ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта таълим. Мактабдан ташқари таълим /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.05.2018 й. 361-сон "Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов номидаги она тили ва Адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.05.2018 й.

N 361




ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ МАРҒИЛОН ШАҲРИДА

ЭРКИН ВОҲИДОВ НОМИДАГИ ОНА ТИЛИ ВА

АДАБИЁТИ ФАНИНИ ЧУҚУР ЎҚИТИШГА ҲАМДА

ХОРИЖИЙ ТИЛЛАРГА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН

МАКТАБ-ИНТЕРНАТНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ТЎҒРИСИДА



Нодир истеъдоди, бадиий теран, фалсафий шеър ва достонлари, драматик ва публицистик асарлари билан ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов номини абадийлаштириш, шоир издошларини кашф этиш ва уларнинг ўз истеъдодларини кенг намоён қилишлари учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номли санъаткор ва ижодкорлар боғи ҳудудида 210 ўринли Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат (кейинги ўринларда мактаб-интернат деб аталади) фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида Фарғона вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобига 100 ўринли мактаб-интернат биноси ва 80 ўринли ётоқхона биноси қурилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


3. Белгилаб қўйилсинки:

2018-2019 ўқув йилида мактаб-интернатнинг 5-8-синфларига, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб эса 5-синфига 30 нафардан ўқувчи қабул қилинади;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига мактаб-интернатнинг моддий-техника базасидан, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда мактаб-интернатга олий таълим муассасаларининг ўзбек тили ва адабиёти ҳамда хорижий тиллар факультетларини тамомлаган иқтидорли педагог-кадрлар жалб этилишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда мактаб-интернатга Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги 4-сон мактабнинг бўш турган бино ва иншоотлари бириктириб берилишини таъминласин;

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида 2019 йилги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантиришда ушбу банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган бино ва иншоотларни 110 ўринли мактаб-интернат биносига мослаштирган ҳолда реконструкция қилиш ишлари учун зарур маблағларни назарда тутсин.


6. Мактаб-интернатнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш бўйича:

Фарғона вилояти ҳокимлигининг "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси - буюртмачи этиб белгилансин;

бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилоти белгиланган тартибда тендер (танлов) савдолари натижалари бўйича аниқлансин.


7. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги реконструкция қилинаётган объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ва олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишларининг сифати юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини амалга оширсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

Молия вазирлиги билан биргаликда 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб ушбу мактаб-интернатнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида уни ётоқхона, ошхона, кутубхона, фаоллар зали ва ўқув-лаборатория жиҳозлари ҳамда компьютер техникаси, ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин;

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб мактаб-интернатга иқтидорли ўқувчиларни ижодий танлов асосида саралаб олиш мақсадида она тили, адабиёт ва чет тили фанларидан тест синови ҳамда психологик-педагогик диагностика ўтказсин;

бир ой муддатда мактаб-интернатнинг устави тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида "Таълим" соҳасига ажратилган маблағлар доирасида мактаб-интернатнинг таъминоти учун зарур маблағларни назарда тутсин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У.И. Иноятов ва Фарғона вилояти ҳокими Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                           А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 18 май










































Время: 0.2120
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск