ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Қурилиш ва архитектура соҳасидаги бошқарув ва назорат /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.04.2018 й. ПФ-5392-сон "Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

02.04.2018 й.

N ПФ-5392



Ҳужжатнинг рус тилидаги

матнига қаранг



ҚУРИЛИШ СОҲАСИДА ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ

ТИЗИМИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Архитектура ва қурилиш соҳасини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш ҳудудларнинг замонавий қиёфасини шакллантириш, ҳаёт ва тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган шаҳарсозлик фаолиятини сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Шу билан бирга, таҳлиллар қурилиш соҳасида давлат бошқарувини ташкил этишда замонавий шаҳарсозлик услублари, нормалари ва қоидаларини кенг жорий қилишга, рақобатни ривожлантиришга, янги субъектларнинг инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар билан бозорга кириб келишига тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммоларни очиб берди. Хусусан:

биринчидан, шаҳарсозлик фаолияти, лойиҳа ва пудрат хизматлари бозори, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг ҳолати ҳамда ривожланиш тенденциялари комплекс таҳлил қилинмаган, оқибатда ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантиришнинг ўрта муддатли ва истиқболли йўналишлари белгиланмаган;

иккинчидан, архитектура ва қурилиш органларининг ташкилий-штат тузилмаси қурилиш ва реконструкция жараёнларини тўлиқ кузатиб боришни таъминлаш, шунингдек, қурилиш-монтаж ишлари сифатини самарали назорат қилиш учун мавжуд ресурсларни сафарбар этишга имкон бермаяпти;

учинчидан, архитектура ва қурилиш органлари функцияларининг тарқоқлиги ҳамда улар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражасининг пастлиги шаҳарсозлик соҳасида давлат хизматларини кўрсатишнинг максимал шаффофлиги ва самарадорлигини таъминламаяпти;

тўртинчидан, кўпчилик аҳоли пунктларининг бош режалари мавжуд эмаслиги ҳудудларни комплекс қуришга, ишлаб чиқариш ва инфратузилма объектларини жойлаштиришга, тадбиркорлик ва ишбилармонлик фаоллигини ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатмоқда, шунингдек, қурилиш жараёнида пухта ўйланмаган қарорларни қабул қилишга сабаб бўлмоқда;

бешинчидан, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар анча эскирган ҳамда уларда архитектура-қурилиш ишларини олиб боришнинг инновацион услубларини, энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни кенг қўллаш эътиборга олинмаган, бу эса лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва объектларни қуриш сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда;

олтинчидан, қурилиш ишларини ташкил этиш, инновацион ғоялар ва ишланмаларни жорий қилишда айрим ҳолларда тор идоравий манфаатнинг устунлик қилиши бюджет маблағларидан оқилона фойдаланмасликнинг сабабларидан бири ҳисобланади;

еттинчидан, қурилиш соҳаси ва қурилиш материаллари саноатида истиқболли инвестицион лойиҳаларни, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни илгари суриш ва амалга оширишда, шунингдек, инновацион маҳсулотларни жорий этиш учун инфратузилмани такомиллаштиришда давлат-хусусий шериклигидан фойдаланишга етарлича эътибор берилмаяпти;

саккизинчидан, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг амалдаги тизими архитектура-қурилиш соҳасини жадал ривожлантириш вазифаларини самарали рўёбга чиқаришга имкон бермаяпти, кадрларни моддий рағбатлантириш даражасининг пастлиги эса малакали мутахассисларнинг тизимдан кетиб қолишига олиб келмоқда.

Архитектура-қурилиш соҳасини бошқаришнинг шаҳарсозлик фаолиятига инновацион ғоялар, ишланмалар ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш имконини берувчи замонавий тизимни яратиш, кўрсатилаётган хизматларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига мувофиқ:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб юритилади);

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳузуридаги Ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳамда Таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси базасида Вазирлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилсин.


2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси Вазирлик ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда - Инспекция);

Қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти этиб қайта ташкил қилинсин.

3. Қуйидагилар:

қурилиш соҳасида тегишли фаолият турларини лицензиялаш функциясини Вазирликка ўтказган ҳолда Қурилиш соҳасида ислоҳотларнинг амалга оширилиши мониторинги ва фаолиятни лицензиялаш бўйича Республика комиссияси;

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳузуридаги Шаҳарсозлик фаолиятини ахборот билан таъминлаш маркази;

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳузуридаги Капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотлар ва нархларни шакллантириш маркази тугатилсин.

4. Қуйидагилар Вазирликнинг архитектура ва қурилиш соҳасидаги асосий вазифалари этиб белгилансин:

шаҳарсозлик ва қурилиш учун муҳандислик-техник изланишлар соҳасида ягона илмий-техникавий сиёсатни олиб бориш, меҳнат унумдорлигини ошириш, қурилиш-монтаж ишлари қийматини камайтириш, ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган энергия самарадор ва энергия тежайдиган инновацион лойиҳа ва қарорларни қурилиш фаолиятига жорий этиш;

республика ҳудудида аҳолини жойлаштиришнинг бош схемасини, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини режалаштириш схемаларини, аҳоли пунктларининг бош режаларини ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни ташкил қилиш, уларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг юритиш, шунингдек, аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларига шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан риоя этилиши устидан давлат архитектура назоратини амалга ошириш;

шаҳарсозлик соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш, архитектура-қурилиш фаолиятини ривожлантиришнинг узоқ муддатли ва ўрта муддатли давлат дастурларини ишлаб чиқиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг тармоқ ва ҳудудий дастурларини тайёрлашда иштирок этиш;

лойиҳа иши ва қурилиш фаолиятини мувофиқлаштириш, лойиҳа-қидирув ташкилотларининг иш самарадорлигини ошириш ва ҳудудий тармоқларини кенгайтириш, якка тартибдаги, намунавий, такроран қўлланиладиган ва экспериментал лойиҳаларни ва лойиҳа ечимларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш;

шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш ва янгилаш, идоравий қурилиш норма ва қоидаларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш, лойиҳалаш, қурилиш, қурилиш материаллари ва буюмларини ишлаб чиқариш соҳасида стандартлаштириш ишларини амалга ошириш;

архитектура, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқув жараёнининг даражаси ва сифатини тубдан яхшилаш, қурилиш соҳасида, жумладан, чет элдаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаларида лойиҳачилар ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қурилаётган бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўриш, сейсмик хавфсизликнинг таъминланишини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш ҳамда назорат қилиш.

5. Белгилаб қўйилсинки, Вазирлик:

Ўзбекистон Республикасида архитектура, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан молиялаштирилади.


6. Қуйидагилар Инспекциянинг қурилиш соҳасидаги асосий вазифалари этиб белгилансин:

қурилиш объектларида (икки қаватдан юқори бўлмаган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар бундан мустасно) қурилиш-монтаж ишларини бажариш ва қурилиш материалларидан фойдаланишда юридик ва жисмоний шахслар томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка, шаҳарсозлик норма, қоида ва стандартларига сўзсиз риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

буюртмачи техник назорат ва лойиҳа ташкилотлари муаллифлик назорати олиб бориши устидан мониторинг ўтказиш.


7. Қурилиш-монтаж ташкилотлари реестрини юритиш тўғрисидаги талаб бекор қилинсин.

Барча тадбиркорлик субъектларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасидан молиялаштириладиган объектлар қурилиши доирасида товар (иш, хизмат)ларни харид қилиш бўйича танлов (тендер) савдоларида белгиланган тартибда иштирок этиш ҳуқуқи берилсин.


7-1. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари бўйича шаҳарлар, шаҳарчалар ва қишлоқ аҳоли пунктларини пухта режалаштиришнинг бош режаларини ва лойиҳаларини ўз ичига оладиган шаҳарсозлик ҳужжатларининг архив материаллари давлат мулки ҳисобланади ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорисиз учинчи юридик ва жисмоний шахсларга берилмайди, шунингдек, сотилмайди.

8. Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда қурилиш соҳасида айрим фаолият турларини лицензиялашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи соддалаштирилган механизмини тасдиқласин:

лицензия шартномасини имзолаш заруратини бекор қилган ҳолда, аниқ ва тўлиқ лицензия талаблари ва шартларини;

лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини текширишнинг самарали механизмини;

моддий жавобгарлик ҳамда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишни.

Вазирлик 2018 йилнинг охирига қадар 1-иловада назарда тутилган илгари берилган лицензияларнинг ушбу Фармон билан белгиланган лицензиялашнинг янги механизмини ҳисобга олган ҳолда қайта расмийлаштирилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги 2018 йил 1 июлга қадар муддатда аккредитация механизмини жорий этиш орқали, жумладан, аккредитация органининг мустақиллигини таъминлаш, субъектларнинг малака талабларига мувофиқлигини баҳолаш тартибини белгилашни назарда тутган ҳолда, қурилиш соҳасида техник назоратга оид давлатнинг айрим функцияларини хусусий секторга ўтказиш бўйича таклиф киритсин.


10. Қурилиш фаолиятини такомиллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари Чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


11. Вазирлик Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М. Содиқов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б. Муродов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                        Ш. Мирзиёев





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 2 апрелдаги

ПФ-5392-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Қурилиш фаолиятини такомиллаштириш бўйича

биринчи навбатдаги чора-тадбирлар

ДАСТУРИ


Т/р

Тадбир номи

Амалга

ошириш шакли

Бажариш

муддати

Ижро учун

масъуллар

I. ҚУРИЛИШ СОҲАСИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

БЎЙИЧА ТАШКИЛИЙ-ҲУҚУҚИЙ МАСАЛАЛАР


1.

Вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг вазифа ва функцияларини танқидий ўрганиш ва қайта кўриб чиқиш орқали қурилиш соҳасидаги фаолиятда такрорланишларни истисно этиш мақсадида уларнинг ташкилий-штат тузилмаси ва ваколатларини оптималлаштириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2018 йил

1 июнгача

Қурилиш вазирлиги, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

2.

Қурилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун шахсларнинг, жумладан мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлигини кучайтириш.

Қонун

2018 йил

15 июнгача

Адлия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Бош прокуратура,

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

3.

Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини бериш тартиботларини тубдан такомиллаштириш, унификация қилиш ва шаффофлигини ошириш, шунингдек, қурилиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш, жумладан қуйидагиларни назарда тутиш:

тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини бериш бўйича электрон савдоларни ташкил этиш юзасидан махсус портални ишлаб чиқиш, унинг ишлаши ва доимий янгиланиб боришини таъминлашни;

ваколатли давлат органларида жисмоний ва юридик шахсларга ер участкаларини бериш бўйича материалларни фақат электрон шаклда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда кўриб чиқиш ва келишишни;

ҳокимларнинг жисмоний ва юридик шахсларга ер участкаларини бериш тўғрисидаги қарорларини улар қабул қилингандан кейин бир кун мобайнида махсус порталда мажбурий эълон қилишни;

қурилиш соҳасидаги унинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган барча рухсат берувчи тартиб-таомилларни қайта кўриб чиқиш ва бекор қилишни.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2018 йил

1 июлгача

"Ергеодезкадастр"

давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

4.

Манфаатдор шахсларга Интернет тармоғи орқали ер ости муҳандислик-коммуникация тармоқлари тўғрисидаги ахборот ва материаллар, топографик хариталар, ҳудудларнинг тасдиқланган бош режаларидан эркин фойдаланиш имкониятини ҳамда уларнинг шаффофлигини таъминлаш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2018 йил

15 июлгача

Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

II. ҚУРИЛИШ СОҲАСИДА ТЕХНИК ЖИҲАТДАН

ТАРТИБГА СОЛИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

5.

Қурилиш хавфсизлигига талабларни шакллантириш, шаҳарсозлик шартлари ва чекловларини эълон қилиш, шунингдек, қурилиш соҳаси иштирокчиларига малака талабларининг янги тартибини жорий этиш, жумладан қуйидагиларни назарда тутиш:

муҳандислик-коммуникация тармоқларининг (газ, электр, иссиқлик, сув таъминоти ва канализация, телекоммуникация ва бошқалар) жорий ҳолати, техник тавсифлари, режалаштирилаётган тадбирлар тўғрисидаги ахборотлардан эркин фойдаланишни таъминлашни;

туман (шаҳар)ларни режалаштиришнинг умумий макон схемалари/режаларини ишлаб чиқиш бўйича хизматларни марказлаштирилган тарзда сотиб олишни жорий этиш, шунингдек, Интернет тармоғида эълон қилиш орқали улардан эркин фойдаланишни таъминлашни;

халқаро миқёсда тан олинган қурилиш хавфсизлиги норма ва қоидаларини уларни ишлаб чиқишга хусусий секторни жалб этган ҳолда жорий қилишни;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигини шаҳарсозлик ҳужжатларининг ягона буюртмачиси ва эгаси этиб белгилашни.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2018 йил

1 августгача

Қурилиш вазирлиги, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, манфаатдор идоралар

6.

Аккредитация механизмини жорий этиш орқали, жумладан аккредитация органининг мустақиллигини таъминлаш, субъектларнинг малака талабларига мувофиқлигини баҳолаш тартибини белгилашни назарда тутган ҳолда, қурилиш соҳасида техник назоратга оид давлатнинг айрим функцияларини хусусий секторга ўтказиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2018 йил

1 июлгача

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Қурилиш вазирлиги, манфаатдор идоралар

7.

Қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш ва қурилиш объектларини инспекция қилиш тартибини жорий этиш, жумладан қуйидагиларни назарда тутиш:

аккредитациядан ўтган тадбиркорлик субъектларининг қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш ҳуқуқини;

аккредитациядан ўтган жисмоний шахслар - экспертларнинг қурилиш объектларини инспекция қилиш ҳуқуқини;

аккредитациядан ўтган субъектларнинг фаолияти устидан шикоят қилиш тартибини, шунингдек, уларнинг моддий (молиявий) жавобгарлигини.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2018 йил

1 сентябргача

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Қурилиш вазирлиги, манфаатдор идоралар

       

Изоҳ: ҳуқуқий муносабатларнинг предмети ва тартибга солиш соҳасидан келиб чиққан ҳолда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари қайта кўриб чиқилиши ёки ягона ҳужжатга бирлаштирилиши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 2 апрель


"Халқ сўзи", 2018 йил 3 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 9 апрель, 14-сон, 273-модда







































Время: 0.1398
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск