ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш /

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 03.04.2018 й. 261-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 3 апрелдаги

261-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси олий таълим

муассасаларининг бакалавриатига ўқишга

қабул қилиш учун кириш тест синовларини

ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг (кейинги ўринларда олий таълим муассасалари деб аталади) бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий олий таълим муассасаларига (филиалларига) ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларини ўтказишга нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


абитуриент - белгиланган тартибда олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун рўйхатдан ўтган ва Давлат тест марказининг рухсатномасига эга бўлган, тест синови қоидаларига қатъи амал қилган ҳолда белгиланган гуруҳда тест синовларида иштирок этувчи талабгор;

абитуриент рухсатномаси - паспорт (у бўлмаган ҳолда шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат) билан биргаликда абитуриентнинг белгиланган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этишга рухсат берадиган ҳужжат;


бино раҳбари - Давлат тест маркази директорининг буйруғи билан тайинланадиган, белгиланган вазифа ва мажбуриятлар бўйича бинодаги гуруҳ назоратчилари ва абитуриентлар ҳаракатларига умумий раҳбарликни бажарувчи, назорат қилувчи ва амалий ёрдам кўрсатувчи ходим;


гуруҳ назоратчиси - Давлат тест маркази билан тузилган шартнома асосида шартномада белгиланган вазифа ва мажбурият бўйича тест синовларида абитуриентлар ҳаракатига умумий раҳбарликни амалга ошириш, тест синовининг белгиланган тартиб бўйича ўтишини қатъий назорат қилишга масъул бўлган ва абитуриентларга тест синовини топшириш тартиби бўйича амалий ёрдам кўрсатиш учун жалб қилинган ва тест синовлари ўтказилиши билан боғлиқ семинарда иштирок этган шахс;


жавоблар варақаси - тест топшириқлари китобидаги ҳар бир топшириқнинг бажарилиши натижасида танлаган жавобнинг биттасини белгилашга мўлжалланган ва абитуриентнинг билимини баҳолаш учун асос ҳисобланадиган ягона ҳужжат;


олий таълим муассасасининг қабул комиссияси (кейинги ўринларда қабул комиссияси деб аталади) - олий таълим муассасаси ректори (филиал директори)нинг буйруғи билан тасдиқланадиган, белгиланган вазифалар бўйича таълим йўналишларига абитуриентлар ҳужжатларини қабул қилувчи, уларга тест синовлари жараёни бўйича маслаҳатлар, кўрсатмалар берувчи, тест синовларини ўтказишнинг ташкилий масалаларида иштирок этувчи орган;


тест топшириқлари китоби - белгиланган фанлар мажмуаси бўйича тест топшириқларини ўз ичига олган саволлар тўплами;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази вакили (кейинги ўринларда Давлат тест маркази вакили деб аталади) - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда Давлат тест маркази деб аталади) директорининг буйруғи билан тайинланадиган, тест синовлари ўтказиладиган тегишли ҳудуд ва бинода белгиланган вазифа ва мажбуриятлар бўйича амалга ошириладиган тадбирларга умумий раҳбарлик қилувчи ҳамда тест синови иштирокчиларининг вазифаларига мувофиқ ҳаракатини назорат қилувчи ва амалий ёрдам кўрсатувчи ходим.


4. Тест синовларини адолатли ва холисона ўтказиш мазкур Низом талабларига қатъий риоя этган ҳолда олий таълим муассасаларининг қабул комиссиялари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Давлат тест маркази вакиллари, бино раҳбарлари, гуруҳ назоратчилари томонидан таъминланади.

Мазкур Низомда белгиланган талабларга мувофиқ тест синовларини ўтказиш бўйича ташкилий ишлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва олий таълим муассасаларининг қабул комиссиялари томонидан таъминланади.


5. Тест синовлари ўтказиладиган кунда Давлат тест марказининг тегишли рухсатномасига эга бўлмаган шахсларнинг тест синовлари ўтказилиши белгиланган ҳудудга кириши тақиқланади.


6. Тест синовлари кундузги ва кечки (сменали) таълим шакли учун ҳар йили июль - август ойларида, қоида тариқасида, кунига икки сменада ўтказилади. Биринчи смена соат 08:00 да, иккинчи смена соат 15:00 да бошланади.

Абитуриент тест синовлари бошланганидан сўнг бинога тегишли ҳудудга киритилмайди.


7. Ҳужжатларни рўйхатдан ўтказишнинг муддати якунланганидан сўнг, икки ҳафта муддатда абитуриент рухсатномасини қабул комиссиясидан ёки Давлат тест марказининг расмий веб-сайтидан олади.

Абитуриент рухсатномасида кўрсатилган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этади.

Абитуриент учун ушбу сана ва вақт қатъий ҳисобланиб, унга бошқа сана ва вақтда тест синовларида иштирок этиш учун рухсат берилмайди.

Абитуриент рухсатномасида кўрсатилган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этади.

Абитуриент учун мазкур сана ва вақт қатъий ҳисобланиб, унга бошқа сана ва вақтда тест синовларида иштирок этиш учун рухсат берилмайди.


8. Тест топшириқлари умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари ўқув дастурларига мувофиқ тузилади.


9. Бакалавриат таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, баҳолаш мезонлари, тест топшириқлари сони ҳамда тест синовларини ўтказишнинг аниқ муддатлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб аталади) томонидан белгиланади.

10. Абитуриент ўзи танлаган ҳудудда (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар маркази ёки Тошкент шаҳрида) ташкил этиладиган тест синовларида иштирок этиш ҳуқуқига эга.

11. Тест топшириқларини бажариш учун (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) ҳар 30 та тест топшириғига 1 соат вақт белгиланади.

12. Абитуриентларнинг тўплаган баллари ҳақидаги маълумот тест синови ўтказилган куннинг эртасига, танлов асосида талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган тест синовлари натижалари тест синовлари тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади ҳамда олий таълим муассасаларига етказилади.

13. Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ташкил этиш мазкур Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. ТЕСТ СИНОВЛАРИГА ТАЙЁРГАРЛИК

КЎРИШ ВА УЛАРНИ ЎТКАЗИШ


§ 1. Тест синовлари ўтказиладиган жойларга

қўйиладиган умумий талаблар


14. Тест синовлари Тошкент шаҳридаги "Ўзэкспомарказ" миллий кўргазмалар мажмуаси павильонларида ва унинг ҳудудида ўрнатиладиган қўшимча йиғма павильонларда, шунингдек, катта сиғимдаги бошқа биноларда, вилоят марказларида эса - Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ёки бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида ўтказилади.

15. Биноларни тайёрлаш, видеокузатувлар орқали жамоатчилик, шу жумладан абитуриентлар ота-оналарининг кириш тест синовлари жараёнини онлайн тарзда кузатиб боришлари, абитуриентларни шахсни идентификациялаш воситалари ҳамда видеофиксация қурилмалари орқали бинога тегишли ҳудудга киритиш, бинолардаги ва хизмат постларидаги видео ёзувлар сақланиши учун шароитлар яратиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тегишли жойлар шахсни идентификациялаш воситалари (видеофиксация ва бармоқ изларини текширувчи воситалар) видеокузатув, мобиль алоқа тўлқинини тўсувчи қурилмалар билан таъминланади ҳамда вазирлик ўтказилган тест синовлари жараёни бўйича видео ёзувларни сақлайди ва уларни тест синовлари ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказига топширади.

16. Гуруҳ назоратчилари ва абитуриентларни тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга назорат хизмати постлари орқали киритиш, тадбир жараёнида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда олий таълим муассасаларининг қабул комиссиялари томонидан амалга оширилади.


17. Ҳудуд бўйича бош штабда, тест синовлари ўтказиладиган ҳар бир бинода Давлат тест марказининг вакилига тест материалларини сақлаш, тарқатиш ва йиғиб олиш учун мўлжалланган етарли миқдорда стол, стуллар, компьютер, сканер, стационар телефон алоқаси, доимий видеокузатув ва сейф билан таъминланган махсус хона (штаб) тайёрланади. Бунда бинонинг ҳолати санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига тўлиқ жавоб бериши лозим.


18. Бинода тест синовлари жараёнини тўлиқ назорат қилиш мақсадида қоида тариқасида, бино электрон соат, овоз кучайтириш воситалари, 30 нафар абитуриент учун битта видеокузатув тизими ўрнатилиши, жараённи абитуриентларнинг ота-оналари онлайн тарзда кузатиши учун зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши шарт.

Бинода бир нафар абитуриентга қоида тариқасида, бино электрон соат, овоз кучайтириш воситалари, 2 кв.м дан кам бўлмаган жой тайёрланади.

19. Ҳудудлар бўйича тест синовлари ўтказиладиган бино ва гуруҳларнинг алоҳида тартиб рақами такрорланмайдиган кетма-кетликда рақамланган бўлиши лозим.


20. Ҳар бир гуруҳ алоҳида ўтириш ўрнига эга бўлган 30 тадан стол ва стул билан таъминланиб, столлар бирдан ўттизгача рақамланиши лозим.

Гуруҳ назоратчиси учун тест материалларини тарқатиш ва қабул қилишга алоҳида стол ва стул ажратилиб, стол узлуксиз видеокузатув билан таъминланган бўлиши зарур.


21. Тест ўтказиладиган ҳар бир бинони тайёрлашда унга ёруғлик тушиши, бинони шамоллатиш, абитуриентни тик тушган қуёш нуридан ҳимоялаш имкониятлари ҳисобга олиниши лозим.


22. Бинога тегишли ҳудудда ва бинога кириш жойларида гуруҳ ва абитуриентлар сони ёзилган кўрсаткичлар илиб қўйилган бўлиши шарт.


23. Тест синовлари ўтказиладиган ҳар бир ҳудудда тест жараёни учун зарур ахборот, техник, тиббий ва маиший шароитлар яратилган бўлиши лозим.



§ 2. Тест синовларига тайёргарлик кўриш ва

уларни ўтказишда қабул комиссияларининг

вазифалари


24. Қабул комиссияси тест синовларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ қуйидаги вазифаларни бажаради:

қабул комиссиясининг эълонлар тахтасига қабул жараёни бошланадиган кунга қадар Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом, мазкур Низом, таълим йўналишлари, таълим шакли ва ўқитиш тили бўйича қабул квоталари, уларга мувофиқ тест синовлари ўтказиладиган фанлар мажмуаси ҳамда касбий (ижодий) имтиҳон топшириладиган таълим йўналишлари рўйхатини жойлаштириш;

қабул жараёнини уюшқоқлик билан, тартибли ташкил этиш, абитуриентларга уларнинг тест синовлари жараёнидаги вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, тест синовлари жараёни бўйича маслаҳатлар, кўрсатмалар бериш;

ҳар йили 15 июндан 15 июлгача абитуриентларни олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун рўйхатдан ўтказиш ва абитуриентларга рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида абитуриентнинг қайд варақаси ҳамда эслатмани бериш;

абитуриентга тест синовлари қоидалари билан тўлиқ танишгани тўғрисида тегишли рўйхатга имзо қўйдириш;

олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун рўйхатдан ўтган абитуриентлар ҳақидаги маълумотларни шу куннинг ўзида Давлат тест марказининг махсус дастури ҳамда қайд дафтарларига киритиш;

махсус дастур орқали базага махсус код, қайд рақами, таълим тури, таълим муассасасининг номи, абитуриентнинг фуқаролиги, фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, жинси, паспорт серияси ва рақами, яшаш жойи, туғилган йили ва жойи, ижтимоий келиб чиқиши, таълим олган таълим муассасаси тури, рақами ва номи, манзили ҳамда уни тугатган йили, диплом (шаҳодатнома ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат) рақами, белгиланган тартибда берилган имтиёзлари ҳақида маълумот (агар ушбу имтиёзлар бўйича ҳужжатлар мавжуд бўлса) ҳамда тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар ва кўзи ожизлар тоифасига кирувчи шахс тўғрисидаги маълумот, ўқитиш тили, ихтисослиги, чет тили ва уни топшириш усулини киритиш;

таълим йўналишлари, ўқитиш тили ва таълим шакли бўйича олий таълим муассасасига рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони, шу жумладан, фан олимпиадалари ғолиблари, ҳарбий ва бошқа имтиёзга эга бўлган ҳамда тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар ва кўзи ожизлар тоифасига кирувчи абитуриентлар ҳақидаги маълумотларни абитиуриентлар ва ота-оналар эътибори учун ҳар куни эълон қилиб бориш;

ҳар йили 24 июлдан кейин тест синовлари бошлангунига қадар мурожаат қилган абитуриентларга рухсатномани чоп этиб тасдиқлаб тарқатиш;

25. Қабул комиссияси ҳар йили 16 июль куни халқаро ва республика фан олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиблари ҳамда шу каби тест синовларисиз ўқишга кириш имтиёзига эга бўлган абитуриентлар ҳақида қабул комиссиясининг раиси ва масъул котиби томонидан имзоланган маълумотларни Давлат тест марказига тақдим этади.

Абитуриент тўғрисида тақдим этилган маълумотларга 16 июлдан сўнг ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тақиқланади.


26. Қабул комиссиясининг раиси ва масъул котиби Давлат тест маркази томонидан тақдим этилган рухсатнома асосида, унда белгиланган кун, тест синовлари ўтказиладиган бино штабида тест синовлари жараёни кузатувчиси сифатида иштирок этади.


27. Қабул комиссияси томонидан ўзига юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш учун жавобгарлик шахсан қабул комиссиясининг раиси ва масъул котиби зиммасига юкланади.


§ 3. Тест синовларига тайёргарлик кўриш ва уларни

ўтказишда Давлат тест марказининг вазифалари


28. Давлат тест маркази тест синовларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ қуйидаги вазифаларни бажаради:

тест синовларини ўтказиш жараёнида қўлланиладиган шакллар ва жадвалларни ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган имтиёзларга эга бўлмаган абитуриентларни Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали ҳам рўйхатдан ўтишига имконият яратиш;

тест материалларининг сифатли ва нуқсонсиз тайёрланишини таъминлаш;

тест материалларининг белгиланган кунларда Давлат фельдъегерлик хизмати томонидан Давлат тест маркази вакилига етказилишини таъминлаш;

тест синовлари ўтказилиши билан боғлиқ семинарда иштирок этган малакали шахслар таркибидан, қоида тариқасида, ҳар 30 нафар абитуриентга 2 нафар гуруҳ назоратчисини шартнома асосида тест синовлари жараёнига жалб этиш;

белгиланган тартибда абитуриентлар ҳақида тушган маълумотлар асосида гуруҳларни шакллантириш ва уларнинг бинолар бўйича ўтириш ўринларини белгилаш ҳамда тест синовлари ва танловни ташкил этиш;

абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича тақсимланган рўйхатини икки нусхада, бино раҳбари ва гуруҳ назоратчилари рўйхатини икки нусхада тайёрлаш ҳамда тасдиқланган ҳолда Давлат тест маркази вакилига етказиш;

кунлик тест синовлари тугагандан сўнг тест материалларининг Давлат фельдъегерлик хизматига топширилишини назорат қилиш;

Давлат тест марказига олиб келинган жавоблар варақалари бўйича тест синовлари натижаларини ҳисоблаш ва эълон қилиш.

Давлат тест маркази мазкур Низом ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.



§ 4. Тест синовларига тайёргарлик кўриш ва уларни

ўтказишда маҳаллий давлат ҳокимияти

органларининг вазифалари


29. Қуйидагилар тест синовларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг вазифалари ҳисобланади:

ҳар йили 16 июлга қадар тест синовлари ўтказиладиган биноларни мазкур бобнинг 1-параграфида белгиланган талаблар бўйича тест синовларига тайёр ҳолатга келтириш ҳамда бу ҳақда Давлат тест марказига маълумот бериш;

абитуриентларни тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга шахсни идентификациялаш воситалари орқали тартибли киритилишини таъминлаш;

тест синовлари жараёнини видеокузатувлар орқали онлайн тизимда ота-оналарга кўрсатиш, бош штаб ва ҳар бир бинода тезкор ахборотларни тўплаш учун уларнинг зарур моддий-техника воситалари билан тўлиқ жиҳозланишини таъминлаш;

абитуриентларнинг ота-оналари ва кенг жамоатчилик учун тест синовларини онлайн режимда кузатишини таъминлаш мақсадида бинога тегишли ҳудуд ташқарисида ўтириш жойларини белгилаш ҳамда кутиш жойларини ташкил этиш;

тест синови бўлиб ўтадиган биноларни заҳира энергия манбаи билан таъминлаш;

тест синовларини ўтказиш учун транспорт воситалари билан таъминлашга амалий ёрдам бериш, ҳар бир ҳудуд хавфсизлигини ва тест синовларининг тартибли ўтишини таъминлаш, назорат хизмати постларини ташкил этиш;

ҳар бир сменада абитуриентлар ва гуруҳ назоратчиларини етарли миқдорда ичимлик суви, ҳаворанг пастали шарикли ручкалар билан ҳамда тест синовлари ўтказиладиган биноларни санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига тўлиқ жавоб беришини таъминлаш.


30. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, қабул комиссиялари бино ҳудудига ёки бинога гуруҳ назоратчилари, абитуриентлар ва бошқа шахслар томонидан микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари, шпаргалкалар ва шу кабиларни олиб киришларига рухсат берса ёки ўзлари ташкиллаштирса, мазкур ҳолат уларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.


31. Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога кириш жойларида ташкил этилган назорат хизмати постларида хизмат олиб бораётган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ходимлари томонидан текширув вақтида абитуриент ва гуруҳ назоратчиларида микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари, шпаргалкалар мавжудлиги, шунингдек, бармоқ излари ва фотосурати текширилган вақтда шахси тасдиқланмаганлиги аниқланган тақдирда, бу ҳақида Давлат тест марказининг вакилини хабардор қилиниб, уларни тест синовларига киритмаслик тўғрисида далолатнома расмийлаштиради.


§ 5. Тест синовларини ўтказишда Давлат тест маркази

вакили, бино раҳбари, гуруҳ назоратчиси ва

абитуриентларнинг вазифалари, ҳуқуқлари

ва мажбуриятлари


32. Қуйидагилар Давлат тест маркази вакилининг вазифалари ҳисобланади:

бино раҳбарлари ва гуруҳ назоратчиларига умумий раҳбарлик қилиш ҳамда уларга амалий ёрдам кўрсатиш;

тест синовларининг бошланиши ва тугашини қатъий назорат қилиш, тезкор ахборотларни Давлат тест марказига юбориш, тест синовларини адолатли, холисона ва мазкур Низомда белгиланган талаблар асосида ўтишини таъминлаш.


33. Давлат тест маркази вакили ўзига юкланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва қабул комиссияларига кўрсатма бериш, мазкур Низом талабларига амал қилмаган бино раҳбарини, гуруҳ назоратчисини ва абитуриентни тест синовлари жараёнидан четлаштириш ҳамда Давлат тест маркази раҳбарияти билан келишилган ҳолда четлаштирилганлар ўрнига бошқа бино раҳбарини, гуруҳ назоратчисини тайинлаш ҳуқуқига эга.


34. Қуйидагилар Давлат тест маркази вакилининг мажбуриятлари ҳисобланади:

ўзига бириктирилган бинода тест ўтказиш тартибига қатъий риоя этилишини таъминлаш;

белгиланган саналарда эрталаб соат 05:30 дан кечикмасдан ўзига тегишли бинога етиб келиш ва назорат хизмати пости орқали паспорти (рухсатнома ёки гувоҳнома) билан кириш;

бино раҳбарлари ва гуруҳ назоратчилари рўйхатини хизмат постларига етказишни таъминлаш;

гуруҳ назоратчиларига абитуриент томонидан тест синовлари қоидалари бузилганда, уни тест синовларидан четлаштириш тўғрисида кўрсатма бериш;

тест синовлари тугагандан сўнг абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхати солинган ва муҳрланган пакетларни, тест материаллари қутиларини Давлат фельдъегерлик хизмати ходимларига топшириш.

35. Давлат тест маркази вакили абитуриентларга микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари, шпаргалкалар ва шу кабиларни берса ёки фойдаланилаётган ҳолатларда уларни тест синовларидан четлаштириш тўғрисида кўрсатма бермаса, мазкур ҳолат уни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.


36. Давлат тест маркази вакили Давлат тест маркази директорининг буйруғи билан алмаштирилиши мумкин.


37. Мазкур Низом талаблари асосида ўзига бириктирилган бинодаги гуруҳ назоратчилари фаолиятини ва абитуриентларнинг тест топширишини назорат қилиш бино раҳбарининг вазифаси ҳисобланади.


38. Бино раҳбари ўзига юкланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун Давлат тест маркази вакилидан амалий ёрдам олиши, мазкур Низом талабларига амал қилмаган гуруҳ назоратчисини, абитуриентни тест синовлари жараёнидан четлаштириш ҳамда Давлат тест маркази вакили билан келишилган ҳолда гуруҳ назоратчисини тайинлаш ҳуқуқига эга.


39. Қуйидагилар бино раҳбарининг мажбуриятлари ҳисобланади:

белгиланган саналарда эрталаб соат 05:30 дан кечикмасдан ўзига тегишли бинога етиб келиш ва назорат хизмати пости орқали паспорти (рухсатнома ёки гувоҳнома) билан кириш;

эрталаб соат 06:00 дан 06:30 гача гуруҳ назоратчиларига уларнинг рухсатномаларини тарқатиш ва тақсимотини расмийлаштириш;

биринчи сменада соат 06:30 дан 07:00 гача, иккинчи сменада соат 13:30 дан 14:00 гача абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхатини (икки нусхада) ва тест материалларини тарқатиш ва қабул қилиш баённомасини расмийлаштириш;

тест материаллари солинган захира қутиларини сейфга жойлаштириб, муҳрлаш;

ўзига бириктирилган бинодаги гуруҳ назоратчиларидан абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхатининг бир нусхасини тест синовлари жараёни бошлангандан сўнг 30 дақиқа ичида йиғиб олиш, ундаги ахборотнинг 30 дақиқа ичида Давлат тест марказига электрон шаклда юборилишини таъминлаш;

абитуриент тест материалида типографик хатолик борлиги ҳақида мурожаат қилса, зудлик билан захира қутиларидан таълим йўналиши ва тилига мос тест материалларини гуруҳ назоратчисига бериш ва захира тест материалларини тарқатиш баённомасини расмийлаштириш;

гуруҳларда тест синовларини ўтказиш тартибини бузган абитуриентларнинг тест синовларидан четлаштирилишини назорат қилиш;

тест синовининг тугаш вақтига қатъий амал қилиш;

тест синовлари учун белгиланган вақт тугагандан сўнг 20 дақиқа ичида жавоблар варақаси пакети, тест топшириқлари китоби қутиси гуруҳларда муҳрланишини назорат қилиш ҳамда гуруҳ назоратчиларидан муҳрланган жавоблар варақаси пакети ва тест материаллари қутиларини қабул қилиб олиш;

абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхати солинган ва муҳрланган пакетни, тест материаллари ҳамда бино бўйича тўпланган жавоб варақалари пакетлари солинган ва муҳрланган қутиларни Давлат тест маркази вакилига (Давлат фельдъегерлик хизматига) топшириш.

40. Бино раҳбари абитуриентларга микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари, шпаргалкалар ва шу кабиларни берса ёки ишлатишга имконият яратса, фойдаланилаётган ҳолатда кўриб туриб тест синовларидан четлаштириш учун кўрсатма бермаса, мазкур ҳолат уни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.


41. Тест синови ўтказилаётган гуруҳда мазкур Низом талабларига қатъий риоя қилиш ва адолатли ўтказилишини таъминлаш гуруҳ назоратчисининг вазифаси ҳисобланади.


42. Гуруҳ назоратчиси ўзига юкланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун бино раҳбаридан амалий ёрдам олиши, мазкур Низом талабларига амал қилмаган абитуриентни тест синовлари жараёнидан четлаштириш ҳуқуқига эга.


43. Қуйидагилар гуруҳ назоратчиларининг мажбуриятлари ҳисобланади:

тест синовлари ўтказиладиган куни ўзи бириктирилган бинога соат 05:30 дан кечикмасдан ортиқча буюмларсиз (уяли телефон, микрокалькулятор ва шу кабилар) паспорти билан етиб келиш ва соат 06:00 дан 06:30 гача бино штабида ўзларига тегишли рухсатномаларни олиш ва ўзига бириктирилган гуруҳнинг тест синовларига тайёрлигини текшириш, жараёнга салбий таъсир этувчи омиллар аниқланганда, уларни бартараф этиш чораларини кўриш;

гуруҳдаги столларнинг кетма-кетликда рақамланганлигини текшириш;

белгиланган вақтларда бино раҳбаридан абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхатини ҳамда тест материаллари қутисини қабул қилиб олиш;

абитуриентнинг рухсатномаси ва паспорти асосида текшириб, уларни гуруҳ рўйхати бўйича белгиланган жойига ўтиришини таъминлаш ҳамда тест синовларига келмаган абитуриентларнинг ўрнини бўш қолдириш;

тест материаллари қутисида абитуриентлар сонига мос тест топшириқлари китоби, жавоблар варақаси, ишлатилмаган тест топшириқлари китоблари, жавоблар варақаси учун бўш пакетлар ва муҳрлар мавжудлигини текшириш;

абитуриентларга тест топшириқлари китоби ва Давлат комиссияси томонидан намуна сифатида тасдиқланган жавоблар варақаларини тарқатиш;

тест топшириқлари китоби ва жавоблар варақасининг нуқсонсизлигини текшириб чиқиш ҳамда уларнинг тегишли бўлимларини расмийлаштириш бўйича абитуриентларга кўрсатма бериш;

тест топшириқлари китобида нуқсон мавжудлиги аниқланса, унинг биринчи бетига "нуқсонли" деб ёзиш, алмаштирилган вақтини кўрсатиш ҳамда абитуриентнинг фамилияси, исми, отасининг исмини ёзиб, имзолаш ва ушбу ҳолат ҳақида далолатнома тузиш;

тест синовларига келмаган абитуриентнинг тест топшириқлари китобини тест синовлари бошланганидан сўнг 15 дақиқа ўтгач ишлатилмаган тест топшириқлари китоби пакетига солиб муҳрлаш, абитуриентларнинг гуруҳ бўйича рўйхатига тест синовларига келмаган абитуриент исми-шарифининг тўғрисига "қатнашмади" деган ёзув киритиш ҳамда унинг жавоблар варақаси жавоблар варақаси пакетига солиб қўйиш;

биринчи сменада соат 08:00 дан 08:20 гача, иккинчи сменада соат 15:00 дан 15:20 гача абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхатини расмийлаштириш;

абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхатининг тўлдирилган бир нусхасини бино раҳбарига топшириш;

абитуриентлар билан тест топшириқлари бўйича савол-жавоб қилмаслик;

тест топшириқлари учун ажратилган вақт тугаганлигини эълон қилиш, абитуриентларни ўринларидан туришларини талаб қилиш;

абитуриентларга тест материалларини топшириш бўйича кўрсатма бериш;

тест топшириқлари китоби ва жавоблар варақасига шикаст етмаганлигини текшириб қабул қилиб олиш;

барча жавоблар варақаларини жавоблар варақалари пакетига солиш;

тест синовларида қатнашган абитуриентларнинг жавоблар варақаларини, "нуқсонли" деб топилган тест топшириқлари китобини, абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхатининг иккинчи нусхасини жавоблар варақаси пакетига солиб, пакетни муҳрлаш;

ишлатилмаган тест топшириқлари китоби пакети ҳамда ишлатилган тест топшириқлари китобларини тест материаллари қутисига солиб муҳрлаш;

тест синовлари тугагандан сўнг гуруҳда абитуриентлар бўлса, уларни ташқарига чиқариш;

тест материалларини бино раҳбарига белгиланган вақтларда топшириш ва топширганлигини тасдиқлаш.

44. Гуруҳ назоратчиси абитуриент тест топшириқлари китоби нуқсонли эканлиги ҳақида мурожаат қилса, биринчи сменада 08:00 гача, иккинчи сменада 15:00 гача қуйидаги ишларни амалга оширади:

гуруҳда тест синовларида қатнашмаган абитуриент учун ажратилган тест топшириқлари китобини мурожаат қилган абитуриентга беради;

гуруҳда ортиқча тест топшириқлари китоби бўлмаса, бино раҳбаридан захирадаги шу таълим йўналиши ва тилига мос бўлган тест топшириқлари китобини беришни сўрайди. Бу жараённи далолатнома билан расмийлаштиради.

45. Тест синовларини ўтказишда гуруҳ назоратчилари абитуриентларга микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари, шпаргалкалар ва шу кабиларни берса ёки ишлатишга имконият яратса, фойдаланилаётган ҳолатларда тест синовларидан четлаштирмаса ва ушбу ҳолат учун жавоблар варақасининг 4-бўлимини расмийлаштирмаса, мазкур ҳолат уларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.


46. Тест синовлари жараёнида абитуриент қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тест топшириқлари китобидан қоралама сифатида фойдаланиш;

тест топшириқларини белгиланган муддатдан олдин бажариш, ундан сўнг тест материалларини тартиб билан гуруҳ назоратчисига топшириш ҳамда тест синовлари ўтказиладиган ҳудуддан чиқиб кетиш.


47. Абитуриент тест синовлари ўтказиладиган куни бинога тегишли ҳудудга соат 07:00 (иккинчи смена соат 14:00) гача, бинога соат 07:30 (иккинчи смена соат 14:30) гача фақат абитуриент рухсатномаси ва паспорти билан шахсни идентификациялаш воситалари ҳамда видеофиксация қурилмалари орқали тартибли равишда кириши билан биргаликда, биринчи сменада соат 07:30 дан 08:00 гача, иккинчи сменада соат 14:30 дан 15:00 гача қуйидаги ишларни амалга оширишга мажбур:

тест материаллари нуқсонсизлигини текшириш ва нуқсон борлиги аниқланса, дарҳол гуруҳ назоратчисига хабар бериш;

жавоблар варақаси тўғри тўлдирилишини таъминлаш;

тест топшириқлари китоби муқовасида ва жавоблар варақасида кўрсатилган тегишли жойларни расмийлаштириш.

48. Абитуриент мазкур Низомнинг 47-бандида кўрсатилган мажбуриятлардан ташқари қуйидагиларга шахсан жавобгар ҳисобланади:

жавоблар варақасини ҳаво ранг пастали шарикли ручка билан тўлдириш;

жавоблар варақасини букмаслик, маркер чизиғига ёзмаслик, жавоблар варақаси рақами остида жойлашган доирачаларни бўямаслик;

жавоблар варақаси билим даражасини белгиловчи асосий ҳужжат бўлганлиги учун уни тўғри тўлдириш;

белгиланган вақт тугагунига қадар тест топшириқлари китобида мавжуд тест топшириқларини бажарган ҳолда жавоблар варақасининг мос тартиб рақамидаги тегишли доирачаларини бўяб, тест топшириқлари китобини ва унга мос бўлган жавоблар варақасини гуруҳ назоратчисига топшириш.


49. Ҳар бир тест топшириғига 4 тадан ("А", "В", "С", "D") муқобил жавоблар берилади.


50. Абитуриент томонидан ҳар бир тест топшириғига фақат битта жавоб белгиланиши шарт бўлиб, тест топшириқлари китобида тўғри деб ҳисобланган жавобларни жавоблар варақасидаги мос тартиб рақамли доирачадан биттасини бўяйди (жавоблар варақасида бўялган жавобларни ўзгартириш мумкин эмас). Агар, жавоблар варақасидаги "белгилаш учун намуна" қоидасига риоя этилмаса, жумладан, битта тест топшириғига жавоблар варақасида тегишли доирача бўялмаса ёки икки ва ундан ортиқ доирача бўялса ёхуд тўлиқ бўялмаса ушбу тест топшириғига балл берилмайди.


51. Абитуриентнинг тест синовларини топшириш вақтида гуруҳдан чиқиши тақиқланади, чиққан абитуриентлар қайтадан тест синовларига қўйилмайди. Тест материалларисиз, гуруҳ назоратчиси кузатуви остида гуруҳдан чиқиш ҳоллари бундан мустасно.


52. Қуйидаги ҳолларда абитуриент тест синовлари жараёнидан четлаштирилади ва натижалари чиқарилмаслигига асос бўлади:

тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога киришда микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация қурилмалари ва бошқа воситалар, шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса, олиб кирган бўлса ёки улардан тест синовлари давомида фойдаланса;

тест материалларини бошқа абитуриентга узатса ёки уларга ёрдам берса;

тест синовлари жараёнида бир-бири билан гаплашса;

тест материалларини бинодан ташқарига олиб чиқса, тест топшириқлари китоби варағини йиртса;

тест синовлари учун ажратилган вақт тугагандан сўнг тест материалларини топширишдан бош тортса;

тест синовлари жараёнида видеокузатувлар орқали абитуриентнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлиги аниқланса.



3-БОБ. ТЕСТ СИНОВЛАРИ НАТИЖАСИ БЎЙИЧА

БЕРИЛГАН АПЕЛЛЯЦИЯ ШИКОЯТЛАРИНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ


53. Тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар 21 августдан 30 августгача (белгиланган иш вақтига мувофиқ) бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган апелляция комиссиясига мазкур Низомга 13-иловада келтирилган шаклга мувофиқ ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга.

54. Апелляция комиссияси апелляция шикоятини кўриб чиқиш жараёнида қабул комиссияси аъзоларини, Давлат тест маркази вакилларини ҳамда гуруҳ назоратчиларини уларга тегишли масалалар бўйича жалб қилишга ҳақли.


55. Апелляция шикоятини берган абитуриент хабарномада белгиланган кунда ўзининг паспорти ва абитуриент рухсатномаси билан келиши шарт.


56. Апелляция шикояти кўрилаётган абитуриентга унинг жавоблар варақаси нусхаси, тест топшириқлари нотўғри бажарилган жавоблар рўйхати ҳамда тест синовларида абитуриентга тақдим этилган тест топшириқлари китоби берилади.

Тақдим этилган ҳужжатлар асосида абитуриент ўзининг ҳар бир нотўғри деб ҳисобланган тест топшириғига жавобларини ёзма равишда баён қилади ва қабул қилиб олган барча тест материаллари билан бирга апелляция комиссиясига тақдим этади.


57. Апелляция шикояти апелляция комиссияси томонидан фақат абитуриент иштирокида, унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади. Абитуриентнинг ёзма жавоблари ўз тасдиғини топмаган бўлса, апелляция комиссияси тест синовлари натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Абитуриент мурожаат қилганда унга апелляция шикояти бўйича қабул қилинган қарордан кўчирма берилади.

58. Абитуриентнинг жавоблар варақаси, тест топшириқлари китоби Давлат тест марказига белгиланган тартибда етказилмаган, йиртилган бўлса, шунингдек, тест синовларидан четлаштирилган ёки ўзининг жавобларини ёзма равишда баён қилмаган абитуриентнинг апелляция шикояти кўриб чиқилмайди.


59. Апелляция жараёнида қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

апелляция ўтказилаётган хонага уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар (луғат, жадваллар бундан мустасно) олиб киришга ҳаракат қилиш ёки олиб кириш;

апелляция жараёнида тест материалларини бошқа абитуриентга узатиш, уларга ёрдам бериш ёки ёрдам олиш;

тест топшириқлари китобининг варағини йиртиш.


60. Апелляция комиссиясининг қарори бўйича маълумот Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига апелляция жараёни тўлиқ тугаганидан сўнг беш иш куни ичида тақдим этилади.


61. Абитуриент апелляция комиссиясининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


62. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг

бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш

тест синовларини ташкил этиш

СХЕМАСИ

                

Босқичлар

Талаблар

Маъсуллар

Бажариш муддатлари

I босқич

Абитуриентларнинг ўқишга қабул қилиш учун рўйхатдан ўтказиш.

Олий таълим муассасалари қабул комиссиялари ёки Давлат хизматлари марказлари

ҳар йили

15 июндан

15 июлгача

 

II босқич

Халқаро ва республика фан олимпиадалари, танлов ва мусобақалар ғолиблари ва шу каби тест синовларисиз ўқишга кириш имтиёзига эга бўлган абитуриентлар ҳақидаги маълумотни қабул комиссиясининг раиси ва масъул котиби томонидан имзоланган ҳолда Давлат тест марказига тақдим этади.

Олий таълим муассасалари қабул комиссиялари

ҳар йили

16 июлда

 

III босқич

Тест синовлари ўтказиладиган биноларни тест синовларига тайёр ҳолатга келтиради ҳамда бу ҳақда Давлат тест марказига маълумот хабар беради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, олий таълим муассасалари қабул комиссиялари

ҳар йили

16 июлда

 

IV босқич

Касбий (ижодий) имтиҳонлар натижаларини махсус дастур орқали базага киритади, расмийлаштиради ва Давлат тест марказига тақдим этади.

Олий таълим муассасалари қабул комиссиялари

ҳар йили

22 июлда

 

V босқич

Мурожаат этган абитуриентларга рухсатномасини чоп этиб, тақдим этади.

Олий таълим муассасалари қабул комиссиялари

ҳар йили

24 июлда

 

VI босқич

1. Тест синовлари ўтказиладиган куни абитуриентларни белгиланган тартибда бинога киритилишини таъминлайди.


2. Тест синовларини белгиланган тартибда ўтказилишини таъминлайди.

Давлат тест маркази, Ички ишлар вазирлиги, олий таълим муассасалари қабул комиссиялари

ҳар йили

июль-август

 

VII босқич

Тест синовлари бўйича абитуриентларнинг тўплаган умумий балларини ДТМнинг расмий dtm.uz сайтида эълон қилади.

Давлат тест маркази

тест синови ўтказилган куннинг эртасига

 

VIII босқич

Танлов натижаларини эълон қилади

Ўзбекистон Республикаси таълим муасасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси, Давлат тест маркази

тест синовлари тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта ичида

 

IХ босқич

Абитуриентларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқади ва унинг натижаларини эълон қилади.

Ўзбекистон Республикаси таълим муасасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси, Давлат тест маркази

ҳар йили

21 август -

30 сентябрь

          

Низомга

12-ИЛОВА

Низомга

13-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Давлат тест маркази директорига

___________________________________

(абитуриентнинг Ф.И.О. ва яшаш манзили)


ТЕСТ НАТИЖАЛАРИ БЎЙИЧА

АПЕЛЛЯЦИЯ ШИКОЯТИ

     

Таълим муассасасининг коди ва номи

Гуруҳ

Махсус код

Жавоблар варақаси рақами




  

Менинг қуйидаги эътирозларимни кўриб чиқишингизни сўрайман:


1.

2.

3.

4.

5.

      






(абитуриент Ф.И.О.)


(имзо)


(сана)

  

Ариза 20____ йил "_____" ______________ соат __________ да кўриб чиқилади.






(ариза қабул қилувчи Ф.И.О.)


(имзо)


(сана)

М.Ў.



---------------------------------------(қирқиш чизиғи)-------------------------------------------


ХАБАРНОМА __________-сон


Ҳурматли



(абитуриент Ф.И.О.)

Аризангизни кўриб чиқиш учун 20___ йил "__" __________ соат _____да Давлат тест марказига паспорт ва рухсатномангиз билан етиб келишингиз сўралади.

20__ йил "_____" ______________






(ариза қабул қилувчи Ф.И.О.)


(имзо)

      


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 9 апрель











































Время: 0.2290
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск