ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Электрон тижорат /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.05.2018 й. ПҚ-3724-сон "Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

14.05.2018 й.

N ПҚ-3724



ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТНИ

ЖАДАЛ РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштиришда, шу жумладан, электрон тижоратни ривожлантиришда муайян натижаларга эришиш имконини берди.

Шунга қарамай, мамлакатда электрон тижоратнинг тўлақонли бозорини яратишга, товарлар (хизматлар) ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарнинг ташқи бозорларга чиқишига тўсиқ бўлаётган қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Хусусан:

биринчидан, электрон тижорат соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг амалдаги тизими соҳа тараққиётининг жадал суръатлардаги ўзгаришларига мос келмайди ва ўз навбатида аҳоли кенг қатлами ва тадбиркорлик субъектлари учун электрон тижоратдан фойдаланиш имконини таъминламайди;

иккинчидан, маҳаллий тадбиркорлик субъектларига ташқи бозорларда тўлиқ рақобатлашиш, шунингдек, харажатларни оптималлаштириш имконини бермаётган электрон тижорат орқали товарлар (хизматлар)ни экспорт қилишнинг эскирган бюрократик тўсиқлари сақланиб қолмоқда;

учинчидан, электрон тижоратни ривожлантиришга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш жараёни лозим даражада йўлга қўйилмаган, бу эса иқтисодиётни рақамлаштириш ва тадбиркорлик фаолияти ривожланишининг тўхтаб туришига олиб келмоқда;

тўртинчидан, маҳаллий тўлов тизимларининг машҳур хорижий аналоглари билан интеграцияси йўқлиги, мамлакат тадбиркорлик субъектларининг электрон тижорат соҳасидаги етакчи хорижий ташкилотлар билан тўлиқ халқаро ҳамкорликда ишлашларига, шунингдек, маҳаллий бозорнинг экспорт салоҳияти ва рақобатбардошлигига таъсир қилмоқда;

бешинчидан, электрон тижорат имкониятлари ва афзалликларини, жумладан, товарлар (хизматлар) учун, айниқса, жойларда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш даражаси пастлигича қолмоқда, бу эса хуфёна иқтисодиёт ҳажмининг ошишига ва давлат бюджетига солиқ тушумларининг камайишига олиб келмоқда;

олтинчидан, амалдаги солиққа тортиш тизими электрон тижорат соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари, жумладан, ахборот воситачилари фаолиятини кенгайтиришни рағбатлантирмайди, бу эса Интернет тармоғи орқали маҳсулотларни хуфёна айирбошлаш ҳажми ошишига олиб келмоқда, шунингдек, ушбу соҳага инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилишни чекламоқда.

Мамлакатда электрон тижоратни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, товарлар (хизматлар)ни Интернет тармоғи орқали реализация қилиш учун замонавий механизм ва тартиб-таомилларни жорий қилиш, маҳаллий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини экспорт қилиш географиясини кенгайтириш ва ҳажмини ошириш мақсадида:


1. Белгилаб қўйилсинки:

қонун ҳужжатларига мувофиқ электрон тижорат иштирокчилари томонидан хизматлар кўрсатиш жараёнида ахборот тизимлари томонидан шакллантириладиган, битимлардаги томонларни идентификациялаш имконини берувчи электрон чеклар, квитанциялар, хабарлар ва бошқа усуллар товарлар (хизматлар) учун тўловларни тасдиқловчи квитанциялар, талонлар, чипталар ва бошқа ҳужжатларга тенглаштирилади;

тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон тижорат битимларини амалга оширишда тўловлар виртуал терминаллар (E-POS) орқали харидорга нақд пулни қабул қилганлиги тўғрисида электрон чек ёки бошқа тасдиқловчи хужжатни мажбурий юборган ҳамда инкассация қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда пул маблағларини хизмат кўрсатувчи банкга топшириш шарти билан нақд пул шаклида қабул қилиниши мумкин;

электрон тижорат субъектлари савдо фаолиятини амалга оширишда тўлов терминалларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик субъектларининг корпоратив банк карталари, шунингдек, электрон тўлов тизимлари орқали тўловларни қабул қилиш ҳуқуқига эгадирлар;

халқаро тўлов тизими орқали тўланган ҳолда бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали битта инвойс бўйича 5 минг АҚШ долларигача товар (хизмат)ларни экспорт қилишда харидор билан ёзма шартнома тузиш талаб этилмайди ва барча юридик ва жисмоний шахсларга умумқабул қилинган халқаро амалиётга мувофиқ ҳисобот юритган ҳолда Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига ахборот киритмасдан ҳамда почта алоқа хизматлари кўрсатиш қоидаларига мувофиқ юкнинг божхона декларациясини расмийлаштирмасдан амалга оширишга рухсат этилади;

виртуал терминаллар (E-POS) шу турдаги назорат-касса машиналари ва тўлов терминалларига тенглаштирилади.


2. Белгилансинки, 2018 йил 1 июлдан бошлаб:

электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни етказиб бериш бўйича хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига учинчи шахслар (товарларни сотувчилар) учун тўловларни кейинчалик уларни белгиланган тартибда инкассация қилиш шарти билан қабул қилиш ҳуқуқи берилади;

электрон тижорат орқали сотиладиган товарлар (хизматлар) учун уларнинг умумий қийматидан мажбурий 15 фоизли олдиндан тўлов тўлаш талаби бекор қилинади;

электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни сотувчига ва етказиб берувчига шахсий мулк, ижара ва бошқа фойдаланиш ҳуқуқига асосан тегишли бўлган автомобиль транспортида Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб етказиб беришда шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро автомобилда йўловчилар ва юк ташишларни амалга ошириш учун лицензия олиш талаб қилинмайди, қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно;

электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббиёт буюмларини реализация қилиш, фақат сақлаш ва етказиб беришда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш тартиби ва талабларига қатъий риоя қилган ҳамда қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда амалга оширишга рухсат этилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Марказий банк билан биргаликда бир ой муддатда етакчи хорижий савдо майдончалари (ebay, Amazon ва бошқалар), тўлов тизимлари (Paypal) билан музокаралар ўтказишни ташкил этсин ва ўтказилган музокаралар якуни бўйича маҳаллий тадбиркорлик субъектларига ушбу савдо майдончалари ва тўлов тизимлари орқали товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконини яратиш бўйича аниқ таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига киритсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббий буюмларни, уларни сақлаш ва етказиб бериш талаблари ва шартларини инобатга олган ҳолда, реализация қилиш ва етказиб бериш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

икки ой муддатда электрон тижорат соҳасида давлат миқёсидаги ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштириш механизмини инобатга олган ҳолда Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низомга ўзгартиришлар киритсин;

мижозларни мобиль алоқа рақамига боғлиқ ҳолда масофадан идентификация қилиш механизмининг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида 2018 йил якунига қадар мобиль алоқа тармоғи абоненти бошқа мобиль алоқа тармоғига ўтганда телефон рақамини сақлаб қолиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси икки ой муддатда электрон дастурий маҳсулотлар, ахборот маҳсулотларидан фойдаланиш ҳуқуқини расмийлаштириш, шу жумладан, "булутли технологиялар" хизматини харид қилиш ва унга обуна бўлишнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш ва божхона расмийлаштируви (декларациялаш) тартибини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини киритсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Марказий банк билан биргаликда 2018 йил якунига қадар мобиль телефонлар (планшетлар) қўлланилишини инобатга олган ҳолда банк карталари ва нақд пул тўловларини қабул қилувчи ягона қурилмаларни (E-POS терминал ва онлайн НКМ бир қурилмада) жорий этиш бўйича зарур чоралар кўрсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 1 июлга қадар муддатда Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестрини (кейинги ўринларда Миллий реестр деб юритилади) яратиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки:

Миллий реестрни юритиш электрон шаклда онлайн режимда амалга оширилади;

Миллий реестрга ихтиёрий ва бепул асосда товар (хизмат)ларни электрон тижорат орқали сотишдан олган даромадлари умумий сотилган товарлар (хизматлар) ҳажмининг камида 80 фоизини ташкил этувчи, шу жумладан, электрон тижоратда электрон савдо майдончалари, товарларни етказиб бериш, электрон ҳужжатлар ва хабарларни сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар киритилади.


9. Миллий реестрни шакллантириш, юритиш ва келгусида ривожлантириш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги "Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" давлат муассасасига юклатилсин.

10. Миллий реестрни юритишнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

электрон тижорат иштирокчилари тўғрисидаги ягона электрон ахборот банкини яратиш;

электрон тижоратни жорий этиш ва ривожлантириш ҳолатининг тизимли мониторингини олиб бориш ва баҳолаш, шу жумладан, ахборот тизимлари ва ресурсларини жорий қилишнинг самарадорлигини ўрганиш;

электрон тижоратни самарали ривожлантириш учун мақсадли таҳлилини олиб бориш ва амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

12. 2018-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида электрон тижоратни ривожлантириш дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.


13. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 14 майдаги

ПҚ-3724-сон қарорига

ИЛОВА



2018-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида

электрон тижоратни ривожлантириш

ДАСТУРИ

Т/р

Чора-тадбирлар номланиши


Амалга ошириш

механизмлари


Ижро

муддати


Масъул ижрочилар


I. ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

БЎЙИЧА НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ВА НОРМАТИВ

БАЗАНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

1.

Ўзбекистон Республикасининг "Электрон тижорат тўғрисида", "Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида"ги Қонунларига ўзгартиришлар киритиш, бунда қуйидагиларни ҳисобга олиш:

электрон тижоратда ишлатиладиган терминларга аниқ тушунчалар бериш;

электрон тижорат субъектлари ўртасида ҳамкорликнинг замонавий усулларини жорий этиш имкониятларини бериш;

элетрон тижоратда ҳужжатларнинг электрон шакли ва уларнинг юридик кучидан фойдаланиш масалаларини тартибга солиш;

электрон тижоратда, бизнес (В2В) каби, якуний истеъмолчи (В2С) учун ҳам маҳсулотларни экспорт ва импорт қилиш масалаларини тартибга солиш;

электрон тижоратдан фойдаланган ҳолда рақамли товарлар (дастурий маҳсулотлар, контент маҳсулотлар) ва аутсорсинг хизматларини экспорт ва импорт қилиш масалаларини тартибга солиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2019 йил

1 апрелга

қадар


Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Марказий банк, ДСҚ, ДБҚ, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар

2.

Электрон тижорат субъектларига хизмат кўрсатиш, уларнинг манфаатлари ва хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда етказиб бериш хизматлари фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан:

электрон шаклда (электрон чек) тўлов қабул қилингани ҳолатини фискал рўйхатдан ўтказиш ёки касса чекини сотувчидан харидорга етказиб бериш хизмати орқали етказиш;

барча товарлар учун сотувчи/харидор номидан электрон тижоратда келишувлар бўйича тушириладиган товарларни декларация қилишга етказиб берувчи хизматларининг ҳуқуқини назарда тутадиган тартибни жорий этиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат


2018 йил

1 октябрга

қадар


Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, ДСҚ, ДБҚ, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар


3.

Электрон тижоратда товар-кузатув ҳужжатларини расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартибини назарда тутувчи, хусусан электрон тижорат ёрдамида импорт-экспортда сотиладиган ва харид қилинадиган товарларнинг (декларация қилиниши) божхона расмийлаштируви тартибини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2019 йил

1 январга

қадар


ДСҚ, ДБҚ, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси


4.

Электрон тижорат иштирокчилари манфаатларини ҳимоя қилиш ва аҳолининг электрон тижоратга бўлган ишончини ошириш мақсадида, экспорт келишувларини ҳисобга олган ҳолда электрон тижорат иштирокчилари ўртасида махсус тартиб-таомилларга мувофиқ келишмовчиликларни кўриб чиқиш бўйича махсус арбитраж жорий этиш учун норматив-ҳуқуқий база шакллантириш бўйича таклифлар тайёрлаш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2020 йил

1 июлга

қадар


Адлия вазирлиги, Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси


5.

Истеъмолчилар, электрон тижорат субъектлари ва бошқа иштирокчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нормаларини назарда тутган ҳолда белгиланган электрон тижорат қоидаларини бузганлик учун белгиланган жавобгарликка доир Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2020 йил

1 апрелга

қадар


Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, ДСҚ, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Интеллектуал мулк агентлиги, ДБҚ, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

6.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пуллар айланмасини ҳуқуқий тартибга солиш, шунингдек, улар томонидан, шу жумладан хорижий электрон кармонлар билан электрон тижоратда тўловларни амалга ошириш бўйича тартибни амалга ошириш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2019 йил

1 январга

қадар


Марказий банк, Молия вазирлиги, Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, ДСҚ, манфаатдор вазирлик ва идоралар


7.

Электрон тижоратда интелектуал мулк объектларини (дастурий маҳсулотлар, ахборот маҳсулотлари) божхона декларация қилиниши, олди-сотди ва экспорт/импорт қилиниши ҳолатларини бухгалтерлик ҳисобига олиш, шунингдек, онлайн-хизматларга лицензион битимлар ёки обуна бўлиш асосида фойдаланиш ҳуқуқини расмийлаштириш бўйича зарур ҳужжатларни расмийлаштириш учун норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2019 йил

1 октябрга

қадар


Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Интелектуал мулк агентлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Молия вазирлиги, ДБҚ, ДСҚ


8.

Аукцион савдолари орқали мазкур платформалар фойдаланувчиларининг товарларини сотиш бўйича онлайн-платформаларни яратиш имкониятини тақдим этиш мақсадида электрон тижорат иштирокчилари учун интернет-аукционлар ўтказиш тартибини белгилаш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2019 йил

1 июлга

қадар


Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, ДСҚ, Адлия вазирлиги


II. ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ УЧУН

ҚУЛАЙ ШАРТ-ШАРОИТЛАРНИ ЯРАТИШ БЎЙИЧА

ТАШКИЛИЙ-ТЕХНИК ЧОРА-ТАДБИРЛАР

9.

Электрон савдо Миллий платформасини яратиш.


Техник чора-тадбирлар комплекси

2019 йил

1 июлга

қадар


Ташқи савдо вазирлиги, Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси


10.

Хорижий мамлакатларнинг тажрибасини таҳлил қилиш ҳамда ID-карталар орқали аҳолини идентификация қилиш тизимини амалга ошириш билан интеграция қилинишини ҳисобга олган ҳолда Mobile-IDдан (сим-карта ичидаги электрон рақамли имзо) фойдаланган ҳолда идентификация қилиш тизимини жорий этиш.


Чора-тадбирлар комплекси

2019 йил

1 октябрга

қадар


Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, ДСҚ, ДПМ, мобиль алоқа операторлари


11.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан электрон тижорат соҳасида хизмат кўрсатиш, жумладан:

тадбиркорлик субъектларига, ўз фаолиятларида электрон тижоратни жорий этишда консультатив қўллаб-қувватлашда;

хизматларни, жумладан комиссия шартномалари асосида электрон тижоратнинг хорижий платформаларида тадбиркорлик субъектларининг товарлари ва хизматларини сотишни ташкил этишда;

Businessinfo.uz. онлайн портали орқали электрон тижоратни юритиш бўйича ахборот хизматларини кўрсатишда.


Чора-тадбирлар комплекси

2019 йил

1 октябрга

қадар


Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон электрон тижорат ассоциацияси


III. ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ СОҲАСИДА ЭКСПОРТ САЛОҲИЯТИНИ

ОШИРИШ ВА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

12.

HoReCa (Booking.com, Tripadvisor ва бошқа тизимлар) хизматлари сегменти халқаро ахборот тизими орқали миллий туризм хизматларини амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш.


Чора-тадбирлар

дастури

2018 йил

1 октябрга

қадар


Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги


13.

Электрон тижорат соҳасида минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан:

ШҲТга аъзо давлатларнинг электрон тижорат бўйича Савдо-саноат ассоциацияси;

электрон тижорат (ЭТИД) бўйича ЖСТнинг иш дастури;

Тарифлар ва савдо бўйича бош битим (GATT, ЖСТ товарларини сотиш бўйича Кенгаш);

Хизматларни сотиш бўйича бош битим (GATS, ЖСТ хизматларини сотиш бўйича кенгаш);

Интеллектуал мулк аспектлари бўйича битим (TRIPS, ЖСТ ТРИПС бўйича Кенгаш).


Ташкилий

чора-тадбирлар

2019 йил

1 июлга

қадар


Ташқи савдо вазирлиги, ТИВ, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, ДБҚ, ДСҚ, Адлия вазирлиги


14.

Марказий Осиё минтақасида электрон тижорат учун махсус шароитлар жорий қилинишини ҳисобга олган ҳолда, қўшни мамлакатлар (Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон) билан транс чегаравий электрон тижоратни ривожлантириш.


Ҳукуматлараро битим

2019 йил

1 январга

қадар


Ташқи савдо вазирлиги, ТИВ, Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, ДБҚ


IV. ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТНИНГ ЛОГИСТИК

ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

15.

Электрон тижорат субъектларига хизмат кўрсатадиган етказиб бериш хизматларини рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


Комплекс чора-тадбирлар

2019 йил

1 октябрга

қадар


Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Иқтисодиёт вазирлиги, ДСҚ, "Ўзавтотранс" агентлиги


16.

Электрон тижорат орқали товарларни етказиб беришга ички талабни қаноатлантириш бўйича республика ҳудудларида логистика марказларини шакллантиришни ҳисобга олган ҳолда давлат-хусусий шерикчилик механизмини жорий этишни ҳисобга олиб логистика инфратузилмасини яратиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2020 йил

1 апрелга

қадар


Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, "Ўзавтотранс" агентлиги, "Ўзбекистон почтаси" АЖ, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ


17.

Электрон тижорат орқали товарларни экспорт қилиш ҳажмини оширишга қаратилган, Ўзбекистонда логистика марказини барпо этиш масалаларини йирик транс миллий логистика компаниялари (FedEx, UPS, DHL ва бошқалар) билан ишлаб чиқиш.


Чора-тадбирлар комплекси

2019 йил

1 июлга

қадар


Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, "Ўзбекистон почтаси" АЖ, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ, "Ўзавтотранс" агентлиги


V. ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ СОҲАСИДА КАДРЛАР САЛОҲИЯТИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА РИВОЖЛАНТИРИШ

18.

Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида электрон тижорат бўйича бакалавр ва магистратура таълим йўналишларини ташкил этиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2019 йил

1 апрелга

қадар


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги


19.

Электрон тижоратнинг барча иштирокчиларига мўлжалланган, "Электрон академия" лойиҳаси доирасида электрон тижорат бўйича ихтисослаштирилган онлайн курсларни ташкил этиш.


Чора-тадбирлар комплекси

2018 йил

1 октябрга

қадар


Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги


VI. АҲОЛИ ВА ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ ОРАСИДА ЭЛЕКТРОН

ТИЖОРАТНИ ТАРҒИБ ҚИЛИШ ВА ОММАЛАШТИРИШ

20.

Ҳар йили ўтказиладиган ICTWEEK Uzbekistan ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида электрон тижоратни ривожлантиришга бағишланган чора-тадбирларни ўтказиш.


Ташкилий чора-тадбирлар


Ҳар йили

Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

21.

Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни ёритишга доир телерадиоканалларда ҳамда босма ОАВда махсус кўрсатувлар ва рукнлар ташкил этиш, маҳаллий ва хорижий электрон савдо майдончаларида товар ва хизматларни сотишга оид тадбиркорлар учун таништирув материаллари эълон қилиш.


Ташкилий чора-тадбирлар

доимий

МТРК, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси


22.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлинмалари ҳузуридаги электрон тижорат бўйича баҳс-мунозара майдончаларини яратиш ҳисобидан, унда семинарлар, кўргазмалар ва форумлар ўтказишни ўз ичига олган ҳолда ҳудудларда электрон тижоратни кучайтириш.


Комплекс чора-тадбирлар

2018 йил

1 июлга

қадар


Савдо-саноат палатаси, Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон электрон тижорат ассоциацияси


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 15 май


"Халқ сўзи", 2018 йил 15 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 28 май, 21-сон, 437-модда








































Время: 0.1332
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск