ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суднинг амалиёти / Фуқаролик ишлари бўйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 05.12.2017 й. 6-1924/17-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИНИНГ

ҚАРОРИ

05.12.2017 й.

N 6-1924/17


(КЎЧИРМА)



Эр ва хотин уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишда тенг ҳуқуқларга эгадир


Даъвогар - Д.Ҳайитов (матндаги барча исм фамилиялар ўзгартирил ган) судга жавобгарлар - Ш.Ҳаққулова ва бошқаларга нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 16 350 АҚШ долларини ва шу пул ни 30 000 000 сўм банк фоизи билан, 60 000 000 сўм маънавий зарарни, 150 000 сўм давлат божини ҳамда ўзларининг пулига Р.Давронова томонидан олинган автомашиналарни ундириб беришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра, Д.Ҳайитовнинг даъво талаблари рад этилган.

Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанциясининг ажрими билан ҳал қилув қарори қисман бекор қилиниб, бекор қилинган қисми бўйича янги ҳал қилув қарори қабул қилинган. Унга кўра, даъвогар Д.Ҳайитовнинг фойдасига жавобгарлар - Р.Давронова, Шоҳида ва Шоира Ҳаққуловалар ҳисобидан солидар тартибда 33 027 000 сўм ундириш белгиланган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар Д.Ҳайитов билан жавобгар Шоҳида Ҳаққулова 2011 йил 9 декабрда қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурган, ўрталарида икки нафар фарзандлари бор.

2012 йил 11 декабрда Д.Ҳайитов билан Ш.Ҳаққулова ишлаш учун Россия Федерациясига кетишган.

Ш.Ҳаққулова 2015 йил 11 мартда, Д.Ҳайитов эса 2015 йил 7 сентябрда Ўзбекистон Республикасига қайтиб келган.

Иш материалларидаги банклар томонидан берилган маълумотномаларга қараганда, даъвогар Д.Ҳайитов 2014 йил июлдан 2015 йил апрелгача бўлган оралиқда жами 2500 АҚШ долларини, унинг турмуш ўртоғи Шоҳида Ҳаққулова эса 2013 йил февралдан 2014 йил апрелгача бўлган оралиқда жами 6600 АҚШ долларини жавобгар Шоира Ҳаққулованинг номига халқаро пул ўтказмалари орқали жўнатган.

Шунингдек, Шоира Ҳаққулованинг номига 2013 йил 7 ноябрда Н.Каримова томонидан 4500 АҚШ доллари, 2015 йил 8 мартда С.Мирзаев томонидан 1500 АКШ доллари, 2015 йил 13 апрелда Ж.Рўзиев томонидан 50 АКШ доллари, 2015 йил 6 июлда Б.Хушвақов томонидан 400 АКШ доллари ва 2015 йил 27 августда А.Бибиков томонидан 400 АКШ доллари банкнинг халқаро пул ўтказмалари орқали юборилган.

Даъвогар Д.Ҳайитов турмуш ўртоғи Ш.Ҳаққулова билан бирга Россия Федерациясида ишлаб топган ва қайнопаси Шоира Ҳаққуловага юборилган жами 16.350 АҚШ долларига қайнонаси Р.Давронованинг номига иккита автомашина сотиб олинганлигини, ўзининг ишлаб топган пулларини ва автомашиналарни ололмасдан юрганлигини билдириб, шу пулларни жавобгарлардан банк фоизи билан ундириб беришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради.

Биринчи инстанция суди ушбу Конун талабларига асосан ва иш ҳолатларидан келиб чиқиб, даъвогар - Д.Ҳайитов ва жавобгар Шоҳида Ҳақкулованинг меҳнат фаолияти натижасида ишлаб топган даромадлари эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланишини эътироф этган ҳолда бу пуллар уларнинг бири, яъни Шоҳида Ҳаққулова томонидан тасарруф қилинганлигини, бу пулларни унинг онаси Р.Давронова олганлиги исботланмаганлигини инобатга олиб, даъвони рад қилиш тўғрисида асосли хулосага келган бўлса-да, апелляция инстанцияси Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 234-моддасини нотўғри қўллаб ҳамда Р.Давронова, Шоҳида ва Шоира Ҳаққуловаларни солидар жавобгарликка тортиб, улардан даъвогарнинг фойдасига 16 350 АҚШ долларининг сўмдаги қийматини ундириш ҳақида асоссиз хулосага келган.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 24-моддасига биноан, эр ва хотин уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишда тенг ҳуқуқларга эгадир. Эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкини тасарруф этиши билан боғлиқ битим тузилганда бу ҳаракат бошқасининг розилигига кўра амалга оширилаётганлигини англатади.

Жавобгар - Шоҳида Ҳаққулова эса, даъвогар - Д.Ҳайитов билан бирга ишлаб топган, умумий мулк ҳисобланган пулларни опаси Шоира Ҳаққуловадан қайтариб олиб, уларни ҳар хил мақсадларда сарфлаган. Даъвогар - Д.Ҳайитов Россия Федерациясидан 2015 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга қайтиб келган ва бундан хабардор бўлса-да, оиласида келишмовчиликлар вужудга келмасидан олдин пулларни жавобгарлардан қайтариб олиш масаласида даъво қўзғатмаган. Бундан кўринадики, эр-хотин ўрталарида ўзларининг ишлаб топган даромадларининг сарфланиши масаласида 2017 йилгача низо бўлмаган.

Шу билан бирга, даъвогар - Д.Ҳайитовнинг жавобгар - Р.Давлатованинг номидаги "Нексия" ва "Дамас" русумли автомашиналар турмуш ўртоғи билан бирга Россия Федерациясида ишлаб топган пулларига сотиб олинганлиги ҳақидаги важлари ҳам ҳеч бир асосли далил билан исботланмаган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 57-моддасига кўра, ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эъти- розларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.

Бундай ҳолатда жавобгарлар - Р.Давлатова, Шоҳида ва Шоира Ҳаққуловалар билан даъвогар - Д.Ҳайитов ўртасида солидар жавобгарлик асосида бирон-бир мажбурият вужудга келган, деб бўлмайди.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанциясининг мазкур фуқаролик иши бўйича чиқарган ажримини бекор қилиб, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим деб топади.



"Одил судлов", 2018 й., 1-сон













































Время: 0.0194
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск