ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Шаҳарсозлик ва архитектура /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.03.2018 й. ПФ-5386-сон "Обод қишлоқ" дастури тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

29.03.2018 й.

N ПФ-5386




"ОБОД ҚИШЛОҚ" ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА*



Мамлакатимизнинг бой ва қадимий тарихидан маълумки, аждодларимиз томонидан маҳаллаларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш энг бебаҳо қадрият ва анъаналардан ҳисобланади. Мазкур қадриятларимизни изчил давом эттирган ҳолда кенг кўламли бунёдкорлик ишларини барча ҳудудларда амалга ошириш орқали қишлоқ аҳолиси учун муносиб шароитлар яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтириш, энг асосийси, ёшларни хайрли ишларга даъват этиш алоҳида аҳамият касб этади.

Ҳар ким ўзи яшайдиган уй, маҳалла ва қишлоқни ободонлаштиришда ҳиссасини қўшса, юртимиз обод бўлади, обод юртда яшайдиган одамлар кайфияти яхши бўлиши таъминланади.

Шу билан биргаликда, мамлакатимиз аҳолисининг 49 фоизи яшайдиган қишлоқ жойларда салмоқли демографик, меҳнат ва иқтисодий салоҳият жамланишига қарамасдан, улар учун зарурий шароитлар яратиб берилмаган, турмуш даражаси ва сифатини оширишга етарлича эътибор қаратилмаган. Жумладан, сўнгги йилларда пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ҳиссаси юқори бўлган деҳқон-фермерларнинг ва бошқа тоифадаги аҳолининг ҳаётий-маиший эхтиёжлари тўлиқ таъминланмаган.

Бундай ҳолат қишлоқ аҳоли пунктларини тубдан қайта янгиламасдан ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантирмасдан, мамлакатимизни замонавий ривожланган давлатга айлантиришга тўсиқ бўлмоқда. Хусусан, ҳудудларга ташрифлар жараёнида жойлардаги ҳақиқий аҳвол билан танишиш, бевосита маҳалла ва хонадонларга кириб бориш ҳамда аҳоли билан мулоқот натижалари қуйидаги тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Биринчидан, маҳаллий ҳокимликлар, "Давархитектқурилиш" қўмитасининг ҳудудий органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига амал қилмаган ҳолда, бино-иншоотлар ва уй-жойларни тартибсиз ва ўзбошимчалик билан қуриш ҳолатларига чек қўйилмаяпти. Қурилиш ишларининг қишлоқ ва маҳалла даражасида комплекс ёндашувлар асосида олиб борилмаслиги оқибатида қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфаси эскича кўринишда қолмоқда.

Иккинчидан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, "Ўзбекэнерго" АЖ ва "Ўзтрансгаз" АЖнинг қуйи тизим корхоналари томонидан қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик суви, газ ва электр тармоқлари, трансформатор пунктларини эксплуатация қилиш қониқарсиз аҳволда олиб борилиши оқибатида зарур инфратузилмалар эскирган ва яроқсиз аҳволга келиб қолган.

Учинчидан, шаҳарсозлик меъёр ва қоидалари ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларига мослаштирилмаганлиги оқибатида қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини яхшилаш, хусусан, мазкур ҳудудларда автомобиль йўллари ва йўл бўйи инфратузилмаси барпо этиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва ирригация тизимларини барпо этиш тартибсиз равишда олиб борилмоқда.

Тўртинчидан, маҳаллий бюджетлар ва тармоқ ташкилотлари томонидан қишлоқ аҳоли пунктларида бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини комплекс тарзда амалга ошириш учун молиялаштириш тизими йўлга қўйилмаган.

Бешинчидан, энг ачинарлиси шуки, аҳолининг айрим қисмлари шу аҳволга кўниккан, боқимандалик кайфиятига берилиб кетганлиги оқибатида ўзининг уй-жойлари, ҳовлиси ва томорқасини сақлашга эътибор қаратмай қўйган. Халқимизнинг "қуш инида кўрганини қилади" деган нақлини эсдан чиқариб, ўз остонасини осойишта ва саранжом қилмаслик фарзандларимиз ва невараларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Олтинчидан, ободонлаштириш ишларига фаоллар, кенг жамоатчилик ва фуқароларни жалб қилишга етарлича эътибор қаратилмаяпти ва аниқ бир тизимли самарали ишлар олиб борилмаяпти. Айниқса, мазкур ишлар сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмиталари ва Ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўғинлари эътиборидан четда қолган ва бу борада қатъий ташаббускорлик ва мувофиқлаштириш етишмайди.

Еттинчидан, ҳудудларда анъанавий бўлиб қолган ҳашарларни фақатгина "хўжа кўрсин" учун байрам кунларига яқин саналарда юзаки ўтказиш одат тусига айланиб қолган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш ва дунёқарашини кенгайтириш мақсадида:


1. Белгилаб қўйилсинки, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳарида, авваламбор, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда 2018 йилда 2 тадан ва келгуси йилларда 3 тадан қишлоқ (маҳалла)да аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга, мазкур қишлоқ (маҳалла)ларнинг қиёфасини замонавийлаштиришга ва унда истиқомат қилувчилар учун иш ўринларини яратишга қаратилган "Обод қишлоқ" дастури (кейинги ўринларда дастур деб аталади) амалга оширилади.


2. Қуйидагилар дастурнинг устувор мақсадлари ва харажатларнинг асосий манбалари этиб белгилансин:

биринчидан, республика бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига аҳолини ишончли тарзда ичимлик суви билан таъминлаш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, қишлоқларни туман маркази билан боғлайдиган йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, лизинг асосида қишлоқ ва туман маркази орасида автобус қатновини йўлга қўйиш;

иккинчидан, маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва таъмирлаш, йўл бўйларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, санитария иншоотлари ва ирригация тизимларини барпо этиш, транспорт тўхташ бекатларини қуриш;

учинчидан, халқаро молия институтларининг кредитлари ҳамда корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобига электр таъминотини яхшилаш, алоқа тизимини модернизация қилиш, аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир ёқилғисини узлуксиз етказиб бериш;

тўртинчидан, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган хизматларни тубдан яхшилашга эътибор қаратиш, бунда боғча, мактаб ва оилавий поликлиникаларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳамда тегишли харажатларнинг ярмини республика бюджети ва мақсадли жамғармалар ҳамда қолган қисмини маҳаллий бюджет ва маҳаллий ҳомийлар ҳисобидан молиялаштириш;

бешинчидан, бозор инфратузилмаси объектларини ва сервис шохобчаларини, жумладан, ҳаммом ва кичик бозор шохобчаларини тадбиркорларнинг ўз маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари ва халқаро молия институтларининг кредитлари ҳисобидан барпо этиш;

олтинчидан, уй-жойларни таъмирлашда хонадон эгаларига амалий ёрдам кўрсатиш, авваламбор, қурилиш материаллари билан марказлашган ҳолда таъминлаш, бу жараёнда кенг миқёсда ҳашар усулларини қўллаш ҳисобига ҳовли ва атроф ҳудудларни ободонлаштириш, ариқларни тозалаш, оқова сув хандакларини барпо этиш ҳамда муҳтож оилалар учун ҳомийлар ва иш берувчи корхоналар маблағлари ҳисобидан уй қуриб бериш (таъмирлаш) ва бошқалар.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида "Обод қишлоқ" жамғармалари тузилсин.

Иқтисодиёт вазирлиги Инвестиция бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги билан биргаликда ўн кун муддатда "Обод қишлоқ" жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини тайёрлаб, тасдиқлаш учун киритсин.

Қуйидагилар "Обод қишлоқ" дастурида белгиланган тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

республика бюджети ва мақсадли жамғармалар маблағлари;

маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча маблағлари;

тармоқ корхоналарининг маблағлари;

халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг грант маблағлари;

"Маҳалла" жамғармасининг ва бошқа ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари;

ташаббускор тадбиркорлар маблағлари;

ҳашарлар ва хайрия тадбирларини ўтказиш ҳисобидан тушадиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг ҳар йиллик Давлат бюджети, шу жумладан, маҳаллий бюджетлар параметрларини тасдиқлашда "Обод қишлоқ" дастурини амалга ошириш учун зарур миқдорда маблағлар ажратилишини назарда тутсин.

Бунда, дастур доирасида "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ, "Ўзбектелеком" АК, Республика йўл жамғармаси, Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг, ташкилот ва корхоналар ўз маблағларининг тегишли мақсадлар учун тўғридан-тўғри молиялаштирилиши белгилаб қўйилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда мазкур Фармон билан "Обод қишлоқ" дастурининг белгилаб берилган асосий йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, барча ташкилий чора-тадбирлар изчиллиги, лойиҳаларни молиялаштириш манбалари, моддий ресурслар таъминоти билан узвий ва чамбарчас боғланган 2018 йил учун чора-тадбирлар режасини ўн кун муддатда ишлаб чиқиб, ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини тасдиқлаш учун киритсин.

"Обод қишлоқ" дастури доирасида марказлашган манбалар ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бажариладиган ишлар бўйича буюртмачи этиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компаниялари белгилансин.

Барча объектлар бўйича бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотларни энг мақбул таклифлар танлови орқали аниқлашга рухсат берилсин.

Мазкур танловларни ташкил этиш, жараёнларни назорат қилиш ва уларнинг самарадорлигини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик "Давархитектқурилиш" қўмитаси раиси Б. Закиров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юклансин.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари ва сектор раҳбарлари дастурни амалга ошириш доирасида қамраб олинадиган жорий ва келгуси даврларга мўлжалланган қишлоқ ва маҳаллаларнинг манзилли рўйхатларини Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун қуйидаги қатъий шартлар асосида шакллантиришни таъминласинлар:

ҳар бир қишлоқ кесимида туман (шаҳар) ҳудудий ташкилотлари билан биргаликда мўлжалланаётган кенг кўламли ишларни ташкил этиш ва бошқариш юзасидан тезкор махсус штабларни жорий этиш, шу жумладан, ишларни ҳашар ва хўжалик усулида бажаришни таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш, молиялаштириладиган қисми бўйича мавжуд барча имкониятларни жалб этиш, шу жумладан, солиқ йиғувчанлигини ошириш ва қўшимча аниқланадиган манбалардан маҳаллий бюджет даромадини ошириш;

архитектура, санитария ва техник талаблар асосида шахсий мулк эгалари ўз уй-жойини сақлаш, мавжуд томорқалардан унумли фойдаланиш, ер ва мол-мулк солиқларини ҳамда кўрсатилган коммунал хизматлар учун ҳисоб-китоб қилиш ва қарздорликка йўл қўймаслик, ҳашарларда фуқароларнинг бевосита шахсий иштирокини акс эттирувчи жамоа шартномаларини тузиш.


6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, "Давергеодезкадастр" қўмитаси ва "Давархитектқурилиш" қўмитаси ҳузуридаги Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси уй-жой, бино-иншоотлар ва томорқа хўжаликлари мулкдорлари томонидан амалдаги талаб ва қоидалар бузилиши ва уларга риоя этмаслик ҳолатларига йўл қўйилган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий кодексига мувофиқ тегишли чоралар кўрсинлар.


7. Белгилаб қўйилсинки, "Обод қишлоқ" дастурига киритилган объектларни сифатли ва арзон қурилиш материаллари билан таъминлаш мақсадида металл прокати, цемент, норуда материаллари, ғишт, темир-бетон маҳсулотлари, эшик, дераза ромлари, лок-бўёқ, шифер ва шу каби бошқа асосий турдаги маҳаллий қурилиш материалларини ишлаб чиқариш учун корхоналарга газ ва электр энергияси 2018 йил 1 майдан бошлаб "Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ўзбекэнерго" АЖ томонидан аҳоли учун белгиланган нархларда етказиб берилади.


8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, "Ўзметкомбинат" АЖ, "Ўзқурилишматериаллари" АЖ, бошқа тегишли вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда цемент, металл прокати, ғишт, темир-бетон буюмлари, эшик, дераза ромлари, лок-бўёқ маҳсулотлари каби асосий турдаги маҳаллий қурилиш материаллари ва жиҳозларини етказиб бериш учун фирма дўконлари тармоқларини ташкил этиш чораларини кўрсинлар.


9. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, тегишли лойиҳа институтлари билан биргаликда:

"Обод қишлоқ" дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларининг бош режаларини батафсил режалаштириш лойиҳалари билан биргаликда олдиндан ишлаб чиқишни;

2019 йил 1 январга қадар қишлоқ аҳоли пунктлари меъморий қиёфасини яхшилаш тизимини такомиллаштириш мақсадида шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига ўзгартиришлар киритиш, зарур ҳолларда янги стандарт ва мезонларни ишлаб чиқишни;

ҳар бир объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилиши ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назорати ўрнатилишини таъминласин.

Белгилаб қўйилсинки, "Обод қишлоқ" дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктлари бош режаси ва батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


10. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Миллий ахборот агентлиги, Матбуот ва ахборот агентлигига барча турдаги оммавий ахборот воситалари билан биргаликда "Обод қишлоқ" дастури доирасида қишлоқ аҳоли пунктларида, айниқса, чекка ва олис ҳудудларда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишларини батафсил ёритиб бориш ва кенг халқ оммаси орасида тарғиб қилиш тавсия этилсин.


11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.А. Худайбергенов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                          Ш. Мирзиёев



"Халқ сўзи", 2018 йил 30 март


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 30 март


































Время: 0.1897
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск