ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.04.2018 й. ПҚ-3677-сон "Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

20.04.2018 й.

N ПҚ-3677



ТАДБИРКОРЛИК ВА ШАҲАРСОЗЛИК

ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН

ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ ДОИМИЙ ФОЙДАЛАНИШГА

БЕРИШ ТАРТИБИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ерлардан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектларни мақбул жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ер участкаларини бериш тартиб-таомиллари ношаффоф ва бюрократиялаштирилган бўлиб қолмоқда, бу эса тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳудудларнинг замонавий меъморий қиёфасини яратишда ерлардан самарали фойдаланишга тўсқинлик қилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига келиб тушаётган ер участкаларини беришдаги ҳуқуқбузарликлар ёки уларни асоссиз олиб қўйиш билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар ер участкаларини беришнинг танлов тартиби лозим даражада йўлга қўйилмаганлигини кўрсатмоқда.

Ваколатли органлар фаолиятида ер участкаларини бериш бўйича материалларни кўриб чиқиш ва келишишда ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан тўлиқ ҳажмда фойдаланиш таъминланмаяпти, бу эса рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни расмийлаштириш муддатларининг чўзилишига ва бюрократик тўсиқларга сабаб бўлмоқда.

Кўпчилик аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режалари ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд эмаслиги, эскирган ва замонавий талабларга жавоб бермайдиган шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари комплекс қуриш талабларига риоя этилмаслигига ва аҳоли пунктларининг меъморий қиёфаси ёмонлашувига олиб келмоқда.

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини бериш механизмларини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлардаги бюрократик тартиб-таомиллар ва тўсиқларни қисқартириш мақсадида:


1. Шундай тартиб белгилансинки, унга кўра:

юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини мулк ёки ижара ҳуқуқи асосида бериш "E-AUKSION" электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион орқали амалга оширилади, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ер участкаларини ижарага бериш ҳоллари бундан мустасно;

ер участкаларини бериш бўйича материалларни йиғиш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда қонун ҳужжатлари нормаларини ва амалиётда уларни қўллашдаги мавжуд муаммоларни танқидий таҳлил қилиш асосида юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бирхиллаштириш бўйича қарор қабул қилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланишга бериладиган ер участкаларини ажратиш бўйича материалларни йиғиш ва ваколатли ташкилотлар билан келишиш тартиб-таомилларини бажариш бўйича автоматлаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишни, шунингдек, унинг "E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончаси билан интеграция қилишни;

тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга "E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион ўтказиш орқали берилишини ташкил этишни таъминласин.


3. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

аҳоли пунктларининг бош режалари лойиҳаларига, қишлоқ (овул) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларига бўлган талабларни лойиҳаларнинг таркибини, уларни келишиш тартиби ва муддатларини соддалаштирган, шунингдек, аҳоли пунктларини ривожлантириш ва қуришни режалаштириш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш нархларини пасайтирган ҳолда тубдан қайта кўриб чиқишни;

аҳоли пунктлари қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича ишларни молиялаштиришда тадбиркорлик субъектлари - давлат-хусусий шериклик иштирокчиларига батафсил режалаштириш лойиҳаларида кўрсатилган чегаралар доирасида ер участкаларини олишга устунлик ҳуқуқини тақдим қилган ҳолда давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этишни;

аҳоли пунктлари бош режаларидан, қишлоқ (овул) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларидан уларнинг очиқ график қисмини Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари веб-сайтларида эълон қилиш орқали ҳамманинг фойдаланиш имкониятини таъминлашни назарда тутувчи таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


4. Қуйидагилар:

ҳисоб-китоб (смета) қиймати 2 миллиард сўм ва ундан юқори бўлган объектларни қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати даражасида тасдиқлаш;

қурилиш (реконструкция, капитал таъмирлаш) қиймати олдин эълон қилинган қийматидан ошган ижтимоий ва фуқаролик аҳамиятга эга объектлар бўйича хулосалар бериш тартиби бекор қилинсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 27 декабрдаги "Ижтимоий ва фуқаро объектларини лойиҳалаш ва қуришда тегишли тартиб ўрнатиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-1666-сон қарори ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б. Муродов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                     Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 21 апрель


"Халқ сўзи", 2018 йил 21 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 23 апрель, 16-сон, 336-модда









































Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск