ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Паррандачилик. Асаларичилик. Балиқ овлаш ва балиқчилик /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.04.2018 й. ПҚ-3657-сон "Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

06.04.2018 й.

N ПҚ-3657



БАЛИҚЧИЛИК ТАРМОҒИНИ ЖАДАЛ

РИВОЖЛАНТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Балиқчилик тармоғи озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг стратегик йўналишларидан бири ҳисобланади. Кейинги вақтларда кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли мамлакат иқтисодиётининг таркибида балиқчилик улуши изчил ортиб бормоқда.

Шу билан бирга, балиқчилик тармоғида ҳанузгача кўплаб камчилик ва муаммолар сақланиб қолмоқда, уларни самарали ҳал этиш ишчанлик фаоллигини ошириш, инвестицияларни жалб этиш, балиқ етиштириш учун илғор технологияларни жорий қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринларини яратиш имконини беради.

Балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш учун шароитлар яратиш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, илмий-инновацион тадқиқотлар ва ишланмалар сифатини ошириш, уларнинг натижаларини амалиётга кенг жорий этиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмасининг Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимлигига суд қарори билан берилган мол-мулк ва ер участкалари, шу жумладан, сув ҳавзалари негизида "Балиқ ишлаб чиқарувчи" эркин иқтисодий зонасини (кейинги ўринларда "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


2. Қуйидагилар "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ишлаб чиқариш, сунъий сув ҳавзаларини балиқлантиришни янада ривожлантириш ва балиқчилик хўжаликларини таъминлаш учун балиқнинг янги ва синалган турларини иқлимлаштириш орқали наслли балиқ чавоқларини яратиш;

наслдор балиқ личинкалари етиштирувчи замонавий инкубацион цех фаолиятини ташкил этиш, балиқ чавоқларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, мавжуд балиқ чавоқларини етиштирувчи сув ҳавзаларини модернизация қилиш ва қайта таъмирлаш;

ўз эҳтиёжи ва балиқчилик хўжаликлари учун тўла қийматли ва юқори оқсилли озуқаларни ишлаб чиқариш бўйича замонавий қувватларни яратиш орқали озуқа базасини мустаҳкамлаш, дон ва дон экинларини экиш йўли билан буғдой ва сояга бўлган ўз эҳтиёжларини қондириш;

инновацион ва замонавий интенсив технологияларни кенг жорий қилиш, шу жумладан, қафас (садок) усулида, ёпиқ сув айланма тизими қурилмаларида балиқ етиштириш ҳамда сунъий сув ҳавзалари ҳосилдорлигини ошириш ҳисобига балиқ овлаш ҳажмларини кўпайтириш;

биринчи навбатда, аҳоли эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, кейинчалик қўшни мамлакатларга экспорт қилиш учун балиқларни қайта ишлаш ва балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш (консерва, икра, балиқ уни ва бошқалар) бўйича замонавий комплексларни ташкил этиш;

сувнинг гидрокимёвий таркибини лаборатория усулида таҳлил қилиш, балиқларни касалликлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, балиқ касалликларини аниқлаш, уларни даволаш чораларини кўриш;

балиқ етиштириш, овлаш ва қайта ишлаш жараёнида инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни жорий этиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини, шунингдек, мутахассислик йўналиши бўйича таҳсил олувчи таълим муассасалари талабалари учун балиқчилик тармоғида амалиёт ўташни ташкил этиш.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Тошкент вилояти ҳокимлиги ва "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ таркибидаги ер участкаларининг чегараларини аниқ белгиласин.


3. Белгилаб қўйилсинки:

"Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади;

фаолият кўрсатиш муддати мобайнида "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ ҳудудида алоҳида солиқ ва божхона режимлари амал қилади;

"Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗнинг фаолияти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши томонидан мувофиқлаштирилади;

"Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗнинг оператив бошқарув органи Дирекция ҳисобланади;

Дирекциянинг фаолиятидан тушган даромадлар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар унинг фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади;

Дирекцияни "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошқаради;

Дирекция Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши қарорлари ва "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ томонидан ишлаб чиқилган бош режалари бўйича маъқулланган инвестиция лойиҳаларини жойлаштиради ва "ягона дарча" тамойили бўйича муҳандислик-телекоммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланишга барча зарур рухсатномалар берилишини ташкил қилади.

Дирекция бутун фаолият кўрсатиш даврида солиқлар тўлашдан озод қилинади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимлигига суд қарори билан берилган мол-мулк, ер участкалари, шу жумладан, сув ҳавзаларининг Дирекцияга топширилишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Дирекция фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилсин.


5. "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 октябрдаги ПФ-4853-сон "Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонининг 3, 4 ва 5-бандлари амал қилиниши татбиқ этилсин.


6. Балиқчилик тармоғини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси балансида бўлган табиий сув ҳавзалари доимий равишда алоҳида фойдаланиш учун "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмасига берилсин.

Белгилансинки, табиий сув ҳавзаларининг ижара тўловларидан келиб тушган маблағлар тўлиқ ҳажмда "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини киритишда вазирлик марказий аппарати тузилмаси таркибида 5 нафар штат бирлигидан кам бўлмаган Балиқчиликни ривожлантириш бошқармаси ташкил этиш, шу жумладан, ушбу бошқармага "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмасининг олдига қўйилган вазифаларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашиш вазифасини юклашни назарда тутсин;

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида балиқчилик соҳаси йўналишларида бакалаврларни тайёрлаш бўйича қабул квотасини камида икки баравар оширишни кўзда тутсин;

Тошкент давлат аграр университетида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб "Балиқчилик" йўналиши бўйича камида 6 нафардан иборат магистратура курсини ташкил этсин.


8. Қуйидагиларга йўналтирилган Республикада 2018-2023 йилларда балиқчилик соҳасини жадал инновацион ривожлантиришга доир чора-тадбирлар дастури иловага* мувофиқ тасдиқлансин:

қимматли балиқ турлари ва чавоқларини интенсив етиштириш учун питомник ва наслчилик ишларини давлат-хусусий шериклик шартларида такомиллаштириш;

балиқ маҳсулотларини (консерва, икра, балиқ уни ва бошқалар) ишлаб чиқаришни кенгайтириш;

аквакультурани ривожлантириш, ер ва сув ресурсларидан самарали ҳамда оқилона фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

балиқчилик тармоғидаги илмий-тадқиқот ишларини янада ривожлантириш;

кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни такомиллаштириш;

балиқчилик тармоғида экспорт салоҳиятини ошириш;

балиқчиликни ривожлантириш учун озуқа базасини кўпайтириш, балиқ истеъмол қилиш маданиятини, шунингдек, "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмасининг балиқчилик соҳасини бошқариш ва мувофиқлаштиришдаги ролини янада ошириш;

балиқчилик хўжаликларининг моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш учун шароитлар яратиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

Дастурнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш бўйича вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлигини ва уларнинг фаолияти мувофиқлаштирилишини;

ҳар ойда Дастурнинг бажарилиши танқидий кўриб чиқилишини ва мавжуд муаммоларни самарали ҳал этиш чоралари кўрилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 ноябрга қадар муддатда:

ер ва сув ҳавзаларидан мақсадга номувофиқ фойдаланаётган табиий ва сунъий сув ҳавзаларини хатловдан ўтказиш ҳамда уларни товар балиқлар ва балиқ чавоқларини етиштиришга жалб қилиш чоралари кўрилишини;

балиқчилик хўжаликлари сунъий ва табиий сув ҳавзаларининг унумдорлигини кадастр жиҳатдан баҳолаган ҳолда ягона реестр яратилишини таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Тошкент ва Фарғона вилоятларида балиқчилик хўжаликларига ихтиопатологик хизмат кўрсатиш учун лабораториялар ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари 2019 йил 1 майга қадар муддатда лабораторияларнинг тўлиқ фаолият юритиши, замонавий ускуналар билан жиҳозланиши ҳамда малакали кадрлар билан тўлдирилишини таъминласин.


11. "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси ҳузурида балиқчилик маданиятини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини қамраб олувчи, шу жумладан, миллий ва хорижий илмий ва амалий инновацион ютуқларни, янгидан бошловчи ва фаолият юритиб келаётган балиқчилар учун балиқ етиштириш технологияларини тўғри ташкил этиш ҳамда мамлакат ичида ва ундан ташқарисида содир бўлаётган балиқчилик соҳасидаги муҳим воқеаларни ёритиб борувчи "Балиқчилик" журнали таъсис этилсин.


12. "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Арнасой қишлоқ хўжалиги ва транспорт касб-ҳунар коллежи ҳамда Қуйи Чирчиқ агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи қошида балиқчиларни тайёрлаш ҳамда балиқчилик хўжалиги ходимларининг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


13. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига балиқ етиштириш, уларни қайта ишлаш ва тайёр балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг замонавий технологияларини ўрганиш ва жорий қилиш масалаларида хорижий мамлакатларнинг етакчи илмий-тадқиқот институтлари билан ҳар томонлама ҳамкорликни фаоллаштиришда кўмаклашсин.


14. "Ипотека-банк" АТИБга балиқ чавоқларини етиштирувчи сув ҳавзалари ва инкубация цехларини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолият юритишини таъминлаш, балиқ етиштиришнинг замонавий технологиялари ва усулларини жорий этиш, экспортга йўналтирилган ва рақобатбардош балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича технологик жараёнларни босқичма-босқич шакллантириш учун Дирекцияга беш йил муддатга, икки йил имтиёзли давр билан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган ставкаларда кредитлар бериш тавсия этилсин.

15. "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Р. Иноятов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б. Муродов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                         Ш. Мирзиёев



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 7 апрель


"Халқ сўзи", 2018 йил 7 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 9 апрель, 14-сон, 277-модда









































Время: 0.2695
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск