ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.03.2018 й. ПҚ-3628-сон "Давлат органларининг эксперт-таҳлил фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

29.03.2018 й.

N ПҚ-3628



ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИНИНГ ЭКСПЕРТ-ТАҲЛИЛ

ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизни ривожлантиришнинг бугунги босқичида давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мақсадларига эришиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, давлат органларининг ахборот-таҳлил ишларини ташкил этишнинг замонавий талабларга жавоб бермаётгани амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ ва ўз вақтида рўёбга чиқариш, мавжуд муаммоларни самарали ҳал этиш ва ривожлантиришнинг инновацион ғояларини илгари суришга тўсқинлик қилмоқда.

Мазкур ҳолат ҳар бир давлат органи тизимида ислоҳотлар ижросини экспертлик жиҳатдан таъминлашнинг янги, самарали ва сифатли тизимини яратиш, улар бўлинмаларининг ўзаро мувофиқлашган таҳлилий фаолиятини замонавий талаблар асосида ташкил этишни тақозо этмоқда.

Давлат органларининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва топшириқларида белгиланган тадбирларнинг комплекс ва ўз вақтида ижросини таъминлашга қаратилган эксперт-таҳлил фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида:


1. Давлат бошқаруви органлари, шунингдек республика аҳамиятидаги давлат органларида (кейинги ўринларда-давлат органлари) 20 нафаргача ташаббускор ва малакали мутахассислардан иборат доимий фаолият юритадиган эксперт-таҳлил гуруҳлари (кейинги ўринларда-эксперт-таҳлил гуруҳлари) тузилсин.

Белгилансинки, эксперт-таҳлил гуруҳлари, биринчи навбатда, давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича фаолият юритаётган давлат органларида 1-иловага* мувофиқ режа-жадвал асосида тузилади.


2. Қуйидагилар эксперт-таҳлил гуруҳларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

давлат органида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг ижроси доирасида амалга оширилаётган фаолиятни ахборот-таҳлилий ва эксперт-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш;

олиб борилаётган ислоҳотларни ҳамда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалда бажариш механизмларини амалга оширишга амалий кўмаклашиш;

давлат органи зиммасига юклатилган вазифаларнинг амалда бажарилишини пухта тизимли таҳлил қилиш, уларнинг самарали амалга оширилишига салбий таъсир кўрсатаётган камчилик ва муаммоларни аниқлаш;

қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва топшириқларининг тўлиқ ва самарали ижросига тўсқинлик қилаётган тизимли камчиликларни аниқлаш, шунингдек, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш;

инновацион ғояларни ишлаб чиқиш, қонунчиликни такомиллаштириш, давлат хизматлари кўрсатишнинг тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек, бошқарувни ташкил этишнинг замонавий усулларини жорий этиш бўйича таклифлар киритиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириқларида назарда тутилганларини, шунингдек, тегишли соҳа ва тармоқларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифларни ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш;

тегишли халқаро тажриба ва хорижий қонунчиликни доимий ўрганиш ҳамда ўрганиш натижаларини Ўзбекистон Республикаси шароитларида жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат органи фаолиятига тааллуқли соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалга оширилишини таъминлашдаги долзарб масалалар бўйича семинарлар, давра суҳбатлари, конференциялар, симпоизумлар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш.


3. Белгилаб қўйилсинки:

эксперт-таҳлил гуруҳи давлат органи фаолиятини ахборот-таҳлил ва эксперт-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашнинг, олиб борилаётган ислоҳотларни ҳамда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалда бажариш механизмларини амалга оширишга амалий кўмаклашишнинг самарадорлиги ва тезкорлиги, шунингдек, ушбу қарорнинг 2-бандида кўзда тутилган бошқа вазифалар ижроси учун бевосита жавобгардир;

эксперт-таҳлил гуруҳи таркибини тасдиқлаш, шунингдек, унинг таркибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш давлат органининг биринчи раҳбари томонидан давлат органи фаолиятига мутасаддилик қилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмалари ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг комплекси билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

эксперт-таҳлил гуруҳи давлат органининг бевосита биринчи раҳбарига бўйсунади;

эксперт-таҳлил гуруҳ таркибига киритилган мутахассисларга, шу жумладан бошқа давлат органлари ва ташкилотлар, юқори турувчи ва марказий ташкилотлар мутахассисларига бошқа белгиланган тўловлардан ташқари давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қўшимча равишда ҳар ойлик меҳнат ҳақи фонди (пул таъминоти) икки бараваргача бўлган миқдорда тўланади;

эксперт-таҳлил гуруҳи ўз фаолиятини давлат органининг биринчи раҳбари томонидан тасдиқланадиган иш режалари асосида амалга оширади;

эксперт-таҳлил гуруҳи мутахассислари давлат органининг хорижий мамлакатларнинг тегишли органлари тажрибасини ўрганиш ва фаолияти билан танишиш мақсадида хорижий мамлакатларга чиқаётган делегациялари таркибига киритилиши шарт;

давлат органлари эксперт-таҳлил гуруҳлари фаолиятига шартнома асосида бошқа ташкилотларнинг, шу жумладан хорижий ташкилотларнинг экспертлари ва мутахассисларини жалб этиш ҳуқуқига эга;

эксперт-таҳлил гуруҳларининг фаолияти давлат органи фаолиятига мутасаддилик қилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмалари ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ахборот-таҳлил департаменти томонидан мувофиқлаштирилади.

4. Давлат бошқаруви органи, шунингдек республика аҳамиятидаги давлат органининг эксперт-таҳлил гуруҳи фаолиятини ташкил этишнинг намунавий схемаси 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


5. Қуйидагиларга:

а) давлат органларининг биринчи раҳбарларига-фаолият йўналиши ва бажариладиган ишларнинг ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, давлат органи фаолиятига мутасаддилик қилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмалари ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг комплекси билан келишилган ҳолда эксперт-таҳлил гуруҳлари аъзоларининг ушбу қарорда белгиланган сонини кўпайтириш;

б) эксперт-таҳлил гуруҳларига:

давлат органининг маълумотлар базаларидан (шу жумладан электрон шаклдаги) ахборот, статистик ва бошқа материалларни олиш;

гуруҳга юклатилган вазифаларни бажаришда эксперт жиҳатдан амалий кўмаклашиш учун давлат органи бўлинмалари ходимларини жалб этиш;

давлат органи бўлинмаларидан унинг фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда тайёрланаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича таклифларни сўраб олиш;

давлат органи бўлинмаларидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш бўйича қилинган ишлар натижалари тўғрисидаги ҳисоботларни талаб қилиб олиш ҳуқуқи берилсин.


6. Давлат органлари:

бир ой муддатда давлат органига юклатилган вазифа ва функцияларнинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда эксперт-таҳлил гуруҳи фаолиятининг ушбу қарор билан тасдиқланган намунавий схема асосида ташкил этилишини таъминласинлар;

эксперт-таҳлил гуруҳи учун замонавий компьютер ва бошқа техника воситалари билан жиҳозланган, кенг қамровли Интернет тармоғи билан таъминланган алоҳида хоналар ажратиш ҳамда улар фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш чораларини кўрсинлар.


7. Хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва ташкилотларига ушбу қарорнинг талабларини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мутасадди комплекси билан келишилган ҳолда доимий фаолият юритадиган эксперт-таҳлил гуруҳларини тузиш тавсия этилсин.


8. Белгилансинки, эксперт-таҳлил гуруҳларининг таркиблари тўғрисидаги маълумотлар кейинчалик уларни 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва топшириқлари ижросини таъминлашга жалб этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаларига тизимли равишда тақдим этилади.

9. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б. Муродов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                         Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 30 март









































Время: 0.0050
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск