлат чегарасини ҳаво бўшлигида ноқонуний кесиб ўтиш таҳдиди пайдо бўлган ёки ноқонуний кесиб ўтилганда ёхуд парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳаво бўшлигининг айрим районларида ҳаво кемалари ва бошқа учиш аппаратлари парвозини ман этиш ёки чеклаш;

Ўзбекистон Республикаси ҳаво бўшлигида Давлат чегараси ноқонуний кесиб ўтилиши ҳолатларини аниқлашда иштирок этиш.


42-модда. Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшинларининг

ҳаво бўшлигида Давлат чегарасини ҳимоя қилиш

ва қўриқлаш бўйича мажбуриятлари

Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшинлари Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш пайтида қуйидагиларга мажбурдирлар:

ҳаво кемалари ва бошқа учиш аппаратлари Давлат чегарасини кесиб ўтиш қоидаларига риоя этиши устидан назорат қилишга;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган ёки ҳаво бўшлигидан фойдаланиш тартибини бузган ҳаво кемалари ва бошқа учиш аппаратларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида парвозини белгиланган тартибда тўхтатишга;

форс-мажор вазияти ҳолларида ҳаво кемалари ва бошқа учиш аппаратларига ёрдам кўрсатишга.


43-модда. Қурол ва ҳарбий техникани қўллаш

Чегара қўшинлари, Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшинлари Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш пайтида қуйидаги мақсадларда қурол ва ҳарбий техникани қўллайдилар:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қуролли бостириб киришни даф этиш;

Давлат чегарасидаги ҳарбий фитналарнинг олдини олиш;

транспорт воситаларини йўловчиларсиз чет элга олиб қочишга уриниш ҳолларининг олдини олиш.

Қурол ва ҳарбий техника Давлат чегарасини бузувчилар куч ишлатган ҳолларда уларга қарши жавоб сифатида ёки қоидабузарликнинг олдини олиш ёхуд қоидабузарларни бошқа воситалар билан ушлашнинг иложи бўлмаган ҳолларда ҳам қўлланилади.

Зарур ҳолларда Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари бошқа қўшинларининг қурол ва ҳарбий техникаси қўлланилиши мумкин.

Қурол ва ҳарбий техникани қўллаш тартиби қонунчилик билан белгиланади.


44-модда. Махсус воситаларни қўллаш

Давлат чегарасида ҳуқуққа хилоф хатти-ҳаракатларни бартараф этиш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда махсус воситалар қўлланилишига йўл қўйилади.



VII БЎЛИМ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

45-модда. Давлат чегараси тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Давлат чегараси тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


46-модда. Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлашда

иштирок этувчи давлат органлари ва мансабдор

шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари)

устидан шикоят қилиш

Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлашда иштирок этаётган давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан бевосита судга ёки тобелик бўйича юқори турувчи давлат органи ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиниши мумкин.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, 9-сон, 217-модда








































Время: 0.2172
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск