ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Мактабгача таълим муассасалари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.04.2018 й. ПҚ-3651-сон "Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

05.04.2018 й.

N ПҚ-3651



МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ ЯНАДА

РАҒБАТЛАНТИРИШ ВА РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қайд этиб ўтилсинки, мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, мактабгача таълим ташкилотларини давлат томонидан бошқаришнинг самарали тизимини яратиш ҳамда унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида сўнгги йилда қабул қилинган қатъий чора-тадбирлар натижасида Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг жойлардаги ҳудудий бўлинмалари ташкил қилинди.

2017-2021 йилларда Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича дастур тасдиқланди, унинг доирасида мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини тизимли ташкиллаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш борасидаги ишлар бошлаб юборилди.

Шу билан бирга ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, мактабгача таълим ташкилотларини қуриш-таъмирлаш ишларини ташкил этиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, санитария-гигиена талабларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатли давлат органларининг фаолияти айниқса жойларда ҳамон паст даражада қолмоқда.

Бундан ташқари, давлат мактабгача таълим ташкилотлари инфратузилмаси ва моддий-техника базасининг ҳолати замон талабларига тўлиқ даражада мос келмайди ва мамлакат аҳолисининг ўсиб боришини эътиборга олганда болаларнинг мактабгача таълим билан зарур даражада қамраб олинишини таъминлаш имконини бермайди.

Мактабгача таълим тизимини, шу жумладан мактабгача таълим хизматлари нодавлат секторини янада ривожлантириш, мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, болаларнинг мактабгача таълим тизимига янада кенгроқ қамраб олинишини таъминлаш ҳамда мактабгача таълим соҳасидаги давлат-хусусийшерикчилиги учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликнинг қуйидаги шаклларини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:

жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга берилган ер участкаларини, шу жумладан фаолият юритаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларининг бўш турган ер участкаларини нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг биноларини қуриш учун бепул асосда ижарага бериш;

мавжуд давлат мактабгача таълим ташкилотларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, кейинчалик эса уларни оталиққа олиш шарти билан нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари объектларини қуриш учун доимий фойдаланишдаги ер участкаларини бепул асосда ижарага бериш;

концессия асосида реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун бино ажратиш;

бўш ётган давлат мулки объектларини, шу жумладан фаолият кўрсатмаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларининг биноларини "ноль" харид қийматида сотиш;

тўлиқ бутланмай қолган давлат мактабгача таълим ташкилотларининг фойдаланилмаётган хоналари ёки корпусларини узоқ муддатли бепул мақсадли фойдаланиш учун хусусий шерикларга топшириш;

хусусий шерикнинг мол-мулки негизида ташкил қилинган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини моддий-техник ва молиявий таъминлаш;

оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини моддий-техник ва методик таъминлаш;

оталиқ шаклидаги хайрия фаолиятини олиб бориш.

Белгилансинки, мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатиладиган бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

2. Давлат-хусусий шерикчилиги шаклига қараб хусусий шерик зиммасига инвестиция мажбуриятларининг қуйидаги турлари юкланиши мумкинлиги белгилаб қўйилсин:

ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ва махсус контингентдан муайян миқдордаги тарбияланувчиларни ўқитиш, улар учун ота-оналар тўловининг имтиёзли миқдорларини (мазкур жойдаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланганидан ошмайдиган миқдорларда) белгилаб қўйиш. Бунда ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандлари устувор равишда ўқишга қабул қилинади;

хусусий шерикка бириктирилган давлат макатабгача таълим ташкилотларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш борасидаги ишларни амалга ошириш;

давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги битимда назарда тутиладиган бошқа мажбуриятларни бажариш.


3. Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Белгилансинки:

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижалари бўйича тузилади. Мазкур қарор 1-бандининг саккизинчи-ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда танлов ўтказилмайди;

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2023 йил 1 октябрдан бошлаб давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этишда давлат шериги сифатида хусусий шерик билан битим тузади (2023 йил 1 октябрга қадар тузилган битимлар учун давлат шериги этиб Мактабгача таълим агентлиги белгиланади) ҳамда битим шартлари хусусий шерик томонидан лозим даражада бажарилишини мониторинг қилади;

Мактабгача таълим агентлиги оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этишда давлат шериги сифатида хусусий шерик билан битим тузади ҳамда битим шартлари хусусий шерик томонидан лозим даражада бажарилишини мониторинг қилади;

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ҳамда оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этишда давлат шериги сифатида хусусий шерик билан битим тузади ҳамда битим шартлари хусусий шерик томонидан лозим даражада бажарилишини мониторинг қилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг:

нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг ривожлантириш ва давлат-хусусий шерикликни рағбатлантириш тадбирларини молиялаштиришга йўналтириладиган маблағларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг алоҳида очиладиган ҳисобварақ (кейинги ўринларда - махсус ҳисобварақ)да жамлаш тўғрисидаги;

2021 йил 1 июлдан бошлаб давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига (оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидан ташқари) фойдаланган электр энергияси ва табиий газ хизматлари нархининг 50 фоизи миқдорида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ойлик компенсациялар тўлаш;

2021 йил 1 июлдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда жойлашган давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига (оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидан ташқари) ҳар бир тарбияланувчи бола учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 75 фоизи миқдорида субсидия тўлаш;

олис ва чекка ҳудудлардан ташқари бошқа ҳудудларда жойлашган давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига (оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидан ташқари) ҳар бир тарбияланувчи бола учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 50 фоизи миқдорида субсидия тўлаш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.


6. Қуйидагилар махсус ҳисобварақни шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг эквиваленти 100,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги босқичма-босқич ажратиладиган маблағлари;

Ўзбекистон Республикасига бюджетни қўллаб-қувватлаш учун Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки томонидан ажратиладиган 100,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредитлари;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг хайрия ионалари, кредитлари (қарзлари) ва грантлари;

махсус ҳисобварақнинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


7. Қуйидагилар белгилансин:

махсус ҳисобварақдаги маблағлар нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш, давлат-хусусий шериклиги тўғрисидаги битим объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлашга имтиёзли кредитларни бериш учун тижорат банкларига тақдим этилади;

махсус ҳисобварақдаги маблағлардан кредитлар тижорат банклари томонидан мактабгача таълим фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига қонун ҳужжатларида белгиланган муддат ва шартлар асосида ажратиб берилади.

8. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар амал қилишининг қуйидаги муддатлари белгилансин:

нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг биноларини қуриш учун бепул асосда ижарага ер майдонлари тақдим этиш битими - камида 30 йил;

бўш ётган давлат мулки объектларини, шу жумладан фаолият кўрсатмаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларининг биноларини "ноль" харид қийматида сотиш битими - камида 30 йил;

тўлиқ бутланмай қолган давлат мактабгача таълим ташкилотларининг фойдаланилмаётган хоналари ёки корпусларини узоқ муддатли бепул мақсадли фойдаланиш учун хусусий шерикларга топшириш битими - камида 30 йил;

нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари биноларини қуриш учун фаолият юритаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларининг ҳудудида бепул асосда ижарага ер майдонлари тақдим этиш битими - камида 30 йил;

мавжуд давлат мактабгача таълим ташкилотларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, кейинчалик эса уларни оталиққа олиш шарти билан нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари объектларини қуриш учун бепул асосда ижарага ер майдонларини тақдим этиш битими - камида 30 йил;

концессия асосида қурилиш учун ер майдони ёки реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун бино ажратиш битими - 15 йилгача;

хусусий шерикнинг мол-мулки негизида ташкил қилинган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини моддий жиҳатдан таъминлаш битими - камида 10 йил;

оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини моддий-техник ва методик таъминлаш битими - камида 3 йил;

оталиқ шаклидаги хайрия фаолиятини олиб бориш битими - камида 1 йил.

Ўз фаолиятини олинган имтиёзли кредит асосида ёки давлат-хусусий шериклик шартларида тадбиркорлик субъектларига топширилган объектларда бошлаган нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг фаолиятини у ташкил этилган кундан бошлаб 30 йил мобайнида қайта ихтисослаштириш тақиқланади.

9. Давлат-хусусий шерикчилиги шартларида ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим ташкилоти:

ташкил қилинаётган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг эҳтиёжлари учун ўрнатилган тартибда тасдиқланган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган ускуналар, асбоб-анжомлар, ўқувқуроллари ва ўйингоҳлар давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги битим тузилган кундан бошлаб 2 йил муддатга божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан;

нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ўз фаолиятини амалга ошира бошлагандан кейин ўн йил мобайнида барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинсин.

Белгилансинки:

ушбу бандда кўрсатилган солиқ ва божхона имтиёзлари мактабгача таълим соҳасида кўрсатилаётган хизматларидан оладиган соф тушум улуши умумий реализация ҳажмида ҳисобот (солиқ) даври якунларига кўра камида 80 фоизни ташкил этадиган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига нисбатан қўлланилади;

ушбу банднинг учинчи хатбошида кўрсатилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугайдиган сана имтиёзлар амал қилиши муддати ниҳоясига етадиган ойнинг охирги куни ҳисобланади.


10. Қуйидагилар:

2023 йилнинг 1 январига қадар муддатда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромадларнинг 10 фоизи миқдорида, давлат-хусусий шерикчилиги асосида ташкил қилинган нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари учун эса - давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги битим имзоланган ойдан бошлаб ўн йил муддатга 5 фоиз миқдорида белгиланади;

2018 йилнинг 15 апрелидан бошлаб мактабгача таълим ташкилотларини кичик тадбиркорлик субъектлари жумласига киритиш учун уларнинг ўртача йиллик ходимлари чекланган сони 100 кишига етказилади;

мазкур қарорнинг 9-бандида кўрсатилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг давлат-хусусий шерикчилиги шартлари асосида ташкил қилинган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ушбу қарор билан тасдиқланган давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги низомда мактабгача таълим соҳасида белгиланган квоталар бўйича ота-оналар тўловининг имтиёзли миқдорларига асосан қабул қилинган тарбияланувчиларга таълим хизматлари кўрсатишдан олинган фойда (соф тушум) давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати мобайнида юридик шахсларнинг фойда солиғи бўйича солиққа тортиладиган базадан ёки ягона солиқ тўлови бўйича солиққа тортиладиган базадан чиқариб ташланади.

2021 йил 1 июлдан бошлаб оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига мавжуд қувватига қараб 50 нафаргача болаларни тарбиялашга ҳамда тарбияланувчилар сонидан келиб чиқиб 4 нафаргача тарбиячи ва ёрдамчиларни ёллашга рухсат берилади;

2021 йил 1 июлдан бошлаб оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳудудий мактабгача таълим бошқармалари орқали ўқув материаллар билан бепул таъминланади;

2021 йил 1 июлдан бошлаб оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг раҳбарлари ва ходимларининг малакасини ошириш давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда 2018 йилнинг 1 сентябрига қадар муддатда бўш ётган давлат мулки объектлари, шунингдек, реконструкция қилиниши ва мукаммал таъмирланиши лозим бўлган давлат мактабгача таълим муассасаларининг ишлатилмаётган (корпусларини) хатловдан ўтказиб, уларнинг рўйхатини тузсинлар;

ҳар йили 1 февралга қадар давлат-хусусий шериклик шартларида нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг биноларини қуриш учун бепул асосда ижарага ажратиб берилиши лозим бўлган ер майдонларини аниқлаб, ана шу ер майдонларининг тасдиқланган рўйхатларини Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдим этсинлар ва ер участкаларини давлат шеригига доимий фойдаланиш учун ажратиб берилишини таъминласинлар;

маҳаллий бюджетларнинг маблағлари ҳисобига қурилаётган ва барпо этилган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини барча зарур ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси (электр энергияси, газ таъминоти, сув таъминоти, канализация, автомобиль йўллари ва бошқалар билан) таъминласинлар;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда қурилиш учун ер майдонларини танлаш ва ажратиш ҳамда турар-жой массивлари (комплекслари) қурилишини лойиҳалаштириш босқичида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари қурилиши учун жойларни назарда тутсинлар.

12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин, унда қуйидагилар назарда тутилсин:

махсус ҳисобварақ маблағларидан фойдаланиш тартиби;

давлат-хусусий шерикчилиги шартлари асосида фаолият юритадиган мактабгача таълим ташкилотларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан субсидиялар ажратиш тартиби.

13. Қуйидагилар:

а) Мактабгача таълим агентлиги тузилмасида:

давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси;

давлат-хусусий шерикчилиги лойиҳалари мониторинги бўлими тузилсин;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари тузилмасида ходимларининг чекланган сони 2 нафаргача бўлган давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш бўлими тузилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи қарорлари 5-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


15. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

бир ой муддатда Оилавий мактабгача таълим нодавлат муассасалари тўғрисидаги низомни;

икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


16. Вазирлик ва идоралар ўзлари илгари қабул қилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С. Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.В. Акмалов ва Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири А.В. Шин зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев



*) 2, 3 ва 4-иловалар рус тилидаги матнда берилган






Ўзбекистон Республикаси

Презилентининг

2018 йил 5 апрелдаги

ПҚ-3651-сонли қарорига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ўз кучиии йўқотган қарорлари

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 30 сентябрдаги ПҚ-3305-сонли қарори 1-бандининг учинчи - бешинчи хатбошилари, шунингдек, қарорнинг 3 ва 4-иловалари.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги марказий аппаратининг тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида" 2017 йил 7 ноябрдаги ПҚ-3378-сонли қарори.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 5 апрель


































Время: 0.2043
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск