язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 07.05.2018 й. ПҚ-3699-сон қарорига 4-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 7 майдаги

ПҚ-3699-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги

Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги

таъминланиши устидан назорат қилиш

инспекцияси тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясининг (кейинги ўринларда Инспекция деб юритилади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Инспекция Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси (кейинги ўринларда Бош прокуратура деб юритилади) ҳузуридаги мустақил ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳисобланади.


3. Инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг (кейинги ўринларда Бош прокурор деб юритилади) буйруқ ва кўрсатмаларига амал қилади.


4. Инспекция тизимига қуйидагилар киради:

Инспекциянинг марказий аппарати;

Инспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармалари;

Инспекциянинг туманлар (Қувасой шаҳар) бўлимлари.


5. Инспекция ўз фаолиятини қуйи турувчи раҳбарларнинг юқори турувчи раҳбарларга, шунингдек, Бош прокурорга, тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар (Қувасой шаҳар) прокурорларига бўйсуниши ҳамда ҳисобдорлиги асосида амалга оширади.


6. Инспекция ўз вазифа ва функцияларини амалга оширишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


7. Инспекция фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.


8. Инспекция юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ очиладиган банк ҳисобрақамларига эга бўлади.



2-БОБ. ИНСПЕКЦИЯНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Қуйидагилар Инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) қишлоқ ва сув хўжалиги, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши ҳолати;

пахта ва дон экинларининг уруғларини давлат томонидан буюртма қилиш, тайёрлаш, алоҳида қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича талабларга риоя қилиниши;

қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини давлат буюртмасининг режали амалга оширилишига мувофиқ ҳажмларда шакллантириш бўйича талаблар бажарилиши;

дон экинлари, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари, шунингдек, улардан қайта ишланган маҳсулотлар давлат ресурсларининг сифати, улардан оқилона ҳамда мақсадли фойдаланилиши, уларнинг сифатли сақланиши ҳамда нобудгарчилиги камайтирилиши таъминланиши;

қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг ижро қилиниши, аккредитация соҳасига мувофиқ уруғларни сертификатлаш, уруғ ҳамда кўчат материалларининг сифатини аниқлаш ва назорат қилиш бўйича ишларнинг амалга оширилиши;

қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, Инспекция зиммасига юклатилган вазифалар доирасида айбдор шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиш орқали қонунчилик талабларига сўзсиз риоя этилиши;

сунъий сув объектларида сувдан оқилона ва самарали фойдаланилиши ҳамда сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши;

идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларда чорвачиликда наслчилик ишлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши;

қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг, уларнинг эксплуатация қилиниши, сифати самарадорлигининг, сервис ва таъмирлаш хизматларининг техник ҳолати устидан назоратни амалга ошириш;

б) экспорт-импорт ва республика ичидаги ташишларда дон экинлари, пахта хом ашёси, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифатини мажбурий давлат текширувидан ўтказиш;

в) ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш борасида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

г) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш.


10. Инспекция ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) қишлоқ ва сув хўжалиги, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши ҳолати устидан назорат қилиш соҳасида:

қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга оид қонунларнинг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорларида ва Ҳукумат қарорларида баён этилган талаблар ва қоидаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади;

давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижросининг доимий тизимли таҳлилини олиб боради, таҳлил натижалари бўйича мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини ва норматив ҳужжатларни такомиллаштиришга оид таклифлар ишлаб чиқади;

қишлоқ хўжалиги экинлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойлаштириш, ишлаб чиқариш шартномавий мажбуриятларининг бажарилиши, прогноз кўрсаткичларининг ишончли шакллантирилиши ва бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ барча ташкилотларда қишлоқ хўжалиги товарларини ишлаб чиқариш, олиб кириш, сақлаш ва сотиш устидан назоратни амалга оширади.


б) пахта ва дон экинларининг уруғларини буюртма қилиш, тайёрлаш, алоҳида қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича талабларга риоя қилиниши соҳасида:

асосий қишлоқ хўжалиги экинлари (пахта ва ғалла) учун ажратилган экин майдонларини мунтазам назорат қилади, экин майдонларининг ишлаб чиқарувчилар - фермер хўжаликлари ва бошқа хўжаликлар, туманлар ва вилоятлар томонидан қабул қилинган ҳамда тасдиқланган шартномавий мажбуриятларга мувофиқлиги бўйича танлаб текширишларни амалга оширади;

қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғ навларини синаш ишларини, шунингдек, мазкур соҳада қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари Давлат реестрининг юритилиши устидан назоратни амалга оширади;

пахта ва дон экинларининг уруғлари сифатини назорат қилади;

пахта ва дон экинларининг уруғлари сифатини аниқлаш методларини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш ва тасдиқлашда иштирок этади;

уруғлик ишлаб чиқариш ва унинг сифатини аниқлаш бўйича давлат стандартлари, янги методикалар ва йўриқномаларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

уруғчилик соҳасидаги жаҳон ютуқларини татбиқ этишда, уруғларнинг сифатини жаҳон стандартлари асосида аниқлашда, стандарт уруғларга сифат сертификларини беришда иштирок этади;

қишлоқ хўжалиги экинлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойлаштириш, ишлаб чиқариш шартномавий мажбуриятларининг бажарилиши, прогноз кўрсаткичларининг ишончли шакллантирилиши ва бажарилиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланадиган миқдорда навлар бўйича районлаштириш, навлар бўйича жойлаштириш ва навли уруғларни тайёрлаш режаларининг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади.


в) қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини давлат буюртмасининг режали амалга оширилишига мувофиқ ҳажмларда шакллантириш бўйича талаблар бажарилиши соҳасида:

давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш устидан назоратни амалга оширади;

аҳоли ва бошқа истеъмолчиларни янги мева-сабзавот маҳсулотлари билан йил давомида ва узлуксиз таъминлаш мақсадида мева-сабзавот маҳсулотлари захираларининг давлат буюртмаси параметрларига мувофиқ ҳажмларда шакллантирилиши ва унинг режали реализация қилиниши устидан назоратни амалга оширади;

аҳолини йил давомида ва узлуксиз таъминлаш учун зарур ҳажмларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини шакллантириш устидан назоратни амалга оширади;

давлат буюртмасига мос ҳажмларда пахта хом ашёси ва дон экинлари етиштирилишини молиялаштириш механизмини, ўзаро ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилишини ҳамда хизматлар ва моддий-техник ресурслар билан тўлиқ таъминланишини назорат қилади;

давлат буюртмасининг режали реализация қилинишига мувофиқ тарзда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини шакллантиришнинг прогноз ҳажмлари бажарилишини назорат қилади;

мева-сабзавот маҳсулотлари тайёрлаш ва қиш-баҳор мавсумига ғамлаш бўйича давлат буюртмасининг тўлиқ бажарилиши, шунингдек, республика аҳолиси ва ижтимоий соҳа муассасалари озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий турлари ва мавсумий мева-сабзавот маҳсулотлари билан йил давомида узлуксиз таъминланишини назорат қилади;

экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда пахта хом ашёси давлат ресурси, дон ва ундан қайта ишланган маҳсулотлар давлат ресурси ва давлат захираси ҳажмлари ҳамда баланс тузилмасининг тўғри келишилганлигини, шунингдек, ҳажмлари ва тузилмаси бўйича таклифлар шакллантирилганлигини назорат қилади;

кредит ресурсларининг ҳудудлар, ойлар ва давлат хариди бўйича дон экинлари ва пахта хом ашёси ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ажратиладиган харажат турларига кўра тақсимланиши ҳажмининг бажарилишини назорат қилади.


г) дон экинлари, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари, шунингдек, улардан қайта ишланган маҳсулотлар давлат ресурсларининг сифати, улардан оқилона ҳамда мақсадли фойдаланилиши, уларнинг сифатли сақланиши ҳамда нобудгарчилиги камайтирилиши таъминланиши соҳасида:

пахта тайёрлаш пунктлари, донни қабул қилиш ва қайта ишлаш корхоналари томонидан пахта хом ашёси, дон экинлари, уруғлар ва улардан қайта ишланган маҳсулотлар тегишли равишда жойлаштирилишини, қайта ишланишини ҳамда уларнинг сифатли сақланиши таъминланишини назорат қилади;

пахта хом ашёси, дон экинлари, уруғ, улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифатини аниқлашнинг, товар ишлаб чиқарувчилар ва бошқа етказиб берувчилар билан ҳисоб-китобларнинг, давлат ресурсидаги, давлат захирасидаги пахта хом ашёси, уруғлар, дон экинлари, улардан қайта ишланган маҳсулотлар ҳисобини юритишнинг ишончлилигини, зарарни ҳисобдан чиқаришнинг асосланганлигини назорат қилади;

давлат ресурсларидаги пахта хом ашёси, уруғлар, дон экинлари, улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифати ёмонлашиши, нобуд бўлиши ҳолатлари ва сабабларини ўрганади, зарур ҳолларда уларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар беради, пахта хом ашёси, уруғлар, дон экинлари, улардан қайта ишланган маҳсулотлардан иборат давлат ресурсларини сақлаш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ ишларнинг ҳолати тўғрисида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ахборот беради;

дон ва ундан қайта ишланган маҳсулотларнинг сарфланган партиялари юзасидан тозалаш далолатномаларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

пахта хом ашёси, дон экинлари, уруғлар ва улардан қайта ишланган маҳсулотларни қабул қилувчи, сақловчи ва қайта ишловчи корхоналарнинг техник ҳолатини назорат қилади;

нобудгарчиликнинг белгиланган нормаларининг тўғри ва асосли қўлланилиши, пахта тайёрлаш пунктлари, дон қабул қиладиган ва уни қайта ишлайдиган корхоналарда маҳсулотнинг чиқиш нормаларига ва сифатига риоя этилиши юзасидан назоратини амалга оширади;

Инспекцияга юклатилган вазифалар доирасида текшириш қоидаларини, сифат сертификатлари шаклларини белгиланган тартибда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

дон экинлари, пахта хом ашёси, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифати бўйича хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида низоли масалалар келиб чиққан тақдирда, назорат синовларини ўтказади ҳамда мамлакат ичида ва экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда фойдаланиладиган жисмоний ва юридик шахслар учун мажбурий бўлган хулосалар беради.


д) қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг ижро этилиши, аккредитация соҳасига мувофиқ уруғларни сертификатлаш, уруғ ҳамда кўчат материалларининг сифатини аниқлаш ҳамда назорат қилиш бўйича ишларнинг амалга оширилиши соҳасида:

қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилиши, қишлоқ хўжалиги экинлари навларини жойлаштириш, навларини районлаштириш ва навли уруғлар тайёрлаш режалари бажарилишини назорат қилади;

юқори сифатли элита уруғлар, биринчи ва кейинги репродукциялардан ҳосил қилинган уруғлар етиштирилишини, уруғларнинг давлат стандартига, мавжуд йўриқномалар ва қоидаларга риоя қилган ҳолда тежаб сарфланишини назорат қилади;

қишлоқ хўжалиги экинлари апробацияси тўғри ўтказилишини назорат қилади;

қишлоқ хўжалиги экинлари, шу жумладан, ғўза ва бошоқли дон экинлари уруғларини тайёрлаш, улардан фойдаланиш, уларни экспорт ва импорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш устидан назоратни амалга оширади;

қишлоқ хўжалиги экинларининг маҳаллий ва хорижий селекция навлари, шу жумладан биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилиги ташкил этилишини ва ривожлантирилишини назорат қилади;

тармоқ корхоналари томонидан қишлоқ хўжалиги экинларининг экиладиган уруғларини тайёрлаш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича норматив талабларнинг халқаро стандартлар ва техник регламентларга мувофиқ ишлаб чиқилишини назорат қилади;

ишлаб чиқаришда кимёвий препаратларни самарали қўлланилиши устидан назоратни амалга оширади;

уруғчилик бўйича халқаро ва миллий органлар билан ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш, уруғларни экишдан олдин ишлов бериш ва қайта ишлашга оид инновацион технологияларни, ушбу соҳадаги ноу-хауларни жорий этиш устидан назоратни амалга оширади;

уруғчилик соҳасида илмий ва тажриба-экспериментал тадқиқотларни олиб боришга, тармоқ корхоналарининг илмий салоҳияти ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмак берилишини назорат қилади;

аккредитация соҳасига мувофиқ уруғларни сертификатлаштириш ҳамда уруғ ва кўчат материалларининг сифатини аниқлаш ва назорат қилиш ишларини мувофиқлаштиради;

давлат стандартига жавоб бермайдиган ва сертификатлаштирилмаган уруғларнинг тарқатилишини тақиқлайди;

уруғ ишлаб чиқаришнинг, сифатини аниқлашнинг давлат стандартларини, янги методикалари ва йўриқномаларини ишлаб чиқишда қатнашади;

экинлар бўйича уруғлар архивининг таркибини, уруғлар архивини юритишни назорат қилади.


е) қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, Инспекция зиммасига юклатилган вазифалар доирасида қонунчилик талабларига сўзсиз риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш соҳасида:

фермер ва деҳқон хўжаликларига ер ажратиш бўйича қонун ҳужжатларида ҳамда меъёрий ҳужжатларда ўрнатилган тартиб бузилишининг олдини олишга доир комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши, бунда масъул шахслар томонидан хизмат мавқеи суиистеъмол қилинишига, қариндош-уруғчилик ва ошна-оғайнигарчилик муносабатларидан фойдаланиш ҳолларига йўл қўйилмаслиги устидан назоратни амалга оширади;

ерлардан қатъий равишда мақсадли фойдаланиш, суғориладиган экин майдонлари муомаладан чиқарилишига йўл қўйилмаслиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича қабул қилинган шартнома мажбуриятларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг ердан фойдаланиш, тупроқ унумдорлиги сақланиши ва оширилишини таъминлаш борасидаги фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ер ресурсларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлашга, ер муносабатларини тартибга солишга, ерлардан нооқилона фойдаланилишининг ўз вақтида олдини олишга қаратилган тизимли ишларни мунтазам ташкил этади ва бажаради, тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб боради;

қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилишини ташкил этиш устидан назоратни амалга оширади;

ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, салбий жараёнларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш мақсадида қишлоқ хўжалиги ер ресурсларининг ҳолати ва улардан фойдаланиш устидан назоратни амалга оширади;

ердан мақсадсиз фойдаланилиши, ерларни фойдаланишдан чиқаришга, уларнинг ҳосилдорлиги пасайишига, тупроқнинг бузилиши ёки йўқ бўлиб кетишига олиб келган бошқа ҳаракатларнинг содир этилиши, шунингдек, таназзулга юз тутган қишлоқ хўжалиги ерларини консервациялашнинг белгиланган тартиби бузилиши устидан назоратни амалга оширади.


ж) сунъий сув объектларида сувдан оқилона ва самарали фойдаланилиши ҳамда сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши соҳасида:

сув ресурсларини бошқариш соҳасида ягона сиёсат амалга оширилиши, шунингдек, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолияти мувофиқлаштирилиши, сувнинг зарарли таъсири олди олиниши ва бартараф этилиши устидан назоратни амалга оширади;

ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари сув ресурслари билан доимий ҳамда оқилона таъминланишини, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш бўйича чоралар кўрилишини назорат қилади;

ирригация ва мелиорация тизимлари, сув омборлари, насос станциялари ҳамда бошқа сув хўжалиги ва гидротехника иншоотларининг ишончли фаолияти таъминланишини, сув хўжалигининг йирик ва ўта муҳим объектлари муҳофазаси ташкил этилишини назорат қилади;

сув ресурсларидан тежамли ва оқилона фойдаланиш учун сувдан фойдаланувчилар ҳамда сув истеъмолчилари жавобгарлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданияти даражасини юксалтириш бўйича чора-тадбирлар кўрилишини назорат қилади;

оқова сувлардан (очиқ ва ёпиқ каналлар, коллектор-дренаж тизимлари), сув ҳавзаларидан (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар, кўллар ва бошқалар) ҳамда бошқа сунъий сув объектларидан олинадиган сувлардан фойдаланиш ва сув истеъмоли устидан назоратни амалга оширади;

сув ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи гидротехник ва бошқа ишларнинг бажарилиши устидан амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ назоратни амалга оширади;

давлат сув кадастрини юритишга қўйилган талабга мувофиқ унинг юритилишини, сув хўжалиги иншоотлари ва иморатларидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилади;

сунъий сув ресурсларидан нооқилона фойдаланишнинг, ирригация объектлари ва гидротехник иншоотлардан хўжасизларча фойдаланишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўрилиши устидан назоратни амалга оширади;

ирригация объектлари ва гидротехник иншоотлари қуриш ҳамда реконструкция қилишда белгиланган стандартларга риоя этилиши, шунингдек, ажратилган бюджет маблағлари мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан назоратни амалга оширади.


з) идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхоналар, ташкилотлар ҳамда муассасаларда чорвачиликда наслчилик ишлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши соҳасида:

наслдор моллар етказиб берувчи корхоналар ва истеъмолчилар томонидан чорва молларининг сифат (насл) кўрсаткичлари тўғри аниқланганлигини назорат қилади;

наслчилик заводлари, наслчилик хўжаликлари ва наслчилик фермаларини давлат аттестациясидан ўтказади;

наслдор моллардан оқилона фойдаланиш, ҳайвонлар ва улар уруғларини экспорт ва импорт қилиш устидан назорат қилади;

чорвачиликда наслчилик ишлари бўйича ҳисобга олишни назорат қилади;

чорвачиликда давлат, идоравий ва хусусий секторлардаги наслчилик хизмати мутахассислари фаолиятини назорат қилади ва мувофиқлаштиради;

қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини зоти бўйича районлаштириш режаларининг бажарилишини текширади;

наслдор чорваларни, наслдор хўжаликларни ва подаларни давлат рўйхатидан ўтказади, селекция жараёнида фойдаланадиган наслдор ресурсларнинг келиб чиқиши, маҳсулдорлиги, тури бўйича ва бошқа сифатлари бўйича баҳоланишининг ишончли рўйхатга олинишини таъминлаш устидан назоратни амалга оширади;

чорвачиликда наслчилик билан шуғулланувчи хўжаликларга ер майдонлари ажратилиши ва улардан самарали фойдаланилиши, корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган омухта ем, шелуха, шрот маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичлари устидан назоратни амалга оширади;

наслчилик маҳсулоти (материали) ишлаб чиқариш ва унинг технологик жараёнларини ташкил этиш мувофиқлаштирилиши устидан назоратни амалга оширади.


и) қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг техник ҳолати, уларни эксплуатация қилиш самарадорлиги, уларнинг сифати, сервис ва таъмирлаш хизматлари соҳасида:

мулкчилик шаклидан қатъи назар тракторлар, трактор тиркамалари, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари, ўзиюрар машиналар ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси миқдорининг ҳисобини юритади (Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизматининг техникалари бундан мустасно);

тракторлар, трактор тиркамалари, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари, ўзиюрар машиналар, ускуналар ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш, уларни таъмирлаш, уларга хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш хизматлари, сақлаш ва ҳисобдан чиқариш қоидаларига риоя этилишини назорат қилади;

тракторлар, трактор тиркамалари, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари, ўзиюрар машиналар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаларини рўйхатдан ўтказади, давлат рақами белгилари ва техник паспортларни беради;

тракторчи-машинист гувоҳномасини ва огоҳлантириш талонларини бериш учун имтиҳонлар олади;

тракторлар, трактор тиркамалари, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари, ўзиюрар машиналар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаларини йиллик техник кўрикдан ўтказади;

тракторлар, трактор тиркамалари, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари, ўзиюрар машиналар ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларининг техник тайёрлигини ошириш, уларни эксплуатация қилиш ва таъмирлашни яхшилаш бўйича илғор тажриба татбиқ этилишини назорат қилади;

тракторлар, трактор тиркамалари, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари, ўзиюрар машиналар ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларини эксплуатация қилишнинг кафолат муддати мобайнида аниқланган камчиликлар бартараф этилиши устидан назоратни амалга оширади;

пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва йиғиб олиш бўйича агротехник тадбирларни ўтказишда техника ва агрегатларнинг бутлиги ҳамда улардан тўғри фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;

машина-трактор паркларини янгилаш бўйича давлат дастурлари ижро этилишини, эксплуатация қилинаётган қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг модернизация қилинишини ва янги намуналари ишлаб чиқилишини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришнинг ресурс тежовчи замонавий технологиялари ишлаб чиқилишини ва жорий этилишини назорат қилади;

қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини, қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришнинг ресурс тежовчи замонавий технологияларини синовдан ўтказиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларининг бажарилишини назорат қилади;

машинасозлик ва таъмирлаш корхоналарида қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини, ускуналарни ва эҳтиёт қисмларни юклашдан олдин уларнинг сифат кўрсаткичлари текширилишини амалга оширади.


к) экспорт-импорт ва республика ичидаги ташишларда дон экинлари, пахта хом ашёси, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифатини мажбурий давлат текширувидан ўтказиш соҳасида:

дон экинлари, пахта хом ашёси, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифатининг давлат томонидан мажбурий текширилишини амалга оширади;

экспорт-импорт ва республика ичидаги ташишларда дон экинлари, пахта хом ашёси, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифати сақланишини назорат қилади.


л) ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш борасида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш соҳасида:

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритади, Инспекция ваколатига тааллуқли ишларни кўриб чиқади ва маъмурий жазоларни қўллайди;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш амалиётини таҳлил қилади, уларнинг ҳисобини олиб боради ҳамда ушбу соҳада ягона амалиётни шакллантириш чораларини кўради;

Инспекция ваколатига тааллуқли ишлар бўйича терговга қадар текширув ўтказади;

терговга қадар текширувлар ўтказиш, процессуал қарорлар қабул қилиш амалиётини ўрганиб боради, уларнинг ҳисобини юритади ва бу борада фаолият самарадорлигини ошириш чораларини кўради.

Инспекция қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ИНСПЕКЦИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


11. Инспекция ўз зиммасига юклатилган вазифаларни ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органларидан ва бошқа органлардан, ташкилотлардан ҳамда уларнинг мансабдор шахсларидан зарур ҳужжатларни ва ахборотни олиш;

давлат органларига ва бошқа органларга, ташкилотларга ҳамда уларнинг мансабдор шахсларига, шунингдек, фуқароларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

зиммасига юклатилган вазифалар доирасида тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар фаолияти устидан текширувларни мувофиқлаштирувчи ваколатли орган билан қўшимча келишувсиз текширишларни амалга ошириш;

текширув далолатномаларини тузиш ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар бериш;

қишлоқ хўжалиги ерларидан нооқилона фойдаланиш ва уларни қўриқлаш, сув ресурслари исрофгарчилиги, минерал ўғитларни, ёқилғи-мойлаш материалларини ўғирлаш, гидротехника, мелиорация иншоотларидан ва қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланишда хўжасизлик ҳолатларини аниқлаш;

Инспекция ва унинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари даражасида терговга қадар текширувни бошлашга, жиноят ишини қўзғатишга ёки иш қўзғатишни рад этишга ёхуд аризани, хабарни терговга тегишлилигига кўра ўтказиш;

Инспекция ваколатига кирувчи масалалар юзасидан судга ёки бошқа органга мурожаат этиш;

зарур ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини ва уларнинг воситаларини ўз мажбуриятларини бажариш жараёнида жалб этиш бўйича чора кўриш;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича иш юритувини амалга ошириш, Инспекция ваколатига юклатилган ишларни кўриб чиқиш, маъмурий жазо чораларини қўллаш.

Инспекция қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


12. Инспекция қуйидагилар учун жавобгардир:

агросаноат мажмуи, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сувдан фойдаланиш ҳолати, мазкур соҳага оид қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талаблари ижроси устидан назоратни амалга ошириш;

пахта ва дон экинлари уруғлари буюртмаси, тайёрланиши, алоҳида қайта ишланиши ва сақланишига қўйилган талабларнинг бажарилиши устидан қатъий назоратни таъминлаш;

юклатилган бошқа вазифаларни самарали ижро этиш.



4-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Инспекция Бош прокурорнинг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод этиладиган бошлиқ томонидан бошқарилади.


14. Инспекция бошлиғи:

Инспекция бошлиғининг тақдимномасига кўра Бош прокурор томонидан тайинланадиган тўрт нафар ўринбосарга, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосарга эга бўлади;

мақоми, меҳнатига ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шартлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосарига тенглаштирилган;

ўз фаолиятида Бош прокурорга бўйсунади ва унга ҳисобот беради.


15. Зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун Инспекция бошлиғи:

а) Инспекция фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади;

б) Инспекция ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади;

в) Инспекциянинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг ҳисоботларини эшитади;

г) Бош прокурорга қуйидагиларни киритади (тақдим этади):

Инспекция ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳаларини;

Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкилий-штат тузилмаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни;

ушбу Низом 17-бандининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш тўғрисидаги тақдимномаларни;

Инспекциянинг тегишли ходимларига даражали унвонлар бериш тўғрисидаги таклифларни;

Инспекция ходимларини рағбатлантириш ва уларни Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларига тавсия этиш тўғрисидаги таклифларни;

Инспекция фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни.

д) белгиланган тартибда Инспекциянинг ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг штат жадвалини, Инспекция марказий аппаратининг бошқармалари ва бўлимлари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди, шунингдек, Жамғарма маблағлари ҳисобига фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида қўшимча жалб этиладиган мутахассислар ва бошқа шахслар миқдорини белгилайди;

е) ўз ваколатлари доирасида Инспекциянинг фаолиятини ташкил этиш масалаларига доир Инспекциянинг барча ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради, кўрсатма ва фармойишлар беради;

ж) ажратилган маблағлар доирасида Инспекция ходимларига устамалар, мукофотлар ва бошқа тақдирлаш пуллари тўлаш тартиби ва шартларини қонун ҳужжатларига мувофиқ белгилайди;

з) Инспекция зиммасига юклатилган вазифаларнинг ижроси учун шахсан жавоб беради;

и) Инспекциянинг тегишли ходимларига махсус тоифалар беради;

к) Инспекциянинг куч ва воситалари самарали тақсимланишини ташкил этади, шу жумладан, муайян функцияларни бажарадиган ходимларни Инспекцияга юклатилган бошқа ишларга жалб этади;

л) Инспекция фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича тезкор йиғилишлар ўтказади;

м) қонун ҳужжатларига ва ушбу Низомга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


16. Инспекция бошлиғи бўлмаган ҳолларда унинг ваколатларини Бош прокурорнинг буйруғига асосан унинг ўринбосарларидан бири амалга оширади.


17. Лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш:

Инспекция марказий аппарати таркибий тузилмалари ва унинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари (бош инспекторларни истисно этган ҳолда) Инспекция бошлиғи тақдимномасига биноан Бош прокурор томонидан амалга оширилади;

Инспекция марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва унинг ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари Бош прокуратура билан келишилган ҳолда Инспекция бошлиғи томонидан амалга оширилади;

Инспекция марказий аппаратининг бошқа ходимлари, ҳудудий бошқармаларнинг таркибий бўлинмалари, туманлар (Қувасой шаҳар) бўлимлари бошлиқлари Инспекция бошлиғи томонидан амалга оширилади;

Инспекциянинг туманлар (Қувасой шаҳар) бўлимлари бошлиқларининг ўринбосарлари Инспекция бошлиғи билан келишилган ҳолда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари томонидан амалга оширилади;

Инспекция ҳудудий бўлинмаларининг бошқа ходимлари Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари томонидан амалга оширилади.


18. Инспекциянинг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармаларининг бошқарув ходимлари (молия-хўжалик тузилмалари бундан мустасно), туманлар (Қувасой шаҳар) бўлимлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ўзининг мақоми бўйича прокуратура органлари ходимлари ҳисобланади. Ушбу ходимларга даражали унвонлар берилади ва улар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида ва Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясида хизматни ўташ тўғрисидаги низомга мувофиқ хизматни ўтайдилар.


19. Инспекциянинг даража унвонларига эга бўлган, шунингдек, махсус тоифалар бериладиган мансабларни эгаллаб турган ходимлари белгиланган тартибда тасдиқланадиган намунадаги тегишли хизмат кийими кийиб юрадилар ва алоҳида кўринишдаги белгиларни тақиб оладилар.

Хизмат кийими буюмлари билан таъминлаш меъёрлари Инспекция бошлиғи томонидан тасдиқланади.

Хизмат кийими билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


20. Инспекция кўрсатмалари, йўл-йўриқлари, тақдимномалари ва бошқа ҳужжатларини бажармаслик, шунингдек, Инспекция фаолиятига аралашиш ҳамда юклатилган вазифалар ва функцияларнинг қонуний ижро этилишига тўсқинлик қилиш мақсадида Инспекция ходимларига ҳар қандай шаклда таъсир кўрсатиш тақиқланади ва қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.


21. Инспекцияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 11 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 14 май, 19-сон, 390-модда