ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суднинг амалиёти / Жиноят ишлари бўйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 14.09.2017 й. 5-978-17-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИНИНГ

ҚАРОРИ

14.09.2017 й.

N 5-978-17


(КЎЧИРМА)



Айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим


Жиноят ишлари бўйича туман судининг 2015 йил 9 сентябрдаги ҳукмига кўра, С. Ботирова (матндаги барча исм ва фамилиялар ўзгартирилган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси (ЖК) 167-моддаси иккинчи қисмининг "в", "г" бандлари, 209-моддасининг биринчи қисми, 227-моддасининг иккинчи қисми "а" банди, 205-моддасининг биринчи қисми билан айбли деб топилиб, 2013 йил 12 декабрдаги амнистия акти 1-бандининг "а" кичик бандига асосан жазодан озод қилинган.

Суднинг ҳукмига кўра, С. Ботирова:

2006 йил 6 мартдан "Ғунча" номли 5-сонли мактабгача таълим муассасасининг мудираси лавозимида ишлаб келиб, 2011 йилдан 2013 йил сентябрь ойига қадар бошқа шахслар билан бир гуруҳ бўлиб, муассаса ходимларига иш хақи ҳисоблаш ва бадал пулларини ундиришда расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиб, жами 4 020 441 сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилганликда;

мансабдор шахс бўлгани ҳолда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, жиноий ҳаракатларини яшириш ҳамда фош этилишини қийинлаштириш мақсадида муассасанинг қатъий ҳисобида турадиган ва ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган 2010 йилдаги молия-хўжалик бўйича юритиладиган бюджет маблағларининг ҳаракатига доир жамланма, бюджетдан ташқари маблағлар ҳаракатига доир жамланма, иш ҳақи ва стипендиялар бўйича ҳисоб-китоб варақалари йиғиндиси, турли ташкилот ва муассасалар билан олиб бориладиган ҳисоб-китоблар бўйича жамланма, озиқ-овқат маҳсулотларининг киримига доир жамланма, озиқ-овқат маҳсулотларининг сарфига доир жанланма, таълим муассасаларида болаларни сақлаганлик учун ота-оналар билан олиб бориладиган ҳисоб-китоблар бўйича қайднома, иш вақти ҳисоби ва иш ҳақи ҳисоблаш табеллари каби бирламчи ҳужжатлар ҳамда солиқ ва статистик ҳисоботларни текширишга тақдим қилмасдан, ушбу ҳужжатларни нобуд қилиб, ходимларнинг меҳнат фаолияти, иш стажи, уларга ҳисобланган ва тўлаб берилган иш ҳақларига доир ҳа??оний маълумотларни аниқлаш имкониятини қолдирмаганлиги оқибатида давлат, муассаса ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига жиддий зиён етказганликда айбли деб топилган.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанциясининг 2015 йил 17 ноябрдаги ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2016 йил 21 июлдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанциясининг 2015 йил 17 ноябрдаги ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгидан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юборилган.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанциясининг 2016 йил 26 октябрдаги ажрими билан суд ҳукми ўзгартирилиб, С. Ботированинг айбидан ЖК 167-моддаси иккинчи қисмининг "в", "г" бандлари, 209-моддасининг биринчи қисми чиқарилиб, ишнинг шу қисми тугатилган ва унинг ҳаракатлари ЖК 227-моддаси иккинчи қисмининг "а" банди, 205-моддасининг биринчи қисмидан шу Кодекс 207-моддасининг биринчи қисмига қайта квалификация қилиниб, 2013 йил 12 декабрдаги амнистия актига асосан жазодан озод қилинган.

Жиноят-процессуал кодекси (ЖПК)нинг 9-моддасида шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмиши учунгина жавобгар бўлиши белгиланган.

ЖПКнинг 22-моддасида иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар тўла ва холисона текшириб чиқилиши, судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Суд ҳукми тўғрисида" 2014 йил 23 майдаги қарорининг 5-бандида ҳукм ЖПКнинг 26, 90 ва 455-моддалари талабига биноан фақат суд мажлисида текширилган ва суд мажлиси баённомасида ўз аксини топган далилларга асосланган бўлиши лозимлиги;

6-бандида ишда тўпланган далилларнинг етарли эмаслиги сабабли улар далил ҳисобланмаслиги ёки қўйилган айбловда судланувчининг тўлиқ айбдорлиги тўғрисидаги шубҳани бартараф қилишнинг имкони йўқлиги ҳақидаги суднинг асослантирилган хулосаси оқлов ҳукми чиқариш учун асос бўлиши ҳақида тушунтиришлар берилган.

Бироқ, судлар томонидан юқорида қайд этилган қонун талаблари ва Олий суд Пленуми қарори тушунтиришларига риоя этилмаган.

Иш бўйича чиқарилган суд қарорларидан кўринишича, апелляция инстанцияси суди муҳокамаси даврида тўпланган далилларга асосан С. Ботированинг бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш ҳамда мансаб сохтакорлиги жиноятларида айблилиги исботланмаганлиги боис, унинг зиммасидан мазкур айбловлар чиқарилиб, ишнинг шу қисмини тугатиш ҳақида асосли хулосага келинган.

Бундан ташқари, апелляция инстанцияси ишнинг яна бир қисми юзасидан С. Ботирова "Ғунча" номли 5-сонли мактабгача таълим муассасасининг мудираси лавозимида ишлаб келиб, ўзига юклатилган вазифаларга лоқайдлик билан муносабатда бўлиши оқибатида муассасанинг 2010 йил молия-хўжалик фаолияти бўйича юритилган бирламчи ҳужжатлар ҳамда солиқ ва статистик ҳисоботларни текширишга такдим қилмасдан, ҳужжатларнинг муассасада сақланишини лозим даражада назорат қилмасдан, бошқа йиллар учун юритилган ҳужжатларни текширишга такдим қилишда уларни рўйхатдан ўтказиб, тегишли тартибда расмийлаштирилишини таъминламасдан текширувчиларга топшириши оқибатида давлат, муассаса ва фуқароларнинг манфаатларига жиддий зиён етказганлиги ҳақида хулосага келиб, унинг ҳаракатларини ЖК 205-моддасининг биринчи қисми, 227-моддаси иккинчи қисмининг "а" бандидан шу Кодекс 207-моддасининг биринчи қисмига қайта квалификация қилган.

Гувоҳ Т. Алиев апелляция инстанциясида 2013 йилдан прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаментининг шаҳар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келгани, 2013 йил октябрь ойида 5-сонли мактабгача таълим муассасасини текшириш учун молия бўлимидан текширувчиларни олиб боргани, шаҳар молия бўлимининг буйруғига асосан текширувчи ажратилгани, муассасадан ҳужжатларни молия бўлими ходимлари олишгани, ҳужжатлар олинган вақтда баённома расмийлаштирилмагани, ҳужжатлар Департамент биносига олиб келиниб, шундан сўнг ҳужжатларни олиш хақида баённома расмийлаштирилгани, бироқ баённома тузилишида иштирок этмагани ҳамда ҳужжатларнинг йўқолганидан хабари бўлмагани ҳақида;

гувоҳ К. Каттаев дастлабки тергов ва апелляция инстанцияси судида шаҳар молия бўлимида сектор ҳисобчиси вазифасида ишлаб келиши, буйруқ асосида 5-сонли мактабгача таълим муассасасининг молиявий-хўжалик фаолияти текширувида иштирок этгани, мактабгача таълим муассасасига бўлим ходими М. Келдиева ва Департаментнинг шаҳар бўлими бошлиғи Т. Алиев билан бирга боришгани, муассасадан тегишли ҳужжатларни олиб Департамент биносига келтиришгани, орадан бир неча кун ўтгач 5-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳисобчиси Т. Тоғаева билан бирга олиб келинган ҳужжатларни рўйхат қилишгани, шунда текширувга 2010 йил учун бош журнал ва 242-шакл тақдим қилиниб, молиявий фаолиятга оид қолган ҳужжатлар йўқлигини билгани, ҳужжатларни қайси куни рўйхат қилишгани, боғчага қайси куни борганларини эслай олмаслиги, текширишда фақат ҳужжатларни рўйхат қилгани, лекин ҳисоб-китоб ва бошқа текширувларда иштирок этмагани ҳақида;

гувох Т. Тоғаева дастлабки тергов ва апелляция инстанциясида 2011 йил февралдан 2012 йил февралга қадар 5-сонли мактабгача таълим муассасасида ҳисобчи вазифасида ишлагани, кейин ҳисобчи вазифасида 2013 йил февралгача П. Зокиров ишлаб, шундан сўнг яна ўзи ҳисобчи вазифасида ишини давом эттиргани, муассасада ўтказилган текширишда иштирок этгани, ҳужжатларни М. Келдиевага олиб бориб топширгани, текширишда К. Каттаев ҳам қатнашгани, 2013 йил 3 октябрь куни М. Келдиева ва К. Каттаев 2011-2013 йил учун ҳужжатларни олиб кетишгани, 2010 йил учун ҳужжатлар муассасада бўлгани, 2013 йил 4 октябрь куни 2010 йил ҳужжатлари ҳам олиб бориб берилгани, 2010 йил учун ҳужжатларни М. Отаева олиб чиқиб бергани, орадан бир неча кун ўтиб, 2013 йил 18 октябрь куни Департамент биносига бориб, муассасадан олиб кетилган молиявий ҳужжатларни рўйхат қилишда иштирок этгани, К. Каттаев ҳужжатларни молия бўлимидан Департаментга олиб боргани, ҳужжатларнинг рўйхатини тузиш давомида 2010 йил учун ҳужжатлар йўқлигини билгани ҳақида;

гувоҳ М. Отаева апелляция инстанциясида 5-сонли мактабгача таълим муассасасида кир ювувчи ва касаба уюшмаси раиси бўлиб ишлагани, муассасанинг 2010 йил молиявий фаолиятига оид ҳужжатларни молия бўлими ходими М. Келдиевага олиб бориб топширгани, унга ҳужжатларни топширган вақтида олгани ҳақида ҳеч қандай ҳужжат бермагани, 2010 йил учун тузилган ҳужжатларни олиб борган вақтида М. Келдиева билан К. Каттаев ҳам бирга бўлгани ҳақида;

гувоҳ О. Бобоев дастлабки терговда молия бўлими мутахассиси бўлиб ишлаши, СВОЖЖДЛҚК департаментининг шаҳар бўлими хатига асосан текшириш ўтказиш бошланган вақтда 5-сонли мактабгача таълим муассасасининг барча молиявий фаолиятига оид ҳужжатлар шаҳар Департаментига олиб борилгани, шундан сўнг орадан бир неча кун ўтгач шахар Департаментида 5-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳисобчиси Т. Тоғаева ва К. Каттаев олиб келинган ҳужжатларни рўйхат қилишгани, шунда 2010 йил учун бош журнал ва 242-шакл тақдим қилиниб, қолган молиявий фаолиятга оид ҳужжатлар йўқлиги аниқлангани ҳақида кўрсатувлар беришган.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 173-моддасида давлат молиявий назорати тафтиш, текшириш (шу жумладан, бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг аввалги тафтишда ёки текширишда аниқланган бузилиши ҳолларини бартараф этиш юзасидан назорат тартибидаги текшириш) ва ўрганиш шаклида амалга оширилиши;

175-моддасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари ўз ваколатлари доирасида молиявий назоратни амалга ошириши;

180-моддасида якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назорати назорат режасига кўра амалга оширилиши ва давлат молиявий назорат органининг қарори асосида ўтказилиши, якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назоратини амалга оширувчи мансабдор шахс давлат молиявий назорат органи қарорининг кўчирма нусхасига ва хизмат гувоҳномасига эга бўлиши кераклиги белгиланган.

ЖКнинг 82-моддасида айблов ҳукми чиқариш учун жиноят туфайли етказилган зиённинг хусусияти ва миқдори, қилмиш ва рўй берган ижтимоий хавфли оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланиш, жиноятнинг ушбу шахс томонидан содир этилганлиги ва бошқа ҳолатлар исботланган бўлиши кераклиги;

85-моддасида исбот қилиш ишни қонуний, асосланган ва адолатли ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги ҳақиқатни аниқлаш мақсадида далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашдан иборатлиги;

86-моддасида исбот қилишни суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд амалга ошириши, исбот қилишда иштирок этишга гувохлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, холислар, шунингдек бошқа фуқаролар ва мансабдор шахслар жалб этилиши, улар ушбу Кодексда белгиланган тартибда далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолаш билан боғлиқ ҳуқуқларни амалга ошириши ҳамда мажбуриятларни бажариши;

87-моддасида далиллар олиб қўйиш ҳамда бошқа бир қатор тергов ва суд ҳаракатларини юритиш йўли билан тўпланиши;

88-моддасида далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолаш жараёнида фуқароларнинг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қўриқлаш таъминланиши кераклиги, тергов ёки суд ҳаракатлари жараёнида олиб қўйиладиган нарсалар ва ҳужжатлар тегишли баённомаларда аниқ кўрсатилиши кераклиги, шу билан бирга нарса ёки ҳужжат эгасига баённома нусхаси ёки унинг кўчирмаси топширилиб, тилхат олиниши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида" 2004 йил 24 сентябрдаги қарорида ЖПКнинг 11-моддасида мустаҳкамланган қонунийлик принципига мувофиқ ҳар бир жиноят иши бўйича иш юритиш жиноят-процессуал қонунида белгиланган тартибга қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилиши шартлиги, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан қонунни аниқ бажаришдан ва унга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, у қандай сабабга кўра юз берганлигидан қатъи назар, шу йўл билан олинган далилларнинг номақбул (яроқсиз) деб топилишига олиб келиши, номақбул далиллар юридик кучга эга бўлмай, улардан ЖПКнинг 82-84-моддаларида назарда тутилган ҳолатларни исботлаш учун фойдаланиш ҳамда уларни айблов асосига қўйиш мумкин эмаслиги ҳақида тушунтиришлар берилган.

Жиноят ишидаги шаҳар молия бўлими томонидан берилган 2015 йил 6 июлдаги маълумотномада, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солик, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти шаҳар бўлимининг 2013 йил 3 октябрдаги хатига асосан молия бўлими ходимлари томонидан "Ғунча" номли 5-сонли мактабгача таълим муассасасида текшириш ўтказилгани қайд этилган.

"Ғунча" номли 5-сонли мактабгача таълим муассасасида текшириш ўтказиш ҳақида шаҳар бўлими бошлиғининг буйруғи 2013 йил 4 октябрь санаси билан чиқарилган бўлиб, мазкур буйрук бўлим мутахассислари М. Келдиева ва К. Каттаевга 2013 йил 7 ноябрь куни таништирилган.

Шунингдек, "Ғунча" номли 5-сонли мактабгача таълим муассасасидан 2013 йил 3 октябрь куни олинган муассаса молиявий-хўжалик фаолиятига оид ҳужжатлар орадан анча вақт ўтганидан сўнг 2013 йил 18 октябрь куни СВОЖЖДЛҚК департаменти шаҳар бўлимида молия бўлими мутахассислари томонидан рўйхат қилиб чиқилган.

Иш ҳужжатларига қараганда, С. Ботированинг шаҳар молия бўлими мутахассиси М. Келдиева молиявий фаолиятларига ёрдам бериб туриши учун пора тариқасида пул олиб келгани ҳақида МХХ вилоят бошқармаси бошлиғи номига ёзган аризасига асосан 2013 йил 7 октябрь куни ўтказилган тадбирда М. Келдиева олган пулларини қайтариб бераётган вақтда ушланиб, унга нисбатан ЖКнинг 214-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Иш ҳолатлари ҳамда гувохларнинг кўрсатувларидан аникланишича, 2013 йил 3 октябрь куни мактабгача таълим муассасасида текшириш ўтказиш ҳуқукини берувчи қарор мавжуд бўлмаганидан ташқари, муассаса молия-хўжалик фаолиятига тегишли ҳужжатларни олишда ҳам бирорта ҳужжат расмийлаштирилмаган.

Бундан ташқари, гувохлар Г. Тоғаева ва М. Отаева муассаса молиявий-хўжалик фаолиятига оид қўшимча ҳужжатларни Департамент биносига олиб бориб топширишгани ҳақида кўрсатувлар берган бўлиб, мазкур ҳужжатларни олишда ҳам тегишли ҳужжат расмийлаштирилмаган.

Шундай ҳолда, С. Ботирова ва мутахассис М. Келдиева ўртасида жиддий зиддият юзага келган ҳамда муассаса молиявий-хўжалик фаолиятига тегишли ҳужжатлар ким томонидан ва қандай тарзда сақланганлиги номаълум бир ҳолатда муассасадан олинган ҳужжатлар рўйхати тузилиб, шу даврда муассасанинг 2010 йил фаолиятига оид ҳужжатлар йўқлиги аниқлангани қайд этилган.

Шунингдек, "Ғунча" номли 5-сонли мактабгача таълим муассасасининг 2017 йил 15 июндаги маълумотномасида муассасанинг молиявий фаолиятига доир 2010 йилги ходимларнинг иш ҳақи табеллари ва аслига тўғри ёзуви билан муҳрланган тўлов қайдномалари, пул ўтказмаси нусхалари мавжудлиги, келгусида муассаса ходимларининг иш стажи ва иш ҳақларини аниқлашда ҳеч қандай тўсиқлар мавжуд эмаслиги кўрсатилган.

Жиноят ишида С. Ботирова томонидан муассасанинг молиявий фаолиятига доир ҳужжатларни сақлаш ва текширувчиларга топширишда лоқайдлик ва бепарволикка йўл қўйиб, айнан 2010 йил учун юритилган ҳужжатларнинг йўқолишига сабабчи бўлганлигидан далолат берувчи далиллар бўлмасдан, шунингдек унинг шу қилмишни содир этганлигини исботловчи бошқа далилларни тўплаш имконияти ҳам мавжуд эмас.

Бундай ҳолда С. Ботирова ўз вазифаларига лоқайдлик ва бепарволик билан қараб, муассасанинг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни йўқотиб, муассаса ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига жиддий зиён етказилишига сабабчи бўлган деб бўлмайди.

ЖПК 23-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим.

Шу сабабли, судлов ҳайъати С. Ботированинг қилмишида жиноят таркиби мавжуд эмаслигини эътиборга олиб, унга оид 2015 йил 9 сентябрдаги суд ҳукми ҳамда жиноят ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанциясининг 2016 йил 26 октябрдаги ажримини бекор қилиб, жиноят ишини ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатишни лозим топади.



"Одил судлов", 2018 йил 2-сон







































Время: 0.0214
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск