ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.05.2018 й. ПҚ-3697-сон "Фаол тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни ривожлантириш учун шарт-шароитларни яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

05.05.2018 й.

N ПҚ-3697



ФАОЛ ТАДБИРКОРЛИК ВА ИННОВАЦИОН

ФАОЛИЯТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ УЧУН

ШАРТ-ШАРОИТЛАРНИ ЯРАТИШ БЎЙИЧА

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР

ТЎҒРИСИДА


Мамлакатда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ошириш ҳамда аҳоли ҳаёт даражаси ва фаровонлигининг барқарор ўсишига имкон берувчи фаол тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга, инновацион ғоя ва технологияларни жорий этишга, фан ва инновацион фаолият жадал ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил натижалари мамлакатда фаол тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни ривожлантириш учун шарт-шароитларни янада яхшилашга тўсқинлик қилувчи, жумладан, қуйидаги қатор тизимли муаммолар мавжудлигидан далолат беради:

биринчидан, ҳудудларнинг мавжуд ресурс базаси ва салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда илғор ва замонавий инновацион ишланмалар, технологик лойиҳалар-стартаплар ва инновациялар бозорини тизимли таҳлил қилиш йўлга қўйилмаган;

иккинчидан, инновацион лойиҳалар-стартапларга инвестицияларни жалб этиш, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасига инновацияларни фаол жорий қилувчи иқтидорли тадбиркорлар фаолиятига кўмаклашиш ва мувофиқлаштириш ишлари лозим даражада амалга оширилмаяпти;

учинчидан, инновацион ривожланиш соҳасида, айниқса, жойларда ишбилармонлик муҳити паст даражада, шунингдек, инновацион ва муваффақиятли технологик лойиҳалар-стартапларни ишлаб чиқиш ва илгари суриш бўйича зарур кўникмаларга эга тадбиркорларнинг етишмовчилиги сақланиб қолмоқда;

тўртинчидан, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларнинг маълумотлар базаси мавжуд эмас, янги ресурсларни яратиш ва тажрибани бизнес-тузилмаларга ўтказиш амалиёти ривожланмасдан қолмоқда;

бешинчидан, инновацион ишланмалар бозорини қўллаб-қувватлаш механизмлари суст даражада ишлаб чиқилган, инновацион ғоялардан самарали фойдаланишни мувофиқлаштириш йўлга қўйилмаган, инновацион ишланмаларнинг сифати эса бозор талабларига жавоб бермайди;

олтинчидан, инновацион ишланмалар, технологик лойиҳалар-стартаплар соҳасига техника олий таълим муассасалари битирувчилари ва иқтидорли ёшларни жалб этишга, шунингдек, бизнес-инкубаторларни яратишга лозим даражада эътибор қаратилмаяпти;

еттинчидан, аҳоли ўртасида инновацион тадбиркорликни оммалаштириш ишлари самарали олиб борилмаяпти, инновацион маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқишга ва илгари суришга жалб қилишда техник ва психологик тўсиқлар сақланиб қолмоқда.

Мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда фаол тадбиркорликни ривожлантириш, инновациялар бозорининг шаклланиши ва фаолият кўрсатиши, шунингдек, маҳаллий ва хорижий инновацион ишланмаларни иқтисодиётнинг реал секторига илгари суриш учун қулай ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитларни яратиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг давлат ташкилотларининг бюджетдан ташқари инновацияларни ривожлантириш жамғармалари маблағларини, халқаро молия институтларининг грант ва/ёки кредитларини, хорижий инвесторларнинг маблағ ва сармояларини жалб қилган ҳолда ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида инновацион лойиҳалар-стартапларни ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва ўзлаштириш, инновацион фаолият натижаларини трансфер қилиш ва тижоратлаштиришни амалга оширувчи Инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар марказларини (кейинги ўринларда марказлар деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Икки ёки ундан ортиқ шахслар иштирокида ташкил этиладиган инновация марказлари акциядорлик ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклда ҳам тузилиши мумкин. Бундай ҳолларда таъсис ҳужжатларида унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, иштирокчиларнинг шартлари ва вазифалари аниқ кўрсатилади.

Белгилансинки, марказлар ўз фаолиятини тижорат асосида амалга оширади ва ташкил этилган пайтдан бошлаб беш йил муддатга барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этилади.


2. Қуйидагилар марказларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ишлаб чиқариш ва хизматларнинг янги ва замонавий турларини яратиш мақсадида ҳудудларнинг салоҳияти ва ресурс базаларини чуқур тадқиқ қилиш;

инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида инновацион менежментни ривожлантириш;

янги ва талаб юқори бўлган маҳсулот (иш, хизмат)ларни ишлаб чиқиш бўйича инновацион лойиҳалар-стартапларни, жумладан, хорижда қўлланиладиган илғор услуб ва технологиялардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва ўзлаштириш;

инновациялар бозорининг маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, ишлаб чиқарилган инновацион маҳсулот (иш, хизмат)лар бозорларини шакллантириш, уларнинг бозор талабларига йўналтирилиши ва мослашиши учун тавсиялар ишлаб чиқиш;

инвесторлар ва инновацион маҳсулот (иш, хизмат)лар истеъмолчиларини қидириб топиш ишларини, жумладан, инновацион инфратузилма субъектлари ўртасида кооперацияни ривожлантириш орқали ташкил этиш;

инновацион фаолиятни амалга ошириш масалалари бўйича манфаатдор шахсларнинг кенг доирасига маслаҳат бериш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни оммалаштиришга қаратилган реклама ва кўргазма тадбирларини ташкил этиш;

қўшма инновацион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқариш корхоналари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, стартаплар ҳамда саноат ва қишлоқ хўжалигининг устувор тармоқларидаги бошқа шериклар билан инновацион ҳамкорликни ривожлантириш;

инновацион фаолиятнинг ишлаб чиқилган ва муваффақиятли синовдан ўтказилган натижаларини илгари суриш ва тижоратлаштириш.


3. Марказларни ташкил этишда қуйидагилар марказлар ташкил этишнинг асосий шартлари этиб белгилансин:

марказларни ташкил этиш ва уларга тегишли инфратузилмани (транспорт боғламалари, автостанциялар, автобекатлар мавжудлиги ва ҳ.к.) қуриш учун бўш бинолар хусусий шерикларга ҳақ ундирилмасдан, истисно тариқасида тўғридан-тўғри музокаралар асосида ажратилади;

марказ биноларини қуриш учун ер участкаларини танлаш белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан, Инновацион ривожланиш агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

маҳаллий ҳокимиятлар иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий этишни рағбатлантириш, жумладан, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни давлат харидлари доирасида тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтириш бўйича шарт-шароитларни яратишга кўмаклашиш мажбуриятини олади;

марказ ташкил этиш билан боғлиқ келишув томонларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, Инновацион ривожланиш агентлиги розилиги билан тузиладиган келишувларда белгиланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида"ги ПФ-5308-сон Фармони билан қуйидагилар 2023 йил 1 январга қадар муддатга ягона ижтимоий тўловдан ташқари, барча турдаги солиқ ва мажбурий тўловлар тўлашдан озод қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин:

юқори технологияли тадбиркорлик лойиҳалари-стартапларни биргаликда молиялаштириш учун ташкил қилинадиган венчур фондлар;

венчур фондлардан биргаликда молиялаштириладиган юқори технологияли лойиҳалар-стартаплар;

илмий-тадқиқот муассасалари, инновацион марказлар, лойиҳа-конструкторлик бюролари ўзларининг янги технологияларини тадбиркорларга сотишдан (фойдаланишга беришдан) олинган даромадлар бўйича;

янги технологияларни маҳаллий тадбиркорликка трансфер қилувчи ташкилотлар бу фаолиятдан олинган даромадлари бўйича.

Давлат ва жамият мақсадлари учун янги, инновацион маҳсулотлар яратиш, ишлаб чиқариш ва хизматларни йўлга қўйиш мақсадида давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, нодавлат ташкилотлар ҳамда хусусий тадбиркорлар марказлар фаолиятини молиялаштиришлари мумкин.

5. Белгилаб қўйилсинки:

марказлар учун Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг инновацион лойиҳаларни молиялаштириш умумий ҳажмининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларини захира қилиш назарда тутилади;

марказларнинг қурилаётган биноларига барча зарурий ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини, коммунал инфратузилмаларни олиб келиш электр энергияси қисми бўйича - "Ўзбекэнерго" АЖ ҳисобидан, газ таъминоти қисми бўйича - "Ўзтрансгаз" АЖ ҳисобидан, телекоммуникация тармоқлари қисми бўйича - "Ўзбектелеком" АК ҳисобидан, автомобиль йўлларини қуриш қисми бўйича - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ҳисобидан, сув таъминоти, канализация ва автостанцияларни қуриш қисми бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

марказларнинг бинолари фойдаланишга қабул қилинганидан кейин маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари қулай транспорт йўналишлари ва йўловчи транспортининг бир маромда ишлашини ташкил этади.

7. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги ва Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги:

икки ой муддатда потенциал инвесторларни қидириб топиш ва улар билан мазкур қарорда белгиланган шартларида марказларни ташкил этиш тўғрисидаги келишувларни тузишни;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда доимий равишда марказларни ташкил этишга хорижий давлат вакилларини жалб қилиш, шунингдек, грантлар ва ҳомийлик хайрияларини ажратиш мақсадида халқаро ва хорижий ташкилотлар, молия институтлари вакиллари билан музокаралар ўтказишни;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда марказлар фаолиятини кенг ёритиш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига етказишни таъминласин.

Инновацион ривожланиш агентлигига мазкур қарор шартларини қўллаган ҳолда туман (шаҳар)ларда хорижий инвесторлар ёки ҳомийлар иштирокида марказларни ташкил қилишга рухсат этилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари уч ой муддатда ташаббускорлар мурожаатлари бўйича марказларни ташкил қилиш учун ер участкалари ёки бўш биноларни, жумладан, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари оптималлаштирилиши ҳисобига бўшайдиган биноларни ажратишни таъминласин ёхуд уларни намунали лойиҳалар бўйича қуриладиган давлат хизматлари марказлари биноларида жойлаштиришни назарда тутсин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р. Холмурадов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б. Муродов ва Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдурахмонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 8 май


"Халқ сўзи", 2018 йил 8 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 7 май, 18-сон, 367-модда











































Время: 0.0038
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск