ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Жиноий жавобгарлик. Жазони ижро этиш /

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси (ЎзР Президентининг 14.05.2018 й. ПҚ-3723-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 14 майдаги

ПҚ-3723-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал

қонунчилигини такомиллаштириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1994 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодекслари шахсни жиноий тажовузлардан самарали муҳофаза қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни таъминлаш учун ҳуқуқий пойдевор яратди.

Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиз жиноят ва жиноят-процессуал қонун ҳужжатларида унинг нормаларини такомиллаштиришга, жиноят процессига жалб этиладиган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини сўзсиз таъминлаш мақсадида илғор халқаро стандартлар ва хорижий амалиётни имплементация қилишга қаратилган сезиларли ўзгаришлар юз берди.

Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш соҳасидаги давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларини белгилаб берган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг тарихий аҳамиятга эга бўлган босқичи бўлди.

Хусусан, жиноят қонунчилигининг янада либераллашуви ҳамда алоҳида тоифадаги жиноятларни жиноий юрисдикциядан чиқариш амалга оширилди, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар рўйхати кенгайтирилди.

"Хабеас корпус" институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, жиноят ишлари бўйича иш юритишнинг соддалаштирилган тартибини жорий қилиш, шунингдек, суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашни янада кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ҳар бир ходим томонидан "Халқ манфаатларига хизмат қилиш" деган эзгу ғояни амалга оширишга асосланган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини ташкил этиш тубдан қайта кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, суд-тергов амалиётида, жумладан мамлакатнинг жиноий-ҳуқуқий сиёсатини самарали рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигидаги айрим нормаларнинг мукаммал эмаслиги билан боғлиқ бўлган қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда, хусусан:

жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, жиноят ишлари бўйича судгача ва суд жараёнида қонунийликни таъминлашга тўсқинлик қилаётган ҳуқуқий бўшлиқларнинг мавжудлиги;

жиноятларни профилактика қилиш ва олдини олиш, шунингдек, фуқароларга юксак ҳуқуқий маданият ва қонунга ҳурмат ҳиссини сингдириш борасидаги механизмларнинг етарли даражада тартибга солинмаганлиги;

алоҳида турдаги жиноятлар учун санкциялар қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасига номувофиқлиги, жумладан жазонинг муқобил турлари, рағбатлантирувчи нормалар ва жамоат таъсир чоралари етарли даражада қўлланилмаслиги ва самарасизлиги;

тезкор-тергов тадбирлари ўтказиш сифатининг қониқарсизлиги ва процессуал қонунчилик талабларини бузган ҳолда олинган маълумотлардан далил сифатида фойдаланилиши;

халқаро ҳуқуқ ва хорижий амалиётда эътироф этилган жиноят-ҳуқуқий институтларнинг етарли даражада, жумладан юридик шахсларнинг жиноий жавобгарлигини белгилаш соҳасида имплементация қилинмаганлиги;

суд-тергов фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш жуда паст даражада эканлиги.

Юқоридагилар қуйидаги асосий йўналишларни назарда тутувчи давлат жиноят-ҳуқуқий сиёсатининг мутлақо янги устувор йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни талаб этади:



I. ЖИНОЯТ ҚОНУНЧИЛИГИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ


1. Жиноят қонунчилиги нормаларини унификация қилиш


1. Жиноят қонунчилигини халқаро стандартларга унификация қилинганлиги ва мувофиқлаштирилганлиги нуқтаи назаридан инвентаризация қилиш.


2. Турлича шарҳлаш ёки коррупция ҳолатлари содир этилишига йўл қўядиган ёхуд ижтимоий хавфлилик даражаси ва характери жиноят қонунчилиги принципларига мос келмайдиган қилмишлар учун жавобгарлик белгиланишига йўл қўядиган нормаларни чиқариб ташлаш.


3. Жиноят кодексидаги фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини самарали ҳимоя қилишга тўсқинлик қиладиган ҳуқуқий бўшлиқлар, қарама-қаршиликлар ва "оқ доғлар"ни бартараф этиш.


4. Жиноят кодексида қўлланиладиган атама ва тушунчаларни уларнинг мазмунига аниқ таъриф бериш ва ягона шаклда қўллаш орқали такомиллаштириш.


5. Жиноятларни олдини олиш ва бартараф этиш бўйича самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш, фуқароларга юксак ҳуқуқий маданиятни сингдириш, уларни Конституция ва қонунларга амал қилиш руҳида тарбиялаш.



2. Жиноий жавобгарлик ва жазо тизимини такомиллаштириш


1. Жиноий қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва характерини белгиловчи муқобил кўрсаткичларни жорий этиш орқали жиноятларни таснифлаш тизими ва мезонларини қайтадан кўриб чиқиш.


2. Жиноят содир этган шахсларга нисбатан жавобгарлик муқаррарлигининг ишончли кафолатини таъминлаш.


3. Жазолар тизими ва уларни тайинлаш механизмларини қайтадан кўриб чиқиш, эскирган ҳамда замонавий талабларга жавоб бермайдиган жазолар шакли ва турларини чиқариб ташлаш.


4. Жиноят содир этишда айбдор деб топилган шахсларни тарбиялаш, шунингдек, содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олишга қаратилган жазо турлари ва бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини жорий этиш.


5. Тамом бўлмаган жиноят, жиноятда иштирокчилик ва бир қанча жиноят содир этиш институтларини уларнинг мезонлари ва хусусиятларини аниқлаштириш орқали такомиллаштириш, шунингдек, улар ўртасида мавжуд зиддиятларни бартараф этиш.


6. Рағбатлантирувчи нормаларни, жумладан жазони енгиллаштириш ёки шахсни жиноий жавобгарлик ёхуд жазодан озод қилиш шартларини ўрнатувчи нормаларни кенгайтириш.


7. Қилмишнинг жиноийлигини истисно қилувчи ҳолатларни белгиловчи нормаларни такомиллаштириш.


8. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш институтини, жумладан мазкур чораларни қўллаш асосларини кенгайтириш орқали ривожлантириш.



3. Фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари, жамият

ва давлат манфаатларини амалда ва ишончли

ҳимоя қилишни таъминлаш


1. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларнинг алоҳида таркибини босқичма-босқич жиноий юрисдикциядан чиқариш сиёсатини давом эттириш.


2. Жиноий жазоларнинг санкцияларини жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва характери билан қатъий мувофиқлаштириш, жазоларнинг муқобил турларини оқилона ва мутаносиб равишда қўллашни таъминлаш.


3. Жиноят қонунчилигининг, айниқса, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни биринчи маротаба содир этган, шунингдек, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари - вояга етмаганлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳомиладор аёллар ва қарамоғида вояга етмаган болалари бўлган ёлғиз шахсларга нисбатан янада инсонпарварлигини таъминлаш.


4. Оғир ва ўта оғир жиноятлар, жумладан терроризм, экстремизм ва коррупциявий жиноятларни, шу билан бирга уюшган гуруҳ ҳамда жиноий уюшма таркибида қийноққа солиш усулларидан фойдаланган ҳолда жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсларга нисбатан кескин жиноий сиёсатни давом эттириш.


5. Жиноят процессига жалб этилган вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган жиноий-ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш.


6. Жиноят қонунчилигига дунё ҳамжамиятида тобора ортиб бораётган хавфларни ҳисобга олган ҳолда трансмиллий ва халқаро жиноятларни содир этганлик учун жавобгарликни киритиш.


7. Технологик тараққиёт, жумладан кибержиноят билан боғлиқ жиноят турларининг кенгайганлигини ҳисобга олган ҳолда ахборот технологиялари соҳасида жавобгарликни назарда тутувчи нормаларни қайта кўриб чиқиш.



II. ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУНЧИЛИКНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ


1. Жиноят-процессуал қонунчилик нормаларини

тизимлаштириш ва уйғунлаштириш


1. Жиноят-процессуал қонунчиликни халқаро стандартларга унификация қилинганлиги ва мувофиқлаштирилганлиги нуқтаи назаридан инвентаризация қилиш.


2. Турлича талқин қилинадиган ёки уларни қўллаш бўйича тушунтириш талаб этувчи жиноят-процессуал нормалардан воз кечиш, шунингдек, тўғридан-тўғри қўлланувчи қонунлардан фойдаланиш амалиётига тўлиқ ўтиш.


3. Жиноят-процессуал қонунчилик тизимини нормалар ва институтларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллашнинг самарадорлигини ҳисобга олган ҳолда уларнинг мантиқий кетма-кетлигини таъминлаш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш, шунингдек, такрорланувчи нормалардан воз кечиш.


4. Жиноят-процессуал тамойиллар тизимини замонавий ёндашувлар, илғор халқаро стандартлар ва хорижий амалиётни ҳисобга олган ҳолда янада такомиллаштириш.


5. Жиноят-процессуал қонунчиликдаги фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, жамият ва давлатнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилишга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этиш.


6. Халқаро ҳамкорлик масалаларини тартибга солувчи жиноят-процессуал нормаларни Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқлаштириш.



2. Жиноят процессида шахс ҳуқуқ ва

эркинликларининг ишончли кафолатини

таъминлаш механизмларини такомиллаштириш


1. Суд-тергов фаолиятининг шаффофлиги ва ошкоралигини таъминлаш, жиноят ишлари бўйича иш юритувда жамоатчилик иштироки институтини кучайтириш.


2. Адвокатларнинг процессуал ҳуқуқ ва ваколатларини кучайтириш орқали тарафларнинг ўзаро тортишув тамойилини амалда рўёбга чиқариш, уларнинг ҳаққоний мустақиллигини таъминлаш, шунингдек, жиноят иши бўйича ҳимоячининг иштироки шарт бўлган ишларга оид асосларни кенгайтириш.


3. "Хабеас корпус" институтини қўллаш кўламини, жумладан судгача бўлган босқичда амалга ошириладиган процессуал қарорлар ва ҳаракатлар устидан судга шикоят қилиш институтини жорий этиш орқали кенгайтириш.


4. Суриштирув ва дастлабки тергов жиноят-процессуал институтларини янада такомиллаштириш, жиноят ишларининг кетма-кетлигини тартибга солувчи жиноят-процессуал нормаларни дифференциациялаш.


5. Терговга қадар текширув ва суд босқичларида ишларни кўриб чиқишда ярашув институтини қўллаш доирасини кенгайтириш.


6. Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган жиноят-процессуал нормаларни такомиллаштириш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, шунингдек, вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган жиноятларни профилактика қилиш ва олдини олиш бўйича чораларни кучайтириш.


7. Терговга қадар текширув жараёнига жалб этилган, шунингдек, жиноят иши қўзғатилгунга қадар ушланган шахсларнинг процессуал мақомини аниқлаштириш.


8. Ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни ҳисобга олган ҳолда жиноят ишларини тўхтатиш ва жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тартиби ҳамда асосларини такомиллаштириш.


9. Тўхтатилган жиноят ишлари доирасида тақиқ қўйилган ва гаровга олинган мол-мулклар, ашёвий далиллар тақдирини тартибга солувчи жиноят-процессуал нормаларни қайта кўриб чиқиш.


10. Реабилитация институтини қўллаш асосларини ва уни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш.


11. Судга қадар ва суд босқичида экспертиза ўтказиш ва тафтиш қилишнинг аниқ мезон ҳамда тартиб-таомилларини жорий этиш.


12. Судга қадар ва суд босқичида мутахассиснинг процессуал мақомини аниқлаштириш, шунингдек, мутахассис фикрига процессуал тус бериш.


13. Процессуал муддатларни ҳисоблаб чиқиш ва процессуал чиқимларни қоплаш тартибини такомиллаштириш.


14. Жиноятдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни қоплаш ва кўмаклашишнинг самарали механизмларини ўрнатиш.


15. Маҳкумларга нисбатан амнистия ва афв этиш шаклидаги инсонпарварлик актларини қўллаш тартибини такомиллаштириш.



3. Жиноят процессининг янги шакл ва

тартиб-таомилларини жорий этиш


1. Судга қадар ва суд босқичида соддалаштирилган иш юритиш тартиб-тамойилларини янада ривожлантириш, суд-тергов ҳаракатларининг инновацион шакллари ва услубларини жорий этиш.


2. Терговга қадар текширув жараёнида жиноят аломатлари бор ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида айрим процессуал ва тергов ҳаракатларини амалга оширишнинг оптимал механизмларини яратиш.


3. Тарафларнинг ўзаро тортишув тамойилини таъминлаш асосида дастлабки эшитиш институтини жорий этиш орқали жиноят ишини суд муҳокамасига тайинлаш босқичини ислоҳ қилиш.


4. Суд муҳокамасида айбловни ўзгартиришни, жумладан янада оғирроқ айбловга ўтишни назарда тутувчи механизмларни, шунингдек, прокурор айбловдан воз кечишининг процессуал механизмини яратиш.


5. Гувоҳ, жабрланувчи ва жиноятдан жабр кўрган шахсларни ҳимоя қилиш бўйича таъсирчан жиноят-процессуал ҳамда ташкилий чораларни жорий этиш.


6. Гувоҳ ва жабрланувчилар кўрсатувларини, биринчи навбатда, уларни объектив сабабларга кўра кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган ҳолларда, олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш (депонирования қилиш) институтини жорий этиш.


7. Суд-тергов фаолиятида, хусусан "Электрон жиноят иши" ва "масофадан сўроқ қилиш" тизимларини жорий этишда ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишни таъминлаш.


8. Янги жиноят процессуал институтларни жорий этишни ҳисобга олган ҳолда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институтини янада ривожлантириш.


9. Суд ҳукми, ажрими ва қарорларининг ижросига тааллуқли муаммоларни ҳал этишнинг таъсирчан механизмларини яратиш.



III. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ЖИНОЯТ

ВА ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУНЧИЛИГИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИНИ АМАЛГА

ОШИРИШДАН КУТИЛАЁТГАН  НАТИЖАЛАР


Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни жаҳон ҳамжамиятининг жадал ривожланиш тенденцияларини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимояси, жамият ва давлат манфаатлари, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашни инобатга олган ҳолда янада такомиллаштириш.

Бунда қуйидаги мақсадларга эришиш алоҳида аҳамият касб этади:

жиноятнинг олдини олиш ва фуқароларни қонунларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг амалий ва самарали механизмларини ишлаб чиқиш;

суд-тергов фаолиятининг шаффофлиги ва ошкоралигини таъминлаш, жиноят ишлари бўйича иш юритувда жамоатчилик иштироки институтини кучайтириш;

миллий хусусиятлар ва шароитларни эътиборга олган ҳолда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликка илғор хорижий тажрибани имплементация қилиш;

жиноий қилмишдан жабр кўрган шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш механизмларининг самарадорлигини ошириш;

суд-тергов фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш.

Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни такомиллаштириш концепциясини самарали амалга оширишнинг пировард натижасида "Қонун устувор - жазо муқаррар" тамойили ҳаётга тўлиқ татбиқ этилиши лозим.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 15 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 21 май, 20-сон, 420-модда







































Время: 0.0050
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск