язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Мактабгача таълим муассасалари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.04.2018 й. ПҚ-3651-сон "Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

05.04.2018 й.

N ПҚ-3651



МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ ЯНАДА

РАҒБАТЛАНТИРИШ ВА РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қайд этиб ўтилсинки, мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларини давлат томонидан бошқаришнинг самарали тизимини яратиш ҳамда унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида сўнгги йилда қабул қилинган қатъий чора-тадбирлар натижасида Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг жойлардаги ҳудудий бўлинмалари ташкил қилинди.

2017-2021 йилларда Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича дастур тасдиқланди, унинг доирасида мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тизимли ташкиллаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш борасидаги ишлар бошлаб юборилди.

Шу билан бирга ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, мактабгача таълим муассасаларини қуриш-таъмирлаш ишларини ташкил этиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, санитария-гигиена талабларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатли давлат органларининг фаолияти айниқса жойларда ҳамон паст даражада қолмоқда.

Бундан ташқари, давлат мактабгача таълим муассасалари инфратузилмаси ва моддий-техника базасининг ҳолати замон талабларига тўлиқ даражада мос келмайди ва мамлакат аҳолисининг ўсиб боришини эътиборга олганда болаларнинг мактабгача таълим билан зарур даражада қамраб олинишини таъминлаш имконини бермайди.

Мактабгача таълим тизимини, шу жумладан мактабгача таълим хизматлари нодавлат секторини янада ривожлантириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, болаларнинг мактабгача таълим тизимига янада кенгроқ қамраб олинишини таъминлаш ҳамда мактабгача таълим соҳасидаги давлат-хусусийшерикчилиги учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлати қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилигининг қуйидаги шаклларини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:

мактабгача таълим нодавлат муассасаларининг биноларини қуриш учун бепул асосда доимий фойдаланишга ер майдонлари тақдим этиш;

мактабгача таълим нодавлат муассасалари биноларини қуриш учун фаолият юритаётган давлат мактабгача таълим муассасаларининг ҳудудида бепул асосда доимий фойдаланишга ер майдонлари ажратиб бериш;

мавжуд давлат мактабгача таълим муассасаларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, кейинчалик эса уларни оталиққа олиш шарти билан мактабгача таълим нодавлат муассасалари объектларини қуриш учун бепул асосда ер майдонларини тақдим этиш;

концессия асосида қурилиш учун ер участкаси ёки реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун бино ажратиш;

бўш ётган давлат мулки объектларини, шу жумладан, фаолият кўрсатмаётган давлат мактабгача таълим муассасаларининг биноларини "нуль" харид қийматида сотиш;

тўлиқ бутланмай қолган давлат мактабгача таълим муассасаларининг фойдаланилмаётган хоналари ёки корпусларини узоқ муддатли бепул мақсадли фойдаланиш учун хусусий шерикларга топшириш;

хусусий шерикнинг мол-мулки негизида ташкил қилинган мактабгача таълим нодавлат муассасаларини моддий-техник ва молиявий таъминлаш;

оилавий мактабгача таълим нодавлат муассасаларини моддий-техник ва методик таъминлаш;

оталиқ шаклидаги хайрия фаолиятини олиб бориш.

Белгилансинки, мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатиладиган бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.


2. Давлат-хусусий шерикчилиги шаклига қараб хусусий шерик зиммасига инвестиция мажбуриятларининг қуйидаги турлари юкланиши мумкинлиги белгилаб қўйилсин:

ижтимоий мададга муҳтож оилалардан муайян миқдордаги тарбияланувчиларни ўқитиш, улар учун ота-оналар тўловининг имтиёзли миқдорларини (мазкур жойдаги давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланганидан ошмайдиган миқдорларда) белгилаб қўйиш;

хусусий шерикка бириктирилган давлат макатабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш борасидаги ишларни амалга ошириш;

давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги битимда назарда тутиладиган бошқа мажбуриятларни бажариш.


3. Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Белгилансинки, давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги битим:

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижалари бўйича тузилади. Мазкур қарор 1-бандининг саккизинчи - ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда танлов ўтказилмайди;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги давлат томонидан шерик сифатида хусусий шерик билан битим тузади, мазкур вазирлик битим шартларини хусусий шерик қандай бажараётгани мониторингини олиб боради.


5. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг:

мактабгача таълим нодавлат муассасаларини ривожлантириш ва давлат-хусусий шерикчилигини рағбатлантириш тадбирларини молиялаштиришга йўналтириладиган маблағларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасининг алоҳида очиладиган ҳисобварағи (кейинги ўринларда - махсус ҳисобварақ)да жамлаш тўғрисидаги;

мактабгача таълим нодавлат муассасалари харажатларининг бир қисмини қоплаш учун давлат-хусусий шерикчилиги шартлари асосида ташкил қилинган шундай муассасаларга давлат мактабгача таълим муассасасининг бир нафар тарбияланувчисига сарфланадиган сумманинг 50 фоизига қадар миқдорда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.


6. Қуйидагилар махсус ҳисобварақни шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг эквиваленти 100,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги босқичма-босқич ажратиладиган маблағлари;

Ўзбекистон Республикасига бюджетни қўллаб-қувватлаш учун Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки томонидан ажратиладиган 100,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредитлари;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг хайрия ионалари, кредитлари (қарзлари) ва грантлари;

махсус ҳисобварақнинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


7. Қуйидагилар белгилансин:

махсус ҳисобварақдаги маблағлар қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича барпо этилган арзон уйларни, кўп хонадонли уйларнинг биринчи-иккинчи қаватларидаги квартираларни сотиб олишга, мактабгача таълим нодавлат муассасаларини ташкил этиш мақсадида давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги битим объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашга фоизсиз асосда имтиёзли кредит бериш учун тижорат банкларига тақдим этилади;

махсус ҳисобварақ маблағларидан имтиёзли кредитлар тижорат банклари томонидан мактабгача таълим фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 1 фоизли ставка бўйича ажратиб берилади.


8. Давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги битимлар амал қилишининг қуйидаги муддатлари белгилансин:

мактабгача таълим нодавлат муассасаларининг биноларини қуриш учун бепул асосда доимий фойдаланишга ер майдонлари тақдим этиш битими - камида 30 йил;

бўш ётган давлат мулки объектларини, шу жумладан, фаолият кўрсатмаётган давлат мактабгача таълим муассасаларининг биноларини "нуль" харид қийматида сотиш битими - камида 30 йил;

тўлиқ бутланмай қолган давлат мактабгача таълим муассасаларининг фойдаланилмаётган хоналари ёки корпусларини узоқ муддатли бепул мақсадли фойдаланиш учун хусусий шерикларга топшириш битими - камида 30 йил;

мактабгача таълим нодавлат муассасалари биноларини қуриш учун фаолият юритаётган давлат мактабгача таълим муассасаларининг ҳудудида бепул асосда доимий фойдаланишга ер майдонлари ажратиб бериш битими - камида 30 йил;

мавжуд давлат мактабгача таълим муассасаларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, кейинчалик эса уларни оталиққа олиш шарти билан мактабгача таълим нодавлат муассасалари объектларини қуриш учун бепул асосда ер майдонларини тақдим этиш битими - камида 30 йил;

концессия асосида қурилиш учун ер майдони ёки реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун бино ажратиш битими - 15 йилгача;

хусусий шерикнинг мол-мулки негизида ташкил қилинган мактабгача таълим нодавлат муассасаларини моддий жиҳатдан таъминлаш битими - камида 10 йил;

оилавий мактабгача таълим нодавлат муассасаларини моддий-техник ва методик таъминлаш битими - камида 3 йил;

оталиқ шаклидаги хайрия фаолиятини олиб бориш битими - камида 1 йил.

Ўз фаолиятини олинган имтиёзли кредит асосида ёки давлат-хусусий шерикчилиги шартларида тадбиркорлик субъектларига топширилган объектларда бошлаган мактабгача таълим нодавлат муассасасининг фаолиятини у ташкил этилган кундан бошлаб 30 йил мобайнида қайта ихтисослаштириш тақиқланади.


9. Давлат-хусусий шерикчилиги шартларида ташкил этилган мактабгача таълим нодавлат муассасалари:

ташкил қилинаётган мактабгача таълим нодавлат муассасаларининг эҳтиёжлари учун ўрнатилган тартибда тасдиқланган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган ускуналар, асбоб-анжомлар, ўқувқуроллари ва ўйингоҳлар давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги битим тузилган кундан бошлаб 2 йил муддатга божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан;

мактабгача таълим нодавлат муассасаси ўз фаолиятини амалга ошира бошлагандан кейин ўн йил мобайнида барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинсин.

Белгилансинки:

ушбу бандда кўрсатилган солиқ ва божхона имтиёзлари мактабгача таълим соҳасида кўрсатилаётган хизматларидан оладиган соф тушум улуши умумий реализация ҳажмида ҳисобот (солиқ) даври якунларига кўра камида 80 фоизни ташкил этадиган мактабгача таълим нодавлат муассасаларига нисбатан қўлланилади;

ушбу банднинг учинчи хатбошида кўрсатилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугайдиган сана имтиёзлар амал қилиши муддати ниҳоясига етадиган ойнинг охирги куни ҳисобланади.


10. Қуйидагилар:

2023 йилнинг 1 январига қадар муддатда мактабгача таълим нодавлат муассасалари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромадларнинг 10 фоизи миқдорида, давлат-хусусий шерикчилиги асосида ташкил қилинган мактабгача таълим нодавлат муассасалари учун эса - давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги битим имзоланган ойдан бошлаб ўн йил муддатга 5 фоиз миқдорида белгиланади;

2018 йилнинг 15 апрелидан бошлаб мактабгача таълим муассасаларини кичик тадбиркорлик субъектлари жумласига киритиш учун уларнинг ўртача йиллик ходимлари чекланган сони 100 кишига етказилади;

мазкур қарорнинг 9-бандида кўрсатилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг давлат-хусусий шерикчилиги шартлари асосида ташкил қилинган мактабгача таълим нодавлат муассасаларига ушбу қарор билан тасдиқланган давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги низомда мактабгача таълим соҳасида белгиланган квоталар бўйича ота-оналар тўловининг имтиёзли миқдорларига асосан қабул қилинган тарбияланувчиларга таълим хизматлари кўрсатишдан олинган фойда (соф тушум) давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати мобайнида юридик шахсларнинг фойда солиғи бўйича солиққа тортиладиган базадан ёки ягона солиқ тўлови бўйича солиққа тортиладиган базадан чиқариб ташланади.


11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда 2018 йилнинг 1 сентябрига қадар муддатда бўш ётган давлат мулки объектлари, шунингдек, реконструкция қилиниши ва мукаммал таъмирланиши лозим бўлган давлат мактабгача таълим муассасаларининг ишлатилмаётган (корпусларини) хатловдан ўтказиб, уларнинг рўйхатини тузсинлар;

ҳар йили 1 февралга қадар давлат-хусусий шерикчилиги шартларида мактабгача таълим нодавлат муассасаларининг биноларини қуриш учун бепул асосда доимий фойдаланишга ажратиб берилиши лозим бўлган ер майдонларини аниқлаб, ана шу ер майдоналарининг тасдиқланган рўйхатларини Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига тақдим этсинлар;

маҳаллий бюджетларнинг маблағлари ҳисобига қурилаётган ва барпо этилган мактабгача таълим нодавлат муассасаларини барча зарур ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси (электр энергияси, газ таъминоти, сув таъминоти, канализация, автомобиль йўллари ва бошқалар билан) таъминласинлар;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда қурилиш учун ер майдонларини танлаш ва ажратиш ҳамда турар-жой массивлари (комплекслари) қурилишини лойиҳалаштириш босқичида мактабгача таълим нодавлат муассасалари қурилиши учун жойларни назарда тутсинлар.


12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин, унда қуйидагилар назарда тутилсин:

махсус ҳисобварақ маблағларидан фойдаланиш тартиби;

давлат-хусусий шерикчилиги шартлари асосида фаолият юритадиган мактабгача таълим муассасаларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан субсидиялар ажратиш тартиби.


13. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги тузилмасида:

давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси;

давлат-хусусий шерикчилиги лойиҳалари мониторинги бўлими тузилсин;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бошқармалари тузилмасида ходимларининг чекланган сони 2 нафаргача бўлган давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бўлими тузилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи қарорлари 5-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


15. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

бир ой муддатда Оилавий мактабгача таълим нодавлат муассасалари тўғрисидаги низомни;

икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


16. Вазирлик ва идоралар ўзлари илгари қабул қилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С. Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.В. Акмалов ва Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири А.В. Шин зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев



*) 2, 3 ва 4-иловалар рус тилидаги матнда берилган






Ўзбекистон Республикаси

Презилентининг

2018 йил 5 апрелдаги

ПҚ-3651-сонли қарорига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ўз кучиии йўқотган қарорлари

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 30 сентябрдаги ПҚ-3305-сонли қарори 1-бандининг учинчи - бешинчи хатбошилари, шунингдек, қарорнинг 3 ва 4-иловалари.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги марказий аппаратининг тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида" 2017 йил 7 ноябрдаги ПҚ-3378-сонли қарори.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 5 апрель