ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Ҳисоб-китоблар / Электрон тўловлар тизими орқали ҳисоб-китоблар /

Банклараро пул бозорида электрон савдо платформаси орқали операцияларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 12.05.2018 й. 3010-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 31.03.2018 й. 12/12-сонли Қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2018 йил 12 майда 3010-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банк Бошқарувининг

2018 йил 31 мартдаги

12/12-сон қарорига

ИЛОВА



Банклараро пул бозорида электрон

савдо платформаси орқали операцияларни

амалга ошириш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3272-сон "Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ банклараро пул бозорида электрон савдо платформаси орқали операцияларни амалга ошириш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


банклараро пул бозори - электрон биржа савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш орқали миллий ва хорижий валютада пул маблағларини қисқа муддатга (1 йилгача) жойлаштириш ва/ёки жалб қилиш операцияларини (бундан буён матнда пул бозоридаги операциялар деб юритилади) амалга ошириш тизими;


валюта биржаси - чет эл валютаси, давлат қимматли қоғозлари, молиявий ҳосила инструментлари (деривативлар) олди-сотдиси ҳамда улар билан боғлиқ бошқа биржа битимлари бўйича биржа савдоларини, шунингдек банклараро пул бозорини ҳамда Марказий банкнинг тижорат банклари билан амалга ошириладиган кредит ва депозит аукционларини ташкил этувчи юридик шахс;


электрон савдо платформаси (бундан буён матнда савдо тизими деб юритилади) - банклараро пул бозорида электрон шаклда биржа савдоларини ўтказиш имконини берувчи ҳамда қабул қилинган буюртмаларни рўйхатга олиш, биржа битимларини тузиш, жорий маълумотларни савдо иштирокчилари иш ўринларида акс эттириш, савдо жараёнини баёнлаштириш ва якуний биржа ҳужжатларини шакллантиришни таъминловчи валюта биржасининг автоматлаштирилган тизими;


контрагент - банклараро пул бозорида пул маблағларини жойлаштириш ва/ёки жалб этиш бўйича биржа битими иштирокчиларидан бири;


савдо иштирокчилари - банклараро пул бозорида савдо тизими орқали операцияларни амалга оширишда иштирок этувчи тижорат банклари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади);


буюртма - буюртма берувчи томонидан маълум миқдордаги пул маблағларини жойлаштириш ва/ёки жалб этиш бўйича шартлар акс эттирилган электрон шаклдаги бирламчи таклиф;


биржа битими - биржа томонидан рўйхатга олинган, биржа савдосининг биржада қайд этилган натижаси бўйича тузилган биржа товарига доир олди-сотди шартномаси;


қарши буюртмалар - қарама-қарши йўналишга эга бўлган буюртмалар, яъни пул маблағларини жойлаштириш учун таклифга пул маблағларини жалб этиш учун қўйилган буюртма ёхуд пул маблағларини жалб этиш учун қўйилган буюртмага пул маблағларини жойлаштириш учун таклиф;


индикаторлар - савдо тизими орқали савдо иштирокчилари томонидан амалга оширилган пул бозоридаги операциялар бўйича ҳисобланган ўртача тортилган фоиз ставкалари.


2. Пул бозоридаги операциялар Марказий банк билан тижорат банклари ҳамда тижорат банклари ўртасида ўзаро савдо тизими орқали амалга оширилади.


3. Пул бозоридаги операциялар тижорат банклари томонидан банкнинг ликвидлигини таъминлаш ёки пул маблағларини жойлаштириш орқали даромад олиш мақсадида, Марказий банк томонидан эса пул-кредит сиёсати мақсадларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.


4. Савдо иштирокчилари пул бозоридаги операцияларни амалга оширишда мазкур Низом талабларига ҳамда валюта биржасининг биржа савдолари қоидаларига риоя қилишлари шарт.


5. Марказий банк банклараро пул бозорида тузилган барча биржа битимлари бўйича тўлиқ маълумотлар билан танишиш ҳуқуқига эга.


6. Тижорат банклари банклараро пул бозорида ўз битимлари ва бошқа тижорат банклари томонидан ўзаро амалга оширилган операциялар бўйича маълумотлар (банк номлари тўғрисидаги маълумотлар бундан мустасно) билан танишиш ҳуқуқига эга.


7. Валюта биржаси ўз ваколати доирасида:

банклараро пул бозорида биржа савдоларини ташкил этади ва ўтказади;

савдо иштирокчиларига савдо тизими дастурий таъминотини тақдим этади ва уларнинг техник созлигини таъминлайди;

банклараро пул бозори индикаторларини шакллантиради;

пул бозоридаги операцияларга оид маълумотларнинг конфиденциаллигини таъминлайди;

савдо иштирокчиларини савдоларни ўтказиш жойи, вақти ва савдо якунлари тўғрисида ўз вақтида хабардор қилади.



2-БОБ. САВДО ТИЗИМИДА ОПЕРАЦИЯЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРИШ


8. Пул бозоридаги операциялар валюта биржаси ҳамда банклар томонидан тузиладиган Бош битимга мувофиқ амалга оширилади.


9. Бош битимда хўжалик субъектлари фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шартлар билан бир қаторда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

Марказий банк ва тижорат банклари ўртасида ҳамда тижорат банклари ўртасидаги ўзаро тузиладиган биржа битимлари учун мажбурий шартлар;

фоиз тўловларини ҳисоблаш, уларни тўлаш тартиби ва муддатлари;

Бош битимнинг амал қилиш муддати.


10. Савдо иштирокчилари биржа савдоларида уларнинг номидан биржа битимлари тузишга ваколатли бўлган ўз ходимлари (трейдерлар) (бундан буён матнда трейдер деб юритилади) орқали иштирок этади.


11. Биржа савдолар банк иш кунлари соат 9:00 дан бошланиб Марказий банкнинг банклараро тўлов тизими иш вақти якунланишига 30 дақиқа қолгунига қадар амалга оширилади.


12. Савдо иштирокчилари мустақил равишда савдо тизимига киришнинг қуйидаги услубларидан бирини танлашлари мумкин:

масофавий - иш ўрнидан фойдаланиш орқали;

валюта биржаси савдо залидаги иш ўрнидан фойдаланиш орқали.


13. Валюта биржаси савдо тизимида ишлаш учун савдо иштирокчиларини икки босқичли логин ва пароль билан таъминлайди.

Биринчи босқич логини ва паролидан фойдаланиш ҳуқуқига фақатгина трейдер эга бўлади.

Биринчи босқич логини ва пароли савдо иштирокчига савдо тизимини фаоллаштириш ҳуқуқини беради.

Иккинчи босқич логини ва паролидан фойдаланиш ҳуқуқи банк раҳбари томонидан ваколат берилган биржа савдолари бўйича биржа битимларини тузишга масъул бўлган шахсга берилади.

Иккинчи босқич логини ва пароли савдо иштирокчига биржа битимини тасдиқлаш ҳуқуқини беради.



3-БОБ. САВДО ТИЗИМИДА ОПЕРАЦИЯЛАРНИНГ

АМАЛГА ОШИРИЛИШИ


14. Биржа битимлари савдо тизимида томонлар бир-бирини биржа битими бўйича контрагент сифатида кўрсатувчи қарши буюртмалар асосида тузилади.


15. Биржа битимларини тузиш учун савдо тизимига битим тузишга ташаббус қилаётган савдо иштирокчисининг пул маблағларини жойлаштириш ва/ёки жалб этиш бўйича буюртмаси (бундан буён матнда дастлабки буюртма деб юритилади) киритилади.


16. Дастлабки буюртмада қуйидаги кўрсаткичлар кўрсатилиши лозим:

пул маблағларини жалб этиш ёки жойлаштириш;

жалб этиладиган ёки жойлаштириладиган валюта тури;

жалб этиладиган ёки жойлаштириладиган пул маблағлари миқдори;

пул маблағларини жалб этиш ёки жойлаштириш муддати;

пул маблағларини жалб этиш ёки жойлаштириш бўйича фоиз ставкаси;

фоиз тўловларини тўлаш муддати.


17. Савдо тизимига киритилган дастлабки буюртмага пул маблағларини жалб этиш ва/ёки жойлаштириш мақсадида контрагентлар томонидан қарши буюртмалар киритилади.


18. Пул маблағларини жойлаштириш учун буюртмалар навбати фоиз ставкасининг ўсиб бориши тартибида, фоиз ставкалари тенг бўлганда эса буюртмалар тақдим этилган вақт тартибида жойлаштирилади.


19. Пул маблағларини жалб этиш учун буюртмалар навбати фоиз ставкасининг камайиб бориши тартибида, фоиз ставкалари тенг бўлган тақдирда эса буюртмалар тақдим этилган вақт тартибида жойлаштирилади.


20. Биржа битимларини тузишда савдо тизими қарши буюртмаларнинг битим кўрсаткичларининг бир-бирига мувофиқлигини текширади.


21. Дастлабки буюртма тақдим этган савдо иштирокчиси контрагентлар томонидан киритилган қарши буюртмалардан ўзига мос келганларини дастлабки буюртма доирасида тасдиқлайди.

Дастлабки буюртмани тасдиқлаш натижасида савдо тизимида биржа битими автоматик тарзда рўйхатдан ўтади.


22. Биржа битими савдо тизимида қарши буюртмаларнинг (дастлабки буюртма ва қарши буюртмалар) рўйхатга олиниши билан тузилган ҳисобланади.


23. Ҳар бир биржа битими тузилганда савдо тизими уни рўйхатга олади, унга рўйхатга олиш рақамини бириктиради ва савдо иштирокчиларига ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга асос бўладиган биржа гувоҳномаларини тақдим этади.


24. Тузилган биржа битимлари бўйича барча ҳисоб-китоб операцияларининг ижроси савдо иштирокчилари томонидан битим тузилган банк иш куни Марказий банкнинг банклараро ҳисоб-китоблар бўйича электрон тўлов ҳужжатларини узатиш, қабул қилиш ва назорат қилиш вақти якунланишига қадар амалга оширилади.


25. Савдо тизимига тақдим этилган ҳар қандай дастлабки буюртма у бекор қилингунга, тўлиқ қондирилгунга ёки биржа савдолари якунига қадар амал қилади. Савдо тизимига тақдим этилган ҳар қандай буюртма биржа битимлари тузилгунга қадар савдо иштирокчилари томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.


26. Савдо тизими орқали тузилган биржа битимлари бўйича пул маблағларини қайтариш муддати келганда жалб қилинган маблағлар ва унга ҳисобланган фоизларни қайтариш банк томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Пул маблағларини қайтариш куни пул маблағлари тегишли ҳисобрақамига келиб тушган кун деб ҳисобланади.


27. Биржа битимлари бўйича барча тўловлар битим тузилган валютада амалга оширилади.


28. Биржа битимлари бўйича жойлаштирилган пул маблағлари томонларнинг ўзаро келишувига асосан муддатидан аввал қайтарилиши мумкин.


29. Савдо тизимининг воситачилик ҳақи биржа савдолари қоидаларида белгиланган тартибда ундирилади.


30. Савдо иштирокчиларига қуйидагилар тақиқланади:

бошқа савдо иштирокчиларига, уларнинг бозор хатти-ҳаракатларини ўзгартириш мақсадида, тўғридан-тўғри ёки билвосита босим ўтказиш;

савдо тизимида сохта битимлар тузиш;

савдо тизимида тузилган битимлар бўйича ҳисоб-китобларни ўтказишдан воз кечиш;

савдо тизимида шаклланаётган бозор ҳолатига босим ўтказиш мақсадида била туриб ёлғон ахборот тарқатиш;

валюта биржаси ва савдо иштирокчиларига ҳаққоний бўлмаган ва бузиб кўрсатилган ахборотни тақдим этиш;

бозор конъюнктурасини шакллантиришга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ахборотни валюта биржасига тақдим этмаслик (яшириш).



4-БОБ. БАНКЛАРАРО ПУЛ БОЗОРИ

ИНДИКАТОРЛАРИ


31. Валюта биржаси савдо иштирокчилари томонидан савдо тизими орқали амалга оширилган операцияларнинг фоиз ставкалари асосида пул бозори индикаторларини шакллантиради.


32. Индикаторлар пул бозорида амалга оширилган операцияларнинг ставкалари асосида қуйидаги белгиланган стандарт муддатлар кесимида ҳисобланади:

1 кунлик;

2 кундан 7 кунгача;

8 кундан 30 кунгача;

31 кундан 90 кунгача;

91 кундан 180 кунгача;

181 кундан 1 йилгача.

Индикаторларни ҳисоблашда пул бозоридаги операциялар жойлаштирилган муддатларга кўра тегишли белгиланган стандарт муддатлар оралиқларига киритилади.


33. Валюта биржаси савдо тизими орқали стандарт муддатлар кесимида шаклланган индикаторларни мунтазам равишда (ҳафтада камида бир марта) Марказий банкка тақдим этади ҳамда ушбу маълумотлар Марказий банк ва валюта биржасининг расмий веб-сайтларида жойлаштириб борилади.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


34. Савдо иштирокчилари томонидан савдо тизимида тузилган биржа битимининг амал қилиш муддати Бош битимнинг амал қилиш муддати доирасида бўлиши лозим.


35. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


36. Мазкур Низом "Ўзбекистон республика валюта биржаси" АЖ билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 14 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 14 май, 19-сон, 417-модда







































Время: 0.0085
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск