ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Инвестициялар / Хорижий инвестициялар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.04.2018 й. ПҚ-3687-сон "Қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

28.04.2018 й.

N ПҚ-3687



ҚАЙТА ТИКЛАНАДИГАН ЭНЕРГИЯ

МАНБАЛАРИ СОҲАСИДА ИНВЕСТИЦИЯ

ЛОЙИҲАЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА

ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасида қайта тикланадиган энергияни ишлаб чиқаришга хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни кенг жалб этиш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки:

"Ўзбекэнерго" АЖ ва "SkyPower Global" компанияси (Кайман ороллари) (кейинги ўринларда - Компания) ўртасида 2018 йил 19 апрель куни электр энергия сотиб олиш тўғрисида 1-сонли Битим (кейинги ўринларда - Битим) тузилди;

"Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУК томонидан жорий ўртача ҳисобда жаҳон конъюнктурасига мувофиқ баҳо белгилаш тўғрисидаги Битим бўйича ижобий хулоса берилди;

Битимга мувофиқ Компания шахсий маблағлари ва ўзи жалб этадиган кредитлар эвазига Компаниянинг умумий инвестициялари ҳажми 1,3 млрд. АҚШ доллари миқдорида минг (1 000) МВт ўзгарувчан ток умумий қувватидаги фотоэлектр қуёш энергиясини ишлаб чиқариш бўйича объектларни лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш, эгалик қилиш ва фойдаланиш лойиҳаларини амалга оширади.


2. Битим амалда бўлган даврда Компания ва унинг лойиҳа ташкилотлари (тегишли ҳудудда ташкил этилаётган шўъба корхоналари), шунингдек, лойиҳани амалга ошириш учун жалб этиладиган субпудрат ташкилотлари:

белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича лойиҳани амалга ошириш доирасида, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган янги ускуналар ва материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва узеллар, технологик ҳужжатлар, махсус техника ҳамда транспорт воситалар, дастурий маҳсулотларни олиб киришда божхона тўловлари тўлашдан (божхона йиғимларидан ташқари);

доимий муассасалар, жумладан, тўлов манбаи (дивидендларни ҳисобга олган холда) орқали олинадиган даромадлар бўйича юридик шахсларнинг фойда солиғидан;

Компания, унинг лойиҳа ва субпудрат ташкилотлари томонидан сотиладиган товарлар (ишлар, хизматлар) қўшилган қиймат солиғи ва автотранспорт йиғимидан;

Компания ва унинг лойиҳа ташкилотлари - фотоэлектр қуёш энергиясини ишлаб чиқарувчи ускуналар ва қурилмалар бўйича мулк солиғидан, шунингдек, ускуналар ва қурилмалар билан банд этилган ер участкалари ер солиғи тўлашдан озод этилсин.


3. Тошкент, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти ҳокимликлари бир ой муддатда Компания талабномаларига кўра лойиҳани амалга ошириш учун белгиланган тартибда ер участкалари ажратилишини таъминласин.


4. Белгилансинки, Компания томонидан етказиб берилган электр энергияси учун "Ўзбекэнерго" АЖ томонидан электр энергия ҳақини тўлай олмаслик ҳолати юзага келган ҳолда мазкур тўловлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги етказиб берилган электр энергияси учун тўловларни амалга ошириш қисмида "Ўзбекэнерго" АЖ мажбуриятларини бажариш бўйича Компанияга кафолатларни тақдим этсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги лойиҳани амалга оширишда қатнашаётган хорижий мутахассисларга консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмаган ҳолда белгиланган тартибда кириш визалари расмийлаштирилишини таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги лойиҳани амалга оширишда қатнашаётган хорижий мутахассисларга белгиланган тартибда кўп марталик визаларни расмийлаштириш, бериш ва муддатини узайтириш, шунингдек, вақтинчалик рўйхатга қўйиш, яшаш жойида ҳисобга олиш ва рўйхатда туриш муддати узайтирилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги лойиҳани амалга ошириш учун республикага юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилишга рухсатномалар беришни (муддатини узайтириш), шунингдек, жалб қилинаётган хорижий мутахассисларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномалар берилишини белгиланган тартибда таъминласин.


8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмуродов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - "Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқаруви раиси А.С. Султонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                              Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 30 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 30 апрель, 17-сон, 347-модда








































Время: 0.0057
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск